пятница, 10 февраля 2017 г.

5 саҳифа. Ҳикоя.


“Улфатлар ёҳуд бир кам дунё”
(саргузашт ҳажвия)

Монтёр, газчи, заправкачи ва фермер улфат экан. Бир чақчақлашиб ўтириш учун фермерникида ҳалфана палов баҳона йиғилишибди. Қаранглар, "Бўзчи белбоққа, фермер оқёққа ёлчимайди" деган мақол шу ерда ҳам ўзини эслатибди. Неча йилдан бери ўчмаган чироқ  (уй эгаси электрни тежаш учун ўчириб қўйиши ҳисоб эмас) "лоппида", йўғ-ей ўхшамади... "лоппида" бўлса ҳудди доим ўчадиганга ўхшаб қолар экан, томдан тараша тушгандек "топпида" ўчиб қолибди. Даврада ўтирганлар аввалига ишонмабди, тўғри-да, бу ер Африкамидики, чироқ "топпилаб" ўчаверса. Монтёр бир ҳазил қилган бўлиши ҳам мумкин-да, ундан кутса бўлади, мана шу фермер йигирма беш йилча аввал уйланган куни ҳам шўхлик қилиб чироқни ўчириб қўйган эди. Йўқ монтёр ўчирмаган экан, сабабини ҳам билмас экан.

Энди чироқ ўчса ҳамма зимистонда ўтирмайди-ку ахир, улфатлар фермерга қараб, йўғ-а зимистонда қаёққа қараганини билишмайди-ку, фермерга мўлжаллаб:

- Диққонвой, бор шам олиб чиқ, - дейишибди.

Фермер ҳам шамга чиқиб кетиб бироздан кейин қуруқ қайтиб келибди, тўғри-да, хотини шам ҳидига бошқоронғи бўлибдимики, Диққонвой уйида шам сақласин ?! Фермер ҳам шунча ишламаган калласи "лоппида" ишлаб кетибди-ку (бу сафар аниқ "лоппида", сабаби, фермернинг калласи азалдан бир ишлаб, бир ишламай туради). Улфатларга қараб:

- Бозорвой ҳижалатчиникида шам бўлса керак, мен бориб олиб келаман, - дебди.

Қаранг-да энди бу ёғини, Бозорвой ҳижалат тушида чироқ ўчишини кўрибдимики, дастмоясини банд қилиб дўконига шам олиб келсин?!
Йўқ, шам ҳеч қаерда йўқ! Ўзингда йўқ, дунёда йўқ!

“Инсон ҳар нарсага кўникади”, деганлари рост экан, фермер уйига келса улфатлар аллақачон қоронғуликка кўникиб бир умр шундоқ яшагандек чақчақлашиб ўтирган экан. Фалокат бир келса қўша-қўша келади-да , палов масаллиқларини тайёрлашиб энди қозонни ўчоққа, йўқ-йўқ, газ ёқиб овқат пишириладиган ўчоққа осишган экан “зангори олов” тушмагурнинг ранги ҳам аввалига сарғайи-и-иб, кейин қорайи-и-и-и-иб, охирида буткул қорасини ҳам ўчирибди. Тўғри топдингиз, улфатлар бу сафар газчи ҳазиллашаётгандир деб ўйлашибди. Йўқ, газчи йиғлагудек бўлиб қасам ичибди, бу қасамхўрнинг гапига ҳеч ким ишонмас экан-у , аммо газчи ҳам энг муқаддас нарсаси - “партбилетини” ўртага солиб, қасам ичибди-да.

Ўчашгандек фермерникида на кўмир, на ўтин бор экан . Кимнинг хаёлига келибди дейсиз, ўзимизда ердан қайнаб чиққандек чиқаётган газ тўхтаб қолишини. Фермер бечора ҳам ота-боболар удумини қилиб ғўзапоя ғамлаб қўяр экан, аммо бу йил пахта режасини юз эллик фоизга ҳам чиқара олмай, қиш эрта келиб декабрнинг яримига бормай қор ёғиб қўйгани учун ғўзапоя ҳам далада қолиб кетган экан.

