пятница, 24 февраля 2017 г.

«Файзбоғ» электрон газетаси.
 8 сон. 25 феврал, 2017 йил.


Абдулла Арипов: “Халқнинг қонини ичиб ётган зулукларни таги билан улоқтириб ташлаймиз!”


Ассалому алайкум, ҳурматли “Файзбоғ” муштарийлари. Мамнуният билан шуни таъкидламоқчиманки, қисқа танаффусдан сўнг биз яна қайтдик! Эртага эълон қилинадиган 8 сонда янги мақолалар, янги ижод намуналари билан барчангизни эушнуд этишга ҳаракат қилганмиз. Демак, қисқача анонсни тақдим этаман.

1 саҳифа. “Кириш сўзи”да Темур Малик ўзининг “Шовқин ва сукунат” мақоласини тақдим этган. Мақола янги эмас, аммо долзарблигини йўқотмаган.

2 саҳифа. Ижтимоий тармоқларда порлаган мавзу - “Кўк кит” ўйини тўғрисида Terabayt.uz сайти барчамизни огоҳ этган. Сиз ҳам бошқалар билан бўлишинг ва ўз фарзандларингизни ҳам бу ўйиндан узоқда тутинг.

3 саҳифа. Доларб мавзу. Шаҳноза Тўрақулованинг “Нега болалар китоб ўқишмаяпти?” номли мақолалари. Дарҳақиқат, жуда керакли мавзу!

4 саҳифа. Мулоҳаза. “Ойнага қарамай қўйдим...” Сулаймон Эркиннинг мазкур мулоҳазаси барчамизни ўйлантириб қўйиши табиий.

5 саҳифа. Акмал Набиевдан ҳаётий ҳажвиялар давом этади. Бу сафар “Ном танлаш маросими”га ташриф буюрамиз.

6 саҳифа. Шеърлар олами. Сайфуллоҳ Носир ҳамда Абдураҳмон Мешаян ижод махсуллари билан баҳам кўрамиз.

7 саҳифа. Романтика рукни. 

четверг, 16 февраля 2017 г.

12 саҳифа. Ижтимоий муаммоларимиз.


«Бой берилаётган имконият»

Вазият тақозоси билан мана 2 ҳафтадурки уйдаман. Аввал эътибор бермаган эканман - ТВ каналларимиз “ахлатга” тўлиб кетибди. Номидан бошқа ҳеч нарсада бир биридан фарқ қилмайдиган каналлар...  Бемаза каналлар, савиясиз каналлар, мақсадсиз каналлар... Эссиз шунча сарфланган пуллар, эссиз шунча ресурслар, вақтлар, имкониятлар... Яна булар давлат телеканаллари. Бу дегани, мана шу “ахлат” учун давлат буюджетидан пул ажратилади. Наҳотки!?

 Оммавий ахборот воситалари қандай куч эканилиги бугун сир эмас, айниқса телевидение. Буни яқин ўтмишда ўз бошимиздан ўтказдик. Масалан, Шимолий Корея мисолида ҳам кўришимиз мумкин: Телевидение кишилар онгини суюлтириб, халқни зомби, манқуртга ҳам айлантириши, ёки маданий савияси юксак кишилар жамиятини шакллантириши мумкин. Бизга қай бири керак?  Нега бор имкониятдан унумли фойдаланилмаяпти?  Нечта мусиқа канали бор? Нега каналларни қимматли вақти, савияси паст киною, бемани сериаллардан ортмайди? Артистлар мавзуси алоҳида мавзу. Улар  бизга овқат қилишни, югуришни, сакрашни,  кийинишни, кийинтиришни, китоб ўқишни, даволанишни, саёҳат қилишнр ва ҳатто динни ўргатишмоқда. Нима, юртимизда мутахассислар қуриб кетганми?

 Баъзан ёқамни ушлайман. Кимга керак одамлар миясини суюлтириш, билмайман.  Яна ёшларни енгилтакликда айблаб, ажрашишлар кўпайиб кетди, деб дод-вой соламиз. Хўш, бунга ким айбдор?!

Адашган тоифалар ёшлар онгини захарлайди. Адашган тоифалар ундай, адашган тоифалар бундай, дейилади. Кечирасизу, адашмагани қаерда? Борми ўзи?  Бор бўлса, нега шу нарсалар тарғиб қилинмайди? Адашганлар нотўғри йўли учун шунча ҳаракат қилганда, биз тўғри йўлимиз тарғиботи учун битта “ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ ТВ” номли телеканал ташкил эта олмаймизми?  Нима тўсқинлик қилади бунга?

 Тарихсиз келажак йўқ, деб бонг урилади. Икки гапни бирида рўкач қиладиганимиз - БУЮК ТАРИХимизни ўрганиш учун “ТАРИХИЙ ТВ” номли телеканални очиш қийинми? Мозийга қайтиб иш кўрмоқ ҳайрлидир, деб бежиз айтилмаган. “Тарихий” канали тарихимизни (ёки жахон тарихини) оқ кунларидан ибратланиб, қора кунларидан тегишли хулосалар чиқариш, буюк аждодларга муносиб авлод тарбияланишига хизмат қилган бўларди.

 Аҳолини тадбиркорликка жалб этиш учун уйма-уй юриб кредит таклиф этиш амалиёти дунёнинг ҳеч бир нуқтасида топилмайдиган ноёб ҳодиса бўлса керак. Унинг ўрнига “БИЗНЕС (ёки экономика) ТВ” номли телеканални ишга тушириб, эфирда кредитлар таклиф этилса, имтиёзлар тушунтириб берилса, муаммолар муҳокама этилса, бизнес тренинглар, мутахассислар илмий-амалий дискуссиялар олиб борса, Ўзбекистонда тадбиркорликни ҳуқуқий аспектлари батафсил тушунтириб берилса қулайроқ, самаралироқ бўлмайдими?

 XXI аср юксак технологиялар асри сифатида шиддат билан илдамлаб бормоқда. Соҳа вакиллари ҳам баъзан нафас ростлагунича тараққиёт ортда қолиб кетаётган бир даврда бизнинг телеканалларимиз қўл меҳнатига асосланган нарсаларни ютуқ деб тақдим этиши шармандали ҳолатдир! Қачонки биз дунё илм-фани тараққиётига монанд бирон нарсани кашф этиб тақдим этолмас эканмиз, жуда бўлмаганда янгиликлардан фойдаланишда ортда қолмаслигимиз керак.  Бунинг учун бизга “ИЛМИЙ-ОММАБОП ТВ” телеканаллари керак. Олимларимиз кундалик муаммоларни илмий ечимларини баҳс қилсинлар, таклифлар беришсин, дунё тажрибасини ўрганайлик. Илм, илмий унвон учун эмас,  инсонлар ҳаётини яхшилаш учун, амалда хизмат қилсин.

Ҳалқни инфармацион ҳуружлардан огоҳ бўлишга даъват этадиганларни ўзлари, ўрнига бирон бир арзирли нарса тақдим эта олмайдилар. Янгиликка интилиш ҳар бир инсон табиатида бор, вақтида холис, аниқ ва тўғри етказилмаган ахборот ўрни турли манбалар орқали тўлдириб олинади. Ва кейин, тўла идишни қайта тўлдириб бўлмаганидек, кишиларни ҳориж ахборот воситалари қулига айлантириб қўймоқда. Албатта улар ахборотни ўз манфаатларига мос тарзда тақдим этадилар.  Шундай экан аллақачон “ЯНГИЛИКЛАР ТВ” телеканалига  эҳтиёж бор. Бу баъзи бир инфармацион ҳудудлар учун ем бўлмаслигимиз учун ҳам керак. Бу каналда ички ва ташқи воқеа ҳодисалар тезкор, холис, объектив ва батафсил ёритилиши, йўлга қўйилишига устувор бўлиши керак. Сиёсий таҳлиллар, ҳуқуқий муҳокамаларга асосланган кўрсатувлар канални янада оммабоп бўлишини таъминлайди.

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ТВ телеканалларини танқид қилган эдилар. Тўғриси, телеканаллар бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди (қайси кунни талабига жавоб бериши ҳам номаълум). Шавкат Миромонович халқни уйғотиш керак, деб куюниб ҳаракат қилаётган бир пайтда, эфирлар 24 соат мусиқаю, сериаллардан ортмаётгани халқни аллалаш билан баробар. Халқни уйғотиш асосий масала экан, тез кунда, кечиктирмасдан юқоридаги каналларни ишга тушириш керак.

Обиджон Латипов

пятница, 10 февраля 2017 г.

11 саҳифа. Қисқа пост ва ҳикматлар.


ИХЛОС ва РИЁ

Кимки қилган яхшилиги ёки амали билан мақтанса, унинг барча яхшиликлари ёмонликка айланади...

Ризо Қори саҳифасидан.
          ***     ***

Президентни кутилмаганда ташриф этишидан хавотирдаги  раҳбарлар, агар ажалларини ҳам кутилмаганда келиб қолишини ёки Аллоҳни доимий кузатиб туришини ҳам яхши хис қилганларида - балки виждонлироқ ҳаёт кечиришган бўларди.

Муҳаммад Абдуллаҳ
          ***     ***

Касал алдов билан имтиҳондан ўтган врач қўлида ўлади.
Уйлар алдов билан имтиҳондан ўтган муҳандис қўлида ағанайди.
Молия алдов билан имтиҳондан ўтган ҳисобчи қўлида зиён кўради.
Дин алдов билан имтиҳондан ўтган мулла қўлида бой берилади.
Адолат алдов билан имтиҳондан ўтган судья қўлида ҳалок бўлади.
Фарзандлар онги алдов билан имтиҳондан ўтган муаллим қўлида бузилади.
Илмнинг қулаши миллатнинг қулашидир.

Мубашшир Аҳмад
          ***     ***

Навоийни оммалаштириш эмас, оммани “навоийлаштириш” керак..
          ***     ***

Динлар билан тижорат қилиш жаҳолат ёйилган жамиятларда даромадли тижоратдир.
Агар жоҳилга ҳукмронлик қилишни хоҳласанг, ҳар бир сафсатага диний ғилоф кийдиргин.

Ибн Рушд Қуртубий, мусулмон файласуф.
          ***     ***

Авом халқ қандай жараён кечаётганини билмайди. Улар ҳатто билмасликларини-да билмайди.

Ноам Чомски
          ***     ***

Ичмасангиз ўзбеклар: "Вовчикмисан?" дейди, руслар: "Ты спортсмен что ли?"

Шукуржон Исломов
          ***     ***

Ҳақиқий ёшини айтган аёлдан эҳтиёт бўлинг. У ҳамма нарсага қодир бўлади.

Айман Ёғий
          ***     ***

Қонун кучсиз ерда разолат хукмрон.

Фин халқ мақоли.
          ***     ***

ЯХШИ ГУМОН

“Қачон хаёлингга бирор бир мусулмон ҳақида ёмон фикр келса, дарров унинг ҳаққига дуо қил.

Чунки бу шайтоннинг ғазабини келтиради. Сендан уни четлади. "Яна дуо қилиб қўймасин" деган хавфда шайтон сенинг хаёлингга ёмон фикрларни ташламайди”.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ
Ibrohim Abdulloh саҳифасидан.
          ***     ***

Мунозарада ғолиб чиқишинг заковатдан эмас, балки заковат ― аслида мунозарага кирмаслигингдадир.

Жуброн Халил Жуброн
          ***     ***

Сарқитхўр бўрилар бора-бора вафодор итга айланишган.
          ***     ***

Саводсиз одамга қалам тутқазиш маймунга автомат беришдан хавфлироқ.

Абдул Аҳад Абдураҳмон
          ***     ***

Ўзбекларда тўй қилишдек балодан бошқа балони кўрмадим.

Муаззам Мамадалиева изоҳларидан.
          ***     ***


Aллоҳнинг энг гўзал асари кўнгилдир, кўнгил.
Ташқаридагилар эса фақатгина асарларнинг асарларидир...

Жалолиддин Румий
          ***     ***

Эй сен, баҳор гузаллигига кўнгил қўйган йигит, кузнинг ҳазонлари ва совуқлари борлигини унутма.

Ж. Румий
          ***     ***

МАСЪУЛИЯТ

Ҳаммасини қилишга имконсиз бўлиш ҳаммасини тарк қилиш имтиёзини бермайди.

“Ҳикматлар чашмаси”дан.
          ***     ***

Биз қурол билан фақат террористларни ўлдира оламиз. Таълим билан эса террорнинг ўзини ўлдиришимиз мумкин.

Мубашшир Аҳмад


10 саҳифа. Қисқа ҳикоялар.

Қисқа ҳикоялар

Энг қисқа ва қўрқинчли ҳикояларни яратишга ҳаракат қилиб кўрдик. Баҳо бериш сизлардан.

Ganisher Baydullaev:

Тонгда уйғониб телефонимга қарадим. Ухлаётганим суратга олинган эди. Мен уйда ёлғиз яшайман...
*****

Уйга келганимда ошхонадан онам чақирар эди: «Овқатга кел». Шу пайтнинг ўзида телефонимга онамдан смс келди: «Уйга кеч келаман. Овқат музлатгичда турибди».
 *****

Салом Шох:

У кўзгуда сўнгги бор ўз қотилига қараб турарди...
*****

Rustam Mamadaminov:

Кўчада кетяпман. Ёмғир ёғяпти-ю, аммо нимагадир устим қуп-қуруқ...
*****

У бирдан уйғониб, ўз ўрнидан турмоқчи бўлди... Унинг боши қабр тошига тегди.
*****

Doston Musayev:

Почтамга хат келди. Хат қадимги Миср тилида ёзилган. Санасига қарасам - 5402 йил экан.
*****

Аёл қабристон бўйлаб қўрқа-писа кетиб борарди. Кутилмаганда бир эркак киши қўлидан маҳкам тутиб деди:
 ― Олиб ўтиб қўяйми?
  Олиб ўтиб қўйганидан сўнг аёл миннатдорчилик билдириб деди:
 ― Раҳмат, жуда яхши одам экансиз!
 ― Арзимайди, тириклигимда ҳам бундай гапларни кўп эшитардим...
*****

Muradjan Ruzibekov:

Унинг уйи олдида тумонат одам йиғилган эди. У ҳам чопон кийиб, йиғлаб ўтирарди. Уввослар кучайганида тобут томонга бир қараб қўйди... ва шу заҳоти даҳшат ҳамда қўрқув уни қамраб олди. Тобут ичида кафанга ўралиб ётган майит - унинг ўзи эди.
*****

Муножат Муҳаммад Айюб:

У қоронғуликдан қўрқарди. Уйда ёлғиз ўзи эди. Свет ўчиб қолди. Қўрқувни енгиш учун бор овози билан Қуръонни ўқий бошлади ва шу он деразасининг пардаси кўтарилиб, узун бўйли қора шарпа хонани тарк этди...
*****

Темурмалик Тожиддинзода:

Ухлаб ётгандим. Тунги соат бирда бир эркакнинг овози эшитилди. У менинг исмимни айтиб чақирарди. Кўзларимни аранг очдим. Дахшат ва қўрқув юрагимни ларзага соларди... Мен уйимда ёлғиз онам билан яшайман.
*****

Шерзод бугун ишдан жуда чарчаб келганди. Ўзини ҳолсиз диван устига отиб, хордиқ чиқармоқлик бахтига муяссар бўлди. Шу захоти унинг ёнига қора мушук югуриб келди ва эркаланишни бошлади. «Бу қанақаси?!» - дея ўйлаб, ҳайратдан ёқасини ушлади Шерзод, «Мушук қаердан пайдо бўлди, ахир кечагина қора ит сотиб олмаганмидим?!»
*****

Кимдир ярим кечаси эшигимни тақиллатди. Дадил қадам ташлаб, эшик томон юзланиб борар эканман, кўчадан онамнинг «Тезроқ очақол, болам», деган овози эшитилди. Раҳматли онам вафот этганларига бугун роппа-роса 5 йил тўлган эди.
*****

Хайрулла Ҳамидов:

Гўрков ўзининг энг одатий иши устида тер тўкарди. Бироқ, охирги бор қабр кавлаётганини ҳозирча билмасди. Кимгалигиниям билмасди, табиий. Ҳозирча...
*****

Гўдак туғилди. Пешонаси аччиқ бола суриялик эди.
*****

Самолёт портлай-портлай деганда, у парашюти билан тушиб кетишга улгурди. Самолёт портлаганини ўз кўзи билан кўрди.

