суббота, 4 февраля 2017 г.

19 саҳифа. Бир воқеа...


“МУДҲИШ” ҒАЛАДОН СИРИ


... Отам ўзи билан бирга келган хушбичим йигитга ишора қилиб нималарнидир гапирар, онам беозор бош силкиб унинг гапини тасдиқлар, акаларим ҳайрат ичида дадамнинг гапларини жон қулоғи билан эшитарди. Мен эса беш йилдан бери оромимни ўғирлаган, жавобсиз саволларга мени отиб, ўзи айбдордай мунғайиб турган жавонга тикилган кўйи бор дунёни унутган эдим. Отамнинг овози узоқлардан эшитиларди гўё. Қулоқларим битиб қолган, миям ғовлаб кетган, шундоқ хонтахтадан сакраб ўтсаму, дадамнинг бўйнидан қучоқлаб, узр сўрасам, йиғласам, йиллар бўйи ундан хафа бўлиб, дилгир бўлиб юрганим учун маъзурлар тиласам...
Юзим ловуллаб ёняпти. Шунча йил дадамдан ранжиб юрганим учун, улуғим кўнглининг туб-тубида кўтариб юрган изтиробларни англамаганим учун ўзимдан хижолат чекяпман. Аъзойи баданим қалтираяпти. Вужудим гўё оташ ичида қолгандек. Ҳеч ким менга эътибор бермаяпти. Онам, акаларим отамнинг гапларини эшитяпти. Отамнинг қабатида ўтирган йигитга разм соламан. Ажабо, бир томчи сувдек отамга ўхшайди. Ва менга ҳам. Унга қараб туриб ўзимни кўзгуда кўргандек бўламан. Яна хаёлларга ғарқ бўламан. Кўз олдим жимирлаб, ҳамма нарса чаплашиб кетаётгандек, денгиз кўпиклари орасида қолгандекман гўё...
Ўн ёшларда эдимов, бу воқеаларга ўралашиб қолганимга. Уйимизда ҳужжатлар солиб қўйиладиган ғаладон бор. Ота-онамнинг ётоғида турадиган жавоннинг ғаладони. Бир куни нимадир керак бўлиб ғаладонни очдим. Тўсатдан қўлимга ажрашиш ҳақида гувоҳнома тушиб қолди. Бир чўчиб тушдим. Бола тасаввурим билан ажрашиш гувоҳномасининг яхши нарса эмаслигини сезиб тургандим. Минг бир хавотир ва даҳшат ичида гувоҳномани очдим. Биринчи бўлиб дадамнинг исм-фамилиясига кўзим тушди. Сўнг... бегона бир аёлнинг исми... Кўзимдан тирқирраб ёш чиқди. Қўлимдаги қоғозни ғаладонга шоша-пиша солдиму, хонамга қараб югурдим. Ҳеч кимга билдирмай узоқ йиғладим. Билмадим, дадамни қизғондимми ёки қўрқиб кетдимми, хуллас ўзимга нотаниш туйғудан эзилиб йиғладим. Кейинчалик ҳар гал ўша ғаладонни очганимда, машъум қоғозни кўриб йиғлайдиган, ўзим билан ўзим олишиб, жавобсиз саволлардан озорланадиган бўлдим. Бироқ юрак ютиб на отамдан ва на онамдан машъум қоғоз ҳақида сўрамагандим. Биз бола пайтларимиз ота-она ва фарзанд ўртасида кўринмас девор бўларди. Девордан ошиб ўтиб, кўнглимизга келган саволни ота-онамизга беролмасдик. Мен маъюс, ғамгин бўлиб қолдиму сабабини ҳеч кимга айтмадим. Ғаладонга “мудҳиш тортма” дея ном бергандим. Бугун орадан беш йилга яқин фурсат ўтиб отам ҳаммамизга “мудҳиш ғаладон”нинг сирини очдилар:
—  Болаларим, бу йигит акангиз бўлади!..
Отамнинг одатдаги жарангдор овози хижолатли, маҳзун эшитиларди. Худди уятли иш устида қўлга тушган одамдай бош кўтариб ҳеч биримизга қараёлмасди отам.
—  Акангиз менинг биринчи оиламдан туғилган. У олти ойлигида биз ажрашишга мажбур бўлгандик...
  Бобом колхозда раис, айтгани-айтган, дегани-деган бўлган экан. Отам мактабни битириб Бухорога педагогика институтида ўқишга кирган. Биринчи курсни тугатиб таътилга қишлоққа келганида бобом бир қариндошининг қизига уйлантириб қўйибдилар. Ўқиш бошлангач отам Бухорога қайтадилар, хотинлари қишлоқда қолади. Акам – отамнинг тўнғич ўғли туғилади. Нимадир бўлиб отам оғир касал бўлиб қоладилар. Кўринмаган табибу дўхтирлар қолмайди. Бунинг устига етмишинчи йиллар, тиббиёт унчалик ривожланмаган, отамнинг қандай беморлигини ҳеч ким билолмайди ва улар тўшакка ётиб қоладилар. Шунда хотинлари:
-  Умримни касалманд эр билан ўтказмайман,- деб боласини кўтариб кетиб қолади. Отам олти ой кўмакка, парваришга муҳтож бўлиб тўшакда ётадилар. Аллоҳнинг марҳамати билан олти ойдан сўнг ўринларидан туриб, секин-аста дарддан халос бўладилар.

