пятница, 10 февраля 2017 г.

11 саҳифа. Қисқа пост ва ҳикматлар.


ИХЛОС ва РИЁ

Кимки қилган яхшилиги ёки амали билан мақтанса, унинг барча яхшиликлари ёмонликка айланади...

Ризо Қори саҳифасидан.
          ***     ***

Президентни кутилмаганда ташриф этишидан хавотирдаги  раҳбарлар, агар ажалларини ҳам кутилмаганда келиб қолишини ёки Аллоҳни доимий кузатиб туришини ҳам яхши хис қилганларида - балки виждонлироқ ҳаёт кечиришган бўларди.

Муҳаммад Абдуллаҳ
          ***     ***

Касал алдов билан имтиҳондан ўтган врач қўлида ўлади.
Уйлар алдов билан имтиҳондан ўтган муҳандис қўлида ағанайди.
Молия алдов билан имтиҳондан ўтган ҳисобчи қўлида зиён кўради.
Дин алдов билан имтиҳондан ўтган мулла қўлида бой берилади.
Адолат алдов билан имтиҳондан ўтган судья қўлида ҳалок бўлади.
Фарзандлар онги алдов билан имтиҳондан ўтган муаллим қўлида бузилади.
Илмнинг қулаши миллатнинг қулашидир.

Мубашшир Аҳмад
          ***     ***

Навоийни оммалаштириш эмас, оммани “навоийлаштириш” керак..
          ***     ***

Динлар билан тижорат қилиш жаҳолат ёйилган жамиятларда даромадли тижоратдир.
Агар жоҳилга ҳукмронлик қилишни хоҳласанг, ҳар бир сафсатага диний ғилоф кийдиргин.

Ибн Рушд Қуртубий, мусулмон файласуф.
          ***     ***

Авом халқ қандай жараён кечаётганини билмайди. Улар ҳатто билмасликларини-да билмайди.

Ноам Чомски
          ***     ***

Ичмасангиз ўзбеклар: "Вовчикмисан?" дейди, руслар: "Ты спортсмен что ли?"

Шукуржон Исломов
          ***     ***

Ҳақиқий ёшини айтган аёлдан эҳтиёт бўлинг. У ҳамма нарсага қодир бўлади.

Айман Ёғий
          ***     ***

Қонун кучсиз ерда разолат хукмрон.

Фин халқ мақоли.
          ***     ***

ЯХШИ ГУМОН

“Қачон хаёлингга бирор бир мусулмон ҳақида ёмон фикр келса, дарров унинг ҳаққига дуо қил.

Чунки бу шайтоннинг ғазабини келтиради. Сендан уни четлади. "Яна дуо қилиб қўймасин" деган хавфда шайтон сенинг хаёлингга ёмон фикрларни ташламайди”.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ
Ibrohim Abdulloh саҳифасидан.
          ***     ***

Мунозарада ғолиб чиқишинг заковатдан эмас, балки заковат ― аслида мунозарага кирмаслигингдадир.

Жуброн Халил Жуброн
          ***     ***

Сарқитхўр бўрилар бора-бора вафодор итга айланишган.
          ***     ***

Саводсиз одамга қалам тутқазиш маймунга автомат беришдан хавфлироқ.

Абдул Аҳад Абдураҳмон
          ***     ***

Ўзбекларда тўй қилишдек балодан бошқа балони кўрмадим.

Муаззам Мамадалиева изоҳларидан.
          ***     ***


Aллоҳнинг энг гўзал асари кўнгилдир, кўнгил.
Ташқаридагилар эса фақатгина асарларнинг асарларидир...

Жалолиддин Румий
          ***     ***

Эй сен, баҳор гузаллигига кўнгил қўйган йигит, кузнинг ҳазонлари ва совуқлари борлигини унутма.

Ж. Румий
          ***     ***

МАСЪУЛИЯТ

Ҳаммасини қилишга имконсиз бўлиш ҳаммасини тарк қилиш имтиёзини бермайди.

