суббота, 4 февраля 2017 г.

15 саҳифа. Мақсад...


«ЎҚИТУВЧИ»


30 йил олдин, ёш боладан келажакда ким бўлмоқчи экани сўралганда, бола ҳеч иккиланмай ё доктор, ё ўқитувчи ё муҳандис бўлмоқчи эканини айтарди. Ҳозирда эса жуда кўпчилик ё прокурор, ё банкир ё машҳур қўшиқчи-машшоқ, ёки актёр бўлишни ҳоҳлайди. Ҳаммаси кескин ўзгариб кетди.

Аммо, Японияда ЎҚИТУВЧИЛИК касби ҳали ҳамон энг обрўли касб ҳисобланади. Энг асосийси - бу касб маоши баланд ва авторитет касблардан бири у ерда. Японияда ўқитувчи ойига ўртача 2.5 - 4 минг доллар миқёсида маош олади. Бу маош камайтирилган маош. Олдинлари бундан ҳам баланд эди. Маҳаллий ҳокимият органларида ишловчилар билан тенглаштириш мақсадида, ўқитувчилар ойлиги бир оз қисқартирилгандан кейинги миқдор бу.

Қизиқ, Японияда ўқитувчи бўлиш бошқа жойлардагидан нимаси билан фарқ қилади? Кўп давлатларда сен ўқишга кирасан, эплаб-сеплаб ўқишни тамомлаб диплом оласан ва бўлди: сен ўқитувчисан! Японияда бунақаси кетмайди. Бу ерда университет дипломи билангина иш битмайди. Ўқишни тамомлагач, сиз ўқитувчилик касби бўйича яроқлилик имтиҳонидан ўтишингиз ва лицензия олишингиз керак. Барча керакли ҳужжатларни қўлга киритгач,  ўқитувчилик ўрни учун бирор иш жойига резюме жўнатишингиз мумкин. Иш ўрни учун сиз билан рақобатлашаётган номзодлар сони ҳатто 20 - 30 нафарга етиши мумкин. Шунинг учун энди иш берувчи жой ўз имтиҳонини ўтказади. Ва ниҳоят, шу имтиҳондан ҳам ўтганингиздан сўнг сиз билан 15 йилдан 60 йилгача шартнома тузилади.

Японияда шунингдек олий маълумотли бўлсада, яроқлилик лицензиясига эга бўлмаса-да, ўқитувчилик бўйича диплом эгалари бор. Улар ассистентлар дейилади ва уларнинг вазифаси дарс бериш эмас, балки дарс берувчи ўқитувчига дарсни ташкиллаштириш ва ўтказишда ёрдам беришдир. Уларнинг маоши бир оз пастроқ юради. Японияда ўқитувчи синф раҳбарлигига ё дафтар текширганлиги учун қўшимча ҳақ олмайди. Иш вақти эрталаб 8:00дан кечки пайт 16:00 гача, лекин одатда ўқитувчилар ўз касбини сидқидилдан севгани учун 17:00 ёки 18:00 гача ҳам иш жойида бўлишлари мумкин. Чунки улардан фақат таълим бериш, болаларга маърифат тарқатиш талаб қилинади. Ўқитувчи фаолиятидан ташқари ишлар ва ҳужжатбозлик юкланмайди.

Абдулазиз Саидалиханов таржимаси.



14 саҳифа. Футбол мавзуси, иккинчи қисм.


САВИЯ...

 Қамчи билан уриб даволаш ҳақида эшитганмисиз? Эсимда, ёшлигимизда оилада кимдир қаттиқроқ йўталиб қўйса ҳам момомиз — “Буни қўшни маҳалладаги кинначи опоқига олиб бориш керак, қамчиси билан уриб ўқиб қўйса, гижинглаган тойчоқдек чопқиллаб кетади”, - дердилар.
       Тўғри, тиббиётнинг мазкур “замонавий” усулига ишонадиганлар ҳозир камдан кам топилади. Аммо қамчи зарбидан ҳар қандай одамнинг сергак тортиши бор гап. Бу ҳам, ҳалиги, киноларда кимдир ҳушидан кетаётган бўлса иккита тарсаки билан ўзига келтириб қўйишади-ку, шунга ўхшаган гапда...
 Эскичаликни бас қилиб, футболга ўтсам. Шапалоқ ёки қамчи тўғрисидаги ишораларни  эса йўл-йўлакай ўзингиз тушуниб оларсиз. Демак кетдик...

        Умар ака ва “Муштум”

 Журналистикада  фикрни сўзда эмас, балки ранг-тасвирда ифодалаш баъзан яхшироқ самара беради. Бир пайтлар “Муштум” журналида эълон қилинган биттагина ҳажвий сурат,  жиддий нашрлардаги отнинг калласидек келадиган мақолаларга нисбатан оддий халқ ва “юқоридагилар” эътиборини кўпроқ  тортган.
         Масалан, ҳозир ҳам кўплаб футболчилар (айниқса Балотелли ва унинг чўчқачаси) шунингдек, футболга яқин инсонлар “Goal.com” сайтида фаолият юритаётган иорданиялик рассом-журналист — Омар Моманининг “назарига” тушиб қолишдан, “шу бўёғинг юзингга чаплангур нима ўйлаб топаркан”, - деб ҳадиксираб туради. Умуман, Моманини бутун дунё, жумладан юртимиз футбол ишқибозлари ҳам жуда яхши билади, карикатуралари катта қизиқиш билан кутиб олинади. Ҳажвчининг футболни ҳис қилиши, тушуниши, таъсирли-танқидий ғояларидан завқланади.
         Кейинги пайтларда ўзимизда ҳам карикатурачи шоввозлар кўпайиб қолди. Аммо, сезгандирсиз, савия — ер билан осмонча. Шундоқ расм дафтарга қора қалам билан бир-нарсалар қоралаб узатворишади. Замонавий компьютер графигидан фойдаланиш, узвийлик, давомийлик, “ялт” этган ғоя йўқ.  Агар буни майдалашиш деб ҳисобласангиз, у ҳолда мақоланинг давоми сиз учун эмас!  

          “Туш асло ўнг бўлмас...”

           “Международная панорама”, “Мир примьер лиги”, “90 минут +”, “После футбола с Георгим Черданцевым”, “Футбольная ночь”...Булар биргина Россиянинг НТВ+ каналлар тармоғидаги футболга бағишланган кўрсатувларнинг ўндан бири. Энг муҳими,  улардаги таҳлилий-илмий ёндашув. Мабодо Россия терма жамоаси ютқазиб қўйса борми, ҳисоб-китобларни қалаштириб ташлашади: Ким қанча километр босиб ўтди? Мураббийнинг тактик схемаси нимага иш бермади? Ким ўйиннинг умумий манзарасини “бузиб” қўйди? Қайси ўйинчи тўп билан неча фоиз муомалада бўлди? Ўйиндан олдин кимнинг нима дарди бор эди?...Олди-қочди гаплар, умумий фикрларни эшитмайсиз улардан.
          Бундан ташқари, ҳақиқий футбол шинавандалари  дарвозага киритилган оддий голни ҳам мутахассис кўзи билан санъат асарига айлантириб берадиган  — “Голлактика”, ҳар бир турдан кейин ҳакамларни битта-битта  “патини юладиган”, уларнинг хатти-ҳаракатларини ҳали “ўпкалар совумай туриб” баҳолаб борадиган — “Свисток”...каби ижодий топилмалардан ҳам мазза қилиб баҳра олади.
 Хўш, бизнинг ғарибгина каналимизда ана шундай кўрсатувлардан нечтасини санаб бера оласиз? Қийин-а? “ФИФА”, “Осиё футболи”... менимча, бўлди. “Ижодий” топилмаларимиз шулардан иборат. Шунда ҳам бу чиқишларда асосан ахборот берилади. Битта сонида Тўхтабеков бошловчи, Мустафоев “мутахассис” вазифасини бажарса, кейинги сонда роллар алмашади. Таҳлил кам. Бори ҳам ҳалиги “Оловуддиннинг сеҳрли чироғи” фильмидаги шоҳ вазири — “Донолар доноси”нинг ўша машҳур “пурмаъно” ҳикматини эслатиб юборади: “Туш асло ўнг бўлмас, ўнг асло туш, агар ўнг туш бўлса, туш ўнг бўлур...Эй, бари бир гўр!”

