пятница, 3 февраля 2017 г.

7 саҳифа. Романтика...


“ҚЎРҚМАНГ”

Қўрқманг, севганимни биров билмайди,
Энди мен ҳам жимман, шуниси тинчроқ.
Бу кетишда мени ҳеч ким севмайди,
Охирин ўйламай севганим чатоқ.

Қўрқманг, севганимни ҳеч кимса билмас,
Ахир, сиз фаришта, биз бир бечора.
Сиз шундай, сизни ўйламай бўлмас,
Севмоқликдан ўзга йўқ эди чора.

Менга имкон бериб қўйдингиз нечун?
Севибман, ўйламай, шуниси ёмон.
Сизни хафа қилиб қўймаслик учун,
Ҳеч кимга айтмайман, тутарман пинхон.

Балки сизда хам бор яширин ҳислар,
Қалбингизда борин билмоқ истайман.
Ҳатто юзингизни кўрмай севдим-ку!
Олисдан бир бора кўрмоқ истайман.

Сизнинг ёнингизга бориб бўлмасди,
Олисдан бахтингиз тилаб юргандим.
Шуни ҳам бизга кўп кўрдингизми,
Ҳаёлда сочингиз силаб юргандим.

Қўрқманг, севганимни биров билмайди,
Бўлди, мен ҳам жимман, шуниси тинчроқ.
Не учун дунёга келмадик бирга...
Сиз аввал келдингиз, мен эса кечроқ.

Қўрқманг...

 Мирзаахмед Мубораков
          ***     ***

«АГАР»

Параллел аталган ўзга жаҳонда
Бошқа Мен яшасам бир пайт, эҳтимол,
Бошқа сайёрада, бошқа замонда,
Бошқа Сенла бирга тотисам висол...

Эҳтимол у ерда қиш ҳам ўзгача -
Қор ўрнига ёғар қизил атиргул.
Шамол қўшиқ айтиб чиқар тонггача,
Фақат бахт ҳақида, тинмасдан, нуқул.

Ой тебранар  куйга, жилмайиб маъсум,
Юлдузлар қўл ушлаб қилар хиромон,
Кейин навбат билан этарлар таъзим
Дарчадан мўралаб, бир-бир биз томон..

У ерда Сен билан икковлон ёлғиз
Оёқяланг юрсак дунёни кезиб,
Тунлари ухласак саҳрода чексиз,
Юлдузли осмондан кўрпа ёпиниб.

Илоҳий ғазалнинг мисраларидек
Қуйилиб келсалар дилдан тилаклар,
Завққа тўлиб кетган байрам шаридек,
Шодликдан ёрилиб кетса юраклар!

Сўзлардан туғилса мукаммал фикр,
Лекин уни ёзмоқ увол баробар...
Дудоғинг титроғин сўндириб бир-бир -
Абадий севардим бир Сени, дилбар..!

Омонхон Мамадалиев
          ***     ***

****

Автобуслар ҳали қатнайди...
Метролар ҳам тўхтамас бир зум.
Сен чиқасан - хаёлларинг ҳур,
Сен тушасан - кўзларинг маъсум.

Кутиб олар сени эшиклар,
Деразалар ичиккан жуда.
Сен келасан - олам ёришар,
Сен кетасан - дунё осуда.

Қадамингни пойлайди такси,
Манзилингга элтмоқ истайдир.
Сен юрасан - изингда илинж,
Сен кутасан - қатновлар дайдир.

Олам бир-у сен бирсан, ажаб,
Келар ўша оламдан кечгим.
Сен севмайсан - ҳаммага аён,
Сен севасан - билмайди ҳеч ким...

Хуршид Абдурашид


6 саҳифа. Шеърлар олами.


«Аёллар…»

Аёллар бор - бекатларда хору зор,
Аёллар бор - тилларида истиғфор.
Аёллар бор - гуноҳлардан шодаси,
Аёллар бор - илоҳий ишқ бодаси.

Аёллар бор - алдамчи- ю зинокор -
Тили бошка, дили бошка риёкор…
Аёллар бор - этаклари жойнамоз,
Инфоқ, эҳсон, садақага сарафроз.

Аёллар бор - тўйхонада раққоса,
Пардоз андоз, кунгилфуруш, гулкоса.
Аёллар бор - сабрларнинг онаси -
Оҳ демайди тўлса-да паймонаси.

Аёллар бор - номуссизлик ишлари,
Ғийбату, гапфурушлик килмишлари.
Аёллар бор - ҳаёланган кўзлари,
Жаннат упар иншааллах изларин!

Ё Зул Жалол вал Икромим, эшитгил:
Неча аёл пайдо килдинг лой-у гил,
Ҳидоят қил, шармсиз хотун булмасин,
Дўзахингга АЁЛ ўтин бўлмасин!


Настарин Ифорзода
          ***     ***


«ҲАҚИҚАТ»

Менга ҳақиқатнинг керак кўзлари…
(Асқар МАҲКАМ)

Жонини деб йиғлаб юрган ёронлар,
Худбинлик жомида ичаверманг май.
Ҳаётда ҳақиқат деган нарса бор,
Нигоҳи бургутнинг нигоҳларидай.

Кўнгил ҳисларининг сувратин чизиб,
Нурни истаганлар, яхшилаб қаранг!
Наҳотки, бу руҳни қийнамас эзиб,
Ҳақиқатнинг ҳоли бўлса забун, танг.

Найзанинг тиғинда кўрган кунларнинг,
Кўнгил хотиржам деб бўйнин қучасиз.
Сўрмайсиз ҳаққини беайб хунларнинг,
Иймонга куймасдан кафан бичасиз.

Шавкат Раҳмон дунни тарк этиб кетди,
Кетди. Энди йўқдир… Асқар Маҳкам ҳам.
Ҳақиқат йўлидан қай манзил етди,
РАҲМОН ИШҚИН ДИЛДА ТУТГАНЧА МАҲКАМ.

Ширин “эртак”ларнинг ёлғон тахтида,
Султонлик бас эрур, бас эрур хаёл.
Ваҳшатнинг чоҳига оз қолди жуда,
Инсоният қулар – силжиса хиёл.

Япроққа ёзилган байтлардан кечдим,
Оловда жон берган шеърларим ҳаққи!
Бир буюк чигални ахийри ечдим,
Ҳақиқат юксалтар экан бу халқни.

Хаёлни унутинг, қуёшга боқинг,
Кўзлардан ёш оқсин – одам ўлмайди.
Сўнг ҳақиқат истаб юракни ёқинг,
ҲАҚИҚАТСИЗ ҲАҚҚА ЕТИБ БЎЛМАЙДИ!!!

