пятница, 10 февраля 2017 г.

2 саҳифа. Ижтимоий тармоқларда «порлаган» мавзу.


“Исломофоб Ҳилол Насимов”

Ҳилол Насимовнинг фильмларини кўрмасликка ҳаракат қиламан. Жамиятда исломофобиянинг энг катта "бунёдкор"ларидан бўлган бу одам аслида миллатнинг, мамлакатнинг душманидир. Лекин унинг бошини силайдиган, мусулмонларни қора қилиб кўрсатаётган фильмларини қўллаб-қувватлайдиган, уни мақтайдиган тоифа ҳам борки, айнан ўшалар Насимовнинг суянган тоғларидир.

Ҳилол Насимов мавзусида гап кетса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси росмана ўлик ташкилот экани яна бир бор намоён бўлади. Во дариғ, шу пайтгача биронта мард одам чиқиб: "Ҳилолбек, сиз бундай қилманг. Сценарийингизни олдин бизга олиб келинг. Мусулмонларни бу даражада калака қилишингиз тўғри эмас. Ўзингиз ҳам мусулмон бўлсангиз керак. Бу ишларни тўхтатинг", демади-я. Қойил.

Роса кўп мақтовлардан кейин шу одамнинг бирон фильмини бошидан охиригача кўрмаганман, балки яхшидир деб ўйлаб, "Алданган аёл" фильмини томоша қила бошладим. Бошидан эмас, албатта.

Ушбу битикларни ўқиётган ўқувчи, сиз хулқ деганда нимани тушунасиз? Хулқ маълум бир одамнинг юриш-туриши, одоб-ахлоқини белгилаб беради, тўғрими? Лекин бу сўзни ўрни келганда қўполроқ маънода ҳам ишлатамиз, бу ҳам тўғрими? Масалан, хулқи бузуқ дейилади. Ёки бир одамнинг хулқи муҳокама қилинди деса, уни салкам бузуқ аёлга тенглаштирилаётгани англанади, бу ҳам тўғрими? Тўғри, сўз луғавий маънода қўлланса, бу тўғри бўлиши мумкин. Аммо хулқи муҳокама қилинди деган сўздан ҳеч қачон ижобий маъно англашилмайди.

Хуллас, "Алданган аёл"га қайтамиз. Бош қаҳрамон бўлган аёл чет элда юрганида у ишлайдиган мактабга орган ходими келади, директор ва бошқа ўқитувчилар билан ўқитувчи аёл ҳақида суҳбатлашади. Шунда ўқитувчилардан бири: "Биз унга ҳижоб ўраши тўғри эмаслигини айтдик. Хулқини муҳокама қилдик", дейди. Тасаввур қиляпсизми, хулқини муҳокама қилишган. Хулқини! Демак у хулқи бузуқ аёл. Хулқи эса ҳижоб ўрагани натижасида бузилган. Водариғ!

Охирги пайтларда маҳалла ва ҳокимиятларда аёллариннг ҳижобини ечтириш бўйича жуда кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилди. Мен бир нарсани тушунмайман: аёллар ҳижобни ташласа кимга нима фойда? Бу билан нимага эришасиз? Қилиниши керак бўлган оламшумул ишлар турганда бу нарсалар билан ўралашиб юриш хато эмасми? Битта исломофобни шу мавзуда кино олишига қўйиб бериш қанчалик тўғри? Глобал ишлар билан шуғулланинглар!

Ҳилол Насимов яна бир фильм чиқарибди. "Муқаддас истак" номли. Трейлерини кўрдим-у, қусворай дедим. Ўзбекистонда ўзбеклашиб кетган араблар кўплигини ҳамма билади-а? Самарқанддаги Арабхона деган жойда бир ошнам бор, ҳақиқий араб. Ўзбеклашиб кетган. Ҳой Ҳилолжон ака, ўзингизнинг юртдошларингизни ҳақорат қилишга қанчалик ҳақлиман деб ўйлаяпсиз? Таниш-билишларингиз орасида исмида "хўжа", "хон" қўшимчаси бор бўлганлари бордир? Ўшаларнинг ҳам аждодлари араб эканини биласизми? Уларнинг кўзига бемалол қарай оласизми?

Бутун дунёда ирқчиликка қарши кураш кетяпти. Айниқса қора танлиларни ҳақорат қилмаслик борасида. Аммо Ҳилолжон ака ўз киносида бемалол ирқчилик қиляпти. Ҳа-я, Аллоҳнинг ҳақ динини бошқаларга ёмон қилиб кўрсатишга бел боғлаган одам учун бу иш чикора-ку.

Хулоса ўрнида

Мен бу хатимни Ўзбекистон мусулмонлари идорасига жўнатмоқчиман. Улардан Ҳилол Насимовнинг барча фильмларини кўриб чиқиб, ўзларининг расмий хулосаларини беришларини талаб қиламан. Улар Ҳилол Насимовнинг фильмлари Ўзбекистонда намойиш этилишини тўхтатишлари шарт!

Халқ орасида жуда кўп масалаларда Мусулмонлар идорасига бўлган ишонч йўқолиб кетганини бугун ҳамма билади (Фикримни изоҳлай. Мусулмонлар идорасининг телеграмдаги каналида 3 минг 100 обуначи мавжуд. Mehrob.uz сайтининг каналида 48 минг 100, muxlis.uz сайтининг каналида 17 минг 900, ummat.uz сайтининг каналида эса 23 минг 600 киши бор). Уларнинг росмана жасорат кўрсатадиган, ўз обрўсини тиклайдиган вақти келди деб ўйлайман.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Мусулмонлар идорасидан вакил қатнашиб, барчасини исботлаб бера олса, Ҳилол Насимовни бемалол судга тортиш мумкин.

Бизнинг мақсадимиз исломофобияни йўқотиш. Аҳолининг 94 фоизи мусулмон бўлган бир вазиятда Ўзбекистонда исломофобиянинг борлиги уят! Ҳилол Насимовга ўхшаганларни ё тартибга солишсин, ёки фильм олишини таққиқлаб қўйишсин. Ҳозирги ҳолат ўзини мусулмонман деб санаган одамларга асло ёқаётгани йўқ.

P.S. Рамазон ҳайитида одатдагидек намозга бордик. Ташқарига жойлашдик. Қараб турибман, милиция ходимлари кўчма темир панжара ўрнатиб олган, ўша ердан туриб вояга етмаган болаларни тўхтатиб қолишяпти. Бирорта бола ўша куни намоз ўқигани йўқ. Негалигини сўрасангиз "Мумкин эмас!" – дейди. Лекин қайси асосга кўра мумкин эмас? Ҳужжатинг қани, оғайни? Жавоб йўқ. Бўлмайди ҳам.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ана шу масалани ҳам ҳал қилиб бериши шарт! Агар биз болаларни ҳозирданоқ кўксидан итарадиган бўлсак, улғайганда уларни масжидга олиб кира олмаймиз. Натижада янги-янги Ҳилол Насимовлар улғаяверади...

Темур Аъзам

Комментариев нет:

Отправить комментарий