воскресенье, 15 мая 2016 г.

Сиёсат қў(у)ли

"Евровидение"да Дима Билан зафар қучганида, кўпчилик ушбу мусобақани роса мақтаган эди. Унга бўлган қизиқиш янада ортганди. Ҳамманинг тилида достон бўлиб кетганди. Ахир, узоқ кутилган воқеа содир этилиб, Россия мамлакати бунда ғолибликка эришган эди-да. Худди бизга ўхшаб, футбол бўйича ЖЧга чиқолмай ҳалак бўлаётганимиз каби, уларнинг ҳам шу маррани забт этиш йўлида бир қанча уринишлари зое кетаётганди. Якунда эса, Россия буни уддалади. Бутун халқ бу ҳодисани байрам қилиб нишонлаган эди ўшанда. Дима Биланни ҳам роса кўкка кўтаришганди.
 Лекин нимагадир, ўша пайтда ҳеч ким Биланнинг бу мусобақада қаторасига иккинчи маротаба иштирок этганинию (бу аслида қоидага зид эди), умуман "ўхшамаган" қўшиқни ижро этган ҳолда биринчи ўринни қўлга киритганини шубҳа остига олмади. Дима Билан ҳақли равишда ғолиб бўлди, дея ҳисоблашди. У қаҳрамон. Бугун байрам... Бўлди, гап тамом!

 Бугун эса, ижтимоий тармоқлардаги кузатувларим орқали шунга амин бўляпманки, жуда кўпчилик, шу жумладан руслар ва уларнинг мухлислари Украина ғалабасига шубҳа билан қарашмоқдалар. Эмишки, бу ғарбнинг провокацияси ва Жамала (мусобақада биринчи ўринга лойиқ деб кўрилган хонанданинг таҳаллуси) қўшиғи ҳеч қанасига биринчи ўринга лойиқ эмас экан. Хўп, бу билан қўшилдик. Фикрингизни тўғри ҳам дейлик. Зеро, чиндан ҳам хонанданинг ижро этган қўшиғи менга манзур бўлмади. Овози ғалатидек, аниқроғи, умуман йўқдек тасаввур уйғотди менда. Майли, бу энди алоҳида мавзу. Мени бошқа савол ўйлантирмоқда: Нима учун бир вақтлар Дима Биланнинг ғалабасига шубҳа қилмаганлар бугун ноҳақлик ва адолатсизликка чидай олишмаяпти? Шахсий адоватларни ўртага қўйиб, адолатсизликка қарши чиқиш адолатдан эмас-ку, ахир.

  Тўғри, бир томондан уларни тушунса ҳам бўлади. Дарҳақиқат, Украинанинг ғарбга "бўйсўниши" ва Евросоюз мамлакатлари қаторига қўшилишни жуда истаётгани ва бу каби саъй-ҳаракатларини очиқчасига намоён этаётган бир пайтда, эстрада бўйича бутун қитъада ўтказиладиган биринчи рақамли мазкур мусобақада айнан Украинанинг ғалабаси тасодиф эмаслигига ишончим комил.

 Қўшимчасига, хонанданинг ўзи қримлик татар эканлиги нимага ишора бераётганини пайқаш қийин эмас, назаримда.

  Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам бир вақтлар йилда бир марта ўтказиладиган мазкур шоу-мусобақани томоша қилганман. Рус ТВлари орқали томоша қилганим сабаблими, ёки бошка бир сабабми, билмайману, лекин доимо Россияга мухлислик қилганим аниқ ёдимда. Юқорида эслаганларим - айнан Дима Биланнинг ноҳақ ғалабасидан сўнг эса, бу мусобақадан кўнглим совуган эди. Эндиликда уни бутунлай кузатмай қўйганман. Бу мавсумда кўрсатилган шоудан сўнг, ҳафсаларим пир бўлгани бекорга эмаслигига яна бир карра амин бўлдим. Менга буларнинг бари жуда кулгули туюлди, очиғи. Ёш бола йиғлаб, дод-вой солган пайтда, унга "шоколад" олиб бериб, бироз бўлса-да кўнглини кўтаришга эришасиз-ку, худди ўша ҳолат кўз ўнгимизда намоён бўлди ўша кеча. Сиёсат аралашган жойда мен йўқман. Чунки сиёсат бор жойда ҳар доим кучлилар эмас, балки "орқаси" кучлилар ғалаба қозониб келишган.

