понедельник, 12 июня 2017 г.

ТРАМВАЙ ЙЎЛИДА...

Яна учрашдик биз трамвай йўлида,
Сукутдамиз бугун, ўтирибмиз жим.
Бахтимиз йиғлайди армон қўлида,
Уни армон қўлига тутқазган ким?

Яна учрашдик биз трамвай йўлида,
Юракни ёндирар фироқнинг зўри!
Сен ўз йўлингдасан...
Мен ўз йўлимда...
Айрилиқ - бу тақдир, пешона шўри.

Бугун хайрлашдик трамвай йўлида,
Мен миниб кетарман - трамвайим сариқ...
Бир майин овоз қулоғим остида
Янгради: «Кейинги бекат - айрилиқ!»

Темур Малик

Ярамас "Диктатор"!

Соттивой бугун жуда чарчаган. Сабаби, у эрта саҳардан то кечга қадар уйида ўсиб чиққан бир катта дарахтни кесиб, арралаб, ўтин тайёрлаш билан машғул бўлди. Дарахт унга ота-бобосидан қолган мерос бўлган бўлса-да, бу ишни амалга оширишга мажбур эди. Уйни исситиш керак-ку, ахир. Уйда ёлғиз бир ўзи яшаётган бўлса ҳам гўрга эди, қалин кўрпаларининг икки-учтасини устига ёпиб ухлаверарди. Аммо у ёлғиз яшамасди-да, қоракўз фарзандлари бор, совуқ отишади.

Дарахтнинг ёши Соттивойдан қарийб икки баробар катта эди. Начора, иложсизликдан уни кесди-қўйди. Таппи тайёрлайман деса, ёз пайти молларини қўшни Сотволдижонга сотган бўлса.. Ярамас Сотволди ҳозирда мазза қилиб иссиқ уйда яшаётган бўлса керак!

Соттивой хорғин ҳолатда уйга кириб келди. Ўтинларни печкага солди-да, телевизорини ёқди. Ээээндигина "Ёшлар" телеканалига олган эдики, айнан шу захотиёқ свет ҳам ўчиб қолса, денг. Оббо... Пультни асаб билан уйнинг нариги чеккасига отиб юборди-да, қўлига телефонини олди. Яхшиям, "запас"да ҳали 25МБ бор экан, янгиликлар ва мақолалардан бохабар бўлса бўлади. Соттивой Фейсбукка кирди ва янгиликларни бирма-бир кўздан кечирар экан, яқиндагина Туркияда содир бўлган референдум натижалари тўғрисида бир мақолани ўқиб, асаби бузилди. Туркияда янги "Диктатор" пайдо бўлганмиш. Ҳе, ўлгирдим! Ўзига ёқмаган ва сиёсатига тўғри келмаган ҳар қандай одамни қамаб, сургун қилиб, пешонасидан отиб ташлаётган экан. Папиросини чуқур тортиб, қўлини мушт қилганча, уйдаги эшикни уриб куйганди, бу ярамас эшик шуни кутиб турганми дейман, устига ағдарилиб тушса, денг. Ўша мушт билан урган икки бармоғини синдириб қўйди...

Кейин, дод-войлаганча қўшниси уйига чопиб чиқди. Қўшниси Сотволди шу жойда жонига оро кирди, чунки унинг машинаси бор эди. Сотволди ўзи ёмон одам эмас, қўшнисининг бармоқлари синганини кўриб турибди. Бироқ, ёрдам бераман деса, аксига олиб, айнан шу куни туманда бензин йўқлиги боис машинаси ҳеч қаерга юра олмади. Оббо, ярамас қўшни!..

Жон аччиғида қолган Соттивой туман касалхонасига ўз оёклари билан югура бошлади. Касалхонага етиб келгач, икки кишидан бошқа ходим йўқлигини англади. Ўзиям, бир соат илтимос қилди, чамамда. "Қўлимни гипс қилиб, оғриқ қолдирувчи дорини беринглар", деб роса ёлворди. Аммо дўхтирлар дори пуллик эканлигини айтиш билан чекланишди. Пули йўқларга хизмат ҳам йўқ экан. Ана холос!..