         “Тўп дарвозанинг юқори ўрта бурчагида”

          Елагиннинг шарҳларини эшитгансиз. Бир маромда — аммо ҳис-ҳаяжон, спортча интеллект, футбол руҳиятига мос нозик сўз ўйинларига тўла. Ахбор ака Имомхўжаев услубини эслатади унинг шарҳи. Шунингдек, Александр Шмурнов, Константин Генич, Василий Уткин, Георгий Черданцев каби ҳақиқий футбол усталарининг шарҳлари сиз томоша қилаётган баҳсга янада жозиба ато этади.
  Аслида, бир пайтлар бизда ҳам ушбу соҳада ўзига хос мактаб бор эди. Ахбор Имомхўжаев номи билан боғланадиган ушбу даргоҳдан марҳум — Давлат Турдиалиев, Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Хайрулла Хамидов, Даврон Файзиев каби ҳақиқатда нодир шарҳловчилар етишиб чиққан...Негадир ҳозир шу мактаб қаровсиз қолиб кетгандек. Бугун экран қаршисидаги мухлислар футболни “овозсиз” режимга ўтказиб кўришаяпти.
  “Тўп дарвозанинг юқори ўрта бурчагига бориб тушди”, “Хозир араб футболчиси ўзбекистонлик рақибини бир қийшайиш билан алдаб ўтди”, “Мен юқорида таъкидлаб ўтганимдек”, “Мен ҳозиргина айтиб ўтгандим”, “Тўп ярим ҳаво бўйлаб узатилди”...сингари сийқа ва тутуриқсиз жумлалар уларни шунга мажбур қиляпти. Фожиа эмасми бу? Наҳотки шундай мактабни “бериб” қўйган бўлсак!

           Мухлис эътирози

           Ҳеч эътибор берганмисиз, Ўзбекистон терма жамоасининг мағлубияти билан тугаган ўйинлардан кейинги матбуот анжуманлари аксарият ҳолларда мухлислар эътирозига сабаб бўлади.  “Комментлар”да асосан журналистларимизнинг савияси, савол бериш салоҳияти муҳокама қилинади. Ишонмасангиз, исталган футбол сайти архивини титкилаб кўринг! Мана улардан бири (Ўзбекистон-Эрон  баҳсидан кейин ўтказилган матбуот анжуманига “юзер” реакцияси, маъноси сақланган ҳолда кичик таҳрир қилинган):
          “Тушунмадим, Ўзбекистонда журналист зотига қирон келганми!? Матбуот анжуманида берилаётган саволларга эътибор қилинг: "Сурия Хитойни мағлуб этганидан ҳайрон қолдингизми?", "Майдон маркази сизни ташвишга солмаяптими?", "Рашидов кейинги баҳсда захирада қолиши мумкинми?"...Менимча, матбуот анжуманига кирганлар ё ўйинни кўрмаган ёки Бабаян уларнинг "духини" олиб қўйган! Наҳотки, оддий мухлисининг ақли етиб турган нарсаларга, "журналистлар"нинг фаросати калталик қиляпти?
Нима учун ўз майдонида, мухлислар қаршисида ўйнаган жамоа рақиб дарвозасига бирор марта аниқ зарба йўллай олмади? (Ахир, бунақа ноёб ҳодиса дунё футболида, масалан Робинзон Крузо ороли ва Аргентина терма жамоалари ўртасида ўйин ташкил этилса, яна қайта кузатилиши мумкин);
Нега энди ҳужумда охирги марта қачон гол урганини ҳам эслолмайдиган "бомбардир" ҳаллослаб юрибди?;
Умуман, жамоа аслида қайси тактикада тўп суриши керак эди? Ёки майдонга "беш карра беш — 25" деб тушиб кетавердими?
Жаноб, сиз футболчиларни ўз принципларингиз асосида танлайсиз. Мабодо, ўша принциплар нималардан иборат эканини айтолмайсизми?
"Пахтакор" ва МТЖ онангизни маҳрига қолганми?...Наҳотки, шуларни сўрайдиган бирор мард йўқ!
Аксинча, хай-хай демасангиз, булар — "Самвел ака дўнг пешанангиз терлаб кетибди, ҳўллаб-ҳўллаб артиб қўяйми?" дейишдан ҳам ор қилмайди...”

***
 Мана шунақа гапларда-ей! Тан олайлик, Ўзбекистонда  футбол журналистикаси  савияси,  ҳозирча мақтагулик эмас. Ҳаминқадар. Жаҳон стандартлари талабларига жавоб беришига ҳали анча қовун пишиғи бор. Тўғри, интернет нашрлари фаолиятида   янгилик, замонавийлик ва таҳлилга интилиш  кучли. Аммо, телевидение, матбуот, радио футбол-журналистикаси — янги-янги ғоялар, қизиқарли лойиҳалар, таҳлилий дастурлар, чинакам ижодий изланишларга муҳтож. Ишонаманки, кечагина Витянинг ўзбекистонлик журналистлар юзига  туширган ҳаққоний тарсакиси уларни уйғотади, ўз устида янада кўпроқ ишлашга, изланишга, савия-салоҳиятини оширишга ундайди!

Ўткир Қаламтебратар
13 саҳифа. Футбол мавзуси, биринчи қисм.


«Халқ(?) жамоа(?)си»???


Роппа роса уч йил олдин Жозе Моуриньо Хуан Матани “Манчестер Юнайтед”га сотганди. Аслида бу келишув январнинг бошида ҳал қилинган бўлса-да, лондонликлар трансфернинг расмийлашишини ойнинг иккинчи ярмига чўзишганди. Сабаби, ўша йилнинг 19 январь куни “Челси” “Манчестер Юнайтед”ни ўз майдонида қабул қилган ва 3:1 ҳисобида мағлуб этган. Айнан ўша ўйиндан кейин трансфер жараёни тезлашиб кетди. Менимча, Жозе ҳатто ўша бир ўйин учун ҳам рақибини кучайишини истамаган.
Қашқадарё жамоаси “Насаф” Осиё чемпионлар Лигасида тўп сураётган паллада Хуан Матанинг трансфери ҳақида ёзишим мантиқсиз. Аммо масала халқ жамоаси ҳақида борар экан, Қашқадарё жамоаси четга чиқиб туради. Аслида “халқ жамоаси” деган атаманинг маъноси ҳам шу – жамоа мухлисларининг айтишича, “Пахтакор”га бутун мамлакат бўйлаб мухлислик қилишар экан. Билмадим.
Энди тасаввур қилинг, катта стадион. “Пахтакор” ўйнаяпти. Осиё чемпионлар лигасида эмас, буни биламиз, Ўзбекистон чемпионатидаги бирор рақиби билан. Трибуна тўла одам. Бир ярим минг.
“Пахтакор” рақибига 0:1 ҳисобида ютқазмоқда. Рақиб кимлиги қизиқ эмас. Ўйиннинг сўнгги дақиқалари. “Пахтакор” тнмай ҳужум қиляпти. Тасаввур қилдингизми?
Шу пайт стадион диктори “Хурматли мухлислар, “Пахтакор” ҳужумчиси Жалолиддин  Машариповни ўн миллион долларга Қатарга сотиб юборди!!!” деб бақира бошлади. “Сотиб юбордииииииии” деб чўзиб айтди.
Бутун стадион ларзага келди. Бошқа мухлислар, масалан Қашқадарё жамоаси мухлислари “гоооооооол” деб бақиради-ю, шу каби, халқ жамоаси мухлислари  “пуууууууул” деб бақириб юбордилар. Ўйиннинг сўнгги дақиқалари, ҳамма бир-бирини қучоқлаган, табриклаган, шапкалар тепага отилган…
Жамоа мураббийи қўлини самалёт қилиб майдон четида айланиб юрибди. Ёрдамчилари уни қучиш учун орқасидан югуриб ета олишмаяпти. Футболчилар хурсанд.
1:0 ҳисобида ютаётган нариги жамоа футболчилари эса, бошини ушлаб ўтириб олишган. Уларнинг мураббийи асабий, ахир улар ўз футболчиларини ўн миллионга Қатарга сотишгани йўқ-ку!
Ўйин тугади. Мухлислар ўйинни тарк этишни исташмаяпти. Ҳеч ким кетгиси келмаяпти. Бу онларни ҳамма биргаликда, елкадош бўлиб ўтказмоқчилар. Қарсаклар тинмаяпти. “Пахтакор”, “Пахтакор” деган ҳайқириқлар стадион тугул, “Мустақиллик хиёбони”ни ҳам тутиб кетган. У ердагилар ҳам стадиондан келаётган ажиб бир бахтнинг товушини эшитиб турибдилар. “Кимдир сотилибди шекилли” деб қўяди автобус кутиб турган аёл шеригига.
Гурра гурра бўлиб стадиондан чиққан ёш болалар автобусни тўлдирадилар.
“Нима бўлди, натижа?”  – деб сўрайди шофёр қизиқиб. “Ўн миллион” деб жавоб беришади болалар деярли хор бўлиб.  “Ким?” – “Машарипов” – “Маладес”
Яхши бўлди. Шаҳар кезаётган инсонларнинг кайфияти Тошкентга янада чирой баҳш этади. Бугун уйларда тошойналар синмайди. Бугун қизалоқлар катайсага чиқишади.

