суббота, 28 января 2017 г.

17 саҳифа. Ҳикоя.

                 «Орзулар сурати»
                       Азиз Нур



Хотира ўчоғимни титиб кўрсам, ортда қолган умримнинг энг ёқимли лаҳзалари бўлиб, болалигимнинг шодон кунлари чўғдай ловланиб кўз олдимга келади. Ўша сигирларимиз ўтлаб юрадиган Маржонсойнинг яйдоқ далалари, ҳар баҳорда қизил рўмол ўраган қиздай товланувчи бепоён адирлар, момоларнинг кўп чўмилмаслигимиз учун атайдан аждаҳоси бор деб қўрқитадиган катта анҳор ва ўша оқ-сариқдан келган, Худо юзини беаёв сепкил билан сийлаган маллавой ўртоғим Жўрақул! Гоҳида синфдошларим Жўрақулни исмини унутиб қўйишмаганмикан деб ўйлаб қолардим. Синфда ҳамма уни Патир, Малла деб чақирарди. Шундай бўлсада, бу беғам ўртоғимни бирор марта хафа бўлганини кўрмаганман. Биринчи синфлигимизда иккита ёнғоқ алмашиб, жўра тутингандик иккимиз. Сен менинг энг яхши жўрамсан, дерди гоҳида. “Жўра сенсанку, жўра”, деб елкасига қўл ташлаб кулардим мен ҳам.

   Ҳар куни мактабдан қайтиб, кечки салқинда молларимизни далага ҳайдар эдик. Молларни қўйиб юбориб, қуёш ботаётган томонга қараб, катта-катта орзулар қилиб ўтирардик. На онасини эмиб қўяётган бузоқлар, на биздан нарида чиллак ўйнаётган болалар бизни орзуларимиздан чалғита оларди.
- Катта бўлсам зўр одам бўламан. Катта уйларни расмини чизиб қурадиганлар бор-ку, ўшанақаликка ўқийман.
- Архитектор дейишади унақаларни. Ўзимча билимдонлигимдан мағрурланиб қўяман.
 -Ҳа, худди ўшанақа. Икковимиз учун баланд-баланд иккита уй қураман. Шокир бойваччаникидан ҳам баланд бўлади. Кейин сен ҳар куни мени чақириб чиқасан. “Жўрабойвачча, ҳо-о-ов Жўрабойвачча, юринг нарда ўйнаймиз”, деб.
- Нимага нарда ўйнаймиз? Биз нардани билмаймизку?
- Эй, ўқимаган, билмайсанми? Ҳамма бойлар нарда ўйнайди-ку, биз ҳам шунақа қиламиз-да.
- Ҳаааа, - дейман оғзим очилиб.

   Ўзимча иккимизни ҳар куни чойхонада нарда ўйнаб ўтирадиган, одамлар судхўр дейдиган Шокирбойвачча билан, шаҳардан пиво, вино, яна алламбало ичимликлар олиб келиб сотадиган Ҳалил чайқовчини ўрнида тасаввур қилиб, пиқ этиб кулиб юбораман.
- Нега куласан?
- Бизниям катта-катта қоринларимиз бўладими? - қорнимга шапатилаб қўйиб қотиб-қотиб куламан. Жўрақул ҳам кулади.
- Сен ким бўласан катта бўлсанг?
- Менми? Мен... Рассом бўламан. Малоҳат маллим айтди-ку, рассомлар буюк қалб эгалари, деб. Менам буюк бўламан.
- О-о-о, - дейди Жўрақул оғзини очиб. - Мениям расмимни чизасан-а? Ҳалиги телевизорда кўрсатадиган ҳайкал бор-ку, ўшанга ўхшаб туриб бераман, - деганча, бир қўлидаги таёқни баланд кўтариб дўнглик устига чиқиб олади.
- Бўпти, бўпти чизаман, - дейман кулиб қўйиб.

