суббота, 4 февраля 2017 г.

18 саҳифа. Ижтимоий муаммоларимиз тилга кирганда...


«ЙЎЛОВЧИЛАРНИНГ ХАВФСИЗЛИГИНИ КИМ ТАЪМИНЛАБ БЕРАДИ?!»


Ҳар биримиз  пиёда, йўловчи ёки ҳайдовчи сифатида йўл ҳаракати иштрокчиларимиз.  Ҳар ким йўлда ҳавфсиз ҳаракатланишни хоҳлайди ва шунинг учун йўл ҳаракати қоидалари жорий этилган. Айни қоидаларга амал қилган киши ҳавфсизлиги кафолатланиши керак.

 Қоидабузарга жазо тайинланиб, шу йўл билан тартиб сақланиши белгиланган. Аммо, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳодимларида тезкорликни етишмаслиги, нохолислиги, ўз ишига маъсулиятсиз ёндошуви, сарсоналик  ҳолатлари баъзан нопок ишлар қоида бузарлар кўпайиб, ўз қилмишига енгил  нарсадек баҳо беришига олиб келмоқда. Йўл транспорт ҳодисалари тергови чўзилганидан чўзилиб, судга етиб келинганида жабрланувчи билан айбдорнинг “ўринлари” алмашиб қоладиган ҳолатларни ҳам эшитамиз.

 30 январ, 2017 йил. Соат 13:00ларда пиёдалар йўлагидан (“зебра”) ўтаётганимда Нексия машинаси мени уриб, қочиб кетди.  Кетидан етиб олиб, автомобилни давлат рақамини суратга олдим (етиб олишим учун ўз ёрдамини таклиф этган, воқеа гувоҳи оқ “Спарк” ҳайдовчисига рахмат) ва воқеа жойига қайтиб келиб  102 (милиция) хизматига мурожаат қилдим.

 Диспечер ҳеч қаерга кетиб қолмаслигимни, тезда ходимларнинг етиб боришини айтиб телефон рақамимни ёзиб олди. Кўчада ёмғир ёғаётган, кун салқин бўлишига қарамай чап тиззамдаги оғриққа ҳам сабр қилиб, кутиб ўтирдим. Бироқ бир ярим соат кутишим ва қайта қайта қўнғироқларим натижа бермагач, тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилдим. Тиббиёт ҳодимлари зудлик билан етиб келишди ва ТТА шошилинч травматология бўлимига олиб боришди. Тегишли тиббий муолажалардан сўнг чап оёғимга гипсли боғлам қўйиб уйга жавоб беришди (тез ёрдам ҳам, қабулдагилар ҳам ишларини аъло даражада бажаришди, алоҳида ташаккур).  Аллоҳга шукур омонман. Бироқ...
   
      Мана шу вақтгача (3-чи сутка кетаяпти) ЙТҲ бўйича милиция ҳодимларидан дарак йўқ. Қўнғироқ қилганимда терговга материал таёрлашаётганини айтишди. Қизиқ, воқеа иштрокчисисиз, жабрланувчисиз қандай материал таёрлаш мумкин? У  ҳам етмаганидек, нокас ҳайдовчи мени устимдан: “Менга етиб олиб, мени урди, тан жароҳати етказди, ҳақорат қилди” - деб туҳматдан иборат ариза ёзибди. Бу масалада эса зудлик билан (кечаси 00:00ларда) уйимга келиб, мендан тушунтириш хати ёздириб кетишди.

 Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович порталга келиб тушаётган шикоатларнинг аксар кўпи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тўғри келишини айтган эдилар.  Энди мен ҳам шунга амин бўляпманки, жудаям тўғри айтилган экан.
   
 Ажиб бир замонда яшаймиз, кўп эшитганимиз (баъзилар ўз бошидан ўтказган) ҳолат - қозилар жабрланувчини айбдорга айлантиришнинг ҳадисини олишган.  Камина шу  ҳолатга гувоҳ бўламан, шекилли... Нима дейсизлар, айбдор бўлишга таёрланаверайми..?

P. S.:  Энг алам қиладигани шуки, қизларим ҳар куни айни шу пиёдалар йўлагидан (“зебра”) боғча ва мактабга қатнайди. Мен доим  йўлни пиёдалар йўлагидан кесиб ўтиш кераклигини таъкидлайман. Бу беҳавотир эканини уқтираман.  Беҳавотир деганим жойда мени ўзимни қизимнинг гувоҳлигида машина уриб, қочиб кетса-я! Нима, энди фарзандларимизни мактаб ва боғчага юбора олмаймизми? Ҳурматли йўл ҳаракати ҳавфсизлигининг бошқармаси раҳбарияти, қачон пиёдалар йўлаклари ҳавфсизлигини таъминлаб бера оласизлар? Қачон “эркатой”ларнинг таноби тортилади?

Обид Латипов

Комментариев нет:

Отправить комментарий