среда, 30 марта 2016 г.

Болалар фариштаси

Бу воқеа қиш кунларининг бирида содир этилган эди. Кичкина болакайлар ўз қўллари билан ясаган қорбобо атрофида шўх-шодон ҳолатда айланишар, қўшиқ айтишар эди. Шу вақт қаттиқ шамол эсди ва жуссаси деярли бир ҳовучга тенг бўлган қор ёға бошлади. Кичкинтойлар югуриб кетганларича, ўз уй-уйларига бекиниб олишди. Кўча-куйида тирик жонзот йўқ, фақат йўл марказида болалар томонидан ясалган қорбобо бор эди холос. Кўчани бир зумда қор оппоқ рангга "бўяб" ташлади. Йўлнинг ўнқир-чўнқир жойлари ҳам бир хил кўринишга етди.
 Қиш зийнатининг "меҳнати" эвазига оппоқ рангни хосил этган, ичи бўшайиб кетган, фақат қарғалару хаккалар билан тўлиб-тошган жонсиз бино турарди. Бу донгдор бино ичидан жуда ёш, тўла ҳиссиётларга бой бўлган ғариб сийрат ила аёл чиқар эди. Йиғлаб, ортидан ғамини етаклаб, унинг тақдирини чизганларини лаънатлаб, қарғаб юрган бу аёл бугун шайтондан дарс олди. Ундан тўрт-беш қадам орқароқда пиёнисталарнинг дадил сўзлашишлари, хаҳолаб кулишлари бу иморатни кўкка кўтаргудек эмас. Бундаги товушлар ўзгача, бундаги ташвишлар бошқадир. Бунда дардли инграшлар ҳукмрон...
 Тухмат ва иғво тошларини йиғган, номардлик ва сотқинчилик оқубатларига дош беролмаган бу ғофил банда ўз боласини, янги туғилган чақалоқни меҳрсиз, жонсиз бўлган даҳшатли бир бино ичкарисига қўйиб, ўзи эса боши оққан томонларга йўл олмоқда. Жажжигина чақалоқнинг чақириғини ҳеч ким қулоғига сингдира олмас эди. Эшитмас эди.  Аёл бирин-кетин катта қадамларини ташлаб, тобора ўз боласидан узоқлашиб борар экан, ҳаёл пинжида ўзини йўқотиб қўяр эди. Орқада, аллақачон жуда узоқда қолиб кетган чақалоқ эса гуноҳларга ботган тўрт девор орасида кўз ёш оқизиб йиғлар эди...


 Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулиға сабот,
 Ажаб саодат эрур, чиқса яхшилик била от (Хазрат Навоийдан).

Бундан бир неча ой муқаддам...

 - Ало.
 - Эшитаман.
 - Яхшимисиз? Яхши юрибсизми?
 - Бўлади...
 - Бугун яна текширилгани бордим.
 - Хўш?
 - "Хомиланг бор", дейишди.
 - Демак... Мен сенга тушунтириб бергандим-ку, ахир! Шароитим йўқ! Нега тушунишни истамайсан, а? Олиб ташла, вассалом.
 - Биламан, аммо...
 - Нима?
 - Жуда кеч, дейишди.
 - ...
 - Нима қиламан энди?
 - Эндими? Энди, телефон рақамимни унутасан!..
*****

 - Уйғон, болакай.
 - Ким бу?
 - Мен доимо сенинг ёнингда бўлгувчи фариштангман.
 - Фариштам?
 - Ҳа. Сени турли хил балолар-у, қийноқлардан асраб-авалайман.
 - Ростданми?
 - Албатта. Сени ҳеч нима безовта қилмаяптими, болакай?
- Йўқ. Йўқ, бор.
 - Борми ё йўқми?
 - Бор, бор.
 - Қани эшитайликчи, нима муаммолари бор экан?
 - Ойим оҳирги пайтларда жуда кўп йиғлаяпти.
 - Эътибор берма. Ҳар кимнинг пешонасида ёзилган бу кунлар. Ўтади-кетади.
 - Ҳа, лекин...
 - Нима "лекин"?
 - Мендан хафа бўлмадилармикин, деб қўрқаяпман.
 - Телба! Она дегани ҳам ўз боласидан хафа бўладими?! Товба!
*****
 - Ало. Бу "тез ёрдам"ми?
 - Ҳа. Гапиринг, биз сизни эшитамиз.
 - Мен хомиладор эдим. Ёнимда ҳозир ҳеч ким йўқ. Менимча... Менимча... Менимча, вақти келди.
 - Яшаш жойингиз манзилини айтинг, биз тезда етиб борамиз.
*****
  Бугунги кун...