  Дарвоқе, сиёсат ўз домига чорлаётган яна бир бошқа мусобақа тўғрисида ҳам икки оғиз фикр билдириб ўтсам:
 Мазкур воқеа атрофидаги машмашалар яқин келажакда футболга ҳам ўз таъсирини ўтказиши мумкинлигига ишониш қийин эмас. Шу ҳақда ўйлаб қолдим, нимагадир. Футбол бўйича ЖЧ-2026 мусобақасини ўз уйида ўтказиш бўйича келажакда ўтказиладиган қуръа натижасига кўра, мезбон мамлакат сифатида Евросоюз мамлакатларидан бирига топширишса (катта эҳтимол билан Англияга), ёки АҚШ бунда ғолибликка эришса, ҳечам ажабланмайман. ЖЧ-2018 мезбони аниқланган кеча ёдингизда борми? Шахсан РФ президенти В.В. Путиннинг иштирок этгани менда катта шубҳа уйғотганди. Қуръа ҳали бошланмасиданоқ Россия ютиши аниқ эди. Сабаби, шахсан Путиннинг ташрифи аллақачон бунга аниқлик киритиб ўтганди.

 Юқорида ёзилганларнинг бари менинг ўз шахсий нуқтаи назаримдан келиб чиққан фикру-мулоҳазаларим ва менда бу борада ҳеч қандай далил-исботларим йўқ, мавжуд эмас. Аммо шуни аниқ биламанки, Англия ёки бошка бир ғарб вакили (ёки АҚШ) ЖЧ-2026 мезбонлигини қўлга кирита олса, бугун ижтимоий сайтларда болалаб кетаётган бу тортишувлар янада жаранглироқ янграшни бошлайди. Шубҳасиз!

вторник, 3 мая 2016 г.

Ҳозирча яхши гумондамиз...

