четверг, 26 января 2017 г.

Миллатчилик...

Тоғай Муроднинг машҳур ибораси бор:
 "Миллатчилик — иблислар паноҳ топажак энг сўнгги паноҳ, демак. Миллатчилик — жаҳолат, демак. Миллатчилик — бир халқни бошқа бир халққа нисбатан нафрати, демак. Шу боисдан, жуда кўп фожиалар ана шу миллатчиликдан келиб чиқади."

Кузатишларимга таянган ҳолда бир гапни алоҳида таъкидламоқчиман: миллатчилик ғоясини тарғиб қиладиган калтафаҳмлар одатда ўз миллатига жуда меҳрибон бўлишади ҳамда ушбу меҳрга муккасидан берилиб кетиши оқибатида, ўзлари билмаган ҳолда ёмон ишларга қўл урадилар. Ўз миллатимизни севишимиз, ардоқлашимиз, эъзозлашимиз таҳсинга сазовор, албатта. Аммо бу билан бошқа миллатларга тош отишимиз, ёки уларни камситишимиз зарур, дегани эмас. Биз ўз миллатимизни қанчалик яхши кўрсак, олдимизда турган қарама-қарши миллат вакили ҳам худди бизчалик ўз миллатини севиши, эъзозлаши ва уни имоя қилиши табиий, масалан. Уни камситишдан не фойда?! Айтайлик, ўша инсон ҳам ўз танишлари олдида бизни худди шу тариқа мазах қилди... Хўш, бу бизга қандай таъсир қилади? Жуда оғир ботади, тўғрими?

 Бу хиссиётлар барчамизга таниш бўлса керак. Ҳеч бўлмаганда, мусофирликда ишлаб юрган биродарларимиздан сўраб кўринг. Руслардан ўз танининг ранги билан ажралиши туфайли деярли ҳар кун маҳаллий «полиция» қўлига тушадиганлардан сўранг. Миллатчи ёвуз "калбошлар"дан таёқ еган юртдошларимиздан сўранг. Ўшалар айтиб беришсинки, шояд кўзларимиз очилса.

 Мен миллатчиликни ҳам, маҳаллийчиликни ҳам оқламайман. Ҳеч қачон. Биласизларми, назаримда ўз миллатини севадиган... йўқ, нафақат севадиган, балки севиб, уни (миллатини) бошқа барча миллатлардан устун қўядиган, ўз миллатининг тарихи ҳақида бот-бот сўзлаб, уни буюклаштиришга уринадиган ҳар қандай инсоннинг ҳам кўнглида қандайдир ғаразли нияти ҳукм суради. Акс ҳолда, ўз юртида жуда кўплаб турли миллатлар яшашига қарамай, ўз миллатининг тарихини титкиллаб чиқишга уринмасди. Бошқалардан устун томонлари ҳақида сўзлаб, ўзга миллатларни ерга урмасди. Миллатлараро даҳанаки жангларга асос солмасди. Шу тарқа фитналарни қўзғатмасди. Бу ишларни рус пропагандасига қўйиб турайлик. Улар шундай қинғир масалаларни кўтаришга жуда усталар. Биз эмас.

 Яқинда бир нотаниш инсон билан ижтимоий тармоқларда сўзлаш бахтига муяссар бўлдим. Ҳа, бу мен учун айнан катта бахт эди. Зеро, бу одамнинг сўзларидаги самимийликни, соддадилликни сездим ҳамда унинг адолатли эканлигини билдим. Бу мени жуда хурсанд қилдирди. Айнан ижтимоий сайтларда қайсидир инсонларнинг фитналарига учраб, икки миллатга ажралиб, ўзаро ёзув шаклидаги жангларни олиб бораётган пайтимизда, шу дўстим менинг кўнглимга таскин берди. Жахл отига минган пайтимда, менинг «шижоатимни» ўлдиришга эришди. Унинг менга бир бўлган воқеанинг айтиб бериши оқибатида, мен анча енгил нафас тортдим. Ва якунда ушбу қораламани ёзишга қарор қилдим.

