пятница, 30 декабря 2016 г.

Динимиз мўътадилликка буюради, тажовузкорликка эмас

Сўнги пайтларда Фейсбукда дўстларимиз орасида турли низолар келиб чиқарилишининг гувоҳи бўляпмиз. Чеккадан бу ҳолат жуда хунук кўринаётганлиги бор гап. Яна ҳам ачинарлиси шундаки, дўстларимиз бир дин вакиллари бўлиб туриб ҳам айнан шу масала бўйича, яъни дин мавзусида кўплаб муросасизликларга дуч келишяпти. Мени бу нарса ташвишга солмоқда. Бугун айнан шу масала бўйича ўз фикрларим билан бир неча абзацли баёнотимда баҳам кўрмоқчиман. Хато ва камчиликлар учун олдиндан узр сўрайман.
 Динимизни яқиндан билмаган, танимаган ва умуман олганда, Ислом динидан йироқ киши бизнинг бугунги кунимизга назар ташласа, роса ҳайратдан донг қотса керак. Негаки, бу уммат вакиллари гўёки бир-бирини кўришга кўзи йўқдек ва ҳар доим бир-биридан хато ахтариб, ўз биродарини койитишга, уни топталаб ташлашга, обрўсизлантиришга, қўйингки, ҳатто ер билан яксон қилишга ҳам ҳаракат қилишади. Бир-бирини ҳимоя қилишни ва адолат томон биргаликда дадил қадамлар ташлашни исташмайди, билъакс турли оятлару, ҳадисларни пеш қилиб, ҳар жабҳада ўз диний биродари устидан ғолиб бўлишни орзу қилишади. Ғолиб бўлиш - уларнинг энг катта орзуси, энг улуғ мақсадидек, гўё. Ғолиб бўлгандан кейин эса, мағлуб бўлган томонни маънан ва руҳан ўлдиршга ҳаракат қилишади. Тамом. Бошқа бир юмушларию, ташвишлари йўқдек. (Бу ҳолатни мен фақат Фейсбук ижтимоий сайтида кузатганим боис, фақат ва фақат шу ердаги одамларни назарда тутиб ёзмоқдаман, бошқаларни эмас)
  Авваломбор, Ислом динининг асл моҳиятини тушунишимиз даркор. Зотан, сўнгги пайтларда содир бўлаётган кўнгилсизликларга кўз юмиб ўтишимиз нотўғри. Ислом дини бу шундайин динки, ўз номига муносиб равишда одамларни адолат, яхшилик, эҳсон, раҳмдиллик, меҳр-шафқат, ўртачалик, мўътадиллик, эзгуликка буюради. Зулм, истибдод, фасод, ёмонлик, душманлик, бузғунчилик, тажовузкорликдан қайтаради. Бу шундайин динки, мусулмонлар уёқда турсин, ҳатто ўзга дин, эътиқод ва миллат вакилларига мурувватни, халқ ўртасида тенглик, аҳиллик, ўзаро ҳурматни тарғиб қилади, аёлларнинг шаънини кўтаради. Бу шундайин гўзал дин!
 Сўнгги пайтларда эса, уни булғашга ҳаракат қилаётган ва турли оятларни келтириб, бир ёки бир неча шахсларга нисбатан одамлар орасида нафрат уйғотишни хуш кўраётган кишиларни кўрмоқдамиз. Ҳар ким ўз саҳифасида турли хабарларни эълон қилиб, ўз биродарини, ватандоши, миллатдошини ерга уришни ўзига одат қилиб олган, десам муболаға бўлмаса керак. Улар гўёки ушбу инсонлар томондан тарғиб этиб келаётган ёмон ишлари ҳақида биз барчамизни огоҳлантириб қўяётгандек ва халқни бу хавф-хатардан асраётган инсондек кўринишни хоҳлашади. Аммо ўз саҳифасида эълон чоп эттириб, турли сўзлар билан у ёки бу одамни хакоратлаб, уни ерга уришни қанда қилмасликларини қандай тушуниш мумкин? Бу ҳолат ғийбат қилишга кирмайдими? Ахир, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ғийбатдан қайтарганлар-ку!?
 Хўш, ғийбат ўзи нима? Уни бартараф этувчи омиллар сифатида нималар зикр этилган? Ғийбат одамларнинг яширин айбларини ошкор қилиш ва уларнинг обрўларини тўкишдан иборат ёмон иллатдир. Инсоннинг обрўсини сақлаш мақсадида Ислом дини ғийбатни ҳаром қилди. Ғийбатнинг таърифини ифода этувчи қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нима эканини биласизларми?” – деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир”, – деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат бир биродарингнинг орқасидан ўзи эшитса, ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир”, – дедилар. Шунда улардан бири: “Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам, ғийбат бўладими?” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда бор айбни айтган бўлсанг, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда бўлмаса, бўхтон қилган бўласан”, – деб жавоб бердилар. Демак, бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни, агар тўғри бўлса ҳам, айтиш жоиз эмас экан. Чунки бу билан ғийбат қилинган бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўҳтон бўлгани учун гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади.
 Аллоҳ таоло ғийбатнинг ҳақиқий моҳиятини Қуръони каримда баён этиб, инсонларга бундай хитоб қилади:
 “...(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли Зотдир” (“Ҳужурот” сураси, 12-оят).
 Ғийбат қилишликнинг гуноҳи қанчалик оғир бўлса, унга жавоб қайтариш ҳам шу қадар оғирдир. Биламан, менинг гапларим, нуқтаи назарим, ёзганларим барчангиз учун бир тийинга қиммат бўлиши ҳам мумкин, аммо мен бу каби чиркин ишларга жим қараб турадиган одамлар тоифасидан эмасман. Ҳар ҳолда, ўз фикримни ифодаладим, унга амал қилиш ёки қилмаслик бу энди сизнинг ишингиз.
 Яқинда Фейсбукда (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) жуда қизиқарли ҳикоя ўқигандим ва уни сизлар билан ҳам баҳам кўрмоқчиман:
 "Қайсидир замонда бир шаҳарда таровиҳ намози устида тортишув чиқибди. Бунақа тортишувлар ҳар рамазон кирганида бўлиб турар экан-у, ўша йилги рамазонда вазият кескинлашибди.
 Бир гуруҳ таровиҳни 20 ракат ўқишни бидъат дебди. 8 ракат ўқиш суннат дебди. 8 (саккиз) ракат ўқишимиз керак деб оёқ тираб туриб олибди.
 Иккинчи гуруҳ 20 ракат ўқишни ҳам суннат дебди. 20 (йигирма) ракат ўқишимиз керак деб оёқ тираб туриб олибди.
 Тортишув узоқ давом этибди. Томонлар ҳеч бир-бирига ён босай демабди.
 Охири жанжалга айланибди. Ҳатто ўртада қон тўкилиши хавфи юзага келибди.
 Хайрият, ораларида эсини еб қўймаган одамлар ҳам бор экан.
 ‒ Фалон жойда тақволи олим зот бор. Келинглар, икки томондан ҳам вакиллар борайлик, масаламизни ҳал этиб берсин, ‒ дебди.
 Келишишибди. Боришибди.
 Тақволи олим зот ҳар икки томоннинг ҳам даъвосини эшитибди.
 ‒ Модам мени ҳакамликка танлаб келибсизлар, қандай ҳукм чиқарсам ҳам, сўзсиз итоат этасизларми? ‒ деб сўрабди.
 ‒ Итоат этамиз! ‒ деб сўз беришибди вакиллар.
 ‒ Унда қулоқ солинглар: бугундан бошлаб таровиҳ намози йўқ! Тамом! ‒ дебди.
 Икки томон ҳам фатво ўз фойдасига чиқишидан умид қилган экан, тамоман бошқача ҳукмни эшитиб саросимага тушишибди. Шовқин бошланаётган экан, тақволи, олим зот уларни босибди:
 ‒ Итоат этамиз деб қасам ичдиларинг, энди сўзларингда туринглар! ‒ дебди овозини юксалтиб. Сўнгра англатибди: ‒ Таровиҳ намози нафл амал, мўминлар биродарлиги эса ‒ фарз! Оллоҳ таоло мўминларни ўзаро биродар бўлишга буюрган, аммо таровиҳ намозига буюрмаган! Бир нафл устида тортишиб фарзни тарк қиляпсизлар! Фарз амали таҳлика остида қолганида нафлдан воз кечилади. Тамом, бугундан бошлаб таровиҳ намозини ўқимайсизлар!..
 У замоннинг мўминлари тақволи олим зотларнинг гапини оларкан. Ҳукмдан рози бўлиб, маконларига қайтишибди…"
 Ҳар қандай тортишувлар остонасида турган инсон бу ишни давом эттиришдан аввал ушбу ҳикояни ўқиб чиқса мақсадга мувофиқ бўларди. Бир-бирингизни айблашингиздан олдин, турли далил-исботларни йиғишдан олдин, бир-бирингизга нисбатан ҳақоратли сўзларни ишлатишингиздан олдин яхшилаб ўйлаб кўринг: мўминлар биродарлиги - фарз!
 Яхшиси, Фейсбук ижтимоий сайтига ҳаддан ташқари берилиб кетмай, бошингизни кўтариб, дунёга боқинг. Чуқур-чуқур нафас олинг. Сиз шу реал ҳаётда яшаяпсиз, Фейсбук оламида эмас. Ўзимизни жуда муҳим нарсалар билан машғул қилсак, ўйлайманки, бу ерда тортишиб ўтиришга ҳам вақтимиз бўлмайди.
 Бир воқеа ёдимга тушди, қаердадир ўқиб қолгандим:
 "Йўлда ўзларига тўқнаш келаётган молни кўриб, Имом Аъзам йўл берибдилар. У кишидан бу ҳолатнинг сабабини сўраганларга эса шундай жавоб қилибдилар: "Молнинг шохлари бор бўлса, менинг ақлим бор!"
 Ақллироқ бўлайлик. Раҳмат!

среда, 14 декабря 2016 г.

Бирлашиш лозим!

Тарихга назар ташласак, 19 аср ўрталарида Россия империяси Ўрта Осиёни қай тариқа босиб олганини турли манбалардан ўқиб, билиб олишимиз мумкин бўлади. Ўша юришлар, қирғинлар, хунрезликлар қай даражада аёвсиз бўлганлигига тарих китобларида ойдинлик киритилиб ўтилган.

 Хусусан, Ўрта Осиё ва Қозоғистонга юриш даврида Фарғона генерал-губернатори: «Бир минг сарт бир рус аскари этигининг пошнасига арзимайди». - деб ёзган бўлса, уларнинг бошқа бири - Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфман: «Амир (Бухоро амри) исёнкорларидан (1868 й.) бирортаси ҳам асир олинмасин. Қўлга тушганларнинг ҳаммаси, ҳаттоки ярадорлар ҳам отиб ташлансин», - деб фармон берган эди. Қозоғистондаги шаҳар, қишлоқларни, Ўрта Осиёнинг маданий маркази бўлмиш Тошкент шаҳрини вайрон этиб, минг-минглаб бегуноҳ оддий одамлар қонини дарё қилиб оқизган генераллар Черняев, Скобелев, Ионов, Куропаткин, Ивановлар тўғрисида ҳам ўқиганмиз, эшитганмиз. «Черняев ашаддий шовинист эди. Унинг назарида, Қўқон хонлигида яшаган ўзбеклар, қирғизлар, қипчоқлар ва бошқа халқлар фақат тўн (чопон) кийганликлари учунгина қириб ташлашга лойиқ», - деб ёзган эди тарихчи зобит Кастелская.

 Шуларнинг барчасини миллатимиз, халқимиз ўз бошидан ўтказган. Шундай даврлада яшаган. Ўша замонда интернет бўлмаганлиги боис бутун дунё бу қинғирликлардан деярли бехабар қолган. Оддий халқни ҳеч ким ўлимдан қутқара олмаган. Ҳеч ким ёрдам бермаган. Ҳаттоки ўзимиз ҳам бир-биримиздан нафратланиб, ёрдам қўлини чўзмаганмиз. Руслар ўша даврларда бемалол Бухоро, Хива ҳамда Қўқон хонлигини бирма-бир босиб олишган. Ҳеч қандай тўсиқлар ва қийинчиликларсиз. Бемалол. Ошкоралик ила...

 Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунларда ўша воқеалар такрорланмоқда. Тарих ўша даврни қайтариб, бизларга бизнинг йўл қўйган хатолариизни яна кўрсатиб бераётгандек гўё. Бу гал Ўрта Осиё ўрнида араб давлатларини кўрмоқдамиз. Россия Федерацияси билан биргаликда бир қанча ғарб мамлакат вакиллари ҳамда АҚШ давлати бунда бош ролни ижро этиб келишмоқда.

 Яна ўша эски ҳолат қаршисида турибмиз: бегуноҳ оддий аҳолининг бу қирғинлар давомида оламдан кўз юмишларию, араб мамлакатларининг бирма-бир таслим этилиши. Биринчи бўлиб Афғонистонга бостириб киришди. Ҳеч ким индамади. Сўнгра Ироқда ағдар-тўнтарни амалга оширишди... Биров ғинг дегани йўқ! Ундан кейин Ливия, Миср ва мана кўриб турганимиздек, бугунги кунларда Сурияда ҳам бу каби хунрезликлар давом этмоқда. Аммо ҳеч кимдан садо чиққанича йўқ. Мусулмон давлатлари, араб мамлакатлари босқичма-босқич бостириб олинмоқда... Бироқ қолганлардан, яъни уларнинг қўшнилари, бир дин вакиллари, бир миллат вакилларидан ҳеч қандай қарши юриш бўлмаяпти. Ҳамма ўз жонини асрашни ўйлаяпти. Шундай бир замонда яшаяпмиз.

 Тасаввур қилинг, бир зўравон қўшни маҳалладан келсаю, сизнинг ёнингизда турган бир қариндошигизни уриб йиқитганда сиз ва ёнингиздаги бошқа бир қариндошингиз унинг зўрлигига тан бериб, у билан сулх тузишга ўринасиз ва бу ҳолат вақтинчалик иш беради. Аммо бир кун келиб у сизнинг иккинчи қариндошингизни ҳам уриб йиқитади, эртаси куни эса сизга навбат келади. Якунда қарабсизки, битта зўравон якка ўзи уч кишини уриб, «духини» олиб қўйган бўлиб чиқади...

 Менимча, динни ҳимоя қилиш йўлида ҳар бир мусулмон давлат подшоҳларидан тортиб, ҳар бир фуқаро, ҳар қандай миллат вакили битта тасбеҳ ипига ўхшаб, бирлашиши ва ташқи кучларга қарши жанг олиб бориши лозим. Ана ўшандагина ғалабага умид боғланса бўлади. Лекин мадомики, ушбу тасбеҳ ипининг узилиб тушишига йўл қўйилар экан - уларнинг барчаси сочилиб кетиши муқаррардир.