Сирожиддин ИБРОҲИМ
         ***     ***

«ҚАЙТИШ»

Мен энди қайтаман,
бўлди, етар, бас!
Ҳаловат топмадим гавжум шаҳардан.
О менга, дўстларим, қилмангиз ҳавас,
Эртага боряпман, субҳи саҳардан,
Қишлоққа қайтаман шонимни сота,
Менинг кетмонимни чархлаб қўй, Ота!

Ўртайди, ўртайди соғинчнинг тиғи,
Оғриқлар бу жонни сира қўймайди...
Кўздаги ёш эмас, қалбдаги йиғи,
О мени, бунчалар соғинч қийнайди.
Эрта қучоғингга қайтаман яна,
Тандирда иссиқ нон ёпиб қўй, Она!

Телбадай, тентираб кезган кўчалар,
Шодон болаликнинг меҳри бўлакча.
Ой сутдек ёп-ёруғ,
ойдин кечалар
Соғинч юрагингга етмас йўлакча...
Нураган девордек емрилган кўнглим,
Акангга шафтоли териб қўй, синглим!

Содда нигоҳларда сеҳр бор, нур бор,
Бугун совға ҳам йўқ, ўзингга доир.
Ширин сўзга ташна, бир меҳрга зор,
Эртага боряпти мақтанчоқ шоир...
Асли шоирлигим бир пул, бир танга,
Эски чопонимни топиб қўй, янга!!!

Фахриддин Ҳайитов
          ***     ***




5 саҳифа. Ҳикоя.


«Умр қиссаси»