Утопияга ўхшайди-а? Лекин “Пахтакор” етакчи футболчиси Жалолиддин Машарипов “Локомотив”га ўтганини эшитиб, ҳайрон қолдим. Агар футболчи сотиб юборилганда, бошқа гап, тушунардим – балки футболчи мураббий билан чиқишмагандир, балки футболчи Осиё Чемпионлар Лигасида ўйнамоқчидир, балки… тушунаман.
Аммо ижарадан мақсад нима? “Пахтакор”нинг асосий мақсади рақибларини ютиш, гол уриш эмас, футболчиларини ОЧЛ да, терма жамоада кўз-кўз қилиб, Хитой, Малайзия ёки Қатарга сотиш бўлса, ғалати эмасми?
Аслида бунақа жамоалар кўп. Европада ҳам. Лекин “Аякс” ҳам, “Порту” ҳам, бошқаси ҳам, ўз футболчисини реклама қилиш учун “ПСВ”га ёки “Бенфика”га ижарага бермас. Ахир футболчининг сотиш мақсади, жамоанинг чемпионлик учун курашиш мақсади билан терс келиб қолади-ку! Футболчиларни ОЧЛ да реклама қилиш учун, ОЧЛ га йўлланмани қўлга киритишга ҳаракат қилиш мантиқан халқбопроқ эмасми?
Халқ жамоаси мухлислари, яъни халқ нима учун мухлислик қилади энди?

Қаҳрамон Асланов
12 саҳифа. Тарихий жумбоқ...


«ОШИҚ ОЛИМ ВА ЖОСУС ХОНИМ»


Сиёсий ўйинлар жуда қизиқ-да, дунё тарихида уларнинг турли кўринишларини кузатиш мумкин. Шулардан биттаси – АҚШда атом бомбаси яратилиши ва унинг сирини билиб олиш йўлида собиқ Иттифоқнинг қилган найранглари алоҳида эътиборга лойиқ.
Маълумки, ядро қуролининг яратилишида буюк олим Альберт Эйнштейннинг илмий тадқиқотлари ва ихтиролари муҳим аҳамият касб этган. Собиқ Иттифоқ эса мазкур қурол сирларини билиб олиш учун энг йирик рақиби бўлмиш бу давлатга жосуслар юборганди. Улардан бири – ўз давлати манфаатлари учун Эйнштейн билан ишқий алоқалар боғлаб, натижада ўзи ҳам олимга боғланиб қолган гўзал Маргарита Коненкова эди. Аммо, ўшангача буюк олимни «фақат пахмоқ сочлари билангина машҳур» дея ҳазил аралаш гапириб юрган, «Лукас» лақаби остида фаолият юритган бу аёл Эйнштейн билан учрашгач, уни чиндан севиб қолиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган бўлса керак.

1998 йилда шу пайтгача номаълум бўлган, буюк олим томонидан маъшуқасига йўлланган тўққизта ишқий мактуб Нью-Йоркдаги «Сотби» аукционида сотувга қўйилди. Мазкур хатлар ҳамда Эйнштейн ва Коненкова биргаликда тушган бешта сурат (улардан биттасининг орқасига «нисбийлик назариясининг отаси» ўз қўли билан: «Самимий муҳаббатим рамзи. А.Эйнштейн» дея ёзиб берган), шунингдек, Коненкованинг чарм қопламали адреслар дафтари (унда Эйнштейннинг Принстон ва Саранак-Лейкдаги манзиллари ёзилган) ва олимнинг маъшуқасига хайрлашув совғаси – тилла соат ҳам жуда кўп нарсалардан далолат берарди...

САРАПУЛЛИК ГЎЗАЛ
Сарапул шаҳарчасидаги оддий бир оилада туғилган Маргарита Ивановна Воронцова 1915 йилда Москвага келиб, ҳуқуқшунослик курсларига қатнай бошлади. У Поварская кўчасида, шифокор Иван Бунин хонадонида турарди. Маргарита билан танишиб қолган бир ёш ҳайкалтарош уни санъаткорлар доирасига жалб этди, бу ерда эса сал ёши ўтган, бунгача танилиб улгурган буюк рус ҳайкалтароши Сергей Коненков уни севиб қолади. Ҳайкалтарош бўлажак хотини билан илк учрашувдаги таассуротини кейинчалик ўз кундалигига шундай ёзиб қўйган экан:
«Маргарита шунчалар гўзалки, у менга худди номаълум рассомнинг асаридек кўринди. Қўллари ҳам ғайриоддий чиройли, бармоқлари нозик... Мен бундай қўлларни илгари ҳеч ҳам учратмаганман!..»

Ҳа, бу қиз кишиларда ўзи ҳақида яхши таассурот уйғотишни уддаларди. Сергей Тимофеевичнинг муҳаббати эса шу қадар кучли эдики, «кекса ошиқ»дан узоқроқда сақлаш учун Маргаритани юртига олиб кетишганида, унинг изидан Сарапулга ҳам борди. Барибир, оила қуриш уларнинг тақдирига ёзилган экан, ёш ва гўзал Маргарита ўзидан анча катта, аммо машҳур ва феъли кенг Коненковга турмушга чиқди.
Маргарита пойтахт ҳаётига тезда мослашиб кетди: у олиймақом доираларда Коненков билан бирга, ял-ял ёниб пайдо бўлар ва кўпчиликнинг эътиборини тортарди. Бироқ уларнинг ўзаро муносабатларини соф деб бўлмасди, чунки Маргарита ўша даврнинг машҳур кишилари – Сергей Рахманинов ва Федор Шаляпин кабилар билан ҳам ишқий саргузаштларни бошидан кечиргани маълум. Кейинроқ, хорижда юрганида ҳам унинг эмиграцияда бўлган рус зодагонлари, масалан, ҳайкалтарош Бромирский ва бошқа маш­ҳур шахслар билан «дон олишиб» юргани ҳақида гап-сўзлар бор... Эри, афтидан, буларни билган, аммо ёш хотинининг бу ишларига унчалик фожиа, деб қарамаган.