   Ана шундай ўтарди бизнинг кунлар. Орзулар, кулгулар билан. То биз узоқ шаҳарга кўчиб кетмагунимизча... Кетар чоғим эсимда. Дўпписини тўлдириб эчки сутидан қилинган қурут олиб келганди.
- Шахарда бунақаси топилмасмиш. Энам айтди... Энди қайтиб келмайсанми?
- Билмадим, Жўра. Дадам қайтмаймиз деди. Лекин мен келиб тураман. Келмаган тақдиримда ҳам сени унутмайман.
- Унутиб ҳам кўр-чи? - ёлғондакам пўписа қилиб муштини кўтаради менга.
- Сен энг яхши жўрамсанку, Жўра. Сени унутармидим?!
- Сен расм чизишни ўрганиб кел, мен ҳалиги сенга айтган уйларимни қуриб тураман. Кейин расмимни чизасан-а? Эсингдан чиқиб қолмасин, - хомуш тортиб қолади. Маҳкам қучоқлаб оламан.
- Чиқмайди Жўра, чиқмайди...

   Шу бўлди хайрлашув. Шахарга кўчдик, ундан бошқасига. Ҳар кўчганимизда Маржонсойдан узоқлашиб боравердик. Лекин хаёлларим Маржонсойда, ўзимизнинг далада, энг яхши жўрам Жўрақулда қолаверди... Жўрақулни энаси адашган экан. Шаҳарда эчки сутидан қилинган қурутлар бор экан. Аммо уларнинг ҳеч бири менга Жўрақул берган қурутлардай тотли туюлмади... Мен ваъдамда турдим. Жўрақулни бир кун бўлса-да унутмадим. Ўтаётган кунлар, ойлар, йиллар мени хотираларимдан узоқлаштирмас, аксинча борган сайин уларга яқинлаштириб борарди. Ана шу хотиралар қуршовида рассом бўлдим. Бу орада Маржонсойга бир неча маротаба бордим, Жўрақуллар кўчиб кетишибди. Одамлар уларнинг на янги манзилини билишди, на улар ҳақида бирор хабар. Ўз хотираларим, ўзим чизган Маржонсойнинг турфа манзара суратлари билан ёлғиз қолдим. Лекин бу суратларнинг ҳаммасига нимадир, кимдир камлик қиларди. Тунлари еттинчи қаватдаги уйимиз балконига чиқиб олиб, кўзимни юмганча хаёлан Маржонсойни томоша қилардим. Ўт-ўланларнинг бурунни қитиқловчи бўйини олиб келувчи шабода, чигирткалар хониши, онда-сонда девор қўшнимиз Соли отанинг беданаларининг сайраб қўйиши, ҳамма-ҳаммаси атрофимда бўлаётгандай туюларди.

   Хотираларимга ўраб, олий вақт хивчини аёвсиз савалаётганини, ойнадаги илк ажинларимдан сезиб юрган пайтимда телевизорда таниш исм эшитилди: “Жўрақул Болтаев - йилнинг энг яхши тадбиркори”...
Ундан уёғини қулоқларим эшитмади. Жўрақул Болтаев, Жўрақул Болтаев... Ахир бу Жўрақул-ку, менинг энг яхши жўрам-ку! Бир неча кунлик уринишлар билан топилган манзилга қушдай учар пайтим, мўйқалам-у, қоғозларни олишни унутмадим. Ахир уни олдига рассом бўлиб бормасам, ваъдасида турмабди, деб ўйламайдими? Қаранг-а, бир шаҳарда яшаб, наҳот шунча йил кўрмабмиз бир-биримизни? Роса қидиргандир мени у ҳам. Айтилган манзилга боришим билан биринчи учраган инсондан Жўрақулни сўрадим.
- Жўрабойваччаникими? Ҳов ана, томи кўриниб турибди-ку, ўша уй.

   “Оббо жўражон-ей, айтганингни қилибсанда. Яшавор, шоввоз!” дейман ичимда анча узоқдан ҳам кўриниб турган баланд уйга қараб.
- Жўрабойвачча, ҳов Жўрабойвачча. Чиқинг нарда ўйнаймиз.
Овозимни эшитиб, ичкаридан отилиб чиқади.
- Жўрам, жўражоним. Келишингни билардим. Ўзимнинг энг яхши жўрам.

   Узоқдан қучоғини очганча, шиппагини ҳам унутиб югуради мен томонга...