Улфатлар ҳам қайсар улфатлардан эмасми , “хапмисан” дея туриб олишибди. Маслаҳатни бир жойга қўйиб, фермерга отасидан мерос қолган олинганда янги бўлган машинага ўтириб “Райцентр қайдасан” дея, ё ўтин, ё кўмир топиб келиш учун йўлга тушишибди.

Йўл юришибди йўл юришса ҳам.... энди мўл юрамиз деб туришган экан, олинганда янги бўлган отамерос машина икки марта “пақ-пақ” этиб овоз чиқарибди-ю, тўхтаб қолибди. Тушиб қарашса, ёнилғи тугаган экан. Йўқ, бу сафар топа олмадингиз, ҳеч ким бу ишни заправкачидан тўнкамабди, заправкачи ҳам “партбилетни” ўртага қўйиб қасам ичишга мажбур бўлмабди. Сабаби ,у ёқилғи идиш томонда ўтиргани йўқ эди-да. Энг яқин заправкагача тўрт чақиримча қолган экан, тўртта азаматга бу нима деган гап, олинганда янги бўлган “отамеросни” орқасидан итариб йўлда давом этишибди.

Энди йўлни яримига етишган экан, қарашса, кўчанинг икки томони ҳудди ҳокимнинг уйида тўй бўлаётгандек машиналарга тўла эмиш. Эътибор бермай кетишмоқчи экан, йўл четида турган машиналарнинг эгалари йўл беришмабди. Сабабини сўраяпсизми, айтсам ишонмайсиз, бу йўл четида заправкадан икки чақирим берида турган машиналар эртага сотиладиган бензинга навбатда туришган экан!!! Ана айтдимми, ишонмайсиз деб, мен ҳам ҳеч эшитмаган эдим бензинга навбатда туришганини. Энди бир кун аввалдан икки чақиримли навбатнику фантазия киноларда ҳам кўрмаганман. Аммо бу сафар ҳаммаси рост, нега бундай катта навбат бўлганини мен билмадим. Ана, жуда билгиларинг келса, маош олиб ўтирган раҳбарлардан сўранглар, ўшалар айтсин.

Улфатлар ҳам нима қилишини билмай, “отамеросни” навбатга қўйиб, ўзлари бир четга чиқиб, кута бошлашибди. Қаранг, ораларида заправкачи борлиги шу ерда иш берибди, у бир уй орқасида тикка турган ғиштни олиб, тагига қўйиб ўтирмоқчи бўлган эди, бир болача югуриб келиб:

- Тоға сизларга қанча бензин керак? - деб сўрабди.
- Ия сенда бензин борми? -дейишибди улфатлар жўр бўлиб.
- Ие-е-е тоғалар, агар бензин бўлмаса, уйнинг орқасида ғишт нима қилади? - дея аския қилибди болача ҳам.

Нархини келишиб, ўзаро пул йиғиб нақд бир баклашка бензин олишибди. “Отамеросга” қуйиб ортга қайтишибди.

Улфатларни омади бор экан, ният холис-да уйга келишгунча чироқ ҳам ёнибди, газ ҳам ўлимсанги бўлса ҳам келибди.

Ваниҳоят, ҳикоямиз ҳам охирлаб қолди, ҳамма мурод мақсадига етди. Охирига етмай қолганга ўхшаяптими? Шошилманг, ҳар бир ҳикояда бўлгани сингари бу ерда ҳам қиссадан ҳисса бор. Мана
ўзинглар ўқиб кўринглар:

“Агарда тўпланиб, ҳалфана палов устида чақчақлашиб ўтирмоқчи бўлсангизлар, сайлов арафасида уюштиринглар, электр ва газга жавоб!”


Акмал Набиев

Комментариев нет:

Отправить комментарий