понедельник, 12 июня 2017 г.

Келажагимиз ёшлар қўлидами?

«Келажагимиз ёшлар қўлида» деган гапни кўп бора эшитганмиз. Ростдан ҳам шундайми? Менимча, бу ерда кичик бир англашилмовчилик бор. Айтмоқчиманки, келажагимиз ёшлар қўлида бўлиши шарт эмас. У ёш бўладими, қарими, фарқи йўқ - асосийси, эл-юртига чин маънода хизмат қилсин, ҳар доим, ҳар ерда зукколиги ва ўз ишига профессионалча ёндашуви орқали одамларни ҳайратга солсин. Худди, бир вақтлар шахматчи Рустам Қосимжонов ҳаммани лол қолдиргандек. Футбол ҳаками Равшан Эрматов, ёзги олимпиада чемпионлари номига сазовор бўлган боксчиларимиз дунёни ҳайрат кўчасига етаклагандек.

Юқорида берилган саволга яна қайтаман: келажагимиз ёшлар қўлидами? Айнан қайси ёшлар қўлида? Келинг, бу ҳақда бафуржа гаплашиб оламиз.

Нимага биз ҳар доим спортчиларимиз билан мақтанамиз, биласизми? Чунки айнан спортда бизда барчаси тоза ва ҳалол тарзда ўтказилади (футбол бундан мустасно). Масалан, шахматни зўр ўйнайсизми? Марҳамат, жаҳон ареналарига чиқинг ва ўз маҳоратингизни ҳаммага намоиш этинг. Бокс ёки бошқа бир жамоавий бўлмаган спорт турида ўзингизни эркин ҳис қиласизми? Марҳамат, олимпиадага йўлланмани қўлга киритинг-да, ўз номингизни спорт тарихига зарҳал харфлар билан ёздириб қўйинг.

Гапни чўзиб юбордим. Нима демоқчиман? Юртимиз ривожи йўлида муайян бир соҳани ривожлантиришни ўз олдимизга мақсад қилиб олган эканмиз, энг аввало ҳалолликни тарғиб қилишимиз даркор. Яъни, ҳар бир соҳа ўсиши учун керакли кадрларни етиштиришимиз керак ва бунинг учун, биринчи навбатда, ўз ишининг усталарини танлаб олишимиз зарур. Олий таълим муассасалари ректорлари ўз талабаларидан “пора” олишни тўхтатсалар, ўз ишига содиқ ва профессионал бўлган кўплаб кадрларнинг йўли тўсилмас эди, масалан. Бир нечтаси ўз билими ва салоҳияти эвазига ҳақли равишда диплом олса, кейинги авлод ҳам буни эшитиб, яхшироқ ҳаракат қилади. Ўқишни ташлаб, Москва ёки Сеулга кетиб қолмайди, тўғрими? Айнан шунинг учун ҳам, таълим ислоҳоти бизга жуда керак, биз учун бу жуда муҳим! Қўшиласизми?

Энди қаранг, “келажагимиз ёшлар қўлида”, дедик, бу иборани тўғри деб аташимиз мумкинми? Қайсидир маънода - ҳа! Аммо, яна ўша гап, ҳалоллик биринчи ўринда! Бу гап нафақат ўқув муассасаларига, балки бошқа ташкилотларга ҳам тегишли. Буни барчамиз тушуниб турибмиз.

Мен бу гапларни нима учун ёзяпман? Асли олганда, мазкур мулоҳазамнинг бош мавзуси нима эди? Бош мавзу - бугунги ёшларимиз! Бизда қандай ёшлар улғаяпти? Кимдан ва қандай ўрнак олишяпти? Умуман, ҳар қандай фарзанднинг тарбияси билан, унинг ота-онасидан ташқари, Ватан ҳам шуфулланиши шарт! Ватанимиз бугунги кунларда ўз фарзандларига, келажаги ҳисобланмиш шу ёшлага тўғри тарбия бера оляптими? Нима сабабдан бугунги кунларда кўплаб ёшларимиз онги, фикри, дунёқараши бузиляпти? Кўчадаги “самосудлар”, ўқув муассасаларидаги қотилликлар, футбол майдонлардаги оммавий муштлашувлар... Ҳаммаси қаерга қараб кетмоқда?

Бир ёш бола ўз ўқитувчисини суйиб ташлабди, дедик. Индашмади. Ёшлар онги бузиляпти, чет элга чиқволиб, турли террорчилар оқимига қўшилишиб кетишяпти, дея айюҳаннос солдик. "Эсимда, эсимда", дегандек қилишди. "Огоҳлик - давр талаби" деган шиор билан кифояланишди. Ёшлар чатоқ, кўчада "самосуд" қилишяпти, бир болани ҳаммани олдида уриб, дўппослаб, яна ҳаммасини видеога туширишяпти, деб ҳам айтгандик, эсингиздами? Тайинли жавоб ололмадик ўшанда. Шунчаки, ўша воқеани "босди-босди" қилишга уринишди. Ёшларнинг дунёқараши бошқача бўлган, тўйларга чиқволиб, "горькалаб" юришибди, дея масхара қилдик. Кулиб қўйишди. Бугунги кунларда эса бир қатор ваҳшийликларга, ҳайвонларча амалга оширилган қотиликларга дуч келмоқдамиз...

Ҳой, барака топгурлар, ёшларимизда катта муаммо бор. Жуда катта! Ёшлар бузиляпти. Кимдир қотиликка қўл уряпти, кимдир ИШИДга қўшилиб кетяпти. Бириси ўзини жуда ақлли ҳисоблаб, орқасидаги "танклар"га ҳаддан ташқари ишонгани учун шу йўлга кириб кетаётган бўлса, бошқаси ақлан заифлиги, жоҳиллиги ва балки, пулга муҳтожлиги учун ҳам "ўша ёққа" қараб кетиб қоляпти. Ёшларнинг тарбияси билан шуғулланинг! Ота ва оналарга ҳам, бир томондан тўғри, бошқа томондан нотўғри сиёсат олиб бораётган Ватанимизга ҳам бу гап тегишли! Жахлингиз чиқса ҳам майли!..

Келажагимиз ёшлар қўлидами? Келажагимиз мана шу ёшларнинг қўлида бўлса... унда ҳолимиз вой-ку!? Нима учун бугунги кунда “порани” (сессия пайтида талабалар “узатадиган” нарса), “зинони” (Тошкентдаги “фоҳишахоналар” маш-машаси), “зўравонликни” (коллеждаги қотиллик...) кундалик ҳаётимизда содир этиладиган оддий нарсалар, дея қабул қиладиган бўлиб қолдик? Қачон ҳалолликни талаб қилишни ўрганамиз? Қачон “ҳалол” ва “ҳаром” тушунчаларни ажратишни ўрганамиз? Шу нарсаларга эътибор беринглар, эътиборлироқ бўлинглар, илтимос!

Темур Малик

Комментариев нет:

Отправить комментарий