«Амаким бир замонлар ҳукумат иши билан Самаркандга кетган эди», дея ўз ҳикоясини бошлади у. «Союз даври эди ўшанда. Шундай бўлиб қолдики, амаким Самарқанд шаҳрининг тожиклар маҳалласида, тожиклар орасида яшашига тўғри келди. Шу билан ўша ерда қолди. Тахминан, 40 ё 50 йил давомида тожиклар билан яшади. Амаким ўша маҳалланинг имоми бўлгандилар.

 Бундан уч йил муқаддам у киши оламдан ўтди. Биз жанозаларига борган эдик. Жанозани ўтказгач, маййитни ўз она шаҳримизга олиб кетиш мақсадида тараддудланиб ўтирган эдик. Аммо, бизнинг режаларимиз ўшалмай қолди... Негаки, маҳалла фуқаролари амакимнинг маййитини бизга беришмади. Биз уни ўзи улғайиб, вояга етган қишлоғига олиб кетмоқчи бўлиб тургандик, аммо тожик биродарларимиз бир кичик қишлоқчада улғайган ўзбекни ўзиники деб билиб, унинг маййитини олиб қўйишди. У бизники, биз уни шу ерда кўмамиз, деб айтишди. Мен ўша вақтда шуни англадимки, миллат деган нарса аслида йўқ экан! Мусулмончилик - бор, биродарчилик - бор. Миллатчилик - йўқ!

 Биласизми, аслида бизнинг уруғимиз жуда катта ва обрўли шахслардан иборат. Кўп жойларга сўзимиз ўтади. Лекин, шундай бўлсада, айнан ўша куни уруғимиз катталари жим бўлиб қолишган эди. Ҳамма ичида йиғларди. Мана сизга ўзбекчилик! Мана сизга тожикчилик!

 Ўша куни жанозада ҳамма қатнашди. Бутун маҳалла аҳолиси биз билан бирга эди. Биз тобутни кўтариб кетяпмиз, тумонат одам. Тобутни ҳамма, ҳаттоки мактабдан қайтаётган ёш болалар ҳам ўз сумкаларини дарахт шоҳига илиб, етти қадамдан кўтариб кетишди. Амакимни ўша маҳалланинг қабристонига кўмдик».

 Биродаримизга ташаккурлар изҳор қилдим. Бир-биримиз билан яна анча масалалар бўйича фикр алмашдик ва муроса йўлини танлаб, хайрлашдик.

 Бир нима эсимга тушиб қолди, ё Қошғарий ё Хос Хожиб шундай ёзган эди: «Татсиз турк бўлмас, бошсиз бўрк бўлмас». Яъни, бошсиз бўрк бўлмагани каби, форссиз турк бўлмайди. Бунинг тагида жуда катта гап бор. Узоқ вақт оралиғида турк ва форс халқи бир юртда яшаб, алал-оқибат қони, юз тузилиши ва маданияти бир бўлишига эришилди. Икки халқнинг биттага айланишига олиб келган бўлиб, узоқ йиллар давомида бирга яшашимизга, биргаликда улғайиб, ўсишимизга туртки бўла олган. Дарҳақиқат, тожиксиз ўзбек, ўзбексиз тожик ҳеч нарсага эришолмайди. Биз бугунги ёшларни шу руҳда тарбиялашимиз керак. Миллатпарварликдан, миллатчиликдан воз кечиб, айнан мана шу нарсаларни уларга уқтиришимиз лозим. Бўлмаса кўкармаймиз. Қўшимчасига, касофатга учрашимиз ва «қирғиз-ўзбек» можаросини ўз юртимизда такрорлашимиз мумкин. Бундан эса, Аллоҳнинг ўзи асрасин.

 Мен ҳурмат қиладиган яна бир биродаримиз яқинда шу мавзу бўйича жуда таъсирли ва ўринли сўзларни айтгандилар. Ушбу сўзларни эслатиб, бугунги мулоҳазаларимга якун ясамоқчиман:

 «Агар сиз ўзбек бўлсангизу, миллати тожик одам имомликка ўтса, ёки аксинча - сиз тожик бўлсангиз ва имом ўзбек бўлса, унинг (имомнинг) ортида туриб намоз ўқийсизми? Ўқисангиз, унда сиз билан уни бирлаштирадиган мана шу воситани – динни ушланг. Қолгани бекорчи гап.»

 Эътибор учун ташаккур!
 Саломат бўлинг!

Комментариев нет:

Отправить комментарий