суббота, 4 февраля 2017 г.

21 саҳифа. Чуғулистонда қитмир миш-мишлар.


«Диққат! Диққат! "Нола Қўлдошева" синдроми!»

Илгарироқ, Чуғулистонда  “Чаҳонгир Ўта жонлиев” вируси тарқалганлиги ҳақида хабар берган эдик. Воқеалар ривожини кузатиш учун мухбиримизни Эпидемиология институтига юбордик. Эпидемиология институти директори Чулун таппи вирус ҳақидаги янглиликлардан ташқари мамлакатда янги тарқалган синдром ҳақида маълумотлар берди.

Чулун таппи:

- “Чаҳонгир Ўта жонлиев” вируси жуда ўткир бўлиб чиқди. У бекорга минг йиллардан бери мавжуд бўлиб келмаётган экан. Шоу бизнес соҳаси вакилларининг қаршиликларига қарамасдан, вирус мамлакатда деярли барчага юқиб бўлди ва ниҳоят “Чуғул Фонограмма” ташкилоти қўшиқчилик санъатига даъво қилаётган ҳар бир санъаткордан ашулаларини жонли тарзда ижро этишини талаб қила бошлади. Санъаткорнинг санъатга даҳлини текширадиган комиссия ҳам тузилди ва концертларнинг аксар ашулалари жонли айтилиши шарт қилиб белгилаб қўйилди. Яқин келажакда, Чуғул санъати ўзининг аввалги мавқеини қайта тиклаб олади деб умид қиляпмиз.

Лекин бугунги куннинг асосий мавзуси бу эмас. Сўнги пайтларда мамлакатимизда "Нола Қўлдошева" синдроми деб номланган синдром кенг тарқала бошлади. Кўпчилик бу синдромнинг симптомлари санъат билан боғлиқ деб ўйлашади. Аслида бундай деб ўйлаш нотўғри.

Тушунтираман. Нола Қўлдошева деган фонаграммачи хонанда қиз бор эди. У замонавий фонаграммачи сифатида элга танилган эди. Шу қиз бир куни концерт берибди. Концертда хонанданинг ёйилган сочлари хилпираб туриши учун саҳнага бир нечта винтеляторлар ўрнатишган экан. Винтелятор оператори шўхроқ эканми, билмадим, у винтеляторни хонанданинг оёғи томон буриб юборибди ва хонанда кийиб олган узун кўйлаги кўтарилиб, сонигача кўриниб кетибди. Шунда залда ўтирган “Чуғул Фонаграмма” ташкилотининг мутасаддиларию, журналистлар ўзларини уялганга солиб, қўллари билан юзларини яшириб, бармоқлари орасидан унинг сонларини яширинча томоша қилиб олибдилар. Шу кундан бошлаб уларнинг барчасига “Нола Қўлдошева” синдроми юқибди. Эндиликда, уларнинг бари гўзал Нола Қўлдошевага ошиқ бўлиб қолибдилар ва уни пинҳона рашқ қила бошлабдилар.

Рашкчи мутасаддилар ва журналистлар бир ёқадан бош чиқариб, Ноланинг фонаграмма айтишга лицензиясини олиб қўйдиришга ва унинг саҳнага бошқа чиқмаслигини таъминлашга эришибдилар. Ҳозирда, саҳнага аёл фонаграммачи чиқадиган бўлса, улар фонаграммачининг "санъати" қолиб, унинг кийим кечаклари, қадди қомати ва шахсий ҳаётини муҳокама қиладиган бўлиб қолибдилар.

Айтишларича, синдром сабабли “Чуғул Фонаграмма” келажакда ўз номини “Чуғулмато” қилиб ўзгартирмоқчи ва фонаграммачиларнинг овозларидан кўра уларнинг кийим бошлари назорати билан шуғулланмоқчи эмиш. Журналистлар эса ҳозирда хонандаларнинг лозимларини таҳлил қилиш туфайли қозонган шуҳратларидан маст бўлиб, келажакда унинг ич-кийимлари, ётоқхонасининг деталлари ва ишқий саргузаштларини ҳам таҳлил қилиб боришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган эмишлар. Мен бундай улуғ мақсадларни амалга оширишларида уларга омадлар тилаб қоламан.

Мухбир:

- Бу синдромнинг бошқа белгилари ҳақида қисқача айтиб ўтсангиз.

Чулун таппи:

- Синдромнинг бошқа белгилари қуйидагилар :
•бошқаларнинг шахсий ва ички ҳаётига аралаша бошлаш;
•ўзгаларнинг ташқи кўринишларини танқид қилиш орқали ўзини ақлли қилиб кўрсатишга уриниш;
•фақат ўзини ҳақ деб ўйлаб, "ноҳақ"ларни "ҳақ йўл"да юришга мажбурлаш;
•жинсий ҳолатларни танқид қилаётгандай қилиб кўрсатиб, ўзининг жинсий мавзуларга ўч эканлигини яширишга уриниш ва ҳоказолар.

Мухбир:

- Тавба қилдим, сиз худди менинг ўзгинамни тасвирлаяпсизку. Мен ҳақимда шунча нарсани қаердан биласиз?...

Чулун таппи:

- Тўғрисини айтсам мен сизни эмас, аксинча ўзимни таърифлаган эдим. Менимча биз Чуғуллар ҳаммамиз бир гўрмиз. Бировларни тинч қўймаймиз ва бировлар ҳам бизни тинч қўймайдилар. Бунингсиз ҳеч иложи йўқ. Барчамизга “Нола Қўлдошева” синдроми юқиб бўлган. Афсус...

Дониёр Рўзметов

Комментариев нет:

Отправить комментарий