МУҲОЖИРЛИК
1923 йили Коненковлар оиласи рус ва совет санъати кўргазмасида қатнашиш учун Нью-Йоркка йўл олишди. Бу ташриф расман бир неча ойга белгиланган бўлса-да, улар АҚШда йигирма йилдан зиёд яшаб қайтишди. Тағин, мазкур хонадоннинг ўз ватанига қайтиши масаласига шахсан Сталиннинг ўзи аралашган: у Сергей Коненковнинг кўп сонли ижодий ишларини кўчириб келиш учун алоҳида пароход ажратишни буюрган, Москвада эса унинг устахонаси учун Горький кўчасидан жой тайёрлаб беришган.

Бир пайтлари чет элга чиқиб кетиб, сўнгра қайтганлардан бирортасига бунчалик эътибор берилмаганлиги сабабли, Коненковларга ғаразли кўз билан қарайдиганлар ҳам кўпайди. Мамлакат ҳаётининг оғир йилларида Коненковлар юрт қайғусига шерик бўлмасдан, хорижда роҳат-фароғатда яшаганига қарамай, ҳукумат уларга ўта кўп нарса тақдим этганлиги кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди.
Иш шу даражага бориб етдики, Маргарита Коненкова «ўзининг ва С.Т.Коненковнинг Ватан олдидаги хизматларини эътиборга олган ҳолда», уларнинг оиласини асоссиз айбловлардан сақлашни илтимос қилиб шахсан Лаврентий Берияга мурожаат қилган. Буюк ҳайкалтарошнинг ватан олдидаги хизмати-ку маълум, аммо Маргарита Коненкованинг хизмати нима бўлди экан?

СИРЛИ АЛОҚАЛАР
ХХ асрнинг 30-йиллари – Коненковлар хонадонининг Америкадаги ҳаёти мобайнидаги энг сирли даврдир. 20-йиллардаги ҳамма нарса маълум – қимматбаҳо буюртмалар, кўргазмалар, дунёни лол қолдирган муваффақиятлар... Яна бир муҳим маълумот: мазкур хонадонга жуда кўп буюк кишилар ташриф буюришар, катта меҳмондорчиликлар бўларди. Сергей Тимофеевич у ерда русчасига ёғочдан бар ясаганди, гармон чаларди, Маргарита эса, ҳамманинг кўзини ўйнатиб, унинг ёнида ўйнаб-кулиб юрарди. Айтиш керакки, кўпчилик таниқли америкаликлар бу ерга айнан Маргаритани кўриш учун келишар, Коненковнинг улардан ҳайкалга буюртма олишига ҳам кўп ҳолларда хотини сабаб бўларди. Аммо негадир кейинроқ Коненков кутилмаганда ўз устахонасига қамалиб, зоҳидона ҳаёт кечира бошлаган...
Коненковлар архивидаги фотосуратларни йиллар бўйича териб кўздан кечириш кимнинг хаёлига келганлиги номаълум, лекин бу иш кутилганидан кўра кўпроқ натижа берган. Энг биринчи суратда Коненковлар жуфтлиги Эйнштейнлар оиласи билан бирга акс этган. Кейингиларида эса Сергей Коненков орадан чиққан, фақат Эйнштейннинг яқинлари ва Маргарита Коненкова тушган.
Энг катта сюрприз бўлган фотосуратда эса Маргарита Коненкова ва Альберт Эйнштейн, унинг хотини Эльза, ўгай қизи Марготдан ташқари, яна бир нотаниш киши ҳам табассум қилиб турарди. Коненковларнинг Мос­квадаги музейига келган америкаликлардан бири эса суратдаги бу кишини дарров таниди: у «Манхэттен» ядро лойиҳаси раҳбари Роберт Оппенгеймер эди! Демак, совет ҳайкалтарошининг хотини «Америка атом бомбасининг отаси» билан ҳам боғланган экан...

У ЖОСУС ЭКАН!
Бу каби чигалликларга жавоб эса, собиқ Иттифоқ НКВД-НКГБнинг қочоқлар ишлари билан шуғулланувчи Тўртинчи бўлимини бошқарган истеъфодаги генерал-лейтенант Павел Судоплатовнинг вафотидан олдинроқ чоп эттирган эсдаликларидан чиқиб қолди. Унинг таъкидлашича, Маргарита Коненкова аслида «Лукас» лақаби билан ишлаган совет агенти экан! Судоплатов ўзининг «Разведка ва Кремль» номли китобида шундай ёзган: «Машҳур ҳайкалтарош Коненковнинг хотини, Лиза Зарубина (НКВД­нинг АҚШдаги резиденти Василий Зарубиннинг хотини) раҳбарлигида ишлаган бизнинг ишончли агентимиз Принстонда йирик физиклар Оппенгеймер ва Эйнштейн билан алоқа боғлади. У Оппенгеймернинг атрофидагиларни ўзига қарата билди. Оппенгеймер Америка компартияси билан алоқани узгач, Лиза Зарубина ва Нью-Йоркдаги бизнинг резидентурамиз ходими Пастельняк (Лука) раҳбарлиги остида Коненкова унга таъсир ўтказиб турди, бундан ававалроқ эса ўзларининг сўл қарашлари билан танилган мутахассисларни ишга олишга уни кўндирганди...»

Судоплатов яна шундай ёзган: «Ўша пайтда, ҳали ҳаммадан сир тутилаётган «олий қурол»ни яратиш ишлари билан машғул бўлган, Эйнштейн атрофида фаолият юритаётган олимлар доираси билан боғланиш операцияларида Михоэлс ва Фефернинг ҳам роли муҳим. Бу одамлар Эйнштейнга яқин бўлган рус эми­грант­лари – Коненковлар оиласи орқали, оғзаки тарзда бўлса ҳам, Принстонда Ферм ва Оппенгеймер иштирокида кўриб чиқилаётган янги «олий қурол»нинг келажаги тўғрисида муҳим маълумотларни бизга етказишди. Зарубинлардан ташқари, АҚШдаги бизнинг разведкамиз йўналиши бўйича Хейфец ва Пастельняк ҳам шуғулланишган».

«Лукас»нинг вазифасига «Манхэттен» лойиҳаси доирасида ядро қуроли яратиш ишлари билан машғул олимларга таъсир ўтказиш кирар эди. Коненкова Эйнштейнни Нью-Йоркдаги совет элчисининг ўринбосари, илмий алоқаларни назорат қилувчи Павел Михайлов билан учраштириши лозим эди. Маълумотларга кўра, «Лукас» ўз ишини бажарган кўринади – Эйнштейн ўз хатларида элчи ҳақида қистириб ўтган.

ОЛИМНИНГ ИШҚ ТАРИХИ
Йигирма ёшида уйланган Альберт Эйнштейннинг биринчи хотини – серб қизи Милева Марич ундан тўрт ёшга катта эди. Уларнинг ўғли Ганс-Альбертнинг кейинроқ ёзишича, онаси аламни кечирмайдиган, қайсар аёл бўлиб, эр-хотиннинг ораси унчалик яхши бўлмаган. Биринчи фарзанди дунёга келиши арафасида Милева туғиш учун ота-онасиникига – Сербияга кетган ва янги туғилган қизи Лизерлни қолдириб келган. Уларнинг кейин ҳам икки ўғиллари бўлган, аммо ўзаро муносабатлари совуқлигича қолган. Аёлларнинг кўнглини овлашга уста бўлган эрини рашк қилавериб, Милева унинг жонига теккан. Охири улар ажрашишга қарор қилишди, бироқ уста математик бўлган аёл ажрашиш пайти шундай шарт қўйган: Альберт келажакда оладиган Нобель мукофотини унга бериши шарт! Гап шундаки, бунақа мукофот олишини Эйн­штейн ўша пайтлари хаёлига ҳам келтирмаганди!