воскресенье, 15 мая 2016 г.

Сиёсат қў(у)ли

"Евровидение"да Дима Билан зафар қучганида, кўпчилик ушбу мусобақани роса мақтаган эди. Унга бўлган қизиқиш янада ортганди. Ҳамманинг тилида достон бўлиб кетганди. Ахир, узоқ кутилган воқеа содир этилиб, Россия мамлакати бунда ғолибликка эришган эди-да. Худди бизга ўхшаб, футбол бўйича ЖЧга чиқолмай ҳалак бўлаётганимиз каби, уларнинг ҳам шу маррани забт этиш йўлида бир қанча уринишлари зое кетаётганди. Якунда эса, Россия буни уддалади. Бутун халқ бу ҳодисани байрам қилиб нишонлаган эди ўшанда. Дима Биланни ҳам роса кўкка кўтаришганди.
 Лекин нимагадир, ўша пайтда ҳеч ким Биланнинг бу мусобақада қаторасига иккинчи маротаба иштирок этганинию (бу аслида қоидага зид эди), умуман "ўхшамаган" қўшиқни ижро этган ҳолда биринчи ўринни қўлга киритганини шубҳа остига олмади. Дима Билан ҳақли равишда ғолиб бўлди, дея ҳисоблашди. У қаҳрамон. Бугун байрам... Бўлди, гап тамом!

 Бугун эса, ижтимоий тармоқлардаги кузатувларим орқали шунга амин бўляпманки, жуда кўпчилик, шу жумладан руслар ва уларнинг мухлислари Украина ғалабасига шубҳа билан қарашмоқдалар. Эмишки, бу ғарбнинг провокацияси ва Жамала (мусобақада биринчи ўринга лойиқ деб кўрилган хонанданинг таҳаллуси) қўшиғи ҳеч қанасига биринчи ўринга лойиқ эмас экан. Хўп, бу билан қўшилдик. Фикрингизни тўғри ҳам дейлик. Зеро, чиндан ҳам хонанданинг ижро этган қўшиғи менга манзур бўлмади. Овози ғалатидек, аниқроғи, умуман йўқдек тасаввур уйғотди менда. Майли, бу энди алоҳида мавзу. Мени бошқа савол ўйлантирмоқда: Нима учун бир вақтлар Дима Биланнинг ғалабасига шубҳа қилмаганлар бугун ноҳақлик ва адолатсизликка чидай олишмаяпти? Шахсий адоватларни ўртага қўйиб, адолатсизликка қарши чиқиш адолатдан эмас-ку, ахир.

  Тўғри, бир томондан уларни тушунса ҳам бўлади. Дарҳақиқат, Украинанинг ғарбга "бўйсўниши" ва Евросоюз мамлакатлари қаторига қўшилишни жуда истаётгани ва бу каби саъй-ҳаракатларини очиқчасига намоён этаётган бир пайтда, эстрада бўйича бутун қитъада ўтказиладиган биринчи рақамли мазкур мусобақада айнан Украинанинг ғалабаси тасодиф эмаслигига ишончим комил.

 Қўшимчасига, хонанданинг ўзи қримлик татар эканлиги нимага ишора бераётганини пайқаш қийин эмас, назаримда.

  Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам бир вақтлар йилда бир марта ўтказиладиган мазкур шоу-мусобақани томоша қилганман. Рус ТВлари орқали томоша қилганим сабаблими, ёки бошка бир сабабми, билмайману, лекин доимо Россияга мухлислик қилганим аниқ ёдимда. Юқорида эслаганларим - айнан Дима Биланнинг ноҳақ ғалабасидан сўнг эса, бу мусобақадан кўнглим совуган эди. Эндиликда уни бутунлай кузатмай қўйганман. Бу мавсумда кўрсатилган шоудан сўнг, ҳафсаларим пир бўлгани бекорга эмаслигига яна бир карра амин бўлдим. Менга буларнинг бари жуда кулгули туюлди, очиғи. Ёш бола йиғлаб, дод-вой солган пайтда, унга "шоколад" олиб бериб, бироз бўлса-да кўнглини кўтаришга эришасиз-ку, худди ўша ҳолат кўз ўнгимизда намоён бўлди ўша кеча. Сиёсат аралашган жойда мен йўқман. Чунки сиёсат бор жойда ҳар доим кучлилар эмас, балки "орқаси" кучлилар ғалаба қозониб келишган.

  Дарвоқе, сиёсат ўз домига чорлаётган яна бир бошқа мусобақа тўғрисида ҳам икки оғиз фикр билдириб ўтсам:
 Мазкур воқеа атрофидаги машмашалар яқин келажакда футболга ҳам ўз таъсирини ўтказиши мумкинлигига ишониш қийин эмас. Шу ҳақда ўйлаб қолдим, нимагадир. Футбол бўйича ЖЧ-2026 мусобақасини ўз уйида ўтказиш бўйича келажакда ўтказиладиган қуръа натижасига кўра, мезбон мамлакат сифатида Евросоюз мамлакатларидан бирига топширишса (катта эҳтимол билан Англияга), ёки АҚШ бунда ғолибликка эришса, ҳечам ажабланмайман. ЖЧ-2018 мезбони аниқланган кеча ёдингизда борми? Шахсан РФ президенти В.В. Путиннинг иштирок этгани менда катта шубҳа уйғотганди. Қуръа ҳали бошланмасиданоқ Россия ютиши аниқ эди. Сабаби, шахсан Путиннинг ташрифи аллақачон бунга аниқлик киритиб ўтганди.

 Юқорида ёзилганларнинг бари менинг ўз шахсий нуқтаи назаримдан келиб чиққан фикру-мулоҳазаларим ва менда бу борада ҳеч қандай далил-исботларим йўқ, мавжуд эмас. Аммо шуни аниқ биламанки, Англия ёки бошка бир ғарб вакили (ёки АҚШ) ЖЧ-2026 мезбонлигини қўлга кирита олса, бугун ижтимоий сайтларда болалаб кетаётган бу тортишувлар янада жаранглироқ янграшни бошлайди. Шубҳасиз!

вторник, 3 мая 2016 г.

Ҳозирча яхши гумондамиз...

 «Бўри еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон», деган нақл бор. Инсон зоти бир чиркин ишга қўл урган чоғда, шу захотиёқ унга қарши чора кўрилмаса - вақти келиб у ўша ишини албатта қайтаради. Бу унинг табиатида бор. Ҳаттоки, одам ёмон йўлга кириб қолиб, сўнгра бу йўлдан воз кечганлиги ҳақида бонг урса ҳам, қайтиб бу йўлга қадам босмаслигини гапирса ҳамки, унга ҳеч ким ишонмайди. Ишонолмайди. Чунки бир марта ишончни суистеъмол қилган, ўзига қаратган умидларни чиппакка чиқарган.
 Олий лигамизнинг янги мавсумига старт берилибдики, жуда қизғин тарзда кечаётган айрим беллашувлар шубҳали кўринди ва ҳали-ҳануз мавҳумлигича қолмоқда. Бир нечта ўйинлар мухлислару мутахассислар томонидан турли муҳокамага сабаб деб кўрилди.
 «Маҳаллада дув-дув гап!» Эмишки, баъзи жамоаларимизнинг сўнгги пайтлардаги кўрсатаётган қаҳрамонликлари - яъни, уюштираётган «камбэклар» ва жамоаларнинг ўзаро муросасиз тарзда бахс олиб бориб, сўнгги дақиқаларда мухлисларга голлар шоусини тақдим этиб бераётганликлари ўта ғалати ва шубҳали экан. Чемпионатимиз ўйинлари Англия Премьер-лигаси учрашувларига хос тарзда ўтиши мухлисларни хушнуд этмасдан, аксинча ўйлантириб қўйган эмиш. Қўшимчасига, ижтимоий сайтларда баъзи ўйинлар «келишилган» деган мақомни олишга ҳам улгурди.
 Аслида-ку, буларнинг барчаси қачон ва нимадан бошланганини жуда яхши биламиз. Ўтган мавсумда «Металлург» ҳамда «Пахтакор» жамоалари етарли тарзда жазоланмагани бугунги кунда ушбу миш-мишларнинг болалаётганига сабаб бўлса ажабмас. Айнан ўшанда муаммо тўлиқ бартараф этолмай қолгани сабабли, ушбу мавсумнинг деярли ҳар бир ўйини мухлислар томонидан шубҳа остига олиняпти.
 Юқорида таъкидлаганим, муросасиз беллашувлар билан мисли кўрилмаган «камбэклар» барчамизни қувонтирмай қўйган. Интернет тармоқларида мухлисларнинг ўзаро ёзишувларига гувоҳ бўлар эканман, айрим ихлосмандларнинг куюниб ёзган изоҳларига кўзим тушди. Уларнинг таъкидлашича, журналистлар мақолалар ёритишни боплар экан, аммо футболимизни еб тугатаётган «қурт-қумурсқалар»га қаршилик кўрсатишга ожиз эканлар. Яъни, биз хилма-хил танқидий мақолаларни ёзишдан кўра, футболимиз раҳбарларидан интервьюлар олиб, бугунги ҳолатимиз тўғрисида очиқроқ тарзда саволлар йўналтиришимиз зарур экан.
 Бир гуруҳ мухлислар шу фикрни илгари суришса, бошқалар ўз ишимиздан воз кечиб, ўз мансабимизни ўртага қўйиб бўлса ҳам ушбу ишларга қарши туриб беришимизни сўрашган. Италиянинг «калчополи» воқеасини ёдга олиб, ўшанда айнан журналистлар томонидан далил-исботларга тўла мақолалар мамлакатнинг кўзга кўринган нашрларида ёритилганидан сўнггина, қинғир ишларга нуқта қўйилганини иддао қилишган. Хитой футболи ҳолатини ҳам ёдимизга солиб ўтишди. У ерда ҳам айнан мухбирларнинг биринчи бўлиб футболда содир этилган жирканчликлар тўғрисида қалам тебратишлари оқибатида мамлакат томонидан бу ишлар қаттиқ назорат остига олиниши мумкин.
 Мухлисларни тушунса бўлади. Улар бундай фикр билдиришга тўлақонли хақли, зотан, барчаси ростан меъдаларига теккан. Қўшиламиз. Футболимиз ичида бўлиб ўтаётган ножоиз ишларни ҳаммамиз кўриб-англаб турибмиз. Гарчи турли манбаларда очиқ-ойдин тарзда мақолалар чоп этилаётган эса-да, бу ҳаракатлар барибир иш бермаётганини ҳам тушуниб бўлганмиз. Хўш, нимага энди биз ўша италиялик ёки хитойликлар каби далил-исботларни келтирган ҳолда шов-шувли мақолалар ёзолмаймиз? Ёзолмаймизми? Менимча, ёзамиз. Ёзганмиз. Ўтган мавсумда ҳам, бу гал ҳам. Масалан, бир ўйиннинг келишилган эканлигини исботлаб бериб, федерациямизда фаолият кўрсатаётган раҳбарларимизни шуни тан олишга мажбур қилгандик-ку, тўғрими? Натижада нима ўзгарди? Деярли ҳеч нима!
  Менимча, «Нега фалон журналист камчиликларни ёритиб, бу ҳақда оммага ёзмайди?» ва «Нимага мана бу мавзу ҳалигача очиқ қолиб турган бир пайтда, анови журналист қаерда йўқ гапларни ёзиб ўтирибди?» - дейиш нотўғри. Саволни бошқачароқ қўйиш керак, назаримда. Мисол учун: «Ўтган йил келишилган ўйинларда иштирок этган мураббийлар, футболчилар, ҳакамлар нима сабабдан бу мавсумда ҳам ҳеч нарса бўлмагандек ўз фаолиятини давом эттиришяпти? Ахир мухбирлар бу ҳақда етарли даражада қалам тебратишди-ку, керакли нашрларда чоп эттиришди-ку? Нега Италиядаги «калчополи» воқеаси ёки хитойликлар қўллайдиган услуб бизда инкор этилмоқда?» ва ҳоказо. Ўринли саволлар, а?
 Биз-ку, ёзганмиз, ёзаверамиз, аммо натижа бўлмагач, бу ёзганларимиз билан иллатларнинг бари йўқ бўлиб колмаса, меҳнатларимиз самарасиз якунлайверса, ўзга чораларимиз қоладими? Чемпионатимиздаги «камбэклару» муросасиз бахслар, голларга бой бўлган учрашувлар ҳамда бир учрашув давомида иккитадан зиёд қизил карточка кўрсатилишини шунчаки тасодифга йўямиз.
 Дарвозабон ғалати тарзда гол ўтказиб юборган чоғда, гўёки, «иссиқ» тўпни ушлаб олиб, қўллари «куйиб» кетиши оқибатида уни ташлаб юборгандек тасаввур уйғотдими сизда? Ташвишламанг, бу оддий бир тасодиф, холос.
 Жамоа иккинчи бўлимнинг бошидан бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилишига қарамай, иккита тўп ўтказиб юбориб, мағлубиятга учрадими? Ҳаммаси жойида, ишонаверинг! Буни «интрига» дейишади, биродар! Демак, шиддатли кечган учрашув. Яхши гумондамиз. Зеро, шунга мажбурмиз.
 Мақолани тугатаётиб, кайфиятингизни кўтариш илинжида, бир эски латифани сўзлаб бермоқчиман:
 «Бир шаҳарчада муҳташам институт бор экан. У ердаги талабалар ўқиш мавсумининг якунларига келиб, имтиҳон топшириш вақтида, ўз мансабининг ҳар бир қарич ерини пул билан ўлчайдиган «порахўр» деканга рўбарў бўлишлари зарур экан. Қанча билимли бўлишингиздан қатъи назар, токи унинг чўнтагига пул қистирмас экансиз, «аъло» баҳодан умидингизни узар экансиз. Шу сабаб, талабаларнинг барчаси маълум бир суммани конвертга солиб, деканга узатишга мажбур эканлар.
 Кунлардан бир куни ўша ерда ўқийдиган билимли ва шу билан биргаликда ғурурли, димоғи баланд бўлган талаба ҳеч ким, ҳеч қачон бажаролмаган, ҳатто бажаришга ботина олмаган ишни ўз бўйнига олибди ва ҳамманинг олдига чиқиб: «Мен мана шу деканга бир сўмимни ҳам ажратмасдан, ўз билимим эвазига ундан «аъло» баҳо оламан!» деб ваъда берибди.
 Имтиҳон бошланибди. Боланинг «қоқилиши» учун декан роса ҳаракат қилибди. Баъзи ҳолларда савол мавзуси доирасидан чиқиб, бошқа мазмундаги саволларни йўлласа ҳамки, бола барчасига тўғри жавоб бераверибди. Охири талабанинг имтиҳонга чиндан ҳам яхши тайёрланиб келганига амин бўлибди ва... тақдирга тан берганча, унга аъло баҳо қўйишга рози бўлибди.
 Баҳо қўяётиб, «дейишади, дейишади», деб қўйибди. Бола ҳайрон: «Узр, тушунмадим, менга гапирдингизми?» деб сўрабди. «Дейишади, барибир дейишади» дея қайтарибди декан яна. Талаба: «Ким дейди? Нима дейди?» - деб сўраса, ҳалиги декан мийиғида кулиб қўйиб: «Пул қистирмасанг ҳам, қистирди, дейишади» деганча, қаҳқаҳа отибди.»
  Шундай экан, юқорида номи тилга олинмаган жамоалар биздан ранжимасинлар. Мақола бошида таъкидлаганимдек, бўрининг оғзи еса ҳам қон, емаса ҳам. Бундан чиқдики, токи сизлар бу каби қинғир ишларингизга чек қўймас экансизлар, атрофингиздагиларнинг барчаси латифадаги ҳикояга ўхшаб, қилган ишингизни ҳам, қилмаганингизни ҳам баралла «қилди», дейишади.