Кейинги пайтда Ортиқча тоғани ғалати туйғулар чулғаб олмоқда. Ортиқча тоға негадир ўзини дунёда ортиқча сеза бошлади; ҳеч кимга кераксиз, ортиқча одам...
Дарвоқе, асли исми Ортиқ бўлсада болалигидан эркалатиб “Ортиқча” деб чақиришади, сўнгги пайтда “ча” қўшимчаси қулоғига ғалати ёқимсиз эшитила бошлади, худди Ортиқча тоға дунёда ортиқчадек.
Ҳамма болалар сингари болалигида ота-онасидан кўп марта сўраган нега исмини бундай қўйганларини, тайинли жавоб бўлмаган, кейинчалик  отаси қандайдир артистга ҳавас қилиб шундай исм қўйганини иддао қилди , Ортиқча ҳам шунга ишонди , аммо йиллар ўтгач отаси алдаганини тушунди , сабаби  Ортиқча туғилганида ўша артист танилиб улгурмаган экан.
 Аввал ўйлаб кўрмаган экан, мана энди ўйлаб кўрса ўзи дунёда ҳақиқатан ҳам ортиқча экан . Эсини танибди-ки эгнига ўзидан катта акаларининг уст-бошини кийиб катта бўлди, аслини олганда-ку Ортиқча ўша акаларидан бироз новчароқ эди, улардан қолган шимда Ортиқча масхарабозга ўхшаб қоларди. Бир умр калта шимда юравериб ўрганиб қолибди ҳам , мана ёши бир жойга борган пайтда ҳам бозорга бориб ўзига уст-бош олса албатта кичкинароғидан олади, калта шимда юрса ўзини ўзига ўхшатади.  Уйланадиган пайти келгач узоқ қариндошининг қизига уйланди, тақдир бу ерда ҳам Ортиқчани “сийлаб” ўтди, узоқ қариндошининг қизи бўлмиш Кўпайсин аслида акасига унаштириб қўйилган экан, аммо акаси бу қизга уйланмаслик учун шаҳарга қочиб кетгач қариндошининг қизини Ортиқчага олиб беришди.
Ҳаётларидан иккалови ҳам мамнун, мана, биргаликда бир этак фарзанд топишди. Аммо баъзида Ортиқчага алам қилиб кетади , ўшанда акаси қўрқоқлик қилиб қочиб кетмаганда эди, Ортиқча ўзидан тўрт ёш катта аёл билан яшамаётган бўлар эди...
     Ортиқча дунёда ҳамма қатори яшади, ҳарбий хизматдан келгач ўша пайтлар қишлоқ аҳлининг асосий иш билан таъминловчиси бўлмиш колхозга чиқди, ҳар йили битта янги кетмон дастмоя, мана колхозлар тарқалиб кетганига ҳам кўп йиллар бўлибди, аммо Ортиқча ҳамон қўлида кетмон билан далада. Тўғри-да, Ортиқчага нима фарқи бор, колхоз бўлди нима-ю, фермер бўлди нима? Аввал Деҳқонбек биргадирнинг қўл остида ишларди, энди эса Деҳқонбек фермернинг қўл остида ишлайди. Аввал ҳам арзирли маош олмаган , ҳозир ҳам...
Шу, ёши ўтиб борган сари инсоннинг феъли инжиқлашиб борар экан, олдинлари анча-мунча нарсага эътибор бермас эди, масалан, тўй-издиҳомларда тўрида ўтирди нима-ю пойгакда ўтирди нима ? Барибир эмасми ? Қайтанга пойгакда ўтирсанг яхши, оёқ кийимингни биров алмаштириб кетишга улгурмайди, доим вазиятни назорат қилиб турасан. Аммо кейинги пайтларда боласи тенги йигитлар тўрига чиқиб  тоға пойгакда ўтирса ўзини ноқулай сеза бошлади, негадир даврада ўзини ортиқча сеза бошлади.
Эътибор бериб қараса далада ҳам боласи тенги йигитлар билан бир қаторда ишлар экан, шу сабабми ўз тенгилари қаторида ортиқчадек сезарди ўзини. Хуллас, бир умр ортиқча бўлиб яшабди, бир умр бегона инсонлар орасида яшабди. Ҳаттоки оилада ҳам ортиқча экан, ўзидан катта хотиннинг айтгани айтган, гапига қарши гапирса жанжал чиқади.
Агар бир туртки бўлмаганда эди Ортиқча тоға ҳам индамай яшаб юраверар эди ва биз ҳам бу воқеани ёзмаган бўлар эдик :
Одатий иш кунларининг бирида, якшанба куни тонги тўртларда уйқули кўзларини ишқалаб далага чиққан Ортиқча тоға не кўз билан кўрсин-ки катта ариқдаги қўлбола қилинган дамбани сув ювиб кетиб ўн гектарлик ерга экилган ғўза буткул лойқа сув остида қолибди. Кейинроқ етиб келиб аҳволни кўрган Деҳқонбек фермер ўзидан бир неча ёш катта бўлишига қарамай Ортиқча тоғани бўралаб сўка бошлади:
 -Ҳес сени ўша-деди –Қуёш тепанга келгунча ухлайдиган сен ношудни ўша. –деди яна.
 Хуллас айтмагани қолмади, кейин бирдан жимиб қолди, худди Ортиқча тоға ёнида йўқдек бошқаларга мурожаат қиларди, Ортиқча тоғага эса эътибор бермасди, тушлик бўлди, ҳамма шийпонга йиғилиб ошпаз тайёрлаган ёвғондан қуйдириб кайфиятсиз ҳолда қоринни алдашга ўтирди. Ўчашгандек Ортиқча тоға бугун ўзи билан  нон олиб келмаганди, қолганлар ҳам Деҳқонбекдан қўрқиб Ортиқчага қарамасликка ҳаракат қиларди. Қийин эди Ортиқча тоғага, бўйи салкам икки метр, соч-соқолига оқ аралашган, калта шим кийган бесўнақай одам фарзанди  тенги болалар орасида ортиқча одамдек турар эди.
  Мана, тушлик ҳам қилиб бўлинди, Деҳқонбек фермер барчани ёнига йиғиб қисқа мажлис қилган бўлди, барчага алоҳида-алоҳида топшириқлар берди, Ортиқча тоғани эса эслаб ҳам қўймади ...
Ортиқча тоға умри давомида кўплаб хорликларни кўрди;
 Оилада энг кенжаси эди, аммо эркалик кўрмай ўтди болалиги,  ҳеч кимга билдирмади . Ўзидан тўрт ёш катта аёл билан яшашга мажбур қилишди, ўзини бахтлидек тутди, дардини ҳеч кимга айтмади .
Давраларда атайин пойгакдан жой кўрсатишди, ҳар ўтган одам туртиб ўтди, эътибор қилмади.
Аммо, аммо бу сафар чидай олмади, ҳаммасига тупурди-да уйи томон йўл олди:
-Ҳес сени ишинггаям, биргатингаям , пермерингаям! - деди. Аммо –Пахтанггаям!- демади - Оппоқ пахтада нима айб ахир , ҳамма айб пермерда! - деди.
Уйига кела солиб айвонга тўшалган тўшакка ёнбошлади, кўзи илинди, қанча ухлаганини билмайди, чўчиб уйғониб кетди. Вужудида оғриқ сезди, қорни очганини сезди, далада бўлиб ўтган воқеалар қайта ёдига тушиб дили оғриди, кўзига ёш келди, ўзини дунёда ортиқча сезди.
Шу алфозда кечгача ётди, ҳеч ким эътибор бермади ҳам Ортиқча тоғага, ана хотини дарвозахонада қўшни хотинлар билан гап сотмоқда ( ўзи бу хотинларнинг гапи қачон тугар экан-а ?).  Ана, катта ўғлининг хотини кундузи билан ухлаб кечга яқин кўзини ишқалаб иккита челакни олиб сув олиб келиш учун кетмоқда.
Шу пайт Ортиқча тоға негадир беморларга ҳавас қила бошлади, ўшаларга маза, ҳамма кўнглига қарайди, яқин-узоқ қариндошлар, таниш-билишлар аҳволини сўраб келишади ...
Ўйлаб кўрса Ортиқча тоға шу ёшга кириб бирор кун шифохона тугул уйида ҳам касал бўлиб ётмабди, ҳеч ким орқасидан бир коса овқат кўтариб кўргани келмабди. Дунёга келиб кўргани дала, ғўза, пахта, кетмон .
Мана бирин-кетин ўғиллари ҳам қайтиб келишди, бутун оила кечки овқатга йиғилди. Ортиқча тоға ҳар кунги одатича бориб дастурхонга ўтирмади, кутди кимдир чақиришини, келинининг бир марта:-Дада , келинг овқатга.-  дегани камлик қилди , ўғиллари келиб ҳолини сўрашини тилади кўнгли, қизи келиб меҳрибонлик қилишини тилади кўнгли...
Негадир шу бугун бир умр муроса деб яшаб келган аёли бошида парвона бўлишини тилади кўнгли...
Шу тахлит эртасига ҳам ётди ўзини бемор кўрсатиб, ҳеч ким қарамади ҳолига, ҳеч ким келмади ҳолини сўраб...
Ётаверди шифтга термулиб, уч кун ётди, бир ҳафта ётди ...
Ётавериб зерикди, ўрнидан турмоқчи бўлди, қуввати етмади, ўзини кучсиз, аҳволини аянчли сезди. Ўзига раҳми келиб кетди, кўзига ёш келди . -Ҳайрият ёнимда ҳеч ким йўқ , кўзимдаги ёшни кўришса уялардим. - деди ўзига ўзи . Бекорчиликдан эскит хотираларни эслади, ҳаёти давомидаги воқеалар бирин-кетин кино тасмасидек кўз олдидан ўта бошлади, ана болалиги, майдончада болалар икки томон бўлиб тўп ўйнашмоқда, ортиқчалиги учун ўйинга қўшилмаган Ортиқча  бир четда   мунғайиб томоша қилмоқда, ана, отаси бозордан фарзандлари учун янги уст-бош харид қилиб келди, акалари талашиб-тортишиб ўзларига тегишли кийимларини кийиб кўришмоқда, одатдагидек Ортиқчага ҳеч нарса йўқ ...
Ана, уйланди, болалари туғилди, катта бўлди, уйли-жойли бўлди... Ўйлаб кўрса дунёда ортиқча экан, худди болалигида акаларидан қолган кийимларни кийиб катта бўлгандек, бир умр бировни умрини яшабди...
Болалигида ўзига катталар томонидан меҳр кўрсатилмаётганини сеза бошлагач ўзини овутар эди: -Менга ота-онам ўгай  бўлса керак, шунчалик қорнимни тўқлаб юришганига ҳам раҳмат.- деб.
Кейинчалик болаларидан излади ўша меҳрни, топмади, кўникди.
 -Мен болаларимга вақтида меҳр бермаганман , шунинг учун болаларимдан ҳам қайтмаяпти. – деб ўзини овутди...

Эрталабда қишлоқни одатдагидек хўрозларнинг қичқириши эмас, аёллар йиғиси уйғотди, “ Вой отам” лаб йиғларди , “Меҳрибоним”лаб йиғларди аёллар. Қишлоқ аҳли йиғилди, расм-русм қилинди, тобутни кўтариб қабристон томон йўл олди оламон. Қизлар йиғлади , келинлар йиғлади , қўшнилар йиғлади , қариндошлар йиғлади  ва ора-сирада ошиб кетаётган нарх-наводан гапиришди , ҳорижга иш излаб кетган ўғиллардан гапиришди...