Саҳро. Оч қолган шер осмондан нимадир тушаётганлигига ажабланиб қараб турибди...
*****

9 саҳифа. Бир қоп кулгу.


— Нега уни қўйиб юбординг?
— У мени ташлаб кетмайди. Вафодорлигини синаб кўрмоқчи эдим.
— Тентак, ким қопағон итни бўйинбоғисиз қўйиб юборади?!
          ***     ***

Болакай телевизор кўриб ўтирган отасининг ёнига келиб:
— Ада, нима кўряпсиз? - деб сўради.
— Енгил атлетика бўйича югуриш мусобақасини, ўғлим. Ҳозир ҳаммаси югуради, биттаси ғолиб бўлади. Ана шу битта спортчига совринни беришади.
— Ундай бўлса, қолганлари нега югуришяпти, ада???
          ***     ***

— Ҳой, қиз. Биласанми, кўп шоколад ейиш зарарли - семириб кетасан, тишларинг сарғайиб кетади.
— Менинг бобом 106 га кирган, тишлариям жойида эди.
— Нима, у ҳар куни шоколад ермиди?
— Йўқ, бировларни ишига бурнини суқмасди.
          ***     ***

Футбол матчида томошабинлардан бири, ёнида ўтирган ёш боладан сўрабди:
— Сен бундай қиммат билет учун пулни қаердан олдинг?
— Дадам олиб берди.
— Даданг қани ўзи?
— Уйда... билетни қидиряптилар.
          ***     ***

Бемор:
— Доктор, мени жигарим оғрияпти
Шифокор:
— Ҳозир текшириб кўрамиз, биронтаси билан урушганмидиз?
Бемор:
— Ҳа, кеча 5таси билан урушгандим.
Шифокор:
— Ана бўлмасам! Ўзингиз нозик бола экансиз, қандай урушдингиз?
Бемор:
— Ҳамма қатори.
Шифокор:
— Қаерда урушдинигиз?
Бемор:
— Телеграмда!..
          ***      ***


8 саҳифа. Суҳбат.


Хонтахта сиёсатшунослари

Интернет, цивилизация, механизация, вулканизациянинг ривожланиши билан янгидан янги касб-ҳунарлар ва ижтимоий тоифалару гуруҳлар шаклланди. Диван сиёсатчилари ёки хонтахта сиёсатшунослари шулардан бири.
Уларнинг тури кўп. Ижтимоий тармоқларда кундан кунга урчиб бормоқда. Бири Америка томонини, иккинчиси Россия томонини олиб бир-бирининг гўрига тинимсиз ғишт қалаб туришади.
Агар сиз ҳамиша бир томоннинг ёнини олиб, иккинчи томоннинг гўрига донаси 310 сўмли пишиқ ғишт қаламаган бўлсангиз, демак улар тоифасига кирмайсиз ва хотиржам ўтириб давомини ўқисангиз бўлади.
Хонтахта социологлари. Ўзларига қарашли доно фикр барча соғлом фикрлиларга хос деб ҳисоблашади. Сўз орқали ҳужумни бундай бошлашади: “Бу ҳақда барча якдил”, “Бунга ҳеч ким шубҳа қилмайди”. Фикрларига қўшилмаган барча сотқин, хоин, тентак ёки масондир.
Хонтахта экспертлари. Худди социологлар каби тактика қўллашади. Кўпинча, аллақандай ажнабий (Сэмюэлсон, Клифф Кёртс в.б. номини ҳеч ким эшитмаган) сиёсатшуносдан иқтибос келтиришга ўч.
Хонтахта аналитиклари. Таҳлилда, албатта, изчиллик, қонуният келтиришади. “- А воқеа рўй бердими? Ахир, ундан олдин Б ҳодиса бўлгандику. Б га қараб А юзага келишини олдиндан билиш қийин эмас. Мен аллақачон шундай бўлишини билгандим” ва ҳоказо..
Хонтахта футурологлари. Хонтахта аналитикларидан стажи ортиқ тоифа. Кечаётган воқеаларга қараб келажакни башорат қилишади. Масалан, фалон воқеа рўй берди. “-Энди Франция Ливияга киради. Қараб тур. Мени айтди дейсан”
Хонтахта конспирологлари. Бошини қаттиқ уриб олган ноёб шахслар. Барча сиёсий жараёнлар тенденциясидан ўзаро боғлиқлик ясашади. “-Бу Исроил ва Америка махфий плани. Барчаси улар манфаати учун ташкил этилган”. “-Йўғее”. “-Шундай”.”-Таиланд зоопаркида фил ўлибди”. “- Тсс. Бу Билдерберг клубининг иши”.
Хонтахта геополитиклари. Хонтахта конспирологларининг ривожланмай қолган тоифаси. “-Нега бу давлатга уруш очди?” “-Чунки қазилма бойлиги кўп, шуниям билмайсанми?”
Хонтахта тактиклари. Жаҳоннинг қизғин нуқталаридаги урушни муҳокама қилишади. “- Нега А режа бўйича урушмаяпти? Ҳа, чунки, қўмондонлари лапашанг. Йўқ, сотилган. Фалон давлатга сотилган. Аҳа! Ахир, Б режа бўйича урушиш керак!”
Хонтахта қуролшунослари. Урушаётган томонларнинг қурол-яроғини муҳокама қилишади “- Ҳмм. Бунисида Град, унисида Браунинг M2. Қаердан олиши мумкин? Тўхта, бу қурол фақат фалон давлат армиясида бор, демак....”
Хонтахта инженерлари. Хонтахта қуролшуносларига турдош тоифа. Гарчи Калашниковнинг ичини очиб кўрмаган, гуглга қарамай БТРдан БМПни фарқлай олмаса-да, ҳарбий аппаратлар ва иншоотларни худди ўзлари қургандек тавсифлашади. ИШИД ва Ғарб коалицияси, Россия аралашувига доир хонтахта жангларида алоҳида хизматларини таъкидлаш жоиз. Шимолий Кореянинг техникасини Ким Чен Индан кўра пухта билишади.
Хонтахта юристлари. Турли халқаро қонунлар ва конвенциялар ҳақида фикр юритишади. Масалан: Кечаги террор акти ҳақида Женева конвенциясида бундоқ ёзилган.
Хонтахта диншунослари. Муқаддас асарлар ва ривоятларнинг исталган еридан ўзлаштирилган иқтибос асосида ҳукм чиқара олишади. “Эшак ҳанградими? Демак таҳоратинг бузилди”.
Хонтахта тарихчилари. Таранг вазиятни тегишли тарихий ҳодиса билан қиёслашади. Масалан: Россия-Украина гибрид уруши Индонезия-Малайзия конфронтацияси билан..
Хонтахта шоҳидлари. Ҳар бир сиёсий ҳодисада ўзининг иштироки борлигини таъкидлайди. “Қарангки, айни шу куни Украинада эдим..”
Хонтахта ҳайбаракаллачилари. Оёқ остида ўралашиб кучли тарафни астойдил маъқуллайдиган хашаки тоифа. Вазият ўзгарганда эволюцияга учрайди. Аммо уларсиз ҳаёт давом этмайди, шундай эмасми?

Шукуржон Исломов
7 саҳифа. Романтика...


«Маргарита Алигер шеъри...»

Ёз тугар, кунлар ҳам борар қисқариб,
Август шамолидан қовжирар лаблар.
Туйғулар бўлмайди саёз ё ғариб,
Дунёда бўлади саёзроқ қалблар...

Ҳатто рашк ҳам буюк бўлиши мумкин,
Отелло қўллари тутса гирибон.
Оловкўз, сержило Ишқ учун, лекин,
Гулхан ёқадиган дил керак, ишон...

Рамақда кўнгиллар кўтармаган ғам,
Лек орзиқиб кутган юк бўлсин, майли!
Сенга нима дердим, эй яхши одам,
Меҳр берилмас-ку, шафқат туфайли?!

Ўзингни кўрсатиб гуноҳкор, гўлроқ,
Айёрлик қиласан гўё юпатиб:
“Нимамиш, муҳаббат сенда сал мўлроқ,
Менда сағал озроқ” ... - Хўш, нима бўпти?

Суймайман севгиси кичикроқларни,
Ундан кўра яхши кутмаган офат.
Ёз ташлаб кетяпти биз нўноқларни....
Қара, оламга ҳам чўкди сукунат...

Русчадан О.Мамадалиев таржимаси
          ***     ***


“Менсиз қолган лаҳзада йиғла,
Фақат бир кун, фақат бир марта...”
Фирдавс Обид.

Менсиз қолган лаҳзада йиғла,
Фақат бир кун, фақат бир марта.
Фақат менсиз йиғлагин аччиқ
Юракдан...

То унгача йиғламай яша,
Кулгуйингдан яшнасин очун.
Ахир сени яратган Худо,
Бахт учун!

Кокилингга арғимчоқ солса
Ғамлар...
Аста қучоқласа дард.
Парво қилмай, табассум қилиб
Унга мени борлигимни айт.

Зулмат тушса гулдираб осмон
Тун кўксини ёрса гар чақин...
Қўрқма!
Аста шивирлаб исмим,
Чақир!

То мен борман чинакам яша,
Гулга ўраб ҳаёлинг, шодон.
Фақат бир кун...
Бир марта йиғла,
Мен Худога яқинлашган он!

Азиз Нур
6 саҳифа. Шеърлар олами.



«БАНДАЛИК»

Ишқу ошиқликдан йиғладим зор-зор,
Жунун саҳросида тентираб, чопдим.
Умримнинг чароғон лаҳзасин бедор
Нафасим уланган Нафасдан топдим.

Ким нима демасин, гўр оғзи қадар
Эмаклаб боргайдир банданинг сўзи.
Менинг бор-будимдан огоҳ бир Назар,
Савоб-гуноҳимни ажратар Ўзи.

Билмам, озор бериб ранжитдим кимни
Ва ёруғ дилларни суйдим қанчалик...
Ёдимга солади одамлигимни,
Менинг остонамда турган бандалик.

Шавкат Жўрабек
          ***     ***


Ошиқ эдим туғилганимда...
Ошиқ эдим...
Бор-йўғи ошиқ...
Томир отди руҳим танимда,
Қўшиқ бўлдим, азизам, қўшиқ...

Мен Сўз бўлдим, Оҳанг, Куй бўлдим,
Шакл топдим дунёларингда!
Ногоҳ шодлик, ҳасратга тўлдим,
Тақдир топдим тақволарингда.

Сўнг йўқотдим...
Ўзни йўқотдим...
Бандаман-да, найлайин, ожиз.
Умидсизлик қутбида қотдим,
Гулшан каби, қолган қаровсиз.

Ўткиржон Хидиров
          ***     ***


Дардкаш иштиёқи

Қара аҳволимга, кўрдингми бу он
Қоп-қора суратинг қучиб ётаман.
Биламан - дардимга тушунмас инсон,
Лек ўзга дардкашни қайдан топаман?

Ҳамма ёқ инсонлар, тўла нигоҳлар,
Менга фаришталар керакдир, абас.
Дардимни тушунмас чала гуноҳлар,
Менга дардкаш керак - бегуноҳ, бесас..

Мақсуд Саломов
5 саҳифа. Ҳикоя.


“Улфатлар ёҳуд бир кам дунё”
(саргузашт ҳажвия)

Монтёр, газчи, заправкачи ва фермер улфат экан. Бир чақчақлашиб ўтириш учун фермерникида ҳалфана палов баҳона йиғилишибди. Қаранглар, "Бўзчи белбоққа, фермер оқёққа ёлчимайди" деган мақол шу ерда ҳам ўзини эслатибди. Неча йилдан бери ўчмаган чироқ  (уй эгаси электрни тежаш учун ўчириб қўйиши ҳисоб эмас) "лоппида", йўғ-ей ўхшамади... "лоппида" бўлса ҳудди доим ўчадиганга ўхшаб қолар экан, томдан тараша тушгандек "топпида" ўчиб қолибди. Даврада ўтирганлар аввалига ишонмабди, тўғри-да, бу ер Африкамидики, чироқ "топпилаб" ўчаверса. Монтёр бир ҳазил қилган бўлиши ҳам мумкин-да, ундан кутса бўлади, мана шу фермер йигирма беш йилча аввал уйланган куни ҳам шўхлик қилиб чироқни ўчириб қўйган эди. Йўқ монтёр ўчирмаган экан, сабабини ҳам билмас экан.

Энди чироқ ўчса ҳамма зимистонда ўтирмайди-ку ахир, улфатлар фермерга қараб, йўғ-а зимистонда қаёққа қараганини билишмайди-ку, фермерга мўлжаллаб:

- Диққонвой, бор шам олиб чиқ, - дейишибди.

Фермер ҳам шамга чиқиб кетиб бироздан кейин қуруқ қайтиб келибди, тўғри-да, хотини шам ҳидига бошқоронғи бўлибдимики, Диққонвой уйида шам сақласин ?! Фермер ҳам шунча ишламаган калласи "лоппида" ишлаб кетибди-ку (бу сафар аниқ "лоппида", сабаби, фермернинг калласи азалдан бир ишлаб, бир ишламай туради). Улфатларга қараб:

- Бозорвой ҳижалатчиникида шам бўлса керак, мен бориб олиб келаман, - дебди.

Қаранг-да энди бу ёғини, Бозорвой ҳижалат тушида чироқ ўчишини кўрибдимики, дастмоясини банд қилиб дўконига шам олиб келсин?!
Йўқ, шам ҳеч қаерда йўқ! Ўзингда йўқ, дунёда йўқ!

“Инсон ҳар нарсага кўникади”, деганлари рост экан, фермер уйига келса улфатлар аллақачон қоронғуликка кўникиб бир умр шундоқ яшагандек чақчақлашиб ўтирган экан. Фалокат бир келса қўша-қўша келади-да , палов масаллиқларини тайёрлашиб энди қозонни ўчоққа, йўқ-йўқ, газ ёқиб овқат пишириладиган ўчоққа осишган экан “зангори олов” тушмагурнинг ранги ҳам аввалига сарғайи-и-иб, кейин қорайи-и-и-и-иб, охирида буткул қорасини ҳам ўчирибди. Тўғри топдингиз, улфатлар бу сафар газчи ҳазиллашаётгандир деб ўйлашибди. Йўқ, газчи йиғлагудек бўлиб қасам ичибди, бу қасамхўрнинг гапига ҳеч ким ишонмас экан-у , аммо газчи ҳам энг муқаддас нарсаси - “партбилетини” ўртага солиб, қасам ичибди-да.