Соттивой нима қилишни билмай, боши қотиб қолди. "Ҳааа, - деб юборди Соттивой, - бу ҳаммаси лаънати Эрдоғонни деб бўлди! Ярамас диктатор, сен бўлмаганингда, қўлим синмаган бўларди ва ҳозирда шунча сарсон бўлиб югурмас эдим!" дея сўкиб-сўкиб, синган қўли билан уйига қайтди. Уйга келгач, телефонини қўлга олди-да, Туркияда ишлаб юрган жиянига сим қоқмоқчи эди, аммо телефон "счётида" пули қолмаган экан. Алал-оқибат жияндан ёрдам сўраш мақсадида туман алоқа хизмати биноси томон юра бошлади.

Темур Малик,

Миррахмат Мўминов ғояси билан.

“Спорт ТВ” телеканалига миннатдорчилик хати!

“Спорт ТВ”га раҳмат, барака топишсин! Ишдан чарчаб келганингда, жонингга роҳат бағишлайдиган кўрсатувлари билан чарчоқларингни тарқатади, асабларингни тинчлантиради. Бир қарасанг бокс, бир қарасанг гимнастика, яна бир мўралаб қарасанг теннис трансляцияларини кўрсатаётган бўлади. Айниқса биздек совуқ ўлкада, қор тинмай ёғаверадиган, устимиздан “фуфайка”, бошимиздан жўндан тўқилган қалпоқ тушмайдиган, футболка, шортик ва “тапичка” нималигини билмайдиган одамлар учун энг оммавий ҳисобланадиган хоккей, чанғида учиш, фигурали учиш, биатлон каби спорт турларини тақдим этаётгани биз томошабинлар кўнглини Жамалунгма тоғидек кўтармоқда. Гоҳида бериб қоладиган футбол деб аталмиш бир тийинга қиммат спорт турини айтмаганда, ишларингиздан қониқиш хосил қиляпмиз.

Иложи бўлса, ҳеч кимни қизиқтирмайдиган шу футболни кўрсатмасанглар янада яхши бўларди. Тўғрисиям-да, футбол бизда оммавий эмас, мана масалан, футбол федерацияси ёки ПФЛ ташкилоти номигагина, “борми бор” қабилида ишлаб турибди. У ерда ишлайдиганлар ҳам умуман бу спорт турига қизиқишмайди, ўлгани кунидан ишлаб юришибди. Стадионларга разм солинг-а, нуқул трибуналар бўм-бўшлигича туради, одам келмайди. Қизиқмас-да. Фақат вилоятликларгина бундан мустасно, холос. Улар бекорчи, бошқа қиладиган иши йўқ бўлгани учунам стадионга киришади, нима қилишсин бошқа.

Мамлакатимиздан футбол спорт турини буткул йўқ қилиш тарафдориман! Ҳеч ким қизиқмайди! Ўйинлар бошланиш вақтларини қаранг: 14-00, 15-30... Тўғри-да, одам келмаганидан кейин ўйин вақтини хоҳлаган пайтга белгиллаверишади. Соат 12-гаям қўйишарди-ю, аммо футболчилар кўп ухлайди, соат 12-дан ўтганда зўўўўрға дивандан туришади, пайтавақулоқлар!

