суббота, 28 января 2017 г.


             «Файзбоғ» электрон газетаси
                 5 сон. 29 январ, 2017 йил.

   «Ҳаромдан тўплади бор бойлигини,
     Ҳаромга сарфлаб ҳеч ҳам толмади.
    Қиммат ҳаромларга пул совурдию,
    Арзон ҳалолларга пули қолмади...»


Ассалому алайкум! Бугун 29 январ, ҳафтанинг якшанба куни. «Файзбоғ» электрон газетасининг 5 сони эътиборингизга ҳавола этилади. Ижодкорларимиз ва уларнинг ижод маҳсуллари тобора ортиб бораётгани туфайли, саҳифаларимиз ҳам шунга монанд этиб белгиланмоқда. Бу ҳафта саҳифаларимиз сони 18-тадан 21-гача ошди! Бу муваффақият билан ўзимизни ўзимиз табриклаб қўймоқчимиз. :)

Демак, бугунги сон қисқача анонсини ёзиб ўтамиз:

1 саҳифа. Камина (Темур Малик) кириш сўзини бошлаб берган. Ҳооов, ўтган ҳафта роса чайнаган мавзуимиз эсингиздами? Ана ўшанга ўз муносабатимни билдирганман. Ушбу мақоладан ҳар ким ўзига керакли хулосаларини чиқариши мумкин бўлади. (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362094680840717&id=349574945426024)

2 саҳифа. Фейсбук бўйлаб тарқалиб кетган бир ажойиб мақола. Обиджон Латипов халққа тегишли бўлган 800 млн. долларнинг қандай қилиб ғойиб бўлганлиги ҳақда бош қоттиради. Саволлар, саволлар... Жавоб эса йўқ. (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362092220840963&substory_index=0&id=349574945426024)

3 саҳифа. Янгиликлар кетма-кетлиги. Айтишларича, Майкл Жексон табиий сабабларга кўра вафот этмаган экан... (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362091000841085&id=349574945426024)

4 саҳифа. Умида Адизова бугунги ҳолатимиз тўғрисида ёзадилар. Ўлмас мавзу: Қайнона ва келин можароси. (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362090844174434&id=349574945426024)

5 саҳифа. Бундан бир неча йил муқаддам “Ҳуррият” газеасида эълон қилинган мақола билан давом этамиз. “Улар “гастарбайтер” эмас, ўзимизнинг ватандошларимиз!” деб, куюниб гапиради муаллиф. (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362090647507787&id=349574945426024)

6 саҳифа. Шеърлар олами... Бир-биридан чиройли шеърлар ўрин олган. Ростдан, бу галгиси жуда зўр! Носиржон Тошматов, Настарин Ифорзода ва Омонхон Мадалиев ижоди маҳсуллари. (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362090520841133&id=349574945426024)

7 саҳифа. Романтика рукни. Салим Айюбий ҳам бундай мавзуларда ёзар экан-ей! У кишига Маъруф Норбўтаев ва Йигит Али ҳамроҳ бўлишган. (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362090037507848&id=349574945426024)

8 саҳифа. 8 саҳифа - патентлаштирилган саҳифа! Шукуржон Исломов хаёлларига келган нарсаларини ёзишлари мумкин. Бу гал “Кирилл/Lotin” номли фантастик ҳажвиялари ўрин олган. (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362089487507903&substory_index=0&id=349574945426024)

9 саҳифа. Дима Қаюм учун алоҳида жой ажратдик. “Бир қоп кулгу” саҳифаси ярми шу кишининг ҳазиллари, қолган ярми эса латифалар билан тўлдирилган. (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362085810841604&id=349574945426024)

10 саҳифа. Қисқа ҳикоялар: Бу ерда газетанинг ўтган (ва ундан олдинги) сонида мос равишда биринчи ва иккинчи ўринларни олган (энг кўп мутолаа қилинган мақолалар) икки ижодкор - Салим Айюбий ва Шукуржон Исломов ўз ҳикояларини биз билан баҳам кўришган. Азиз Несинни ҳам ёдга олдик... (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362085227508329&id=349574945426024)

11 саҳифа. “Қисқа пост ва ҳикматлар” рукни. (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362084794175039&id=349574945426024)

12 саҳифа.  “Александр Македонский заҳарланиб ўлдирилган”, дегувчилар диққатига: Ҳамидбек Юсупов буюк саркарда ўлимининг асл сабабларини келтирганлар. Тарихий, қизиқарли мақола. (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362084614175057&substory_index=0&id=349574945426024)

13 саҳифа. Футбол янгиликлари. Жепаровнинг янги жамоасида ярим мавсум “дам олиши” ҳамда Ўзбекистонда янги телеканалнинг ишга туширилиши ҳақидаги хабарлар билан бир қаторда, бошқа муҳим янгиликлар ҳам жой олган. (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362084030841782&id=349574945426024)

14 саҳифа. Аноним ижодкор “Мен ёзмадим, сиз ўқимадингиз”, деб фарёд чекади. Биз-ку, мазза қилиб ўқидик, аммо бу ўқиганларимиз кимнинг қаламига мансуб эканлигини билолмаганимиз чатоқ-да... (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362083207508531&substory_index=0&id=349574945426024)

15 саҳифа. “Ли Гу Хван” операцияси қайтарилишини истаётганлар йўқми орамизда, ишқилиб? Ният бошқа бўлганлиги билан, мақсад ўша. ЎФФдагиларнинг виждони уйғонишини ўтиниб сўраётган Ўткир Қаламтебратар қораламаси. Эх, улар виждонни аллақачон нақд пулга сотиб юборишган, биродар... (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362082370841948&substory_index=0&id=349574945426024)

16 саҳифа. Машҳурлар сўзлайди... Киану Ривзнинг сўзларини Муслим Мирзажонов “эркакча” таржима қилган. Имони бўлмаса ҳам, инсонийлик даражаси ўта юқори экан ушбу Ҳолливуд актёрида, “қойлотун”! (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362081814175337&substory_index=0&id=349574945426024)

17 саҳифа. Ажойиб ва беғубор дўстликнинг бошланишию, унинг ниҳояси ўзида акс этилган ҳикоя. Ёш мжодкор - Азиз Нур қаламига мансуб. Аллоҳнинг синовидан ўта олмабди, афсус... (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362081084175410&substory_index=0&id=349574945426024)

18 саҳифа. Салим Айюбий “ўзимиз” сўзини жуда яхши кўради, шекилли! “Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан давога...” деб бекорга айтишмаган. Айюбий ҳамда Умму Аминанинг мазмунли, жиддий шеърлари ўрин олган. (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362069067509945&id=349574945426024)

19 саҳифа. Турк тилидан таржима қилинган аянчли бир ҳикоя... Умида Адизова таржималари билан. (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362068850843300&substory_index=0&id=349574945426024)

20 саҳифа. Капгир ва Чўмич саргузаштлари давом этади. Бу сафар Капгир детективликни бир четга суриб, адвокатлик қилишга уринади. Ҳамма ўз ишини қилсин экан-да! (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362063214177197&substory_index=0&id=349574945426024)

21 саҳифа. Қўшиқ қилиб хиргойи қилинса, туппа-тузук “хит”га айланиши мумкин бўлган ғазал. О, рекламаниям қойиллатдим-а! “Чиқиш олдидан” Муслим Мирзажонов “бир нима” ёзиб қолдирган. (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=362061870843998&substory_index=0&id=349574945426024)

Бугунча шу. Барчангизга мароқли ҳордиқ тилаймиз. Ёқимли мутолаа, кейинги сонларда кўришгунча, чао!

Фейсбукдаги саҳифамиз:
https://www.facebook.com/fayzbogh/

Телеграмдаги саҳифамиз:
@fayzbogh
20 саҳифа. “Капгир” ва “Чўмич” саргузаштлари.

                «Олий суд...
                     ёхуд Капгир в ҳайране!»
                 Фозилбек Юсупов



   Қирқ минг долларни нимага ишлатганимизни биласизми? Йўқ, ҳеч қанақа бизнес бошламадик. Мен Капгирга минг марта товуқ олиб, кўпайтирайлик, пулимиз икки баробар ортади, десам унамади. Бўлмасам бирорта кафе-ошхона очайлик, пулни ўзи оқиб келади дедим, кўнмади. Ҳеч бўлмаса тўй маросимларида хизмат кўрсатиш фирмасини очайлик, ўзбекни нимаси кўп - тўйи кўп. “Тем боле”, ҳозирги кунда оддий расмчига бир миллион сарфлайди одамлар, биз расм, видео, саҳна каби ишлари билан шуғулланайлик деган таклифни бердим, бунга ҳам рози бўлмади. Кўзини чирт юмиб ҚораҚамишда ижарада турган икки хонали квартирамизни сотиб олди. Яна ўзимизга қадрдон бўлиб қолган уйга қайтдик. Энди хоҳласак, рақсга тушамиз, хоҳласак хонада футбол ўйнаймиз, қани ҳайдаб кўрсинчи.

   Капгир “полний” кайфга берилиб кетди. Хонасини бурқситиб “қаттиғидан” чекадиган, “Рижскоэ” пивосини ҳудди кўк чой ичгандек сипқорадиган бўлиб қолди.
Эшик тақиллаб қолди. Очсам, рўпарамиздаги квартирада яшайдиган аёл боласи билан турибди.
- Илтимос, Достон сизларникида ўтириб турсин, уйимизни тозалаётган эдик, шунга чанг ютмасин дейман. Акаси келса олиб чиқади.

   Эҳ, бу аёл бизни квартирадаги тутун Навоий кон металлургия заводи чиқарадиган тутундан ҳам кўпроқ эканлигини билса эди... нима қилай, йўқ дея олмадим.
- Бемалол, қани болакай уйга кир.

   Достонни Капгирни хонасига олиб кирдим.
- Капгир, меҳмон келди, қани деразаларни очиб, хонани бир шамоллатворингчи.
- Бугун дам олиш куним, ҳеч кимни қабул қилмайман.
- Иш деганим йўқ сизга, меҳмон деяпман.

   Капгир ўрнидан туриб, ёнимдаги болага диққат билан тикилиб қолди. Бир дақиқа суқланиб қараб турди ўзиям.
- Даданг яна аянгни уряптими? - деди Капгир.
- Нега унақа деяпсиз? - дедим, жахлим чиқиб.
- Мана кўриниб турибди-ку. Бола пала-партиш тезда кийинтирилган, кўзлари йиғлаверганидан қизариб қолган. Йигитчанинг қўллари мушт тугилган, бу доим асабий бўлиб юрганидан далолат. Совуқ бўлмаса ҳам қалтираб турганини кўрмаяпсизми? Қисқаси, буларнинг уйида ҳар куни жанжал бўлади.
- Ахмоқона дедукциянгизни деб бола бечорани хафа қилиб қўйишдан қўрқмайсизми?
- Бу дедукция эмас, факт.
- Қанақасига?
- Умуман олганда, деворга яхшилаб қулоқ солсангиз, нариги хонадонда нималар бўлаётганини бемалол эшитсангиз бўлади. Келинг бу ёққа.

   Капгир иккимиз қўшни хонадон билан бизникини ажратиб турган деворга қулоқ тутдик, ростдан ҳам жанжал бемалол эшитилиб турарди. Эр хотинини сўкиб уряпти, пул бер дейдими-эй, пулни қаерга яширгансан дейдими-эй. Минг лаънат.
- Юринг Капгир, уларни ажратмасак, аёл бечорани ўлдириб қўяди.
- Афсуски, биз аралаша олмаймиз, Чўмич.
- Битта подьездда, ёнма-ён қўшни бўла туриб наҳотки ёрдам бера олмасак?
- Шаҳар шунақа-да, дўстим. Бировнинг ишига биров аралашмайди. Ҳозир кириб нега уряпсан десангиз, ўзизни судга берворишдан ҳам тоймайди. Маҳаллачилик йўқ бу ерларда, лекин маҳаллийчилик тиқилиб ётибди.

   Нима қилишга ҳам ҳайронман. Одам кўриб-билиб турган разилликка қарши чиқа олмаса, қийин экан. Юрагим сиқилиб кетди. Бечора аёл, бечора бола. Бироз Достон билан гаплашган бўлдим, уни овқатлантирдим. Унинг айтишича, деярли ҳар куни шу аҳвол экан. Дадаси ароққа пул топа олмаса, шунақа жанжал кўтарармуш. Бу жанжаллар болага жуда ёмон таъсир қилган эди. Руҳий тушкунликка тушиб қолган.

   Бир соат ўтар-ўтмас қўшнининг катта ўғли - Даврон укасини олиб кетди. Йигитнинг кўзи кўкарган эди. Дадаси урган шекилли.
- Капгир, бирор нима қилсак бўлмайдими?
- Йўқ, дедим-ку. Эр хотин уруши - дока рўмол қуриши.
- Қурийдиган рўмолга ўхшамаяпти-да буларники.
-Барибир, бу борада қўлимздан ҳеч нима келмайди.
- Ахир сиз ҳуқуқшуноссиз -ку, адвокатсиз. Наҳотки масаланинг бирор қонуний ечими бўлмаса?
- Қанақа масала? Аёл ҳеч кимга арз қилгани йўқ-ку. Эрининг устидан ИИВга ариза ёзса, улар чора кўришади. Масала ҳал.
- Кейин эр 15 суткадан чиқиб келиб, хотинни бундан баттар қилади, шундайми?
- Ана кўрдиз, буни ўша аёл ҳам яхши билади, шунинг учун ҳеч кимга арз қилмайди.
- Оббоо...
-Бўлди, унутинг буни Чўмич, бошқаларнинг оиласига аралашиш яхши эмас.

   Орадан тўрт кун ўтди. Юқоридаги воқеа эсимдан ҳам чиқиб кетди. Фақат бир куни...

   Қўшни квартирада одам тўла, йиғи-сиғи. Мелисалар тиқилиб ётибди. Қўшнини пичоқлаб кетишибди...
- Капгир, Капгир, қўшнимиз Собир алкашни пичоқлаб кетишибди-ку, эшитдизми?
- Пичоқлаб кетишмаган, пичоқлашган. Тўғри гапиришни ўрганинг дўстим.
- Яъни?
- Тўлиқ эшитмаган кўринасиз, уни ўз ўғли пичоқлаб қўйибди. Онаси келиб, мендан ёрдам сўради.
- Ўғли??? Шу ёш йигитчая?! Бўлиши мумкин эмас, мен бунга ишонмайман.
- Ишонасизми, йўқми барибир, шундай бўлган.
- Онасига ёрдам бераман дедизми?
- Албатта, менга бу жуда қизиқ туюлмоқда.
- Нимаси қизиқ? Одатий қотиллик эмасми?
- Йўқ, бу сафар мен изқувар сифатида эмас, адвокат сифатида судда иштирок этаман. Ахир дипломим бир марта ҳам ишлатилмай чанг босиб ётибди. Болани эса химоя қилиш керак. Мен унинг айбдор эканлигига ишонмайман.