   Хаёлан бўлажак учрашувимизни шундай тассаввур қилиб кетардим. Ва ниҳоят, баланд ва ҳашамдор уйнинг катта дарвозаси олдига келдим. Юрагим тез-тез урар, негадир кулгим қистаб, кўзим ёшланарди. Ахир шунча йил-а?!
- Жўрабойвачча, ҳов Жўрабойвачча...
- Аббос, дарвозага қара. Агар яна маҳалладан ёрдам сўраб келишган бўлса, жавобини бервор, - дўрилдоқ овозда айтилган бу гапдан хаёлимни йиғиб олмасимдан, дарвозани қорачадан келган, кенг гавдали йигит очди.
- Келинг, ким керак?
- Менга... Менга Жўрақул керак.
- Шеф ҳаммага керак, сизга нима учун?
- Менгами?! Мен... Мен уни дўстиман. Рассом жўрангиз, десангиз танийди ўзи.
 - Кутиб туринг.

   Даранг этиб ёпилган дарвоза олдидан на кетишни, на қолишни билмай қолдим. Бироз вақт ўтиб қўлига узук таққан, калта шим кийган бир қориндор кимса чиқиб келди. Агар юзидаги сепкиллари сотиб қўймаганида, бу қоринбойни Жўрақул эканига ишонишим гумон еди.
- Жўрақул ўзингмисан? Жўражон-ей, ўзгариб кетганингни қара. Мени танидингми? Менман-ку, энг яхши жўранг...

   Мен кутган нарса бўлмади, Жўрақул сакраб-сакраб ўйинга тушмади, қучоқлаб олмади. Ясама такаллуф билан қучоқ очиб, уйига таклиф қилди.
- Оббо, сен-ей! Кир, кирақол уйга. Бир келибсан, меҳмоним бўл. Бир пиёла чой ич.

   Ҳашаматли уйга қадам босар эканман, мободо янглишмадиммикан, бу бошқаси эмасмикан, деб ўйланиб қолдим. Лекин таниди-ку, демак ўша... Бир пиёла чой деганлари каттагина меҳмонхонада ўн чоғлик кишига тайёрланган дастурхон бўлди.
- Шу шаҳарда яшаябсанми, яхши. Қайерда ишлаябсан? - лабига сигарет қистирганча сўради.
- Рассомман, - боягина тўлиб тошаётган гапларим тумандай тарқаб кетган, нима дейишни билмай, нуқул чой хўплайман.
- Рассом бўламан дердинг, бўлибсанда охири. Топиш тутишинг дурустми ишқилиб? Мана каминанг ҳам бизнес деганларидай қилиб қора қозонни қайнатиб турибман.
“Камтарона” жилмайди.
- Эй, сен расмингни чизаман дердинг-а? Чизасанми?
Юрагимда бир шулъа милт этди. Ҳар ҳолда, унутмабди-ку.
- Юр, юр. Ҳо-ов, анави фаввора олдида ўтирганимни чизгин. Бир кўрайликчи санъатингни.

   Ташқарига чиқдик. Атрофи анвойи гулларга бурканган мармар фаввора олдидаги ўриндиққа бориб оёғини чалиштирганча ўтирди. Қоғоз ва мўйқаламларни олар эканман, негадир қўлим титради: “Наҳот шу Жўрақул? Наҳот шу менинг энг яхши жўрам? Наҳот шунча ўзгарган? Нима сабаб? Бойликми, мансабми, ё атрофидаги одамлар?” Миям саволлар қуршовида, бармоқларим эса қоғоз устида...
- Тайёр бўлиб қолдими, рассом? Бир соат бўлди-ку.

   Ўрнидан туриб ёнимга келди-ю, нордон нарса егандай юзи буришди.
- Эй, сени томинг жойидами ишқилиб? Бир соатдан бери шунга ўтирдимми мен? Ҳа майли, менинг ишларим бор эди... Аббос, рассом акангни рози қилиб жўнатвор.

   Шундай деб ичкарига кириб кетди. Боя дарвозани очган йигитнинг туртишидан хаёлларим жойига келиб, суратга қарадим. Ҳайрат! Суратимда моллар ўтлаб юрган далада, ёш бола бир қўлида таёқни юқорига кўтарганча ботаётган қуёшга қараб турарди...

Комментариев нет:

Отправить комментарий