Болаларга бўлган эътиборингизни-ку, айтмасам ҳам бўлаверади. Бутун Ўзбекистон сизларни дуо қиляпти! Айниқса, яна ўша бир тийинга қиммат бўлган “путбол” (“питбол”ми, “питбўл”ми, нима эди? Ишқилиб, ўша-да) пайтида 4-5 яшар болаларнинг спортзалда мазза қилиб югуриб юришларини кўрсатганларингизни кўриб, кўзим қувончдан чақнаб кетади. Бўларкану, шунақа нарсаларни ҳам бериб турса, деб юбораман. Сизларга бир бўлган воқеани айтиб бераман. Бир куни футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати марказий учрашувларидан бири намойиш этилиши керак эди. Шу футболни ким ҳам кўради, деб бошқа каналга олмоқчи бўлиб тургандим, шартта футбол ўрнига болаларга аталган қандайдир ток-шоу бошланиб юборса, денг. Ҳайрият, дедим-да, бизинг келажагимиз ҳисобланмиш ёш авлоднинг ўзаро ўйин-кулгу қилиб юрганликларини мириқиб томоша қилдим. Ток-шоу сўнгида болаларга турли совғалар улашилди, болалар ҳам жуда хурсанд бўлишди. Хуллас калом, бир ярим соат зерикмайдиган бўлдим! А лаббай, футбол-чи, дейсизми? Ия, ўша куни футбол учрашуви Наманганда бўлиб ўтиши керак эди. Хеҳ, Наманганда бало борми, шу ерда, пойтахтимиз Тошкентда шундай фойдали “спорт тури” бўлиб ўтаётган бир пайтда?!

Сизларга гап йўқ! Ҳаттоки, шарҳловчиларингиз ҳам футболни мажбурликдан зўрға шарҳлашади, ҳар бир сўзда ғиж-ғиж хато. Лекин чанғида учишларни боблаб, эмоцияларга берилиб шарҳлашади, чунки қизиқишади-да занғарлар. Нима қилишсин бечоралар, футбол оммавий спорт тури бўлмаса...

Ахир, футбол бўйича бирор марта ҳам жаҳон чемпионатига чиқмаган бўлсак, қишки спорт турларидан эса, олимпияда чемпионлари, жаҳон чемпионлари чиққанидан хабардорсизлар, номларини санаб ўтиришим шарт эмас. Хоккейдан бироз омадимиз юришмай турибди, лекин насиб қилса, яна аввалгидек Россия ва Канадаларни даражасига чиқиб оламиз, деб ўйлайман.

Ҳозирча айтмоқчи бўлганларим шу, гапларимдан хафа бўлмайсизлар деган умиддаман. Лекин футболни намойиш этсангизлар ҳам бекорчи пайтда кўравераман, ҳар ҳолда Яри Литманенни ҳурмати учун кўришим лозим, чамамда.

Ҳурмат билан Финландияни севиб қолувчи -
Тайко Кененин Ихалайненович.

Темур Малик

Йил учрашуви! (ЕЧЛ 2016/17 мавсуми финали олдидан ёзилган)

Роналду: биринчи бўлиш орзуси...

Унинг бир орзуси бор - биринчи бўлиш! Неччи йиллардан буён сарфланган меҳнати, машаққатлар ила қозонилган ютуқларию, совринлари - ҳамма-ҳаммаси ягона мақсад - биринчи бўлиш орзуси йўлида амалга оширилган! Унинг иккинчи бўлишга тоқати йўқ, ғурури йўл қўймайди ва айнан шу сифати сабабли, бугунги чўққисига кўтарилган. Чинакам буюк футболчи!

Хўш, бугун унинг жамоадошлари "Ювентус" устидан ғалаба қозона оладими? Агарда бугун "Реал Мадрид" ғалаба қозонса, ЕЧЛда ғалаба қозонган жамоа етакчиси сифатида йил сўнгида "Олтин тўп" мукофотини қўлга киритишга яқин келади. Деярли, 80%га. Ва натижада, бешинчи марта ушбу совринни қўлга киритган ҳолда, ўз азалий рақиби, суперюлдуз, "ўзгасайёралик" Мессига тенглашиб олади. Тасаввур қиляпсизми? 10 йилдан буён икки гегемон футболчи Криштиану ва Месси ўртасидаги баҳсда ниҳоят португалиялик футболчи ўз рақибига тенглашиб олади. Кимдир тушунар, кимдир тушунмас, аммо Роналду учун бу - жуда улкан мувафаққият! Азалий орзусининг ушалиши! Бир умрга, тарихда қоладиган воқелик.