   Орадан икки ой ўтди. Йигитча 18 ёшга киргани учун жиноий жавобгарликка тортиладиган, февралнинг қоқ ўртасида уни ишини суд кўриб чиқадиган бўлди. Капгир эса бу вақт орасида тинмай суриштирув ишларини ўтказди. Йигитча қотилликни бўйнига олгандек ҳеч нима гапирмас эди. Шунинг учун ҳамма ишни Капгирни ўзи бажаришига тўғри келаётганди. Уларнинг уйига камида юз марта кириб чиқди шекилли, экспертиза хулосаларини ёдлаб олди. Ҳамма далиллар Давронга қарши эди.
- Ишлар қалай кетмоқда, Капгир?
- Ёмон эмас, судда ютиб чиқишимизга ишонаман. Мен топган материаллар олдида судя оғзини калишдай очиб, қораловчининг башарасига тупурворганини билмай қолади.
- Шунчалик ишончли далиллар топдингизми?
- Бўлмасамчи, мана қаранг. Экспертиза хулосасига кўра, пичоқ марҳумнинг бўйин томонига урилган, буни амалга ошириш учун қотилнинг бўйи узун бўлиши ёки марҳум ўтирган ҳолатда бўлиши керак. Бизда у пичоқ еганидан сўнг ерга йиқилиб, бошидан лат еганини исботловчи хулоса бор. Давроннинг бўйи эса отасиникидан анча пастлиги маълум. Демак, қотил бошқа одам.
- Лекин пичоқда унинг бармоқ излари бор-ку?
- Тўғри, лекин йигитча пичоқни қотиллик юз берганидан сўнг ушлаган бўлиши ҳам мумкин-ку. Мендаги маълумотга кўра қотиллик соат 20:15 ларда содир бўлган, Даврон эса уйга 20:30 лардан кейин келганини айтган.
- Экспертиза аниқ вақтини айтиб бера олмайди-ку барибир. Бирор соатга адашишини ҳисобга олмаяпсиз, лекин судя бунга эътибор бериши аниқ.
- Бундан бошқа исботларим ҳам бор, Чўмич. Марҳумнинг спиртли ичимликларга муккасидан кетганлиги, кўча-кўйда анча қарзи борлиги маълум. Пулини ундириш мақсадида уни ўлдиришган бўлиши ҳам мумкин, деган вариант ҳам бор.
- Сизда далиллар эмас, фақат таҳминлар бор экан-ку. Судда қуруқ гапга ишонишмайди. Конкрет далиллар керак, бу ишда ютқазишингиз аниққа ўхшайди.
- Кечирасиз-у, дўстим, жуда пессимист бўлиб кетибсиз. Мен ютқазмайман!

   Ниҳоят суд кунига ҳам етиб келдик. Судянинг келишини залда кутиб ўтирибмиз.
- Анави одамни кўряпсизми, Чўмич?
- Қораловчини айтяпсизми?
- Ҳа, ўша. Чорсудаги Баҳром сартарошда сочини тўғирлатганига қараганда, ўша томонларда, менимча, Себзорда яшайди. Кўйлагининг ранги шимига мос тушмаслиги ҳамда кастумининг орқасидаги чизиқдан у ёлғиз яшашини билиш мумкин. Оёқ кийими яхшилаб мойланиб, устидан қуруқ латта билан артилганидан, соатига тез-тез қараб қўйишидан бугун унинг мухим учрашуви борга ўхшайди. Йўқ-йўқ, учрашув эмас. Бугунги иш унинг мустақил биринчи иши. Шунинг учун чакка томирлари бўртиб чиқиб турибди, пешонасида тер пайдо бўлган. Бармоқларини эса тинмай қирсиллатмоқда. Исми Муҳиддин Комилов. 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, Тошкент Давлат Юридик Университетини тамомлаган...

   Қарасам Капгир ҳамма маълумотни телефонига қараб айтиб беряпти. Энгашиб қарасам телефонига қораловчининг резумесини расми турибди.
- Эээ, боринге, сиз унинг ташқи кўринишига қараб гапиряпсиз, деб ўйлабман, блин. Қаердан олдиз уни резумесини?
- Фейсбукдан. Профилининг ҳамма бандини тўлдириб чиқибди, эринмаган.

   Шу маҳал “Суд келмоқда, илтимос ўрнингиздан туринг”, деган овоз янграб қолди. Мана шуни гапирадиган одам, анча ойлик олса керак, деб ўйлайман. “Атак”, ишининг қийин томони йўқ, суд келяпти, кетяпти ўрнилардан туринглар, деб туради холос. Но маъсулияти катта дейишади.
Судя 45 ёшлардаги сочига оқ оралаган аёл киши экан. Қарашлари Қувасой цементдан ҳам қаттиқроқ.
- Хўш, демак айбланувчи Мамашокиров Даврон Пардабой ўғли. Ёши ўн саккизда. Отасини қасддан ўлдирганликда айбланмоқда. Барча далиллар унга қарши бўлишига қарамасдан, у ўз айбини инкор этмоқда. Ҳўш қораловчи, сиз нима дейсиз.
- Муҳтарам судя жаноблари, бу ишнинг ҳеч қандай ўйланадиган жойи йўқ, йигит ўз отасини ўлдирган. Шунга кўра қонунда белгиланган жазосини олмоғи керак.
- Окей. Айбланувчи шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаган, унинг ижтимоий хафвли оқибатларига кўзи етган ва уларнинг юз беришига онгли равишда йўл қўйганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 22 моддасига биноан 13 йилга озодликдан маҳрум этилади.

   Тақ! (Тақ-бу болғанинг овози) Суд тамом.

   Шундай деб ўрнидан туриб чиқиб кетди. Ие, бу нимаси? Суд шунақа бўладими? Нега адвокат, айбланувчи сўзга чиқмади? Гувоҳларчи? Қораловчининг далилларичи? Бунақа бўлмаслиги керак-ку?!
- Капгир, чорт побери, что это такое?
- Немогу знат. Суд тугаган кўринади.
- Нега тугайди? Ўттиз секундли суд ҳам бўладими ҳеч замонда? Судяни қайтаринг орқага, чаквоганми у нима бало. Бошидан бошласин.
- Биз ҳеч нима қила олмаймиз, Чўмич. Суд қарор қабул қилиб бўлди.
- Нега ҳеч нима қила олмас эканмиз, ахир бола бечора қилмаган айби учун бекордан бекорга қамалиб кетаверадими?
- Нега бекорга бўлар экан, ўзингиз барча далиллар унга қарши демаган эдизми?
- Унинг отасини мен ўлдирганман, Капгир, мен!
- Нимаа??? Вой жа...

То бэ коунтинед...
12 саҳифа. Унутилмас ўтмиш.

                «Македонскийни ўлдирган
                                                        чивин»
                        Ҳамидбек Юсупов


Ҳиндистондан то Ливия ва Болқонга қадар бўлган ҳудудларни қамраб олувчи улуғ империя асосчиси, шуҳратига Юлий Цезарь ҳам ҳавас қилган қўмондон Александр Македонский, шунча қирғинбарот жанглардан ўтиб, оддийгина чивин чақишидан ўлган. Ҳар ҳолда, «Дискавери» телеканали тақдим этган бир версияга кўра, милоддан аввалги 323 йилнинг 10 июнида Бобилда жон таслим этган бу фотиҳнинг ўлимига чивин сабаб бўлган.



Аниқроғи, бу чивин ўзи билан ўта юқумли ва оғир касаллик — Ғарбий Нил безгаги вирусини олиб келган ва бу хасталик енгилмас саркардани ҳаётдан олиб кетган экан. Америкалик тадқиқотчилар — Виржиния штати соғлиқни сақлаш департаменти эпидемиологи Жон Марр ва Колорадо штати университетининг юқумли касалликлар бўйича мутахассиси Чарльз Кэлишер шунга қаттиқ ишонишмоқда. Улар бу фаразларини юқумли касалликларга бағишланган «Emerging Infectious Disaeses» ахборотномаси саҳифаларида илмий жиҳатдан асослаб беришган. Майли, бу масалага ҳали қайтамиз, ҳозирча эса империянинг таназзулига сабаб бўлган ўша ўлим тафcилотларига тўхталсак.
Ўшандан бери ўтган деярли икки ярим минг йиллик муддат ичида буюк саркарда тўғрисида юзлаб, ҳатто минглаб китоблар ёзилган. Бу масалага бағишланган барча жиддий тадқиқотлар антик давр тарихчиларининг ёзиб қолдирган асарларига суяниб олиб борилган. Ўша қадимий тарихчилар эса Александр саройи кундаликларидан ва унинг лашкарбошилари китобларидан фойдаланиш ҳуқуқи ва имкониятига эга эдилар. Аммо бу кўҳна кундалик ва солномалар илк манбалар бизгача етиб келмаган. Мазкур тарихнавислар — биринчи навбатда қуйидагилар эди: Квинт Энний Флавий Арриан (тахминан эрамизнинг 95-175 йилларида яшаган), Плутарх (тахминан 45-127 йиллар) ва Сицилиялик Диодор (тахминан эрамиздан аввалги 90-21 йиллар). Уларнинг учаласи ҳам Афина ҳокими Гегесий томонидан уюштирилган 114-олимпиада ўйинлари даврида — Десий ойида бўлиб ўтган воқеаларни деярли бир хил тарзда тасвирлашган. Бу кўрсатилган вақт ҳозирги ҳисоб бўйича эрамиздан аввалги 323 йил май ойининг охирлари, июннинг бошларига тўғри келиб, ўшанда мағлубият нималигини билмас Александрнинг ҳаётини касаллик икки ҳафтадаёқ поёнига етказиб қўйганди.
Безгак умуман кутилмаганда бошланди: бу пайтда Бобилда шоҳона зиёфат авжида бўлиб, бир неча кундан сўнг Искандарнинг қўшини Арабистон орқали Ғарбга юриш бошлаши режалаштирилганди. Шу мақсадда Ўрта Ер денгизи соҳилларидаги провинцияларда сон-саноқсиз кемалар Италия, Сицилия, Иберия ва Африкани забт этиш учун жанговар сафарга тайёрлаб қўйилганди. Бобилда жойлашган флот эса Африкани жанубдан айланиб ўтиб, Геркулес устунлари орқали Ўрта Ер денгизига кириб келиб, Карфагенга ғарбдан ҳужум қилиши керак эди. Кўҳна тарих бунчалик катта ҳарбий амалиётга гувоҳ бўлмаган; замонамизнинг йирик тарихчиларидан сэр Арнольд Тойнби ўзининг «Ўшанда Александр ўлмаганида эди...» деб номланувчи ҳикоясида шунга ишонч ҳосил қиладики, Ўрта Ер денгизи ҳавзаларини забт этиб бўлгач, у Ҳиндистон фатҳини ҳам тугатиб, ўз империясига Хитойни ҳам қўшиб олган бўларди. Ахир, ўшанда у ҳали 32 ёшда эдида.
Хулласи калом, ҳолдан тойдирувчи безгакнинг биринчи хуружидан кейин навбатдагилари бостириб кела бошлади. «Касаллик зўрайди; табибларни чақиришди, лекин ҳеч ким ҳеч бир восита билан ёрдам бера олмади», дея ёзади Диодор. Ҳарбий сафар буйруғи бекор қилинди. «У саркардаларини танирди, аммо уларга ҳеч нарса деёлмасди; аллақачон унинг овози чиқмай қолганди», дея таъкидпайди Арриан. «Дастлаб, унинг заҳарланганига ҳеч ким шубҳа қилмаганди», дея гувоҳлик беради Плутарх.
Александрни текширган табибларнинг барчаси ўша пайтда унга фақат безгак ташхисини қўя олишган. Ярим олам ҳукмдори бўлмиш бу жаҳонгирнинг ичадиган шаробига зиёфатда заҳар қўшиб берилганлиги, бу ишга гўёки унинг устози Аристотель (Арасту)ҳам аралашганлиги ҳақидаги гап-сўзлар эса орадан олти йил ўтгачгина пайдо бўлган. Бу миш-мишлар туфайли кўпчиликни қатл этишган (файласуф Арасту ҳам шогирдининг ўлимидан бир йил ўтиб вафот этганди). Заҳарланиш тўғрисида ёзаркан, Арриан шундай дейди: «Мен буларни билганим учунгина ёзяпман, бу хабарга ишонганим учун эмас». Плутарх ҳам бунга ишора қилган: «Заҳарлаш воқеасини кўпчилик уйдирма деб ҳисоблайди». Заҳарларнинг айрим турларигина тана ҳароратининг ошишига сабаб бўлади, узоқ муддатли безгак келтирувчи заҳарлар эса ўша пайтларда маълум бўлмаган, дея изоҳ беришади Марр ва Кэлишер юқумли касаликлар ахборотномасида:
Ўша пайтдаги манбаларда Александрнинг ўзи ҳақида ёзиб қолдирилган маълумотларга таянган кейинги айрим мутахассислар унинг тиф (ичтерлама)га чалинганлигини тахмин қилишади, бирок, тадқиқотчиларнинг кўрсатишларича, бу касаллик ўта юқумли; унинг Бобилда кенг тарқалганлиги ҳақида сарой йилномачилари ҳеч нима ёзиб қолдирмаганлар. Марр ва Кэлишер шунга асосланиб, грипп, малярия, шистосоматоз, туляремия, энцефалит, эндокардит каби бир қатор касалликлар тўғрисида ran ҳам бўлиши мумкин эмаслигини келтиришади.
Шу пайтгача аввалги тадқиқотчиларнинг эътиборидан четда қолиб келаётган Плутархнинг қуйидаги қайдлари янги версия муаллифларининг диққатини ўзига жалб этди: «Шаҳарнинг (Бобилнинг) дарвозаси олдига келиб, у қарғалар тўдасини кўрди; улар ҳар томонга учишар ва бир-бирларини чўқишарди. Бир нечта қуш унинг ёнига тушди». Айнан мана шу икки жумла туфайли тадқиқотчилар Гарбий Нил безгаги ҳақида ўйлаб қолишди. Чунки бу юқумли касаллик нафақат инсонларга, балки қушлар, айниқса, қарғалар тўдасига ҳам ҳужум қилади.
Тиббиётчилар ўз тахминларини ГИДЕОН (GIDEON — умумжаҳон юқумли касалликлар ва диагностика тармоғи) номли электрон ташхис дастурида текшириб кўришди. «Биз Александрдаги барча симптомларни киритиб, қушлар тўғрисидаги маълумотларни ҳам қўшганимизда жавоб юз фоиз Гарбий Нил безгаги касаллигини тасдиқлади», — дейди Кэлишер «Nature» журналига берган интервьюсида. Бунгача Александр ўлимини текширган олимларнинг мазкур касалликни аниқлай олмаганларининг сабаби оддий: Ғарбий Нил безгаги касаллиги 1999 йилда, тасодифан АҚШ ҳудудларига келиб қолгандан кейингина жаҳонга маълум бўлган. Ўша йилнинг ўзида бу касаллик вируси 240 нафар америкаликни ҳаётдан олиб кетди, бу безгакка чалинганлар сони эса, мамлакат Соғлиқни сақлаш министрлиги берган маълумотга кўра, 9000 нафарга яқинлашади.
Мазкур касаллик Осиё ва Африканинг кўплаб мамлакатларида аввалдан тарқалиб турган, бироқ 1937 йилга келибгина Угандада унинг тавсифи ишлаб чиқилган. Ироқдаги чивинларнинг уч тури ушбу вирус ташувчилари ҳисобланади. Бу хасталик уч кундан то уч ҳафтагача давом этиши мумкин, унинг инкубацион даври ҳам худди шундай. Дарвоқе, Арриан берган маълумотга кўра, Мидиядан Бобилга қайтган Александр кўлларда «кемани ўзи бошқарган ҳолда» сузган. Мазкур кўллар атрофидаги ботқоқликлар эса вирус ташувчи чивинларнинг кўпайиш жойи ҳисобланади. Безгак одатда фақат организми нимжонлашиб қолган кишиларнигина ўлимга олиб келиши мумкин. Аммо илгари ҳам ичишни канда қилмай келаётган ёш подшо ўз умрининг кейинги ойларида шароб ичишда меъёрдан умуман чиқиб кетганди; мунтазам шаробхўрлик эса нафақат жангу жадалларда чарчаган шахснинг, балки одатий юмушлар билан банд бўлган кишининг ҳам баданини толиқтириб қўяди.
Албатта, бошқаларнинг сўзига ишонган ҳолда аниқ ташхис қўйиш унчалик тўғри эмас. «Аммо Марр ва Кэлишернинг тахминлари жуда мантиқли ва ишонарли кўринади», дейди Род-Айленд университети эпидемиологи Томас Мейтер «Nature» мухбирига.
Шоҳнинг ўлимидан сўнг унинг саккиз нафар қўмондони (диадохлари) империяни ўзаро тақсимлаб олишди. Александр ўзини Мисрнинг Сива воҳасидаги илоҳ Амон Ра эҳромига дафн этишларини хоҳлаганди. Аммо Мисрга эга чиққан Птолемей ўз пойтахти Александрияда унга мавзолей қурдирди. Мақбара мазкур шаҳарга асос солган, маъбудлар билан тенг тутилган ҳукмдорга муносиб тарзда қойилмақом қилиб қурилган. Кейинчалик зиёрат қилган Юлий Цезарь бу мақбарага қимматбаҳо туҳфалар бахш этган. Император Август Александрнинг бошига тилла гулчамбар қўйдирган. Император Калигула бўлса, аксинча, подшонинг кўкрак безагини ўзлаштириб олиб, тантанали маросимларда уни тақиб юрган. Бу мақбарага Рим императорларидан сўнгги бора эрамизнинг 215 йилида Каракалла ташриф буюриб, ўзининг шоҳона тўни ва қимматбаҳо безакларини ҳадя этган.
Шундан кейин бу мақбара тўғрисида ишонарли маълумот учрамайди. 392 йилда Византия империясида насронийлик давлат дини даражасига кўтарилгач, Апександрияда ҳам эски динларга мансуб ибодатхона ва меъморий ёдгорликлар йўқ қилина бошлади. Кўпчилик тарихчиларнинг фикрига кўра, 397 йилда Александрнинг мақбараси ҳам бузиб ташланган, бироқ бу фактни тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ.
Афсоналардан бирида айтилишича, Македонскийнинг мўмиёланган жасади солинган тобут Александриядан махфий олиб кетилиб, яшириб қўйилган. Уни қидириш ишлари эса асрлардан бери давом этмоқда. Ўтган асрнинг ўзида унинг қабрини топиш учун расмий тарзда 150 га яқин илмий экспедиция ташкил этилган. 1805 йилдан бери етти бора, жумладан, 1990-йилларда ҳам икки марта унинг топилганлиги эълон қилинди. Аммо Александрнинг тобути ҳозиргача топилган эмас.
19 саҳифа. Бир воқеа...