"Чемпион" газетаси №18 сон

воскресенье, 1 мая 2016 г.

9 май, СССР ва фашистлар борасидаги мулоҳазаларим ёҳуд дўстимга кичик эътироз

9 май куни яқинлашгани сари Фейсбук ижтимоий сайтида турлича постингларни ўқиб боряпман. Мавзу ҳам барчага аён - русларда "Ғалаба куни" деб нишонланадиган байрамни иложи борича оёқ ости қилиб, уларнинг мазкур байрамини топталашга ва қолганларни ҳам бу каби ишларни қайтаришга ундаганча, ўзлари тарғиб этаётган йўлни танлаган инсонларнинг сонини оширишга ҳаракат қилиш. Албатта, ҳар ким ўз фикрига эга, ҳар кимда ўз дунёқараши мавжуд. Бу билан бахслашгим йўқ. Бироқ, баъзи инсонлардан шундай бир мулоҳазасиз фикрларни ўқиб қоламанки, беихтиёр ёқа ушлаб қоламан. Қуйида ҳаммасини бир бошдан тушунтириб беришга ҳаракат қилганман.
 Маълумки, юртимизда 9 май байрами мавжуд эмас. Одатда вафот этганлар руҳини шод этишади. Шундай эмасми? Ушбу кунда, яъни 9 май куни иккинчи Жаҳон урушида қатнашганларни хотирлаш билан чекланамиз. Қабристонга бориб ўлганларни зиёрат қилиб келамиз. Бизда бу кун байрамдек ташкиллаштирилмайди. Ҳеч ким шоду-хуррам қиёфада кўчаларни сайр қилмайди. Ўзига "Георгий лентасини" тақиб олмайди. Нега? Менимча, бизнинг меҳр-оқибатли эканлигимиз бу ҳолатга изоҳ бериб ўтса керак. Ҳар гал ушбу санани қарши олганимизда ҳамда миллионлаб ота-боболаримизнинг ўлимига сабабчи бўлган совуқ урушни эслаганимиз ҳамоно беихтиёр кўзларимиз қайғу ва мотамсаро нигоҳларни ўзида мужассам этади. Қўрқинчли хотиралар, қонли йиллар, ваҳший жабр-зулмлар ҳамда зулматли кунлар ёдимизда сақлангани боис юрагимиздаги доғ, битмас-туганмас яралар бағримизни эзади. Шу сабабли, халқимиз бу кунни байрам каби нишонламайди. Чунки Жаҳон уруши ветеранларимизга ҳурматсизлик нишонидек бу! Чунки ўлганлар руҳини тепкилаш билан баробардек бу!
 Яқинда бир дўстим яқинлашиб келаётган тарихий санага ўз муносабатини билдириб туриб, "Георгий лентасига" қаттиқ қарши чиқиш қилди. Уни тушунаман ва фикрини юз фоиз қўллаб-қувватлайман. Зеро, юқорида таъкидлаганим, 9 май кунини ўзгача бир кайфият билан қарши олишимиз, яъни фашистлар устидан қозонилган ғалабани нишонлашимиз - Жаҳон уруши вақтида ўз жонини гаровга қўйган ветеранларимизга нисбатан ҳурматсизликдир. Бунинг бошқа бир қатор сабаблари ҳам бор, бироқ бу ҳақда батафсил ёзмоқчи эмасман. Ҳар ҳолда, "Георгий лентаси" тарихини ўзингиз ҳам билсангиз керак...
 Бошқа бир дўстим эса, кутилмаганда антиқа чиқиш қилди ва айтиш мумкинки, айнан унинг баъзи фикрларини деб мен оқибатда ушбу баёнотимни ёзишга қарор қилдим. Агарда мен уни тўғри тушунган бўлсам, унинг таъкидлаши бўйича, биз ўз вақтида, яъни СССР даврида РУСЛАРга карам бўлганмиз ҳамда НЕМИСЛАРга қарши мажбуран уруш олиб борган эканмиз. Яъниким, дўстимнинг таъкидлашича, агарда ўшанда руслар эмас, балки немислар ғалаба қозонганида эди, бизнинг бугунги ҳолатимиз, ҳаёт тарзимиз ҳам анча яхшиланган бўлиши мумкин эди. Узр, бу фикрга мутлақо қўшилмайман.

 БИРИНЧИДАН
 "Рус" ва "немис" термини қўлланилишининг ўзи хато. У пайтда руслар ҳам, немислар ҳам урушнинг келиб чиқарилишига асосий сабабчи бўлишмаган. "Немислар" деганимиз, бу - асли олганда, ёвуз фашист бўлганлигини унутмаслигимиз даркор. "Руслар" эмас, балки бутун бошли қудратли СССР бўлган. Демак, бундан чиқди уруш СССР ва фашистлар мамлакатлари ўртасида юзага чиққан, тўғрими?
 Кимлардир бу фикримга қарши чиқиши мумкин, албатта. Эътиборлиси, ўша эълон тагида ёзилган кўплаб изоҳлар ичида менинг изоҳимга қарши чиққанлар топилди ҳам. Эмишки, у пайтда биз Сталин буйруғига бўйсунишга, русларга итоат қилишга мажбур бўлган эканмиз ва агарда қўлимизга қурол олиб душманни отмаганимизда, бизни хоинга чиқариб қаттиқ жазолашлари ҳам мумкин бўлган экан...
 Биласизми, бизнинг энг катта хатоимиз ҳам шунда аслида! Бутун тарихимиз давомида бошимизга ёғдирилган фожиали якунлар айнан мана шу омил - миллатни ажратишимиз сабабчи бўлган. Бир юртдошимиз бошига кулфат тушганда, "менга нима?" деб ўзимизни олиб қочишимиз қонимизда бордек, гўё. Ўз вақтида айнан шу камчилигимиз туфайли бизни ўзга юрт босқинчилари бемалол босиб олганликлари тўғрисидаги воқеалар далил-исботлари билан тарихимиз зарварақларига катта харфлар билан ёзилиб қўйилган. Ваҳоланки, бутун Туркистон аҳли бир бўлиб уларга қаршилик кўрсатганида эди, бу мамлакатни ҳеч ким ва ҳеч қачон босиб ололмас эди!
 Айтингчи, мамлакатимизга ўзга юртдан босқинчилар бостириб киришса-ю, биз индамай ўтирсак-да, "бу юрт аслида бизники эмас, русларники, ўз муаммоларини ўзлари ҳал қилаверишсин", деб ўтиришимиз тўғри эдими? Шуми сиз ишонишни истаётган ҳақиқатлар? Шуми ўз Ватанига, ўз юртдошларига, қўшниларига, дўстларига, қариндош-уруғларига бўлган муҳаббат? Шуми оқибат? Ахир фашистлар фақатгина русларга эмас, балки СССР давлатига уруш эълон қилгани ҳаммага аён эди-ку?! Тўғри, биз қачонлардир рус империясига мустамлака бўлганмиз ва уларга итоат қилишга мажбур эдик, аммо айни ўша давр, яъни 1940 йилларда биз аллақачон СССР дея номланган катта бир давлат фарзандлари бўлиб яшашга улгурган эдик!
 Наҳотки, фашистларга қарши қурол кўтариб чиқмасак? Наҳотки, уларни тўхтатишга ўринмасак? Уруш қўрқинчли бўлади, уруш ёвуз ва беаёвдир. У барча-барчамизни қириб ташлашга ҳам тайёр. Тасаввур қилинг, фашистлар Москвани ҳам босиб олишди... Хўш, кейинчалик улар Туркистон аҳолисини тинч қўйишларига, бизнинг юртимизда қатлиомларни амалга оширмасликларига ишончимиз комилмиди? Қўшниларингиз, қариндош-уруғларингиз шунда тирик қолишармиди, сизнингча?
Менинг фикри-ожизимча, биз русларга карам эдик ва шу сабабли ҳам ўша урушда қатнашдик, деган фикрга боришлик нотўғри. Негаки у даврларда бир миллатни бошқа миллатдан ажратишмаган, ҳамма бир тану бир жон бўлиб яшашган. Айнан таъкидлаганим МИЛЛАТЧИЛИК тушунчаси ёт бўлгани сабабли ҳам мамлакатни рус вакили эмас, балки грузин миллатига мансуб бўлган Иосиф Сталин бошқарган...

ИККИНЧИДАН
 Дўстимнинг ёзганларини ўқиб борар эканман, унинг иккинчи Жаҳон урушида СССР устидан фашистлар ғалаба қилганларида, бизнинг бугунги ҳолатимиз яхшиланиши мумкин бўлишига шаъма қилиб ўтганига кўзим тушади. Эълон тагидаги изоҳлар ҳам турлича, тассуротлар хилма-хил. Таассуфки, дўстимнинг ушбу билдирган фикрини маъқуллаганлар ва чиндан ҳам, шунга ишонганлар йўқ эмас экан.
 Биз ривожланишдан ортда эканлигимиз, ўсишдан тўхтаётганимизга ҳадеб русларни сабабчи қилиб кўрсатишимиз мантиқан тўғри бўлмаса керак. Халқимизни шу аҳволга солганлар ўзимизнинг раҳбарларимиз эмасми? Ўсишга, ривожланишга, мамлакатни бойитишга, замондан орқада эмас, улар билан ҳамнафас яшашга, керак бўлса бир қадам олдинда юришга интилмаётганлигимиз сабабини ўз вазифаларини бажара олмаётган, ишлашга лаёқати йўқлар, ақли заиф раҳбарларимиздан излаш керак, назаримда. СССР даврида узоқ йиллар давомида русларга карам бўлдик ва шу сабабли ҳам биз анча орқада қолиб кетдик, дейишдан олдин лоақал бир маротаба бўлса ҳам қўшни Қозоғистон яшаш тарзига эътибор қаратинг: улар ҳам биз каби узоқ йиллар давомида "русларга карам" бўлмаганмидилар? Нега улар  тобора ривожланиб боришмоқда? Нима сабабдан уларнинг ҳаёт тарзи кундан-кунга яхшиланиб бормоқдаки, асло ортга чекинаётгани йўқ?
 Агарда СССР мағлуб бўлиб, фашистлар бизнинг ерларимизга эгалик қилишганларида, биз русларга эмас, немисларга мустамлака бўлиб яшардик ҳамда бугунга келиб Германия давлати ривожланиб кетганидек, бизнинг юртимиз ҳам жадаллик билан ривожланиб кетарди, деган фикрга борганларни ҳам учратдим. Айнан ўша пайтда Гитлернинг ўлими ва фашистлар мамлакати қулаши нафақат СССРга, балки бутун дунёга, шу билан биргаликда Германия аҳолисига ҳам кўп ёрдами тегди. Шунинг учун ҳам, бугунги кунларда НЕМИСлар ривожланишмоқдалар, лекин аслоо ФАШИСТлар эмас. Демак, бу иддао ҳам ўзини оқламаяпти, тўғрими?
 Дўстимга бўлган муносабатим бу билан ўзгаргани йўқ, албатта. Мен унинг ёзганларини мунтазам кузатиб бораман ва у ҳам менинг постингларимини кузатиб боришини биламан. Мана шу яқин кунларда унинг ёзганлари менинг фикрим билан бир жойдан чиқмагани табиий, зотан, инсон табиатан ўз дунёқараши билан бир-биридан фарқ қилади ҳамда ҳар ким ўз фикрини тўғри деб ҳисоблайди. Мен уни ҳурмат қилганман ва бундан кейин муносабатим асло ўзгариб қолмайди. Умид қиламанки, ўз навбатида у ҳам менинг ёзганларимни юрагига яқин олмайди.
 Эътибор учун ташаккур!

четверг, 28 апреля 2016 г.

Футбол ва...

 Бир нарсани тўғри тушунишимиз керак: "Эл класико" бўладими, "Дерби" бўладими, ёки шунчаки бирор-бир "Супер учрашув"ми буларнинг барчаси оддий бир спорт тури эканини унутмаслигимиз лозим. Катта ўйинлардан катта фожиа ясаб, бир-биримизни хафа қилиб қўймайлик.
 Бу ўйинлар атрофида ўрмалашиб юрганда, фақатгина футболга таалуқли бўлган гапларни ёзайлик. Зеро, футбол бу - бўш вақтни мароқли тарзда ўтказиш мақсадида фойдаланадиган хордиқ чиқариш воситаси, футбол - миллионлар ва миллиардлар ўйини, футбол - сиёсатга ҳам, динга ҳам ҳеч қандай алоқаси бўлмаган мукаммал бир спорт тури. Турли ўйинларни муҳокама қилган пайтимизда, динни ҳам, сиёсат мавзусини ҳам тинч қўйиб фикр билдирсак мақсадга мувофиқ бўларди.

 Сиёсатга аралашиб қолиб, мундиални катта суммада Россия ва Қатарга сотиб юборган ташкилот раҳбари шармандаларча ўз лавозимидан ҳайдалганини билсангиз керак. Мисол учун, неччи йиллардан буён Ироқда уруш кечаётганига қарамай, Ироқ футболи сўнгги пайтларда маълум даражада ютуқларга эришишга муваффақ бўлган. Осиё чемпиони бўлиши билан биргаликда, Риода бўлиб ўтиши кутилаётган Олимпиада йўлланмасини ҳам қўлга киритди. Сурияда ҳозир нотинч вазият ҳукм сурмоқда, бироқ мамлакатнинг бош жамоаси Жаҳон чемпионатининг сўнгги саралаш босқичи йўлланмасини қўлга киритди ва Россияда ўтказиладиган ЖЧга чиқиш имкониятига эга бўлиб турибди.

 Қайтараман: футболнинг сиёсатга ҳеч қандай алоқаси йўқ! Бўлмаслиги керак!
 Мухлислик қилган пайтимизда, фикру-ҳаёлимиз фақатгина ушбу ўйин билан машғул бўлишини истардим. Унга мухлислик қилмайдиганлар эса, баррикаданинг нариги томонига ҳужум қилмасликларини, уларнинг устидан мазҳара қилишга уринмасликларини сўрардим. Ўзингиз қизиқмас экансиз, хўп тушундик. Унда бошқаларга халақит қилманг. Зеро, юқорида таъкидлаганимдек, футбол миллиардлар ўйини ва у муҳокамага, турли танқидларга муҳтож эмас. Уни борича севишади. Ундан воз кечиб бўлмайди.