 - Йиғлама. Илтимос, жим ўтиргин. Сени нима қиламан энди? Ахир, ҳеч кимим йўқ бўлса... Жим бўл, бир нафас жимгина ёт. Нима қилсам экан-а?..

 - Фариштам, қаердасан?
 - Ёнингдаман. Доимо ёнингдаман.
 - Фариштам, ойим мени қаерга олиб боряпти? Айтиб қўй, мен бошқа йиғламайман. Энди жим ётаман. Ҳеч қачон, ҳеч қачон ойимни жаҳлларини чиқармайман. Сўз бераман.
- Ойинг ўзини ўнглаб олиши учун унга озроқ вақт керак. Қўрқма, болажоним, қўрқма. Айтдим-ку, мен ҳар доим ёнингдаман, деб. Сени хафа қилдириб қўймайман. Менга ишон!
 - Ишонаман сенга, Фариштам.

 - Фариштам, ойим мени қўйиб қаерга кетди?
 - Ойинг шу яқин атрофда. Ҳозир қайтади.
 - Йўқ. Сен алдаяпсан! Ойим мени ташлаб кетди. У қайтмайди энди. Ёлғон, ёлғончи!
 - Йиғла, болажоним, йиғла. Янада қаттиқроқ йиғла. Мен ҳозир ойингни олиб келаман. Йиғла... Йиғла...

 - Нафиса, нималар қиляпсан? Ўзингни босиб олсангчи. Бўлди қил. Бизга ўхшаган қанчадан-қанча ота-оналар бор. Улар ҳам ҳудди биз каби бола тирноғига зор. Унчалик қизишма, Нафиса. Бўлди қил. Қаерга кетяпсан? Кўчада қор-ку, ҳеч бўлмаганда, оёқ кийимларингни кийиб чиқ. Тўхта!
 - Жим. Эшитаяпсизми? Қулоқ солинг. Йиғлоқи чақалоқнинг товуши бу. Эшитаяпсизми? Эшитинг.
 - Тўхта, Нафиса. Кўча совуқ... Нима жин урди буни?! Ҳой, сенга нима бўлди? Нима қилмоқчисан?
- Бу мен эмас, Ҳамид-ака. Рост гапиряпман, рост. Мени кимдир қўлимдан тортяпти, ишонинг.

 - Бу ким? Наҳотки, ҳеч кими йўқ бўлса?..
 - Шунга ўҳшаяпти. Кимдир ёлғиз ўзини ташлаб кетган, шекилли. Қаранг, буни ширинлигини.
 - Ўғил бола экан.
 - Ҳа, ўғил экан. Қаранг, Ҳамид-ака, қаранг. Жуда чиройли, а? Уйимизга олиб кетсак-чи? Кимдир уни ташлаб кетган бўлса, уни шу аҳволда ёлғиз ўзини қолдириб кетмаймиз-ку?!
 - Атрофга қара-чи, ростдан ҳеч ким йўқми? Ҳа майли, уни менга берақол. Қани, юрдик ичкарига бўлмасам, йўқса шамоллаб қоласан.
*****

 - Фариштам, доимо ёнингда бўламан, деб мени алдадинг-а?
 - Нега энди, шу ерда эдим-ку?
 - Сени роса чақирдим, фарёдимга жавоб қайтармадинг...
 - Мени афв эт, болажоним. Мен сенинг ойижонингни олиб келдим.
 - Фариштам...
 - Ҳа, болакай?
 - Ойимнинг овозлари бунақа эмасди-ку? Ўзгариб қолдими?
 - Буни эсингдан чиқар. Бугундан бошлаб энди мана шу инсонлар сенинг ота-онанг!

