четверг, 24 марта 2016 г.

Маршрут

Онамнинг айтишига қараганда, кичкиналигимда китобларни хуш кўрганман ва уларни бирма-бир мутолаа қилиб чиқишни қанда қилмаган эканман. Айниқса, автобус ичида китоб ўқиб ўтирганимни катта ёшдагилар кўриб қолишса, ҳайрон ҳолатда мен томонга назар солиб қўйишар эканлар. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, ёнингизда 9 яшар бола ўтирибди, қўлида китоб. Йўқ, мактаб дарсларида ўқитиладиган китоб эмас, ҳақиқий «адабиёт қироллари» бўлган нависандаларнинг маҳсулоти эди бу. Қизиғ-а?
 Ўзим ҳам бу дамларни аҳён-аҳёнда эслаб тураман. Адашмасам, ўшанда 9 ёки 10 ёшда эдим. Гапнинг иддаоси шундаки, кичкиналигимдан китоб ўқишни ҳамда бир нималарни ичимдан тўқиб ёзишни хуш кўрганман. Улғайгач, таниқли бир адабиётшунос, мухбир, шоир бўлишни орзу қилганман. Аммо кейинчалик бу орзуларимни рўёбга чиқара олмадим. Куз фаслининг бошларида дарахт барглари сўлиб, ерга тушиб кетгани сингари, менинг орзуим ҳам саробга айланди-қўйди...
 Ҳозирда болалик давримни эслаб, мақола ёзиб туришга ҳаракат қиляпман. Аммо барибир буларнинг барчаси мен учун оддий бир хобби, холос. Аниқроғи, бўш вақтни мароқли ўтказиш учун қўлланиладиган услуб.
 Тўғри-да, ахир ҳар бир эркак киши катта ишларни амалга оширишни, хусусан, оилали бўлишни ва ушбу оилани елкасида кўтариб юришни, уни тўлақонли парвариш қилишни истамайдими? Келажакда ўзи ҳам, оиласи ҳам қийинчиликларга йўлиқмасликлари учун қўлдан келганча ҳаракат қилмайдими? Айнан шу сабабли, мен ўз орзуларимни оддий бир хоббига алмаштириб, пул топиш илинжида бутунлай ўзгача бурилиш ясашга, буткул қарама-қарши йўллар томон юз буришга мажбур бўлдим.
 Буларни нега ёздим? Футболга ёзганларимнинг нима алоқаси бор? Шошмай туринг, ҳозир ҳаммасини бир бошдан тушунтириб бераман.
 Донецкнинг «Шахтёр» футбол клубида жавлон уриб келган, рақиб футболчиларини бирма-бир чиройли тарзда алдаб ўта оладиган юқори техника соҳиби ҳамда кучли ва аниқ зарбасига эга бўлган 26 ёшли бразилиялик футболчи Алекс Тейшейра атрофида содир бўлган воқеаларни эслайсизми? Ушбу мавсум доирасида «кончилар» сафида 26 ўйинда майдонга тушиб, 26 маротаба рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлган футболчини Европанинг энг сараланган кучли клублари ўз сафларига қўшиб қўйишни мақсад қилгандилар. «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед» ҳамда «Ювентус» шулар жумласидандир. Ҳаттоки, «Ливерпуль» раҳбарияти ушбу футболчига жиддий қизиқиш билдириб, унинг учун 32 миллион евро таклиф қилишган. Барчаси нима билан якун топди? Футболчилик фаолиятининг энг чўққисида турган бу футболчи Хитойнинг «Цзянсу Сунин» жамоасига 50 миллион евро эвазига равона бўлди. Тамом. Шу жойда эртак тугади.
 Ушбу оламшумул трансфер амалга оширилгач, «Ливерпуль» бош мураббийи бу борада ўз фикрларини қўйидагича баён этди: «Агар сен 26 ёшда бўлсанг ва сенда шундай ажойиб таклиф бўлса, бу ҳақда яхшилаб ўйлаб кўришинг керак бўлади. Айтишим мумкинки, Тейшейра "Ливерпуль"да ўйнашни эмас, Хитойнинг "Цзянсу" жамоасини танлаш орқали ўз болаларининг ва бошқа қариндошларининг келажагини таъминлаб қўйди.»
 Ҳа, Европа майдонларида кўплаб совринларга эга бўлиши мумкин бўлган улкан истеъдод соҳиби шу тариқа ўз келажагини белгиллаб олди. Албатта, у ҳам болалигидан кучли жамоа сафида ўйнашни, футбол оламида ўз ўрнига эга бўлишни орзу қилган. Аммо юқорида Юрген Клопп таъкидлаганидек, у ўз келажаги ва бола-чақасини ўйлаб, шу ишга қўл уришга қарор қилди.
 Ҳай, Тейшейра-ку, майли, бразилиялик футболчи. У ҳақда кўп ўйлашимиз керак эмас, зотан, унинг тақдири бизни ташвишга солмайди. Лекин ўзимиздан чиққан юксак иқтидор эгаси Сардор Рашидов борасида ҳам худди шу фикрдамизми, демак, ушбу мақоламни ёзишга тўлақонли хақим бор экан. Сизнинг назарингизда, Рашидов ҳам бразилиялик ҳамкасбига ўхшаб, ўзини ўзи хароб қилиб қўймадими?