У билан ажрашгач, анчадан буён Альбертнинг атрофида гирдикапалак бўлаётган қариндоши Эльза пайтдан фойдаланиб қолди. Замондошларининг айтишларича, у «фақат безанишни, тақинчоқларни, ширинликларни ва Эйнштейнни севган» экан. У эрини қаттиқ яхши кўриб, ғамхўрлик қилиши билан бирга, худди ялмоғиздек уни ҳаммадан қизғанарди. Эльза фақат ширинликлар еб уйида ўтиргани учун семириб кетган, аммо кўнгли осмонда эди. Олимнинг ўзи ҳашаматларга бефарқ эди, лекин Маргарита билан учрашгач...
Коненковнинг устахонасига Альберт Эйнштейн илк бора 1935 йилда ташриф буюрганди, чунки Принстон университети маъмурияти физикнинг бронза бюстини ясаб беришни рус ҳайкалтарошига топширганди. Аслида бу икки хонадон аввалроқ, Эйнштейннинг ўгай қизи Марготнинг ташаббуси билан ўзаро танишгандилар. Ўшандан бери Маргарита ва Маргот яқин дугона бўлиб қолишганди.
Кўпинча ошиқ-маъшуқлар ҳақида: «Улар бир кўришдаёқ бир-бирларини севиб қолишди» сингари гаплар айтилади. Аммо Альберт ва Маргарита жуфтлигида ҳаммаси бошқача бўлган. Буюк физик ва Коненкованинг муносабатлари бошланган пайти олим 56 ёшда, жосус хоним эса 39 га кирган эди. Бу муносабатлар аста-секинлик билан ривожланиб борган. 1936 йилда Эйнштейннинг иккинчи хотини Эльза вафот этгач, Маргарита унинг ўрнини мустаҳкам эгаллаб олди.

МУҲАББАТ УЧБУРЧАГИ
Даҳо ҳайкалтарош Сергей Коненков бир мартагина – Эйнштейннинг бюстини ясаш учун Принстонга борган, бир кўришдаёқ олимнинг юз ва гавда тузилишини синчиклаб ўрганиб олиб, кейин «оригинал»сиз ҳам ишини якунлаган. Маргарита эса турли баҳоналар билан тез-тез Принстонга борадиган бўлиб қолди. Унинг олим билан алоқалари асосан муҳаббат йўналишида бошланган бўлса-да, Коненкова ўзининг асосий вазифасини – жосусликни ҳам эсдан чиқармаганди.
Альберт Эйнштейн ҳам Маргаритани чинакамига севиб қолди; у билан кўпроқ бирга бўлиш мақсадида ҳатто ҳийла ишлатди – Сергей Коненковга хат ёзиб, Маргаританинг «жиддий касал» эканлигини маълум қилди. Эйнштейн ўз шифокор ўртоғига қилдириб олган касаллик маълумотномасини ва Коненкованинг «кўпроқ вақтини иқлими соз бўлган Саранак-Лейкда ўтказиши» ҳақидаги тавсияномасини ҳам мактубга илова қилиб жўнатган. Саранак-Лейкда эса Альберт Эйнштейн ижарага коттеж олганди ва ўз хусусий яхтасини сақларди. Буюк ҳайкалтарош алдовга учди ва хотинининг соғлиғидан хавотирланиб, уни жўнатиб юборди.
Эйнштейн ва Коненкова орасидаги муҳаббат аста-секин кучайиб борган ва айни айрилиш палласида – 1945 йилнинг августига келиб авж палласига кўтарилган. Аммо шунча вақт давомида Маргарита уч кишининг – Эйнштейн, Коненков ва ўз бошлиғи бўлмиш НКВД офицери Пастельнякнинг орасида чопишига тўғри келган. Дарвоқе, Пастельнякни у элчи ўринбосари Павел Михайлов тарзида Эйнштейн билан учраштирган ҳам. Шу тариқа, у бир вақтнинг ўзида учта мураккаб ролни ижро этган – улуғ ҳайкалтарошнинг хотини, буюк олимнинг жазмани ва НКВД жосуси...
Хатлар мазмунига кўра, Эйнштейн ва Коненкова ўзларининг «ошиқона луғат»ларидан фойдаланганлар. Принстондаги махфий учрашув жойини «уяча» деб аташган, ҳар иккаласининг исмларидан биринчи бўғинларини бирлаштириб, ўзлари учун умумий ном – Альмар деган исмни ўйлаб чиқаришган. Шу тариқа, «Альмарнинг кўрпаси», «Альмарнинг креслоси», «Альмарнинг трубкаси» вужудга келган...

Маргаританинг эри, унинг Эйнштейн билан муносабатлари дўстлик доирасидан анча чиқиб кетганлигини сезиб қолган ва, одатига хилоф равишда, катта жанжал кўтарган. Балки Коненков, ёш хотинининг олдинги ишқий саргузаштларига шунчаки шўхлик сифатида қараб, қўл силтаб қўйгандир-у, буниси энди ҳақиқий муҳаббат эканлигини пайқаб, рашк ва алами қўзигандир. Аммо хотини то ўз ватанига қайтгунича Альберт билан учрашишда давом этди, чунки у ҳам олимни чинакамига севиб қолганди!
Кейинчалик, Коненкованинг вафотидан сўнг унинг шахсий буюмлари орасидан Эйнштейн қаламига мансуб бир қанча севги мактубларидан ташқари, ғалати расмлар, аллақандай формулалар билан пала-партиш тўлдирилган варақлар ҳамда немис тилида ёзилиб, остига «А.Э.» дея имзо қўйилган ишқий шеър ҳам чиққан. Мутахассислар олимнинг дастхатини дарҳол танишди, лекин шеърни ўқиш анча қийинчилик туғдирди. 1943 йил Рождество байрамида ёзилган бу шеърни орадан роппа-роса ярим аср ўтгач, 1993 йилдагина ўқишга муваффақ бўлишди.

БУЮРТМА ВА АЖРАЛИШ КУЙИ
1945 йил август ойининг ўртасида Коненковлар ватанларига қайтишди, ажралишдан олдин Маргарита ўз севгилисининг олдига шошилинч тарзда бориб келди. Бундан бир ой олдин, 16 июль куни Нью-Мексико штатида америкаликлар дунёдаги илк атом бомбасининг синов ишларини муваффақиятли ўтказгандилар. Янги портловчи мосламанинг барча сифат ва белгилари ҳамда тахминий синов куни ҳақидаги хабарни эса НКВДнинг Нью-Йоркдаги резидентураси икки ҳафта бурун Москвага етказганди.
Хўш, Эйнштейн ўз маъшуқасининг «бошқа нияти» ҳам борлигини билганми, дерсиз? Хатлар мазмунига қаралса, у буни билган ва севгилисининг ҳурмати учун унинг илтимосини бажо келтирган. Ҳар ҳолда, ўша охирги учрашувларда, Москвадан тегишли рухсат келгач, Коненкова унга ҳаммасини очиқ-ойдин айтиб берган. Олим ҳам, агар рад этса, маъшуқасига оғир бўлишини билган ва фақат унга бўлган муҳаббати туфайлигина СССР разведкаси билан боғланган. Дарвоқе, видолашаётиб, у Маргаритага тилла соатини ҳадя этган; зеро, мангуга хайрлашаётганларини ҳар иккови тушуниб туришарди.
Кейинроқ, Коненковлар қайтиб келгач, унга ёзган хатларидан бирида Эйнштейн совет разведкачиси билан учрашганлиги, ҳатто оиласида ҳам бўлганлиги ҳақида ёзган. Шунингдек, кейинги хатларидан бирида у Маргаритадан, «собиқ буюртмачилар» қистовга олмаяптими, деб ҳам сўраган. Маъшуқасининг мамлакатидаги мазкур буюртмачилар ҳеч қачон «собиқ» бўлмаслигини у билмасди-да.
Коненковларнинг шошилинч ва бехавотир тарзда АҚШдан Москвагача етиб келишлари СССР ҳукумати ҳамда НКВДнинг АҚШдаги вакиллари томонидан тўлиқ таъминланди. Сиэтлгача махсус поездда етиб келган оила аҳлини кутаётган кема Владивостокка олиб келиб қўйган, бу ёғи пойтахтгача яна махсус поезд.
НКВД ташқи разведкаси раҳбари Павел Фитин, Нью-Мексико штатида 16 июлда ўтказилажак илк атом бомбаси синови ҳақидаги хабарни, юқорида таъкидлаганимиздек, икки ҳафта олдиноқ Сталинга, Молотовга, Берияга ва совет атом лойиҳаси раҳбари Курчатовга етказганди. Шунинг учун ҳам 1945 йилнинг 18 июлида – Потсдам конференциясининг очилиш куни АҚШ президенти Гарри Трумэн янги, «ғайриоддий вайронкор кучга эга» қурол яратишганини Сталинга айтганида, советлар етакчиси пинагиниям бузмади. Буни кўрган Англия бош министри Уинстон Черчилль, «Сталин ҳеч нимани тушунмади», деб ўйлади.

