суббота, 21 января 2017 г.

12 саҳифа. Футбол янгиликлари.


5. Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов ҳамда марказий ҳимоячиси Анзур Исмоилов ўз клублари сафида йиғин ўтказганлигидан хабарингиз бор бўлса керак. Мазкур йиғин давомида Доҳа шаҳрида «Шанхай СИПГ» «Ал Ҳалиж» жамоасига қарши учрашув ўтказди ва 2:2 ҳисобида дурангга имзо чекди. Эътиборлиси, ушбу учрашувда Одил Аҳмедов янги жамоасидаги илк голини киритишга муваффақ бўлди.

Хитойнинг бошқа бир жамоаси «Чанчун Ятай» эса, Дубайда «Зенит» жамоасига қарши тўп сурди ва ўз рақибига 2:5 ҳисобида енгилди. Мазкур учрашувнинг 15 дақиқасида ўзбекистонлик ҳимоячи Анзур Исмоилов ҳисобни очишга эришди.

4. Хитой футбол ассоциацияси (CFA) мамлакатда тўп сурадиган легионерлар учун чекловни янада мураккаблаштирди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар тарқатган.

2017 йилдан бошлаб Хитой клублари учрашувларга уч нафардан ортиқ легионер футболчиларни майдонга тушира олмайди. Ўтган йили бу кўрсаткич тўрт нафарни ташкил қиларди. Рўйхатга эса беш футболчи киритилиши мумкин бўлган.

«Бу қарор Хитойда футболни ривожлантириш мақсадида амалга оширилди. Бу хитойлик маҳаллий футболчиларнинг, маҳаллий футболчиларнинг савиясини барқарор равишда ошишига кўмаклашади», — дейилган баёнотда.

Шунингдек, клублар таркибдан 23 ёшгача бўлган хитойлик футболчини тушириш ҳам шарт қилиб қўйилган.

3. Тошкентнинг «Локомотив» клуби футболчилари Темурхўжа Абдухолиқов, Санжар Шоаҳмедов ва Сервер Жепаров фаолиятларини хорижда давом эттирадиган бўлишди. Шоаҳмедов ҳамда Абдухолиқов Қатарнинг «Ас-Сайлия» клуби билан шартнома имзолаган бўлишса, терма жамоамиз вице-сардори Сервер Жепаров эса, Эроннинг «Истиқлол» жамоасига йўл олди. Қайд этиш керакки, Абдухолиқов аллақачон янги жамоаси сафида дебют голини нишонлашга ҳам эришган.

2. 12 февраль куни Анталия шаҳрида Арманистон-Ўзбекистон терма жамоалар ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилиши ҳақида маълум қилинган эди. ЎФФ тарқатган хабарга кўра, ушбу учрашув Арманистон футбол федерацияси томонидан бекор қилинди.
Арманистон термаси Туркиядаги сиёсий барқарорсизлик туфайли у ерда йиғин ўтказишдан бош тортди ва юзага келган ноқулайлик учун Ўзбекистон футбол федерациясидан узр сўради, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 турнирига учинчи саралаш босқичини 23 март куни Сурияга қарши сафардаги ўйин билан давом эттиради.

1. Футбол мавзусига алоқаси бўлмаса-да, ушбу хабарни биринчи ўринга лойиқ деб топдик. Ўзбекистонлик теннисчиси Денис Истомин оламшумул натижани қайд этди. Гап шундаки, ўзбекистонлик Денис Истомин уч марта «Уимблдон», икки бор «US Open»​ ва бир марта «Ролан Гаррос» турнирида зафар қучган Новак Жокович устидaн иродали ғалаба қозонди! Кейинчалик, Денис турнирнинг 3-раундида мусобақанинг 30-тартиб рақами остида сараланган испаниялик теннисчи Пабло Каррено-Бустога қарши кортга чиқиб, беш сетда рақибини мағлубиятга учратди (6/4, 4/6, 6/4, 4/6, 6/2) ва бу натижа орқали ўзбекистонлик теннисчиларнинг мусобақада қайд этган натижаси бўйича янги рекорд ўрнатди. Бунгача ҳеч бир ўзбекистонлик теннисчи Австралия очиқ чемпионатининг нимчорак финалига йўлланма олмаганди. Дениснинг ўзи бу мусобақада икки марта учинчи босқичгача чиқишга муваффақ бўлган холос.

Комментариев нет:

Отправить комментарий