                 «Қорли оқшом тушлари»
                       

Изғирин қиш оқшоми. Совуқга чидаб бўлмайди. Қақшатгич изғирин изиллатаяпти. Онда-сонда йўлдан ўтаётган йўловчилар палто-пўстинларининг ёқасини кўтариб олиб, тез-тез юриб кетаяпти.  Биров уйига шошиляпти, бирови бориши зарур бўлган жойга ошиқаяпти, йўловчиларнинг бари кўчада мажбуриятдан юрганлар эди. Фақат совуқни писанд қилмаётган ўйинқароқ болалар ҳар томонга чопар, қорбўрон ўйнардилар. Совуқ тун завқини шу беғубор болалар туяётгандилар. Бир бирига юмалоқланган қор отиб кулар, шодон қийқирардилар.
Лекин шу атрофда яна бир бола бор эдики, унга ўтган-кетган эътибор бермас эди. Кичкинагина қизалоқ эди у. Бошяланг, кийимлари йиртиқ-ямоқ, йўқсилгина қизча. Эшик олдида мунғайиб, оёқларини қучиб, совуқдан қалтираб, дийдираб ўтирарди. Қизалоқ устида ўтирган тош муздай совуқ эди.
Мурғак қизалоқ гўёки бир муз парчасига айланган эди. Олдига қўйилган қути қопқоғи устига терилган гугурт қутиларига термулиб ўтирган қизалоқнинг кўзларидан совуқданми ё йиғиданми ёшлар оқарди.
Қизалоқ гугурт сотарди. Ўша куни ҳатто бир қутигина ҳам гугурт сота олмаганди. Сотиб бирор чақа пул топса, уйига кирар, онаси билан бирга бир косагина ёвғон шўрва ичарди. Кетолмасди. Чунки кун бўйи битта ҳам гугурт сотолмаганди. Совуқдан, аламдан титраганча, ғамгин, ингичка овозда “Гугуртлар бо-о-ор” дея бақирарди. Аммо кўчадан ўтаётганларнинг ҳеч бири бошини кўтариб унга қарамасди.
Ҳеч бўлмаганда оёқчаларида шиппак бўлса эди-я. Бироз аввал кўчама кўча кезаётиб, шиддат билан келаётган автомашина олдидан югуриб ўтган эди, шиппаклари оёғидан учиб кетди. Машина ўтиб кетгач, орқасига ўгирилиб шиппакларини олмоқчи бўлди, аммо бир безори бола уларни олиб қочаётгани кўрди. Орқасидан чақирганди, бола қочиб кетди.  Гугурт сотадиган қизалоқ бир уйнинг кираверишида, қунишибгина ўтирди. Бармоқлари совуқдан қотиб қолган эди. Совуқнинг иззиллатаётган оғриқларига дош беролмади қизча. Қутилардан бирини очиб, гугурт донасини олди. Бармоқлари увишиб, гугурт чўпини аранг тутиб турарди. Қўллари титраб гугуртни деворга сийпалади. Ўт олди, ёқимли, иссиқ оташ. Шўрлик қизалоқ гугурт чўпини бир қўлидан иккинчи қўлига олиб, бармоқларини иситди. Қўли исиганди гўё ичига ҳам тафт киргандай бўлди. Худди гур-гур ёнаётган ўчоқ қаршисида тургандек тани яйради. Гугурт оловига тикилганча рўёларга берилди; Шинам бир хонада, иссиқ ўчоқли печ олдида ўтирарди. Орқасига қалин, жунли рўмол ташлаган, оёқларида пахмоқ, иссиқ шиппак кийган эди...
Исиди, ҳатто терлай бошлади. Гугурт чўпи сўнарди. Унинг сўниши қизалоқнинг ширин хаёлларини ҳам тўзғитди. Қизчанинг бармоқлари яна совуқдан қотиб, жизиллаб оғрий бошлади. Яна бир гугуртни ёқди. Шу орада совуқ шамол эсди. Гугурт чўпи сўнишидан чўчиган қизалоқ деворга ўгирилди ва бир қўли билан чақнаётган ўтни пана қилишга уринди. Оловга тикилар экан гўё қаршисидаги девор олиниб, оралиқ очилди. Ичкари кўринди. Хона кенг эди. Қордек оппоқ дастурхон ёзилган хонтахта устида ҳар хил тансиқ ноз-неъматлар иштаҳани қитиқлаб, кумуш шамдонлардан таралаётган нур хонани ёритаётганди. Қизалоқнинг кўзлари дастурхон ўртасидаги  қип-қизил қовурилган товуқ гўштига тушди. Оғзининг суви оқди. Қўлларини дастурхонга узатди. Гугурт чўпи ёниб-битганди. Бармоқларини куйдирарди. Қизалоқ чўпни ерга отиб юборди. Чўп билан бирга дастурхон ҳам ўчди-кетди. Кўз олдида тош девор яна аввалги ҳолига келди.
Учинчи гугурт чўпи яна бошқа тушларни пайдо қилди. Ёз оқшоми. Қизалоқ қирда, дарахт тагида ўтириб юлдузларни томоша қиларди. Тун бўлса-да ҳаво иссиқ. Остидаги тупроқ кундузи қуёшдан қовжираган, тандирдек ёнади. Қизча кўзларини юлдузлардан олмасди. Кўршапалаклар ҳар ёнга учар, қурбақалар қўшғини куйлаб тинмасди. Шу пайт бир  юлдуз учди. Кўк юзида камон тортиб, узоқлашиб сўнди.
Қизалоқ “Эҳ, яна кимдир ўлди” дея минғирлади.  Момоси “Осмонда юлдуз учса, ерда кимдир ўлади” деганди. Момосини кўриш учун яна бир гугурт чўпини ёндирди. Совуқдан хотираси узилган, мияси идрок этмасди. Қизалоқ йўл ўртасида турганини билмас, рўёларга берилган эди. Гугурт чўпи оловининг оташлари ичида момосини кўргандек, овозини эшитгандек бўлди.  Ана, момоси келяпти.  Паға-паға ёғаётган қорлар орасидан оппоқ фаришта каби ерга қўнаяпти у. Келди... Келди... Қўлларини очиб неварасини қучоқлади ва олди, осмонга кўтарди...
Эртаси куни эрталаб йўлдан ўтганлар бир уй остонасида қотиб қолган қизчанинг ўлигини топиб олдилар. Боши устида бир нечта гугурт доналаридан бўшаган қутилар ётарди.
Шўрлик қизалоқ, исиниш учун гугурт доналарининг ҳаммасини ёқибди,- дейишди одамлар. Аммо бу чўплар оташида қизалоқ қандай ширин тушлар кўрганини билмасдилар...

Турк тилидан Умида Адизова таржимаси.
                
18 саҳифа. Олтин қалам.

              «Ўзимиздан чиққан ўзимиз»
                        Салим Айюбий



Биз Румийни олдириб қўйдик,
Фаробий ҳам кетди билгандай.
Бобурни ҳам яхши эсларсиз,
Кетди юртдан, сиғмай қолгандай.

Ҳинд юртида шох эди, аммо,
Қалби "юртим" дея бўзлади.
Битикларин кўрдингизми ҳеч -
Андижондан йиғлаб сўзлади...

Марғиноний қадрига етмай,
Чанг бостирдик китобларини.
Минг йилдирки дунё эъзозлар
Ҳидоядан хитобларини.

Бухорий ҳам сиғмади бизга:
Фитна қилдик, тош отдик, "кетсин",
Бизда чаламулла етарли,
Бошқа биров қадрига етсин.

Ҳиндистоний Домлани ҳам биз
Қолдирмадик, кетди, қутулди.
Орамиздан топмаган таскин
Ўзга юртда манзур кутилди.

Тинч қолмади Улуғбеклар-у,
Фарғонийлар Нил тараф кетди.
Шайҳур-Раийс ибн Синонинг
Қадрига ҳам Ҳамадон етди.

Лек буларнинг ҳаммаларини
"Биздан!" дея кўкрак керамиз.
Уялмасдан қошимиз кериб,
"Мана, бизда! Бизлар!!!" деямиз.

Чўлпон, Фитрат, Қодирий қани,
Шермуҳаммад, Мадаминбеклар?
Кимга сотдик, қани айтингчи,
Ўзимиздан чиққан ўзбеклар!?
          ***     ***

                 «Энамга»
              Умму Амина


Гоҳ сезилар шу таним ичра,
Товонгача сирғалади жон.
Кўзга уйқу инмаган кеча,
Энам бўлар унда номоён.

Олиб кетар олис қишлоққа,
Мен ғарибни ҳаёл йўлаги.
Туюлади ҳудди димоққа
Урилгандек энамнинг ҳиди.

Узун эди икки ўрим соч,
Ташласалар тушар тақмига.
Етмас эди мен ёйган қулоч
Қучганида босиб бағрига.

Чаккасига тақарди райҳон,
Бошларида рўмоли оппоқ.
Кўйлагининг қаеригадур
Осиларди қалампирмунчоқ.

Ҳаловатим олган замонда
Ҳеч нарсага кетмайди кўнглим.
Энам кийган кўйлак жавонда,
Келар шуни кўзимга сургим.

Гоҳ тушимга киради энам,
Бошим силар... сезсалар керак.
Ўхшар мисли субҳ осмонига
Эгнидаги кўк шойи кўйлак.

Энди борсам қишлоққа ҳеч ким
Йўл қарамас энамдек муштоқ.
Менинг учун пишириб тухум
Сут бетидан олинмас қаймоқ.

Ҳозир оғир хотира - ўтмиш,
Юрагимга беради санчиқ.
Бизни олди дунёвий юмуш,
Энамгачи - ҳасса суянчиқ.

Шу ҳассада мен учун атай,
Қоқардилар олма, зардоли.
Эслаганда бўлмас соғинмай,
Тилда қолган ўшанинг таъми.

Борсам агар қишлоққа аҳён,
Ҳар нарсани қўяман силаб.
Ё обдаста, ё қорақумғон
Хизмат қилган энамга йиллаб.

Энам юрган дамда ҳовлида,
Синмас эди беҳуда таёқ.
Бутун эди менинг кўнглим ҳам
Армонлардан тушмаган бир чок.

Мен олислаб кетдим қишлоқдан,
Гарданимда дунёнинг жабри.
Келаверсам кўзга узоқдан
Кўринади энамнинг қабри.

Шаҳар шовқин, кўпдир оломон,
Ҳар нарсани топдим, биргина,
Шунча одам ичра сиз каби
Битта одам топмадим, Эна!

Чекдингиза қанча машаққат,
Беҳиштларда шодумон юринг.
Мен бир куни қайтаман...
Фақат...
Ёнинггиздан жой олиб қўйинг... 
17 саҳифа. Ҳикоя.

                 «Орзулар сурати»
                       Азиз Нур



Хотира ўчоғимни титиб кўрсам, ортда қолган умримнинг энг ёқимли лаҳзалари бўлиб, болалигимнинг шодон кунлари чўғдай ловланиб кўз олдимга келади. Ўша сигирларимиз ўтлаб юрадиган Маржонсойнинг яйдоқ далалари, ҳар баҳорда қизил рўмол ўраган қиздай товланувчи бепоён адирлар, момоларнинг кўп чўмилмаслигимиз учун атайдан аждаҳоси бор деб қўрқитадиган катта анҳор ва ўша оқ-сариқдан келган, Худо юзини беаёв сепкил билан сийлаган маллавой ўртоғим Жўрақул! Гоҳида синфдошларим Жўрақулни исмини унутиб қўйишмаганмикан деб ўйлаб қолардим. Синфда ҳамма уни Патир, Малла деб чақирарди. Шундай бўлсада, бу беғам ўртоғимни бирор марта хафа бўлганини кўрмаганман. Биринчи синфлигимизда иккита ёнғоқ алмашиб, жўра тутингандик иккимиз. Сен менинг энг яхши жўрамсан, дерди гоҳида. “Жўра сенсанку, жўра”, деб елкасига қўл ташлаб кулардим мен ҳам.