Ўчашгандек фермерникида на кўмир, на ўтин бор экан . Кимнинг хаёлига келибди дейсиз, ўзимизда ердан қайнаб чиққандек чиқаётган газ тўхтаб қолишини. Фермер бечора ҳам ота-боболар удумини қилиб ғўзапоя ғамлаб қўяр экан, аммо бу йил пахта режасини юз эллик фоизга ҳам чиқара олмай, қиш эрта келиб декабрнинг яримига бормай қор ёғиб қўйгани учун ғўзапоя ҳам далада қолиб кетган экан.

Улфатлар ҳам қайсар улфатлардан эмасми , “хапмисан” дея туриб олишибди. Маслаҳатни бир жойга қўйиб, фермерга отасидан мерос қолган олинганда янги бўлган машинага ўтириб “Райцентр қайдасан” дея, ё ўтин, ё кўмир топиб келиш учун йўлга тушишибди.

Йўл юришибди йўл юришса ҳам.... энди мўл юрамиз деб туришган экан, олинганда янги бўлган отамерос машина икки марта “пақ-пақ” этиб овоз чиқарибди-ю, тўхтаб қолибди. Тушиб қарашса, ёнилғи тугаган экан. Йўқ, бу сафар топа олмадингиз, ҳеч ким бу ишни заправкачидан тўнкамабди, заправкачи ҳам “партбилетни” ўртага қўйиб қасам ичишга мажбур бўлмабди. Сабаби ,у ёқилғи идиш томонда ўтиргани йўқ эди-да. Энг яқин заправкагача тўрт чақиримча қолган экан, тўртта азаматга бу нима деган гап, олинганда янги бўлган “отамеросни” орқасидан итариб йўлда давом этишибди.

Энди йўлни яримига етишган экан, қарашса, кўчанинг икки томони ҳудди ҳокимнинг уйида тўй бўлаётгандек машиналарга тўла эмиш. Эътибор бермай кетишмоқчи экан, йўл четида турган машиналарнинг эгалари йўл беришмабди. Сабабини сўраяпсизми, айтсам ишонмайсиз, бу йўл четида заправкадан икки чақирим берида турган машиналар эртага сотиладиган бензинга навбатда туришган экан!!! Ана айтдимми, ишонмайсиз деб, мен ҳам ҳеч эшитмаган эдим бензинга навбатда туришганини. Энди бир кун аввалдан икки чақиримли навбатнику фантазия киноларда ҳам кўрмаганман. Аммо бу сафар ҳаммаси рост, нега бундай катта навбат бўлганини мен билмадим. Ана, жуда билгиларинг келса, маош олиб ўтирган раҳбарлардан сўранглар, ўшалар айтсин.

Улфатлар ҳам нима қилишини билмай, “отамеросни” навбатга қўйиб, ўзлари бир четга чиқиб, кута бошлашибди. Қаранг, ораларида заправкачи борлиги шу ерда иш берибди, у бир уй орқасида тикка турган ғиштни олиб, тагига қўйиб ўтирмоқчи бўлган эди, бир болача югуриб келиб:

- Тоға сизларга қанча бензин керак? - деб сўрабди.
- Ия сенда бензин борми? -дейишибди улфатлар жўр бўлиб.
- Ие-е-е тоғалар, агар бензин бўлмаса, уйнинг орқасида ғишт нима қилади? - дея аския қилибди болача ҳам.

Нархини келишиб, ўзаро пул йиғиб нақд бир баклашка бензин олишибди. “Отамеросга” қуйиб ортга қайтишибди.

Улфатларни омади бор экан, ният холис-да уйга келишгунча чироқ ҳам ёнибди, газ ҳам ўлимсанги бўлса ҳам келибди.

Ваниҳоят, ҳикоямиз ҳам охирлаб қолди, ҳамма мурод мақсадига етди. Охирига етмай қолганга ўхшаяптими? Шошилманг, ҳар бир ҳикояда бўлгани сингари бу ерда ҳам қиссадан ҳисса бор. Мана
ўзинглар ўқиб кўринглар:

“Агарда тўпланиб, ҳалфана палов устида чақчақлашиб ўтирмоқчи бўлсангизлар, сайлов арафасида уюштиринглар, электр ва газга жавоб!”


Акмал Набиев

4 саҳифа. Мулоҳаза.


«БУГУННИНГ БУ КУНИ»


Замон ўзгармади, замондош ўзгарди...

Буюкда ҳиммат, насиҳатгўйда ҳикмат қолмади. Аҳдга вафо, сўзга садоқат йўқ. Аввалда савдогар "олдим, сотдим" сўзлари билан ишни битирар, муштарийсининг кейини билан иши бўлмасди. Бугун-чи!? Гап кўп, сўз кўп, ғийбат кўп. Шундан савдо сиёсатга, сиёсат савдога айланди. Пора ҳадяга, ҳадя пора ўрнига ўтди. Совғада эваз, сарпода мисл пайдо бўлгани кўринди. Илм аҳли тижоратда, раёсат кишиси зироатда топилди. Катталар кичикка, сағирлар кабирга алмашди. Сўзда ёлғон, ғийбат, шаҳодатда бўхтон урчиди. Савдогарда вафо, божгирда шафқат қолмади. Юрт тинч, юртдош нотинч. Ҳамён тўлса-да, кўз тўлмади. Зиёфат учун ҳовли кенг, ўнлаб хона мунтазир, жигар учун жой йўқ, меҳр йўқ, раҳм ҳам асло...

Ақрабодан улфат устун, қалбдан нафс, виждондан манфаат. Бошлар оёққа, оёқлар бошга ўрин берди. Тарбия беришлик гўдаклар, иш бошқариш аёллар, оила раҳбарлиги хотинлар қўлига ўтди. Ҳийла ош, макр нон бўлди. Ҳийлагар феълини уддабуронлик, муттаҳам эса ҳақ талаб қилиш деб билди. Ҳақдор қарздорнинг қонини ичишга, қарздор ҳақдорнинг жонини олишга тайёр. Тижорат - ҳамкорини синдирувчи, кўмак бермоқ - миннат қилинувчи касб деб билинди. Мулк эгалари лафзидан кўра маблағини, савдо соҳиблари байъидан фойдани устун қўйди. Муомалада адолат эмас, ёлғон, ҳийла эп кўрилди. Қўл чўзганнинг қўлига, юзи сўлғиннинг юзига урилди. Ҳаромдан топилган даромадни норасида гўдакларга раво билиниб, садоқатли аёлга едирилди. Манбаъси қаерлигини билмаган ота-онага чиройли, ялтироқ қоғозлар остида нажосатдан фарқсиз даромадни "туҳфа" қилинди...

Натижада, фарзандлар фожирликка, аёллар осийликка юз тутиши ҳаёлларининг бир кўчасига келмади... Покиза хонадонлар шубҳалар ва ҳаромлар гирдобида файзини йўқотди...

Роббим, Ўзинг ихлослиларни ислоҳ қил. Раҳминг келсин...

Салим АЙЮБИЙ
2 саҳифа. Ижтимоий тармоқларда «порлаган» мавзу.


“Исломофоб Ҳилол Насимов”

Ҳилол Насимовнинг фильмларини кўрмасликка ҳаракат қиламан. Жамиятда исломофобиянинг энг катта "бунёдкор"ларидан бўлган бу одам аслида миллатнинг, мамлакатнинг душманидир. Лекин унинг бошини силайдиган, мусулмонларни қора қилиб кўрсатаётган фильмларини қўллаб-қувватлайдиган, уни мақтайдиган тоифа ҳам борки, айнан ўшалар Насимовнинг суянган тоғларидир.

Ҳилол Насимов мавзусида гап кетса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси росмана ўлик ташкилот экани яна бир бор намоён бўлади. Во дариғ, шу пайтгача биронта мард одам чиқиб: "Ҳилолбек, сиз бундай қилманг. Сценарийингизни олдин бизга олиб келинг. Мусулмонларни бу даражада калака қилишингиз тўғри эмас. Ўзингиз ҳам мусулмон бўлсангиз керак. Бу ишларни тўхтатинг", демади-я. Қойил.

Роса кўп мақтовлардан кейин шу одамнинг бирон фильмини бошидан охиригача кўрмаганман, балки яхшидир деб ўйлаб, "Алданган аёл" фильмини томоша қила бошладим. Бошидан эмас, албатта.

Ушбу битикларни ўқиётган ўқувчи, сиз хулқ деганда нимани тушунасиз? Хулқ маълум бир одамнинг юриш-туриши, одоб-ахлоқини белгилаб беради, тўғрими? Лекин бу сўзни ўрни келганда қўполроқ маънода ҳам ишлатамиз, бу ҳам тўғрими? Масалан, хулқи бузуқ дейилади. Ёки бир одамнинг хулқи муҳокама қилинди деса, уни салкам бузуқ аёлга тенглаштирилаётгани англанади, бу ҳам тўғрими? Тўғри, сўз луғавий маънода қўлланса, бу тўғри бўлиши мумкин. Аммо хулқи муҳокама қилинди деган сўздан ҳеч қачон ижобий маъно англашилмайди.

Хуллас, "Алданган аёл"га қайтамиз. Бош қаҳрамон бўлган аёл чет элда юрганида у ишлайдиган мактабга орган ходими келади, директор ва бошқа ўқитувчилар билан ўқитувчи аёл ҳақида суҳбатлашади. Шунда ўқитувчилардан бири: "Биз унга ҳижоб ўраши тўғри эмаслигини айтдик. Хулқини муҳокама қилдик", дейди. Тасаввур қиляпсизми, хулқини муҳокама қилишган. Хулқини! Демак у хулқи бузуқ аёл. Хулқи эса ҳижоб ўрагани натижасида бузилган. Водариғ!

Охирги пайтларда маҳалла ва ҳокимиятларда аёллариннг ҳижобини ечтириш бўйича жуда кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилди. Мен бир нарсани тушунмайман: аёллар ҳижобни ташласа кимга нима фойда? Бу билан нимага эришасиз? Қилиниши керак бўлган оламшумул ишлар турганда бу нарсалар билан ўралашиб юриш хато эмасми? Битта исломофобни шу мавзуда кино олишига қўйиб бериш қанчалик тўғри? Глобал ишлар билан шуғулланинглар!

Ҳилол Насимов яна бир фильм чиқарибди. "Муқаддас истак" номли. Трейлерини кўрдим-у, қусворай дедим. Ўзбекистонда ўзбеклашиб кетган араблар кўплигини ҳамма билади-а? Самарқанддаги Арабхона деган жойда бир ошнам бор, ҳақиқий араб. Ўзбеклашиб кетган. Ҳой Ҳилолжон ака, ўзингизнинг юртдошларингизни ҳақорат қилишга қанчалик ҳақлиман деб ўйлаяпсиз? Таниш-билишларингиз орасида исмида "хўжа", "хон" қўшимчаси бор бўлганлари бордир? Ўшаларнинг ҳам аждодлари араб эканини биласизми? Уларнинг кўзига бемалол қарай оласизми?

Бутун дунёда ирқчиликка қарши кураш кетяпти. Айниқса қора танлиларни ҳақорат қилмаслик борасида. Аммо Ҳилолжон ака ўз киносида бемалол ирқчилик қиляпти. Ҳа-я, Аллоҳнинг ҳақ динини бошқаларга ёмон қилиб кўрсатишга бел боғлаган одам учун бу иш чикора-ку.

Хулоса ўрнида

Мен бу хатимни Ўзбекистон мусулмонлари идорасига жўнатмоқчиман. Улардан Ҳилол Насимовнинг барча фильмларини кўриб чиқиб, ўзларининг расмий хулосаларини беришларини талаб қиламан. Улар Ҳилол Насимовнинг фильмлари Ўзбекистонда намойиш этилишини тўхтатишлари шарт!

Халқ орасида жуда кўп масалаларда Мусулмонлар идорасига бўлган ишонч йўқолиб кетганини бугун ҳамма билади (Фикримни изоҳлай. Мусулмонлар идорасининг телеграмдаги каналида 3 минг 100 обуначи мавжуд. Mehrob.uz сайтининг каналида 48 минг 100, muxlis.uz сайтининг каналида 17 минг 900, ummat.uz сайтининг каналида эса 23 минг 600 киши бор). Уларнинг росмана жасорат кўрсатадиган, ўз обрўсини тиклайдиган вақти келди деб ўйлайман.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Мусулмонлар идорасидан вакил қатнашиб, барчасини исботлаб бера олса, Ҳилол Насимовни бемалол судга тортиш мумкин.

Бизнинг мақсадимиз исломофобияни йўқотиш. Аҳолининг 94 фоизи мусулмон бўлган бир вазиятда Ўзбекистонда исломофобиянинг борлиги уят! Ҳилол Насимовга ўхшаганларни ё тартибга солишсин, ёки фильм олишини таққиқлаб қўйишсин. Ҳозирги ҳолат ўзини мусулмонман деб санаган одамларга асло ёқаётгани йўқ.

P.S. Рамазон ҳайитида одатдагидек намозга бордик. Ташқарига жойлашдик. Қараб турибман, милиция ходимлари кўчма темир панжара ўрнатиб олган, ўша ердан туриб вояга етмаган болаларни тўхтатиб қолишяпти. Бирорта бола ўша куни намоз ўқигани йўқ. Негалигини сўрасангиз "Мумкин эмас!" – дейди. Лекин қайси асосга кўра мумкин эмас? Ҳужжатинг қани, оғайни? Жавоб йўқ. Бўлмайди ҳам.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ана шу масалани ҳам ҳал қилиб бериши шарт! Агар биз болаларни ҳозирданоқ кўксидан итарадиган бўлсак, улғайганда уларни масжидга олиб кира олмаймиз. Натижада янги-янги Ҳилол Насимовлар улғаяверади...

Темур Аъзам

воскресенье, 5 февраля 2017 г.

«Файзбоғ» электрон газетаси
6 сон. 5 февраль, 2017 йил.

Ассалому алайкум! Бугун 5 февраль, ҳафтанинг якшанба куни. Одатга мувофиқ, «Файзбоғ» электрон газетасининг янги сонини чиқардик. Барчани мутоллага чорлаган ҳолда, қисқача анонсни ёзиб ўтаман.

