пятница, 10 февраля 2017 г.

6 саҳифа. Шеърлар олами.



«БАНДАЛИК»

Ишқу ошиқликдан йиғладим зор-зор,
Жунун саҳросида тентираб, чопдим.
Умримнинг чароғон лаҳзасин бедор
Нафасим уланган Нафасдан топдим.

Ким нима демасин, гўр оғзи қадар
Эмаклаб боргайдир банданинг сўзи.
Менинг бор-будимдан огоҳ бир Назар,
Савоб-гуноҳимни ажратар Ўзи.

Билмам, озор бериб ранжитдим кимни
Ва ёруғ дилларни суйдим қанчалик...
Ёдимга солади одамлигимни,
Менинг остонамда турган бандалик.

Шавкат Жўрабек
          ***     ***


Ошиқ эдим туғилганимда...
Ошиқ эдим...
Бор-йўғи ошиқ...
Томир отди руҳим танимда,
Қўшиқ бўлдим, азизам, қўшиқ...

Мен Сўз бўлдим, Оҳанг, Куй бўлдим,
Шакл топдим дунёларингда!
Ногоҳ шодлик, ҳасратга тўлдим,
Тақдир топдим тақволарингда.

Сўнг йўқотдим...
Ўзни йўқотдим...
Бандаман-да, найлайин, ожиз.
Умидсизлик қутбида қотдим,
Гулшан каби, қолган қаровсиз.

Ўткиржон Хидиров
          ***     ***


Дардкаш иштиёқи

Қара аҳволимга, кўрдингми бу он
Қоп-қора суратинг қучиб ётаман.
Биламан - дардимга тушунмас инсон,
Лек ўзга дардкашни қайдан топаман?

Ҳамма ёқ инсонлар, тўла нигоҳлар,
Менга фаришталар керакдир, абас.
Дардимни тушунмас чала гуноҳлар,
Менга дардкаш керак - бегуноҳ, бесас..

Мақсуд Саломов

Комментариев нет:

Отправить комментарий