Акмал Набиев
4 саҳифа. Мулоҳаза.


“Менинг онам Россияда” ёҳуд меҳрга муҳтож болалар


“Болалар уйининг боласи асфальтга она суратини чизди ва унинг бағрига кириб ётди. Онага хурмат сабаб хатто пойафзалини ечди”.

Ҳар қандай бағритош инсоннинг юрагини эзадиган даражадаги бу сурат интернет тармоқларида юқоридаги изоҳ билан машҳур бўлди. Аммо кўп ўтмай, изоҳнинг асоссизлиги маълум бўлди.

Эронлик фотограф Баҳореҳ Бишех ўз зеҳни билан оддий бир манзарадан таъсирли ҳолат чиқара олди. Суратдаги қизча Баҳореҳнинг жияни. У ҳовлида узоқ вақт ўйнаб чарчайди ва шундоқ ерга ётиб ухлаб қолади. Сураткаш бу пайтни дарров экранига муҳрлади.

Аслида гап сурат кимникилигида эмас. Бу суратни илк изоҳ билан фейсбук тармоғида кўрганимда жуда таъсирлангандим. Илк бор Москвага келган пайтларимда 2 синфда ўқийдиган ўғлим ёзган смс ёдимга тушди: “Ухлагани кўзимни юмсам, сизни кўраяпман, ойижон. Нима қилай?”…

Мендан олдин ёзилган юзлаб изоҳларнинг кечинмалари меникиданда зиёдроқлиги меҳрга муҳтож болакай суратига ҳеч ким бефарқ қараб тура олмаганини кўрсатиб турарди. Ҳиссиётларимни яширолмай изоҳ ёздим:

“Бугун оналари Россияда ишлаётган ўзбекистонлик болаларнинг ҳам соғинчлари ва кечинмалари шу болакайникидан ҳеч ҳам кам эмас”…

Шу билан бу мавзу бироз унутилгандек эди. Аммо 2014 йилнинг 19 февраль куни тасдиқланган “Соғлом бола йили” давлат дастурини (мақола 2014 йилда ёзилган) ўқиб, ўзбекистонлик болалар мавзусига тўхталишга қарор қилдим. Ёзилишича, “дастурда аввало ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, мустақил фикрлай оладиган, юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билимли ва замонавий дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни шакллантириш, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини ана шу мақсадларга сафарбар этишга доир кенг миқёсли чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган”. Чора тадбирлар билан ҳам танишиб чиқдим. Аммо мен кўришни истаган банд ёки бўлимни топа олмадим.

Болаларнинг жисмоний соғлигини учун тиббиёт, спорт ёки шу кабилар билан таъминлаш мумкин. Аммо руҳий саломатлиги-чи? Дастурда келтирилган тадбиру уринишлар ўзбекистонлик барча болалар учун эмас. Масалан, ота-онаси Россияда ишлаётган болаларнинг руҳий соғлигини тўла таъминлаш мумкин эмас. Ҳеч бўлмаса, онаси ёнида бўлмаган бола руҳан баркамол эмас.

Бугунги кунда Россияда 5 млн дан 8 млн нафаргача бўлган ўзбеклар ишлаяпти. Шундан тахминан 2 млн га яқини аёллардир. Уларнинг қанчаси боласини уйга ташлаб келган аёллар эканлиги ҳақида аниқ рақам йўқ. Аммо кузатишларимдан келиб чиқиб, тенг ярми деб олганимда ҳам, Ўзбекистонда 1 млн дан зиёд бола она меҳрига тўймай ўсаяпти. Оилада биттадан бўлганда миллион бола, иккитадан бўлса, икки миллион бола тирик етимдек.

“Ота-оналар мажлисига борсам, ҳамма бувилар келган, — дейди ойим. — Яхшиямки, ўқувчиларнинг кўпчилигининг ота-онаси Россияда, болалар ўксинмайди”.

Бу ўксинарли эмас, ачинарли ҳол. Ота-она бўла туриб меҳрга зор ўсиш бола психикасига қандай таъсир қилишини мутахассислар ёза қолсин. Аммо ёзишмаганда ҳам хис қилдик буни.

Дейлик, она ишлагани кетаётганда боласини ўзи билан олиб кетди. Аммо Россия мактаблари муҳожир боласини қабул қилишни исташмайди. Ўндан бири қабул қилганда ҳам, бола миллатчилик сабаб нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчиларни ўзи томонидан ҳам турткиланиши турган гап. Рус тилини билмаса, дард устига чипқон.

Ижара уйларда эса боланинг ўқиб тарбия олиши учун етарли тугул, тайинли шароитнинг ўзи йўқ. Бир хонада турли 5-10 нафардан одам яшайдиган ижара турар жойлардаги муҳитни тасаввур қилаверинг.

Бухоролик таниш аёл қизини шу ерда катта қилаётганди. Ҳар куни кечки пайт 5 ёшли қизчани қараб туришга фаррош йигитчаларга бериб ўзи дўкон ювгани кетарди. Бир куни қўшни хонадаги аёл онаси ишдалигида гўдак қизчага шу йигитчалар тегиниб ўтирганини кўриб қолибди. Буни эшитиб она қай аҳволга тушди, кўп ўтмай қизини кекса онасининг уйига олиб бориб қўйиб келди.

Ўтган йили самарқандлик дугонам болаларини олиб келди. Кун бўйи ота-она ишда, болалар уйда қаровсиз. Мактабларга олишмади. 1 йил ҳеч қаерда ўқимаган болалар яна уйга олиб бориб қўйилди. Бундай ҳолга ўнлаб мисол келтириш мумкин.

Аёлларнинг Россияга боришини эса тақиқлай олмайсиз. Шусиз ҳам у ердаларнинг аксари оиласиз, бева ёки эри ногирон, ишга яроқсиз. Ўзбек оналари бола боқишдан ташқари, қиз чиқариб ўғлини уйлантириш, ўғлига уй қуришга қарашиш учун эса суткалаб оғир шароитларда турли соҳаларда ишлашаяпти.

Аёлларимиз ишлаётган каби заводу фабрикалар, ишлаб чиқариш корхоналари юртимизда ҳам кўп. Аммо иш ҳақини ўз вақтида ололмаслик, ёки меҳнатга яраша ҳақ тўланмаслик сабаблари уларни болалари бағридан узилишга мажбур қилмоқда.

“Соғлом бола” давлат дастурига болаларга оналарини ёнида бўлишини таъминловчи бўлим қўшилса ва натижаси кўринса, миллионлаб болаларнинг қувончини кўрган бўлар эдик. Масалан, аёллар учун қўшимча иш ўринлари яратиш ҳисобига уларни ватанда, ўз фарзандлари ёнида қолдириш мумкин.