  Дин ва сиёсат мавзуларини қўшишни хуш кўрадиган инсонларнинг қилмишларини кўриб жахлингиз чиқяпти, тушунаман. Аммо қалбингизда олов каби ёнаётган ушбу жахлни Фейсбук орқали орага ташлар экансиз, ўзингиз билмаган ва истамаган ҳолда тинчлантиришни мақсад қилган ўша низоларнинг икки карра ошишига ўз ҳиссангизни қўшиб келяпсиз.
 Бир воқеа ёдимга тушди, қаердадир ўқиб қолгандим: "Йўлда ўзларига тўқнаш келаётган молни кўриб, Имом Аъзам йўл берибдилар. У кишидан бу ҳолатнинг сабабини сўраганларга эса шундай жавоб қилибдилар: "Молнинг шохлари бор бўлса, менинг ақлим бор!"
 Ақллироқ бўлайлик. Раҳмат.

вторник, 26 апреля 2016 г.

Миллатчилик...

Миллатчиларни ёмон кўраман. Жудаям. Азалдан. Билмайман, самарқандлик тожик бўлганим сабаблими, баъзи жойларда миллатчиларга рўбарў бўлишимга тўғри келган ва  асабларимни жиловлай олмаган ҳолда уларга қарши чиққанман. Шунга мажбур бўлганман. Бундай инсонлар бор, учраб туради. Уларнинг сони жуда кам, албатта. Шунисига шукр.

 Кузатишларимга таянган ҳолда шуни таъкидлашим мумкинки, миллатчилик ғоясини тарғиб қиладиган калтафаҳмлар одатда ўз миллатига жуда меҳрибон бўлишади ҳамда ушбу меҳрга муккасидан берилиб кетиши оқибатида, ўзлари билмаган ҳолда ёмон ишларга ўралашиб қолишади.
 Ўз миллатимизни севишимиз, ардоқлашимиз, эъзозлашимиз тахсинга сазовор, аммо бу билан бошқа миллатларга тош отишимиз, ёки уларни камситишимиз зарур, дегани эмас. Биз ўз миллатимизни қанчалик яхши кўрсак, олдимизда турган қарама-қарши миллат вакили ҳам худди бизчалик ўз миллатини севиши табиий, масалан. Уни камситишдан не фойда?!
 Айтайлик, ўша инсон ҳам ўз танишлари олдида бизни худди шу тариқа мазах қилди... Хўш, бу бизга қандай таъсир қилади? Жуда оғир ботади, тўғрими?
 Бу хиссиётлар барчамизга таниш бўлса керак. Ҳеч бўлмаганда, мусофирликда ишлаб юрган биродарларимиздан сўраб кўринг. Руслардан ўз танининг ранги билан ажралиши туфайли, деярли ҳар кун маҳаллий мелисалар қўлига тушадиганлардан сўранг. Чинакам миллатчи бўлган ёвуз "калбошлар"дан таёқ еган юртдошларимиздан сўранг. Ўшалар айтиб беришсинки, шояд кўзларимиз очилса.

 Буни ёзганимнинг боисини тушунолмай ҳалак бўлсангиз керак. Нима сабабдан Темурмалик тўсатдан миллатчилар мавзусини кўтарди, деб ҳайрон бўлганингизни сезиб турибман. Бу ишни бажаришимга мени бир инсон ундади. Шунга мажбур қилди, аниқроғи. У яқин-яқингача дўстларим рўйхатида эди ва мени ўқиб борганини ҳам биламан. Лекин бугун мен уни дўстларим сафидан ўчиришга қарор қилдим. Мени менинг руҳсатимсиз бўлар-бўлмас гуруҳларга қўшгани учун эмас, айнан ўша ерда миллатчилик руҳида чоп этган эълони учун. Бу ишларга қарши жим тура олмадим, зотан, ҳар биримиз шу каби чиркин ишларга кўз юмар эканмиз, касофатга учрашимиз муқаррар.

 Юқорида номи сир тутилган собиқ дўстимни айнан қайси иши мени хафа қилгани тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтишни истамадим. Кун келиб у ўзини ўнглай олишига, Яратганнинг ўзи унга тўғри йўл кўрсатишига умид боғлаганман.

 Тоғай Муроднинг машҳур ибораси бор:
 "Миллатчилик — иблислар паноҳ топажак энг сўнгги паноҳ, демак. Миллатчилик — жаҳолат, демак. Миллатчилик — бир халқни бошқа бир халққа нисбатан нафрати, демак. Шу боисдан, жуда кўп фожиалар ана шу миллатчиликдан келиб чиқади."

Миллатчилик охир-оқибат ҳар қандай давлат, жамият ва халқ учун офат келтиради. Қўшни Қирғизистондаги воқеаларни ёдингизга солиб ўтиришим шарт бўлмаса керак. Тўхташ керак. Вақт борида.

понедельник, 11 апреля 2016 г.

Орзуларимиз чиппакка чиқмасин ёҳуд қийшиқ минора ҳақида

Миржалол Қосимов МТЖга бош мураббий бўлган пайтларида "Бунёдкор" футболчиларини терма жамоа таркибига жалб этарди. Акмал Шораҳмедов билан Лутфулла Тўраев шулар жумласидандир. Алал-оқибат аввалига Шораҳмедов, сўнгра Тўраев биз учун жуда муҳим бўлган учрашувларда "қовун туширишди". Якунда мураббийнинг собиқ шогирдлари ишончни оқлашмади ва Қосимовнинг бу танлови терма жамоамиз зарарига ишлади. Олдинги бош мураббий томонидан йўл қўйилган хатоларнинг бугунги кунда такрорланаётганини сиз ҳам сездингизми?
 Икинчи босқичда ўртамиёна терма жамоаларга қарши ўзига хос рекорд натижаларни қайд этиб, обрў-эътибор орттиришга муваффақ бўлган бош мураббийнинг саъй-ҳаракатларини муҳокамага сабаб қилиб кўрсатиш мумкинми? Уни танқид қилиш учун қандайдир асосларни келтириб ўтишимиз жоизми? Умуман, ундан норози бўлишга, унинг фаолиятига шубҳа билан қарашга ҳақимиз борми? Албатта, бор. Ахир биз жамоанинг ўйинини синчковлик билан кузатиб, унинг камчилигинию йўл қўйган хатоларини ёритишга маъсул эмасмизми? Журналист мақташни эмас, балки хавфнинг олдини олишни, яъни жамоанинг нозик жойларини пайқаб, бу ҳақда қалам тебратиши керак, назаримда. Одатда, ғолиблар муҳокама қилинмайди, деймиз-у, аммо баъзи жиҳатлар борки, бизни бу йўлдан қайтаради.
 Бабаян терма жамоамизни ўз бошқарувига олгач, ёш футболчиларни терма жамоага жалб этиш кераклигини кўп бора таъкидлади. Авваллари у буларни сийқаси чиқиб кетгунича бот-бот айтаверарди, буларнинг барчаси амалга оширилиши мумкин бўлган вазифа эканлигига ҳаммамизни ишонтирди ҳам. Бугунги термамизнинг таркибини, «футбол тарихимиздаги энг кучлиси», дея эътироф ҳам этди. Кейинчалик, Егор Кримец, Жавоҳир Соҳибов, Элдор Шомуродов, Игорь Сергеев каби бир қатор ёш футболчиларимиз мунтазам равишда терма жамоамиз таркибида пайдо бўла бошлашди.
 Бир тараф мухлислар бундан суюнган бўлишса, қарама-қарши тараф бундан кўп азият чекди. Зеро, терма жамоага нуқул «Пахтакор» футболчилари чақирилиши ва терма жамоанинг юзи айнан шулар билан ташкил қилиниши кўпчиликни таажжублантирдики, буни нафақат мухлислар, балки бутун қалам аҳли томонидан ҳам жуда кўп ва хўп гапирилди. Лекин ЖЧ саралашининг иккинчи раунди ўз ниҳоясига етгунига қадар Бабаян ушбу танқидларнинг барчасини енгиб ўтди. Турли гап-сўзларнинг меъёрдан ортиқ бўлиб кетганлигини эътиборига олмади. Ўз ишини давом эттирди ва бунинг йўлида катта машаққат ила тер тўкди. Ўзгалар фикрига қулоқ солмай, фақатгина ўзи тузган мукаммал режа асосида иш олиб боргач, якунда ижобий натижаларга эришди. Ҳа, мақтанишга арзигулик натижа. Ҳозирча ҳаммаси рисоладагидек кечмоқда ва биз бундан албатта жуда мамнунмиз.
 Биласизми, терма жамоамизга янги бош мураббий тайинлангач, қайсидир маънода, терма жамоамиз «пахтакорлашиб» кетишини олдиндан кутгандим. Худди бир вақтлар Қосимов турли танқидларга қарамасдан терма жамоага тортмайдиган «Бунёдкор»нинг қатор футболчиларини чақиравергани сингари. Келинг, ҳозир бироз орқага қайтамиз. Миржалол Қосимов борасидаги фикрни батафсил ёритишга ҳаракат қиламан.
 Ёдингизда бўлса, Лутфулла Тўраев билан Акмал Шораҳмедовнинг ўйинларини мухлислар жини суймасди. Ҳатто баъзи мухлисларимиз: «Қосимов бор экан, ушбу футболчилар учун терма жамоа эшиклари доимо очиқ», деган фикрни илгари суришган. Ҳазил тариқасида айтилган аччиқ ҳақиқат тобора ўз тасдиғини топаверарди. Қосимов улар билан бирга кўп ишлаган, «Бунёдкор» жамоаси билан ҳам айнан шу ва бошқа бир қатор футболчиларнинг меҳнатлари эвазига кўплаб совринларни қўлга киритган-ку, қолаверса Осиё чемпионлар лигасининг ярим финалигача етиб борган, ахир. Хўш, нимага асосланиб ўз ишонган футболчиларига имкон беришга жазм этолмас экан? Ҳаммаси оддий. Қосимов бир масъулиятли вазифани ўз бўйнига олиб, қатор собиқ шогирдлари билан уни ҳал этишга киришди ва модомики, унинг ишонган футболчилари «қовун туширишса», бунинг оқибатида айнан Қосимов энг катта жабр кўрадиган киши сифатида тилга олиниши муқаррар. У бунга тайёр эди.
 Якунда нималар бўлганини биласиз. Жанубий Кореяга қарши ўртага ЖЧ йўлланмаси тикилган жуда муҳим сафар учрашуви бой берилди!
Ўша учрашувда Шораҳмедов ўз дарвозасини ишғол қилаётган лаҳзалар ҳали-ҳамон кўз ўнгиздадир. Осиё чемпионати чорак финал доирасидаги ўйинни ҳам эсланг: рақиб жамоа - Жанубий Корея, бош қаҳрамон - бўш дарвозани ишғол этолмаган Лутфулла Тўраев, жабрдийда - Миржалол Қосимов ва... Ўзбекистон футбол ихлосмандлари.
 Бўлди. Тўхтадим. Ўша изтиробли оғир дамларни ёдингизга солиб, кўнглингизни оғритган бўлсам, мени афв этинг. Юракни эзиш ниятим йўқ эди, аммо воқеалар ривожи айнан шуни тақозо этиб турган бўлса, менда не айб?!
 Бугунги кунда Бабаян Андреевга, Сергеевга, Лобановга ишонч билдириб келяпти. У терма жамоамизни бошқармоқда ва у бундай йўл тутишга ҳақлидир ҳам. Аммо Қосимов йўл қўйган хатолар қайтарилмаслигига ишончим комил эмас.
 Гарчи биз нисбатан кучсиз жамоаларга қарши ўйин ўтказган бўлсак-да, Лобановнинг Филиппиндан ўтказиб юборган кулгули голи, Игорь Сергеевнинг шу жамоага қарши кечган жавоб баҳсида бир қанча қулай вазиятларни кўкка совургани бизни етарлича ҳавотирга солмоқда. Рақиб жамоа гол уриш учун бизга кўплаб имкониятларни тақдим этиб берди, аммо учинчи раундда жиддий терма жамоаларга рўбарў бўлган чоғимизда, бундай имкониятларни яратишнинг ўзи жуда мушкул вазифа эканлигини ҳисобга олишимиз зарур.
 Тушунаман, Игорь жуда истеъдодли ва балки келажаги порлоқ бўлган ҳужумчидир, лекин ундан яхшироқ ўйнай оладиган ҳужумчи юртимизда бор, албатта топилади. У тўлиқ 90-дақиқа майдонда ҳаракат қилиши мумкин, деб ҳисоблайдиганлар қаттиқ адашади. Сервер Жепаров, Александр Гейнрих каби Бабаяннинг ишонган футболчилари ўз тажрибаси эвазига бошқа ёш футболчилардан устун, деган фикрга боришимиз ҳам аслида хато. Тўғри, юқорида таъкидлаганимдек, ғолиблар муҳокама қилинмайди ва Гейнрихнинг ҳаракатлари эвазига ўз майдонимизда Яман ҳамда Филиппин устидан ғалабага эришганимиз қадрли. Аммо барибир, Сашанинг ҳам, Сервернинг ҳам даври ўтаётгани, уларнинг ҳаракатлари жуда суст экани эътиборимизни тортди ва бу келажакда салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
 «Локомотив» жамоаси таркибни кучайтириш мақсадида Сервер Жепаровни таклиф этди, бироқ Сервер ҳужум ортида олдингидек ёрқин ўйин намойиш этолмаётганини Мирко Еличич тезда илғай олди ва эндиликда унинг позициясида кўпроқ Санжар Шоаҳмедов ҳаракат қиляпти. Жепаров эса асосан заҳирадан майдонга тушиб ўйинни кучайтирмоқда ёки иккинчи бўлимда захирага олинмоқда. Фақат баъзи ўйинларгина бундан мустасно бўлиши мумкин. Ўз клубида Шоаҳмедовга очиқчасига рақобатни бой бераётган футболчи қандай қилиб терма жамоада асосий таркиб ўйинчиси бўлиши мумкин?! Бабаян ушбу позицияда, яъни ҳужумчи ортида Жепаровнинг вориси сифатида Санжарни эмас, балки Искандаровни маъқул кўраётгандек, чамамда. Айнан унинг аввалги спорт формасига қайтишини кутиб юргандек. Сиз ҳам шуни сездингизми?
 Бир ҳикматли воқеа ёдимга тушди. Айбга буюрмайсиз, уни шу ерга ҳам ёзиб қўйсам:
 «Меъмор янги қурилаётган минора қаршисида турса, бир тўда болалар чуғурлашиб, ниманидир кўрсатаётганларини кўриб қолибди. Уларга яқинлашиб: «Нима гап?» деб сўрабди. «Амаки, - дейишибди болалар, - шу минорангиз бироз қийшайибди». «Ҳа, ундай бўлса, ҳозир минорани арқон билан торттириб тўғрилаймиз. Сизлар қараб туринглар», деб арқон келтиришни буюрибди. Арқонни олиб келишгач, то болалар тўғри бўлди дейишмагунча, минорани бир арқон билан торттираверибди, торттираверибди. Сўнг болалар, тўғри бўлди, дейишгач, тўхтатибди. Шу орада бир киши келиб: «Уста, бу арқон шундай катта минорага ҳеч бир таъсир қилмаслигини яхши биласиз. Нега энди болаларнинг гапига кириб бундай қилдингиз?» деганида, меъмор: «Шундай қилмасам, булар шаҳар бўйлаб янги қурилаётган минора қийшиқ, деган гап тарқатишарди-да», деб жавоб берибди».
 Биз-ку, ёш бола эмасмиз, бугунги кунда Бабаян томонидан янги қурилаётган «минора» ростдан ҳам «қийшиқ» эканини кўриб турибмиз. Терма жамоамизнинг бугунги бош мураббийи «кўринмас арқон» орқали «минорани» ўз томонга тортишни қанчалик истамасин, барибир Қосимов йўл қўйган ўша машъум хатолар изидан бораётганини сезяпмиз.
Шу сабабли, мураббийлар штаби терма жамоамизга номзод бўлган футболчиларнинг энг лойиқларини синаб кўришларини кутяпмиз. Шуни талаб қиляпмиз. Зеро, унинг ишонган футболчилари неча йиллик орзуларимизни чиппакка чиқаришларини истамаймиз. Бор-йўғи шу.