Бундан кейин, келажакда футбол иҳлосмандлари бу икки буюк футболчиларини ўзаро таққослаштирганларида, ҳеч ким "Месси зўрроқ эди, Роналду ҳар доим иккинчи бўлиб келган барибир", дея олмайди. Чунки ҳар иккаласи ҳам беш мартадан "олтин тўпга" эгалик қилган. Аксинча, ҳамма Роналдунинг терма жамоаси билан Европа чемпионатида зафар қучганинию, Месси эса ўз терма жамоаси билан ҳеч вақони қўлга кирита олмаганини эслашади. Балки, Роналдуни Мессидан-да юқорироққа қўйишар...

Бу Роналду учун жуда муҳим! Биринчи бўлиш! Ўз азалий орзусига 10 йил деганда эришиш! Ниҳоят...

Буффон: "Калчополли" - Кардифф йўли...

Шубҳасиз, 21 асрнинг энг яхши дарвозабонларидан бири. Балки, энг яхшиси ҳамдир. Ҳар ҳолда, 2011 йилда у "21 асрнинг биринчи ўн йиллигида энг яхши дарвозабон" номига лойиқ кўрилган. 2006 йилда "Олтин тўп" сўровида иккинчи ўринни қўлга киритган. Жаҳон чемпиони, Италия чемпиони. Кўплаб совринларга эга чиққан 39 ёшли Жанлуижи фақатгина бир шоҳсупага кўтарила олмаган - ЕЧЛ ғолиблиги... Ҳеч қачон!

Унинг ҳам яккаю-ягона бир орзуси бор - ўз жамоаси билан ЕЧЛда ғалаба қозониш. "Ювентус" билан икки марта финалга чиққан "супермэн" ҳар иккала ҳолатда ҳам мағлуб бўлган. Айнан унинг учун ҳам "Ювентус" бу мавсум фантастик ўйин намойиш этди ва финалга йўлланмани қўла киритди. Жамоадаги барча футболчилар бу масъулиятни ҳис этиб туришмоқда. Ҳаттоки, "Реал Мадрид" тирик афсонаси Икер Касильяс ҳам Буффон "Олтин тўп"ни қўлга кирита олса - адолат қарор топишини ҳамда бундан жуда хурсанд бўлишини таъкидлади. Аммо Касильяс сингари биз барчамиз ҳам сезиб турибмизки, бу нарса айнан финалга боғлиқ бўлади. Яъни, "Ювентус" ЕЧЛда ғалаба қозона олса, ўз-ўздан "Олтин тўп"ни қўлга киритиш учун имкониятлари ошади.

Бугун "Ювентус" 2006 йилги "Калчополли" воқеасидан сўнг айрим душманлари олдида ўзига хос реванш олиши мумкин."Ювентус"га содиқлигини изҳор этган ҳолда, жамоа билан биргаликла Италия "Б" сериясида бир мавсум ўйнаган Буффон орадан 10-йил ўтиб, Европа бош шоҳсупасига кўтарилиши мумкин.

Бу Буффон учун жуда муҳим! ЕЧЛни қўлга киритиш! Ўз азалий орзусига 10 йил деганда эришиш! Ниҳоят...

Афсуски, мукофот битта. Менга деса, ҳар иккаласи ҳам ЕЧЛни қўлга киритишга муносиб. Балки, ЕЧЛда "Юве" ғалаба қозониб, "Олтин тўп"ни Роналдуга беришар? Шунда сих ҳам, кабоб ҳам куймас эди, нима дедингиз?

ЕЧЛ финалига таалуқли тўртта муҳим маълумот:

1. Фақатгина иккита мураббий ўз жамоаларини кетма-кет икки маротаба ЕЧЛ финалига олиб чиққан, булар - Алекс Фергюсон ва Зайниддин Зидан.

2. Жорий мавсумда ЕЧЛда мағлуб бўлмаган ягона клуб - "Ювентус"дир! 9-та ғалаба ва 3-та дуранг.

3. Буффон ва Зайниддин Зидан... Орадан ўн бир йил ўтиб, улар яна финалда тўқнаш келишади.