Дарвоқе, фақат оналари Россиядаги болаларни мисол қилдим. Улар-ку йилда бир келиб боласидан хабар олар, Корея ёки Америкада ишлаётган оналар ва уларнинг юртимиздаги болалари ҳақида уларни фақат моддий ҳолат овутиб турибди, дея оламан холос…

Гап Россиядаги муҳожирлар ҳақида очилган экан, баъзи таклифларим бор эди. Россияда энг кўп сонли ўзбекистонлик энг ҳуқуқсиз ва ҳимоясиз ҳамдир. Ўзбекистон аҳолиси иш ўринларига нисбатан анча кўп, иш билан таъминлаш мушкул масала. Шу боис маҳаллий ҳокимият, ОАВ четга чиқувчиларга “ўгайқараш” билдирмай, аксинча, четда ишлаш учун тайёрлов ва тил курслари ташкил этишса, йўриқномалар берилса, маъқул бўларди. Шу ўринда Ўзбекистоннинг Жанубий Корея билан тузган шартномасини эслаш мумкин. Бу амалиёт йиллар давомида ўзини оқлаб келмоқда. Россия билан ҳам тузилган бундай шартномалар ўз юртдошларимизни соғ-омон ишлаб қайтишларини таъминлаган бўларди.

Бу йил Россия ҳукумати 600 мингдан зиёд меҳнат муҳожирини мамлакатга киритмади ва киритмасликда, чиқариб юборишда давом этаяпти. Миграцияга оид қонунларни кескинлашиши оқибатида яна минглаб юртдошларимиз ишсиз қолиб ватанга қайтиш эҳтимоли бор.

Савол: Улар шу йил ватанга қайтса, ўртача 6 млн одамга юртимизда иш топиладими? Ва қайтишгандан кейинги вазиятни тасаввур қилаверинг. Ундан кўра, тайёр иш жойи бор муҳожирларга ватанда руҳан далда берганимиз ва имкон қадар, ҳимоя қилганимиз маъқул эмасми?!

Соҳиба Ҳайитбоева
3 саҳифа. Долзарб мавзу.


«ПАРЧА КАФАНЛИ ҲОЖИ ОНА»


“Вақт ўтиши билан биров ақллироқ бўлади, биров эса каттароқ”. Асқад Мухтор.
Ҳаёт саҳнасида ўзига теккан ролни бажараётган кишиларни кузата туриб кундан кун ёши улғаяётган бўлса-да, тафаккури, дунёқараши чала- яримлигича қолиб кетаётган кишиларни ҳам кўрамиз. Ундайларга фақат ачиниш мумкин, холос. Болалари, невараларига амаллари кўзгу бўлаётган кишиларнинг айримлари, афсуски, ижобий фазилатлари билан атрофдагиларга ибрат бўлолмаяптилар. Вақт шамоли уларнинг ёшига ёш қўшяптию, ақлини тўкис қилишга ожизлик қиляпти. Ачинарлиси шундаки, ёшлар улардан ибрат олиб, улар қилган ишларни тўғри деб билишяпти.
Қайнонамнинг қилғиликлари
—Байрам арафасида қайнонамга қўнғироқ қилдим,- дейди С. Исмли аёл.- Шоша-пиша гапириб, телефонини ўчирди. Қайнонамнинг шошиб қолганидан ва атрофдаги шивир-шивир овозлардан билдимки, у ўтирган даврада эркаклар бор ва қайнонам буни билишимни истамади. Шу оилага келин бўлишимдан аввал қайнонамнинг ахлоқи ҳақида ҳар хил гапларни эшитгандим. Турмуш ўртоғим билан бир-биримизга кўнгил қўйиб, турмуш қураётганимиз сабаблими, ғийбат гапларга эътибор бермагандим. Тўйдан кейин ҳам баъзан қайнонам кунлаб йўқолиб кетар, ўзим билан ўзим овора бўлганим, қолаверса, онам “сен келинсан, келинлик ҳаддингда тур, ҳар нарсага аралашиб, овсинларинг билан ҳамма нарсани кавлаштираверма, қайнонангнинг ишини муҳокама қилаверма!” деб уқтирганлари учун қайнонамнинг хатти-ҳаракатлари мени қизиқтирмасди. Шаҳарга кўчиб келдик. Йиллар ўтиб фарзандларимиз туғилди, дунёқарашимиз ўзгариб, ўзимизга яраша ақл –тафаккуримиз тўлишди. Энди-энди қайнонанамнинг қилиқлари, ўзини тутиши ғашимга тегадиган, ҳатто қайнонам туфайли эрим билан зиддиятларга борадиган бўлдик. Сабаби оилавий тадбирларда ёки уйимизга шунчаки меҳмон бўлиб келганида қайнонам ўғлига ароқ олиб келишни буюради ва 8- 4 ёшар ўғил-қизимнинг кўз олдида эрим билан пиёла чўқиштириб ичкилик ичади. Қайси куни қизчам пиёлага шарбат қуйиб акаси билан чўқиштириб ичяпти. Наҳотки, бу аёлнинг ёши улғайиб, ақли кемтиклигича қолган бўлса? Қариси бор уйнинг фариштаси, париси бор деган гапларни эшитсам, қайнонамни ўйлайман. Элликдан ошган, нари дунёси бери дунёсидан яқин аёл ичкилик ичган, ножоиз йўлларга юрган ўғилларини тўғри йўлга бошлаш ўрнига уларга шерик бўлиб бўлиб чикилик ичса, ҳатто зинога қўл урса... Бунга қандай чидаш мумкин?! Худо кечирсину, баъзан ўзимдан ҳам, ота-онамдан ҳам хафа бўлиб кетаман-да. “Шуни севаман, шунга тегаман” деганимда ота-онам “у боланинг насл-насаби бизга тўғри келмайди”, деб мени йўлдан қайтаришмабдиям. Энди бир умр фарзандларимдан хавотирда яшайман...
Мулоҳаза: Инсон хатолардан покланмаган ва у янглиш қадамларидан дарс олиб яшашга маҳкум қилинган. Бироқ чеҳрасига йиллар нақши- ажинлар тушган, сочларига ҳаёт машаққатлари оппоқ из қолдирган кекса ёшли инсоннинг хато қилиши... Билмадигу, ёши улуғ инсонга нисбатан “хато” деган сўзни ишлатишнинг ўзи ноқулай экан. Ақл бошда эмас, ёшда дейди, бундайларга ишора қилиб доно элимиз.  
 Воқеа: -Аёлларнинг бир маърака-тадбирида оқ рўмолларни ташлаб, ҳамманинг ҳавасини келтириб,  давра тўрини нурафшон қилиб ўтирган нуроний онахон мақтандилар:
-  Мен кафанлигимга оқ парчадан олиб қўйдим!..
Даврадаги аёлларнинг оғзи ҳавасу ҳасаддан ланг очилди. Бир пасда шивир-шивирлар бошланди. Гап эгаси эса атрофидагиларга кибр билан бир – бир кўз ташлаб қўйди. Унинг қарашларида "Кўриб қўйларинг, мен нималарга қодирман!?” деган истеҳзо зоҳир эди. Ҳартугул даврада тили ўткирроқ, мулоҳазали бир аёл ўтирган экан:
-  Ҳа-а, қуллуқ бўлсин, парча кафанлик!- деди у валломат аёлга синовчан тикилиб.- Сурпга сиғмас экансизми, холапошша?!
-  Бе-е,- деди парча кафанлик соҳибаси,- мендек аёл, мендек инсон, беш ўғил, уч қизнинг онаси, уч марта Ҳаж зиёратига бориб келган Ҳожи она ҳамма қатори оддий сурпда кўмиладими?..
Давра тўрида ўтирган “парча кафанли Ҳожи она”га кулгидан оғзини йиғиштиролмай истеҳзо билан тикилган, саккиз фарзандининг даврида уч марта ҳажга борганига ҳавас билан термулган, етмиш йил мобайнидаги ҳаёт талотўпларию, уч марталик Ҳаж зиёрати чала-ярим ақлига, думбул фаросатига наф бермаган аёлга нафрату ачиниш билан  қараган нигоҳлар қоришиб кетди...
Мулоҳаза: Ёшларга манманлик, кибру ҳавонинг гуноҳ эканини, ортиқча ва беҳуда сарф-харажат исрофлигини тушунтиришга маънавий ҳуқуқи бор, орқасидан ёш-ялангни эргаштира оладиган кекса аёлнинг рафторию афт- ангори эди бу. Турмуш мушти, ҳаёт аччиқ-чучугини тотган, йўқчиликни ҳам, тўкинчиликни ҳам кўрган, ўғил уйлаб, қиз узатиб, фарзандлари олдида қарзидан қутулиб, ибодатга юз тутган аёлнинг бу фалсафаси ёшларга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида ўйлашга юрак бетламайди...
***
Атрофдагилардан “Раҳматли бобом бунақа дердилар”, “Бувим ундай дердилар” деган  катталардан олган танбеҳга ўхшаган ўгитларни эшитганимда, биздан кейинги авлод кекса яқинларининг қайси амалини эслар экан, дея ўйга ботаман...
Хотима
Анча йил аввал устоз ҳамкасбларимиздан бири “Ёшлар бирор бир хатога йўл қўйишса, шак-шубҳасиз бу хатога катталар ҳам айбдор бўладилар” деган мазмунда гапирганларида, жумла моҳиятини узоқ мулоҳаза қилгандим. Менимча, энди ўша суҳбат мағзини чақаётгандекман. Катталарнинг ёшлар олдидаги масъулиятини унутишга, ёшларнинг кўз ўнгида гуноҳ қилишга ва адашишга маънавий ҳақи йўқ экан.