вторник, 29 марта 2016 г.

Туғилган кун

 Кўчада ёмғир ёғарди. Баҳорнинг илк ёмғири. Ҳаво илиқ бўлиб, салқин шаббода эсиб турибди. Кўча одамлар билан гавжум. Кимдир ишга шошяпти, кимдир уйига, яна кимлардир бошқа юмушлари билан банд. Бугун ёмғиргарчилик бўлишини кўпчилик кутмаган, шекилли, нимагадир шамсия ҳамманинг ҳам қўлида кўринмас эди. Шу сабабли, баъзи кишиларнинг ёмғир томчилари тагида қолиб кетмоқликдан ўзга чоралари йўқ эди.
 Шу пайт кўчаларда сарғиб юрган мингта одамлар орасидан бир эскириб, ҳумрайиб қолган ВАЗ-24 автомобили пайдо бўлди. Бир кичик савдо дўкони олдида тўхтади-да, ичидан бўйи баланд, гавдали йигит тушди. Ёмғирнинг тинмай ёғишини кўриб, асаби бузилди. Ахир ҳозиргина уйдан чиқаётган онда ёмғирли ҳаводан асорат ҳам йўқ бўлгани туфайли, у соябонини ўзи билан олмаган эди-да. Қуёш чарақлаб турган бир пайтда шамсияни ўзи билан олишни кимнинг ҳам ҳаёлига келарди?!
 Ёмғир ҳам атайлаб қилаётгандай, авжга миниб, баданни жунжиктирадиган совуқ шабада эса бошлади.
 Йигит қўлини бошига яқинроқ тутиб, шивалаб ёғаётган ёмғирдан ўзини ҳимоя қилишни мақсад қилган ҳолда дўкон томонга югуриб борди. Аммо ёмғир барибир кучли экан, бир зумда аъзойи баданини қорайтириб, қақшатиб юборди.
 Дўкон ичига кирар экан, ичи деярли бўш эканини кўриб сал кўнгли ёришди. Кўзлаган нарсасини харид қилиб, тезда кассадан ўтишни ҳаёл қилди.
 Бугун унинг қизчасининг туғилган куни. 6 ёшга киради. Дўконга ташрифидан мақсад ҳам ўз қизалоғига бир совға олишдан иборат эди. Совға тариқасида эса, бирон бир қўғирчоқ олишни истади ва уни топди ҳам. Нархига кўз югуртирди - арзон ҳам, қиммат ҳам эмас экан. Майли, қанча нарх туришидан қатъи назар, шу бугун ўз қизини хурсанд қилдиришни ўзининг бурчи, дея ҳисоблади. Уй маликаси бугун бахтиёр бўлса, ота ҳам ўзидан мамнун бўлиб, ғурурланиб кетиши табиий. Муҳими ҳам шу аслида.
 Йигит кассадан ўтгач, кўча томон отланди. Ёмғир ҳали ҳам тингани йўқ. Қўлидаги юмушини қариб мўнкиллаб қолган, чолга ўхшаган мошинаси ичига солди. Рулга келиб ўтирди. Калитни буриб, мошинани ёқар экан, ВАЗ зўрға пишқириб, жойидан оғир қўзғалди ва ҳайдаб кетди. Унинг рўппарасида яп-янги "Нексия 2" авторусумли автомобил ўтиб кетар эди. Ичидаги ҳайдовчи бола ёш эди, чамаси балоғат ёшига ҳам етмаган. Чап қўли билан қулоғига телефонни яқинлаштириб ўтирар, ўнг қули эса рулда. Бугун қоронғуда ва бунинг устига ёғаётган ёмғир тагида ҳеч бир ГАИ ҳодими кўчада турмайди, деб ўйлаган бўлса керак. Гўзаликка маҳлиё бўлган кекса кўнгил ВАЗ-24 ҳам шу онда унинг ортидан ирғишлаб кетарди.