4. ЕЧЛ тарихида ҳеч қайси жамоа кетма-кет икки марта мусобақада ғолиб бўлмаган. "Реал"дан олдин "Милан", "Аякс", "Ювентус" ва "Манчестер Юнайтед" ушбу натижага эришиш йўлида финалларда "қоқилишган"...

Бугун барча нигоҳлар Кардиффга қаратилган. Супер учрашув олдидан ўзига хос бир мақола тайёрлашга қарор қилдим. 2016/17 мавсумининг энг сўнгги ўйини. Йил учрашуви!

Темур Малик

Келажагимиз ёшлар қўлидами?

«Келажагимиз ёшлар қўлида» деган гапни кўп бора эшитганмиз. Ростдан ҳам шундайми? Менимча, бу ерда кичик бир англашилмовчилик бор. Айтмоқчиманки, келажагимиз ёшлар қўлида бўлиши шарт эмас. У ёш бўладими, қарими, фарқи йўқ - асосийси, эл-юртига чин маънода хизмат қилсин, ҳар доим, ҳар ерда зукколиги ва ўз ишига профессионалча ёндашуви орқали одамларни ҳайратга солсин. Худди, бир вақтлар шахматчи Рустам Қосимжонов ҳаммани лол қолдиргандек. Футбол ҳаками Равшан Эрматов, ёзги олимпиада чемпионлари номига сазовор бўлган боксчиларимиз дунёни ҳайрат кўчасига етаклагандек.

Юқорида берилган саволга яна қайтаман: келажагимиз ёшлар қўлидами? Айнан қайси ёшлар қўлида? Келинг, бу ҳақда бафуржа гаплашиб оламиз.

Нимага биз ҳар доим спортчиларимиз билан мақтанамиз, биласизми? Чунки айнан спортда бизда барчаси тоза ва ҳалол тарзда ўтказилади (футбол бундан мустасно). Масалан, шахматни зўр ўйнайсизми? Марҳамат, жаҳон ареналарига чиқинг ва ўз маҳоратингизни ҳаммага намоиш этинг. Бокс ёки бошқа бир жамоавий бўлмаган спорт турида ўзингизни эркин ҳис қиласизми? Марҳамат, олимпиадага йўлланмани қўлга киритинг-да, ўз номингизни спорт тарихига зарҳал харфлар билан ёздириб қўйинг.

Гапни чўзиб юбордим. Нима демоқчиман? Юртимиз ривожи йўлида муайян бир соҳани ривожлантиришни ўз олдимизга мақсад қилиб олган эканмиз, энг аввало ҳалолликни тарғиб қилишимиз даркор. Яъни, ҳар бир соҳа ўсиши учун керакли кадрларни етиштиришимиз керак ва бунинг учун, биринчи навбатда, ўз ишининг усталарини танлаб олишимиз зарур. Олий таълим муассасалари ректорлари ўз талабаларидан “пора” олишни тўхтатсалар, ўз ишига содиқ ва профессионал бўлган кўплаб кадрларнинг йўли тўсилмас эди, масалан. Бир нечтаси ўз билими ва салоҳияти эвазига ҳақли равишда диплом олса, кейинги авлод ҳам буни эшитиб, яхшироқ ҳаракат қилади. Ўқишни ташлаб, Москва ёки Сеулга кетиб қолмайди, тўғрими? Айнан шунинг учун ҳам, таълим ислоҳоти бизга жуда керак, биз учун бу жуда муҳим! Қўшиласизми?

Энди қаранг, “келажагимиз ёшлар қўлида”, дедик, бу иборани тўғри деб аташимиз мумкинми? Қайсидир маънода - ҳа! Аммо, яна ўша гап, ҳалоллик биринчи ўринда! Бу гап нафақат ўқув муассасаларига, балки бошқа ташкилотларга ҳам тегишли. Буни барчамиз тушуниб турибмиз.

Мен бу гапларни нима учун ёзяпман? Асли олганда, мазкур мулоҳазамнинг бош мавзуси нима эди? Бош мавзу - бугунги ёшларимиз! Бизда қандай ёшлар улғаяпти? Кимдан ва қандай ўрнак олишяпти? Умуман, ҳар қандай фарзанднинг тарбияси билан, унинг ота-онасидан ташқари, Ватан ҳам шуфулланиши шарт! Ватанимиз бугунги кунларда ўз фарзандларига, келажаги ҳисобланмиш шу ёшлага тўғри тарбия бера оляптими? Нима сабабдан бугунги кунларда кўплаб ёшларимиз онги, фикри, дунёқараши бузиляпти? Кўчадаги “самосудлар”, ўқув муассасаларидаги қотилликлар, футбол майдонлардаги оммавий муштлашувлар... Ҳаммаси қаерга қараб кетмоқда?

Бир ёш бола ўз ўқитувчисини суйиб ташлабди, дедик. Индашмади. Ёшлар онги бузиляпти, чет элга чиқволиб, турли террорчилар оқимига қўшилишиб кетишяпти, дея айюҳаннос солдик. "Эсимда, эсимда", дегандек қилишди. "Огоҳлик - давр талаби" деган шиор билан кифояланишди. Ёшлар чатоқ, кўчада "самосуд" қилишяпти, бир болани ҳаммани олдида уриб, дўппослаб, яна ҳаммасини видеога туширишяпти, деб ҳам айтгандик, эсингиздами? Тайинли жавоб ололмадик ўшанда. Шунчаки, ўша воқеани "босди-босди" қилишга уринишди. Ёшларнинг дунёқараши бошқача бўлган, тўйларга чиқволиб, "горькалаб" юришибди, дея масхара қилдик. Кулиб қўйишди. Бугунги кунларда эса бир қатор ваҳшийликларга, ҳайвонларча амалга оширилган қотиликларга дуч келмоқдамиз...

Ҳой, барака топгурлар, ёшларимизда катта муаммо бор. Жуда катта! Ёшлар бузиляпти. Кимдир қотиликка қўл уряпти, кимдир ИШИДга қўшилиб кетяпти. Бириси ўзини жуда ақлли ҳисоблаб, орқасидаги "танклар"га ҳаддан ташқари ишонгани учун шу йўлга кириб кетаётган бўлса, бошқаси ақлан заифлиги, жоҳиллиги ва балки, пулга муҳтожлиги учун ҳам "ўша ёққа" қараб кетиб қоляпти. Ёшларнинг тарбияси билан шуғулланинг! Ота ва оналарга ҳам, бир томондан тўғри, бошқа томондан нотўғри сиёсат олиб бораётган Ватанимизга ҳам бу гап тегишли! Жахлингиз чиқса ҳам майли!..

Келажагимиз ёшлар қўлидами? Келажагимиз мана шу ёшларнинг қўлида бўлса... унда ҳолимиз вой-ку!? Нима учун бугунги кунда “порани” (сессия пайтида талабалар “узатадиган” нарса), “зинони” (Тошкентдаги “фоҳишахоналар” маш-машаси), “зўравонликни” (коллеждаги қотиллик...) кундалик ҳаётимизда содир этиладиган оддий нарсалар, дея қабул қиладиган бўлиб қолдик? Қачон ҳалолликни талаб қилишни ўрганамиз? Қачон “ҳалол” ва “ҳаром” тушунчаларни ажратишни ўрганамиз? Шу нарсаларга эътибор беринглар, эътиборлироқ бўлинглар, илтимос!

Темур Малик

пятница, 24 февраля 2017 г.

«Файзбоғ» электрон газетаси.
 8 сон. 25 феврал, 2017 йил.


Абдулла Арипов: “Халқнинг қонини ичиб ётган зулукларни таги билан улоқтириб ташлаймиз!”


Ассалому алайкум, ҳурматли “Файзбоғ” муштарийлари. Мамнуният билан шуни таъкидламоқчиманки, қисқа танаффусдан сўнг биз яна қайтдик! Эртага эълон қилинадиган 8 сонда янги мақолалар, янги ижод намуналари билан барчангизни эушнуд этишга ҳаракат қилганмиз. Демак, қисқача анонсни тақдим этаман.

1 саҳифа. “Кириш сўзи”да Темур Малик ўзининг “Шовқин ва сукунат” мақоласини тақдим этган. Мақола янги эмас, аммо долзарблигини йўқотмаган.

2 саҳифа. Ижтимоий тармоқларда порлаган мавзу - “Кўк кит” ўйини тўғрисида Terabayt.uz сайти барчамизни огоҳ этган. Сиз ҳам бошқалар билан бўлишинг ва ўз фарзандларингизни ҳам бу ўйиндан узоқда тутинг.

3 саҳифа. Доларб мавзу. Шаҳноза Тўрақулованинг “Нега болалар китоб ўқишмаяпти?” номли мақолалари. Дарҳақиқат, жуда керакли мавзу!

4 саҳифа. Мулоҳаза. “Ойнага қарамай қўйдим...” Сулаймон Эркиннинг мазкур мулоҳазаси барчамизни ўйлантириб қўйиши табиий.

5 саҳифа. Акмал Набиевдан ҳаётий ҳажвиялар давом этади. Бу сафар “Ном танлаш маросими”га ташриф буюрамиз.

6 саҳифа. Шеърлар олами. Сайфуллоҳ Носир ҳамда Абдураҳмон Мешаян ижод махсуллари билан баҳам кўрамиз.

7 саҳифа. Романтика рукни. 

четверг, 16 февраля 2017 г.

12 саҳифа. Ижтимоий муаммоларимиз.


«Бой берилаётган имконият»

Вазият тақозоси билан мана 2 ҳафтадурки уйдаман. Аввал эътибор бермаган эканман - ТВ каналларимиз “ахлатга” тўлиб кетибди. Номидан бошқа ҳеч нарсада бир биридан фарқ қилмайдиган каналлар...  Бемаза каналлар, савиясиз каналлар, мақсадсиз каналлар... Эссиз шунча сарфланган пуллар, эссиз шунча ресурслар, вақтлар, имкониятлар... Яна булар давлат телеканаллари. Бу дегани, мана шу “ахлат” учун давлат буюджетидан пул ажратилади. Наҳотки!?

 Оммавий ахборот воситалари қандай куч эканилиги бугун сир эмас, айниқса телевидение. Буни яқин ўтмишда ўз бошимиздан ўтказдик. Масалан, Шимолий Корея мисолида ҳам кўришимиз мумкин: Телевидение кишилар онгини суюлтириб, халқни зомби, манқуртга ҳам айлантириши, ёки маданий савияси юксак кишилар жамиятини шакллантириши мумкин. Бизга қай бири керак?  Нега бор имкониятдан унумли фойдаланилмаяпти?  Нечта мусиқа канали бор? Нега каналларни қимматли вақти, савияси паст киною, бемани сериаллардан ортмайди? Артистлар мавзуси алоҳида мавзу. Улар  бизга овқат қилишни, югуришни, сакрашни,  кийинишни, кийинтиришни, китоб ўқишни, даволанишни, саёҳат қилишнр ва ҳатто динни ўргатишмоқда. Нима, юртимизда мутахассислар қуриб кетганми?

 Баъзан ёқамни ушлайман. Кимга керак одамлар миясини суюлтириш, билмайман.  Яна ёшларни енгилтакликда айблаб, ажрашишлар кўпайиб кетди, деб дод-вой соламиз. Хўш, бунга ким айбдор?!

Адашган тоифалар ёшлар онгини захарлайди. Адашган тоифалар ундай, адашган тоифалар бундай, дейилади. Кечирасизу, адашмагани қаерда? Борми ўзи?  Бор бўлса, нега шу нарсалар тарғиб қилинмайди? Адашганлар нотўғри йўли учун шунча ҳаракат қилганда, биз тўғри йўлимиз тарғиботи учун битта “ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ ТВ” номли телеканал ташкил эта олмаймизми?  Нима тўсқинлик қилади бунга?