Умида АДИЗОВА
2 саҳифа. Ижтимоий тармоқларда «порлаган» мавзу.


«Телевизор»


Телевизоримиз бузилганига анча бўлди. Ўзим камдан-кам телевизор кўраман. Фақат ёз кунлари. Чунки қишда… ҳа, майли. Кейинги пайтда ҳамма янги юртбоши ҳақида гапириб қолди. Аллақайси вилоятга борганда «қора халқ» билан учрашибди, вазирларни роса койибди, прокурорларни «репрессор»га чиқарибди, вазир ўринбосарларига этик кийиб қишлоқда юришни тайинлабди, халққа хизмат қилайлик дебди ва ҳоказо. Қизиқиб кетдим. Мен ҳам шу кўрсатувларни кўргим келди.

Вилоят марказига бордим. Замонавий одамлардек янгича телевизор олай деб бозор ораладим. Бир-биридан чиройли, энсиз, яна икки томондан кўрсатадиган, шаффоф, қабариқ экранли, хуллас, телевизор деганнинг тури кўп экан. Хориждан келтирилган қимматбаҳо телевизорларнинг нархлари чўнтагимга тўғри келмади. Туманимиз марказига қайтдим.

«Миллий ғурур»га қарашли ям-яшил дўконга кирдим. Нархларни суриштирдим. Пулимнинг қандай кўринишда эканини сўрашди. Бизга маъқул ўлчамдагиси пластик орқали тўлайдиганлар учун орқасидан олтита ноль келадиган сонда ифодаланаркан. Олтита нолнинг олдида битта «2» рақами бор. Нақд пулда тўламоқчимисиз? У ҳолда америкалик тепакал кишининг сурати туширилган кўк қоғоздан иккитасининг устига ўзбек сўмида бир боғлам мингталик қўшсангиз кифоя экан.

Мактаб даврида математикани жуда яхши кўрардим. Университетда гуманитар соҳа бўйича ўқиганимга ҳисоб-китобга хушим бўлмай қолган. Барибир иккала нархни ўзаро солиштириб кўргим келди. Сотувчи энг катта мурувват кўрсатганда қанчага бера олишини айтди. Пластик карта билан нақднинг фарқи тахминан 25 фоиз бўлишини калкулятор ёрдамида ҳисоблагунимча совуқ қиш кунида терлаб пишиб кетибман. Телевизорга сарфланадиган пул учун неча ҳафталар ишлаганим кўз олдимга келди.

Савдолаша-савдолаша телевизорни сотиб олдим. Яхши ишлаётганига ишонч ҳосил қилдириб, қутисига жойлаб беришди. Янги телевизорни кўтариб уйга ошиқдим. Оиламиз катта. Янги телевизор қанақа бўлишига ҳамма ишқибоз. Телевизорни керакли жойга ўрнатдим. Антеннани улаб, телевизор тугмасини қанча босаман, экран ёнмайди. Шарманда бўлдим.

Шартта кўтариб дўконга жўнадим. Аввалига сотувчи гапларимга ишонмади. Кейин ўзи қўйиб кўрди. Бинойидек кўрсатяпти. Телевизорни қўлтиқлаб яна уйга жўнадим. Бориб яна қўйиб кўрмоқчи бўлдим. Қани энди кўрсатса!? Экранда «милт» этган ёруғлик кўринмади. Кафолат қоғозида ёзилган рақамни тердим. Сотувчини уриша кетдим. У бечора ўзи уйимга келишга ваъда берди.