1 саҳифа. Анъанага мувофиқ илк саҳифамизни Темурмалик Тожиддинзода очиб беради: “Ислом динини терроризм билан боғлаш керак эмас. Ислом - тинчлик дегани." 
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366069987109853&substory_index=0&id=349574945426024


2 саҳифа. Индамасхўжа Камгапхўжа ўғлидан. Ижтимоий тармоқларда «порлаган» мавзу. Куламизми, куямизми?! 
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366056993777819&substory_index=0&id=349574945426024

3 саҳифа. Умида АДИЗОВА ҳар доимгидай оғриқли нуқталаримиздан тутади. Долзарб мавзу рукнида "Парча кафанли Ҳожи она".
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366051627111689&substory_index=0&id=349574945426024

4 саҳифа. Мулоҳаза рукнида Соҳиба Ҳайитбоева. Онанинг журналист сифатидаги фикрлари.
“Менинг онам Россияда” ёҳуд меҳрга муҳтож болалар. 
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366048010445384&substory_index=0&id=349574945426024

5 саҳифа. Акмал Набиевдан газетамизда ортиқча бўлмаган, "Ортиқча" ҳикояси.
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366047397112112&substory_index=0&id=349574945426024

6 саҳифа. Шеърлар оламида Фахриддин Ҳайитов, Сирожиддин Иброҳим,  Настарин Ифорзода.
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366046770445508&substory_index=0&id=349574945426024

7 саҳифа. Романтика рукнида шоирларимиз - Мирзаахмед Мубораков, Омонхон Мамадалиев, Хуршид Абдурашидлардан ишқ изхори, иқрори, изтироби битилган сатрлар.
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366046477112204&substory_index=0&id=349574945426024

8 саҳифа. Ўзимизнинг Азиз Несинимиз Шукуржон Исломовдан замонавий сатирик ҳикоя. «Қизғин баҳс ва танқид».
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366045880445597&substory_index=0&id=349574945426024

9 саҳифа. "Бир қоп..."ни Ҳамидбек Юсупов, Дима Қаюмлардан тортиб, бошқа халқ оғзида айланган латифалар тўлдиришган. Кулишамиз!
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366044707112381&substory_index=0&id=349574945426024

10 саҳифа. Қисқа ҳикоялар. Темурмалик Тожиддинзода ва Шукуржон Исломов билан "Операция К" билан "Қариндош уруғлар"ни йўқлаймиз.
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366043970445788&substory_index=0&id=349574945426024
 
11 саҳифа. "Одамлар бизга юрагини беришди, биз эса уларга қоғоз бердик..." Шавкат Мирзиёев. Қисқа пост ва ҳикматлар.
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366043677112484&substory_index=0&id=349574945426024

12 саҳифа. "Тарихий жумбоқ" рукнида  Ҳамидбек Юсуповдан биз билган ва билмаган тарих. "Эйнштейннинг мухаббати".
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366043350445850&substory_index=0&id=349574945426024

13 саҳифа. Футбол мавзуси. Энди кимни сотамиз? Қаҳрамон Асланов билан...
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366042980445887&substory_index=0&id=349574945426024

14 саҳифа. Яна футбол мавзуси. Бу сафар Ўткир Қаламтебратар футбол журналистикасини "савалайди"...
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366042233779295&substory_index=0&id=349574945426024

15 саҳифа. Абдулазиз Саидалиханов. "Японияда ўқитувчиларнинг маоши қанча?" Керакли мавзу.
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366041347112717&substory_index=0&id=349574945426024

16 саҳифа. Блогер саҳифаси. Санжар Саид билан журналистларни уйғотамиз.
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366041040446081&substory_index=0&id=349574945426024

17 саҳифа. Ўйнаб қўяй Азиз Нур, ўйнаб қўяй. Тоғай Муродчасидан ўқиймиз. "Араз-араз".
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366040577112794&substory_index=0&id=349574945426024

18 саҳифа. Ижтимоий муаммоларимиз. "Эркатой"ларни танобини кимдир тортадими? Хуқуқлар тилга кирганда. Обид Латиповдан талаб ва сўровлар.
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366040153779503&substory_index=0&id=349574945426024

19 саҳифа. Умида Адизова. "Мудҳиш ғаладон" Таъсирли ҳикоя.
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366039817112870&substory_index=0&id=349574945426024

20 саҳифа. Фозилбек Юсуповнинг тиниб-тинчимас "ошна"лари  Капгир ва Чўмич яна нималарни бошлашар экан?!
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366038110446374&substory_index=0&id=349574945426024

21 саҳифа. Чуғулистонгача етиб келган “Нодира Қўлдошева” синдромини батафсил ўрганиб чиқамиз. Қаранг-а, сиз ҳам йўлиқиб қолманг.
https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=366037673779751&substory_index=0&id=349574945426024

Дарвоқе, яқин орада ўзимизнинг сайтимизга эга бўляпмиз. Эндиликда барчаси профессионаллик даражасига етади. Биз билан бўлинг. Лайк қўйинг, изоҳ билдиринг ва бошқалар билан ҳам бўлишинг. Эътибор учун ташаккур!

Фейсбукдаги саҳифамиз:
https:// www.facebook.com/­fayzbogh/

Телеграмдаги саҳифамиз:
telegram.me/fayzbogh

Адиз Ниёзов (Азиз Нур) тайёрлади

суббота, 4 февраля 2017 г.

21 саҳифа. Чуғулистонда қитмир миш-мишлар.


«Диққат! Диққат! "Нола Қўлдошева" синдроми!»

Илгарироқ, Чуғулистонда  “Чаҳонгир Ўта жонлиев” вируси тарқалганлиги ҳақида хабар берган эдик. Воқеалар ривожини кузатиш учун мухбиримизни Эпидемиология институтига юбордик. Эпидемиология институти директори Чулун таппи вирус ҳақидаги янглиликлардан ташқари мамлакатда янги тарқалган синдром ҳақида маълумотлар берди.

Чулун таппи:

- “Чаҳонгир Ўта жонлиев” вируси жуда ўткир бўлиб чиқди. У бекорга минг йиллардан бери мавжуд бўлиб келмаётган экан. Шоу бизнес соҳаси вакилларининг қаршиликларига қарамасдан, вирус мамлакатда деярли барчага юқиб бўлди ва ниҳоят “Чуғул Фонограмма” ташкилоти қўшиқчилик санъатига даъво қилаётган ҳар бир санъаткордан ашулаларини жонли тарзда ижро этишини талаб қила бошлади. Санъаткорнинг санъатга даҳлини текширадиган комиссия ҳам тузилди ва концертларнинг аксар ашулалари жонли айтилиши шарт қилиб белгилаб қўйилди. Яқин келажакда, Чуғул санъати ўзининг аввалги мавқеини қайта тиклаб олади деб умид қиляпмиз.

Лекин бугунги куннинг асосий мавзуси бу эмас. Сўнги пайтларда мамлакатимизда "Нола Қўлдошева" синдроми деб номланган синдром кенг тарқала бошлади. Кўпчилик бу синдромнинг симптомлари санъат билан боғлиқ деб ўйлашади. Аслида бундай деб ўйлаш нотўғри.

Тушунтираман. Нола Қўлдошева деган фонаграммачи хонанда қиз бор эди. У замонавий фонаграммачи сифатида элга танилган эди. Шу қиз бир куни концерт берибди. Концертда хонанданинг ёйилган сочлари хилпираб туриши учун саҳнага бир нечта винтеляторлар ўрнатишган экан. Винтелятор оператори шўхроқ эканми, билмадим, у винтеляторни хонанданинг оёғи томон буриб юборибди ва хонанда кийиб олган узун кўйлаги кўтарилиб, сонигача кўриниб кетибди. Шунда залда ўтирган “Чуғул Фонаграмма” ташкилотининг мутасаддиларию, журналистлар ўзларини уялганга солиб, қўллари билан юзларини яшириб, бармоқлари орасидан унинг сонларини яширинча томоша қилиб олибдилар. Шу кундан бошлаб уларнинг барчасига “Нола Қўлдошева” синдроми юқибди. Эндиликда, уларнинг бари гўзал Нола Қўлдошевага ошиқ бўлиб қолибдилар ва уни пинҳона рашқ қила бошлабдилар.

Рашкчи мутасаддилар ва журналистлар бир ёқадан бош чиқариб, Ноланинг фонаграмма айтишга лицензиясини олиб қўйдиришга ва унинг саҳнага бошқа чиқмаслигини таъминлашга эришибдилар. Ҳозирда, саҳнага аёл фонаграммачи чиқадиган бўлса, улар фонаграммачининг "санъати" қолиб, унинг кийим кечаклари, қадди қомати ва шахсий ҳаётини муҳокама қиладиган бўлиб қолибдилар.

Айтишларича, синдром сабабли “Чуғул Фонаграмма” келажакда ўз номини “Чуғулмато” қилиб ўзгартирмоқчи ва фонаграммачиларнинг овозларидан кўра уларнинг кийим бошлари назорати билан шуғулланмоқчи эмиш. Журналистлар эса ҳозирда хонандаларнинг лозимларини таҳлил қилиш туфайли қозонган шуҳратларидан маст бўлиб, келажакда унинг ич-кийимлари, ётоқхонасининг деталлари ва ишқий саргузаштларини ҳам таҳлил қилиб боришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган эмишлар. Мен бундай улуғ мақсадларни амалга оширишларида уларга омадлар тилаб қоламан.

Мухбир:

- Бу синдромнинг бошқа белгилари ҳақида қисқача айтиб ўтсангиз.

Чулун таппи:

- Синдромнинг бошқа белгилари қуйидагилар :
•бошқаларнинг шахсий ва ички ҳаётига аралаша бошлаш;
•ўзгаларнинг ташқи кўринишларини танқид қилиш орқали ўзини ақлли қилиб кўрсатишга уриниш;
•фақат ўзини ҳақ деб ўйлаб, "ноҳақ"ларни "ҳақ йўл"да юришга мажбурлаш;
•жинсий ҳолатларни танқид қилаётгандай қилиб кўрсатиб, ўзининг жинсий мавзуларга ўч эканлигини яширишга уриниш ва ҳоказолар.

Мухбир:

- Тавба қилдим, сиз худди менинг ўзгинамни тасвирлаяпсизку. Мен ҳақимда шунча нарсани қаердан биласиз?...

Чулун таппи:

- Тўғрисини айтсам мен сизни эмас, аксинча ўзимни таърифлаган эдим. Менимча биз Чуғуллар ҳаммамиз бир гўрмиз. Бировларни тинч қўймаймиз ва бировлар ҳам бизни тинч қўймайдилар. Бунингсиз ҳеч иложи йўқ. Барчамизга “Нола Қўлдошева” синдроми юқиб бўлган. Афсус...

Дониёр Рўзметов
20 саҳифа. Капгир ва Чўмич саргузаштлари.


«Олий суд.
 2-қисм: Капгир ўлим ёқасида»


- Вой жаа... Қанақасига? Нега ахир?
- Уйга борайлик, ўша ерда гаплашамиз.

Суд залидан чиқиб кетдик. Ортимиздан Давроннинг онаси югуриб келди. Бечора аёл. Эри ўлганидан шунчалик тушкунликдами ёки ўғли қамалганидан. Бечора она. Шу маҳал шайтон ичимга кирдими дейман, унинг қоматига, ташқи кўринишига эътибор бера бошлади. Бўйлари баландгина хушбичим эди. Бир неча кундан бери ухламаганидан қовоқлари осилиб қолган, кўзининг ёшини рўмолининг учига артаверганидан нам тортиб қолган... Бирорта тақинчоғи, ҳатто совуқдан қизарган бармоқларида никоҳ узугининг ўрни ҳам билинмас, менимча Собир алкаш аллақачон сотиб юборган бўлса керак. Палтосининг ёқасига қадалган бежирим тўноғич ҳам аёлга ўзгача жозиба бағишлар эди. Нималарни ўйлаяпсан Жамшид, уялмайсанми? Сен уни эрини ўлдирдинг, камига ўғли ҳам энди қамоқда...

- Рустамжон, мени Давронимга нима бўлади энди? - деб лим тўла ёш кўзларини пирпиратиб турарди.
- Ҳаммаси яхши бўлади, ҳозир кетишимиз керак. Ўғлингизни албатта қутқарамиз!

Шундай деб тез-тез юриб катта йўлга чиқиб олиб, такси тўхтатдик. Бир зумда уйимизга олиб келиб ташлади.
- Собир алкашни қандай ва нима сабабдан ўлдирганингизни бафуржа айтиб беринг қани, Чўмич.
- Қисқаси, ўша кунги воқеа, ўғлини бизникига ташлаб кетганидан кейин Собирни қандай қилиб тарбиялаб қўйсам экан, деган фикр миямда айлана бошлади. У ўлган кун квартирага эртароқ келдим, эшикни энди очаман десам, қўшнини эшиги очилиб Собирни хотини йиғлаб пастга тушиб кетди. Эри орқасидан сўкиниб қолди. Мени кўриб, бир нималар деб минғиллади. Кейин “Собир ака бир отамлашмаймизми, мен ану зормандага тушиб келардим” дедим, раҳматлининг кўзи чақнаб кетди. Шартта пастдаги магазингга тушиб битта “нол еттилик” билан “чекушка”дан олиб чиқдим. Бир соат уни уйида “майдаладик”. Ёмонам оғзи шалақ одам экан, фақат сўкиниб гапирди. Уни яхшилаб ичириб, кейин бир дўппослаб тавбасига таянтирмоқчи эдим. Фақат ўзи ичавериб мени пиёлам бўшлигини кўриб, нимадандир шубҳаланмасин деб, биргалашиб ичдим. Молдай ичаркан ўзиям. “Чекушка”ни ярмини ичдимми, йўқми бошим айлана бошлади. Ану Собир эса вашше ўчиб қолганди. Минғир-минғир қилиб бир нималар деди. Хотинимни уйдан ҳайдавораман, иярчанг боласини ҳам обкетсин, менга ўзимни ўғилчам қолса бўлди деганларини сал-пал тушундим. Жахлим чиқиб кетди. Ўрнимда туриб битта мушт туширдим. Эшакка таъсир ҳам қилмади. Қорнимга қайтариб урди, дамим ичимга тиқилиб қолди. Шу ерда озгина ёқалашдик. Кейин кўз-ўнгим қоронғилашиб кетди. Кўзимни очсам, қўлимда пичоқ, Собир эса жонсиз ётарди. Нима қилиб қўйганимдан қўрқиб шартта квартирамизга кирдим-да, кийимларимни алмаштириб яна кўчага чиқиб кетдим. Икки соатлардан кейин ҳеч нима бўлмагандек кириб келсам, бу ёқда бунақа гаплар.
- Иплос экансиз, Чўмич. Сизни деб бегуноҳ бола қамалиб кетди-я. Қандай қилиб энди бу виждон билан яшайсиз?
- Яшамайман. Шартта бориб ҳаммасини ўз бўйнимга оламан.
- Нега шу ишни аввалроқ қилмадингиз?
- Сиз Давронни қутқариб қоласиз деб ўйлаган эдим...

Шу маҳал эшик тақиллашига бало бормикан. Ким келди бемаврид. Гапимни тўхтатиб эшикни очдим. Биттаси сўроқсиз, салом-аликсиз, ҳе йўқ, бе йўқ тўғри уйга кириб кетди. Ўўвв қаерга дейишимга ҳам эътибор бермади.
- Бутун шаҳар хавф остида-ю, сен бўлсанг адвокатлик қилиб юрибсанми? - деди ҳалиги чақирилмаган меҳмон Капгирга қараб.
- Шаҳарга нима қилибди? Типпа тинчку.
- Қосимбой қайтиб келганини эшитмадингми ҳали? Қарияпсанми дейман, нима бало.
- Қосимбой?! Унга УЗБга киришга запрет қўйилмаганмиди?
-Декабрдан бери кўп нарсалар ўзгармоқда, Рустам. Хушёрроқ бўлсангчи, ҳеч бўлмаса “daryo.uz”ни ўқиб турсанг ўласанми?
- Нега олдимга келдинг? Қосимбой учун эмасдир, ҳар ҳолда?
- Айнан унинг масаласида келдим. Уни далиллар билан ушлашда бизга ёрдам беришинг керак.
- Мен сенга ҳеч нима мажбур эмасман.
- Яхши, унақада дўстинг Жамшид Чўмич қилган жинояти учун қамалади.