 Тарихсиз келажак йўқ, деб бонг урилади. Икки гапни бирида рўкач қиладиганимиз - БУЮК ТАРИХимизни ўрганиш учун “ТАРИХИЙ ТВ” номли телеканални очиш қийинми? Мозийга қайтиб иш кўрмоқ ҳайрлидир, деб бежиз айтилмаган. “Тарихий” канали тарихимизни (ёки жахон тарихини) оқ кунларидан ибратланиб, қора кунларидан тегишли хулосалар чиқариш, буюк аждодларга муносиб авлод тарбияланишига хизмат қилган бўларди.

 Аҳолини тадбиркорликка жалб этиш учун уйма-уй юриб кредит таклиф этиш амалиёти дунёнинг ҳеч бир нуқтасида топилмайдиган ноёб ҳодиса бўлса керак. Унинг ўрнига “БИЗНЕС (ёки экономика) ТВ” номли телеканални ишга тушириб, эфирда кредитлар таклиф этилса, имтиёзлар тушунтириб берилса, муаммолар муҳокама этилса, бизнес тренинглар, мутахассислар илмий-амалий дискуссиялар олиб борса, Ўзбекистонда тадбиркорликни ҳуқуқий аспектлари батафсил тушунтириб берилса қулайроқ, самаралироқ бўлмайдими?

 XXI аср юксак технологиялар асри сифатида шиддат билан илдамлаб бормоқда. Соҳа вакиллари ҳам баъзан нафас ростлагунича тараққиёт ортда қолиб кетаётган бир даврда бизнинг телеканалларимиз қўл меҳнатига асосланган нарсаларни ютуқ деб тақдим этиши шармандали ҳолатдир! Қачонки биз дунё илм-фани тараққиётига монанд бирон нарсани кашф этиб тақдим этолмас эканмиз, жуда бўлмаганда янгиликлардан фойдаланишда ортда қолмаслигимиз керак.  Бунинг учун бизга “ИЛМИЙ-ОММАБОП ТВ” телеканаллари керак. Олимларимиз кундалик муаммоларни илмий ечимларини баҳс қилсинлар, таклифлар беришсин, дунё тажрибасини ўрганайлик. Илм, илмий унвон учун эмас,  инсонлар ҳаётини яхшилаш учун, амалда хизмат қилсин.

Ҳалқни инфармацион ҳуружлардан огоҳ бўлишга даъват этадиганларни ўзлари, ўрнига бирон бир арзирли нарса тақдим эта олмайдилар. Янгиликка интилиш ҳар бир инсон табиатида бор, вақтида холис, аниқ ва тўғри етказилмаган ахборот ўрни турли манбалар орқали тўлдириб олинади. Ва кейин, тўла идишни қайта тўлдириб бўлмаганидек, кишиларни ҳориж ахборот воситалари қулига айлантириб қўймоқда. Албатта улар ахборотни ўз манфаатларига мос тарзда тақдим этадилар.  Шундай экан аллақачон “ЯНГИЛИКЛАР ТВ” телеканалига  эҳтиёж бор. Бу баъзи бир инфармацион ҳудудлар учун ем бўлмаслигимиз учун ҳам керак. Бу каналда ички ва ташқи воқеа ҳодисалар тезкор, холис, объектив ва батафсил ёритилиши, йўлга қўйилишига устувор бўлиши керак. Сиёсий таҳлиллар, ҳуқуқий муҳокамаларга асосланган кўрсатувлар канални янада оммабоп бўлишини таъминлайди.

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ТВ телеканалларини танқид қилган эдилар. Тўғриси, телеканаллар бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди (қайси кунни талабига жавоб бериши ҳам номаълум). Шавкат Миромонович халқни уйғотиш керак, деб куюниб ҳаракат қилаётган бир пайтда, эфирлар 24 соат мусиқаю, сериаллардан ортмаётгани халқни аллалаш билан баробар. Халқни уйғотиш асосий масала экан, тез кунда, кечиктирмасдан юқоридаги каналларни ишга тушириш керак.

Обиджон Латипов