Темур МАЛИК
"Чемпион" газетаси, №15 сон

четверг, 7 апреля 2016 г.

Ҳусниддин Ғофуров: «Орзуим - Чемпионлар Лигасида ўйнаш». «Чемпион» газетаси, №14 сон


 Сербия Супер Лигасида фаолият юритаётган Ҳусниддин Ғофуров билан суҳбатни бошлар эканман, биринчи саволим у тўп сураётган «Явор» футбол клубининг бугунги ҳолати тўғрисида бўлди.

- Ҳусниддин, келинг, аввало жамоангиз «Явор» ФК ҳақида суҳбатлашсак. Бугунга келиб жамоанинг аҳволи қандай?
 - Чемпионатимизда 16-та жамоа қатнашади. Жамоамиз бугун чемпионатда 9-ўринни банд этиб келяпти. Олдинда ҳали 3-та тур учрашувлари бор. Шундан сўнг, жамоалар иккига бўлиниб, плей-оффда қатнашадилар. Кейинчалик юқори саккизталикка киришга муваффақ бўлган жамоалар совринли ўринлар учун ўзаро баҳс олиб боришса, қолган жамоалар лигада жон сақлаш учун курашадилар. Биз ҳозирда юқори ўринлар учун курашмоқдамиз, бунинг учун эса, энг аввало, саккизталикка киришимиз зарур.

- Сербия мамлакати тўғрисида гапириб бера оласизми, бизнинг юртимизга ўхшаш томонлари ҳам бор бўлса керак?
 - Йўқ, тўғрисини айтсам, ўхшаш жойларини сезмадим. Билмадим, балки менга шундай туюлган бўлиши мумкин.

 - Кўчаларда сайр қилиб юрган чоғингизда, мухлислар сизни таниб қолиб, сиздан дастхат сўраган вақтлар ҳам бўлганми?
 - Мен яшаётган шаҳарча кичкина ва табиийки, бу ерда деярли ҳамма бир-бирини танийди. Сиз айтган воқеалар ҳам содир бўлган.
 - Бизнинг маҳаллаларимизга ўхшаб кетар экан-да?
 - Ҳа, шунақа деса ҳам бўлади. Ҳамма бир-бирини танийди.

- Кўпинча Фейсбук ижтимоий тармоқда ўз суратларингизни жойлаштирасиз ва унда сербияликлар ўз тилида турли изоҳлар қўйишади. Сербияликлар-ку, майли, лекин сиз ҳам уларнинг тилида нималарнидир ёзиб қўйишингиз мени таажжубга солади. Демакки, тил борасида сизда ҳеч қандай муаммо йўқ-а, шундайми?
 - Буни бу қадар ҳайратланарли, деб атамаган бўлардим. Бу оддий ҳол. Анча вақтдан буён бу ерда яшаб келмоқдаман, шунга бўлса керак, ҳозирда серб тилини мукаммал ўрганганман. Бемалол сўзлаша оламан.
 - Рус тилига ўхшаб кетади-я?
 - Ҳа, ўхшаш сўзлари бор.

 - Жамоангиз сўнгги ўйинни ким билан ўтказди? Сиз қанча ўйнадингиз?
 - Чемпионат доирасида «Металак» клубига қарши 27-турда беллашдик. Учрашувда 1-0 ҳисобида ғалаба қозондик. Адашмасам, 65-дақиқа майдонда тўп сурдим, кейин мени алмаштиришди.

 - Ишлар яхшими, ишқилиб? Бош мураббийнинг сизга бўлган ишончи баландми?
 - Ҳа, ҳаммаси яхши. Ҳар ўйинда асосий таркибда майдонга тушяпман.

 - Интервьюларингизнинг бирида, бош мураббий сизни қанотларга қўяётгани, сизга бу нарса унчалик ёқмаётгани, чунки сиз асосан марказда ўйнашга одатланганингизни айтиб ўтган эдингиз... Ҳозир-чи, қайси позицияда ўйнаяпсиз?
 - Ҳозир ҳам шу - ўнг ва чап қанотда ўйнаяпман. Сўнгги пайтларда асосан чап қанотда майдонга тушяпман. Мен учун чап қанотда ўйнаш анча қулай бўляпти. Уч йил олдин марказда, яъни ҳужумчи  позициясида ўйнаганман.

 - Демак, чап қанотда ўйнаш сизга қулайроқ. Бугунги кунда терма жамоамизнинг айнан чап қаноти оқсаяпти, балки келажакда терма жамоамиз бош мураббийи йиғинларга чақириб, сизни ўз севимли позициянгизда ўйнатишга қарор қилар.
 - Бўлиши мумкин. Мен ўз вақтимни кутяпман.

 - Чап қанотдан марказ томон ҳаракат қилиб, дарвоза томон зарбалар берсангиз керак. Ҳар ҳолда, чап қанотда ўйнайдиган ўнг оёқлилар шундай йўл тутишади.
 - Шундай. Олдинлари ўнг қанотда ҳаракат қилардим ва жарима ичига ёриб киришга ҳаракат қилардим, кейинчалик мураббий мени чап қанотга ўтказди.

 - Ўзбекистон чемпионатида қатнашаётган жамоалардан сизга таклиф тушганми?
 - Тўғрисини айтсам, ҳозир Олий Лига ҳақида ўйламоқчи эмасман...
 - Ҳеч қачон ўйламанг ҳам... Айтмоқчиманки, Ўзбекистонда ўйнагандан кўра, бошқа кучли чемпионатларда қатнашганингиз маъқул.
 - Ҳа, шундай. Мен «Явор» сафига ўтиб, кўп нарсаларга эришдим. Бундан тўхтаб қолиш ниятим йўқ.
 - Хуллас калом, бутун эътиборингиз фақатгина ўз клубингизга қаратилган...
 - Ҳа. Чемпионатимизнинг юқори саккизталигига кириш, плей-оффда қатнашиш, шундан сўнг финалга йўл олишни мақсад қилганман. Ҳозирча фақат шу ҳақда ўйлаяпман.

 - Ўзимизнинг биринчи лигада қатнашадиган «НБУ-Осиё» жамоасидан қандай қилиб сербиянинг «Явор» футбол клубига бориб қўшилдингиз?
 - Мен «НБУ-Осиё» жамоасида жуда кўтаринки руҳда ўйнадим. Голлар урдим, жамоа тўпурарига айландим. Кейинчалик менга «Явор»дан таклиф тушди ва мен уни қабул қилдим. Менинг Сербия чемпионатига ўтишим учун катта ҳажмдаги ишларни бажарган инсонлардан миннатдорман. Айнан уларнинг меҳнатлари эвазига мен бугун шу ердаман.

 - Сербия чемпионатининг кучли жамоаларидан ҳам таклифлар тушаётгандир?
 - Таклифлар бор, аммо уларни мавсум тугагач кўриб чиқаман. Ҳозирча «Явор» футболчисиман.
 - Жуда яхши! Кучли жамоалар сафига ўтсангиз, Европа миқёсидаги мусобақаларда қатнашишга эришардингиз.
 - Ҳа, Европа чемпионлар лигасида қатнашиш - менинг орзуим.

 - Энди ўзимизнинг футболимизга қайтсак. Жамоаларимизнинг Осиё чемпионлар лигасидаги иштирокини қандай баҳолайсиз? Ўтган мавсумда тўртта  жамоамиздан биронтаси кейинги босқичга чиқолмаганди...
 - Билмадим, ўтган сафар омад етишмаган бўлса керак. Бу сафар фақат ижобий натижаларни қўлга киритишади, насиб қилса.

 - Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинларини томоша қиласизми?
 - Томоша қилишни жуда истардим, аммо ўйинлар бизнинг машғулотларимиз билан бир вақтда бошланяпти. Шу боис ўйинларни кўролмаяпман.
 - Охирги Филиппинга қарши кечган учрашувни «Youtube»да томоша қилмадингизми?
 - Ўйин якунлангач, «Youtube»га кирган эдим, аммо у ерда биринчи сафардаги учрашув бор экан, холос.
 - Ҳозир кириб кўринг, қўйилган аллақачон. 90 дақиқа.
 - Хўп.
 - Футболчи сифатида фикрингизни билмоқчиман. Айтинг-чи, нима сабабдан бугунги терма жамоамиз сафарда 5-1, 4-0 ҳисобида йирик ғалабаларга эришадию, ўз майдонида кечадиган учрашувларда эса 1-0 ҳисоби билан чекланиб қолади. Яманни ҳам ўз уйимизда зўрға 1-0 ҳисобда енгиб, меҳмонда эса нақ учта тўп киритганмиз.
 - Бу ерда муҳими уч очкони қўлга киритиш, деб ўйлайман. Тўғри, тўплар нисбатига ҳам эътибор бериш керак, аммо барча ўйинларда терма жамоамиз ғалабаларга эришса, тўплар нисбати иккинчи планга сурилади.

 - Келинг, бир Осиё чемпионатини ёдга олайлик. Нима деб ўйлайсиз, терма жамоамизнинг бош мураббийи нима сабабдан сизга ишонч билдирмади? Жуда кам ўйнадингиз...
 - У кунлар жуда оғир кечган мен учун. Осиё чемпионатини эсламасликка ҳаракат қиламан.
 - Ҳа, сиз билан бирга биз ҳам у кунларни эсламасликка ҳаракат қиламиз. Аммо нима бўлганда ҳам, бу кунлар футболимиз тарихига ёзилди, уни ўчириб бўлмайди энди.
 - Тўғри гапингиз.
 - Самвел Бабаян сиз билан алоҳида гаплашиб олмадими? Масалан, нима учун сизни эмас, балки ўз спорт формасини тиклашга улгурмаган Жамшид Искандаровни маъқул кўрганини айтмадими?
 - Йўқ, бу борада ҳеч ким билан гаплашганим йўқ.

 - Ўшандан сўнг мухлислар орасида шундай миш-мишлар пайдо бўлдики, гўё Бабаян фақат «Пахтакор» футболчиларига имконият яратиб берибди-ю, қолганларга эса умуман эътиборсизлик қилибди.
 - Бу мухлисларнинг фикри. Мен бу ҳақда ҳеч нарса айта олмайман.

 - Майли, интервьюни шу жойда тугатақолайлик. Ҳусниддин, самимий суҳбатингиз учун ташаккур айтаман. Ишларингизга омад тилайман. Жамоангиз кучли саккизталикка киришидан умидвормиз ва биз барчамиз сизларга мухлислик қиламиз. Омад!
 - Раҳмат. Сизга ҳам ишларингизга омад тилайман. Соғ бўлинг!

Темур МАЛИК суҳбатлашди

воскресенье, 3 апреля 2016 г.

Уч ҳикоя!

ЖИНОЯТ

 Бир куни ҳавотирга тушган аёл гинеколог ҳузурига кириб айтибди:
 - Дўхтир, менда бир муаммо бор, менга сизнинг ёрдамингиз керак. Менинг болам туғилганига ҳали бир йил ҳам тўлмади, мен эса яна ҳомиладор бўлиб қолдим. Болаларимнинг ёши деярли тенг бўлишини истамайман ва ҳали туғишга тайёр ҳам эмасман. Ҳомиламни тўхтатсангиз, яъни аборт қилдирсангиз, дегандим...
 Дўхтир бир оз сукут сақлади ва сўнгра шундай деди:
 - Менда бундан ҳам яхшироқ бир таклиф бор. Бу сизнинг фикрингиздан ҳам аъло ҳамда шу билан биргаликда сизнинг соғлингизга ҳам зарар етказмайди.
 Гинеколог уни тушунганидан аёл хурсанд бўлиб, юзида табассум билан турарди.
 - Демак, қулоқ солинг, - дея ўз сўзини давом эттирди врач, - келинг, яхшиси, дунёга келган фарзандингизни ўлдирамиз. Шунда қорнингиздаги бола улғайиб туғилгунига қадар, сиз бироз дам оласиз.
 Аёл бу сўзлардан даҳшатга тушар экан, ўрнидан сапчиб турди ва жазавага тушиб, ёнида ўтирган оқ халатли гинекологга ўшқириб берди:
 - Эсингиз жойидами, нималар деяпсиз?! Ахир, бу жиноят-ку?!
 - Тўғри, гапингизда жон бор. Лекин сиз қорнингиздаги болани олиб ташлашга, яъни уни ўлдириб беришимга йўл қўйиб, ушбу жиноятга кўл уришга ҳозиргина тайёр эдингиз-ку? Дунёга келган фарзандни ўлдирасизми, ёки қорнингиздагиними, фарқи нима - иккаласи ҳам бир хил қотиллик эмасми?!
 Аёл бу гаплардан сўнг чуқур ўйга толди ва кейинчалик ўз фикридан қайтиб, хонадан чиқиб кетишга қарор қилди.
*****
ФАРЗАНДИМ