   Ҳар куни мактабдан қайтиб, кечки салқинда молларимизни далага ҳайдар эдик. Молларни қўйиб юбориб, қуёш ботаётган томонга қараб, катта-катта орзулар қилиб ўтирардик. На онасини эмиб қўяётган бузоқлар, на биздан нарида чиллак ўйнаётган болалар бизни орзуларимиздан чалғита оларди.
- Катта бўлсам зўр одам бўламан. Катта уйларни расмини чизиб қурадиганлар бор-ку, ўшанақаликка ўқийман.
- Архитектор дейишади унақаларни. Ўзимча билимдонлигимдан мағрурланиб қўяман.
 -Ҳа, худди ўшанақа. Икковимиз учун баланд-баланд иккита уй қураман. Шокир бойваччаникидан ҳам баланд бўлади. Кейин сен ҳар куни мени чақириб чиқасан. “Жўрабойвачча, ҳо-о-ов Жўрабойвачча, юринг нарда ўйнаймиз”, деб.
- Нимага нарда ўйнаймиз? Биз нардани билмаймизку?
- Эй, ўқимаган, билмайсанми? Ҳамма бойлар нарда ўйнайди-ку, биз ҳам шунақа қиламиз-да.
- Ҳаааа, - дейман оғзим очилиб.

   Ўзимча иккимизни ҳар куни чойхонада нарда ўйнаб ўтирадиган, одамлар судхўр дейдиган Шокирбойвачча билан, шаҳардан пиво, вино, яна алламбало ичимликлар олиб келиб сотадиган Ҳалил чайқовчини ўрнида тасаввур қилиб, пиқ этиб кулиб юбораман.
- Нега куласан?
- Бизниям катта-катта қоринларимиз бўладими? - қорнимга шапатилаб қўйиб қотиб-қотиб куламан. Жўрақул ҳам кулади.
- Сен ким бўласан катта бўлсанг?
- Менми? Мен... Рассом бўламан. Малоҳат маллим айтди-ку, рассомлар буюк қалб эгалари, деб. Менам буюк бўламан.
- О-о-о, - дейди Жўрақул оғзини очиб. - Мениям расмимни чизасан-а? Ҳалиги телевизорда кўрсатадиган ҳайкал бор-ку, ўшанга ўхшаб туриб бераман, - деганча, бир қўлидаги таёқни баланд кўтариб дўнглик устига чиқиб олади.
- Бўпти, бўпти чизаман, - дейман кулиб қўйиб.

   Ана шундай ўтарди бизнинг кунлар. Орзулар, кулгулар билан. То биз узоқ шаҳарга кўчиб кетмагунимизча... Кетар чоғим эсимда. Дўпписини тўлдириб эчки сутидан қилинган қурут олиб келганди.
- Шахарда бунақаси топилмасмиш. Энам айтди... Энди қайтиб келмайсанми?
- Билмадим, Жўра. Дадам қайтмаймиз деди. Лекин мен келиб тураман. Келмаган тақдиримда ҳам сени унутмайман.
- Унутиб ҳам кўр-чи? - ёлғондакам пўписа қилиб муштини кўтаради менга.
- Сен энг яхши жўрамсанку, Жўра. Сени унутармидим?!
- Сен расм чизишни ўрганиб кел, мен ҳалиги сенга айтган уйларимни қуриб тураман. Кейин расмимни чизасан-а? Эсингдан чиқиб қолмасин, - хомуш тортиб қолади. Маҳкам қучоқлаб оламан.
- Чиқмайди Жўра, чиқмайди...

   Шу бўлди хайрлашув. Шахарга кўчдик, ундан бошқасига. Ҳар кўчганимизда Маржонсойдан узоқлашиб боравердик. Лекин хаёлларим Маржонсойда, ўзимизнинг далада, энг яхши жўрам Жўрақулда қолаверди... Жўрақулни энаси адашган экан. Шаҳарда эчки сутидан қилинган қурутлар бор экан. Аммо уларнинг ҳеч бири менга Жўрақул берган қурутлардай тотли туюлмади... Мен ваъдамда турдим. Жўрақулни бир кун бўлса-да унутмадим. Ўтаётган кунлар, ойлар, йиллар мени хотираларимдан узоқлаштирмас, аксинча борган сайин уларга яқинлаштириб борарди. Ана шу хотиралар қуршовида рассом бўлдим. Бу орада Маржонсойга бир неча маротаба бордим, Жўрақуллар кўчиб кетишибди. Одамлар уларнинг на янги манзилини билишди, на улар ҳақида бирор хабар. Ўз хотираларим, ўзим чизган Маржонсойнинг турфа манзара суратлари билан ёлғиз қолдим. Лекин бу суратларнинг ҳаммасига нимадир, кимдир камлик қиларди. Тунлари еттинчи қаватдаги уйимиз балконига чиқиб олиб, кўзимни юмганча хаёлан Маржонсойни томоша қилардим. Ўт-ўланларнинг бурунни қитиқловчи бўйини олиб келувчи шабода, чигирткалар хониши, онда-сонда девор қўшнимиз Соли отанинг беданаларининг сайраб қўйиши, ҳамма-ҳаммаси атрофимда бўлаётгандай туюларди.

   Хотираларимга ўраб, олий вақт хивчини аёвсиз савалаётганини, ойнадаги илк ажинларимдан сезиб юрган пайтимда телевизорда таниш исм эшитилди: “Жўрақул Болтаев - йилнинг энг яхши тадбиркори”...
Ундан уёғини қулоқларим эшитмади. Жўрақул Болтаев, Жўрақул Болтаев... Ахир бу Жўрақул-ку, менинг энг яхши жўрам-ку! Бир неча кунлик уринишлар билан топилган манзилга қушдай учар пайтим, мўйқалам-у, қоғозларни олишни унутмадим. Ахир уни олдига рассом бўлиб бормасам, ваъдасида турмабди, деб ўйламайдими? Қаранг-а, бир шаҳарда яшаб, наҳот шунча йил кўрмабмиз бир-биримизни? Роса қидиргандир мени у ҳам. Айтилган манзилга боришим билан биринчи учраган инсондан Жўрақулни сўрадим.
- Жўрабойваччаникими? Ҳов ана, томи кўриниб турибди-ку, ўша уй.

   “Оббо жўражон-ей, айтганингни қилибсанда. Яшавор, шоввоз!” дейман ичимда анча узоқдан ҳам кўриниб турган баланд уйга қараб.
- Жўрабойвачча, ҳов Жўрабойвачча. Чиқинг нарда ўйнаймиз.
Овозимни эшитиб, ичкаридан отилиб чиқади.
- Жўрам, жўражоним. Келишингни билардим. Ўзимнинг энг яхши жўрам.

   Узоқдан қучоғини очганча, шиппагини ҳам унутиб югуради мен томонга...

   Хаёлан бўлажак учрашувимизни шундай тассаввур қилиб кетардим. Ва ниҳоят, баланд ва ҳашамдор уйнинг катта дарвозаси олдига келдим. Юрагим тез-тез урар, негадир кулгим қистаб, кўзим ёшланарди. Ахир шунча йил-а?!
- Жўрабойвачча, ҳов Жўрабойвачча...
- Аббос, дарвозага қара. Агар яна маҳалладан ёрдам сўраб келишган бўлса, жавобини бервор, - дўрилдоқ овозда айтилган бу гапдан хаёлимни йиғиб олмасимдан, дарвозани қорачадан келган, кенг гавдали йигит очди.
- Келинг, ким керак?
- Менга... Менга Жўрақул керак.
- Шеф ҳаммага керак, сизга нима учун?
- Менгами?! Мен... Мен уни дўстиман. Рассом жўрангиз, десангиз танийди ўзи.
 - Кутиб туринг.

   Даранг этиб ёпилган дарвоза олдидан на кетишни, на қолишни билмай қолдим. Бироз вақт ўтиб қўлига узук таққан, калта шим кийган бир қориндор кимса чиқиб келди. Агар юзидаги сепкиллари сотиб қўймаганида, бу қоринбойни Жўрақул эканига ишонишим гумон еди.
- Жўрақул ўзингмисан? Жўражон-ей, ўзгариб кетганингни қара. Мени танидингми? Менман-ку, энг яхши жўранг...

   Мен кутган нарса бўлмади, Жўрақул сакраб-сакраб ўйинга тушмади, қучоқлаб олмади. Ясама такаллуф билан қучоқ очиб, уйига таклиф қилди.
- Оббо, сен-ей! Кир, кирақол уйга. Бир келибсан, меҳмоним бўл. Бир пиёла чой ич.

   Ҳашаматли уйга қадам босар эканман, мободо янглишмадиммикан, бу бошқаси эмасмикан, деб ўйланиб қолдим. Лекин таниди-ку, демак ўша... Бир пиёла чой деганлари каттагина меҳмонхонада ўн чоғлик кишига тайёрланган дастурхон бўлди.
- Шу шаҳарда яшаябсанми, яхши. Қайерда ишлаябсан? - лабига сигарет қистирганча сўради.
- Рассомман, - боягина тўлиб тошаётган гапларим тумандай тарқаб кетган, нима дейишни билмай, нуқул чой хўплайман.
- Рассом бўламан дердинг, бўлибсанда охири. Топиш тутишинг дурустми ишқилиб? Мана каминанг ҳам бизнес деганларидай қилиб қора қозонни қайнатиб турибман.
“Камтарона” жилмайди.
- Эй, сен расмингни чизаман дердинг-а? Чизасанми?
Юрагимда бир шулъа милт этди. Ҳар ҳолда, унутмабди-ку.
- Юр, юр. Ҳо-ов, анави фаввора олдида ўтирганимни чизгин. Бир кўрайликчи санъатингни.

   Ташқарига чиқдик. Атрофи анвойи гулларга бурканган мармар фаввора олдидаги ўриндиққа бориб оёғини чалиштирганча ўтирди. Қоғоз ва мўйқаламларни олар эканман, негадир қўлим титради: “Наҳот шу Жўрақул? Наҳот шу менинг энг яхши жўрам? Наҳот шунча ўзгарган? Нима сабаб? Бойликми, мансабми, ё атрофидаги одамлар?” Миям саволлар қуршовида, бармоқларим эса қоғоз устида...
- Тайёр бўлиб қолдими, рассом? Бир соат бўлди-ку.

   Ўрнидан туриб ёнимга келди-ю, нордон нарса егандай юзи буришди.
- Эй, сени томинг жойидами ишқилиб? Бир соатдан бери шунга ўтирдимми мен? Ҳа майли, менинг ишларим бор эди... Аббос, рассом акангни рози қилиб жўнатвор.

   Шундай деб ичкарига кириб кетди. Боя дарвозани очган йигитнинг туртишидан хаёлларим жойига келиб, суратга қарадим. Ҳайрат! Суратимда моллар ўтлаб юрган далада, ёш бола бир қўлида таёқни юқорига кўтарганча ботаётган қуёшга қараб турарди...
16 саҳифа. Машҳурлар сўзлайди.

             «Киану Ривздан эркакча
                                               фикрлар»



Мен, аслида, ҳаммадан беркитиши керак бўлган ўз турмуш ўртоқлари(аёллари)ни барчага кўз-кўз қилиш учун фоҳишалардек кийинтирадиган дунёдан жирканаман ва бундай дунёнинг бир қисми бўла олмайман.

У ерда ор-номус ва қадр-қиммат йўқ. У ердаги аёллар фарзанд кўришни, эркаклар эса оила қуришни истамайди.

У ерда она сути оғзидан кетмаган гўдаклар отасига тегишли машинага ўтириб олиб, ўзларини энг омадли деб ҳисоблашади ва озроқ обрў-эътиборга эга бўлган  ҳар қандай одамни оддий нотавон эканини исботлашга уринишади.

У ерда одамлар мунофиқларча қўлига алкоголли қадаҳ тутиб, ўз дини ҳақидаги  бир чимдим тушунчаси билан, Худога ишониши ҳақида оғиз кўпиртиришади.

У ерда рашк тушунчаси шарманда , камсуқумлик эса эса нуқсон саналади.

У ердаги одамлар севгини унутиб юборганлар, фақат энг муносиб  шерикларни излашади.

У ердаги эркаклар, йигитлар ота-онаси топган пулларни примитив мусиқа садоларига жилпанглаб, тунгги клубларда совуради. Қизлари эса шу учун улар билан севишади.

У ерда эркак ва аёл тушунчаси йўқолиб бўлган. У ерда буларнинг барчаси биргаликда ЭРКИН ТАНЛОВ деб аталади ва бошқа йўлни танлаганларга эса золим тамғаси босилади.

Мен буни шунчаки қабул қила олмайман!

Мен ўз йўлимни танлайман!


Муслим Мирзажонов таржимаси

15 саҳифа. Футбол мавзуси, иккинчи қисм.

              «Ли Гюн Хван...
                ёки кейинги бекат - виждон»
                      Ўткир Қаламтебратар


Фалсафа сўқимоқчи эмасман. Гап футбол ҳақида. Футболдаги энг оғриқли нуқтамиз тўғрисида! Бу нуқта борган сари йириклашиб катта, яхлит  қора доғга айланди. Айланаяпти.

Коинотдаги қора туйнуклар ҳақида эшитганмисиз? Дунёнинг мана-ман деган олимидан  "Самодаги энг даҳшатли ҳодиса нима?" - деб сўрасангиз, оладиган жавобингиз шундай бўлади: "Бу - қора туйнуклар. Улар - қазоси етиб ботиб кетган, ғойиб бўлган, йўқолган юлдузларнинг жойлари, сўнгги манзилидир".

Фазодаги мудҳиш физик ҳодиса менга ўзбек футболининг бугунги аянчли кўринишини эслатади. Масалан, агар келишилган ўйинларни — "қора туйнук" деб тасаввур қиладиган бўлсак, у  бир неча йиллардан бери мухлисларнинг орзу-умидларини, бахтиқаро истеъдодларни, футболдаги шавқу-шиддатни уч бошли аждарҳодек ўз комига тортиб келаяпти....

Қани, бизда, Ўзбекистонда ўша ҳайвонсифат махлуқ билан курашиб кўрингчи? Оғиз жуфтласангиз, тилингизни юлиб олади. Мабодо, юрак ютиб битта бошини кесиб ташласангиз, ўрнига янгиси ўсиб чиқади.  Фойдаси йўқ. Охири, ҳафсалангиз пир бўлиб, яратгандан инсоф сўраб қўя қоласиз. "Ҳар кимнинг ўз виждони ёки жиғилдонига ҳавола", - дейсиз камида. Қайда, аждарҳода виждон не қилсин!?

Ўтган йили Пахтакор-Металлург (келишилган) ўйини атрофида жуда кўп гапирилди. Ғинг десангиз, исбот сўрайдиганлар ҳам учрашувнинг ўта дидсизлик билан саҳналаштирилганини эгилибгина эътироф этди. Битта-иккита "темирчи" хўжакўрсинга жазоланди ҳам.