“Ҳикматлар чашмаси”дан.
          ***     ***

Биз қурол билан фақат террористларни ўлдира оламиз. Таълим билан эса террорнинг ўзини ўлдиришимиз мумкин.

Мубашшир Аҳмад


10 саҳифа. Қисқа ҳикоялар.

Қисқа ҳикоялар

Энг қисқа ва қўрқинчли ҳикояларни яратишга ҳаракат қилиб кўрдик. Баҳо бериш сизлардан.

Ganisher Baydullaev:

Тонгда уйғониб телефонимга қарадим. Ухлаётганим суратга олинган эди. Мен уйда ёлғиз яшайман...
*****

Уйга келганимда ошхонадан онам чақирар эди: «Овқатга кел». Шу пайтнинг ўзида телефонимга онамдан смс келди: «Уйга кеч келаман. Овқат музлатгичда турибди».
 *****

Салом Шох:

У кўзгуда сўнгги бор ўз қотилига қараб турарди...
*****

Rustam Mamadaminov:

Кўчада кетяпман. Ёмғир ёғяпти-ю, аммо нимагадир устим қуп-қуруқ...
*****

У бирдан уйғониб, ўз ўрнидан турмоқчи бўлди... Унинг боши қабр тошига тегди.
*****

Doston Musayev:

Почтамга хат келди. Хат қадимги Миср тилида ёзилган. Санасига қарасам - 5402 йил экан.
*****

Аёл қабристон бўйлаб қўрқа-писа кетиб борарди. Кутилмаганда бир эркак киши қўлидан маҳкам тутиб деди:
 ― Олиб ўтиб қўяйми?
  Олиб ўтиб қўйганидан сўнг аёл миннатдорчилик билдириб деди:
 ― Раҳмат, жуда яхши одам экансиз!
 ― Арзимайди, тириклигимда ҳам бундай гапларни кўп эшитардим...
*****

Muradjan Ruzibekov:

Унинг уйи олдида тумонат одам йиғилган эди. У ҳам чопон кийиб, йиғлаб ўтирарди. Уввослар кучайганида тобут томонга бир қараб қўйди... ва шу заҳоти даҳшат ҳамда қўрқув уни қамраб олди. Тобут ичида кафанга ўралиб ётган майит - унинг ўзи эди.
*****

Муножат Муҳаммад Айюб:

У қоронғуликдан қўрқарди. Уйда ёлғиз ўзи эди. Свет ўчиб қолди. Қўрқувни енгиш учун бор овози билан Қуръонни ўқий бошлади ва шу он деразасининг пардаси кўтарилиб, узун бўйли қора шарпа хонани тарк этди...
*****

Темурмалик Тожиддинзода:

Ухлаб ётгандим. Тунги соат бирда бир эркакнинг овози эшитилди. У менинг исмимни айтиб чақирарди. Кўзларимни аранг очдим. Дахшат ва қўрқув юрагимни ларзага соларди... Мен уйимда ёлғиз онам билан яшайман.
*****

Шерзод бугун ишдан жуда чарчаб келганди. Ўзини ҳолсиз диван устига отиб, хордиқ чиқармоқлик бахтига муяссар бўлди. Шу захоти унинг ёнига қора мушук югуриб келди ва эркаланишни бошлади. «Бу қанақаси?!» - дея ўйлаб, ҳайратдан ёқасини ушлади Шерзод, «Мушук қаердан пайдо бўлди, ахир кечагина қора ит сотиб олмаганмидим?!»
*****

Кимдир ярим кечаси эшигимни тақиллатди. Дадил қадам ташлаб, эшик томон юзланиб борар эканман, кўчадан онамнинг «Тезроқ очақол, болам», деган овози эшитилди. Раҳматли онам вафот этганларига бугун роппа-роса 5 йил тўлган эди.
*****

Хайрулла Ҳамидов:

Гўрков ўзининг энг одатий иши устида тер тўкарди. Бироқ, охирги бор қабр кавлаётганини ҳозирча билмасди. Кимгалигиниям билмасди, табиий. Ҳозирча...
*****

Гўдак туғилди. Пешонаси аччиқ бола суриялик эди.
*****

Самолёт портлай-портлай деганда, у парашюти билан тушиб кетишга улгурди. Самолёт портлаганини ўз кўзи билан кўрди.

Саҳро. Оч қолган шер осмондан нимадир тушаётганлигига ажабланиб қараб турибди...
*****

9 саҳифа. Бир қоп кулгу.


— Нега уни қўйиб юбординг?
— У мени ташлаб кетмайди. Вафодорлигини синаб кўрмоқчи эдим.
— Тентак, ким қопағон итни бўйинбоғисиз қўйиб юборади?!
          ***     ***

Болакай телевизор кўриб ўтирган отасининг ёнига келиб:
— Ада, нима кўряпсиз? - деб сўради.
— Енгил атлетика бўйича югуриш мусобақасини, ўғлим. Ҳозир ҳаммаси югуради, биттаси ғолиб бўлади. Ана шу битта спортчига совринни беришади.
— Ундай бўлса, қолганлари нега югуришяпти, ада???
          ***     ***

— Ҳой, қиз. Биласанми, кўп шоколад ейиш зарарли - семириб кетасан, тишларинг сарғайиб кетади.
— Менинг бобом 106 га кирган, тишлариям жойида эди.
— Нима, у ҳар куни шоколад ермиди?
— Йўқ, бировларни ишига бурнини суқмасди.
          ***     ***

Футбол матчида томошабинлардан бири, ёнида ўтирган ёш боладан сўрабди:
— Сен бундай қиммат билет учун пулни қаердан олдинг?
— Дадам олиб берди.
— Даданг қани ўзи?
— Уйда... билетни қидиряптилар.
          ***     ***

Бемор:
— Доктор, мени жигарим оғрияпти
Шифокор:
— Ҳозир текшириб кўрамиз, биронтаси билан урушганмидиз?
Бемор:
— Ҳа, кеча 5таси билан урушгандим.
Шифокор:
— Ана бўлмасам! Ўзингиз нозик бола экансиз, қандай урушдингиз?
Бемор:
— Ҳамма қатори.
Шифокор:
— Қаерда урушдинигиз?
Бемор:
— Телеграмда!..
          ***      ***


8 саҳифа. Суҳбат.


Хонтахта сиёсатшунослари

Интернет, цивилизация, механизация, вулканизациянинг ривожланиши билан янгидан янги касб-ҳунарлар ва ижтимоий тоифалару гуруҳлар шаклланди. Диван сиёсатчилари ёки хонтахта сиёсатшунослари шулардан бири.
Уларнинг тури кўп. Ижтимоий тармоқларда кундан кунга урчиб бормоқда. Бири Америка томонини, иккинчиси Россия томонини олиб бир-бирининг гўрига тинимсиз ғишт қалаб туришади.
Агар сиз ҳамиша бир томоннинг ёнини олиб, иккинчи томоннинг гўрига донаси 310 сўмли пишиқ ғишт қаламаган бўлсангиз, демак улар тоифасига кирмайсиз ва хотиржам ўтириб давомини ўқисангиз бўлади.
Хонтахта социологлари. Ўзларига қарашли доно фикр барча соғлом фикрлиларга хос деб ҳисоблашади. Сўз орқали ҳужумни бундай бошлашади: “Бу ҳақда барча якдил”, “Бунга ҳеч ким шубҳа қилмайди”. Фикрларига қўшилмаган барча сотқин, хоин, тентак ёки масондир.
Хонтахта экспертлари. Худди социологлар каби тактика қўллашади. Кўпинча, аллақандай ажнабий (Сэмюэлсон, Клифф Кёртс в.б. номини ҳеч ким эшитмаган) сиёсатшуносдан иқтибос келтиришга ўч.
Хонтахта аналитиклари. Таҳлилда, албатта, изчиллик, қонуният келтиришади. “- А воқеа рўй бердими? Ахир, ундан олдин Б ҳодиса бўлгандику. Б га қараб А юзага келишини олдиндан билиш қийин эмас. Мен аллақачон шундай бўлишини билгандим” ва ҳоказо..
Хонтахта футурологлари. Хонтахта аналитикларидан стажи ортиқ тоифа. Кечаётган воқеаларга қараб келажакни башорат қилишади. Масалан, фалон воқеа рўй берди. “-Энди Франция Ливияга киради. Қараб тур. Мени айтди дейсан”
Хонтахта конспирологлари. Бошини қаттиқ уриб олган ноёб шахслар. Барча сиёсий жараёнлар тенденциясидан ўзаро боғлиқлик ясашади. “-Бу Исроил ва Америка махфий плани. Барчаси улар манфаати учун ташкил этилган”. “-Йўғее”. “-Шундай”.”-Таиланд зоопаркида фил ўлибди”. “- Тсс. Бу Билдерберг клубининг иши”.
Хонтахта геополитиклари. Хонтахта конспирологларининг ривожланмай қолган тоифаси. “-Нега бу давлатга уруш очди?” “-Чунки қазилма бойлиги кўп, шуниям билмайсанми?”
Хонтахта тактиклари. Жаҳоннинг қизғин нуқталаридаги урушни муҳокама қилишади. “- Нега А режа бўйича урушмаяпти? Ҳа, чунки, қўмондонлари лапашанг. Йўқ, сотилган. Фалон давлатга сотилган. Аҳа! Ахир, Б режа бўйича урушиш керак!”
Хонтахта қуролшунослари. Урушаётган томонларнинг қурол-яроғини муҳокама қилишади “- Ҳмм. Бунисида Град, унисида Браунинг M2. Қаердан олиши мумкин? Тўхта, бу қурол фақат фалон давлат армиясида бор, демак....”
Хонтахта инженерлари. Хонтахта қуролшуносларига турдош тоифа. Гарчи Калашниковнинг ичини очиб кўрмаган, гуглга қарамай БТРдан БМПни фарқлай олмаса-да, ҳарбий аппаратлар ва иншоотларни худди ўзлари қургандек тавсифлашади. ИШИД ва Ғарб коалицияси, Россия аралашувига доир хонтахта жангларида алоҳида хизматларини таъкидлаш жоиз. Шимолий Кореянинг техникасини Ким Чен Индан кўра пухта билишади.
Хонтахта юристлари. Турли халқаро қонунлар ва конвенциялар ҳақида фикр юритишади. Масалан: Кечаги террор акти ҳақида Женева конвенциясида бундоқ ёзилган.
Хонтахта диншунослари. Муқаддас асарлар ва ривоятларнинг исталган еридан ўзлаштирилган иқтибос асосида ҳукм чиқара олишади. “Эшак ҳанградими? Демак таҳоратинг бузилди”.
Хонтахта тарихчилари. Таранг вазиятни тегишли тарихий ҳодиса билан қиёслашади. Масалан: Россия-Украина гибрид уруши Индонезия-Малайзия конфронтацияси билан..
Хонтахта шоҳидлари. Ҳар бир сиёсий ҳодисада ўзининг иштироки борлигини таъкидлайди. “Қарангки, айни шу куни Украинада эдим..”
Хонтахта ҳайбаракаллачилари. Оёқ остида ўралашиб кучли тарафни астойдил маъқуллайдиган хашаки тоифа. Вазият ўзгарганда эволюцияга учрайди. Аммо уларсиз ҳаёт давом этмайди, шундай эмасми?

Шукуржон Исломов
7 саҳифа. Романтика...


«Маргарита Алигер шеъри...»

Ёз тугар, кунлар ҳам борар қисқариб,
Август шамолидан қовжирар лаблар.
Туйғулар бўлмайди саёз ё ғариб,
Дунёда бўлади саёзроқ қалблар...

Ҳатто рашк ҳам буюк бўлиши мумкин,
Отелло қўллари тутса гирибон.
Оловкўз, сержило Ишқ учун, лекин,
Гулхан ёқадиган дил керак, ишон...

Рамақда кўнгиллар кўтармаган ғам,
Лек орзиқиб кутган юк бўлсин, майли!
Сенга нима дердим, эй яхши одам,
Меҳр берилмас-ку, шафқат туфайли?!

Ўзингни кўрсатиб гуноҳкор, гўлроқ,
Айёрлик қиласан гўё юпатиб:
“Нимамиш, муҳаббат сенда сал мўлроқ,
Менда сағал озроқ” ... - Хўш, нима бўпти?

Суймайман севгиси кичикроқларни,
Ундан кўра яхши кутмаган офат.
Ёз ташлаб кетяпти биз нўноқларни....
Қара, оламга ҳам чўкди сукунат...

Русчадан О.Мамадалиев таржимаси
          ***     ***


“Менсиз қолган лаҳзада йиғла,
Фақат бир кун, фақат бир марта...”
Фирдавс Обид.

Менсиз қолган лаҳзада йиғла,
Фақат бир кун, фақат бир марта.
Фақат менсиз йиғлагин аччиқ
Юракдан...

То унгача йиғламай яша,
Кулгуйингдан яшнасин очун.
Ахир сени яратган Худо,
Бахт учун!

Кокилингга арғимчоқ солса
Ғамлар...
Аста қучоқласа дард.
Парво қилмай, табассум қилиб
Унга мени борлигимни айт.

Зулмат тушса гулдираб осмон
Тун кўксини ёрса гар чақин...
Қўрқма!
Аста шивирлаб исмим,
Чақир!

То мен борман чинакам яша,
Гулга ўраб ҳаёлинг, шодон.
Фақат бир кун...
Бир марта йиғла,
Мен Худога яқинлашган он!

Азиз Нур
6 саҳифа. Шеърлар олами.



«БАНДАЛИК»

Ишқу ошиқликдан йиғладим зор-зор,
Жунун саҳросида тентираб, чопдим.
Умримнинг чароғон лаҳзасин бедор
Нафасим уланган Нафасдан топдим.

Ким нима демасин, гўр оғзи қадар
Эмаклаб боргайдир банданинг сўзи.
Менинг бор-будимдан огоҳ бир Назар,
Савоб-гуноҳимни ажратар Ўзи.

Билмам, озор бериб ранжитдим кимни
Ва ёруғ дилларни суйдим қанчалик...
Ёдимга солади одамлигимни,
Менинг остонамда турган бандалик.

Шавкат Жўрабек
          ***     ***


Ошиқ эдим туғилганимда...
Ошиқ эдим...
Бор-йўғи ошиқ...
Томир отди руҳим танимда,
Қўшиқ бўлдим, азизам, қўшиқ...

Мен Сўз бўлдим, Оҳанг, Куй бўлдим,
Шакл топдим дунёларингда!
Ногоҳ шодлик, ҳасратга тўлдим,
Тақдир топдим тақволарингда.

Сўнг йўқотдим...
Ўзни йўқотдим...
Бандаман-да, найлайин, ожиз.
Умидсизлик қутбида қотдим,
Гулшан каби, қолган қаровсиз.

Ўткиржон Хидиров
          ***     ***


Дардкаш иштиёқи

Қара аҳволимга, кўрдингми бу он
Қоп-қора суратинг қучиб ётаман.
Биламан - дардимга тушунмас инсон,
Лек ўзга дардкашни қайдан топаман?

Ҳамма ёқ инсонлар, тўла нигоҳлар,
Менга фаришталар керакдир, абас.
Дардимни тушунмас чала гуноҳлар,
Менга дардкаш керак - бегуноҳ, бесас..