Мазкур мақсадларда илгаридан олиб борилаётган жосуслик ишлари кенг тармоқли бўлиб, айниқса америкалик атомчи-физиклар билан алоқа боғлашга ҳаракатлар қилинаётганди. Маргарита Коненкова мана шу занжирнинг бир ҳалқаси бўлиб хизмат қилган.

СОВЕТ БОМБАСИ: «MADE IN USA»МИ?
Хулласи калом, Эйнштейн ўз мамлакатининг ашаддий душманига атом бомбасини яратишда ёрдам берганми, йўқми? Бу саволга турли томонлар турлича жавоб беришади.
Йель университети тарих профессори Гэддис Смитнинг таъкидлашича, буюк олим ядро лойиҳасига аралашмаган, Лос-Аламос, Ок-Ридж ёки Чикаго лабораторияларида ишламаган эмиш.

«Сотби» аукциони консультанти Паул Нидхэм ҳам, ўзини Эйнштейннинг ишқий саргузаштларини кашф қилган киши сифатида баҳоласа-да, унинг севгилиси учун совет разведкасига ёрдам берганига ишончи комил эмас.
Ўз навбатида, Россия Федерацияси махсус хизматлари умуман бошқача баёнот билан чиқишди: совет разведкасини Альберт Эйнштейн мутлақо қизиқтирмаган эмиш!
Аммо бу таъкидлар биринчи қарашдагина ўринли кўринади. Тўғри, Эйнштейн мазкур лойиҳага тўлалигича аралашмаган, аммо бомба яратилиши жараёни ҳақида тўлиқ маълумот олиб турган. Президент Рузвельтни ядро устида ишлар олиб боришга айнан у ундаганини эслаш кифоя. Яна бир муҳим деталь: Коненковларнинг Америкадан чиқиб кетиши Нью-Йоркдаги резидентура ходими Анатолий Аяцков назорати остида бўлган; унга эса совет атом лойиҳасига қўшган ҳиссаси учун вафотидан сўнг «Россия Қаҳрамони» унвони берилган.
Аслида қандай бўлганди? Балки, бу саволга аниқ жавоб Россия Федерацияси ташқи разведкаси архивидан чиқиб қолар. Ахир, Сергей ва Маргарита Коненковларнинг чет элда бўлиши билан алоқадор барча ҳужжатлар у ерда, 137993 ва 137994 рақамлари остида ҳозиргача махфий сақланаётир...

МАҲЗУН ЯКУН
Маргарита Коненкова юртига қайтгач, унинг Эйнштейн билан ёзишмалари яна ўн йил – олимнинг ўлимига қадар давом этди. Уларда айрилиққа дош беролмаган олимнинг ғуссага ботиб, чўкиб қолганлиги яққол намоён бўлиб туради.
1945 йил 25 декабрда ёзган мактубида Эйнштейн ўз аҳволини шундай тасвирлайди: «...Мен сочларимни буткул ўз ҳолига ташлаб қўйдим, улар ғайриоддий тарзда тез тўкилиб кетяпти. Тез орада ҳеч нима қолмайди. Уячамиз ҳам ташландиқ ҳолга келиб, ҳувиллаб қолгандай гўё. Агар унинг тили бўлганида ҳам, бирор нарса демаган бўларди. Мен ҳозир тиззаларимни Альмарнинг кўрпаси билан ёпиб, буларни ёзиб ўтирибман, дераза ортида эса зим-зимистон тун...»
Олим мактубларида ўзининг тобора чўкиб бораётганини таъкидласа ҳам, севгилисининг янги ҳаётга мослашиб кетишини истайди: «Мендан фарқли равишда, сенда фаол турмуш ва ижод учун яна бир қанча ўн йиллик бордир. Мен сен ҳақингда кўп ўйлайман ва, янги ҳаётга қувонч ҳамда жасорат билан қадам қўйишингни чин дилимдан истайман...»

Бироқ, Эйнштейннинг вафотидан кейингина Коненкова янги ҳаётга қадам қўйди: хўжалик ишларига киришиб кетди, қиёфаси эса аввалги «аслзода» хусусиятини тезликда йўқота бошлади. 1971 йилда эри вафот этгач, Маргарита буткул ёлғизланиб қолди – ёшликда ажойиб қоматини сақлаш мақсадида у фарзанд кўришдан бош тортганди. Энди эса у дўстлари ва қариндошларидан узоқроқ бўлишга ҳаракат қилиб, ҳеч қаерга чиқмади, таркидунё қилди. Ҳафталаб тўшакда ётган пайтлари бўлди, шу сабабли ўта беўхшов семириб кетди. Бу орада уй хизматчиси унинг устидан ошкора кулиб юрди: бекасини фақат қора нон ва селёдка бериб боқди, нарсаларидан пала-партиш фойдаланиб, яроқсиз ҳолга келтириб ташлади, қимматбаҳо буюмларини ўмарди...
Буни қарангки, кўпларни лол қолдирган собиқ соҳибжамол Маргарита Коненкованинг тақдирига хор-зорликда ўлиш ёзилган экан. У 1980 йили, Москванинг Тверская кўчасидаги Коненковнинг музей-квартирасида, овқатланишдан онгли равишда бош тортиб, очликдан ўлди. Чунки энди уни бу ҳаётда ушлаб турган ҳеч нарса йўқ эди, ҳаммаси ўтмишда қолганди... Бугунги кунида эса фақат ҳужжатлар сақланадиган қутичаси бор эди. Қутичада Маргарита учун энг қадрли бўлган бир варақ қоғоз – севгилисининг унга бағишлаб ёзган шеъри сақланарди. Унинг учун бу шеърнинг муаллифи буюк физик, Нобель мукофоти соҳиби бўлган машҳур Альберт Эйнштейн эмас, балки уни севган оддийгина эркак, «Альмар»нинг иккинчи ярми эди...

Икки нафар санитар, Коненкованинг жасадини айланма зинадан олиб тушар эканлар, кираверишдаги бронзадан қилинган ҳайкалга – яланғоч қиз ҳайкалига шунчалик суқланиб қарашдики, носилкани тушириб юбораёздилар. Ана шу ҳайкалда тасвирланган сарвқомат соҳибжамолнинг жасадини ҳозир ўзлари ўликхона (морг)га олиб кетишаётганини улар билишмагандир ҳам. Бу аёл бир пайтлари иқтидорли бир ҳайкалтарошнинг илҳом париси, салоҳиятли бир олимнинг сўнгги муҳаббати ва улкан жосуслик тизимининг муҳим бир ходими бўлганлиги эса уларнинг хаёлига ҳам келмагандир балки...

Интернет материаллари асосида Ҳамидбек ЮСУПОВ тайёрлади.


11 саҳифа. Қисқа пост ва ҳикматлар.


Бир бой давлатмандлигидан керилиб, шайхга дебди:
- Сизга қанча пулу олтин керак бўлса, мана мендан сўранг!
- Йўқ, - дебди шайх. – Мен қулимнинг қулидан нарса сўрамайман.
- Ие, қанақасига сизга қул бўлай? - дарқахр бўлибди бой. Шайх жавоб берибди:
-Нафс менинг қулим, сен эса нафснинг қулисан!..
          ***     ***

Ваъдалар мамлакатида инсон очликдан ўлади.