Jurnalist Журналист:
-  Соғайиб, ўзим юрадиган бўлганимдан кейин биринчи  қилган ишим ажрашишга ариза бериш бўлди,- отам худди гуноҳкор одамдек титроқ товушда гапирар, бошларини кўтаролмасдилар.- Хасталигимда мендан юз ўгирган хотин билан умримни давом эттиришни истамадим. Уйдагилар, қариндош-уруғ йўлдан қайтаришга уринди. “Болангни етим қилма”, “Қариндошчилик ришталарини узма”, “Хотинингни кечир, ёшлик қилди” деганлар бўлди. Ҳеч кимнинг гапи қулоғимга кирмади, кўзимга ҳеч нима...- отам акамга айбдорона нигоҳ ташлади,- ҳатто фарзандим ҳам кўринмади. Ажрашдик...
Отам бир умр кўнглида фарзанд соғинчи деган изтиробни кўтариб юрган. Хотини бошқа турмуш қилиб, ўғли ҳар сафар бегонани “дада” деганида отамнинг кўксига бир ўқ қадалаверган. Отамнинг сирти кулган, лаби табассум қилган, ўғлини етаклаган оталарни кўрса юраги минг бўлакка бўлинган. Онамга уйланиб, акам туғилганида дарди яна бир бор янгиланган. Олисларда қолган, бегонани “дада” деётган ўғлини эслаб ўксинган...
Акамнинг онаси отамни ўғли билан учраштирмаган, аммо отамдан ҳар ой алимент, акамга совға-салом олиб турган. Акам мактабни битириб, ҳақиқатдан хабар топгач отамни излаб топади. Отам уни уйимизга олиб келдилар. Пойтахтда ўқитдилар. Олий ўқув юртини тамомлаб, уйланадиган бўлганида отам акамни уйлантиришни ўз зиммаларига олиб, тўйнинг барча харажатларини кўтардилар.
—  Болаларим, мени тўғри тушунинглар, акангизга бахтли болалик беролмадим, оталик бурчимни тўлиқ адо этолмадим. Шунинг учун келажаги истиқболли бўлиши учун ўзим ёрдам беришим керак,- деб бизга минг хижолатлик билан узрхоҳлик қилардилар.
Беш йил олдин акамга бедаво хасталик ёпишгани ҳақида билдик. Таҳлил-ташхис натижалари акамнинг дардига даво йўқлигини, бир неча ойлик умри қолганини тақозо қиларди. Бу машъум хабар отамни йиқитди. Бир неча кунда сочлари оппоқ оқариб кетган отамнинг тилидан бир илтижо тушмади: “Аллоҳим! Сенга жон керак бўлса, мана, менинг жонимни ол, аммо ўғлимнинг дардига шифо бер! Ўғлимга келган дард менга кўчсин, токи фарзандимнинг тобутини кўрмай! Ё, Меҳрибон Аллоҳ, мен ҳар қандай синовинга чидайман, аммо фарзанд доғига чидолмайман!” Бу илтижолар тош юракларни ҳам эзарди, дийдаси қаттиқ одамни ҳам қон йиғлатарди. Отам Бобур ҳазратларининг бетоб ётган ўғли Ҳумоюннинг бошидан айланиб дардини ўзига чорлаган амалини ҳам қилдилар. Акамнинг  бошидан айланиб унга келган ажални ўзларига чорладилар ва тўсатдан, кутилмаганда вафот этдилар...
Отамнинг орзу-умидлари кўп эди. Охирига етмаган ишлари кўп эди. Ёшликларида чеккан заҳматларининг, риёзат чекиб тўплаган илм-зиёларининг роҳатини кўришлари керак эди. “...Эди”лар кўп, бироқ бандасининг айтгани эмас Аллоҳнинг хоҳлагани бўлар экан. Отамнинг вафотига йил тўлиб, катта акам ҳам бандалик қилди. Отам акамнинг тобутини кўрмадилар...
Ҳар гал қизлик уйимга борганимда ўша “мудҳиш” ғаладонга кўзим тушади ва изтироб, соғинч, аламдан устига тўшанчиқ ёпган хотираларим уйғонади. Отамни яна-да кўпроқ яхши кўраман ва  қаттиқ соғинаман. “Мудҳиш” ғаладон — қадрдон ғаладон...


Умида АДИЗОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий