понедельник, 12 июня 2017 г.

Ярамас "Диктатор"!

Соттивой бугун жуда чарчаган. Сабаби, у эрта саҳардан то кечга қадар уйида ўсиб чиққан бир катта дарахтни кесиб, арралаб, ўтин тайёрлаш билан машғул бўлди. Дарахт унга ота-бобосидан қолган мерос бўлган бўлса-да, бу ишни амалга оширишга мажбур эди. Уйни исситиш керак-ку, ахир. Уйда ёлғиз бир ўзи яшаётган бўлса ҳам гўрга эди, қалин кўрпаларининг икки-учтасини устига ёпиб ухлаверарди. Аммо у ёлғиз яшамасди-да, қоракўз фарзандлари бор, совуқ отишади.

Дарахтнинг ёши Соттивойдан қарийб икки баробар катта эди. Начора, иложсизликдан уни кесди-қўйди. Таппи тайёрлайман деса, ёз пайти молларини қўшни Сотволдижонга сотган бўлса.. Ярамас Сотволди ҳозирда мазза қилиб иссиқ уйда яшаётган бўлса керак!

Соттивой хорғин ҳолатда уйга кириб келди. Ўтинларни печкага солди-да, телевизорини ёқди. Ээээндигина "Ёшлар" телеканалига олган эдики, айнан шу захотиёқ свет ҳам ўчиб қолса, денг. Оббо... Пультни асаб билан уйнинг нариги чеккасига отиб юборди-да, қўлига телефонини олди. Яхшиям, "запас"да ҳали 25МБ бор экан, янгиликлар ва мақолалардан бохабар бўлса бўлади. Соттивой Фейсбукка кирди ва янгиликларни бирма-бир кўздан кечирар экан, яқиндагина Туркияда содир бўлган референдум натижалари тўғрисида бир мақолани ўқиб, асаби бузилди. Туркияда янги "Диктатор" пайдо бўлганмиш. Ҳе, ўлгирдим! Ўзига ёқмаган ва сиёсатига тўғри келмаган ҳар қандай одамни қамаб, сургун қилиб, пешонасидан отиб ташлаётган экан. Папиросини чуқур тортиб, қўлини мушт қилганча, уйдаги эшикни уриб куйганди, бу ярамас эшик шуни кутиб турганми дейман, устига ағдарилиб тушса, денг. Ўша мушт билан урган икки бармоғини синдириб қўйди...

Кейин, дод-войлаганча қўшниси уйига чопиб чиқди. Қўшниси Сотволди шу жойда жонига оро кирди, чунки унинг машинаси бор эди. Сотволди ўзи ёмон одам эмас, қўшнисининг бармоқлари синганини кўриб турибди. Бироқ, ёрдам бераман деса, аксига олиб, айнан шу куни туманда бензин йўқлиги боис машинаси ҳеч қаерга юра олмади. Оббо, ярамас қўшни!..

Жон аччиғида қолган Соттивой туман касалхонасига ўз оёклари билан югура бошлади. Касалхонага етиб келгач, икки кишидан бошқа ходим йўқлигини англади. Ўзиям, бир соат илтимос қилди, чамамда. "Қўлимни гипс қилиб, оғриқ қолдирувчи дорини беринглар", деб роса ёлворди. Аммо дўхтирлар дори пуллик эканлигини айтиш билан чекланишди. Пули йўқларга хизмат ҳам йўқ экан. Ана холос!..

Соттивой нима қилишни билмай, боши қотиб қолди. "Ҳааа, - деб юборди Соттивой, - бу ҳаммаси лаънати Эрдоғонни деб бўлди! Ярамас диктатор, сен бўлмаганингда, қўлим синмаган бўларди ва ҳозирда шунча сарсон бўлиб югурмас эдим!" дея сўкиб-сўкиб, синган қўли билан уйига қайтди. Уйга келгач, телефонини қўлга олди-да, Туркияда ишлаб юрган жиянига сим қоқмоқчи эди, аммо телефон "счётида" пули қолмаган экан. Алал-оқибат жияндан ёрдам сўраш мақсадида туман алоқа хизмати биноси томон юра бошлади.

Темур Малик,

Миррахмат Мўминов ғояси билан.

Комментариев нет:

Отправить комментарий