Голланд халқ мақоли.
          ***     ***

– Сизни ёқтирмайдиган инсонларга  софдиллик ила табассум қилиб қўйинг.

– Улардан табассумимни қизғонмайманку-я, лекин вақтим йўқ-да. Мени ёқтирганлар билан жуда бандман.
          ***     ***

Одамнинг сири дарахт илдизига ўхшайди. Япроқлар илдизлардан куч олиб, қуп-қуруқ танадан кўкариб чиқади. Япроқлар илдизларга монанддир. Дарахтга илдизлар бўлганидек, нафс ва ақл ҳам ўзаро алоқадордир. Вафо дарахтларда кўкка бўй чўзган шохлар бор, илдизлари ўз ўрнида, нурлари кўкда.

Мавлоно Румий
           ***     ***

Янги Зеландияда туғилган кунда хурсандчилик қилиш тақиқланган. Уларда бу кун ўлимга яқинлаштирувчи кун саналади.
          ***     ***

Эчки эшикдан бошини чиқариб кўчадан ўтиб кетаётган бўрини сўкди.
Бўри деди: Мени сен эчки сўкмадинг, балки турган жойинг сўктирди..

Мубашшир Аҳмад
           ***     ***
Қалб оғриғини яширишнинг ўзи оғриқ.

Айман Ёғий
           ***      ***

Ўлжа бўлсанг ҳам, овчи бўлсанг ҳам, ўлжани овчига олиб келиб берадиган ит бўлмагин.

Турк халқ мақоли
           ***      ***

Одамлар бизга юрагини беришди, биз эса уларга қоғоз бердик...

Шавкат Мирзиёев

10 саҳифа. Қисқа ҳикоялар.


«МЕНИ ДАВОЛАТИНГ, ОПА!»

Бир куни Россияда ишлаб юрган чоғимда, уйда касалланиб ётиб қолгандим. Шифохонага бориб, ўзимни врачларга кўрсатиб чиққач, бир турки совуқ доктор каааатта қўлга сиғмайдиган қоғозга дори-дармонларни ёзиб берса, денг. Мен ҳам худди шу ёзганларининг ҳаммасини оладигандай, докторга тиржайиб боқдим-да, "Испасибо, дўхтир", деб касалхонадан чиқиб кетдим.
 Уйимга келгач, қўлимдаги бир парча варақчада дори-дармонлар ёзиб берилган рўйхатни кўздан кечирдим. Сўнгра пакетдаги уколларни қўлимга олиб, уларни бирма-бир текшириб ўтирар эканман, яшаб ўтирган "резинка" квартирамда (билмаганлар билиб қўйишсин: "резинка" квартира бу -  ҳалиги икки хонали квартирада 20-киши бўлиб яшаймиз-ку, ўша квартираларни назарда тутдим) укол қилишни эплайдиган одам йўқлиги эсимга тушди. Роса алам қилди-да! Қийин экан-ей, мусофирчиликда касал бўлиб қолса одам. Ўзи биргина врачнинг кўригидан қайтганим туфайли фалон пулга тушгандим, энди пистон пулни мени укол қилишлари учун тўлайманми? Ия, бунақада мен оёққа тургунимча, яна уч ой уйга пул жўнатолмасдан қарзларимни тўлаб юришимга тўғри келади-ку!? Ўзи, шусиз ҳам келганимдан бери қарзларга ботиб, ҳеч уйга пул жўнатолмаяпман, бунинг устига доллар курси... Ҳа майли, бу гапни қўйиб турайлик. Хуллас роса асабийлашиб кетдим, кайфиятим нолга тенг бўлди. Энди нима қилсам экан, деб роса бошим қотиб, чуқур ҳаёлга чўмдим...
 Бир оз вақтдан сўнг зўр фикр ҳаёлимг келди. Қўлимга қоғоз билан ручка олдим-да, "Извените, кито симожет пуст поможет и зделит укол. Я болит, мине нужин доктор Айболит", деб ёздим-да, холодилник... эээ кечирасизлар, музлатгичнинг қоқ ўртасига ёпиштириб қўйдим. Москвада анча йиллардан буён ишлаб юрибман-да, тўғри тушунасизлар энди, баъзи сўзларим русчалаб бўлиб кетяпти. Хафа бўлиш йўғ-а, ўртоқ товарищлар?!
 Энди шу ўйлаганларим иш берсин-да, ишқилиб, деб Яратганга илтижо қилиб ўтирсам, нариги "женский" комнатадан бир аёл чиқиб: "Ука, сени укол қилиш керак экан, деб эшитдим. Келақол, мана мен укол қиламан сени. Ҳар ҳолда, бу ерларга келмасимдан бурун ўз она юртимизда касалхонада ишлаганман, оз-моз бўлсада бу соҳадан хабарим бор", дейди. Ажабо! Жуда хурсанд бўлдим-ей, тўғриси. Қаранг, "ўқиган" эмас, "эшитган" экан бечора опа. Демак, рус тилини менчалик яхши билмас экан, қайсидир ўзимга ўҳшаган саводли инсон ўқиганларини унга "пиривот" қилган бўлса керак-ов, нима дединглар?
 Хурсанд булганимдан ҳалиги опани бииир бағримга босиб, ўпиб олмоқчи эдим, кейин озгина уялдим-да, ўзимни босиб олиб, аёлга ўз миннатдорчилигимни билдириш билан кифояландим.
 Биз "Операция К"ни бошлаш учун четроққа чиқдик. Нега "именно" "Операция К", дейсизми? Ҳа, орқа тарафимдан укол қилганидан кейин "К" бўлмай, "Қ" бўлсинми?!
 Халоскор аёлим мени қорин тарафга ётқизиб, ишприцни тайёрлаб утирар, мен эса шу орада "операциямиз" зерикарли ўтмаслиги учун, ўз миннадорчилигимни сўз билан ифодалаш мақсадида гап очдим:
 - Опа, яхшиям, сиз бор экансиз. Сиз йўклигингизда нима қилардим, билмайман, - кейинчалик шундай улкан иқтидор эгаси бу ерда "посудомойка" бўлиб ишлаётганига раҳмим келиб, гапни давом эттирдим, - опа, шунақа муҳим касб эгаси бўлиб туриб ҳам, шу ерларда ишлаб юрибсиз-а, эссиз... Ўзбекистонда ишлаб, бу борада анча тажриба орттирган экансиз, ўша ернинг ўзида бирор-бир касалхонага ишга кирсангиз бўлмасмиди? Бегона юртларда ишлаб юриш шартмиди сизга?!
 - Ҳа энди, укам, пешонада ёзилгани шу экан-да, - дея жавоб қайтарди у.
 - Ҳа, майли. Омадингизни берсин. Айтганча, касалхонада хамшира бўлиб ишлаганмисиз ёки..?
 Аёл менинг "К" томонимни пахта билан артиб олиб, игна санчиб қўяр экан, чуқур хурсинди-да, деди:
 - Фаррош бўлиб ишлаганман, укам.
 Бу гапларни эшитиб "шокка" тушиб қолдим, очиғи. Орқа томоним шундай қаттиқ оғриб кетдикииии, дод деб юборгим келди. Фаррошга "К"ни ишониб топширгандан кўра, пулларимни аямай, "профига" мурожаат қилсам бўлмасмиди?! Лох бўлмай мен ўлай-а!
 Шундан сўнг, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, орқа томоним қаттиқ оғриқ ҳис қилди. Бир балолар қилиб чидамликни 100 даражагача кўтариб, даволаниш ишларини тугатдим-у, бироқ ўрнимдан тура олмай, ҳатто қимирлолмай яна бир ойча уйда ётдим. Шу бир ой ичида қарзга ботганимни айтмайсизми, ўҳ-ҳў, икки ойдан буён шу қарзларимни ишлаб беряпман. Ҳа айтганча, уйимга ҳанузгача пул жўнатганим йўқ...