 Ниҳоят, ўз уйига келди. Чироқлар ўчиқ. Афтидан, хотини билан қизи ҳали-ҳамон келганларича йўқ. Бугун тушликдан сўнг аёли ўз онасини кўришга кетганди. Қайнонаси ҳам уларни роса соғинган экан, аммо озгина бетоблиги туфайли ўзи байрамга ташриф буюра олмасди. Унинг ўзи эса, бугун ишхонасида озроқ ушланиб қолгани сабабли, қайнона ва қайнотасининг хонадонига меҳмондорчиликка бора олмади.
 Бугун у ишхонадан чиқиб аввало уйига кириб, сўнгра дўконга йўл олган эди. Дўкондан қайтганига ҳам мана деярли ярим соат бўлибдики, бугунги байрам бош қаҳрамони ўз онаси билан уйга қайтгани йўқ. Ҳавотир унинг юрагини қамраб олди. Ахир соат ўн бешта кам саккизни кўрсатаётган бўлса-ю, туғилган кун дастурхони ҳали тайёр бўлмаса, ғалати-да. Бунинг устига бугун меҳмонлар ҳам ташрифи кутилаётган эди. Укалари Ҳасан ва Ҳусан шу кун ўз жиянларини кўришга келишлари шарт эди.
 Буларни бирма-бир ўйлаб ўтирар экан, охири чўнтагидан телефонни олиб, қайнотасига қўнғироқ қилишга қарор қилди. Номерни териш учун шайланаётган бир маҳалда, уйининг дарвозасини кимдир қоқди.
Рафиқаси келганига ишонч хосил қилгандек гўё, қўлидаги телефонни чўнтакка солди ва ҳовлига чиқиб кетди. Дарвозани очар экан, остонада унинг укаси Ҳасан турганини кўриб қолди. Орага бир оз сукунат пайдо бўлгач, мезбон ўз укасини уйга таклиф этди.
 - Яхшимисан, Ҳасан? - деб, уй ичкарига кириб олишгач, ҳол-аҳвол сўрашга киришди у.
 - Раҳмат, ака. Юрибмиз. Ўзингиз-чи, саломатмисиз?
- Ҳа, раҳмат. Қани, ўтириб ол.
 Ҳасан ўтириб олгач, акаси унинг олдига дастурхон безатишга тушди.
 - Қўйсангизчи, ака, керак эмас ҳеч нарса, - ҳижолатдан ўзини қўярга жой топмай айтди Ҳасан.
- Нимага керак эмас экан, эсинг жойидами?! Ҳозир рафиқам қизим билан бирга келишади, уларни кутиб ўтирибман. Бугун қизимнинг туғилган куни-ку!
 Бу гапларни эшитгач, Ҳасан шу заҳотиёқ ўз акасига разм солди. Бу нигоҳда совуқлик бор эди, қандайдир мавҳумлик яширинган эди. Укасининг ўзи томон қаратилган нигоҳидан сал чўчиб кетдими, нечукдир тиззалари қалтираб кетди. Нима сабабдан бундай бўлганини у ҳеч тушуна олмасди.
