четверг, 19 января 2017 г.

8 саҳифа. Бир қоп кулгу.

               "АФАНДИНИНГ ЁН ДАФТАРИ"дан кўчирма
              Муслим Мирзажонов

Мен 3 ҳолатда хотинимга ёнимга яқин йўламаслигини, қулоғимнинг тагида арига ўхшаб, “ғўнғир-ғўнғир” қилиш у ёқда турсин, қорасини ҳам кўрсатмаслигини маслахат бераман: биринчиси - чўнтагим шамоллаб, белнинг мазаси қочган чоғларда, иккинчиси - ўзи билан бозор айланиб, оғримаган бошлар оғриб, режада йўқ харидлар қилган пайтда, учинчиси эса - туппа-тузук ўйнаётган жамоани, ютиб туриб, энг охирги дақиқаларда ютқизиб қўйган пайтларида. Гап нима ҳақида кетаётгани айтиш шарт эмас!
                     ***             ***
Кўчадаги симёғочга қандайдир қоғоз ёпиштирилган экан. Қизиқувчанлигим тутиб, унда нималар ёзилганини билиш мақсадида йўлнинг устидаги уюм-уюм чиқинди довонларидан бир амаллаб ўтиб, ўқиб кўрсам: “Ахлат ташламанг, жарима фалон минг сўм!” деб ёзиб қўйишибди.
"Эх, бекор қизиқдим, шекилли. Ишқилиб, жарималар мени бўйнимга қолиб кетмаса бўлди", деб туёғимни мингга созлаб, жуфтакни ростладим...
                     ***                 ***
Шунча йиллик ҳаётий тажрибамдан билдимки, аёл зотига учта савол онамерос экан: “Қаерга кетяпсиз?”, “Қачон келасиз?” ва “Қаердан келяпсиз?”. Эркакка отамерос жавоб эса шундай: “Нимайди???”
                      ***               ***
Эшагимга терс минганимни кўриб, баъзилар қувлик ва масхара оҳангида гап отишди:
-Афандим, бу эшагингиз хафа қилдими, унга терс миниб олибсиз?
Жавоб бердим.
-Йўқ, эшагимдан ҳам эшакроқ, бефаросат одамлар билан юзма-юз бўлишни истамайман холос...
                ***              ***                    
Белим нега бунчалик кўп оғришининг сабабини “Пул белнинг қуввати”, деган мақолни эшитганимдан сўнг билиб олдим.
                                   ***              ***
Кеча йўлда кетаётиб, катта ҳамён топиб олдим. Кўзларимга ишонмадим. Наҳотки, шундай катта хамённи тушириб қўйиш мумкин?! Шоша-пиша уни очиб кўрдим. Ҳаааа, мана буни омад деса бўлади. Энди мен БОЙМАН. Қанчадан-қанча орзуларим амалга ошадиган бўлди! Мени кўролмайдиганларнинг кўзини ҳали шундай куйдирай-ки, камолимдан оғзи “ланг” очилиб, бир умр ёпилмайдиган бўлиб қолсин
 Хуллас, ҳамёнда пул мўл эди. Уни энди чўнтагимга солмоқчи бўлиб  турганимда, эски қоида ёдимга тушиб қолди: пулни ҳалоллаб олиш керак. Секингина у ёқ, бу ёққа қараб, 3 марта “кимники”, “кимники”, “кимники” деганимни биламан, битта аёл “Дадаси, бу мен —сизникиман! Ёмон туш кўрдингизми?” деса бўладими. Э, хотин, хотин! Ҳеч бўлмаса шу гал озгина жим туриб, уйғотиб юбормаганингда, миллионернинг хотини бўлиб юрардинг!


                                   ***                ***
Ҳаёт қизиқ. Бир куни йўлда кетаётсам, ой деса, ой хавас қиладиган, кун деса, кун ҳасад қиладиган, чиройи дунёларга татийдиган бир сохибжамол “Кечирасиз, мободо гугурт йўқми, ўзимники уйда қопти”  деб қолди. Чекмаганимдан уялиб кетдим...
                               