Аммо, "пахтакорчи"ларнинг ҳам гирибонидан олиниши тўғрисидаги "баландпарвоз" дўқ-пўписалар, кейинчалик "йиғлоқи" гўдакни бир муддат овозини ўчириш учун қилинганлиги сезилиб қолди. Хуллас, футболдаги "катта"лар келишганлар билан "келишиб кетди".

 Кейинчалик журналистларнинг юқоридаги "жазолаш ваъдаси" ҳақида  "катталар"га бот-бот эслатиши ҳеч нарсани ўзгартирмади. Ҳеч кимнинг виждони қийналмади.

Дарвоқе сарлавҳа ҳақида. 2012 йилда Жанубий Кореялик футболчи Ли Гюн Хван бутун умрга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилади. Сабаби — келишилган ўйинларда иштирок этгани эди. Бутун мамлакат олдида юзи қора бўлган Ли шармандаликка чидай олмайди ва ўзини осмонўпар бинодан ташлашга қарор қилади...

Умуман, ушбу мамлакатда келишилган ўйинларга қарши кураш кампанияси давомида шунга ўхшаш аянчли ҳодисалар яна икки-уч такрорланди. Бу билан кимгадир ўлим тилаш ниятим йўқ. Фақат, ушбу мамлакатда келишилган ўйинларга федерация, жамоатчилик, оддий халқ ва футболчиларнинг муносабатини кўрсатмоқчиман, холос.

Аввало, виждон уйғоқ бўлсин!


14 саҳифа. Футбол мавзуси, биринчи қисм.

             «Тс-с-с-с, мен ёзмадим, сиз
                                          ўқимадингиз!»


Ўзбекона эпиграф:
— Ҳа, майли, ўзбекчиликда!!!

Кейинги пайтларда “ўзбекчилик” дейишса асабим бузилади. Агар, мазкур термин — одамийлик, меҳр-оқибат, садоқат, меҳмондўстлик, кечиримлилик ва яна шунга ўхшаш ўзбек халқига хос самимий туйғулар, юксак ахлоқий фазилатларга нисбатан қўлланилса-ку, майли...Аммо, “таниш-билишчилик”, “ўзибўларчилик”, “порахўрлик”, “қоғозбозлик”, “бепарволик” каби иллатларга ҳам юқоридаги сўз билан нисбат берилишини ҳазм қилолмайман. Айнан мана шу иллатлар ҳар қандай соҳа, шу жумладан футболнинг ҳам энг ашаддий душманлари. Ишонмайсизми? Келинг, унда ишонтиришга ҳаракат қиламан:
***
2014 йилда Латвия полицияси ҳамда мамлакат Футбол Федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган рейдлардан кейин маҳаллий "Даугава" клуби (бир пайтлар бу жамоада Андрей Акопянц ўйнарди) мураббийи Иван Табанов ва клубнинг энг яхши тўпурари, миллий терма жамоа аъзоси Евгений Космачев келишилган ўйинларда қатнашгани учун қамоққа олинган.
2002 йилги Жаҳон чемпионатида Хитой дарвозасини қўриқлаган Цзян Цзинь, кейинроқ айнан ноқонуний ўйинлардаги иштироки учун 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Умуман, бунақа мисоллар қалашиб ётибди.
Хўш, бизда келишилган ўйинлар билан қандай курашилади. Бе, бизникилар курашсин-да! Ана, ҳали Жаҳон тажрибасида учрамайдиган ноёб миллий модел — “Келишилган ўйинларга қарши кураш” Қўмитаси ташкил этилган. Яқинда бир мураббийни “келишиб қўйгани” учун 3-4 ойга малака оширишга..., э, тфу, футбол доирасидан ташқарига чиқариб ташлашган эди. Бундан ташқари, яна биттасини, яъни ўша “келишувчи”нинг шеригини жазолашга омма олдида ваъда беришган...Шунақа! Ўзбекчилик кетмайди. Ўрган студент!
***
Жаҳон футболида мессиларни қидириб юришади, иқтидор чалажон бўлса “тирилтиради”, оқ ювиб, оқ тарайди. Камига ота-онасидан тортиб етти авлодигача пул беради. Бизда эса...бўлажак роналдуларнинг “бойвучча” оталари чўнтагидан пул чиқариб, клубларнинг кетидан чопиб юришади (ёки аксинча). Қурби етмай истеъдоди қўйни терисига сингиб кетганлар қанча...
***
“Олд траффорд” ёки “Энфилд” мухлислар ҳайқириғидан ларзага келади. “You are never walk alone” дея қўшиқлар куйлашади...Умуман, футбол — ҳақиқий байрамга айланади. Биздаги манзара эса қуйидагича: атрофини писта-пўчоғига тўлдириб ташлаган 50-60 тача одам, шулардан 5-6 тасини коллеж ёки лицейдан чақирилган ёлланма “барабанчи”, чамаси 6-10 тасини уйидан сазойи қилинган боши очиқлар, яна 50 фоизини офтобда қорайган миршаблар ташкил этади...Чалғиб кетдим, шунда қанча ҳақиқий мухлис қолди?!
***
Катта мақсадли жамоаларнинг 4-5 йил олдин ўртоқлик учрашувлари ўтказадиган рақиблари номи, ўйинлар санаси ва яна ҳоказолар аниқ бўлади. Бизга эса режа-пежанинг кераги йўқ. Шартта иккига бўлиниб, “оқ-теракми кўк-терак”ни бошлаворамиз. Демак мақсадимиз аниқ!
***
Англия терма жамоасига Рой Хожсон бош мураббий этиб тайинланганидан кейин 32 нафар футболчи мамлакат бош жамоасида дебют қилибди. Бизда эса... Биринчидан, жа унақа дебют қиворадиган футболчининг ўзи йўқ. Иккинчидан, дебют қилишга арзийдиган тўптепарларни излаб ҳам ўтиришмайди. Ана, “Пахтакор” бор-ку!
***
Бундан 2 йил аввал Истанбулда “Галатасарой” ўйинига тушиш учун роса хуноб бўлганман. У ёққа чоп, бу ёққа югур...(энди, шу, ўзимиздек деб ўйлаганман-да...). Кейин билсам турклар аллақачон билетларни интернет орқали сотишни йўлга қўйган экан. Бизда эса...Тссс! Терма жамоалар марказининг қулоғига бу “янгилик” етиб бормасин тағин. Шундоқ бизнес-а!
***
Дарвоқе, яна бир гап. Дунё футболида қаламтебратарлар, яъни журналистларнинг нуфузи жуда баланд. Федерациялар “шу овозинг ўчгурлар” нима ёзади ёки кўрсатади экан деб, безиллаб туради. Бизда эса журналистлар қалам эмас, бешиктерватарга айланиб қолган. Тўғрироғи, айлантириб қўйишган. Баргни устига чиқиб олиб, билинар-билинмас тебраниб ётади. Қани, бошини кўтариб кўрсинчи! Нима демоқчи эканимни тушундингиз-а?
Айтганча, бир пайтлар "Ювентус" келишилган ўйинларда иштирок этгани учун "Б" серияга тушириб юборилган эди, бизда эса одамларни келишилган ўйинлар борлигини айтгани учун "бадарға" қилишади...
***
Яна уялмай Жаҳон чемпионатини орзу қиламиз-а!
Тссс, мен ёзмадим, сиз ўқимадингиз!
Нима қилай, ўзбекчиликда!

«Чемпион» газетасидан олинди

пятница, 27 января 2017 г.

11 саҳифа. Қисқа пост ва ҳикматлар.


Жамият ҳақиқатдан қанчалик узоқлашса, ҳақиқат сўзчиларини шунчалик ёмон кўриб боради.

Жорж Оруэлл, ёзувчи.
          ***     ***

Эй мусулмон, "Одоб нима?" деб сўрайдиган бўлсанг, билки: одоб хар бир беодобнинг одобсизлигига сабр-тоқат қилишдир.

Мавлоно Румий
          ***     ***

Япония бош вазиридан мамлакатнинг технологик тараққиёти сири нимада эканлиги сўралганда, унинг жавоби қуйидагича бўлган: "Биз ўқитувчиларга вазирларнинг маошини, дипломатларнинг дахлсизлигини ва императорнинг ҳурматини бердик.
          ***     ***

Қалблар ҳам қозон каби ичидаги бор нарсаси билан қайнаб туради. Тиллар эса унинг чўмичидир. Киши гапираётганида тили қалбидаги нарсани олиб чиқади, яъни дилнинг таъмини баён қилади.

Яҳё ибн Маоз
          ***     ***

Билингки, иблис одамлар устига кирадиган энг катта эшик - илмсизликдир.

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ
          ***     ***

Агар бизга тиш ковлагич зарур бўлса бутун бир дарахтни кесишга ҳам тайёрмиз...

Роберт Лембке
          ***     ***

Ичимда мингга яқин шайтоний ҳисларим бор, лекин мен уларга хўжайинман. Фақатгина жаҳлим чиққан пайтда улар менга хўжайинлик қилишади.

Бернард Шоу
          ***     ***

Намозга кўп ундашди.
 "Нафақага чиққандан кейин астойдил ўқийман" деб туриб олди.
 Кеча кузатишди. Нафақага эмас...

Салим АЙЮБИЙ
          ***     ***

Баъзилар "Дуо қилишдан бошқа иложимиз қолмади", дейишади. Во ажаб! Аслида бундан кўра кучли нарса борми дунёда?!

Айман Ёғий
          ***     ***

- «Қандай қилиб бир соатда 1000000 сўм топиш мумкин» дарсини бошлаймиз. Қани айтингларчи семинарга неча сўмдан билет олдингиз?
- 10000 сўмдан.
- Неча киши билет олди?
- 100 тамиз.
- Раҳмат, дарсимиз тугади.
          ***     ***

Тизим йўқ, Улуғбек Убайдуллаевич! Номига ҳамма нарса - қарсак, қарсак, қарсак… Бу қарсак билан қаёққа борамиз?

Шавкат Мирзиёев
          ***     ***

Аҳмоққа аҳмоқлардек муомала қилмасанг у сени аҳмоқ деб ўйлайди.

Достон Мусаев
          ***     ***

Аллоҳ ёрдам беришни истаса, бизда илтижо қилиб ёлвориш майлини пайдо қилади.

Мавлоно Румий
          ***     ***

Ахмоқ билан тортишиш тўнғиз билан балчиққа беланиб курашишга ўхшайди. Бироз олишгач, тўнғизга бу ёқишини англайсан.

Абдул Аҳад


10 саҳифа. Қисқа ҳикоялар.

                  «Эшитганим...»
                  Салим Айюбий

 Ўзбек хонадонига араб меҳмон бўлиб келди. Бир-бирининг маиший шароити қизиқ туйилди шекилли, танишишяпти. Ўзбек: “Сизлар қайси вақт нонушта қиласизлар, тушлик, кечки овқатлар қачон?” леб сўрабди. Шунда араб унга жавобан: “Биз бир кунда уч марта дастурхонимизни соламиз: Эрталаб нонушта вақтида - қуёш чиққандан кейин, тушликда - пешиндан кейин ва учинчиси - оқшомда енгилроқ таом билан овқатланамиз. Сизларчи?” дебди. Ўзбек: “Биз бир мартагина дастурхон соламиз” деса, араб ҳайрон қолибди: “Ие, сизлар ажоиб халқ экансизлар-ку! Ҳавас қилдим. Қани энди айтингчи, эрталабми ёки кечқурунми?” Шунда ўзбек шундай жавоб қилибди: “Биз дастурхонни эрталаб солиб, кечқурун йиғиштириб оламиз”...

         ***     ***

                 «...қирқ ҳунар ҳам оз»
                  Шукуржон Исломов


 Стол ортида катта одам ва 2-3та аёллар ястаниб ўтиришибди. Олдинда ёшроқ йигитча.

-          Бизнинг даргоҳда ишлаш осон, деб ўйлаяпсиз, шекилли?

-          Йўқ, йўқ..

-          Кўпчилик билан тил топишадиган, уддабурон бўлишингиз керак.

-          Албатта.

-          Биласизми, пахта қачон яганаланади, терилади?

-          Биламан. Пахта даласида ўсганман.

-          Хўш, белкуракни ишлатишни биласиз?

-          Қайси йигит белкурак ишлатмаган дейсиз.

-          Супургини-чи?

-          Бу нимага керак?

-          Супуриш учун, албатта. Миниб учмайсиз-ку.

-          Қаерни?

-          Кўчани! Хўш, биласизми?

-          Албатта! Талабаликда супур-сидир ишларини бажарганман.

-          Мен бекорга кўпчилик билан ишлаш тўғрисида эсламадим. Маҳалладан тўловларга пул йиғиш, турли рўйхатларни олиш ишларига қўл-оёғингиз чаққон бўлиши керак.

-          Уддалайман. Котиблик иш бўптими.

-          Маҳалла аёлларининг юриш-туришига кўз-қулоқ бўлиб туришга тўғри келади. бошдан оёқ, ҳўў, ҳалигидек, рўмолга бурканиб, жуда узун кийиниб юрганларни огоҳлантириб туриш зарур.

-          А-а?...

-          Жуда калта кийинганларни ҳам.

-          И-и...Нега?

-          Яқинда янги топшириқ бўлди. Аҳоли яшаш пунктларида турли оқимларга аралашган шахслар, чет элдаги жангариларга қўшилишни мақсад қилганларни тутиб келишга ҳам масъулмиз.

-          Мен карате ва қўл жангига қатнаганман. Приёмларимни кўрсатиб берайми? Хий-я-а-а!! Гдиш-бдиш!!

-          Етарли.

 Шундай қилиб ёш ўқитувчи мактабга ишга қабул қилинди.
          ***     ***


              «Идол Брански»
                 Азиз Несин


Машинада Европадан Туркияга қайтаётиб, Югославия орқали ўтадиган бўлдик. Белградга яқинлашиб қолган эдик, йўл четида жойлашган бир хўжаликка кўзимиз тушди. Суриштириб билсак, бу ерда зотли итлар етиштиришаркан. Унинг эгаси бир югослав бўлиб, ўзи шу соҳада мутахассис экан. Хўжаликни айланиб чиқдик. Ҳар хил тоифали юзларча итларни кўрдик. Битта кучукча бизга маъқул тушиб, буни сотиб олмоқчи бўлдик. Эгаси уни туғилганига энди йигирма кун бўлганини, ўзи эса Лондонда бўлиб ўтган кўрикда биринчи ўринни олган Идол Брански лақабли итнинг зурриёти эканини айтди. Хуллас, иккинчи Идол Бранскини сотиб олдик. Бизга кучукча билан бирга унинг насл-насаби ёзилган гувоҳномани ҳам беришди.

Кучукчани уйга олиб келдик. Ойим уни уй ичида сақлашга кўнмади. Ноилож ҳовлидаги каталакка қамаб қўйдик. Идол Брански ёнидан жилишимиз билан шунақаям уввос кўтардики, асти қўяверасиз. Туни билан гоҳ чийиллаб, гоҳ увиллаб чиқди. На ўзи ором олди, на бизга ва на қўшниларга тинчлик берди. Эртаси куни тоза бошимиз қотди. Кун бўйи унинг ёнидан жилмадик. Кечаси яна ҳаловат бўлмаслиги аниқ эди.

