суббота, 4 февраля 2017 г.

16 саҳифа. Блогер саҳифаси.


«ЖУРНАЛИСТИКА»


ЮНЕСКО маълумотларига кўра, журналистика дунёдаги энг хавфли касблар рўйхатида биринчи ўринда турибди. Ҳар ҳафтада икки нафар журналист ўлдирилмоқда. Ҳар йили жаҳонда турли сабабларга кўра юзлаб журналистлар хизмат вазифасини бажараётган бир пайтда ҳалок бўлмоқда. Нима учун бу касб шунчалик хавфли? Ахир улар ёзиб турган компьютер, тасвирга олаётган камера ёки овозларни ёзиб олаётган диктофонлар инсонга ҳеч қандай зиён етказмайдику?

Сўз эркинлиги. Сўз эркинлиги жамиятда рўй бераётган бирор воқеа, мавжуд муаммоларни ҳеч қандай тўсиқларсиз ифода этиш, маълум қилиш эркинлиги. Сўз эркинлиги бор жойда амалдорлар ўзини тия билади. Қонундан ҳам, бирорта давлат органидан ҳам қўрқмайдиган зўравонлар журналистлар қаршисида мум тишлайди. Чунки сўз эркинлиги таъминланган, журналистлар ҳуқуқлари кафолатланган жамиятда давлатни ёзилган ва ёзилмаган қонунлар эмас, балки халқнинг ўзи бошқаради. Жамоатчилик фикри ҳал қилувчи кучга эга бўлади.

Қадрият. Менинг тасаввуримда қадрият — ҳаёт-мамот масаласи. Ўзбекларда ота-онага ҳурмат бир пайтлар қадрият даражасига кўтарилган эди. Кимдир онасини сўкса жони чиққунича курашган, керак бўлса бўғиб ўлдиришга ҳам тайёр бўлган. Инсон ўзи учун энг қадрли бўлган ҳаёти, жонини бирор нарсага тикаяптими, демак унинг қадрияти бор. Бир пайтлар ўзбек журналистлари орасида ҳам сўз эркинлиги, адолат тантанаси, ҳақиқатни юзага чиқариш қадрият даражасига кўтарилган эди. На оиласи, на ширин жони бу қадриятдан воз кечишга сабаб бўлар эди. Ўша пайтларда газеталар адади миллион нусхагача чиққан, журналистлар тўғридан-тўғри биринчи шахслар билан мулоқот қура олар эди. Ана ўша авлод турли сабабларга кўра ғойиб бўлди. Қайсидир бири чет элга чиқиб, фаолиятини давом эттираётган бўлса, қайсидир бирлари «қиличини тошга уриб», болам-чақам, уйим-жойим деб юрибди. Мен билган ва таниганлар қаторида Карим Баҳриев бугун қаноти синган қушдай, борлиги деярли билинмайди….

Ўзбекистонда журналистика ўлмаган. У комада холос. Охирги пайтлар эркинликка бир оз рухсат берилгани, бу имкониятдан фойдаланган ОАВда танқидларнинг кўзга ташланаётгани кишида умид уйғотади. Бу ҳаётбахш нафас комадаги, ғафлат уйқусидаги хонанишин журналистларни уйғотса, уларга аслида ким экани эслатилса, Худо хоҳласа ҳақиқий журналист қандай бўлишини ҳаммага кўрсатиб қўйишади!

  Cанжар САИД, журналист-блогер
Манба: sanjarsaid.uz

Комментариев нет:

Отправить комментарий