Капгирга онқайиб қарадим. Бу шашвар қаердан билди? Лекин Капгирнинг ранги ўзгармади.
- Сен буни қаердан билдинг? - деди нотаниш меҳмонга.
- Биз билмайдиган нарса йўқ. Ёрдам берасанми? Агар Қосимбойни қўлга туширишда ёрдам берсанг, дўстингни қилган жиноятининг видеоси туширилган дискни сенга бераман. Фақат оригинал нусхасигина бор менда.
- Яхши. Фақат охирги марта сенга ёрдам бераман.
- Келишдик.

Чақирилмаган меҳмон шаҳдам қадамлар билан уйдан чиқиб кетди. Кийимларига, оёқ кийимининг ялтирашига, қоматини тик тутиб юриши, кўйлагининг янги дазмоллангалиги ҳамда дона-дона қилиб гапиришига қараганда, харбий одам бўлса керак деб ўйладим.
- Ким эди, Капгир?
- Акам.
-Акам? Амакиваччайзми? Ёки холаваччайзми?
- Без вачча. Туғишган акам.
- Нега олдинроқ акангиз борлигини айтмагансиз менга?
- Бунақа акани боридан йўғи яхши. Қисқаси, акам Рашид айтган ишни битирамиз, кейин сизникини тугатамиз.

Қосимбой - олий тоифадаги жаррох. Тирик одамлар устида амалиёт ўтказгани учун бир неча бор устидан иш қўзғатилган, лекин сувдан доим қуруқ чиққан. Бундан беш йил олдин Капгир унинг ортидан тушган экан. Аммо Қосимбой Арабистонга қочиб кетган. Яқинда “Дўхтирларни ҳаммасини қайтаринглар” деган фармонга биноан у ҳам қайтиб келибди. Пули симидан. Шахсий поликлиникасига эга. Хабарларга кўра, янги - инсон хотирасини кучайтирувчи дори устида ишлаяпти экан. Капгирнинг айтишига қараганда, ундан ёвузроқ одамни кўрмаган экан. Қосимбой касаллардан барча муолажага ўз хоҳишим билан розилик бердим деган тилхатни ёздириб олиб, устида турли-туман изланишларини олиб борар экан. Шу пайтгача бирортаси соғайиб кетмаган эмуш.

- Уни қандай фош қиламиз, Капгир?
- Мен ҳам шуни ўйлаяпман. Биз шундай қилишимиз керак-ки, у бошқа ўз фаолиятини давом эттира олмасин. Сиздан бир илтимос, ўз блогизда “Қосимбой - замонамиз жаллоди” деган сарлавҳа остида мақола ёзинг, материалини мен бераман.
- Бундан нима наф?
- Қосимбой биз уни кузатаётганимизни билиши керак.

У берган маълумотлардан фойдаланиб, битта бомба мақола ёздим. 25 мингга яқин одам ўқиди ўзиям. Ҳали блогимга бунча кўп одам кирмаган эди. Мен ёзган мақолани бошқа “машхур” сайтлардан тортиб “hov.uz” гача кўчириб ёзишди. Санжар Саиднинг металлом мавзусидан кейинги ўринга чиқиб олди. Шу орада ишим юзасидан Тўйтепага бориб келишимга тўғри келди. Янги ферма очиляпти экан, ишхонамиз сертификатим бўлгани учун мени юборишди. Бордим. Энди у ердаги буқа-ю сигирларни кўрсангиз эди... Бир-биридан зотдор, чиройли. Ўн беш литргача сут берадиган новвослардан тортиб, бир ярим тоннагача гўшт қиладиган ғунажинларгача бор. Икки кун ўша ерда қолиб кетдим. Ҳаммаси яхши эканлигини текшириб ортга қайтдим. Подездга кираверишдаги скамейкада Марта опа бўзрайиб ўтирган экан.

- Ассалому алайкум, Марта опа.
Ҳеч қандай жавоб қайтармади. Нима бало, мушугига аза тутаяптими, хўмрайволибди. Уйга кирсам Капгир кўрпа-тўшак қилиб ётиб олибди. Ранги лимонга ўхшаб қизариб ётибди. Келганимни кўриб ўрнидан турмади ҳам. Салом дегандек бошини қимирлатиб қўйди холос. Кроватини ёнига бориб ўнг қўлим билан икки лунжини қисудим оғзи очилди, тишлари бутун. Томоғи сал қизарган.

- Қўўўў...
-Нима деяпсиз, Капгир? - дедим қўлимни олиб.
- Жинни бўлганмисиз, Чўмич? Мен сизга молманми тишларимни кўрасиз, айтсангиз ўзим очаман-ку шу оғизни?!
- Нима бўлди сизга дўстим, бу нима аҳвол? - деб ёнига чўкмоқчи бўлдим.
- Яқинлашманг Чўмич, мен оғир бетобман. Касалим юқумли бўлиши мумкин.
- Қанақа касаллик? Гриппми?
- Простатит, блят! Грипп бўлса шунақа ўраниб ётволармидим?!

“Нима бўлди унда?” деганимни биламан, эшик секингина уч марта тақиллади.
- Келди! Тезда беркининг, Чўмич!
- Ким келди? Учаскавойми? Қаерга беркинай?
- Доимги жойингизга-да, фақат телефонизни диктафонини ёқиб қўйиб, бизни сухбатимизни жим эшитинг. Нима бўлганда ҳам аралашманг, андерстанд?
- Ок.

Капгир ётган кроватнинг тагига кириб, телефонимни диктафонини ёқиб, оёқ қўлларим билан кроватга тиралиб турволдим. Учасковой доим келиб текшираверганидан бунақа позада туришга ўрганиб ҳам қолганман. Кўрпани кўтариб кроватнинг остига бир кўз югуртиради-да, бошқа жойларни аҳтаради.
-Тайёрмисиз, Чўмич?
- Бошлайверинг спектаклизни.
Эшик яна таққиллаган эди, Капгир секингина “Кираверинг”, деди.

Хонага бир нечта одам кирди. Менимча уч нафар, ҳамма жойни текшириб чиқишди. Қўлларида метрода мелисаларда бўладиган “титтиллагич” ҳам бор шекилли, ҳамма ерни титтиллатиб чиқишди. Шундан кейин хонага оғир қадамлар билан кимдир кириб келди.
-Бу нима ётиш изқувар, Капгир? -деди ўша кимдир ингичка, қуруғидан тортганда тутун томоғига тиқилиб қолиб “ока, яна битта тортииийй”, дейдиган овозда.
- Ниятингга етганингдан хурсандмисан Қосимбой?
Ўҳҳ блин Қосимбой экан-да келган. У бу ерда нима қиляпти?
- Мен нима қилдим сенга?
- Ахир захарланган лавашни сен жўнатмаганмидинг?
- Балки... Сени лавашга ўчлигингни ҳамма билади, Капгир. Нафсни тийиш керак, нафсни. Қани шу аҳволда ҳам дедукциянг ишлайдимикан, Капгир. Мен ҳақимда фикр билдирчи, агар тўғри топсанг жонингни оғримай ўлим топасан.
- Сен... сени ёшинг қирқ учда. Тиббиёт академиясини битиргансан, беш йил Арабистонда ишлаб келгансан. Пайпоғингни ранги қора, майканг эса оқ. Юрагинг тўрт камерали, иккита қон айланиш доирасига эга, олди ўнг тараф биқинингда жигаринг жойлашган, билайн номер ишлатасан...
- Дудуксияни аҳволини қаранглар. Буни манави тормоз соқчиларим ҳам билади-ку.
- Мени қутқар Қосимбой, сени изингдан тушмайман бошқа.
- Шундоқ ҳам энди қўлингдан ҳеч нима келмайди. Бу жангда мен ғолиб чиқдим. Вуахахаха!
- Илтимоосс... Ўлишни истамайман, -деб Капгир йиғлаб юборди. Них...я себе! Капгир йиғлавордими?! Капгир-а! Бўлиши мумкин эмас, жойимдан чиқиб ёрдам берсаммикан? Йўқ, ахир у ўрнимдан жилмаслигимни тайинлад-ку. – Мен сен ўлдирган нечанчи одамман, Қосимбой?
- Адашмасам, сен бир юз биринчисисан.
- Чиройли рақам экан. Нега бунчалик одамларни жонини олишга қизиқасан-а, Қосимбой?
- Адашасан, мен уларга енгиллик бераман. Қийналиб жони узилганидан кўра, шартта ўлиб қолгани яхши эмасми?! Бир неча йилдан бери устида ишлаётган дорим яқин кунларда тайёр бўлади. Уни серрозга, саратонга ва бошқа оғир касалликларга учраган беморлар учун тавсия қиламиз. Ўшани ичишса ўзлари сезмайгина жони узилади, лекин баъзи аъзолари ишлайверади. Мен эса ўша аъзосини катта пулга чет элга сотавераман. Бу ер сайёрасидаги аҳоли сонини назорат қилишимизда катта ёрдам беради.
- Аҳоли сонини назорат қилмоқчи бўлсанг, презирватив ишлаб чиқар, дори чиқаргунча, галварс! - деди Капгир инграб.
- Дақиқа сайин юрагинг уриши секинлашиб бормоқда, Капгир. Яна бироздан сўнг ўласан. Ҳа-ҳа, ўша маълум-у машхур Рустам Капгирни мен ўлдиряпман, мен. Сўнгги тилагинг бўлса гапириб қол, оғайни.
- “Зафар-16” носидан бир отим бўлса эди...

Қосимбой тансоқчиларига қаердан бўлса ҳам тез нос топиб келларинг, деб жўнатиб юборди.
-Нимани хис қиляпсан, Капгир? Ўлиш қанақа бўлар экан?
- Оғриқни ҳис қиляпман, оёқларимдаги оғриқни.
- Жонинг оёғиндан бошлаб сени тарк этмоқда.
- Йўқ, сен ўтирволдинг оёғимга, довдир. Қосимбой сен ютқаздинг. Мен жонимни ҳатарга қўйиб бўлса ҳам бу ўйинда ютиб чиқдим.
- Қанақасига?
- Чўмич, бу ёққа чиқинг.

Оёқ-қўлим оғриб ўзи зўрға турган эдим, гурс этиб полга тушдим. Шартта кроват тагидан чиққан эдим, Қосимбой жағи тушиб қолди.
- Бу менинг шеригим Чўмич, танисанг керак. Қани дўстим, диктафонга ёзвоганизни бизга бир қўйиб берингчи.

Телефонимга ёзиб олганларимни қўйдим: “- Ниятингга етганингдан хурсандмисан, Қосимбой? -Мен нима қилдим сенга? -Ахир захарланган лавашни сен жўнатмаганмидинг?”. Тугади.
- Нега охиригача қўймадиз, Чўмич?!
-Ўчиб қолди, ҳозир бошқатдан қўяман.
Яна шу аҳвол. Телефонимни текширдим. Чорт побери.
- Капгир, телефонимни хотираси тўлиб қолган экан.
-Ухх... - деворди Капгир. Қосимбой эса тинмай кулишга тушди.
- Ҳали ишонган дўстинг шумиди?! Вуахахаха...

Капгир менга жуда ёмон қаради. Бунақа нигоҳ билан фақат Мюллер Штирлисни фош этганида қараган эди.

Қосимбой кулишдан тўхтади. Дераза олдига бриб, уни очди, токчада турган “Медовая”дан пиёлага қуйди-да:
- Алвидо, Капгир, соғлигин учун “куҳҳ”, - деди-да, пиёлани кўтарди.
Шу пиёла кўтарилиб тушунча Капгир ўрнидан сакраб туриб, Қосимбойни ёнига югуриб бориб, уни деразадан улоқтириб юборди. Мана сенга. Бу ёғи қанчадан тушди энди...
- Капгир, аҳволингиз яхшими?
- Отдекман, фақат ёмон очқадим, икки кундан бери касал ролини ўйнайман деб ҳеч нима емадим.
- Қосимбой юборган лавашни емаганмидиз?
- Йўқ, уни Марта опанинг мушугига обчиқиб бергандим.
- Нега Қосимбойни ирғитвордиз? Ҳозир тан соқчилари келиб, ортидан ўзимизни отворишади-ку.
- Қўрқманг Чўмич, акамга телефон қилиб қўйганман, улардан олдин етиб келишига ишонаман.
- Ўзи акангиз нима иш қилади?
- Тайинли иши йўқ, кабинетида машнақа жиноятчиларни “бор-йўқ” қилиб ўтади. Учта харф билан аталадиган жойда ишлайди.
- К.Ў...
- Хавфсизлик хизматида-ээ.

Ҳаммаси Капгир айтгандек бўлди. Бироздан сўнг Рашид акаси Пўлат Аламдардаги “там тарф там тара там тара там там” мусиқаси остида етиб келди. Уни ортидан Қосимбойнинг тан соқчилари. Қосимбойнинг деразадан итариб юборилгани борасида ҳеч қандай гувоҳлар йўқ. Қисқаси, унинг ўлими сабаби варақасига: “Қорни оғриб қолиб, шошганидан ҳожатхона эшиги билан деразани адаштириб юборган” - деган ташхис қўйилди.

- Энди ваъда қилганингдек, Чўмичнинг дискини бер.

Рашид акаси дискни узатди. Квартирамиздан ҳамма чиқиб кетгач, дискни ноутбугимга тиқдик. Бошланди. Хозир қандай қилиб Собир алкашни пичоқлаганимни кўраман. Шуларни ўйлар эканман, ўзимнинг вужудим музлаб кетарди. Йўқ, бошқа нарсани кўрсатаяпти-ку! Макро супермаркети. Ие, анави менми? Ролтон олиб чўнтагимга солиб, индамай чиқиб кетддимми?! Бу нимаси?...

Капгир телефонини олиб Рашид акасига сим қоқди.
- Нима балони дискини бериб кетдинг менга?
- Нимани берибман? Дўстингнинг жиноятинида.
- Қани бу ерда қотиллик?
- Қанақа қотиллик?

Капгир телефонни ўчирди.
- Демак, у билмас экан. Сизни “Ролтон” ўғирлаганизни жиноят деб юрибди у галварс.
- Энди нима қиламиз? Давронни қамоқдан олиб чиқмасак бўлмайди.
- Унақада сизнинг қамалишингизга тўғри келади.
- Майли, розиман. Қилган жиноятим учун жавоб бераман, - деб ўрнимдан туриб эшик тўмон йўналдим.
- Қаерга?
- Прокурорга бориб ҳаммасини тан оламан, ундан олдин Давроннинг аясига бор гапни айтиб, уни тинчлантириб кетаман.