Яқин танишларимиздан бири маслаҳат берди:
— Қўнғироқли соат бор-ку, шуни тўрвага солиб, ёнига қўйинглар-чи, ғингшимаса керак.
Айтганини қилдик. Идол Бранскининг акиллаши тинди. Туни билан чурқ этгани йўқ. Эрта билан уйғонгач, ўлиб-нетиб қолмадимикин, деган хавотирда катагига бориб аста мўраладик. Соат солинган тўрвага бошини қўйиб, тинчгина ухлаётган экан.

Шундан кейин ҳар куни кечқурун буни такрорлаб турдик. Кечалари тортқилаб ўйнарди. Бора-бора Идол Брански улғайиб, соатсиз ухлайдиган бўлди.
Бир куни бизга маслаҳат берган ўша танишимиздан бунинг сабабини сўрадик. У ўзи бу ишни қилиб кўрмаганини, лекин бир китобда шу ҳақда ўқиганини айтди. Китобда ёзилишига кўра кучук боласи соатнинг тиқирлашини онасининг юрак уришига ўхшатар экан. Маълумки, кучук болачалари одатда онасининг қорнига бошини қўйиб ётади. Демак, Идол Брански соат солинган тўрвага бошини қўйиб ухлашининг сабаби ҳам шунда.

                        
9 саҳифа. Бир қоп кулгу.

               Дима Қаюм ҳазиллари


 “Ўтмишдаги ширин хотираси эслаш учун баъзан битта кушиқ кифоя” деб турсам, “Уммон” қушиғини қуйворишганди... букиб қолган эшагим эсга тушди.
           ***     ***

 “Хотин, нима овқат қилдинг?” десам, “Спагетти”, деди. Роса иштаха билан турсам, бир лаган макарон олиб келди. Номи чет элники бўлса, макаронни ҳам еворасан экан-ей.
          ***     ***
 Агар Жаҳонгир Позилжонов режиссёр бўлса, унда мен Трампман!
          ***     ***

 Суюнчи! Суюнчи! Бизда банкомат қўйилармиш, хотинлар айтди!
          ***     ***

Иккита футбол ишқибозлари суҳбат қурмоқда:
— Бу ўйинчи ҳақида фикрингиз қандай?
— Бу ўйинчи менга Сирожиддин Сайидни эслатмоқда!
— Ахир, у футболчи эмас-ку?!
— Шунинг учун ҳам уни эслатади-да...
          ***     ***

                   Латифалар

 Иккита йигит кинотеатрда кино бошланишини кутиб ўтиришса, олди қаторда бир кал одам ўтирган экан. Биттаси шеригига:
— Кел, гаров ўйнаймиз! Анави кални бошига уриб келсанг эллик минг бераман, - дебди.
Шериги ўйланиб туриб, рози бўлибди. Секин кални олдига бориб бошига бир уриб:
— Салом Аҳмад! Қаерларда юрибсан?, - деса, кални жаҳли чиқиб:
— Мен Аҳмад эмасман! Адаштириб юбордингиз, - дебди.
— Кечирасиз, ҳудди Аҳмадга ўхшар экансиз, - деб жойига бориб ўтирибди. Бироздан сўнг ҳалиги шериги:
— Яна бориб бошига урсанг, юз минг бераман, - дебди. Шериги яна бориб кални бошига бир уриб:
— Салом Аҳмад! Сочимни олдирсам, танимайди деб ўйлаяпсанми?, - дебди. Кални яна жаҳли чиқиб:
— Акажон, мен Аҳмад эмасман, - деб бошқа жойга бориб ўтирибди. Яна бироз вақт ўтгач ҳалиги йигит:
— Яна бориб бошига урсанг икки юз минг бераман, - дебди. Шериги кални олдига бориб бошига бир уриб:
— Салом Аҳмад! Бу ердамидинг? Боядан бери нариги ёқда бир болани сенга ўхшатиб юборибман, - дермиш.
          ***     ***

 Кунлардан бирида ҳоким йўлда кетаётган экан, кўчада эшак етаклаб кетаётган Афандини кўриб, шофёрга:
— Отахонни ёнида тўхтат, бир боплай, - дебди.
Ҳоким Афандига қараб:
— Ҳа, Афанди, эшакни ўқишга олиб кетяпсизми? - деб, шофёр билан қотиб кулишибди.
 Гапга жавобан Афанди:
 — Ҳа, ўқишга олиб кетяпман. Ўқиса - ҳоким бўлади, ўқимаса - шофёр, - дебди.


8 саҳифа. Суҳбат.

                   «Кирилл/Lotin»
              Шукуржон Исломов


Иш столимнинг ёнида диван бор. Компьютерда ишлаб кўз толиқса, чўзилиб ухлаш учун. Ётиб ухлаб қолибман. Ноутбук ўчирилмаган.
Кечқурун уйқу қочиб, кўзимни қия очсам, экранда ер шари айланиб турибди, заставкаси шунақа. Шунда клавиатурадаги лотин ва кирилл ҳарфлари тугмачалардан ажралиб чиқиб  ер шарига жойлаша бошлади. Лотин ҳарфлари - кунботарга, кирилл – шимолга, камдан кам ишлатадиганим – араб ҳарфлари жанубга жойлашди.
Ўзимча, агар иероглифлар бўлганда кунчиқарга жойлашган бўларди, деб ўйладим.
Лотин ҳарфлари ўзига бино қўйган, кирилл ҳарфлари бироз асабий, араб эса сал тушкун кайфиятда эди.
Лотин ёзуви чиқиб мени кўрсатди:
-  Хўш, нега бу ҳали ҳам лотин ҳарфлари турганда, кириллда ёзади?
Кирилл эътироз билдирди:
-  Унга шу қулай. Лотин ёзувини билади. Лотинда матнлари бор.
-  Балки билмас, кириллда ёзволиб, “кирилл-лотин конвертер”дан ўтказганини, макрос ишлатганини биламан.
-  Йўқ, шахсий ишларда ҳар ким хоҳлаган ёзувида ёзиши мумкин, истаса араб ёзувида ёзсин. Омма учун ёзса бу бошқа гап.
-  Худди шундай, - тепароққа  жойлашиб ўтириб олди Лотин. – Давлат ёзуви бу лотин.
Кирилл истеҳзоли кулди:
-  Шафқат қилинг, мистер Лотинус. Ҳали марказий матбуот нашрлари, телевидения, китоблар, ҳужжат юритиш лотинга ўтмаган пайтда бир бечорага осилманг.
Лотинус таассуф билан жиддий гапирди:
-  Лотин ёзувига ўтишга аҳд қилганларига йигирма йил бўлди, афсус, ҳали ҳам депсиниб туришибди.
-  Бу вазият тақозоси, - деди Кирилл ҳарфлари қувлик билан. – Лоп этиб ҳамма нарсани лотин ёзувида ёзилса, томдан тараша тушгандай аҳоли довдираб, тушунмовчиликлар кўпаяди. “Kirmang” деб ёзилган кўчага кириб кетишади.
Лотиннинг афти бужмайиб кетди.
-  Бир нарсани тушунишни истамайдилар. Кирилл - русларга қарамлигимиз рамзидир. Бу - сиёсат. Дунёнинг 30 фоизи лотинни ишлатади, аксарияти ривожланган давлатлар. Биз улар билан интеграциялашишимиз муҳимроқ, лотин эса бунда кўприк ҳисобланади.
-  Агар кирилл русларга қарамлик рамзи бўлса, лотин кимга қарамлик рамзи?  Лотин сиёсат эмасми? Араб-чи?  Интеграциялашиш учун ёзувни алмаштириш шунчалик муҳимми? 10-15 аср давомида миллий ёзувини ўзгартирмаган халқлар кўп, улар жаҳонга интеграциялашмай қолиб кетишдими? – тезлик билан жавобни қўндирди Кирилл.
Чеккада жим ўтирган араб ёзуви инқиллаб ўрнидан турди:
-  Миллий  ёзув дегандай бўлдингиз, мавлонолар, дарҳақиқат, миллий адабиётимиз дурдоналарини мумтоз мутафаккирларимиз эски ёзувимиз - араб ёзувида битишгандур. Ўзлигимизга қайтишлик учун араб ёзувига...
Лотин ва Кирилл унга шундай ўқрайишдики, араб ёзуви:
-  ... ёзувидан хабардор бўлишлигимиз заруриятдур, - деганча қайтиб ўтирди.
Кирилл бир гапга тушиб кетса, агрессив бўлиб қоларкан:
-  Араббой, мумтоз илмий, адабий дурдоналаримиз эски ўзбек ёзувида битилган бўлса, ХХ асрда юзлаб олимларимиз, ижодкорларимиз топишмоқ топиб ўтиришгани йўқ. Ўнлаб нашриётларда, юзлаб ижодкорларнинг минглаб асарлари юз минглаб нусхада босилиб, миллионлаб одамлар уни ўқишган. Кириллда ёзилган илмий, бадиий асарлар, вақтли нашрлар халқнинг маданий бойлигига айланиб, унинг савия-иқтидорини белгилаб берган. Кириллда нашр этилган асарларнинг ўндан бири ҳали лотинда босилгани йўқ. Кириллда ёзилган миллионлаб нусха асарлар ўқилмасдан чиқитга чиқса – катта йўқотиш бўлади.
Лотин бамайлихотир жавоб берди:
-  Лотин – интернетни ўрганишни осонлаштиради. Сайтлар, доменлар – барчаси лотинда.
-  Кириллда ҳам домен яратиш бошланган. Интернетни дунё мамлакатлари ўз тилларига мослашаётибди.
Лотин устунлик ўзи томонда эканига ишонади, шекилли, далиллар келтириб ташлади:
-  Туркия аср бошида ёзувини ислоҳ қилиб кам бўлмади. Индонезия, Малайзия сингари тараққий этган мамлакатлар ҳам лотин ёзувини қабул қилиб ривожланишга эришди. Африка ва Жанубий Осиёда кўплаб мамлакатлар лотин ёзуви аҳамиятини вақтида англаб ўз алфавитларини қайта тузишди. Лотин ёзуви тараққиёт бешиги ҳисобланган Европа ва Америка билан интеграциялашиш учун катта имконият.
Дарҳақиқат, Лотиннинг барча гаплари тўғри эди. Кирилл ҳарфлари эса қайсарланиб кўринишини тириштирди:
-  Жанубий Корея, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Таиланд, Исроил, Қувайт, Қатар, Грузия эса ёзувини ўзгартирмади. Тараққиётдан орқада қолиб кетдими? Йўқ. Лотин ёзувига ўтган Сомали мамлакати эса бугун хароб ва оғир ҳолатда.
-  Глобаллашаётган дунёда инглиз тили мавқеи, шубҳасиз, бошқалардан баланддир, - деди унга жавобан Лотин ҳарфлари гапни узоқдан бошлаб. – Нафақат, ёзувни ўзгартириш, балки, мактабларда муайян синфда дарсни тўла инглиз тилида ўтишни жорий қилиш лозим. Лотин ҳарфларини билиш, шубҳасиз, Европа тилларини ўрганишни осонлаштиради.
Араб ва кирилл ҳарфлари унга олайиб қарадилар. Мен ҳам кўзим қия очиқлигини сездирмасдан олайишга уриндим. Нималар деяпти, балки бутунлай инглиз тилида гапиришга ўт, демоқчими?
Қаранг, фикримни уққандай изоҳ берди:
-  Ўтган ойда Қозоғистонлик Нурсултон оға юқори синфларда дарсни тўла инглиз тилида ўтиш таклифи билан чиқди. Бу таклиф бекорга эмас, ривожланган Осиё мамлакатларида аллақачон қўлланаётган таълим усулидир. Лотин ёзуви...
Маърузаси бир зайлда мени аллалаб уйқу элтиб кетди. Уйқу аралаш кўзим чала-ярим очиқ уларнинг баҳсини алоқ-чалоқ тушдай эшитдим, аммо идрок этолмадим. Аллақанча муддат ўтди. Тонг отдими йўқми – билолмадим, деразам пардаси туширилган. Кўзимни очсам, уччаласи тез уришиб, тез ярашадиган пиёниста улфатлардай овсарона қиёфада туришибди.
-  Қорин ҳам очқади.
-  Пиёзнинг пўстидай, нимасини айтасан.
-  Ошга борамиз, - деди Кирилл ҳарфлари. – Хўш, бизни меҳмон қиладиган кимнинг таниши бор?
-  Менинг танишларим, асосан, ёшлар, - деди Лотин. – Афсус, ҳозирча, катталардан танишим йўқ.
Араб ёзуви бўлса, масжид томонга ишора қилди.
Кирилл ёзуви айёрона кулиб қўйди:
-  Бу ерда мени ҳамма танийди. Кетдик, бугунги ош мендан.

Кетишди.
...кўзим қия очиқ ётибман...
...қайси бири яхши?..
7 саҳифа. Романтика рукни.


                        «Назм»
                Салим Айюбий


 Хаттотдин ибрат ол хатнинг машқини,
Сайёҳдин таълим ол дунё ташқини,
Машаққат нелигин мазлумдин ўрган,
Ошиқдин сўраб бил ҳабиб ишқини.

 Аттордин нарҳ-наво, ул-булдин қизиқ,
Ҳижроннинг нелигин рў-гулдин қизиқ,
Қайси гул ифори маҳбуброқ десанг,
Боридин айрилган булбулдин қизиқ.

Шабнамнинг нелигин чамандин сўра,
Лутфни ширини суҳандин сўра,
Ёрига етолмай куймоқ не десанг,
Фироқнинг лаззатин сан мандин сўра...
               ***     ***

             Маъруф Норбўтаев

Инжа қор учқуни деразам аро,
Сенинг кипригингдай нозик урилди.
Кўнглим осмонида бир мотамсаро,
Совуқ музликлардан қаср қурилди.

Эҳ, сен сезсанг эди музлар тафтини
Совуқ кишанларга занжирбанд ҳислар,
Ўша қайноқ ишқнинг оний гаштини
Қаердан ҳам билсин қалби ожизлар?!

Энди сен келмагин, бунда кўмдим мен
Ишқимиз боғининг сархуш гулларин.
Қорнинг оқлигига энди кўндим мен
Оппоқ йўлкалардан излаб йўлларинг...

Оқарган лаблардай совуқ сукунат
Сенсизлигим айтиб кулар устимдан.
Бу қандай бахт, бу қандай кулфат?!
Ёдинг ханжар олиб келар қасдимда!

Ўтинаман, тегма энди қалбимга,
Ахир музлаб қолди долғули ҳислар.
Ишқинг оловидан тўлган қабримга
Ярашиб турибди шу совуқ музлар!
            ***     ***

              Йигит Али

Ҳамон ўша-ўша кўзларинг,
Йиллар аро излайди нени?
Мен ўзимни унутдим, аммо,
Фақат...
Фақат изладим сени.

Ҳамон ўша-ўша кўзларинг,
Кечиримлар тўла қатида.
Юрагингда таниш бир илинж,
Меҳр истар ишқ шавқатидан.

Ҳамон ўша-ўша кўзларинг,
Яширади мендан нимани?
Билар эдинг -
Сенсизлик билан
Яшашликни ўлим эканин!

6 саҳифа. Шеърият олами.