 «Бўри еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон», деган нақл бор. Инсон зоти бир чиркин ишга қўл урган чоғда, шу захотиёқ унга қарши чора кўрилмаса - вақти келиб у ўша ишини албатта қайтаради. Бу унинг табиатида бор. Ҳаттоки, одам ёмон йўлга кириб қолиб, сўнгра бу йўлдан воз кечганлиги ҳақида бонг урса ҳам, қайтиб бу йўлга қадам босмаслигини гапирса ҳамки, унга ҳеч ким ишонмайди. Ишонолмайди. Чунки бир марта ишончни суистеъмол қилган, ўзига қаратган умидларни чиппакка чиқарган.
 Олий лигамизнинг янги мавсумига старт берилибдики, жуда қизғин тарзда кечаётган айрим беллашувлар шубҳали кўринди ва ҳали-ҳануз мавҳумлигича қолмоқда. Бир нечта ўйинлар мухлислару мутахассислар томонидан турли муҳокамага сабаб деб кўрилди.
 «Маҳаллада дув-дув гап!» Эмишки, баъзи жамоаларимизнинг сўнгги пайтлардаги кўрсатаётган қаҳрамонликлари - яъни, уюштираётган «камбэклар» ва жамоаларнинг ўзаро муросасиз тарзда бахс олиб бориб, сўнгги дақиқаларда мухлисларга голлар шоусини тақдим этиб бераётганликлари ўта ғалати ва шубҳали экан. Чемпионатимиз ўйинлари Англия Премьер-лигаси учрашувларига хос тарзда ўтиши мухлисларни хушнуд этмасдан, аксинча ўйлантириб қўйган эмиш. Қўшимчасига, ижтимоий сайтларда баъзи ўйинлар «келишилган» деган мақомни олишга ҳам улгурди.
 Аслида-ку, буларнинг барчаси қачон ва нимадан бошланганини жуда яхши биламиз. Ўтган мавсумда «Металлург» ҳамда «Пахтакор» жамоалари етарли тарзда жазоланмагани бугунги кунда ушбу миш-мишларнинг болалаётганига сабаб бўлса ажабмас. Айнан ўшанда муаммо тўлиқ бартараф этолмай қолгани сабабли, ушбу мавсумнинг деярли ҳар бир ўйини мухлислар томонидан шубҳа остига олиняпти.
 Юқорида таъкидлаганим, муросасиз беллашувлар билан мисли кўрилмаган «камбэклар» барчамизни қувонтирмай қўйган. Интернет тармоқларида мухлисларнинг ўзаро ёзишувларига гувоҳ бўлар эканман, айрим ихлосмандларнинг куюниб ёзган изоҳларига кўзим тушди. Уларнинг таъкидлашича, журналистлар мақолалар ёритишни боплар экан, аммо футболимизни еб тугатаётган «қурт-қумурсқалар»га қаршилик кўрсатишга ожиз эканлар. Яъни, биз хилма-хил танқидий мақолаларни ёзишдан кўра, футболимиз раҳбарларидан интервьюлар олиб, бугунги ҳолатимиз тўғрисида очиқроқ тарзда саволлар йўналтиришимиз зарур экан.
 Бир гуруҳ мухлислар шу фикрни илгари суришса, бошқалар ўз ишимиздан воз кечиб, ўз мансабимизни ўртага қўйиб бўлса ҳам ушбу ишларга қарши туриб беришимизни сўрашган. Италиянинг «калчополи» воқеасини ёдга олиб, ўшанда айнан журналистлар томонидан далил-исботларга тўла мақолалар мамлакатнинг кўзга кўринган нашрларида ёритилганидан сўнггина, қинғир ишларга нуқта қўйилганини иддао қилишган. Хитой футболи ҳолатини ҳам ёдимизга солиб ўтишди. У ерда ҳам айнан мухбирларнинг биринчи бўлиб футболда содир этилган жирканчликлар тўғрисида қалам тебратишлари оқибатида мамлакат томонидан бу ишлар қаттиқ назорат остига олиниши мумкин.
 Мухлисларни тушунса бўлади. Улар бундай фикр билдиришга тўлақонли хақли, зотан, барчаси ростан меъдаларига теккан. Қўшиламиз. Футболимиз ичида бўлиб ўтаётган ножоиз ишларни ҳаммамиз кўриб-англаб турибмиз. Гарчи турли манбаларда очиқ-ойдин тарзда мақолалар чоп этилаётган эса-да, бу ҳаракатлар барибир иш бермаётганини ҳам тушуниб бўлганмиз. Хўш, нимага энди биз ўша италиялик ёки хитойликлар каби далил-исботларни келтирган ҳолда шов-шувли мақолалар ёзолмаймиз? Ёзолмаймизми? Менимча, ёзамиз. Ёзганмиз. Ўтган мавсумда ҳам, бу гал ҳам. Масалан, бир ўйиннинг келишилган эканлигини исботлаб бериб, федерациямизда фаолият кўрсатаётган раҳбарларимизни шуни тан олишга мажбур қилгандик-ку, тўғрими? Натижада нима ўзгарди? Деярли ҳеч нима!