Капгирнинг асаби бузилиб жиннилиги тутиб қолди:
“Минг лаънат. Эш ал бегин, вон ал бегин, Ли кунлихен ажал, ан анойи ун ани, эсприт персекуте предистенте” деб бақириб, атрофдаги ҳамма нарсани ота бошлади. Иш столи устидаги қоғоз-хужжатларни сочиб ташлади. Токчада турган пиёлани деворга уриб синдирди. “Бас қилинг, Капгир!” деганимдан сўнг бироз ҳовури босилди. Бошини чангаллаб, сочилиб ётган нарсаларга бақрайиб ўтирди. Нима деб чиқиб кетишни ҳам билмай қолдим. Яхшиси индамай кетавераман, у ҳам қийналмасин бечора. Секин яна эшик томон юрдим...

- Тўхтанг, Чўмич!
- Яна нима? - деб жойимда истар-истамас қотдим.
Капгир шартта ўрнидан туриб, сочилиб ётган қоғозлар ичидан жиноят жойида суратга олинган расмлардан бирини қўлига олди. Кўзларини юмди, қўлларини юқорига қилиб нималарнидир хисоблай бошлади. “Эркюл Пуаро ҳаққи қасам ичаман, сиз қотил эмассиз!” - деб қолди бирдан.
- Нима? - дедим мен анграйиб.
- Қани ортимдан юрингчи, тез!

Капгир пала-партиш кийиниб, марҳум Собир аканинг эшигини таққиллатди. Аёли очди. Ичкарига таклиф қилди, кирдик.
- Бу сизнинг ишингиз! - деди дабдурустдан Капгир.
- Нима? - ҳеч нарсага тушунмаган аёл бир менга, бир Капгирга қаради.
- Эрингизни сиз ўлдиргансиз, мен ҳаммасини биламан.
Аёл қилт этмади. Юзида бирор ўзгариш ҳам сезилмади.
- Нега сизни деб фарзандингиз жабр кўриши керак? Қанақа онасиз ахир?
Аёл йиғлаб юборди.
- Мен билмагандим, умуман бунақа бўлишини ўйламагандим... Давронжоним...
Аёл пиқ-пиқ йиғларди.
- Мен ҳамма айб дўстингизнинг бўйнига тушади, деб ўйлаган эдим...

Бошқа чидай олмасдим, ишонинг бошқа чидай олмасдим...
- Сизни деб ярим бошли Чўмичимдан айрилиб қолишимга сал қолди. Агар ўғлингизнинг келажаги барбод бўлишини истамасангиз, бориб ҳаммасини тан олинг.
- Ўзим ҳам шундай қилмоқчи эдим.
- Тезроқ боринг, яна кечикманг.
Шундай деб биз ўз квартирамизга чиқиб кетдик.

- Эрини аёли ўлдирганми, Капгир? Қанақасига? Қаердан билдингиз?
- Расмдан. Анави расмни олиб беринг. Капгир боя тикилиб қолган расмни унга узатдим.
- Мана қаранг, пичоқ марҳумнинг ўнг бўйин томонига урилган. Раковинанинг тагидаги темир чўмични кўряпсизми? Анави бурчакдаги. Эксперт хулосасида Собирга аввал пичоқ урилган, кейин у боши билан қаттиқ нарсага урилгани ҳақида ёзилган эди. Лекин аслида биринчи пичоқ эмас, ўша темир чўмич билан урилган. Расмдан йиқилган одам бошқа бирор буюмга боши билан йиқилиши мумкин эмаслигини кўришиз мумкин. Деярли бўм-бўш ошхона бўлса. Чўмич раковинанинг тагида бўлгани учун ҳеч ким унга эътибор бермаган. Энди мана бунга қаранг. Тўноғич. Аёлнинг тўноғичи, суддан чиқаётганимизда унинг палтосида кўрган эдим. Қанақасига ҳали текширув тўлиқ тугамасидан, “дело” ёпилмасидан ашёвий даллилардан бири бўлган тўноғич эгасига қайтариб берилган? Бундан келиб чиқадики, аёл мелисаларни кўзини шамғалат қилиб, жиноят жойидан билинтирмай олиб қўйган. Яна пичоққа қайтамиз. Сиз кимгадир пичоқ урмоқчи бўлсангиз, қандай урган бўлардингиз?
- Шундай, пичоқ билан юрагига ёки бўйнига, - дедим қўлим билан чап бўйнига ишора қилиб.
- Кўрдингиз! Чап тарафга. Марҳумнинг эса ўнг бўйнига пичоқ урилган, ундан қотил чапақай деган хулоса келиб чиқади. Аёл эса чапақай.
- Қаердан билдингиз?
- Шундай кўриниб турибди-ку. Уйидаги идиш товоқлар, газ устидаги това, пиёла билан чойнакнинг ўрни, чап қўлини ўнг қўлининг устига қўйиб ўтириши... барча-барчаси чапақайлик аломати. Сиз одам ўлдира олмайсиз, Чўмич! Мен сизни биламан. Аммо алам ютган аёлдан буни кутса бўлади.
- Демак, мен Собир алкаш билан ичиб, жанжаллашиб, ўзимизни билмай ётганимда аёл уйига қайтиб келган. Эрини ўлдириб, пичоқни менинг қўлимга қўйиб кетган бўлиб чиқаяптими?
- Деярли шундай. У айбни сизга ағдармоқчи бўлган. Лекин сиз ҳам ундан баттар чиқиб, пичоқни яна жойига суқуб қўйиб, жуфтакни ростлагансиз. Шу орада Даврон уйга келиб нима бўлганини тушунмай довдираб қолган. Пичоқни суғуриб олган...
-Лаънати аёл, - дедим мен.
-Ланати эр, - деди Капгир...


Фозилбек Юсупов


19 саҳифа. Бир воқеа...


“МУДҲИШ” ҒАЛАДОН СИРИ


... Отам ўзи билан бирга келган хушбичим йигитга ишора қилиб нималарнидир гапирар, онам беозор бош силкиб унинг гапини тасдиқлар, акаларим ҳайрат ичида дадамнинг гапларини жон қулоғи билан эшитарди. Мен эса беш йилдан бери оромимни ўғирлаган, жавобсиз саволларга мени отиб, ўзи айбдордай мунғайиб турган жавонга тикилган кўйи бор дунёни унутган эдим. Отамнинг овози узоқлардан эшитиларди гўё. Қулоқларим битиб қолган, миям ғовлаб кетган, шундоқ хонтахтадан сакраб ўтсаму, дадамнинг бўйнидан қучоқлаб, узр сўрасам, йиғласам, йиллар бўйи ундан хафа бўлиб, дилгир бўлиб юрганим учун маъзурлар тиласам...
Юзим ловуллаб ёняпти. Шунча йил дадамдан ранжиб юрганим учун, улуғим кўнглининг туб-тубида кўтариб юрган изтиробларни англамаганим учун ўзимдан хижолат чекяпман. Аъзойи баданим қалтираяпти. Вужудим гўё оташ ичида қолгандек. Ҳеч ким менга эътибор бермаяпти. Онам, акаларим отамнинг гапларини эшитяпти. Отамнинг қабатида ўтирган йигитга разм соламан. Ажабо, бир томчи сувдек отамга ўхшайди. Ва менга ҳам. Унга қараб туриб ўзимни кўзгуда кўргандек бўламан. Яна хаёлларга ғарқ бўламан. Кўз олдим жимирлаб, ҳамма нарса чаплашиб кетаётгандек, денгиз кўпиклари орасида қолгандекман гўё...
Ўн ёшларда эдимов, бу воқеаларга ўралашиб қолганимга. Уйимизда ҳужжатлар солиб қўйиладиган ғаладон бор. Ота-онамнинг ётоғида турадиган жавоннинг ғаладони. Бир куни нимадир керак бўлиб ғаладонни очдим. Тўсатдан қўлимга ажрашиш ҳақида гувоҳнома тушиб қолди. Бир чўчиб тушдим. Бола тасаввурим билан ажрашиш гувоҳномасининг яхши нарса эмаслигини сезиб тургандим. Минг бир хавотир ва даҳшат ичида гувоҳномани очдим. Биринчи бўлиб дадамнинг исм-фамилиясига кўзим тушди. Сўнг... бегона бир аёлнинг исми... Кўзимдан тирқирраб ёш чиқди. Қўлимдаги қоғозни ғаладонга шоша-пиша солдиму, хонамга қараб югурдим. Ҳеч кимга билдирмай узоқ йиғладим. Билмадим, дадамни қизғондимми ёки қўрқиб кетдимми, хуллас ўзимга нотаниш туйғудан эзилиб йиғладим. Кейинчалик ҳар гал ўша ғаладонни очганимда, машъум қоғозни кўриб йиғлайдиган, ўзим билан ўзим олишиб, жавобсиз саволлардан озорланадиган бўлдим. Бироқ юрак ютиб на отамдан ва на онамдан машъум қоғоз ҳақида сўрамагандим. Биз бола пайтларимиз ота-она ва фарзанд ўртасида кўринмас девор бўларди. Девордан ошиб ўтиб, кўнглимизга келган саволни ота-онамизга беролмасдик. Мен маъюс, ғамгин бўлиб қолдиму сабабини ҳеч кимга айтмадим. Ғаладонга “мудҳиш тортма” дея ном бергандим. Бугун орадан беш йилга яқин фурсат ўтиб отам ҳаммамизга “мудҳиш ғаладон”нинг сирини очдилар:
—  Болаларим, бу йигит акангиз бўлади!..
Отамнинг одатдаги жарангдор овози хижолатли, маҳзун эшитиларди. Худди уятли иш устида қўлга тушган одамдай бош кўтариб ҳеч биримизга қараёлмасди отам.
—  Акангиз менинг биринчи оиламдан туғилган. У олти ойлигида биз ажрашишга мажбур бўлгандик...
  Бобом колхозда раис, айтгани-айтган, дегани-деган бўлган экан. Отам мактабни битириб Бухорога педагогика институтида ўқишга кирган. Биринчи курсни тугатиб таътилга қишлоққа келганида бобом бир қариндошининг қизига уйлантириб қўйибдилар. Ўқиш бошлангач отам Бухорога қайтадилар, хотинлари қишлоқда қолади. Акам – отамнинг тўнғич ўғли туғилади. Нимадир бўлиб отам оғир касал бўлиб қоладилар. Кўринмаган табибу дўхтирлар қолмайди. Бунинг устига етмишинчи йиллар, тиббиёт унчалик ривожланмаган, отамнинг қандай беморлигини ҳеч ким билолмайди ва улар тўшакка ётиб қоладилар. Шунда хотинлари:
-  Умримни касалманд эр билан ўтказмайман,- деб боласини кўтариб кетиб қолади. Отам олти ой кўмакка, парваришга муҳтож бўлиб тўшакда ётадилар. Аллоҳнинг марҳамати билан олти ойдан сўнг ўринларидан туриб, секин-аста дарддан халос бўладилар.

Jurnalist Журналист:
-  Соғайиб, ўзим юрадиган бўлганимдан кейин биринчи  қилган ишим ажрашишга ариза бериш бўлди,- отам худди гуноҳкор одамдек титроқ товушда гапирар, бошларини кўтаролмасдилар.- Хасталигимда мендан юз ўгирган хотин билан умримни давом эттиришни истамадим. Уйдагилар, қариндош-уруғ йўлдан қайтаришга уринди. “Болангни етим қилма”, “Қариндошчилик ришталарини узма”, “Хотинингни кечир, ёшлик қилди” деганлар бўлди. Ҳеч кимнинг гапи қулоғимга кирмади, кўзимга ҳеч нима...- отам акамга айбдорона нигоҳ ташлади,- ҳатто фарзандим ҳам кўринмади. Ажрашдик...
Отам бир умр кўнглида фарзанд соғинчи деган изтиробни кўтариб юрган. Хотини бошқа турмуш қилиб, ўғли ҳар сафар бегонани “дада” деганида отамнинг кўксига бир ўқ қадалаверган. Отамнинг сирти кулган, лаби табассум қилган, ўғлини етаклаган оталарни кўрса юраги минг бўлакка бўлинган. Онамга уйланиб, акам туғилганида дарди яна бир бор янгиланган. Олисларда қолган, бегонани “дада” деётган ўғлини эслаб ўксинган...
Акамнинг онаси отамни ўғли билан учраштирмаган, аммо отамдан ҳар ой алимент, акамга совға-салом олиб турган. Акам мактабни битириб, ҳақиқатдан хабар топгач отамни излаб топади. Отам уни уйимизга олиб келдилар. Пойтахтда ўқитдилар. Олий ўқув юртини тамомлаб, уйланадиган бўлганида отам акамни уйлантиришни ўз зиммаларига олиб, тўйнинг барча харажатларини кўтардилар.
—  Болаларим, мени тўғри тушунинглар, акангизга бахтли болалик беролмадим, оталик бурчимни тўлиқ адо этолмадим. Шунинг учун келажаги истиқболли бўлиши учун ўзим ёрдам беришим керак,- деб бизга минг хижолатлик билан узрхоҳлик қилардилар.
Беш йил олдин акамга бедаво хасталик ёпишгани ҳақида билдик. Таҳлил-ташхис натижалари акамнинг дардига даво йўқлигини, бир неча ойлик умри қолганини тақозо қиларди. Бу машъум хабар отамни йиқитди. Бир неча кунда сочлари оппоқ оқариб кетган отамнинг тилидан бир илтижо тушмади: “Аллоҳим! Сенга жон керак бўлса, мана, менинг жонимни ол, аммо ўғлимнинг дардига шифо бер! Ўғлимга келган дард менга кўчсин, токи фарзандимнинг тобутини кўрмай! Ё, Меҳрибон Аллоҳ, мен ҳар қандай синовинга чидайман, аммо фарзанд доғига чидолмайман!” Бу илтижолар тош юракларни ҳам эзарди, дийдаси қаттиқ одамни ҳам қон йиғлатарди. Отам Бобур ҳазратларининг бетоб ётган ўғли Ҳумоюннинг бошидан айланиб дардини ўзига чорлаган амалини ҳам қилдилар. Акамнинг  бошидан айланиб унга келган ажални ўзларига чорладилар ва тўсатдан, кутилмаганда вафот этдилар...
Отамнинг орзу-умидлари кўп эди. Охирига етмаган ишлари кўп эди. Ёшликларида чеккан заҳматларининг, риёзат чекиб тўплаган илм-зиёларининг роҳатини кўришлари керак эди. “...Эди”лар кўп, бироқ бандасининг айтгани эмас Аллоҳнинг хоҳлагани бўлар экан. Отамнинг вафотига йил тўлиб, катта акам ҳам бандалик қилди. Отам акамнинг тобутини кўрмадилар...
Ҳар гал қизлик уйимга борганимда ўша “мудҳиш” ғаладонга кўзим тушади ва изтироб, соғинч, аламдан устига тўшанчиқ ёпган хотираларим уйғонади. Отамни яна-да кўпроқ яхши кўраман ва  қаттиқ соғинаман. “Мудҳиш” ғаладон — қадрдон ғаладон...


Умида АДИЗОВА
18 саҳифа. Ижтимоий муаммоларимиз тилга кирганда...


«ЙЎЛОВЧИЛАРНИНГ ХАВФСИЗЛИГИНИ КИМ ТАЪМИНЛАБ БЕРАДИ?!»