Мақсуд Саломов
5 саҳифа. Ҳикоя.


“Улфатлар ёҳуд бир кам дунё”
(саргузашт ҳажвия)

Монтёр, газчи, заправкачи ва фермер улфат экан. Бир чақчақлашиб ўтириш учун фермерникида ҳалфана палов баҳона йиғилишибди. Қаранглар, "Бўзчи белбоққа, фермер оқёққа ёлчимайди" деган мақол шу ерда ҳам ўзини эслатибди. Неча йилдан бери ўчмаган чироқ  (уй эгаси электрни тежаш учун ўчириб қўйиши ҳисоб эмас) "лоппида", йўғ-ей ўхшамади... "лоппида" бўлса ҳудди доим ўчадиганга ўхшаб қолар экан, томдан тараша тушгандек "топпида" ўчиб қолибди. Даврада ўтирганлар аввалига ишонмабди, тўғри-да, бу ер Африкамидики, чироқ "топпилаб" ўчаверса. Монтёр бир ҳазил қилган бўлиши ҳам мумкин-да, ундан кутса бўлади, мана шу фермер йигирма беш йилча аввал уйланган куни ҳам шўхлик қилиб чироқни ўчириб қўйган эди. Йўқ монтёр ўчирмаган экан, сабабини ҳам билмас экан.

Энди чироқ ўчса ҳамма зимистонда ўтирмайди-ку ахир, улфатлар фермерга қараб, йўғ-а зимистонда қаёққа қараганини билишмайди-ку, фермерга мўлжаллаб:

- Диққонвой, бор шам олиб чиқ, - дейишибди.

Фермер ҳам шамга чиқиб кетиб бироздан кейин қуруқ қайтиб келибди, тўғри-да, хотини шам ҳидига бошқоронғи бўлибдимики, Диққонвой уйида шам сақласин ?! Фермер ҳам шунча ишламаган калласи "лоппида" ишлаб кетибди-ку (бу сафар аниқ "лоппида", сабаби, фермернинг калласи азалдан бир ишлаб, бир ишламай туради). Улфатларга қараб:

- Бозорвой ҳижалатчиникида шам бўлса керак, мен бориб олиб келаман, - дебди.

Қаранг-да энди бу ёғини, Бозорвой ҳижалат тушида чироқ ўчишини кўрибдимики, дастмоясини банд қилиб дўконига шам олиб келсин?!
Йўқ, шам ҳеч қаерда йўқ! Ўзингда йўқ, дунёда йўқ!

“Инсон ҳар нарсага кўникади”, деганлари рост экан, фермер уйига келса улфатлар аллақачон қоронғуликка кўникиб бир умр шундоқ яшагандек чақчақлашиб ўтирган экан. Фалокат бир келса қўша-қўша келади-да , палов масаллиқларини тайёрлашиб энди қозонни ўчоққа, йўқ-йўқ, газ ёқиб овқат пишириладиган ўчоққа осишган экан “зангори олов” тушмагурнинг ранги ҳам аввалига сарғайи-и-иб, кейин қорайи-и-и-и-иб, охирида буткул қорасини ҳам ўчирибди. Тўғри топдингиз, улфатлар бу сафар газчи ҳазиллашаётгандир деб ўйлашибди. Йўқ, газчи йиғлагудек бўлиб қасам ичибди, бу қасамхўрнинг гапига ҳеч ким ишонмас экан-у , аммо газчи ҳам энг муқаддас нарсаси - “партбилетини” ўртага солиб, қасам ичибди-да.

Ўчашгандек фермерникида на кўмир, на ўтин бор экан . Кимнинг хаёлига келибди дейсиз, ўзимизда ердан қайнаб чиққандек чиқаётган газ тўхтаб қолишини. Фермер бечора ҳам ота-боболар удумини қилиб ғўзапоя ғамлаб қўяр экан, аммо бу йил пахта режасини юз эллик фоизга ҳам чиқара олмай, қиш эрта келиб декабрнинг яримига бормай қор ёғиб қўйгани учун ғўзапоя ҳам далада қолиб кетган экан.