  Менимча, «Нега фалон журналист камчиликларни ёритиб, бу ҳақда оммага ёзмайди?» ва «Нимага мана бу мавзу ҳалигача очиқ қолиб турган бир пайтда, анови журналист қаерда йўқ гапларни ёзиб ўтирибди?» - дейиш нотўғри. Саволни бошқачароқ қўйиш керак, назаримда. Мисол учун: «Ўтган йил келишилган ўйинларда иштирок этган мураббийлар, футболчилар, ҳакамлар нима сабабдан бу мавсумда ҳам ҳеч нарса бўлмагандек ўз фаолиятини давом эттиришяпти? Ахир мухбирлар бу ҳақда етарли даражада қалам тебратишди-ку, керакли нашрларда чоп эттиришди-ку? Нега Италиядаги «калчополи» воқеаси ёки хитойликлар қўллайдиган услуб бизда инкор этилмоқда?» ва ҳоказо. Ўринли саволлар, а?
 Биз-ку, ёзганмиз, ёзаверамиз, аммо натижа бўлмагач, бу ёзганларимиз билан иллатларнинг бари йўқ бўлиб колмаса, меҳнатларимиз самарасиз якунлайверса, ўзга чораларимиз қоладими? Чемпионатимиздаги «камбэклару» муросасиз бахслар, голларга бой бўлган учрашувлар ҳамда бир учрашув давомида иккитадан зиёд қизил карточка кўрсатилишини шунчаки тасодифга йўямиз.
 Дарвозабон ғалати тарзда гол ўтказиб юборган чоғда, гўёки, «иссиқ» тўпни ушлаб олиб, қўллари «куйиб» кетиши оқибатида уни ташлаб юборгандек тасаввур уйғотдими сизда? Ташвишламанг, бу оддий бир тасодиф, холос.
 Жамоа иккинчи бўлимнинг бошидан бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилишига қарамай, иккита тўп ўтказиб юбориб, мағлубиятга учрадими? Ҳаммаси жойида, ишонаверинг! Буни «интрига» дейишади, биродар! Демак, шиддатли кечган учрашув. Яхши гумондамиз. Зеро, шунга мажбурмиз.
 Мақолани тугатаётиб, кайфиятингизни кўтариш илинжида, бир эски латифани сўзлаб бермоқчиман:
 «Бир шаҳарчада муҳташам институт бор экан. У ердаги талабалар ўқиш мавсумининг якунларига келиб, имтиҳон топшириш вақтида, ўз мансабининг ҳар бир қарич ерини пул билан ўлчайдиган «порахўр» деканга рўбарў бўлишлари зарур экан. Қанча билимли бўлишингиздан қатъи назар, токи унинг чўнтагига пул қистирмас экансиз, «аъло» баҳодан умидингизни узар экансиз. Шу сабаб, талабаларнинг барчаси маълум бир суммани конвертга солиб, деканга узатишга мажбур эканлар.
 Кунлардан бир куни ўша ерда ўқийдиган билимли ва шу билан биргаликда ғурурли, димоғи баланд бўлган талаба ҳеч ким, ҳеч қачон бажаролмаган, ҳатто бажаришга ботина олмаган ишни ўз бўйнига олибди ва ҳамманинг олдига чиқиб: «Мен мана шу деканга бир сўмимни ҳам ажратмасдан, ўз билимим эвазига ундан «аъло» баҳо оламан!» деб ваъда берибди.
 Имтиҳон бошланибди. Боланинг «қоқилиши» учун декан роса ҳаракат қилибди. Баъзи ҳолларда савол мавзуси доирасидан чиқиб, бошқа мазмундаги саволларни йўлласа ҳамки, бола барчасига тўғри жавоб бераверибди. Охири талабанинг имтиҳонга чиндан ҳам яхши тайёрланиб келганига амин бўлибди ва... тақдирга тан берганча, унга аъло баҳо қўйишга рози бўлибди.
 Баҳо қўяётиб, «дейишади, дейишади», деб қўйибди. Бола ҳайрон: «Узр, тушунмадим, менга гапирдингизми?» деб сўрабди. «Дейишади, барибир дейишади» дея қайтарибди декан яна. Талаба: «Ким дейди? Нима дейди?» - деб сўраса, ҳалиги декан мийиғида кулиб қўйиб: «Пул қистирмасанг ҳам, қистирди, дейишади» деганча, қаҳқаҳа отибди.»
  Шундай экан, юқорида номи тилга олинмаган жамоалар биздан ранжимасинлар. Мақола бошида таъкидлаганимдек, бўрининг оғзи еса ҳам қон, емаса ҳам. Бундан чиқдики, токи сизлар бу каби қинғир ишларингизга чек қўймас экансизлар, атрофингиздагиларнинг барчаси латифадаги ҳикояга ўхшаб, қилган ишингизни ҳам, қилмаганингизни ҳам баралла «қилди», дейишади.