 Машинамда 6 ёшли ўғлим билан кўчаларни сайр қилаётган эдим. Йўлда дом остидаги пайнетга пул тўлашга тушдим. Қайтиб келсам, ўғлим йиғлаб ўтирибди. Ундан нима гаплигини сўрадим. У эса ёш оқизиб ўтирарди.
 - Дада, анавини қаранг, - деди.
 У кўрсатган томонга қарадим. Йўл четида кийимлари эски бир кампир тахта устига нарса қўйиб, уларни сотиб ўтирибди. Нарсаларнинг сонини қаранг: 2-3-та нос пакети, 2 пачка донали сигарет. Тамом! Бошқа ҳеч нарса йўқ.
 Ўғлимга қарадим ва ундан: "Хўш, нима қилибди?", деб сўрадим. 6 яшар ўғлим айтганлари мени ҳайрон қолдирди:
 - Ўғли йўқми уни, нега бу аҳволда ўтирибди? Қорни ҳам роса оч бўлса керак... Дада, илтимос, мана шу пулларни ҳаммасини шу хотинга берайлик.
 У машинам ручнойини олдидаги бир сиқим пулимни кўрсатди. Ниҳоятда таъсирланиб, боламнинг айтганини қилиб, пулларнинг ҳаммасини ўша аёлга обориб бердим. Аёл ҳанг-манг бўлиб қолди. Нима учун, деган саволига, мен кулиб дедим:
 - Шу пулни сизга илинган инсонни яхшилаб дуо қилсангиз кифоя.
 Аёл кўзларида ёш пайдо бўлди ва у қўлларини дуога очиб:
 - Илоҳим, ўша одамнинг умри кунига барака берсин, бахтли бўлсин. Аллох мукофотласин, - деб дуо килди.
 Мен у билан биргаликда қўлимни дуога очган эдим ва биз бир вақтда омийн қилдик. Қўлларим юзимга тегинган пайтда, менинг қай аҳволга тушганимни кўрсангиз эди... Бўғзимга бир нима тиқилгандек бўлиб, ичларим жимирлаб кетди.
 Машинага қайтдим. Йўлга тушдик. Ўғлим мен томонга кулиб боқди ва хурсандчилик билан деди:
 - Дада, зўр иш қилдик-а! У аёл роса хурсанд бўлиб кетган бўлса керак.
 Мен жавоб беролмадим, жавоб беришга кучим йўқ эди, чунки ўпкам йиғига тўлган эди. Шунчаки, бошимни силқитиб қўйдим.
 Шу пайт кўзларимда ёш чақнади, ичимда эса, менга шундай фарзандни раво кўрган Аллохга беадад шукр, деб айтаётган эдим.
*****
АВТОБУС БЕКАТИ


 Шерзод ишдан чиқиб, автобус бекатига шошилди. Катта қадамлар ташлаб юрар экан, ёнидан ўтиб кетган бир латофатли қизни учратди-ю, ундан кўзини узолмай қолди. Унинг соҳибжамоллиги Шерзоднинг эс-хушини ўғирлагандек эди гўё. Қиз ҳам шу орада унга тикилиб турган нотаниш йигит томон бир қараб куйди-да, унинг нигоҳларидан уялиб кетиб, ўзини қаерга олиб қочишни билмай ҳалак эди. «Мендек гўзал қизни ҳеч қаерда учратмаган бўлса керак» деб ўйлаб, жилмайиб қўйди қиз. «Кўйлаги жуда чиройли экан, аёлимга ҳам худди шунақасидан олиб бераман!» деб ҳаёл сурди Шерзод.

среда, 30 марта 2016 г.

Болалар фариштаси

Бу воқеа қиш кунларининг бирида содир этилган эди. Кичкина болакайлар ўз қўллари билан ясаган қорбобо атрофида шўх-шодон ҳолатда айланишар, қўшиқ айтишар эди. Шу вақт қаттиқ шамол эсди ва жуссаси деярли бир ҳовучга тенг бўлган қор ёға бошлади. Кичкинтойлар югуриб кетганларича, ўз уй-уйларига бекиниб олишди. Кўча-куйида тирик жонзот йўқ, фақат йўл марказида болалар томонидан ясалган қорбобо бор эди холос. Кўчани бир зумда қор оппоқ рангга "бўяб" ташлади. Йўлнинг ўнқир-чўнқир жойлари ҳам бир хил кўринишга етди.
 Қиш зийнатининг "меҳнати" эвазига оппоқ рангни хосил этган, ичи бўшайиб кетган, фақат қарғалару хаккалар билан тўлиб-тошган жонсиз бино турарди. Бу донгдор бино ичидан жуда ёш, тўла ҳиссиётларга бой бўлган ғариб сийрат ила аёл чиқар эди. Йиғлаб, ортидан ғамини етаклаб, унинг тақдирини чизганларини лаънатлаб, қарғаб юрган бу аёл бугун шайтондан дарс олди. Ундан тўрт-беш қадам орқароқда пиёнисталарнинг дадил сўзлашишлари, хаҳолаб кулишлари бу иморатни кўкка кўтаргудек эмас. Бундаги товушлар ўзгача, бундаги ташвишлар бошқадир. Бунда дардли инграшлар ҳукмрон...
 Тухмат ва иғво тошларини йиғган, номардлик ва сотқинчилик оқубатларига дош беролмаган бу ғофил банда ўз боласини, янги туғилган чақалоқни меҳрсиз, жонсиз бўлган даҳшатли бир бино ичкарисига қўйиб, ўзи эса боши оққан томонларга йўл олмоқда. Жажжигина чақалоқнинг чақириғини ҳеч ким қулоғига сингдира олмас эди. Эшитмас эди.  Аёл бирин-кетин катта қадамларини ташлаб, тобора ўз боласидан узоқлашиб борар экан, ҳаёл пинжида ўзини йўқотиб қўяр эди. Орқада, аллақачон жуда узоқда қолиб кетган чақалоқ эса гуноҳларга ботган тўрт девор орасида кўз ёш оқизиб йиғлар эди...


 Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулиға сабот,
 Ажаб саодат эрур, чиқса яхшилик била от (Хазрат Навоийдан).

Бундан бир неча ой муқаддам...

 - Ало.
 - Эшитаман.
 - Яхшимисиз? Яхши юрибсизми?
 - Бўлади...
 - Бугун яна текширилгани бордим.
 - Хўш?
 - "Хомиланг бор", дейишди.
 - Демак... Мен сенга тушунтириб бергандим-ку, ахир! Шароитим йўқ! Нега тушунишни истамайсан, а? Олиб ташла, вассалом.
 - Биламан, аммо...
 - Нима?
 - Жуда кеч, дейишди.
 - ...
 - Нима қиламан энди?
 - Эндими? Энди, телефон рақамимни унутасан!..
*****

 - Уйғон, болакай.
 - Ким бу?
 - Мен доимо сенинг ёнингда бўлгувчи фариштангман.
 - Фариштам?
 - Ҳа. Сени турли хил балолар-у, қийноқлардан асраб-авалайман.
 - Ростданми?
 - Албатта. Сени ҳеч нима безовта қилмаяптими, болакай?
- Йўқ. Йўқ, бор.
 - Борми ё йўқми?
 - Бор, бор.
 - Қани эшитайликчи, нима муаммолари бор экан?
 - Ойим оҳирги пайтларда жуда кўп йиғлаяпти.
 - Эътибор берма. Ҳар кимнинг пешонасида ёзилган бу кунлар. Ўтади-кетади.
 - Ҳа, лекин...
 - Нима "лекин"?
 - Мендан хафа бўлмадилармикин, деб қўрқаяпман.
 - Телба! Она дегани ҳам ўз боласидан хафа бўладими?! Товба!
*****
 - Ало. Бу "тез ёрдам"ми?
 - Ҳа. Гапиринг, биз сизни эшитамиз.
 - Мен хомиладор эдим. Ёнимда ҳозир ҳеч ким йўқ. Менимча... Менимча... Менимча, вақти келди.
 - Яшаш жойингиз манзилини айтинг, биз тезда етиб борамиз.
*****
  Бугунги кун...

 - Йиғлама. Илтимос, жим ўтиргин. Сени нима қиламан энди? Ахир, ҳеч кимим йўқ бўлса... Жим бўл, бир нафас жимгина ёт. Нима қилсам экан-а?..

 - Фариштам, қаердасан?
 - Ёнингдаман. Доимо ёнингдаман.
 - Фариштам, ойим мени қаерга олиб боряпти? Айтиб қўй, мен бошқа йиғламайман. Энди жим ётаман. Ҳеч қачон, ҳеч қачон ойимни жаҳлларини чиқармайман. Сўз бераман.
- Ойинг ўзини ўнглаб олиши учун унга озроқ вақт керак. Қўрқма, болажоним, қўрқма. Айтдим-ку, мен ҳар доим ёнингдаман, деб. Сени хафа қилдириб қўймайман. Менга ишон!
 - Ишонаман сенга, Фариштам.

 - Фариштам, ойим мени қўйиб қаерга кетди?
 - Ойинг шу яқин атрофда. Ҳозир қайтади.
 - Йўқ. Сен алдаяпсан! Ойим мени ташлаб кетди. У қайтмайди энди. Ёлғон, ёлғончи!
 - Йиғла, болажоним, йиғла. Янада қаттиқроқ йиғла. Мен ҳозир ойингни олиб келаман. Йиғла... Йиғла...

 - Нафиса, нималар қиляпсан? Ўзингни босиб олсангчи. Бўлди қил. Бизга ўхшаган қанчадан-қанча ота-оналар бор. Улар ҳам ҳудди биз каби бола тирноғига зор. Унчалик қизишма, Нафиса. Бўлди қил. Қаерга кетяпсан? Кўчада қор-ку, ҳеч бўлмаганда, оёқ кийимларингни кийиб чиқ. Тўхта!
 - Жим. Эшитаяпсизми? Қулоқ солинг. Йиғлоқи чақалоқнинг товуши бу. Эшитаяпсизми? Эшитинг.
 - Тўхта, Нафиса. Кўча совуқ... Нима жин урди буни?! Ҳой, сенга нима бўлди? Нима қилмоқчисан?
- Бу мен эмас, Ҳамид-ака. Рост гапиряпман, рост. Мени кимдир қўлимдан тортяпти, ишонинг.

 - Бу ким? Наҳотки, ҳеч кими йўқ бўлса?..
 - Шунга ўҳшаяпти. Кимдир ёлғиз ўзини ташлаб кетган, шекилли. Қаранг, буни ширинлигини.
 - Ўғил бола экан.
 - Ҳа, ўғил экан. Қаранг, Ҳамид-ака, қаранг. Жуда чиройли, а? Уйимизга олиб кетсак-чи? Кимдир уни ташлаб кетган бўлса, уни шу аҳволда ёлғиз ўзини қолдириб кетмаймиз-ку?!
 - Атрофга қара-чи, ростдан ҳеч ким йўқми? Ҳа майли, уни менга берақол. Қани, юрдик ичкарига бўлмасам, йўқса шамоллаб қоласан.
*****

 - Фариштам, доимо ёнингда бўламан, деб мени алдадинг-а?
 - Нега энди, шу ерда эдим-ку?
 - Сени роса чақирдим, фарёдимга жавоб қайтармадинг...
 - Мени афв эт, болажоним. Мен сенинг ойижонингни олиб келдим.
 - Фариштам...
 - Ҳа, болакай?
 - Ойимнинг овозлари бунақа эмасди-ку? Ўзгариб қолдими?
 - Буни эсингдан чиқар. Бугундан бошлаб энди мана шу инсонлар сенинг ота-онанг!

вторник, 29 марта 2016 г.