                         «Қарз»
              Носиржон Тошматов


ҚАРЗ

Шифтдан чакка томарди “чак-чак”,
Ёмғир сира тинай демасди.
Ота печга ўтин қаларди,
Ҳўл ўтин ҳеч ёнай демасди.

Ташқарида сўнгги йўқ зулмат,
Ичкарида унинг давоми.
О, табиат, айт, бу не ҳолат,
Шу турмушга бўлган азами?

Уй бурчида – қоронғуликда
Уч-тўрт қўйкўз ялтирар эди.
Бу кун ёвғон насиб этмаган
Вужудлари қалтирар эди.

“Ҳозир... Ҳозир, болаларим...” деб
Ота ўзни ҳар ён урарди.
Кўзларидан қуйилган ёшни
Кафти тез-тез артиб турарди.

Шу пайт, шундай ночор лаҳзада
Кимдир эшик қопқасин урди.
Ота эшик остонасида
Худди Азроилни кўрди.

Келган кимса дам сайин ўтмай
Изҳор қилди аста арзини.
Сўраб келган эди ул одам
Бир вақтлар берган қарзини.

О, табиат, айт, бу не ҳолат,
Борми бундан улкан залолат?
Вазиятни англатди ота,
Саҳаргача берилди муҳлат.

Шифтдан чакка томарди “чак-чак”,
Ёмғир сира тинай демасди.
Остонада тиз қучган ота
Ичкарига кирай демасди.

Қўйкўзларни элитди уйқу,
Аллалади ёмғир оҳанги.
Осмон бетин кўз ёш тўудию,
Ўзгармади кечанинг ранги.

Айни саҳар ёмғир ҳам тинди,
Ғира-шира тонг оқарар дам
Қишлоқ бўйлаб ночор ёйилди
Ҳазин товуш: “Отажон!.. Отам!..”

...Майит узра жаноза вақти
Сўров бўлди урфга биноан:
“Биродарлар, марҳумнинг қарзи
Бор эдими бирор кимсадан?”

Оралиққа чўкди сукунат,
Эшитилар биров ютинса.
Эл ичра эл бўлиб турарди,
Тунда уни йўқлаган кимса.
                   ***     ***

                   «Бувим айтганлари»
                    Настарин Ифорзода

Бувим дерди:
“Аччиқ сўз айтма,
Тилло сувга ёзгил хуш сўзни.
Дока ўраб қўйилган сувда
Кўрар эдим тонгги юлдузни.

Ахир ҳамма бунда мусофир,
Мард сўзини қолдирма ерда.
Кетиб қолсам, дема: “Шум кампир
Ўз ҳолича бир нима дер–да!”

Қарс дегани чикмайди елдан
Елдек учган сўзга у камон.
Қувват кетиб қолса ҳам белдан
Кетмас бўлсин қалбингда имон”.

О, бувижон, бу қадар олис
Кетди экан хотир карвони.
Кўнглим  - якка ёнолган қақнус,
Сақлолмади битта дунёни.
           ***     ***

                     «Суҳбат»
             Омонхон Мадалиев


 Учрашди ниҳоят , кўп кутган инсон
 Ва ўзга оламлик мавжудот, - илк бор...
Шаклу шамойилда фарқ бордур чунон,
Лекин суҳбат кечди тинч ва маънодор...

 - Бир умр шу кунни қилгандим орзу.
 Мана бугун энди бахтлиман тугал! - Сўз бошлади инсон титраб овози,
 Ҳаяжон зўридан тутилиб сал пал.

 - “Бахт”, дединг? - мавжудот кўзида ҳайрат,
Сўрайди: - Қани Бахт - менга бир кўрсат?
 - Кўрсатиб бўлмайди, - инсон чайқар бош,
 - Кел, тушунтиришга қилай ҳаракат.

 - Тушунтир, - ҳаёлчан, кўнар суҳбатдош.
 - Бахт шундай нарсаки, у куч бағишлар,
 У билан енгилроқ ҳар қандай ишлар.

 - Тушундим, бахт - таом, тўйимли, хуштаъм.
Демак яхши нарса экан жуда ҳам!
 - Йўқ, бахт таом эмас, у гўзал туйғу,
 Усиз кўзимиздан қочади уйқу...

 Бир умр ўтамиз йўлини пойлаб,
 Етишгач, кетамиз янгисин излаб.
 - Демак, Бахт - ўлжанинг ортидан қувиш?
 - Йўқ, ҳаёт таъмини тўлиқ ҳис қилиш!

 - Тўқлик? Бахт - қориннинг роса тўқлиги?
 Эртанги кунингдан ташвиш йўқлиги?

 - Йўқ, бургутдек баланд самога учиб,
 Эркин парвозларда нафас тиниши.
 Кўз ўнгингда олам ёғдулар сочиб,
 Камалак рангидек жилоланиши.

 - Ҳа, энди тушундим - ўйин экан Бахт.
 Бизнинг дунёда ҳам бор шундай одат.
 Биз ҳам йиғилишиб, ўйнаймиз унда,
 Бизда ҳам камалак ранглар кўп жуда.

 - Йўқ, дунё ўзгармай қолади албат,
 Бахтлига гўзалроқ кўринар фақат.
 - Тшундим, индама, бахт асли ёлғон,
 У билан душманни алдамоқ осон...

 - Йўқ, бахт худди севги, айни ҳақиқат!
 Ахир сизларда ҳам бордур муҳаббат?
 - Демак, Бахт - ўзингдан авлод қолдириш?!
 Албатта, бизда ҳам бор бундай ҳоҳиш!

 - Йўқ, бахт - бу жасорат этмоқ истаги,
 Энг комил инсоннинг олий тилаги!
 - Англадим - рақибга қарши жанг қилмоқ,
 Олган жароҳатинг азобин билмоқ.

 - Йўқ, ўйла, ненидир истайсан жуда,
 Ниҳоят, умидинг кетмас беҳуда...

 - Майли, вақтим тугар, бошқа сўз айтмай.
 Бахт деганинг очлик - шудир хулоса.
 Мени мажбур қилган, ҳолимга қўймай,
 Таомнинг ортидан қувишга роса...

 Шундай дея, Делфин думин силкитди,
 Сўнг соҳилдан узоқ жойларга кетди.
 Инсоннинг қалбини тушунолмади,
 Сал ўтмай сув узра из ҳам қолмади...
         
 Хулоса ўрнида:

 “Ҳа, у Делфинми” деб, кулманг азизлар,
 У-ку, балиқ экан, бўлмаймиз ҳайрон,
 Баъзан умр бўйи бахтини излаб,
 Бахт нима тушунмай ўтади инсон.

5 саҳифа. Мулоҳаза.

                «Гастарбайтер»лар... эмас
                 «ватандошлар»!
                        Сарвар Хуррамов



“Ҳуррият” газетасининг 2006 йил 19 апрель сонида Бахтиёр Ҳайдаровнинг “Гастарбайтер”лар” сарлавҳали мақоласи чоп этилганди. Мақолада Корея Республикасига ишлаш учун кетаётган икки ака-уканинг ҳаётини ёритиш орқали айни дамда муҳожирликда юрган ватандошларимиз аҳволига назар ташланган.

Мақолада келтирилган воқеалар қанчалар аянчли бўлмасин, кўпчилигимиз гувоҳи бўлиб турган ҳодисадир. Мамлакатимиздан ташқарида турли ишлар билан банд бўлган ватандошларимизнинг ҳаммаси ҳам яхши ишлаб, яхши ҳақ олавермайдилар. Баъзилари қайтишга шароитлари бўлмай, ички аъзоларини ҳам пуллаб келаётгни сир эмас. Замонавий технологиялар билан операцияни ўтказган жарроҳлар пайтдан фойдаланиб, бир эмас икки-уч аъзоларини олишга уринадилар. Оқибатда, чет элдан келишлари билан қават-қават уй қураётган, қўша-қўша машина олаётган ҳамюртларимизга янги уйида оёқ узатиб дам олиш насиб этмай қоляпти.

Лекин ҳамюртлармизнинг четга ишлаш учун кетаётганини фақат ёмонликка йўйиш ҳам номаъқул. Энди, ҳа деб, айбни уларнинг бўйнига босиш тўғримас. Ахир… саҳардан туриб юз-қўлингизга иссиққина сув тайёрлайдиган, ҳали қушлар уйғониб улгурмаган вақтда нонушта учун тандирга ўт ёқиб, иссиққина нон пиширадиган, сигир соғиб ширингина сут-қаймоғини дастурхонга қўядиган аёлини, ҳали у, ҳали бу саволлар билан мурожаат қилаётган шириндан шакар фарзандларини, соч-соқоли оқариб қолган отаси, муштипар онасини ташлаб, дунёнинг бир четига бориб, кимларнингдир кўчасини тозалаш, ўғли тенги боланинг буйруғини эгилиб қабул қилиш кимга ёқади, дейсиз…

Мақолада қуйидаги хавотирли саволни учратамиз: “Мана шу касал фарзандини тарбиялаш, ўқитиш, бирорта ҳунар ўргатиш…ни ўйлайдими?” Чет давлатларга кетаётган юртдошларимизнинг ҳаммаси ҳам маънавиятсиз, газета, китоб ўқимайдиган кишилар эмас. Улар ҳам қайсидир маънода юртимизнинг тараққиётига, замонамизнинг ўзгаришига ҳисса қўшмоқдалар.

“Унинг фикрича, — дейди муаллиф, — энг асосийси — пул топиш, ҳамма ишни пул билан битириш мумкин! Тўғри, бояқиш дўстим оиласи ва фарзандларини деб олис, қаҳратон жойларда юрибди. Бир келганида топган пулига уйи томини шиферлатди, томорқасини девор билан ўради. Иккинчи келишида ўғилларининг қўлини ҳалоллади”.

Агар муаллифнинг бояқиш дўсти ишлаб келиб томини шиферлатмаганида, чакка ўтиб бир куни қулаши мумкин эди. Томорқасига эккан экинларини пайҳон қилаётган қўшнисининг мол-қўйлари энди девор борлиги учун кирмайди. Ҳақ гап шуки, Аллоҳ бандасининг ризқини қайси давлатга сочган бўлса, излаб топади.

Энди мақоланинг асосий жойларига эътибор қаратамиз. “Четда ишлаганим тузук” деб кетаверилса, бу ердаги иллатлар ўз-ўзидан бартараф бўлиб қолмайди-ку! Ундан кўра, қонунларни ўргансанг, ўз ҳуқуқларингни билсанг, бошқалардан талаб қилсанг, шуниси маъқул эмасми? Тадбиркорлик ва фермерлик учун кенг йўллар очилаяпти-ку. Ўз ватанингга нисбатан шунчалик лоқайд бўласанми, биродар?! — деб куюниб ёзади муаллиф. Бир қишлоқда иккита, ўнта тадбиркор бўлсин, аҳолининг сони эса ўртача 3000 ёки 4000 ни ташкил этади. Тадбиркорлар қўли остида элликта, борингки, юзта одам ишласин. Лекин бутун қишлоқ аҳли ишбилармонлик билан шуғулланмайди-ку?!

Бундан ташқари, чет давлатларга бориб ишлаш ватанга лоқайдлик, дегани эмас. Ватан — киндик қони тўкилган, инсон ҳаётига мазмун олиб келадиган муқаддас маскан экан, унга ҳеч кимнинг лоқайд бўлишга ҳаққи йўқ. Баъзан ўзимиз бир девор қўшнимизнинг аҳволидан бехабар бўламиз. Бирор тўй, маърака бўлмаса, қўшнимизнинг қандай шароитда яшаётганини билмаймиз. Чет давлатларда ишлаётган ватандошларимиз Интернет сайтлари орқали бир-биридан аҳвол сўраб туришади. Ютуқлари, муаммолари ҳақида суҳбатлашадилар. Бу ҳам ватанига, ватандошларига бўлган меҳр эмасми?!

“Туркистон” газетасининг 2006 йил 19 апрель ва 22 апрель сонларида чоп этилган Лайло Ҳайитованинг “Хориждан бахт излаганлар” мақоласида Дубай шаҳрига бориб, ўз номусини пуллаётган ўзбек аёлларининг суҳбати келтирилган эди. Унда аёллар эрларининг ишламаслигидан нолиб гапирганлар…

Дангасалик қилиб, аёлини Дубай шаҳрига ўз хоҳиши билан кузатаётган эркак эркакми?! У нафақат оиласи, балки Ватан шаънини ҳам ерга урмаяптими? Майли, олисда, қаҳратон совуқда бўлса ҳам, хорижда ишлаб келгани маъқул. Улар қийналиб ишласалар-да, аёлларининг рўзғор баҳонасида орини тўкиб келишига йўл қўймайдилар.

Ўзим куни кеча икки танишимни чет давлатга кузатиб қўйдим. Улар ишлаб топган пулларини фарзандларини чуқур билим олишига сарфлашлари, маънавиятли, маърифатли қилиб тарбиялаш учун ҳамма шароитни яратиб беришларини бот-бот такрорлашди.

Демоқчи бўлганим, икки кишининг суҳбатидан бутун бошли муҳожир ҳамюртлармиз устидан хулоса чиқариш тўғри келмас. Аллоҳ денгиз тубида тош орасида ётган қуртни озиқлантирган, биз бандаларига ҳам қай йўл билан бўлса-да, ризқ улашур. Асосийси, бунинг учун озроқ ҳаракат қилишимиз зарур.



_____________________________

“Ҳуррият” газетаси, 15 (477)-сон,

2006 йил 19 апрел
4 саҳифа. Қайнона ва келин можаролари.