Қанча кутдим – эсимда йўқ. Бир вақт етиб келди. Телевизор қўйилган хонага олиб кирдим. Хона ним қоронғу. «Чироқни ёқинг» деб телевизор томон юрди. Шам ёқиб олдига бордим.

- Уйда свет йўқми, ука?
- Эрталабдан бери ҳали ёнгани йўқ. Нега сўраяпсиз?
- Нега мени аҳмоқ қилиб шунча жойдан чақиртирдингиз унда?
- Бу ҳали электрга ишлайдими?
- Ҳе …
- Телевизорни олиб кетинг. Керак эмас менга.
- Бизда сотилган нарса қайтариб олинмайди.
- Электрга ишласа, бизга телевизорнинг кераги йўқ экан.
- У ҳолда движок ёки инвертор олинг. Ўзимиз ҳам дўконда движок ишлатамиз...

Телевизорни каналларга созлаб олиш учун бир ҳафта уриндик. Бечора каналларни топишга улгурмайди. Ёзгача маошимдан орттира-орттира бирор движок ёки инвертор олсам, кейин созлаб оларман. Янги телевизор токчада чиройлигина бўлиб турибди. Фақат президентимизнинг чиройли нутқларини кўролмаётганим алам қиляпти. Ишхонада ҳамкасблардан узуқ-юлуқ янгиликларни эшитиб турибман ҳозирча.

Кеча бир ҳамкасбимиз гап топиб келди. Ўзбекистондаги ҳар бир оила юзтадан товуқ боқса, кам таъминланган оила қолмас экан. Товуқнинг нархини суриштирдим. Мен телевизор олган пулга юзта товуқ бераркан. Эсиз, шунча пулга телевизор сотиб олибман-а. Ҳар куни 40 тадан тухум сотсам ҳам ҳарна эдида. Энди афсусланиб ўтирибман.

Ҳа, айтгандай. 30 январь куни ишхонадаги компютердан фейсбукка кирсам, ҳамма кеча роса йиғлагани ҳақида ёзибди. Аллақандай филмни кўриб йиғлашибди. Йиғлаганлар ҳаммаси ё шаҳарда яшайди, ёки инвертор сотиб олишган. Мен келаси йил йиғларман. Унгача амаллаб инвертор оламан.


 Индамасхўжа Камгапхўжа ўғли

1 саҳифа. Кириш сўзи.


«Террор дин ва миллат танламайди!»


 Сўнгги вақтларда хабарлар кетма-кетлигини кўп ўқийдиган бўлиб қолибман. Қайсидир юртда террорчилик содир этилаётгани ҳақидаги хабарларни деярли ҳар кун ОАВ вакиллари баён этиб келмоқда. Қурбонлар сони ҳам 30 ва ундан кўп бўлиши оддий ҳолатга айланиб қолди. Ҳар кун янги ҳодисалар, янги портлашлар, янги қурбонлар... Зулмга қарши зулм билан, террор ҳужумининг ваҳшийлигига қарши ваҳшийлик билан жавоб қайтаришадиган бўлиб қолишди. Ҳа, биз мана шундай бир замонларда яшаяпмиз. Шунга ўрганиб ҳам қоляпмиз.

 Яқин кунларда Мексиканинг тунги клубларидан бирида отишма юз берди. 5 киши вафот этган, яна 15 киши яраланган. Бундан сал олдинроқ эса, Флорида аэропортида бир америкалик шоввоз ўз тўппончасидан одамларга қарата ўқ узган эди. Натижада 5 киши оламдан кўз юмди ва яна бир қанча яраланганлар шифохонага ётқизилди. Хабарларда эса, бу воқеани жиноят деб баҳолашибди. Оддий жиноят. Тасаввур қиляпсизми? Аминманки, агар мана шу “жиноятни” араб миллатига мансуб киши, ёки ўзини мусулмон дея ҳисоблайдиган (“мусулмон” дейишга тилим бормади) инсон амалга оширганида эди, бу воқеълик, шубҳасиз, оддий жиноят бўлиб қолмас эди. Террор акти, дея баҳолашар эди, камида. Шундай эмасми?

 Элчининг орқасидан отиб ўлдирган инсон - шубҳасиз, террорчидир. Бу ҳақда гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бироқ, черковга кириб, 9 кишини отиб ўлдирган бола - “мияси билан урушиб қолган” оддий жиноятчи бўлиб чиқса, денг. Воажаб! Ундан ташқари, Берлинда афғон миллатига мансуб бир одам катта юк машинаси ичида катта ярмаркага бостириб кириб, 12-та одамнинг ҳаётига зомин бўлган киши - террорчи, дея тан олинди яқинда. Ёдингиздадир. Аммо, Мелбурнда худди шу воқеа юз берганида маҳаллий ОАВ вакиллари ушбу ҳодисани «террорга алоқаси йўқлигини» иддао қилишди. Қизиғ-а?

 ИШИДнинг ёвузлигига чек қўйиш мақсадида бутун дунё курашиши, уларнинг қирғинлари тўғрисида дунёдаги барча ОАВ вакиллари тинмай гапиришлари мумкин, аммо Бирмадаги мусулмонлар қирғини қаршисида мум тишлайди. Ғарбликлар ва турклар террордан безишганини ҳам бутун олам таъкидлайди-ю, бироқ, Сурияда ҳар кун тинч аҳолининг нобуд бўлаётганликлари тўғрисида деярли ҳеч гап йўқ. Россиянинг ТУ-24 самолёти Туркия чегарасида туркиялик аскарлар томонидан портлатганида бутун олам жар солди, ҳамма ёзди, муҳокама қилди. Икки давлат ўртасида турли зиддиятлар пайдо бўлган эди... Яқин кунларда Мосулда АҚШнинг “кичик хатоси” туфайли 90-га яқин ироқлик аскарларнинг оламдан кўз юмишлари эса, бутунлай бошқа масала экан. Муҳокамага арзимайди.

 Айрим ғарб мамлакатларида сўнгги кунларда ўнлаб, юзлаб террор ҳужумлари амалга оширилмоқда. Мамлакатнинг тинч аҳолиси вафот этмоқда. Омма ҳам шунга мос равишда ҳар кун янги қурбонлар ҳақда бонг уради. Шаксиз, барча қатори менинг ҳам бу воқеъликлардан кўнглим ғаш. Аммо бу ҳодисаларнинг барчаси ушбу мамлакатлар бошқарувида турган раҳбарларнинг йўл қўйилаётган хатолари эвазига пайдо бўляпти, десам янглишмаган бўламан. Зеро, ўз ташки сиёсатини уруш ва қонхўрлик орқасидан қураётган бу ҳукуматнинг қилмишларини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Халқининг ҳаётини гаровга қўйиб, ўзга мамлакатларга бостириб кирганча, зулм ўтказаётгани натижасида ўша ердаги террорчиларнинг жунбушга келаётгани ҳеч кимга сир эмас.

