пятница, 10 февраля 2017 г.

4 саҳифа. Мулоҳаза.


«БУГУННИНГ БУ КУНИ»


Замон ўзгармади, замондош ўзгарди...

Буюкда ҳиммат, насиҳатгўйда ҳикмат қолмади. Аҳдга вафо, сўзга садоқат йўқ. Аввалда савдогар "олдим, сотдим" сўзлари билан ишни битирар, муштарийсининг кейини билан иши бўлмасди. Бугун-чи!? Гап кўп, сўз кўп, ғийбат кўп. Шундан савдо сиёсатга, сиёсат савдога айланди. Пора ҳадяга, ҳадя пора ўрнига ўтди. Совғада эваз, сарпода мисл пайдо бўлгани кўринди. Илм аҳли тижоратда, раёсат кишиси зироатда топилди. Катталар кичикка, сағирлар кабирга алмашди. Сўзда ёлғон, ғийбат, шаҳодатда бўхтон урчиди. Савдогарда вафо, божгирда шафқат қолмади. Юрт тинч, юртдош нотинч. Ҳамён тўлса-да, кўз тўлмади. Зиёфат учун ҳовли кенг, ўнлаб хона мунтазир, жигар учун жой йўқ, меҳр йўқ, раҳм ҳам асло...

Ақрабодан улфат устун, қалбдан нафс, виждондан манфаат. Бошлар оёққа, оёқлар бошга ўрин берди. Тарбия беришлик гўдаклар, иш бошқариш аёллар, оила раҳбарлиги хотинлар қўлига ўтди. Ҳийла ош, макр нон бўлди. Ҳийлагар феълини уддабуронлик, муттаҳам эса ҳақ талаб қилиш деб билди. Ҳақдор қарздорнинг қонини ичишга, қарздор ҳақдорнинг жонини олишга тайёр. Тижорат - ҳамкорини синдирувчи, кўмак бермоқ - миннат қилинувчи касб деб билинди. Мулк эгалари лафзидан кўра маблағини, савдо соҳиблари байъидан фойдани устун қўйди. Муомалада адолат эмас, ёлғон, ҳийла эп кўрилди. Қўл чўзганнинг қўлига, юзи сўлғиннинг юзига урилди. Ҳаромдан топилган даромадни норасида гўдакларга раво билиниб, садоқатли аёлга едирилди. Манбаъси қаерлигини билмаган ота-онага чиройли, ялтироқ қоғозлар остида нажосатдан фарқсиз даромадни "туҳфа" қилинди...

Натижада, фарзандлар фожирликка, аёллар осийликка юз тутиши ҳаёлларининг бир кўчасига келмади... Покиза хонадонлар шубҳалар ва ҳаромлар гирдобида файзини йўқотди...

Роббим, Ўзинг ихлослиларни ислоҳ қил. Раҳминг келсин...

Салим АЙЮБИЙ

Комментариев нет:

Отправить комментарий