Туғилган кун

 Кўчада ёмғир ёғарди. Баҳорнинг илк ёмғири. Ҳаво илиқ бўлиб, салқин шаббода эсиб турибди. Кўча одамлар билан гавжум. Кимдир ишга шошяпти, кимдир уйига, яна кимлардир бошқа юмушлари билан банд. Бугун ёмғиргарчилик бўлишини кўпчилик кутмаган, шекилли, нимагадир шамсия ҳамманинг ҳам қўлида кўринмас эди. Шу сабабли, баъзи кишиларнинг ёмғир томчилари тагида қолиб кетмоқликдан ўзга чоралари йўқ эди.
 Шу пайт кўчаларда сарғиб юрган мингта одамлар орасидан бир эскириб, ҳумрайиб қолган ВАЗ-24 автомобили пайдо бўлди. Бир кичик савдо дўкони олдида тўхтади-да, ичидан бўйи баланд, гавдали йигит тушди. Ёмғирнинг тинмай ёғишини кўриб, асаби бузилди. Ахир ҳозиргина уйдан чиқаётган онда ёмғирли ҳаводан асорат ҳам йўқ бўлгани туфайли, у соябонини ўзи билан олмаган эди-да. Қуёш чарақлаб турган бир пайтда шамсияни ўзи билан олишни кимнинг ҳам ҳаёлига келарди?!
 Ёмғир ҳам атайлаб қилаётгандай, авжга миниб, баданни жунжиктирадиган совуқ шабада эса бошлади.
 Йигит қўлини бошига яқинроқ тутиб, шивалаб ёғаётган ёмғирдан ўзини ҳимоя қилишни мақсад қилган ҳолда дўкон томонга югуриб борди. Аммо ёмғир барибир кучли экан, бир зумда аъзойи баданини қорайтириб, қақшатиб юборди.
 Дўкон ичига кирар экан, ичи деярли бўш эканини кўриб сал кўнгли ёришди. Кўзлаган нарсасини харид қилиб, тезда кассадан ўтишни ҳаёл қилди.
 Бугун унинг қизчасининг туғилган куни. 6 ёшга киради. Дўконга ташрифидан мақсад ҳам ўз қизалоғига бир совға олишдан иборат эди. Совға тариқасида эса, бирон бир қўғирчоқ олишни истади ва уни топди ҳам. Нархига кўз югуртирди - арзон ҳам, қиммат ҳам эмас экан. Майли, қанча нарх туришидан қатъи назар, шу бугун ўз қизини хурсанд қилдиришни ўзининг бурчи, дея ҳисоблади. Уй маликаси бугун бахтиёр бўлса, ота ҳам ўзидан мамнун бўлиб, ғурурланиб кетиши табиий. Муҳими ҳам шу аслида.
 Йигит кассадан ўтгач, кўча томон отланди. Ёмғир ҳали ҳам тингани йўқ. Қўлидаги юмушини қариб мўнкиллаб қолган, чолга ўхшаган мошинаси ичига солди. Рулга келиб ўтирди. Калитни буриб, мошинани ёқар экан, ВАЗ зўрға пишқириб, жойидан оғир қўзғалди ва ҳайдаб кетди. Унинг рўппарасида яп-янги "Нексия 2" авторусумли автомобил ўтиб кетар эди. Ичидаги ҳайдовчи бола ёш эди, чамаси балоғат ёшига ҳам етмаган. Чап қўли билан қулоғига телефонни яқинлаштириб ўтирар, ўнг қули эса рулда. Бугун қоронғуда ва бунинг устига ёғаётган ёмғир тагида ҳеч бир ГАИ ҳодими кўчада турмайди, деб ўйлаган бўлса керак. Гўзаликка маҳлиё бўлган кекса кўнгил ВАЗ-24 ҳам шу онда унинг ортидан ирғишлаб кетарди.
 Ниҳоят, ўз уйига келди. Чироқлар ўчиқ. Афтидан, хотини билан қизи ҳали-ҳамон келганларича йўқ. Бугун тушликдан сўнг аёли ўз онасини кўришга кетганди. Қайнонаси ҳам уларни роса соғинган экан, аммо озгина бетоблиги туфайли ўзи байрамга ташриф буюра олмасди. Унинг ўзи эса, бугун ишхонасида озроқ ушланиб қолгани сабабли, қайнона ва қайнотасининг хонадонига меҳмондорчиликка бора олмади.
 Бугун у ишхонадан чиқиб аввало уйига кириб, сўнгра дўконга йўл олган эди. Дўкондан қайтганига ҳам мана деярли ярим соат бўлибдики, бугунги байрам бош қаҳрамони ўз онаси билан уйга қайтгани йўқ. Ҳавотир унинг юрагини қамраб олди. Ахир соат ўн бешта кам саккизни кўрсатаётган бўлса-ю, туғилган кун дастурхони ҳали тайёр бўлмаса, ғалати-да. Бунинг устига бугун меҳмонлар ҳам ташрифи кутилаётган эди. Укалари Ҳасан ва Ҳусан шу кун ўз жиянларини кўришга келишлари шарт эди.
 Буларни бирма-бир ўйлаб ўтирар экан, охири чўнтагидан телефонни олиб, қайнотасига қўнғироқ қилишга қарор қилди. Номерни териш учун шайланаётган бир маҳалда, уйининг дарвозасини кимдир қоқди.
Рафиқаси келганига ишонч хосил қилгандек гўё, қўлидаги телефонни чўнтакка солди ва ҳовлига чиқиб кетди. Дарвозани очар экан, остонада унинг укаси Ҳасан турганини кўриб қолди. Орага бир оз сукунат пайдо бўлгач, мезбон ўз укасини уйга таклиф этди.
 - Яхшимисан, Ҳасан? - деб, уй ичкарига кириб олишгач, ҳол-аҳвол сўрашга киришди у.
 - Раҳмат, ака. Юрибмиз. Ўзингиз-чи, саломатмисиз?
- Ҳа, раҳмат. Қани, ўтириб ол.
 Ҳасан ўтириб олгач, акаси унинг олдига дастурхон безатишга тушди.
 - Қўйсангизчи, ака, керак эмас ҳеч нарса, - ҳижолатдан ўзини қўярга жой топмай айтди Ҳасан.
- Нимага керак эмас экан, эсинг жойидами?! Ҳозир рафиқам қизим билан бирга келишади, уларни кутиб ўтирибман. Бугун қизимнинг туғилган куни-ку!
 Бу гапларни эшитгач, Ҳасан шу заҳотиёқ ўз акасига разм солди. Бу нигоҳда совуқлик бор эди, қандайдир мавҳумлик яширинган эди. Укасининг ўзи томон қаратилган нигоҳидан сал чўчиб кетдими, нечукдир тиззалари қалтираб кетди. Нима сабабдан бундай бўлганини у ҳеч тушуна олмасди.
 Ака-ука иккаласи гаплашиб, суҳбатлашиб ўтиришди. Ҳасанни кўрмаганига ҳам деярли икки ой тўлибди. Ўз ишига сидқидилдан берилган ва бўш вақтини ҳам оиласига бор эътиборини қаратиш билан сарфлаётганлиги бугун уни ноқулай вазиятга олиб келди. Ахир Ҳасан ва Ҳусан билан кўришиш бахтидан мосуво бўлган эди-да. Ҳасан ҳам худди шу ички кечинмаларини бошдан кечирар ва акасини анчадан буён йўқлаб келмаётгани учун ўзидан роса хафа эди.
 Дўкондан харид қилган қўғирчоқни Ҳасанга кўрсатди.
 - Қара, чиройли, а? Роса хурсанд бўлиб кетса керак, нима дединг? Бугун бир унинг чеҳрасини очишга, уйимдагиларга қувонч улашга қарор қилдим.
 Ҳасан қўғирчоққа қараб қўйиб, жилмайиб қўйди. Акасининг қўлидан уни тортиб олди ва яхшилаб уёқ-буёққа термулиб, уни астойдил кўриб чиқди.
 - Ҳа, ростдан ҳам, чиройли экан. Жияним роса хурсанд бўлади.
 - Шуни айтаман-да, - ўз қўл соатига қараб қўйди ва гапни давом эттирди, - нимагадир кеч қолишяпти. Уларсиз бошлаверсакмикан, кейинчалик улар ҳам қўшилиб кетишар...
 Ҳасан ўз ўрнидан турди. Унинг ҳижолатли қиёфасини кўргач, акаси сўради:
 - Ҳа, йўл бўлсин, тичликми? Қаерга?
 - Ака, ўзингиз тушунасиз, бола-чақа, деганидек... Мен аста уйга бораверай, қоронғу тушди. Биласиз, аёлим хомиладор, қоронғуда бир ўзи қўрқади...
 - Рафиқанг билан бирга келсанг бўлмасмиди? Туғилган кунни сенсиз қандай ўтказамиз?
 - Ҳечқиси йўқ, бир амаллаб ўтказиб оларсизлар, - деди у кулимсираб, - мени тўғри тушунинг-да, кетмасам бўлмайди.
 - Ҳа, майли. Ўзинг биласан. Келинни олиб келсанг, нур устига аъло нур бўлар эди. Ўзи, бугун эгизак укангга қўнғироқ қилган эдим, у ҳам бир нималарни тўқиб ташлади ва келолмаслигини айтиб ўтди. Менинг режаларим бошқача эди, мен ўйлабманки, ҳаммаларингиз бугун уйимга ташриф буюрсангизлар, катта дастурхон ёзиб, оилавий ҳангомалашиб ўтирамиз, деб.
 - Майли, кейинги сафар бўлиб қолар...
 - Бўпти, келинни эҳтиёт қил.
 Улар дарвоза томон йўл олишди. Ҳасан чиқиб кетганидан сўнг, у ўз дарвозани қулфлади-да, хонасига кириб кетди. Ҳалиги сотиб олинган қўғирчоқни ўз қўлларига олиб ўтирар экан, вақтнинг ҳам аллақачон бемаҳал бўлиб қолганини сезмади ҳатто...
*****

 Ёмғир симфонияси тўхтамаётган эди. Бунинг устига қаттиқ шамолнинг эсиши оқибатида ҳар қандай одам бетоб бўлиб қолиш эҳтимолидан ҳоли эмас. Ёмғир томчилари бир-бир ерга урилаётганидан қандайдир ёқимли куй таралиб ётарди. Кўчада деярли одам йўқ. Фақатгина бир-иккита мошиналарни ҳайдаб юрган инсонлар  бор эди, холос.
 Ҳасан ўз акасининг уйидан чиққач, тиним билмай, тўхтовсиз югурганди. Мана, охири бир чеккада ёмғир тагида турган мошинасига яқинлашиб келди. Ичига ўтириб олди. Шу алфозда ҳавонинг совуқлигидан аъзойи бадани жунжикиб кетди ва у икки марта оғир аксириб юборди.
 - Ҳа, бир пасда шамоллаб қолдингми? - деб сўради нигоҳлари "сенсорлик" телефонга қадалган унинг эгизак укаси Ҳусан, - анча кутиб ўтирдим сени. Нимага кўп ушланиб қолдинг?
 - Ўтирдим-да... Бир пас ўтиргим келди. Биласан-ку, анчадан буён акамни кўрмаган эдим.
 Ҳусан телефонини "қулфлаб" қўйиб, ўз чўнтагига солди ва гапини давом эттирди:
 - Хўш, гаплашиб олдингми? Туғилган кун қандай ўтаётган экан?
 - Ҳа, кўрдим. Аҳволи вой, сен айтгандек ҳаммаси...
 - Ҳали "мен сенга ишонмагандим", дегин, - деб Ҳасанга ҳумрайиб қаради.
 - Гап бунда эмас. Шунчаки... Нима десам экан... Ғалати, жуда ғалати ҳаммаси!
 - Сени тушунаман. Ўзим ҳам худди шу аҳволга тушгандим. Дарвоқе, мен ҳақимда ҳеч нарса демадими?
 - Йўқ, гапирмади. Ўзи ростдан ҳам кеча учрашганмидинг?
 - Ҳа, албатта. Айтдим-ку, урушиб қолдик. Мени ҳатто тинглашни ҳам истамади. Ўзинг-чи, нима дединг?
 - Индамадим.
 - Нега?
 - Сен билан урушиб қолгандай, мен ҳам у билан жанжаллашишим керакмиди? Гапирмадим.
 - Тушунарли.
 Орада бироз жимжитлик ҳукм сурди. Ҳасан ойнадан кўчада шатирлаб ёғаётган ёмғирга қараб ўтирди. Шу пайт кўчадаги совуқ ҳаво ёдига тушди чоғи, у яна бир маротаба аксириб юборди. Ҳусан орадаги сукутни бузди:
 - Нима қиламиз энди?
 - Айтганимдек қиламиз. Менинг танишларим бор, ўшаларга олиб бориб кўрсатамиз.
 - Уч ой бўлди-я, уч ой! Ҳалигача ўзига келмади...
 - Уни тушунса бўлади. Оғир дамларни бошдан кечиряпти.
 - Ҳасан, менга тушунтириб бер, - дея ўшқириб берди Ҳусан, - қандай қилиб бу аҳволга тушиш мумкин? Ахир у туппа-тузук одам эди-ку?! Хўп, айтайлик, хотини билан боласи автоҳалокатга учраб вафот этганлари чиндан ҳам уни издан чиқарди. Лекин бундан миянинг чайқалишини ким ва қай тариқа изоҳлаб бериши мумкин? Бунинг устига унинг ҳолатини кўриб турибсан: ҳаётга реал нигоҳ билан боқишни истамаяпти, нуқул қайлиғи билан қизи ҳали ҳам тириклигига бор вужуди билан ишониб, ўз орзулари ичра ҳаёт кечиришда давом этяпти.
 - Балки... уни ўз ҳолига қўярмиз? Балки, унинг шу ишонч билан яшаб келаётгани уни рағбатлантирар, ушбу ҳаётда яшашга ва курашишга унга кўмак берар?!
 - Йўқ, Ҳасан, йўқ. Курашиш бу - руҳий касаликка берилиб, ҳеч қандай тушуниксиз, маъно-мазмунсиз яшаб келишдан иборат эмас. Менимча, у курашмаяпти, аксинча энг оддий йўлни танлаб, аллақачон таслим бўлишга улгурган. Майли, ҳайда энди. Уйга кетишимиз керак, балки эртага биргаликда яна келармиз...

воскресенье, 27 марта 2016 г.