                           ***           ***                    
Эшагимгаям озгина ақл битсин деб, устига бир неча кун китоблар ортиб юрдим. Лекин сира ҳам ўзгариш йўқ. Буни кўриб қолган  қўшним айтиб қолди. “Овора бўлманг, Афандим. Бунинг сира фойдаси йўқ. Тажрибадан ўтган. Мен бир неча ой китобга бош қўйиб ухладим, аммо ҳалиям жўяли ўзгариш йўқ”. Қўшнимни тажрибасига ишондим. Чунки ҳақиқатан ҳам олдин қандай бефаросат бўлса, хозир ҳам шундай.
               ***                ***          
Бир қўшним бор. Жуда абжир, тадбиркор йигит, сўмни сўмга уриб, озгина умиди бўлса ҳам, таваккал қилишдан чўчимайди. Бизга ўхшаб, бир сўм сарфлаб, уч кун ухлолмай, хуноб бўлиб, кун-тун хисоб-китоб ҳам қилмайди. Борига барака, ё устидан, ё остидан, деб кетаверади. Шунданми ишлари доим беш. Ҳа, дарвоқе, унинг исми ТАВАККАЛ.
       ***              ***
Хотинимни мен телевизорга ўхшатаман. Ашула айтадими? Айтади! У ёқ, бу ёқдаги ҳар-хил янгиликларни топиб-тутиб, гапирадими? Гапиради! Маза матраси йўқ гаплар? Уям бор! Ур-сур, йиғи-сиғи, тўполон, ғийбат!
Мен эса доимгидек бепарвоман: Хотин, илтимос, бошқа каналга ўтайлик!  
                                    ***              ***
Илгари хиргойи қилишдан қўрқмасдим. Эшагимга миндим дегунча, илҳом булоқдек қайнаб, “яллама ёрим”ни айтиииб, кетаверардим. Ҳозир эса хиргойи ҳам қилмай қўйдим. Биринчидан, Насриддин Афанди ҳам ашулачи бўпкетганмиш, деган гап-сўзлар тарқашидан қўрқаман. Иккинчидан, баъзи қўшиқчиларни уялтириб қўйишдан истиҳола қиламан...
     ***                      ***
Хотиним нолигани нолиган. Уним кам, буним кам. Кам деганиям ҳеч камаймайди. Бепарволигимни кўриб: “Сизга теккандан кўра, қаро ерга тегсам бўлмасмиди?” дейди нуқул. Мен айтаман: “Хотин, ер бечорада нима айб?”.  
               ***                       ***
Бир танишим бор. Лақаби “шапка”. Ўзига тўқ одам. Ҳар ой машина янгилайди. Мен қизиқиб, бир одамдан сўрадим: “Нега уни шапка дейишади?” У кулиб жавоб берди: “Билмайсизми, Хўжа Насриддин, шаҳарни бор “шапка”сини шу кишим кияди-ку! Мободо, эшак аравангизни янгилаш ниятингиз бўлса, сиз ҳам унга “шапка” кийдиринг!”
Барибир ҳеч нарсага тушунмадим. Эшак аравамга “шапка”ни нима алоқаси бор???
                   ***                 ***


Ажойиб қўшним бор. Исми Орзувой. Орзу қилишдан чарчамайди. Қачон гаплашиб қолсак, ундоқ қиламан, бундоқ қиламан. Бунақа уй қураман, унақа тўй қиламан. Насиб қилса, фалооон ёққа дам олишга бораман, пистооон нарсалар сотиб оламан, дейди. Хуллас, орзуларининг чек-чегараси йўқ.
 Охири бўлмади: “Ҳей ука, - дедим, - сенга бир яхши маслаҳат: Орзувой исмингни Муродвой деб ўзгартир. Зора, муродингга етсанг..!”

                    ***                   ***
Одамлар қизиқ. Бир куни бир танишим “Чап юзингга уришса, ўнгини ҳам тутиб бер”, деган мақолни эшитганмисан?” деб қолди. “Ҳа эшитганман, нимайди?” деб сўрасам, шундай жавоб қилди: “Мен шу мақолни модернизация қилдим. Мана эшит: Чап юзингга уришса, ўнгини ҳам тутиб бер. Судда асқотади.”
                    ***                     ***

Ҳар сафар ҳамёнимга қўл солсам, унинг тешик эканлигини сезаман. Аммо ҳеч қачон пул туширган эмасман.
                       ***                  ***
Қизиқ! Бир куни кўчада кетаётсам, автобуснинг орқасига “ЛИЦЕНЗИЯСИЗ ЙЎЛОВЧИЛАРНИ ТАШИШ ТАЪҚИҚЛАНАДИ”, деб ёзиб қўйилганини кўриб қолдим. Менда лицензия бўлмагани учун пиёда кетишга мажбур бўлдим...
   ***                   ***
Бир қўшним бор. Кунда кунора кайфи тароқ, қўлтиғида қистирилган ароқ. Энг қизиғи, у мана шу пайтларда болаларини ёнига чақириб, ИЧИШНИНГ ЗАРАРИ ҳақида икки соат маъруза ўқийди.
                      ***                   ***
Бир шоирни танийман. Ватан ҳақида қотириб шеърлар ёзади. Лекин, ўзининг кулиб айтишича, туғилиб ўсган қишлоғининг номини эсидан чиқариб қўйибди. “Ҳамма айб - хотирамда”, дейди жахл билан!
    ***                  ***
Эркакаларга текин маслахат: Хотингиз қулоқ мияни еб юборадиган даражада кўп гапирса, уни сериал кўришга ўргатинг! Синалган услуб!
                                          ***                 ***
У уйни жуда озода тутади, идиш товоқларни кўрсангиз, ярақлаб, кўзни олай дейди. Ҳар куни эрталаб ҳовлини чиннидек қилиб, супуриб чиқади. Ҳавасингиз келади. Унинг овқатини емабсиз, бу дунёга келмабсиз! Болаларини эса қўғирчоқдай ясатиб қўйибди. Хуллас, у қўшним Фалончихоннинг эри! Отини айтсам, таниб қоласиз!  
                                                         
                                  ***          ***
Мени кўпчилик “Хўжа Насриддин, сиз жудааа гапга устасиз-да”, дейишади. Менимча, ундай эмас. Мен нўқноқлар орасида кўп юрсам керак.                                                              
                                  ***        ***
Кеча эшагим кечаси билан ҳанграб чиқди. Эрталаб туриб билсам, вокал дарсини қайтараётган экан. Қўшиқчи бўлмоқчимиш!

Комментариев нет:

Отправить комментарий