Ҳар биримиз  пиёда, йўловчи ёки ҳайдовчи сифатида йўл ҳаракати иштрокчиларимиз.  Ҳар ким йўлда ҳавфсиз ҳаракатланишни хоҳлайди ва шунинг учун йўл ҳаракати қоидалари жорий этилган. Айни қоидаларга амал қилган киши ҳавфсизлиги кафолатланиши керак.

 Қоидабузарга жазо тайинланиб, шу йўл билан тартиб сақланиши белгиланган. Аммо, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳодимларида тезкорликни етишмаслиги, нохолислиги, ўз ишига маъсулиятсиз ёндошуви, сарсоналик  ҳолатлари баъзан нопок ишлар қоида бузарлар кўпайиб, ўз қилмишига енгил  нарсадек баҳо беришига олиб келмоқда. Йўл транспорт ҳодисалари тергови чўзилганидан чўзилиб, судга етиб келинганида жабрланувчи билан айбдорнинг “ўринлари” алмашиб қоладиган ҳолатларни ҳам эшитамиз.

 30 январ, 2017 йил. Соат 13:00ларда пиёдалар йўлагидан (“зебра”) ўтаётганимда Нексия машинаси мени уриб, қочиб кетди.  Кетидан етиб олиб, автомобилни давлат рақамини суратга олдим (етиб олишим учун ўз ёрдамини таклиф этган, воқеа гувоҳи оқ “Спарк” ҳайдовчисига рахмат) ва воқеа жойига қайтиб келиб  102 (милиция) хизматига мурожаат қилдим.

 Диспечер ҳеч қаерга кетиб қолмаслигимни, тезда ходимларнинг етиб боришини айтиб телефон рақамимни ёзиб олди. Кўчада ёмғир ёғаётган, кун салқин бўлишига қарамай чап тиззамдаги оғриққа ҳам сабр қилиб, кутиб ўтирдим. Бироқ бир ярим соат кутишим ва қайта қайта қўнғироқларим натижа бермагач, тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилдим. Тиббиёт ҳодимлари зудлик билан етиб келишди ва ТТА шошилинч травматология бўлимига олиб боришди. Тегишли тиббий муолажалардан сўнг чап оёғимга гипсли боғлам қўйиб уйга жавоб беришди (тез ёрдам ҳам, қабулдагилар ҳам ишларини аъло даражада бажаришди, алоҳида ташаккур).  Аллоҳга шукур омонман. Бироқ...
   
      Мана шу вақтгача (3-чи сутка кетаяпти) ЙТҲ бўйича милиция ҳодимларидан дарак йўқ. Қўнғироқ қилганимда терговга материал таёрлашаётганини айтишди. Қизиқ, воқеа иштрокчисисиз, жабрланувчисиз қандай материал таёрлаш мумкин? У  ҳам етмаганидек, нокас ҳайдовчи мени устимдан: “Менга етиб олиб, мени урди, тан жароҳати етказди, ҳақорат қилди” - деб туҳматдан иборат ариза ёзибди. Бу масалада эса зудлик билан (кечаси 00:00ларда) уйимга келиб, мендан тушунтириш хати ёздириб кетишди.

 Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович порталга келиб тушаётган шикоатларнинг аксар кўпи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тўғри келишини айтган эдилар.  Энди мен ҳам шунга амин бўляпманки, жудаям тўғри айтилган экан.
   
 Ажиб бир замонда яшаймиз, кўп эшитганимиз (баъзилар ўз бошидан ўтказган) ҳолат - қозилар жабрланувчини айбдорга айлантиришнинг ҳадисини олишган.  Камина шу  ҳолатга гувоҳ бўламан, шекилли... Нима дейсизлар, айбдор бўлишга таёрланаверайми..?

P. S.:  Энг алам қиладигани шуки, қизларим ҳар куни айни шу пиёдалар йўлагидан (“зебра”) боғча ва мактабга қатнайди. Мен доим  йўлни пиёдалар йўлагидан кесиб ўтиш кераклигини таъкидлайман. Бу беҳавотир эканини уқтираман.  Беҳавотир деганим жойда мени ўзимни қизимнинг гувоҳлигида машина уриб, қочиб кетса-я! Нима, энди фарзандларимизни мактаб ва боғчага юбора олмаймизми? Ҳурматли йўл ҳаракати ҳавфсизлигининг бошқармаси раҳбарияти, қачон пиёдалар йўлаклари ҳавфсизлигини таъминлаб бера оласизлар? Қачон “эркатой”ларнинг таноби тортилади?

Обид Латипов
17 саҳифа. Ҳикоя.


«АРАЗ-АРАЗ»

Гулсун хола етмишга етиб чоли билан аразлашган бўлди. Етмишга етиб ковушини ота уйига тўғрилаган бўлди. Бир гап бўлди, бир гап бўлди қишлоқда, Гултепани кампирлари қўшни қишлоқ кампирлари олдида бош кўтаролмайдиган бўлди. Ана энди кўринг Мамат чолни, ана энди кўринг қариб қуюлмаган чолни. Гулсун холадан-да ўтар шов-шув қилди. “Уйланаман, уйланганда ҳам онаси ўпмаган, сочи сариқ ўрусига уйланаман, бу ўзбеги менга бўлмади” деди. "Эллик йил бўлган, энди бўлмай қолибмизми?" дея жар солди Гулсун хола буни эшитиб. Мамат чол қув, айтганини қилди. Шахардан ўзи айтганидай сочи сариғини олиб келди. Биров ғинг деёлмади. Ўғиллар, келинларнинг оғзига урди. Келин бўлмиш бир келин бўлди-ки, Гултепани бўйдоқлари Мамат чолга ҳасадланди. Гулсун хола энди жим ўтирармиди, ўтиролармиди? Бир пой калиши қолиб, бир пой калишда учиб келди. Эр экан-да, эр бермоқ жон бермоқ экан-да, чолнинг ёнида кундош кўриб ичида ўт ёнди. Ана энди Гулсун холани кўринг. Саҳар туриб янги келинлардай ҳовлиларни супурадиган бўлди. Чолининг оғзига уч маҳал иссиқ овқат тутди. Чолнинг кўнглини овлаган бўлди. Йўқ, чол қайсарлигини қўймади. Юзини ўрис хотинига бурди. Гулсун холани ким деб ўйлаябсиз, у таслим бўлармиди? Пана-панада қиқир-қиқир қилаётган келинлари олдида таслим бўлармиди? Қўлга хина қўйилди, қошга ўсма, кўзга сурма суртилди. Мамат чол барибир қарамади. Ахийри тан берди. Гулсун холадан бинойи кундош чиқди. "Ҳарна-да кундошсан, шайтоннинг кийими билан мени шарманда қилма", деб ўрус кундошини ўзичасига кийинтирди. Атлас кўйлакларда янада очилди бу ўрис тушмагур. Кундош кундош-да, ўзи кийинтириб ўзи ҳасад қилди Гулсун хола.

Чолидан қизғониб ёнида олиб ётадиган бўлди, Мамат чол индамади. Лекин бу ўрус хотин тонгдан шомгача Мамат чолни қошидан кетмади. Гулсун хола хизматда бўлди. Хола узоққа бормади, қарилиги панд берди. Бир тонг мажолсиз шалвираб, ўрнидан туролмади. Ана энди Мамат чолни кўринг. Ўрус хотиннинг "талоғи берилди". Гулсун холани қошига чўкканча юм-юм йиғлади.
"Мен сенсиз нима қиламан, Гулсун?
Мен сенсиз кимман, Гулсун?
Ўзингдан ўтди-да, Гулсун!
Кетма эди-да, Гулсун!
Ўзганинг паловидан сени ёвғонинг тотли эмасми, Гулсун?
Гард тегмаган юзидан сенинг ажин юзинг азизроқмасми, Гулсун?
Сендан тонсам Худо мендан тонмайдими, Гулсун..."

Гулсун холага жон кирди. Юзларига қон кирди. Чол кампир апоқ-чапоқ бўлди яна, ўтиришлар қаймоқ бўлди яна. Кейин-кейин Гулсун хола нега араз қилгани маълум бўлди. Мамат чол кампиридан бир ўпич сўраган-у, Гулсун хола ноз қилган бўлди. Араз-араз шундан бўлди. Шундан бери Галатепада кампирлар ноз қилса чоллари: "Гулсуннинг кунини бошингга соламан" - деб қўрқитадиган бўлдилар. Ана шундай одам бўлди бизнинг чол-кампирлар, aна  шундай одам бўлди бизнинг Гултепа одамлари...

Азиз Нур
16 саҳифа. Блогер саҳифаси.


«ЖУРНАЛИСТИКА»


ЮНЕСКО маълумотларига кўра, журналистика дунёдаги энг хавфли касблар рўйхатида биринчи ўринда турибди. Ҳар ҳафтада икки нафар журналист ўлдирилмоқда. Ҳар йили жаҳонда турли сабабларга кўра юзлаб журналистлар хизмат вазифасини бажараётган бир пайтда ҳалок бўлмоқда. Нима учун бу касб шунчалик хавфли? Ахир улар ёзиб турган компьютер, тасвирга олаётган камера ёки овозларни ёзиб олаётган диктофонлар инсонга ҳеч қандай зиён етказмайдику?

Сўз эркинлиги. Сўз эркинлиги жамиятда рўй бераётган бирор воқеа, мавжуд муаммоларни ҳеч қандай тўсиқларсиз ифода этиш, маълум қилиш эркинлиги. Сўз эркинлиги бор жойда амалдорлар ўзини тия билади. Қонундан ҳам, бирорта давлат органидан ҳам қўрқмайдиган зўравонлар журналистлар қаршисида мум тишлайди. Чунки сўз эркинлиги таъминланган, журналистлар ҳуқуқлари кафолатланган жамиятда давлатни ёзилган ва ёзилмаган қонунлар эмас, балки халқнинг ўзи бошқаради. Жамоатчилик фикри ҳал қилувчи кучга эга бўлади.

Қадрият. Менинг тасаввуримда қадрият — ҳаёт-мамот масаласи. Ўзбекларда ота-онага ҳурмат бир пайтлар қадрият даражасига кўтарилган эди. Кимдир онасини сўкса жони чиққунича курашган, керак бўлса бўғиб ўлдиришга ҳам тайёр бўлган. Инсон ўзи учун энг қадрли бўлган ҳаёти, жонини бирор нарсага тикаяптими, демак унинг қадрияти бор. Бир пайтлар ўзбек журналистлари орасида ҳам сўз эркинлиги, адолат тантанаси, ҳақиқатни юзага чиқариш қадрият даражасига кўтарилган эди. На оиласи, на ширин жони бу қадриятдан воз кечишга сабаб бўлар эди. Ўша пайтларда газеталар адади миллион нусхагача чиққан, журналистлар тўғридан-тўғри биринчи шахслар билан мулоқот қура олар эди. Ана ўша авлод турли сабабларга кўра ғойиб бўлди. Қайсидир бири чет элга чиқиб, фаолиятини давом эттираётган бўлса, қайсидир бирлари «қиличини тошга уриб», болам-чақам, уйим-жойим деб юрибди. Мен билган ва таниганлар қаторида Карим Баҳриев бугун қаноти синган қушдай, борлиги деярли билинмайди….

Ўзбекистонда журналистика ўлмаган. У комада холос. Охирги пайтлар эркинликка бир оз рухсат берилгани, бу имкониятдан фойдаланган ОАВда танқидларнинг кўзга ташланаётгани кишида умид уйғотади. Бу ҳаётбахш нафас комадаги, ғафлат уйқусидаги хонанишин журналистларни уйғотса, уларга аслида ким экани эслатилса, Худо хоҳласа ҳақиқий журналист қандай бўлишини ҳаммага кўрсатиб қўйишади!

  Cанжар САИД, журналист-блогер
Манба: sanjarsaid.uz
15 саҳифа. Мақсад...


«ЎҚИТУВЧИ»


30 йил олдин, ёш боладан келажакда ким бўлмоқчи экани сўралганда, бола ҳеч иккиланмай ё доктор, ё ўқитувчи ё муҳандис бўлмоқчи эканини айтарди. Ҳозирда эса жуда кўпчилик ё прокурор, ё банкир ё машҳур қўшиқчи-машшоқ, ёки актёр бўлишни ҳоҳлайди. Ҳаммаси кескин ўзгариб кетди.

Аммо, Японияда ЎҚИТУВЧИЛИК касби ҳали ҳамон энг обрўли касб ҳисобланади. Энг асосийси - бу касб маоши баланд ва авторитет касблардан бири у ерда. Японияда ўқитувчи ойига ўртача 2.5 - 4 минг доллар миқёсида маош олади. Бу маош камайтирилган маош. Олдинлари бундан ҳам баланд эди. Маҳаллий ҳокимият органларида ишловчилар билан тенглаштириш мақсадида, ўқитувчилар ойлиги бир оз қисқартирилгандан кейинги миқдор бу.

Қизиқ, Японияда ўқитувчи бўлиш бошқа жойлардагидан нимаси билан фарқ қилади? Кўп давлатларда сен ўқишга кирасан, эплаб-сеплаб ўқишни тамомлаб диплом оласан ва бўлди: сен ўқитувчисан! Японияда бунақаси кетмайди. Бу ерда университет дипломи билангина иш битмайди. Ўқишни тамомлагач, сиз ўқитувчилик касби бўйича яроқлилик имтиҳонидан ўтишингиз ва лицензия олишингиз керак. Барча керакли ҳужжатларни қўлга киритгач,  ўқитувчилик ўрни учун бирор иш жойига резюме жўнатишингиз мумкин. Иш ўрни учун сиз билан рақобатлашаётган номзодлар сони ҳатто 20 - 30 нафарга етиши мумкин. Шунинг учун энди иш берувчи жой ўз имтиҳонини ўтказади. Ва ниҳоят, шу имтиҳондан ҳам ўтганингиздан сўнг сиз билан 15 йилдан 60 йилгача шартнома тузилади.

Японияда шунингдек олий маълумотли бўлсада, яроқлилик лицензиясига эга бўлмаса-да, ўқитувчилик бўйича диплом эгалари бор. Улар ассистентлар дейилади ва уларнинг вазифаси дарс бериш эмас, балки дарс берувчи ўқитувчига дарсни ташкиллаштириш ва ўтказишда ёрдам беришдир. Уларнинг маоши бир оз пастроқ юради. Японияда ўқитувчи синф раҳбарлигига ё дафтар текширганлиги учун қўшимча ҳақ олмайди. Иш вақти эрталаб 8:00дан кечки пайт 16:00 гача, лекин одатда ўқитувчилар ўз касбини сидқидилдан севгани учун 17:00 ёки 18:00 гача ҳам иш жойида бўлишлари мумкин. Чунки улардан фақат таълим бериш, болаларга маърифат тарқатиш талаб қилинади. Ўқитувчи фаолиятидан ташқари ишлар ва ҳужжатбозлик юкланмайди.

Абдулазиз Саидалиханов таржимаси.



14 саҳифа. Футбол мавзуси, иккинчи қисм.


САВИЯ...