 Ака-ука иккаласи гаплашиб, суҳбатлашиб ўтиришди. Ҳасанни кўрмаганига ҳам деярли икки ой тўлибди. Ўз ишига сидқидилдан берилган ва бўш вақтини ҳам оиласига бор эътиборини қаратиш билан сарфлаётганлиги бугун уни ноқулай вазиятга олиб келди. Ахир Ҳасан ва Ҳусан билан кўришиш бахтидан мосуво бўлган эди-да. Ҳасан ҳам худди шу ички кечинмаларини бошдан кечирар ва акасини анчадан буён йўқлаб келмаётгани учун ўзидан роса хафа эди.
 Дўкондан харид қилган қўғирчоқни Ҳасанга кўрсатди.
 - Қара, чиройли, а? Роса хурсанд бўлиб кетса керак, нима дединг? Бугун бир унинг чеҳрасини очишга, уйимдагиларга қувонч улашга қарор қилдим.
 Ҳасан қўғирчоққа қараб қўйиб, жилмайиб қўйди. Акасининг қўлидан уни тортиб олди ва яхшилаб уёқ-буёққа термулиб, уни астойдил кўриб чиқди.
 - Ҳа, ростдан ҳам, чиройли экан. Жияним роса хурсанд бўлади.
 - Шуни айтаман-да, - ўз қўл соатига қараб қўйди ва гапни давом эттирди, - нимагадир кеч қолишяпти. Уларсиз бошлаверсакмикан, кейинчалик улар ҳам қўшилиб кетишар...
 Ҳасан ўз ўрнидан турди. Унинг ҳижолатли қиёфасини кўргач, акаси сўради:
 - Ҳа, йўл бўлсин, тичликми? Қаерга?
 - Ака, ўзингиз тушунасиз, бола-чақа, деганидек... Мен аста уйга бораверай, қоронғу тушди. Биласиз, аёлим хомиладор, қоронғуда бир ўзи қўрқади...
 - Рафиқанг билан бирга келсанг бўлмасмиди? Туғилган кунни сенсиз қандай ўтказамиз?
 - Ҳечқиси йўқ, бир амаллаб ўтказиб оларсизлар, - деди у кулимсираб, - мени тўғри тушунинг-да, кетмасам бўлмайди.
 - Ҳа, майли. Ўзинг биласан. Келинни олиб келсанг, нур устига аъло нур бўлар эди. Ўзи, бугун эгизак укангга қўнғироқ қилган эдим, у ҳам бир нималарни тўқиб ташлади ва келолмаслигини айтиб ўтди. Менинг режаларим бошқача эди, мен ўйлабманки, ҳаммаларингиз бугун уйимга ташриф буюрсангизлар, катта дастурхон ёзиб, оилавий ҳангомалашиб ўтирамиз, деб.
 - Майли, кейинги сафар бўлиб қолар...
 - Бўпти, келинни эҳтиёт қил.
 Улар дарвоза томон йўл олишди. Ҳасан чиқиб кетганидан сўнг, у ўз дарвозани қулфлади-да, хонасига кириб кетди. Ҳалиги сотиб олинган қўғирчоқни ўз қўлларига олиб ўтирар экан, вақтнинг ҳам аллақачон бемаҳал бўлиб қолганини сезмади ҳатто...
*****