 Ўзининг индивидуал маҳорати билан кўпчилигимизни ҳайрон қолдирган бу футболчи келажаги тўғрисидаги қарори билан ҳаммани ҳайрон қолдирди. Айнан унинг чап оёқдаги кучли ва аниқ зарбаларига, юқори тезлигига, «парашют» услубида дарвозани ишғол қила олишига, юқори техника ва дриблингларига маҳлиё бўлган мухлислар стадионларимизга ташриф буюраверишарди. У сабаб, ҳа, айнан унинг ўйинлари сабаб, сўнгги пайтларда «Бунёдкор» стадиони лиқ тўларди. Биласиз, ҳашаматли стадионларимиз кўпинча бўм-бўш туришади, уларни тўлдиришнинг ўзи осон иш эмас. Яқин ўтмишда Александр Гейнрих ва Одил Аҳмедов «Пахтакор» сафида ўйнагандагина, Ривалдо ва Сервер Жепаров «Бунёдкор»да ажойиб тандем хосил қилганларидагина мухлисларимиз футболимизни шу қадар севиб  томоша қилишарди. Айтишим мумкинки, айнан Сардор ўша шонли даврларни қайтарганди, яъни, мухлисларни стадионларга қайтара олганди.
 Биз барчамиз унинг Европа клубларининг бирида ҳаракат қилишини ўз кўзимиз билан кўришимизни истаган эдик. Бу амалга оширилиши мумкин бўлган вазифа эканлигига ишонган эдик. Сардорнинг ўзи ҳам бир неча маротаба Европа майдонларида тўп суришни орзу қилишини айтиб ўтар эди. Орзу қилар эди у. Орзу...
 Рашидовни сотиб, яхшигина даромад кўрган «Бунёдкор» орадан кўп вақт ўтмасдан яна мухлисларни ўз стадионига жалб этишни бошлади. Ҳа, тўғри илғай олдингиз, гап айнан Элдор Шомуродов ва Достон Ҳамдамов ҳақида боряпти. Ёш футболчилар ўз жамоаси сафида жуда эркин ҳаракат қилишмоқда, голлар уришмоқда. Қолаверса, яқиндагина ўз индивидуал ҳаракатлари эвазига араб жамоаларини ҳам ҳайратга солиб қайтишганди. Бу иккита футболчидан ташқари жамоа сафида майдонга чиқаётган яна кўплаб ёш футболчиларни таърифлаб беришим мумкин: Рустам Ашурматов, Акромжон Комилов, Отабек Шукуров, Забиҳилло Ўринбоев.
 Яқинда Достон Ҳамдамов ҳамда Элдор Шомуродов ўйинларини португалиялик скаутлар кузатиб ўтиришганлари ҳақидаги маълумотга кўзим тушганди. Жуда яхши! Бир пайтлар Одил Аҳмедов ҳам бир йил ижарада ўйнаб, кейинчалик трансфер хуқуқини тўлиқ сотиб олиш шарти билан «Анжи» жамоасига йўл олганди. Кейинчалик воқеалар ривожи қандай тус олгани сизга маълум. Аҳмедов ҳанузгача Россия Премьер-лигасида энг кўзга кўринган футболчилардан бири бўлиб турмоқда. Терма жамоамизнинг сардори, етакчи футболчиси!
 Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси ҳамшаҳарларидан ўрнак олишини жуда истайман. Айнан «Одил Аҳмедов операцияси» қай тариқа амалга оширилган бўлса, шу тариқа қолган футболчилар ҳам Европа жамоаларига йўл олишини кутмоқдаман. Кўз тегмасин, бугун «Бунёдкор» сафида етарлича ёш футболчилар етишиб чиқишмоқда. Улар аллақачон мухлисларимиз меҳрини қозонишга улгуришган. «Бунёдкор» раҳбариятидан иложи борича, Осиё жамоаларидан тушган таклифларга эътибор қаратмасликни сўрардим, акс ҳолда, Сардор Рашидов воқеаси такрорлангач, балки «Бунёдкор» футбол клуби бойиб кетар, аммо ўзбек футболи бундан фақатгина жабр кўриши қолади...
 Тасаввур қилинг, орадан кў-ў-ўп йиллар ўтиб сиз ўз набираларингизни атрофингизда йиғиб олиб, ҳордиқ чиқармоқдасиз. Уларга футболимиз тарихи тўғрисида қуйидагиларни сўзлаб берасиз: «Биласизларми, менинг давримда Ўзбекистон футболи энг юксак даврларни бошидан ўтказган. Футболимиз тарихида бундай воқеалар қайта такрорланмади. 1994 йили Хиросимада Осиё ўйинларида зафар қучганмиз. Кейинчалик кўп марта Жаҳон чемпионати ҳамда Олимпиада йўлланмаси учун кураш олиб борганмиз ва ҳар доим бизга озгина омад етишмасди. Ҳаттоки, терма жамоамиз Миржалол Қосимов бошчилигида 14 очко жамғарган ҳолда, ўз гуруҳида қолиб кетганди. Таркибимиз ҳам шунга монанд жуда кучли бўлган: Виталий Денисов, Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров ва Сардор Рашидовдек маҳоратли футболчилар тўп суришарди. Қалай, қойилмисизлар?!» Набираларингиз ҳам шу онда кўзларингизга ҳавас билан боқиб: «Аттанг, бобом даврида терма жамоам шундай кучли бўлган экан!» - деб, қаттиқ хўрсиниб қўйишади.
 Бу манзарани ўз тасаввурингизга сингдира олдингизми? Қўрқинчли, а? Мен ҳам мана шундан қўрқаман.

Комментариев нет:

Отправить комментарий