Темурмалик Тожиддинзода
          ***     ***

«ҚАРИНДОШ УРУҒЛАРИМ»


Қариндош-уруғларим
Шошиб турибман. Ишхонага камералар қўйилган. Кеч қолмаслик учун такси ушлаш керак. Аксига олиб охирги вақтда киракашлар... хуллас, тушундингиз. Бетоқатлигимнинг сабаби шу.
Ниҳоят битта такси разведкачиларга ўхшаб зимдан аланглаганча тўхтади:
-         Ҳў, укам, қатга борасан?
-         Фалон жойга.
-         Отинг нима?
-         Абдушукур.
-         Қатта ишлайсан.
-         Нефтегазда.
-         Ўйларинг қатта.
-         Фарғонада.
-         Ўтир... Ман амакингман. Дода дейвур. Отим Саидхожа. Сан жиянимсан. Иккаламиз Юнусобод мебел магазинга кетвоммиз. Биров сўраб қолса...
У компьютердан чиқарилган ўзи ҳақда батафсил маълумот бор варақни тутқазди. Ву-уй, кучугининг исмидан тортиб қайси жамоага мухлислик қилишигача!
Йўлда бир кеннойи қўл кўтарди. Уям такси кутавериб хит бўлиб кетибди. Шунга қарамай анкетага батафсил жавоб берди.
-         Сиз синглимсиз. Биратўла жиянизга парда танлашгани кетвоссиз. Мани исмим Саидхожа. Абдушукур, қолганини кенайингга тушунтир, вароқни бер.
-         Қанақасига кеннойим бўладилар сизга сингил бўлсалар, менга амма бўлмайдиларми, - эътироз билдирдим.
-         Нў, буёғини ўзинг тўғирла.
Чинор салқинида турган кампир холанинг олдида қийййқ этиб тўхтадик. Нималар деяпман, қишда чинор салқини бўладими?
-         Ассалому алайкум ўғлим. Отим Фазилатхон. Ёшим олтмиш олтида. Қатиқли гўжани яхши кўраман. Қорасаройга бораман.
-         Онам, онам, ўтиринг, онагинам, бардаммисиз. Ман бўлса, паловни. Ювентусга болелшикман. Абдушукур, опоқингни қўлларидан сўмкани олмайсанми?
-         Э, қанақа одамсиз, сизнинг онангиз менга буви!
-         Онам, Юнусобод орқали сизни Қорасаройга ташлайман. Мани отим Саидхожа.
Ҳайдовчи таржимаи ҳоли, қаерда яшашини батафсил бошқатдан тушунтирди.
Йўлда бизга амакимнинг қайнсинглиси, қудаси, тоғасининг ўғли ҳамроҳ бўлишди.
-         Қийин бўп кетди,-деди ҳайдовчи. –Отнинг калласидай жарима қўйиб қўйган. Тўхтатиб йўловчи билан шўпирдан мелиса билан сержанти алоҳида-алоҳида сўрайди: “Отинг нима?”, “Ёшинг нечада?”, “Қаерда турасан?”, “Нечта боланг бор?”, “Бугун нима единг?”.. геморрой.. Олмазор йўлида турганлар қайси овқатни яхши кўришини сўрайди. Жавоблар мос келмаса, йигирма бешта минималка ютуққа чиқиб турибди-да.
-         Сиз ҳам бўш келмайсиз.
-         Манам бўш келмайман. Ийя, бизни тўхтатдими?! Бу “туфли”ку. Эсингда тут, ман 43 размер кияман.


Шукуржон Исломов

пятница, 3 февраля 2017 г.

9 саҳифа. Бир қоп кулгу.


-Ойи, Тинч океани ҳамиша тинч бӯладими?
-Топган гапингни қара-я. Ақллироқ саволинг йӯқмиди?
-Бор. Ӯлик денгиз нимадан ӯлган?

Ҳамидбек Юсупов
          ***     ***


Ақлли калламга бир аҳмоқона савол келиб қолди ҳозир: Windows сўзини аднўчилар қандай ўқишар экан-а?

Ҳамидбек Юсупов
          ***     ***


— Бемор нимадан вафот этди?
— Муҳаббатдан!
— Шунчалик севармиди? Кимни?
— У ароқни жонидан ортиқ кўрарди!
          ***     ***


Ярим тунда телефон қўнғироғи жиринглабди:
— Алло, мабодо уйингиз ёнидан қўйлар подаси ўтиб кетмадими?
— Нима, сен орқада қолиб кетдингми?!
          ***     ***

Иккита мардикор бойни уйини краска қилишаётса, бойни қўшниси чиқиб:
— Краскани менга сотинглар - дебди. Мардикорлар бойни отини лабига краскадан суртишибди-да, краскани сотиб юборишибди. Бой келса иш тўхтаган. Мардикорлар дам олиб ўтиришибди. Бой ҳайрон бўлиб:
— Нимага ишламасдан ўтирибсизлар? - деб сўраса, мардикорлар отни кўрсатиб:
— Краскани отингиз ичиб қўйди - дейишибди. Бой отига қараса, лаби краска. Шартта чўнтагидан тўппончасини чиқариб, отини отмоқчи бўлибди.
Мардикорлар бойни тўхтатиб:
— Тўхтанг, ахир от краскадан қиммат-ку! - дейишса, бой:
— Сенлар аралашма! Ўтган йили бу лаънати икки тонна цементни ҳам еб қўйган эди, - дермиш.
          ***     ***


Радиода келажак авлодга чироқни асрашимиз керак, деяпти. Мени асраганим чеварамгаям етади! Ток ишлаб чиқарилгандан кейин уни қандай асраш мумкин? Балки тузлаб кўярмиз? “Қишлақилар” ҳеч нимани билмайди, деб уйлайди-ёв...

Дима Қаюм
          ***     ***

Бугундан бошлаб Абдусаттор почтачи йуқ! Абдусатторбой почтачи деб атанглар!

Дима Қаюм
          ***     ***

— Яхши қиз, ҳар сафар  жилмайганингизда мен  сизни хонамга таклиф  қилгим келади.
— Ие, росса хотинбоз  экансиз-да!
— Йўғ-э, мен тиш  докториман...
          ***     ***

Аёл ҳар қандай эркакни миллионер қилиб қўйиш қобилиятига эга... Яъни, ўша эркак - миллиардер бўлса.

Чарли Чаплин
          ***     ***

Бир аёл ижтимоий таъминот бўлимига 15 та боласини етаклаб, кириб келибди.
— Оҳо! – ҳайратланди хизматчи. — Буларнинг ҳаммаси ўзингизникими?
— Ҳа, ҳаммаси ўзимники, - жавоб беради она.
— Ўтир, Эшмат, — деса, ҳамма болалар ўтирибди.
— Хўш, - дебди хизматчи, — сизларни рўйхатга олишим керак. Менга болаларингизни исмларини айтсангиз.
— Ҳаммаси оддий, — жавоб берибди она. — Ўғил болаларнинг исми Эшмат, қизларники эса Анзират.
Қулоқларига ишонмаган хизматчи яна савол берибди:
— Жиддий айтяпсизми? Уларнинг ҳаммаси Эшмат билан Анзиратми?
— Ҳа, бу ҳаётимни анча енгиллаштиради. Эрталаб уларни битта қилиб чақираман, ҳаммаси уйғонишади. Тушлик вақтида ҳам “Эшмат!”, “Анзират!” дейман, улар келишади. Қачон уларга танбеҳ берсам, бақир-чақирни тўхтатади. Менимча, бу энг зўр ғоя!
Ижтимоий ёрдам хизматчиси яна савол беради:
— Агарда ҳаммасини эмас, фақатгина битта болани чақирмоқчи бўлсангиз нима қиласиз?
— Ундами, уларни фақат фамилияси бўйича чақираман.
          ***     ***

Чойхонада:
— Тўхтанглар, биринчи бўлиб мен ичаман.
— Нега бундай деяпсан?
— Дадам ичаётганимни билиб қолибди: "Иккинчи ичганингни эшитмай", - деган эдилар...