 Ёмғир симфонияси тўхтамаётган эди. Бунинг устига қаттиқ шамолнинг эсиши оқибатида ҳар қандай одам бетоб бўлиб қолиш эҳтимолидан ҳоли эмас. Ёмғир томчилари бир-бир ерга урилаётганидан қандайдир ёқимли куй таралиб ётарди. Кўчада деярли одам йўқ. Фақатгина бир-иккита мошиналарни ҳайдаб юрган инсонлар  бор эди, холос.
 Ҳасан ўз акасининг уйидан чиққач, тиним билмай, тўхтовсиз югурганди. Мана, охири бир чеккада ёмғир тагида турган мошинасига яқинлашиб келди. Ичига ўтириб олди. Шу алфозда ҳавонинг совуқлигидан аъзойи бадани жунжикиб кетди ва у икки марта оғир аксириб юборди.
 - Ҳа, бир пасда шамоллаб қолдингми? - деб сўради нигоҳлари "сенсорлик" телефонга қадалган унинг эгизак укаси Ҳусан, - анча кутиб ўтирдим сени. Нимага кўп ушланиб қолдинг?
 - Ўтирдим-да... Бир пас ўтиргим келди. Биласан-ку, анчадан буён акамни кўрмаган эдим.
 Ҳусан телефонини "қулфлаб" қўйиб, ўз чўнтагига солди ва гапини давом эттирди:
 - Хўш, гаплашиб олдингми? Туғилган кун қандай ўтаётган экан?
 - Ҳа, кўрдим. Аҳволи вой, сен айтгандек ҳаммаси...
 - Ҳали "мен сенга ишонмагандим", дегин, - деб Ҳасанга ҳумрайиб қаради.
 - Гап бунда эмас. Шунчаки... Нима десам экан... Ғалати, жуда ғалати ҳаммаси!
 - Сени тушунаман. Ўзим ҳам худди шу аҳволга тушгандим. Дарвоқе, мен ҳақимда ҳеч нарса демадими?
 - Йўқ, гапирмади. Ўзи ростдан ҳам кеча учрашганмидинг?
 - Ҳа, албатта. Айтдим-ку, урушиб қолдик. Мени ҳатто тинглашни ҳам истамади. Ўзинг-чи, нима дединг?
 - Индамадим.
 - Нега?
 - Сен билан урушиб қолгандай, мен ҳам у билан жанжаллашишим керакмиди? Гапирмадим.
 - Тушунарли.
 Орада бироз жимжитлик ҳукм сурди. Ҳасан ойнадан кўчада шатирлаб ёғаётган ёмғирга қараб ўтирди. Шу пайт кўчадаги совуқ ҳаво ёдига тушди чоғи, у яна бир маротаба аксириб юборди. Ҳусан орадаги сукутни бузди:
 - Нима қиламиз энди?
 - Айтганимдек қиламиз. Менинг танишларим бор, ўшаларга олиб бориб кўрсатамиз.
 - Уч ой бўлди-я, уч ой! Ҳалигача ўзига келмади...
 - Уни тушунса бўлади. Оғир дамларни бошдан кечиряпти.
 - Ҳасан, менга тушунтириб бер, - дея ўшқириб берди Ҳусан, - қандай қилиб бу аҳволга тушиш мумкин? Ахир у туппа-тузук одам эди-ку?! Хўп, айтайлик, хотини билан боласи автоҳалокатга учраб вафот этганлари чиндан ҳам уни издан чиқарди. Лекин бундан миянинг чайқалишини ким ва қай тариқа изоҳлаб бериши мумкин? Бунинг устига унинг ҳолатини кўриб турибсан: ҳаётга реал нигоҳ билан боқишни истамаяпти, нуқул қайлиғи билан қизи ҳали ҳам тириклигига бор вужуди билан ишониб, ўз орзулари ичра ҳаёт кечиришда давом этяпти.
 - Балки... уни ўз ҳолига қўярмиз? Балки, унинг шу ишонч билан яшаб келаётгани уни рағбатлантирар, ушбу ҳаётда яшашга ва курашишга унга кўмак берар?!
 - Йўқ, Ҳасан, йўқ. Курашиш бу - руҳий касаликка берилиб, ҳеч қандай тушуниксиз, маъно-мазмунсиз яшаб келишдан иборат эмас. Менимча, у курашмаяпти, аксинча энг оддий йўлни танлаб, аллақачон таслим бўлишга улгурган. Майли, ҳайда энди. Уйга кетишимиз керак, балки эртага биргаликда яна келармиз...