 Хукуматнинг олиб бораётган сиёсати туфайли халқ азоб чекса, аза тутса, роса алам қилар экан одамга. Бу қайси давлат фуқаролари бўлишидан қатъи назар, барчамиз вафот этган тинч аҳолининг ҳақига ўз таъзиямизни билдирамиз. Уларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламиз. Қўлимиздан келгани шу.

 Шу ўринда бир масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман: мамлакатда ушбу аянчли ҳодисалар рўй бераётган бир пайтда, биринчи навбатда айнан ўша хукуматнинг теппасида туриб, бугунги кунда араб мамлакатларида ўзининг сиёсатини олиб бораётган қонхўр золимлар барча айбни ўз бўйниларига олишлари шарт. Айнан улар бу воқеъликларда асосий айбдорлардир. Яқин шарқ мамлакатларида уруш тўхтамас экан, тинч аҳолининг азобларига чек қўйилмас экан, бу каби ҳодисалар яна ва яна такрорланаверади. Бугун бир мамлакат жабр тортса, эртага бошқа юрт террорчиларнинг аёвсиз зарбига дучор бўлиши ҳам ҳеч гап эмас. Бундан ҳеч ким кафолатланмаган.

 Шу ўринда бир савол туғилиши табиий: “Террор” ва “террорчи” деганда, биз кимни назарда тутишимиз керак? Халқни ўлдираётган кимсаларни террорчи деб аташга ҳақимиз борми? Яъни, ғарб мамлакатлари сўнгги пайтларда кўп бора «терроризм» қурбонларига айланишяпти, тўғрими? Демак, оддий халқ қурол ўқларидан ҳамда портлаб кетиш хусусиятига эга бўлган бомбалардан вафот этгач, улар «терроризм» қурбонлари ҳисобланишади. Хўш, ундай бўлса, араб мамлакатларида худди шу тариқа оламдан кўз юмган инсонларни ҳам «терроризм қурбонлари» деб аташ мумкинми? Албатта! Асли олганда, бугунги кунда барчани чинакамига қўрқувга ушлаб турган ТЕРРОРЧИларнинг энг ҳавфлилари кимлар эканлигини бутун дунё билиши шарт. Ўзини халқ олдида портлатиб юбориб, ўзи билан бирга ўнлаб жонларни нариги дунёга олиб равона бўлганлар билан бир қаторда, неччи йиллардан буён араб мамлакатларига бостириб кириб, у ерда тинимсиз равишда мусулмон аҳлининг ўлимига сабабчи бўлаётган ғарбликлар, хусусан, АҚШ, Исроил ва яна бир қатор бузғунчиларнинг юқори лавозимларини банд этиб турганлар ҳам асли олганда чинакамига жуда хавфли бўлган террорчилардир. Уларнинг ўртасидаги фарқ шундаки, санаб ўтилган иккинчи томон террорчиларга қарши ҳеч ким чора кўролмайди. Уларга қарши курашолмайди. Ваҳоланки, бутун дунёда террорчиларга қарши шавқатсиз жанг олиб бориш маъқулланган бўлиб, бу иш аллақачон долзарб мавзуга, оғриқли муаммога айланиб улгурган. Афсуки, бутун дунёни ўзининг даҳшати билан бошқариб борувчи ушбу нокас раҳбарларга қарши ҳеч ким чиқиш қила олмайди. Айнан шунинг учун, юзлаб ва балки минглаб, миллионлаб одамларнинг вафот этишларини чеккадан туриб, тишимизни тишимизга қўйиб, жимгина кузатиб ўтиришимиздан ўзга чорамиз йўқ. Афсус, минг афсус...

 Германия теледастурларнинг бирида сиёсий мавзуда суҳбат бўлиб ўтади. Унда бошловчи ўз суҳбатдошига бугунги кун ҳолати, яъни, террорчилар ҳақда гапириб, бутун дунё гўёки бу ишларда исломдан хавфсираётганини таъкидлаб, ушбу қинғир ишларнинг бош омили этиб айнан динимизни кўрсатишга уринади. Унинг суҳбатдоши эса, унга ажойиб жавоб қайтаради: “Биринчи жахон урушини ким бошлади? Мусулмонларми? Иккинчи жахон урушини ким бошлади? Мусулмонларми? Австралия қитъасида 20 миллионга яқин аборигенларни ким ўлдирган эди? Япониянинг Нагасаки ва Хиросима шаҳарларига атом бомбаларни ташлаган кимлар эди? Ким Шимолий Америкада 100 миллионга яқин ҳиндуларни қириб ташлади? Жанубий Америкада 50 миллионга яқин ҳиндуларнинг ўлимига зомин бўлганлар-чи? Фаластин, Афғонистон, Ироққа ҳужум уюштириб, юртнинг миллионлаб тинч аҳолисини ўлдириб келаётганлар-чи? Юқорида санаб ўтганларимни ҳам мусулмонлар уюштиришганмиди? Йўқ, улар мусулмонлар эмасди. Сизлар барчангиз биринчи навбатда «ТЕРРОР» сўзининг асл маъносинию, унинг моҳиятини тўла-тўкис англашингиз керак. Агар ўзга дин вакили бирор-бир ваҳшийликни содир этса - оддий жиноят, мусулмон эса худди шу ишга қўл урса - террор, деб атайсизлар”.

 Дарвоқе, яқинда яна бир хабарга кўзим тушди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Германия канцлери Ангела Меркел билан Туркияда учрашув ташкил қилибди. Туркия президентининг бир гапи алоҳида эътиборимни тортди: “Ислом динини терроризм билан боғлаш керак эмас. Ислом - тинчлик дегани ва бу диннинг терроризм билан умумий ҳеч бир жиҳати йўқ. Бу иборани қўллаш - мусулмонларнинг диний туйғуларини таҳқирлашдир. ИШИД туфайли “ислом терроризми” атамасини қўллаб бўлмайди. Акс ҳолда, Туркия ва бошқа мусулмон давлатлари бундай баёнотларга қарши чиқади”. Мана шу ростдан ҳам эркакча гап бўлибди. Ўйлайманки, бундан кейин дунёнинг барча ОАВ вакиллари ҳар бир террор ҳужумига холис баҳо беришади. Қотилнинг миллати ва эътиқодидан қатъий назар.

Темурмалик Тожиддинзода