Азиз Несин: Даҳшатли туш

Истамбул радиоси эшиттиришларини тугатди. Шу кеча икки ҳикоя билан бир фельетонии қўлдан чиқаришим керак, бунинг устига, аллақайси бир журналнинг саволларига жавоб тузиб чиқишим зарур. Бу нарсаларнинг ҳаммаси эрталабгача битиши шарт. Аммо ишнинг мазаси бўлмай турибди — фақат биттагина ҳикояни ёзолдим, холос. Шу топда ичимга чироқ ёқса ёримайди.
Ҳикоянинг яна биттасини ҳам дўндириб ташлайман деган ниятда бир даста оқ қоғоз ҳам тайёрлаб қўйганман, лекин нимани ёзишимни билмай хунобман.
Қорним таталаб кетгандай бўлди. Қизиқ, нимани ёзишни билмай турганимда, доим шунақа бўлади. Ўзимни чалғитиш учун баҳона қидириб қоламан. Юқори чиқиб қарасам, ҳамма донг қотиб ётибди. Ошхонага кирдим. Совиб қолган паловдан бошқа ҳеч вақо кўринмади. Шу топда менга уни ким ҳам иситиб берарди, дейсиз.
Қайтиб жойимга ўтирдим. «Яхшиси ухлаш керак! Эрталаб барвақтроқ турсам, ҳаммасини битириб қўяман!» деб ўзимча ўйладим.
Вақт чораги кам уч бўлибди.
Одам боласи уйқуда ҳам яшайди. Лекин бунақа яшашнинг нима кераги бор! Яшаганингдан кейин тирик эканингни сезиб, турмуш сирларини билиб яшасанг-да.
Қамоқхонада ётиб чиққан бир ошнам бор. Шу ошнам ўзини хоҳлаган вақтда туш кўришга ўргатибди. У ҳамиша менга: «Туш кўрсанг, умринг узаяди»,— деб юрарди.
Бугун кечаси туш кўриб чиқишимни ўзим биламан. Шуниси ҳам борки, ишинг битмай, чала қолгандан кейин, албатта асабинг бузилади, кўрган тушинг роса даҳшатли бўлиши турган гап.
Шуларни ўйлаб ётиб ухлаб қолибман. Айтганимдек, жуда даҳшатли туш кўрдим. Яхшиямки… Бегона мамлакатга келиб қолган эмишман. Қандай мамлакатлигини билмасмишману, лекин ўзимча уни Америкагами, Ғарбий Германиягами ўхшатармишман. Ҳаддан зиёд кенг, серҳашам бир залда эмишман… Сизларни билмадиму, лекин мен туш кўраётганимни ўзим билиб тураман.
Э, Оқ уйга кириб қолибсану, дедим ўзимга ўзим. Залдаги узун стол теварагида одамлар ғуж бўлиб ўтиришибди. Қаерга келиб қолганимни, бу ердз ўзи нима гап бўлаётганини сўрай дейману, тилим бормайди. Аслида ўзим расмий вазифа билан келганман, шунинг учун хижолатпазликдан қўрқаман. «Келган жойини ҳам билмас экан!»—деб таъна қилишлари мумкин-да, ахир. Шуларни ўйладим-да, сўрамай, ўзим билиб оламан деб, аҳд қилиб қўйдим.
Расмий музокаралар кетяпти. Мамлакатимиздан якка ўзим вакилмишман. Залда ўтирган ажнабийларнинг ҳаммаси ўзига зеб берган, башанг, серсавлат одамлар эмиш.
— Хуш келибсиз!—деб улардан бири мени қутлади.— Сиз мамлакатингиздаги аҳволни гапириб берасиз.
Аввалига қўрқиб кетдим, кейин ўзймга ўзим далда бердим: «Э, парво қилма, нима бўларди, бу туш-ку». Тушликка-ку туш-а, аммо тушлигини билиб қолишса…
— Ўзим билган нарсаларни бажону дил гапириб бераман,— дедим дадиллашиб.
— Мамлакатингиз қолоқ мамлакат-а, шундайми?
Жон-поним чиқиб кетди. Худоё ўзинг шарманда қилма, бунисига нима дейман? Борди-ю, «Ҳа, мамлакатимиз қолоқ»,—- деб юборсам, чет элликлар олдида уни ёмонотлиқ қилиб қўяман. Биздаги жиноят қонунида бу оғир гуноҳ ҳисобланади. «Қолоқ деганингиз нимаси, биз жуда илғормиз»— дейдиган бўлсам, ёлғончи бўлиб қоламан. Нима қилсамикин? Яхшиси, ёлғон гапириб қўя қолай. Жиноятчи бўлгандан кўра, алдоқчи бўлган маъқул. Нега десангиз, ёлғон гапга жазо йўқ.
— Нега индамайсиз?—деб сўраб қолишди.
— Айбга буюрмайсизлар, саволни эшитолмай қолдим.
— Мамлакатингиз қолоқ-а, шундай эмасми?
— Бу нима деганингиз?!— дангал сўрадим мен ҳам.
— Ҳамма шунақа дейди. Биз ҳам шундай деб эшитувдик.
— Бўлмаган гап, муҳтарам жаноблар! Шуни билиб қўйингки, бизнинг душманимиз кўп. Шаънимизга туҳмат қилаётганлар ҳам шулар.
Ҳамма ҳайрон, ҳамма ёқа ушлаган.
— Демак, биз нотўғри эшитган эканмиз-да,— деди кимдир салмоқлаб.
— Ҳа, шундоқ.
— Сизлар нозик табиат одамларсиз, «қолоқ» деган сўзга ғашингиз келади. Майли бўлмаса, шу сўзнинг ўрнига  «кам тараққий этган» деган иборани ола қолайлик. Маъқулми?
— Йўқ, бўлмайди. Биз кам тараққий этган мамлакат эмасмиз асло, биз жуда-жуда тараққий этиб кетганмиз.
Яна ҳамма ҳайратда.
— Сизларда электр кўрмаган шаҳарлар борми?
Яна «ҳа» дейдиган бўлсам мамлакатимизга доғ тушади. Роса аросатда қолдим-ку, мен!..
— Йўқ, бўлмаган гап!.. Ҳамма шаҳарларимизда, ҳамма қишлоқ ва қишлоқчаларимизда электр бор.
— Қойил… Ажойиб…
—  Лекин мамлакатингизда электр қуввати учун кўп ҳақ олинади дейишади, шу гап тўғрими?
— Нима, электр кувватини айтяпсизми?.. Ия, бизда электр текин-ку!
— Ажойиб… Жуда антиқа…
Чет элликлар олдида мамлакатимни шарманда қилмаётганим учун ўзимда йўқ хурсандман… Ҳа, тўғри-да, агар газеталар шу гапларимни кўчириб босишса борми, қандай фойдали иш қилаётганимни эшитиб ватандошларим, албатта тасанно дейишарди.
— Сизларда ижара ҳақи жуда осмонда, уй-жой масаласи чатоқ эмиш, ростми шу? Ўрта миёна одам оладиган маошининг ярмини ижара ҳақига тўламаса, бошпанасиз қолармиш-а?.
Ичимда биров: «Тўғрисини гапиравер, тўғрисини гапиравер», деб қистайди. Унга мен: «Ҳолим вой бўлади»,— дейман. У яна мени ўз ҳолимга қўймади: «Э, бу туш-ку. Туш кўраётганингни улар билиб ўтирибдими, нима деганингни қаёкдан билишарди. Лоақал тушингда тўғри гапириб олсанг-чи». Аъзойи баданимни совуқ тер босди. Манглайимдаги терни сидириб ташладим-да, хохолаб кулиб юбордим.
— Ха-ха-ха! Бизнинг мамлакат ҳақида шундай фикрдамиз денг! Гапнинг пўскалласини айтаман. Худодан бит-та-ю, битта тилагим бор, у ҳам бўлса шуки, бизни кўролмаганларнинг кўзи кўр бўлсин. Уй-жой масаласида заррача танқислигимиз йўқ. Билдингларми? Барча маданиятли мамлакатлардагига ўхшаб бизнинг одамларимиз ҳам маошининг атиги ўн фоизини тўлаб, ажойиб уйларда туришади.
— Хизматчилар-чи?
— Хизматчилар оила аъзоларининг сонига қараб ижара уй олишади. Нолийдиган жойлари йўқ. Ижара ҳақи ҳам  шунчалик озки, кам пул тўлаганинг учун уй эгасидан хижолат чекасан киши.
— Ундоқ бўлса, уй эгалари нега бола-чақали оилаларни қўймайди, дейишади?
— Ана холос! Қип-қизил ёлғон-ку бу! Ким айтди буни сизга! Ижарага ўтирадиган одам бизда уй эгасини кўрмайди ҳам. Муниципалитет қошида уй-жой билан шуғулланадиган маҳкама бор. Ижарага турмоқчи бўлган одам мана шу маҳкамага боради-да тахминан шундай дейди: «Менга беш хонали уй керак, ваннахонасининг тоши кўм-кўк бўлсин, қизили тўғри келмайди, хотинимнинг асаби қиттак нозикроқ».
— Мамлакат деб мана буни айтса бўлади!— залдагиларнинг завқи келиб қийқириб юборишди.— Ура!
Мен ҳам бўш келмай, юртимизни кўкларга кўтариб мақтаб кетяпман.
— Эшитишимизга қараганда, юртингизда ишсизлар кўп, иш шароити оғир, меҳнат ҳақи жуда оз, ёшларнинг асосий қисми  тирикчилик учун чет элларга чиқиб кетган эмиш-а?
— Ия, сизлар  ўзи кимга ишонасизлар: ҳар хил ғаразгўйларгами ё менгами?— дея ўшқириб бердим.
— Сизга-да, албатта…
— Ундай бўлса қулоқ солинг. Ишчилар тўғрисида гапириб бера қолай… Бизнинг ишчиларимиз жуда яхши турмуш кечиришади. Биддингизми? Уларнинг ўзлари ҳеч нарсадан нолишмайди-ку, бошқаларнинг тинч юрмаганига ҳайронман… Қани, менгз айтинг-чи, қайси бир мамлакатнинг ишчиси бизникига ўхшаб кўп ҳақ олади? Ҳеч кимники! Бизникилар шунчалик кўп пул олишадики, тўғрисини айтсам, ортиқчалик ҳам қилади… Сир бўлса ҳам сизларга шуни айтиб қўяй, агар бизнинг ишчимиз овқати, кийим-кечаги ва ижара ҳақидан ортиб қолган пулини йиғиб юрса, бир ойнинг ичида бемалол каттакон фабрика қуриб олиши мумкин. Лекин у фабрикани бошига урадими. Бусиз ҳам унинг жони роҳатда…
— Вой-бў!.. Зап мамлакат экан-ку бу!
Қани энди мамлакатимизни роса мақтаётганимни Анадолу хабар агентлиги билиб қолса-ю, бошқа ёқларга ҳам олиб эшиттирса… Бу ширин хаёлларим зое кетмасмиди.
— Маориф масаласи қалай? Аҳолининг саксон фоизи саводсиз, дейишади.
— Ана холос… Лоф ҳам эви билан-да. Ёлғон гап шунақа бўлади деб ўйловдим-а. Одамларимиз шундоқ саводхонки, китоб ўқишу, хат ёзиш деган нарсалар жонларига тегиб кетган. Ҳамманинг саводи чиққан… Гаров ўйнаб битта  саводсиз одам топиб кўринг-чи! Профессорлар, журналист ва ёзувчилар бизда ё ёзишади, ё ўқишади. Ҳаттоки, бир ўтиришда ҳам ёзиб, ҳам ўқийдиган одамларимиз бор. Ёзувчиларнинг ҳам, китобхонларнинг ҳам таги мўл. Бизда шунчалик мактаб кўпки, ўт-бетдан йўл очиш керак бўлиб қолса, тўппа-тўғри мактабларни бузиб ўтиб кетаверишади, ўқитувчиларнинг бўлса сон-саноғи йўқ.,. Биттасини чақир- санг, саккизтаси «лаббай» деб келади.
— Мактаб очиш учун Америкадан келтирилган ускуналарга нима дейсиз?
— Ия, бу ҳазил эди-ку. Куч-қудратимизни бегоналардан яшириш учун шундай қилган эдик-да. Биз жўрттага мактаблар учун бино етишмайди, дегандик.
— Шошманг, бу ерда бир гап борга ўхшайди,— ўтирганлардан бири сапчиб ўрнидан туриб кетди,— ўзингиз ёзган мақолаларни ўқиганмиз. Газеталардаги фельетонларингизда ҳамиша мамлакатда мактаб ва ўқитувчилар етишмайди, деб ёзасиз-ку…
— Ҳали шунга ишониб ўтирибсизларми? Қўйинглар-е! Буни мен оппозиция учун, яъни мухолифлар пайдо қилиш учун ёзаман. Халқимиз мухолиф бўлишни зап яхши кўради-да. Ҳамма нарса қойилмақом, деб ёзадиган бўлсак, халқимиз биздан ранжиб қолади. Мана шунинг учун мактаблар етишмайди, деб ёзамиз, обуначиларни кўпайтириш учун шунга ўхшаган нарсаларни тўқиб юрамиз. Бунақа гаплар маҳаллий ахборот ҳисобланади, четга бошқачасини юборамиз.
— Сизларда йўллар йўқ, борлари ҳам хароб дейишади, бунга нима дейсиз?
Бундай гаплар меъдамга теккани учун ирғиб ўрнимдан турдим.
— Бас энди, мен кетаман.
— Ҳа, йўл бўлсин, бу ердан ҳеч қаёққа чиқиб кетолмайсан, ҳозир туш кўриб ётибсан…
Демак, ҳаммасини тушимда кўраётганимни улар ҳам билишар экан-да.
— Қўйиб юборинглар, кетаман.
— Қаёққа?
— Юртимга…
Эшикка қараб юрдим. Ўтирганларнинг ҳаммаси «гур» этиб устимга ёпирилди, бирпасда мени бурчакка тиқиб қўйишди.
— Қўйиб юборинглар мени!
— Сен туш кўряпсан, ҳеч қаёққа кетмайсан!
На қўлимни ва на оёғимни қимирлата оламан.
— Яна битта саволим бор,— деди биттаси биқинимга туртиб,— сизларда эркинлик борми, йўқми?
Қўрққанимдан тилим айланмай қолди.
— Ҳм… Ҳм… Ҳм… — йўталиб ҳам олдим. Гапим бўғзимдан чиқмайди.
— Қани, гапир, гапир, эркинлик борми? — дея ҳаммаси бир оғиздан сўрашди.
Ниҳоят, яна тилга кирдим, ғўлдираб туриб айтдим:
— Бор… Жуда кўп, тўлиб-тошиб ётибди…
— Мамлакатингизда ҳамма эркинликлардан борми?
— Сизга қайси бири керак ўзи?
— Айтайлик; матбуот эркинлиги.
— Бор бўлганда қандоқ… Бизда ҳаммаси бор. Қалашиб ётибди. Матбуот эркинлиги ҳам бор. Истаганча топилади. Мени қўйиб юборинглар энди!..
— Демак, сизларда ҳамма эркинликлар бор экан-да? .
Ичимда ўйлайман: «Тонг албатта отади… Бу даҳшатли  туш бир умр чўзилиши мумкин эмас. Нима бўлса ҳам, албатта тонг отади, мен уйғонаман…»
— Сизларда матбуот эркинлиги борми?
— Бор деб айтдим-ку, ахир… Ҳа, бор!
— Бор бўлса жуда соз, аммо матбуот ҳақидаги эски қонун ҳали амалда дейишади-ку. Бу қандай эркинлик бўлди?
— Ҳа, нима бўпти… Сизларга нима… Амалда бўлса бўлаверсин, ахир энди қўлланилмайди-ку… Бизнинг мамлакатимизда султон Фотиҳ Истамбулни босиб олаётганида иш берган тўплар ҳам бор, хўш, ҳозир буларнинг кераги бўлмаса, албатта йўқотиб юбориш шартми? Биз бошимизга қандай кулфатлар тушганини унутмаслик учун демократияга зид бўлган мана шу қонунни сақлаб келяпмиз. Бизда матбуот эркинлиги ва бошқа жуда кўп эркинликлар бор. Булар шунчалик кўпки, қаёққа сиғдиришни ҳам билмай гарангмиз.
— Мамлакатда иқтисодий аҳвол чатоқ, бюджет нуқул зарар кўряпти, деб эшитдик. Бунга нима дейсиз?
Худоё мушкулимни ўзинг осон қил, бунисига нима деб жавоб бераман? Қора терга ботиб кетдим-ку!
— Нима, бутун умрим уйқуда ўтадими? Етар менга шунинг ўзи! — дея қичқириб юбордим.
— Агар тўғрисини айтмасанг, ҳеч қачон уйғонмайсан.
Ростини айтадиган бўлсам, мамлакатимизга қарши ташвиқот юритган бўламан… Ё парвардигор, шўрлик бошимни қандоқ кулфатларга солдинг!
— Иқтисодиётимиз сиз ўйлагандек ёмон аҳволда эмас. Аксинча, жуда порлоқ. Шундай порлоқки, кўрсангиз кўзингиз қамашади… Бюджетга келсак, зарар билан фойда тенглашиб қолган. — Шу ерга келганда гапнинг белига тепиб, шартта тўхтатишди.
— Демак, маълум бўладики, сизлар ёрдамга муҳтож эмас экансиз,— деди ҳозир бўлганлардан бири,— биз ҳақиқий аҳволни айтиб берасиз деган мақсадда сизни чақиртирган, мабодо ёрдамга муҳтож бўлсангиз, қарз очиб, сизларга маблағ бермоқчи бўлган эдик… Кўриниб турибди, ишларингиз жойида, ёрдамга ҳожат ҳам йўқ экан. Хўп, хайр.
Бу гапни эшитиб эс-ҳушимни йиғиб олдим.
— Нима?! — деб овозимнинг борича бўкирдим.
Демак, мени чет элдан ёрдам олишга вакил қилиб юборишган экан-да.
Майли, нега буни илгарироқ айтмадингиз, билганимда шунга қараб тўн бичардим, гапнинг тўппа-тўғрисини айтиб берардим.
— Хўп, хайр.
Аламимга чидаёлмай ҳўнграб йиғлаб юбордим. Буни қаранг, чет элдан ёрдам олиш мумкин экан-ку, мен қўлдан бой бериб қўйибман-а. Алам қиладиган жойи шундаки, мамлакатимни ажнабийлар олдида ёмонотлиқ қилиб кўрсатган, жиноят қилган бўламан деб ўйлаб, ёрдамдан қуруқ қолибман.
Йиғидан уйғониб кетдим. Ҳали тонг ёришмаган экан.
Шамчироқни ёкдим. Стулга ўтирдим. Тушимда ростдан ҳам йиғлаган эканман. Кўз ёшларимни артиб олиб, ҳозиргина кўрган даҳшатли тушимни қоғозга тушира бошладим. Наҳотки, ҳеч тонг отмаса-я! Қуриб кеткур тун бирам чўзилиб кетдики…