"Чемпион" газетаси №18 сон

воскресенье, 1 мая 2016 г.

9 май, СССР ва фашистлар борасидаги мулоҳазаларим ёҳуд дўстимга кичик эътироз

9 май куни яқинлашгани сари Фейсбук ижтимоий сайтида турлича постингларни ўқиб боряпман. Мавзу ҳам барчага аён - русларда "Ғалаба куни" деб нишонланадиган байрамни иложи борича оёқ ости қилиб, уларнинг мазкур байрамини топталашга ва қолганларни ҳам бу каби ишларни қайтаришга ундаганча, ўзлари тарғиб этаётган йўлни танлаган инсонларнинг сонини оширишга ҳаракат қилиш. Албатта, ҳар ким ўз фикрига эга, ҳар кимда ўз дунёқараши мавжуд. Бу билан бахслашгим йўқ. Бироқ, баъзи инсонлардан шундай бир мулоҳазасиз фикрларни ўқиб қоламанки, беихтиёр ёқа ушлаб қоламан. Қуйида ҳаммасини бир бошдан тушунтириб беришга ҳаракат қилганман.
 Маълумки, юртимизда 9 май байрами мавжуд эмас. Одатда вафот этганлар руҳини шод этишади. Шундай эмасми? Ушбу кунда, яъни 9 май куни иккинчи Жаҳон урушида қатнашганларни хотирлаш билан чекланамиз. Қабристонга бориб ўлганларни зиёрат қилиб келамиз. Бизда бу кун байрамдек ташкиллаштирилмайди. Ҳеч ким шоду-хуррам қиёфада кўчаларни сайр қилмайди. Ўзига "Георгий лентасини" тақиб олмайди. Нега? Менимча, бизнинг меҳр-оқибатли эканлигимиз бу ҳолатга изоҳ бериб ўтса керак. Ҳар гал ушбу санани қарши олганимизда ҳамда миллионлаб ота-боболаримизнинг ўлимига сабабчи бўлган совуқ урушни эслаганимиз ҳамоно беихтиёр кўзларимиз қайғу ва мотамсаро нигоҳларни ўзида мужассам этади. Қўрқинчли хотиралар, қонли йиллар, ваҳший жабр-зулмлар ҳамда зулматли кунлар ёдимизда сақлангани боис юрагимиздаги доғ, битмас-туганмас яралар бағримизни эзади. Шу сабабли, халқимиз бу кунни байрам каби нишонламайди. Чунки Жаҳон уруши ветеранларимизга ҳурматсизлик нишонидек бу! Чунки ўлганлар руҳини тепкилаш билан баробардек бу!
 Яқинда бир дўстим яқинлашиб келаётган тарихий санага ўз муносабатини билдириб туриб, "Георгий лентасига" қаттиқ қарши чиқиш қилди. Уни тушунаман ва фикрини юз фоиз қўллаб-қувватлайман. Зеро, юқорида таъкидлаганим, 9 май кунини ўзгача бир кайфият билан қарши олишимиз, яъни фашистлар устидан қозонилган ғалабани нишонлашимиз - Жаҳон уруши вақтида ўз жонини гаровга қўйган ветеранларимизга нисбатан ҳурматсизликдир. Бунинг бошқа бир қатор сабаблари ҳам бор, бироқ бу ҳақда батафсил ёзмоқчи эмасман. Ҳар ҳолда, "Георгий лентаси" тарихини ўзингиз ҳам билсангиз керак...
 Бошқа бир дўстим эса, кутилмаганда антиқа чиқиш қилди ва айтиш мумкинки, айнан унинг баъзи фикрларини деб мен оқибатда ушбу баёнотимни ёзишга қарор қилдим. Агарда мен уни тўғри тушунган бўлсам, унинг таъкидлаши бўйича, биз ўз вақтида, яъни СССР даврида РУСЛАРга карам бўлганмиз ҳамда НЕМИСЛАРга қарши мажбуран уруш олиб борган эканмиз. Яъниким, дўстимнинг таъкидлашича, агарда ўшанда руслар эмас, балки немислар ғалаба қозонганида эди, бизнинг бугунги ҳолатимиз, ҳаёт тарзимиз ҳам анча яхшиланган бўлиши мумкин эди. Узр, бу фикрга мутлақо қўшилмайман.