Улфатлар ҳам қайсар улфатлардан эмасми , “хапмисан” дея туриб олишибди. Маслаҳатни бир жойга қўйиб, фермерга отасидан мерос қолган олинганда янги бўлган машинага ўтириб “Райцентр қайдасан” дея, ё ўтин, ё кўмир топиб келиш учун йўлга тушишибди.

Йўл юришибди йўл юришса ҳам.... энди мўл юрамиз деб туришган экан, олинганда янги бўлган отамерос машина икки марта “пақ-пақ” этиб овоз чиқарибди-ю, тўхтаб қолибди. Тушиб қарашса, ёнилғи тугаган экан. Йўқ, бу сафар топа олмадингиз, ҳеч ким бу ишни заправкачидан тўнкамабди, заправкачи ҳам “партбилетни” ўртага қўйиб қасам ичишга мажбур бўлмабди. Сабаби ,у ёқилғи идиш томонда ўтиргани йўқ эди-да. Энг яқин заправкагача тўрт чақиримча қолган экан, тўртта азаматга бу нима деган гап, олинганда янги бўлган “отамеросни” орқасидан итариб йўлда давом этишибди.

Энди йўлни яримига етишган экан, қарашса, кўчанинг икки томони ҳудди ҳокимнинг уйида тўй бўлаётгандек машиналарга тўла эмиш. Эътибор бермай кетишмоқчи экан, йўл четида турган машиналарнинг эгалари йўл беришмабди. Сабабини сўраяпсизми, айтсам ишонмайсиз, бу йўл четида заправкадан икки чақирим берида турган машиналар эртага сотиладиган бензинга навбатда туришган экан!!! Ана айтдимми, ишонмайсиз деб, мен ҳам ҳеч эшитмаган эдим бензинга навбатда туришганини. Энди бир кун аввалдан икки чақиримли навбатнику фантазия киноларда ҳам кўрмаганман. Аммо бу сафар ҳаммаси рост, нега бундай катта навбат бўлганини мен билмадим. Ана, жуда билгиларинг келса, маош олиб ўтирган раҳбарлардан сўранглар, ўшалар айтсин.

Улфатлар ҳам нима қилишини билмай, “отамеросни” навбатга қўйиб, ўзлари бир четга чиқиб, кута бошлашибди. Қаранг, ораларида заправкачи борлиги шу ерда иш берибди, у бир уй орқасида тикка турган ғиштни олиб, тагига қўйиб ўтирмоқчи бўлган эди, бир болача югуриб келиб:

- Тоға сизларга қанча бензин керак? - деб сўрабди.
- Ия сенда бензин борми? -дейишибди улфатлар жўр бўлиб.
- Ие-е-е тоғалар, агар бензин бўлмаса, уйнинг орқасида ғишт нима қилади? - дея аския қилибди болача ҳам.

Нархини келишиб, ўзаро пул йиғиб нақд бир баклашка бензин олишибди. “Отамеросга” қуйиб ортга қайтишибди.

Улфатларни омади бор экан, ният холис-да уйга келишгунча чироқ ҳам ёнибди, газ ҳам ўлимсанги бўлса ҳам келибди.

Ваниҳоят, ҳикоямиз ҳам охирлаб қолди, ҳамма мурод мақсадига етди. Охирига етмай қолганга ўхшаяптими? Шошилманг, ҳар бир ҳикояда бўлгани сингари бу ерда ҳам қиссадан ҳисса бор. Мана
ўзинглар ўқиб кўринглар:

“Агарда тўпланиб, ҳалфана палов устида чақчақлашиб ўтирмоқчи бўлсангизлар, сайлов арафасида уюштиринглар, электр ва газга жавоб!”


Акмал Набиев