                «Бекорчи аёлларнинг «кашфиёти»
                      Умида Адизова


 Ишга бироз кечикиб келган ҳамкасбимнинг йиғламоқдан бери аҳволини кўриб сергак тортдим. “Эри билан тортишиб қолган кўринади” деган фикр миямдан ўтар-ўтмас ўзи гап бошлаб қолди:
—  Сиз қайдаги латтап-путта, сарпо-суруқ, мебел, тоғоравозликлар оқибатида қайноналарнинг келинига қилган зулмларию, бу очкўзликлар натижасида  бузилиб кетган оилалар ҳақида ёзганингизда, “жуда бўртириб юбормаяптимикан, келиннинг молидан қайнонага нима наф?! Ана, ўзим битта сандиқ, иккита кўрпача, битта кўрпа билан узатилгандим. Сепимдаги кийим-кечалар ҳам нари борса тўрт-беш сидра либосдан иборат эди. Бирор ким мебелинг қани деб сўрагани йўқ, дея ҳайрон бўлардим. Бир куни телевизорда берилаётган сериалда қайнона келинига “онанг бунча паст!” деб ҳақорат қилганига жаҳлим чиқиб, мурватни бошқа каналга олгандим. Аммо бундан ҳам баттар ҳақоратларни ўз синглим эшитиб, хўрланиб юрган экану билмас эканман...
Ҳамкасбим шундай дея туриб йиғлаб юборди.  Бироздан сўнг ўзига келиб яна давом этди:
—  Синглим синфдоши билан севишиб турмуш қурганди. Қуда томон жуда ҳам бой- бадавлат, эр-хотин иккалови ҳам раҳбар лавозимда ишлашади. Бойвачча қайнонаси синглимни нуқул ерга ураркан. Икки гапининг бирида “Мен қашшоқ қизни келин қилмоқчи эмасдим, сеҳр-жодую дуохонлик билан ўғлимнинг бошини айлантириб, кўзини боғлаб  тегиб олгансан. Онанг паст, сепинга тузукроқ нарса ҳам қилмади. ОРқангдан битта гилам келди. Оиламга муносиб эмассан. Овқатимга заҳар қўшиб мени ўлдирасан”, деб синглимнинг ҳар қадамини пойлаб юраркан. Уч йилдан бери синглим шўрликнинг аҳволи шу экану, биз бўлсак  уни “бадавлат хонадоннинг эрка келини” деб ўйлар эканмиз. Уч кун олдин қайнонаси синглим ва куёвимизни уйдан ҳайдаб юборибди. Куёв ижарага уй қидириб юрибди. Афсус, синглим бунақанги хўрлик ва таҳқирга муносиб эмас эди...
Ҳамкасбим чуқур хўрсиниб, кўзларидаги ёшни яширишга улгурмади.  Унинг изтиробли сўзлари бир неча ой илгари таҳририятга қўнғироқ қилган жувоннинг кечинмаларини эслатди.
“Ёшим йигирма еттида, тўрт йил олдин қайнонам ўзи хоҳлаб мени келин қилганди,- деб гап бошлаганди аёл.- Банкда ишлайман. Иқтисодчиман. Ота-онам ҳам маошга яшайдиган олий маълумотли кишилар. Эл қатори оиламиз. Куёв томон ҳам жуда бадавлат эмасди. Аммо қайнонам мени бир ой ҳам яшаттирмай ҳайдаб юборди. Қўлимдан аёл киши эплаши керак ҳамма иш келади. Ҳусним ҳам бировдан кам эмас. Лекин ўзи танлаб келин қилган қайнонам, бахтимни бузиб, бир гўдагимни тирк етим қилиб юрибди. Ўғлим яқинда уч ёшга тўлди. Бирам ширин, бирам тили бийрон бола бўлганки, кўрганнинг ҳаваси келади. Қайнонам ҳатто шу гўдакка ҳам раҳм қилмаяпти. Қайнонам мени уйига сиғдирмаётганининг сабабини бировга айтишга уялади, одам. Сепим озлигини, сарпомда хориж мебеллари йўқлигини маломат қилиб ҳайдаб юборди. Гарчи ота-оналар розилиги билан турмуш қурган бўлсак-да, эрим иккаловимиз бир-биримизни жуда яхши кўрамиз. Қайнонамдан яширинча учрашиб юрамиз. Қайнонам хуфя учрашувларимиздан қандай хабар топади, билмайман, орқамиздан етиб боради-да “Ўғлимдан пул талаб қиляпсан” деб жанжал чиқариб мени шарманда қилади. Қайнонам эримни уйлантириш учун бир неча жойларга совчиликка ҳам чиқди. Эрим қизлар билан учрашмаяпти. Оилам тикланишига умид қилмай ажрашишга ариза бераман, эрим ажрашмайди. Уч йилдан бери аҳвол шу. Нима қилишга бошим қотган. Латта-путта, темир-тақани деб болам тирик етимликда ўксиниб ўсаётганидан қийналаман. Одам қадри, келин қадри матоҳ билан ўлчанмай ўлсин...”
Ҳамкасбимнинг ҳикояси ва таҳририятга қўнғироқ қилган келинчакнинг оғриқлари бир хил — келин  очофат, бойликпараст қайнонанинг зулмидан азиятда. Оилалар парокандаликка юз тутяпти. Кўнгиллар дарз кетган. Бегуноҳ болаларнинг кўзида мунг. Ҳавойи истаклар, нафсоний орзулар кўйида айримлар фарзандини бебаҳо бахтдан- оилавий саодатдан маҳрум қилиб, ҳатто аршу аълоларни ларзага келтириб гуноҳга ботяптилар.
Айримлар келин туширмоқчи бўлса, аввал мўлжаллаган қизининг ота-онасининг касбу кори, яшаш тарзи, уй-жойи ва ҳаттоки сепига нималар олиб қўйган-қўймаганини ҳам сўраб-суриштиришади. Ваҳоланки, моддиятнинг эртасига умид йўқ. Инсоннинг бахтли, хотиржам яшаши учун аввало соғлик, қолаверса, касб-ҳунар ва маънавий дунёнинг бойлиги кўпроқ аҳамият касб этади.
Раҳм қилмайдиганларга раҳм қилинмайди, дейдилар, Мол-дунё ҳаваси кўзингизни кўр қила бошласа, ғассоллар суҳбатига боринг. Қабристонга боринг. У ерда бир пайтлари бизга ўхшаб дунё молини деб талашганлар энди дуоларга илҳақ ётибдилар. Вафотингиздан сўнг яхши хислатларингиз билан эсланишни, дуоларда йўқланишни хоҳласангиз солиҳа қизларни танланг келинликка. Тўй-томоша қилаётганингизда бекорчи хотинларнинг “кашфиёт”ларига маҳв бўлманг. Қорни тўқларга дастурхон ёзиб исроф қилишиш ўрнига фарзандларингизнинг бахтли келажаги учун зарур шароитларни яратинг. Ортиқча дабдаба, ҳашаматга сарфланадиган пулингизни эҳтиёжмандларга атанг, савоб ва хайрли ишларга йўналтиринг маблағингизни. Токи сиздан болаларингиз ибрат олсин. Бахтли, фаровон ҳаёт учун дуолар олсин. Ахир, фарзандингизнинг бахти учун эмасми шунча ҳаракатларингиз? Бас, унинг бахтини истасангиз, ярим кўнгилларни обод қилинг ва болаларингизнинг иқболидан масъуд бўлинг.
3 саҳифа. Ҳафта янгиликлари.

5.
2009 йили ҳаётдан кўз юмган машҳур поп қўшиқчи Майкл Жексоннинг 18 ёшли қизи Пэрис-Майкл Жексон отасининг табиий сабаблардан ўлганига ишонмаслигини айтди. У Rolling Stone журналига берган интервьюсида шундай фикрларни билдирди.

Қўшиқчининг қизига кўра, Майкл қасддан ўлдирилган. Унинг айтишича, отасининг ўзи, «улар мени қачондир ўлдиради» деган.

«Бу аниқ. Ҳаммаси суиқасд экани кўриниб турибди. Барчаси аввалдан уюштирилганга ўхшайди. Ҳақиқий мухлислари ва оила аъзолари буни билади», — деб ишонч билдирган Пэрис Жексон.

У, шунингдек, айбдорларни топиб, уларни одил судга тортишни хоҳлашини қўшимча қилган. Пэриснинг қайд этишича, отасининг ўлимини «жуда кўпчилик тилаган».

4. Тошкентда доимий рўйхатдан ўтмаган шахслар ҳам уй сотиб олиши мумкин бўлади
23-27 январь кунлари "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси" лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига бағишланган медиаҳафталик бўлиб ўтмоқда. Бугун 24 январь, яъни медиаҳафтанинг иккинчи куни мавзуси Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари бўлди.
Шуни таъкидлаш жоизки, бу кунги мавзу баҳс-мунозараларга бой бўлди. Унда давлат органлари вакиллари 2017-2021 йилги Ҳаракатлар стратегиясига мазкур йўналиш бўйича киритиладиган бир қатор лойиҳалар билан таништирилди. Жумладан паспорт тизимини соддалаштириш, хорижга чиқиш паспортларини жорий этиш, аэропортлардаги тирбандликларни бартараф этиш, у ерда узоқ навбат кутишга тўғри келмаслиги учун автоматлаштирилган кабинкалар жорий этиш.
Бундан ташқари, кўпчиликни қизиқтирадиган яна бир масала - вилоятлардан ташриф буюрган аҳолининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида уй сотиб олиш ва уни расмийлаштириш борасида сўз юритилди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, 2017-2021 йиллардаги Ҳаракатлар стратегиясига киритилган лойиҳалардан бири ушбу масала бўйича енгилликлар жорий этилганини кўзда тутади, яъни бошқа вилоят аҳолиси Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшамаса-да, бу ердан ўз номига муайян шартлар асосида уй олиши мумкин бўлади, бунинг учун фуқаро Тошкент шаҳри ёки вилоятида янги қурилаётган турар-жойлардан бирини харид қилиши ва давлатга бож тўлаши лозим.

3. Испаниялик олимлар инсон териси билан бир хил бўлган терини босувчи биопринтер яратишди, деб хабар бермоқда Science News Journal нашри.

Карлос III Мадрид университети, Энергетика, атроф муҳит ва технологиялар соҳасидаги тадқиқотлар маркази ҳамда Мадрид университети Грегорио Мараньон шифохонаси олимлари гуруҳи биологик материаллар қўллаб босувчи 3D-принтер яратишди. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, олинган тери тўлиқ функционалдир ҳамда уни тиббиёт ва трансплантологияда, маиший кимё ва пардоз-андоз маҳсулотларини синовдан ўтказишда ишлатиш мумкин.

Тери "биосиёҳ"лар ёрдамида яратилади. Олимлардан бири Хуан Франсиско дел Каньисонинг айтишича, тери қатламма-қатлам, инсоннинг ҳақиқий териси қурилишини такрорлаган ҳолда босилади.

"Босилган" тери инсонники каби эпидермис ва дермадан ташкил топади, биологик фаол ва унга эластиклик берувчи коллаген ишлаб чиқаради. Олимларнинг таъкидлашича, агар босиш учун бирор одамнинг биоматериали қўлланса, унда қисқа вақт ичида  трансплантация (мисол учун, куйишда) учун яроқли терини яратиш мумкин.

Ишланмани яратишда иштирок этган BioDan Group фирмаси ушбу принтерни савдога чиқармоқчи. Компанияда таъкидланишича, терини босиш технологиясининг асосий афзалликлари қуйидагилардан иборат: тери тез босилади ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш имконияти мавжуд.

2. Эронлик актриса Таране Алидўстий Американинг “Оскар” мукофотини АҚШ президенти Дональ Трамп сабаб бойкот қилмоқда. У асосий аҳолиси мусулмонлар бўлган еттита давлат фуқароларига визалар беришни тўхтатиб қўйиш ниятида, деб хабар берди Reuters.

Алидўстий режиссёр Асқар Фарҳодийнинг “Савдо агенти” фильмида суратган тушган бўлиб, бу картина “Хорижий тилдаги энг яхши фильм” номинациясида “Оскар”га даъвогарлик қилмоқда.

Актрисанинг маълум қилишича, у мукофот топшириш маросимига бормайди. Алидўстийнинг сўзларига кўра, эронликларга виза беришни тақиқлаш “ирқчиликдир”.

Трамп фармони лойиҳасида Ироқ, Эрон, Ливия, Сомали, Судан, Сурия ва Яман ҳақида сўз борган.

1. Халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти Transparency International дунёнинг турли мамлакатларидаги коррупция даражасини акс эттирувчи рейтингини эълон қилди.

Қайд этилишича, рейтингда умуман баллга эга бўлмаган мамлакат коррупция домига тўлиқ шўнғиганини, 100 баллга эга мамлакатда коррупциянинг деярли йўқлигини англатади. Аммо, бу йилги рейтингда ҳам ҳеч бир давлат юқори баллни тўплай олмаган. 2016 йилги рейтингнинг ўртача кўрсаткичи 43 баллни ташкил этган, рўйхатдаги 176 мамлакатнинг 2/3 қисмидан кўпроғининг тўплаган балли 50дан пастлиги таъкидланади. Бу эса, ушбу мамлакатларнинг давлат секторида коррупция даражаси юқори эканидан далолатдир, дея қайд этишган рейтинг тузувчилари.

2015 йил каби 2016 йил рейтингини ҳам 90 баллик кўрсаткич билан Дания бошқармоқда. Янги Зеландия шундай натижа билан биринчи ўринни баҳам кўрган. Учинчи ва тўртинчи ўринларда  Финляндия ва Швеция бўлса, кучли ўнликка, шунингдек, Швейцария, Норвегия, Сингапур, Нидерландия, Канада, Германия, Люксембург, Буюк Британия (сўнгги уч давлат 10-ўринда) кирган.

Ташкилотга кўра, энг яхши кўрсаткичга эга бўлган мамлакатлар матбуот эркинлигининг юқори даражаси, бюджетга доир маълумотларнинг шаффофлиги, ҳокимият мулозимларини пул эвазига сотиб олиш имконсизлиги, бой ва камбағал одамларни фарқламайдиган ҳамда давлат тизимининг бошқа қисмларидан том маънода мустақил равишда фаолият юритувчи суд органлари билан ажралиб туради.

Рўйхатнинг энг охирги ўнталигига (камайиб бориш тартибида) Ироқ, Венесуэла, Гвинея-Бисау, Афғонистон, Ливия, Судан, Яман, Сурия, КХДР (Шимолий Корея), Жанубий Судан ва Сомали кирган.

Дунёнинг йирик давлати бўлган Россия 29 балл тўплаб, 131-ўринни эгаллаган. Украина, Қозоғистон, Эрон ва Непал Россия билан бир хил кўрсаткични намоён этган, дейилади Transparency International ҳисоботида.

Ташкилот рейтингидан ўрин олган Ўзбекистон эса (21 балл) Камбожа, Конго Демократик Республикаси билан биргаликда 156-ўринни банд этиб турибди. Ўзбекистоннинг ўтган йилги бу борадаги кўрсаткичи 19 баллга тенг бўлган эди. Республиканинг Марказий Осиёдаги ёнқўшнилари бўлган Тожикистон 25 балл тўплаб 151-ўринни, Туркманистон 22 балл билан 154-ўринни банд этган. Қирғизистоннинг бу борадаги кўрсаткичи бирмунча юқори, у 28 балл билан 136-ўринга жойлашган.

Ҳисоботда қайд этилишича, энг ёмон кўрсаткичлар, ушбу мамлакатларда давлат институтларининг ишончсизлиги ҳамда ОАВнинг етарли даражада мустақил эмаслигини исботлайди. Шу ўринда, таъкидлаш ўринлики, сўнгги вақтларда, Ўзбекистонда коррупцияга барҳам бериш бўйича чоралар кўрила бошланди. Шунга биноан, ташкилотнинг кейинги рейтингларида, Ўзбекистон ўз позициясини сезиларли яхшилаб олишига умид қиламиз.

Шу билан бирга, Transparency International, умуман, дунё бўйлаб коррупция ҳолати ўсганини қайд этар экан, бунда АҚШ президенти Дональд Трамп ва Франция президентлигига номзод Марин Ле Пен каби популист-сиёсатчиларни айблаган.

Ташкилотга фикрича, сиёсатчилар ўз чиқишларида «коррупциялашган элита» ва ўз фикрига эга бўлмаган ишчи синфлар ўртасини кескин ажратиб юборади. Аслида эса, амалда коррупцияга қарши кураш борасида ҳеч қандай чора кўрилмаётган бўлади. Transparency International ташкилоти, шунингдек, Дональд Трампнинг қатор коррупцияга қарши қонунларни бекор қилишни режалаштираётганини ҳам қайд этган.

Ахборотлар Kun.uz сайтидан олинди.