 БИРИНЧИДАН
 "Рус" ва "немис" термини қўлланилишининг ўзи хато. У пайтда руслар ҳам, немислар ҳам урушнинг келиб чиқарилишига асосий сабабчи бўлишмаган. "Немислар" деганимиз, бу - асли олганда, ёвуз фашист бўлганлигини унутмаслигимиз даркор. "Руслар" эмас, балки бутун бошли қудратли СССР бўлган. Демак, бундан чиқди уруш СССР ва фашистлар мамлакатлари ўртасида юзага чиққан, тўғрими?
 Кимлардир бу фикримга қарши чиқиши мумкин, албатта. Эътиборлиси, ўша эълон тагида ёзилган кўплаб изоҳлар ичида менинг изоҳимга қарши чиққанлар топилди ҳам. Эмишки, у пайтда биз Сталин буйруғига бўйсунишга, русларга итоат қилишга мажбур бўлган эканмиз ва агарда қўлимизга қурол олиб душманни отмаганимизда, бизни хоинга чиқариб қаттиқ жазолашлари ҳам мумкин бўлган экан...
 Биласизми, бизнинг энг катта хатоимиз ҳам шунда аслида! Бутун тарихимиз давомида бошимизга ёғдирилган фожиали якунлар айнан мана шу омил - миллатни ажратишимиз сабабчи бўлган. Бир юртдошимиз бошига кулфат тушганда, "менга нима?" деб ўзимизни олиб қочишимиз қонимизда бордек, гўё. Ўз вақтида айнан шу камчилигимиз туфайли бизни ўзга юрт босқинчилари бемалол босиб олганликлари тўғрисидаги воқеалар далил-исботлари билан тарихимиз зарварақларига катта харфлар билан ёзилиб қўйилган. Ваҳоланки, бутун Туркистон аҳли бир бўлиб уларга қаршилик кўрсатганида эди, бу мамлакатни ҳеч ким ва ҳеч қачон босиб ололмас эди!
 Айтингчи, мамлакатимизга ўзга юртдан босқинчилар бостириб киришса-ю, биз индамай ўтирсак-да, "бу юрт аслида бизники эмас, русларники, ўз муаммоларини ўзлари ҳал қилаверишсин", деб ўтиришимиз тўғри эдими? Шуми сиз ишонишни истаётган ҳақиқатлар? Шуми ўз Ватанига, ўз юртдошларига, қўшниларига, дўстларига, қариндош-уруғларига бўлган муҳаббат? Шуми оқибат? Ахир фашистлар фақатгина русларга эмас, балки СССР давлатига уруш эълон қилгани ҳаммага аён эди-ку?! Тўғри, биз қачонлардир рус империясига мустамлака бўлганмиз ва уларга итоат қилишга мажбур эдик, аммо айни ўша давр, яъни 1940 йилларда биз аллақачон СССР дея номланган катта бир давлат фарзандлари бўлиб яшашга улгурган эдик!
 Наҳотки, фашистларга қарши қурол кўтариб чиқмасак? Наҳотки, уларни тўхтатишга ўринмасак? Уруш қўрқинчли бўлади, уруш ёвуз ва беаёвдир. У барча-барчамизни қириб ташлашга ҳам тайёр. Тасаввур қилинг, фашистлар Москвани ҳам босиб олишди... Хўш, кейинчалик улар Туркистон аҳолисини тинч қўйишларига, бизнинг юртимизда қатлиомларни амалга оширмасликларига ишончимиз комилмиди? Қўшниларингиз, қариндош-уруғларингиз шунда тирик қолишармиди, сизнингча?
Менинг фикри-ожизимча, биз русларга карам эдик ва шу сабабли ҳам ўша урушда қатнашдик, деган фикрга боришлик нотўғри. Негаки у даврларда бир миллатни бошқа миллатдан ажратишмаган, ҳамма бир тану бир жон бўлиб яшашган. Айнан таъкидлаганим МИЛЛАТЧИЛИК тушунчаси ёт бўлгани сабабли ҳам мамлакатни рус вакили эмас, балки грузин миллатига мансуб бўлган Иосиф Сталин бошқарган...