 Қамчи билан уриб даволаш ҳақида эшитганмисиз? Эсимда, ёшлигимизда оилада кимдир қаттиқроқ йўталиб қўйса ҳам момомиз — “Буни қўшни маҳалладаги кинначи опоқига олиб бориш керак, қамчиси билан уриб ўқиб қўйса, гижинглаган тойчоқдек чопқиллаб кетади”, - дердилар.
       Тўғри, тиббиётнинг мазкур “замонавий” усулига ишонадиганлар ҳозир камдан кам топилади. Аммо қамчи зарбидан ҳар қандай одамнинг сергак тортиши бор гап. Бу ҳам, ҳалиги, киноларда кимдир ҳушидан кетаётган бўлса иккита тарсаки билан ўзига келтириб қўйишади-ку, шунга ўхшаган гапда...
 Эскичаликни бас қилиб, футболга ўтсам. Шапалоқ ёки қамчи тўғрисидаги ишораларни  эса йўл-йўлакай ўзингиз тушуниб оларсиз. Демак кетдик...

        Умар ака ва “Муштум”

 Журналистикада  фикрни сўзда эмас, балки ранг-тасвирда ифодалаш баъзан яхшироқ самара беради. Бир пайтлар “Муштум” журналида эълон қилинган биттагина ҳажвий сурат,  жиддий нашрлардаги отнинг калласидек келадиган мақолаларга нисбатан оддий халқ ва “юқоридагилар” эътиборини кўпроқ  тортган.
         Масалан, ҳозир ҳам кўплаб футболчилар (айниқса Балотелли ва унинг чўчқачаси) шунингдек, футболга яқин инсонлар “Goal.com” сайтида фаолият юритаётган иорданиялик рассом-журналист — Омар Моманининг “назарига” тушиб қолишдан, “шу бўёғинг юзингга чаплангур нима ўйлаб топаркан”, - деб ҳадиксираб туради. Умуман, Моманини бутун дунё, жумладан юртимиз футбол ишқибозлари ҳам жуда яхши билади, карикатуралари катта қизиқиш билан кутиб олинади. Ҳажвчининг футболни ҳис қилиши, тушуниши, таъсирли-танқидий ғояларидан завқланади.
         Кейинги пайтларда ўзимизда ҳам карикатурачи шоввозлар кўпайиб қолди. Аммо, сезгандирсиз, савия — ер билан осмонча. Шундоқ расм дафтарга қора қалам билан бир-нарсалар қоралаб узатворишади. Замонавий компьютер графигидан фойдаланиш, узвийлик, давомийлик, “ялт” этган ғоя йўқ.  Агар буни майдалашиш деб ҳисобласангиз, у ҳолда мақоланинг давоми сиз учун эмас!  

          “Туш асло ўнг бўлмас...”

           “Международная панорама”, “Мир примьер лиги”, “90 минут +”, “После футбола с Георгим Черданцевым”, “Футбольная ночь”...Булар биргина Россиянинг НТВ+ каналлар тармоғидаги футболга бағишланган кўрсатувларнинг ўндан бири. Энг муҳими,  улардаги таҳлилий-илмий ёндашув. Мабодо Россия терма жамоаси ютқазиб қўйса борми, ҳисоб-китобларни қалаштириб ташлашади: Ким қанча километр босиб ўтди? Мураббийнинг тактик схемаси нимага иш бермади? Ким ўйиннинг умумий манзарасини “бузиб” қўйди? Қайси ўйинчи тўп билан неча фоиз муомалада бўлди? Ўйиндан олдин кимнинг нима дарди бор эди?...Олди-қочди гаплар, умумий фикрларни эшитмайсиз улардан.
          Бундан ташқари, ҳақиқий футбол шинавандалари  дарвозага киритилган оддий голни ҳам мутахассис кўзи билан санъат асарига айлантириб берадиган  — “Голлактика”, ҳар бир турдан кейин ҳакамларни битта-битта  “патини юладиган”, уларнинг хатти-ҳаракатларини ҳали “ўпкалар совумай туриб” баҳолаб борадиган — “Свисток”...каби ижодий топилмалардан ҳам мазза қилиб баҳра олади.
 Хўш, бизнинг ғарибгина каналимизда ана шундай кўрсатувлардан нечтасини санаб бера оласиз? Қийин-а? “ФИФА”, “Осиё футболи”... менимча, бўлди. “Ижодий” топилмаларимиз шулардан иборат. Шунда ҳам бу чиқишларда асосан ахборот берилади. Битта сонида Тўхтабеков бошловчи, Мустафоев “мутахассис” вазифасини бажарса, кейинги сонда роллар алмашади. Таҳлил кам. Бори ҳам ҳалиги “Оловуддиннинг сеҳрли чироғи” фильмидаги шоҳ вазири — “Донолар доноси”нинг ўша машҳур “пурмаъно” ҳикматини эслатиб юборади: “Туш асло ўнг бўлмас, ўнг асло туш, агар ўнг туш бўлса, туш ўнг бўлур...Эй, бари бир гўр!”

         “Тўп дарвозанинг юқори ўрта бурчагида”

          Елагиннинг шарҳларини эшитгансиз. Бир маромда — аммо ҳис-ҳаяжон, спортча интеллект, футбол руҳиятига мос нозик сўз ўйинларига тўла. Ахбор ака Имомхўжаев услубини эслатади унинг шарҳи. Шунингдек, Александр Шмурнов, Константин Генич, Василий Уткин, Георгий Черданцев каби ҳақиқий футбол усталарининг шарҳлари сиз томоша қилаётган баҳсга янада жозиба ато этади.
  Аслида, бир пайтлар бизда ҳам ушбу соҳада ўзига хос мактаб бор эди. Ахбор Имомхўжаев номи билан боғланадиган ушбу даргоҳдан марҳум — Давлат Турдиалиев, Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Хайрулла Хамидов, Даврон Файзиев каби ҳақиқатда нодир шарҳловчилар етишиб чиққан...Негадир ҳозир шу мактаб қаровсиз қолиб кетгандек. Бугун экран қаршисидаги мухлислар футболни “овозсиз” режимга ўтказиб кўришаяпти.
  “Тўп дарвозанинг юқори ўрта бурчагига бориб тушди”, “Хозир араб футболчиси ўзбекистонлик рақибини бир қийшайиш билан алдаб ўтди”, “Мен юқорида таъкидлаб ўтганимдек”, “Мен ҳозиргина айтиб ўтгандим”, “Тўп ярим ҳаво бўйлаб узатилди”...сингари сийқа ва тутуриқсиз жумлалар уларни шунга мажбур қиляпти. Фожиа эмасми бу? Наҳотки шундай мактабни “бериб” қўйган бўлсак!

           Мухлис эътирози

           Ҳеч эътибор берганмисиз, Ўзбекистон терма жамоасининг мағлубияти билан тугаган ўйинлардан кейинги матбуот анжуманлари аксарият ҳолларда мухлислар эътирозига сабаб бўлади.  “Комментлар”да асосан журналистларимизнинг савияси, савол бериш салоҳияти муҳокама қилинади. Ишонмасангиз, исталган футбол сайти архивини титкилаб кўринг! Мана улардан бири (Ўзбекистон-Эрон  баҳсидан кейин ўтказилган матбуот анжуманига “юзер” реакцияси, маъноси сақланган ҳолда кичик таҳрир қилинган):
          “Тушунмадим, Ўзбекистонда журналист зотига қирон келганми!? Матбуот анжуманида берилаётган саволларга эътибор қилинг: "Сурия Хитойни мағлуб этганидан ҳайрон қолдингизми?", "Майдон маркази сизни ташвишга солмаяптими?", "Рашидов кейинги баҳсда захирада қолиши мумкинми?"...Менимча, матбуот анжуманига кирганлар ё ўйинни кўрмаган ёки Бабаян уларнинг "духини" олиб қўйган! Наҳотки, оддий мухлисининг ақли етиб турган нарсаларга, "журналистлар"нинг фаросати калталик қиляпти?
Нима учун ўз майдонида, мухлислар қаршисида ўйнаган жамоа рақиб дарвозасига бирор марта аниқ зарба йўллай олмади? (Ахир, бунақа ноёб ҳодиса дунё футболида, масалан Робинзон Крузо ороли ва Аргентина терма жамоалари ўртасида ўйин ташкил этилса, яна қайта кузатилиши мумкин);
Нега энди ҳужумда охирги марта қачон гол урганини ҳам эслолмайдиган "бомбардир" ҳаллослаб юрибди?;
Умуман, жамоа аслида қайси тактикада тўп суриши керак эди? Ёки майдонга "беш карра беш — 25" деб тушиб кетавердими?
Жаноб, сиз футболчиларни ўз принципларингиз асосида танлайсиз. Мабодо, ўша принциплар нималардан иборат эканини айтолмайсизми?
"Пахтакор" ва МТЖ онангизни маҳрига қолганми?...Наҳотки, шуларни сўрайдиган бирор мард йўқ!
Аксинча, хай-хай демасангиз, булар — "Самвел ака дўнг пешанангиз терлаб кетибди, ҳўллаб-ҳўллаб артиб қўяйми?" дейишдан ҳам ор қилмайди...”

***
 Мана шунақа гапларда-ей! Тан олайлик, Ўзбекистонда  футбол журналистикаси  савияси,  ҳозирча мақтагулик эмас. Ҳаминқадар. Жаҳон стандартлари талабларига жавоб беришига ҳали анча қовун пишиғи бор. Тўғри, интернет нашрлари фаолиятида   янгилик, замонавийлик ва таҳлилга интилиш  кучли. Аммо, телевидение, матбуот, радио футбол-журналистикаси — янги-янги ғоялар, қизиқарли лойиҳалар, таҳлилий дастурлар, чинакам ижодий изланишларга муҳтож. Ишонаманки, кечагина Витянинг ўзбекистонлик журналистлар юзига  туширган ҳаққоний тарсакиси уларни уйғотади, ўз устида янада кўпроқ ишлашга, изланишга, савия-салоҳиятини оширишга ундайди!

Ўткир Қаламтебратар
13 саҳифа. Футбол мавзуси, биринчи қисм.


«Халқ(?) жамоа(?)си»???


Роппа роса уч йил олдин Жозе Моуриньо Хуан Матани “Манчестер Юнайтед”га сотганди. Аслида бу келишув январнинг бошида ҳал қилинган бўлса-да, лондонликлар трансфернинг расмийлашишини ойнинг иккинчи ярмига чўзишганди. Сабаби, ўша йилнинг 19 январь куни “Челси” “Манчестер Юнайтед”ни ўз майдонида қабул қилган ва 3:1 ҳисобида мағлуб этган. Айнан ўша ўйиндан кейин трансфер жараёни тезлашиб кетди. Менимча, Жозе ҳатто ўша бир ўйин учун ҳам рақибини кучайишини истамаган.
Қашқадарё жамоаси “Насаф” Осиё чемпионлар Лигасида тўп сураётган паллада Хуан Матанинг трансфери ҳақида ёзишим мантиқсиз. Аммо масала халқ жамоаси ҳақида борар экан, Қашқадарё жамоаси четга чиқиб туради. Аслида “халқ жамоаси” деган атаманинг маъноси ҳам шу – жамоа мухлисларининг айтишича, “Пахтакор”га бутун мамлакат бўйлаб мухлислик қилишар экан. Билмадим.
Энди тасаввур қилинг, катта стадион. “Пахтакор” ўйнаяпти. Осиё чемпионлар лигасида эмас, буни биламиз, Ўзбекистон чемпионатидаги бирор рақиби билан. Трибуна тўла одам. Бир ярим минг.
“Пахтакор” рақибига 0:1 ҳисобида ютқазмоқда. Рақиб кимлиги қизиқ эмас. Ўйиннинг сўнгги дақиқалари. “Пахтакор” тнмай ҳужум қиляпти. Тасаввур қилдингизми?
Шу пайт стадион диктори “Хурматли мухлислар, “Пахтакор” ҳужумчиси Жалолиддин  Машариповни ўн миллион долларга Қатарга сотиб юборди!!!” деб бақира бошлади. “Сотиб юбордииииииии” деб чўзиб айтди.
Бутун стадион ларзага келди. Бошқа мухлислар, масалан Қашқадарё жамоаси мухлислари “гоооооооол” деб бақиради-ю, шу каби, халқ жамоаси мухлислари  “пуууууууул” деб бақириб юбордилар. Ўйиннинг сўнгги дақиқалари, ҳамма бир-бирини қучоқлаган, табриклаган, шапкалар тепага отилган…
Жамоа мураббийи қўлини самалёт қилиб майдон четида айланиб юрибди. Ёрдамчилари уни қучиш учун орқасидан югуриб ета олишмаяпти. Футболчилар хурсанд.
1:0 ҳисобида ютаётган нариги жамоа футболчилари эса, бошини ушлаб ўтириб олишган. Уларнинг мураббийи асабий, ахир улар ўз футболчиларини ўн миллионга Қатарга сотишгани йўқ-ку!
Ўйин тугади. Мухлислар ўйинни тарк этишни исташмаяпти. Ҳеч ким кетгиси келмаяпти. Бу онларни ҳамма биргаликда, елкадош бўлиб ўтказмоқчилар. Қарсаклар тинмаяпти. “Пахтакор”, “Пахтакор” деган ҳайқириқлар стадион тугул, “Мустақиллик хиёбони”ни ҳам тутиб кетган. У ердагилар ҳам стадиондан келаётган ажиб бир бахтнинг товушини эшитиб турибдилар. “Кимдир сотилибди шекилли” деб қўяди автобус кутиб турган аёл шеригига.
Гурра гурра бўлиб стадиондан чиққан ёш болалар автобусни тўлдирадилар.
“Нима бўлди, натижа?”  – деб сўрайди шофёр қизиқиб. “Ўн миллион” деб жавоб беришади болалар деярли хор бўлиб.  “Ким?” – “Машарипов” – “Маладес”
Яхши бўлди. Шаҳар кезаётган инсонларнинг кайфияти Тошкентга янада чирой баҳш этади. Бугун уйларда тошойналар синмайди. Бугун қизалоқлар катайсага чиқишади.

Утопияга ўхшайди-а? Лекин “Пахтакор” етакчи футболчиси Жалолиддин Машарипов “Локомотив”га ўтганини эшитиб, ҳайрон қолдим. Агар футболчи сотиб юборилганда, бошқа гап, тушунардим – балки футболчи мураббий билан чиқишмагандир, балки футболчи Осиё Чемпионлар Лигасида ўйнамоқчидир, балки… тушунаман.
Аммо ижарадан мақсад нима? “Пахтакор”нинг асосий мақсади рақибларини ютиш, гол уриш эмас, футболчиларини ОЧЛ да, терма жамоада кўз-кўз қилиб, Хитой, Малайзия ёки Қатарга сотиш бўлса, ғалати эмасми?
Аслида бунақа жамоалар кўп. Европада ҳам. Лекин “Аякс” ҳам, “Порту” ҳам, бошқаси ҳам, ўз футболчисини реклама қилиш учун “ПСВ”га ёки “Бенфика”га ижарага бермас. Ахир футболчининг сотиш мақсади, жамоанинг чемпионлик учун курашиш мақсади билан терс келиб қолади-ку! Футболчиларни ОЧЛ да реклама қилиш учун, ОЧЛ га йўлланмани қўлга киритишга ҳаракат қилиш мантиқан халқбопроқ эмасми?
Халқ жамоаси мухлислари, яъни халқ нима учун мухлислик қилади энди?

Қаҳрамон Асланов