ИККИНЧИДАН
 Дўстимнинг ёзганларини ўқиб борар эканман, унинг иккинчи Жаҳон урушида СССР устидан фашистлар ғалаба қилганларида, бизнинг бугунги ҳолатимиз яхшиланиши мумкин бўлишига шаъма қилиб ўтганига кўзим тушади. Эълон тагидаги изоҳлар ҳам турлича, тассуротлар хилма-хил. Таассуфки, дўстимнинг ушбу билдирган фикрини маъқуллаганлар ва чиндан ҳам, шунга ишонганлар йўқ эмас экан.
 Биз ривожланишдан ортда эканлигимиз, ўсишдан тўхтаётганимизга ҳадеб русларни сабабчи қилиб кўрсатишимиз мантиқан тўғри бўлмаса керак. Халқимизни шу аҳволга солганлар ўзимизнинг раҳбарларимиз эмасми? Ўсишга, ривожланишга, мамлакатни бойитишга, замондан орқада эмас, улар билан ҳамнафас яшашга, керак бўлса бир қадам олдинда юришга интилмаётганлигимиз сабабини ўз вазифаларини бажара олмаётган, ишлашга лаёқати йўқлар, ақли заиф раҳбарларимиздан излаш керак, назаримда. СССР даврида узоқ йиллар давомида русларга карам бўлдик ва шу сабабли ҳам биз анча орқада қолиб кетдик, дейишдан олдин лоақал бир маротаба бўлса ҳам қўшни Қозоғистон яшаш тарзига эътибор қаратинг: улар ҳам биз каби узоқ йиллар давомида "русларга карам" бўлмаганмидилар? Нега улар  тобора ривожланиб боришмоқда? Нима сабабдан уларнинг ҳаёт тарзи кундан-кунга яхшиланиб бормоқдаки, асло ортга чекинаётгани йўқ?
 Агарда СССР мағлуб бўлиб, фашистлар бизнинг ерларимизга эгалик қилишганларида, биз русларга эмас, немисларга мустамлака бўлиб яшардик ҳамда бугунга келиб Германия давлати ривожланиб кетганидек, бизнинг юртимиз ҳам жадаллик билан ривожланиб кетарди, деган фикрга борганларни ҳам учратдим. Айнан ўша пайтда Гитлернинг ўлими ва фашистлар мамлакати қулаши нафақат СССРга, балки бутун дунёга, шу билан биргаликда Германия аҳолисига ҳам кўп ёрдами тегди. Шунинг учун ҳам, бугунги кунларда НЕМИСлар ривожланишмоқдалар, лекин аслоо ФАШИСТлар эмас. Демак, бу иддао ҳам ўзини оқламаяпти, тўғрими?
 Дўстимга бўлган муносабатим бу билан ўзгаргани йўқ, албатта. Мен унинг ёзганларини мунтазам кузатиб бораман ва у ҳам менинг постингларимини кузатиб боришини биламан. Мана шу яқин кунларда унинг ёзганлари менинг фикрим билан бир жойдан чиқмагани табиий, зотан, инсон табиатан ўз дунёқараши билан бир-биридан фарқ қилади ҳамда ҳар ким ўз фикрини тўғри деб ҳисоблайди. Мен уни ҳурмат қилганман ва бундан кейин муносабатим асло ўзгариб қолмайди. Умид қиламанки, ўз навбатида у ҳам менинг ёзганларимни юрагига яқин олмайди.
 Эътибор учун ташаккур!