воскресенье, 27 марта 2016 г.

Азиз Несин: Даҳшатли туш

Истамбул радиоси эшиттиришларини тугатди. Шу кеча икки ҳикоя билан бир фельетонии қўлдан чиқаришим керак, бунинг устига, аллақайси бир журналнинг саволларига жавоб тузиб чиқишим зарур. Бу нарсаларнинг ҳаммаси эрталабгача битиши шарт. Аммо ишнинг мазаси бўлмай турибди — фақат биттагина ҳикояни ёзолдим, холос. Шу топда ичимга чироқ ёқса ёримайди.
Ҳикоянинг яна биттасини ҳам дўндириб ташлайман деган ниятда бир даста оқ қоғоз ҳам тайёрлаб қўйганман, лекин нимани ёзишимни билмай хунобман.
Қорним таталаб кетгандай бўлди. Қизиқ, нимани ёзишни билмай турганимда, доим шунақа бўлади. Ўзимни чалғитиш учун баҳона қидириб қоламан. Юқори чиқиб қарасам, ҳамма донг қотиб ётибди. Ошхонага кирдим. Совиб қолган паловдан бошқа ҳеч вақо кўринмади. Шу топда менга уни ким ҳам иситиб берарди, дейсиз.
Қайтиб жойимга ўтирдим. «Яхшиси ухлаш керак! Эрталаб барвақтроқ турсам, ҳаммасини битириб қўяман!» деб ўзимча ўйладим.
Вақт чораги кам уч бўлибди.
Одам боласи уйқуда ҳам яшайди. Лекин бунақа яшашнинг нима кераги бор! Яшаганингдан кейин тирик эканингни сезиб, турмуш сирларини билиб яшасанг-да.
Қамоқхонада ётиб чиққан бир ошнам бор. Шу ошнам ўзини хоҳлаган вақтда туш кўришга ўргатибди. У ҳамиша менга: «Туш кўрсанг, умринг узаяди»,— деб юрарди.
Бугун кечаси туш кўриб чиқишимни ўзим биламан. Шуниси ҳам борки, ишинг битмай, чала қолгандан кейин, албатта асабинг бузилади, кўрган тушинг роса даҳшатли бўлиши турган гап.
Шуларни ўйлаб ётиб ухлаб қолибман. Айтганимдек, жуда даҳшатли туш кўрдим. Яхшиямки… Бегона мамлакатга келиб қолган эмишман. Қандай мамлакатлигини билмасмишману, лекин ўзимча уни Америкагами, Ғарбий Германиягами ўхшатармишман. Ҳаддан зиёд кенг, серҳашам бир залда эмишман… Сизларни билмадиму, лекин мен туш кўраётганимни ўзим билиб тураман.
Э, Оқ уйга кириб қолибсану, дедим ўзимга ўзим. Залдаги узун стол теварагида одамлар ғуж бўлиб ўтиришибди. Қаерга келиб қолганимни, бу ердз ўзи нима гап бўлаётганини сўрай дейману, тилим бормайди. Аслида ўзим расмий вазифа билан келганман, шунинг учун хижолатпазликдан қўрқаман. «Келган жойини ҳам билмас экан!»—деб таъна қилишлари мумкин-да, ахир. Шуларни ўйладим-да, сўрамай, ўзим билиб оламан деб, аҳд қилиб қўйдим.
Расмий музокаралар кетяпти. Мамлакатимиздан якка ўзим вакилмишман. Залда ўтирган ажнабийларнинг ҳаммаси ўзига зеб берган, башанг, серсавлат одамлар эмиш.
— Хуш келибсиз!—деб улардан бири мени қутлади.— Сиз мамлакатингиздаги аҳволни гапириб берасиз.
Аввалига қўрқиб кетдим, кейин ўзймга ўзим далда бердим: «Э, парво қилма, нима бўларди, бу туш-ку». Тушликка-ку туш-а, аммо тушлигини билиб қолишса…
— Ўзим билган нарсаларни бажону дил гапириб бераман,— дедим дадиллашиб.
— Мамлакатингиз қолоқ мамлакат-а, шундайми?
Жон-поним чиқиб кетди. Худоё ўзинг шарманда қилма, бунисига нима дейман? Борди-ю, «Ҳа, мамлакатимиз қолоқ»,—- деб юборсам, чет элликлар олдида уни ёмонотлиқ қилиб қўяман. Биздаги жиноят қонунида бу оғир гуноҳ ҳисобланади. «Қолоқ деганингиз нимаси, биз жуда илғормиз»— дейдиган бўлсам, ёлғончи бўлиб қоламан. Нима қилсамикин? Яхшиси, ёлғон гапириб қўя қолай. Жиноятчи бўлгандан кўра, алдоқчи бўлган маъқул. Нега десангиз, ёлғон гапга жазо йўқ.
— Нега индамайсиз?—деб сўраб қолишди.
— Айбга буюрмайсизлар, саволни эшитолмай қолдим.
— Мамлакатингиз қолоқ-а, шундай эмасми?
— Бу нима деганингиз?!— дангал сўрадим мен ҳам.
— Ҳамма шунақа дейди. Биз ҳам шундай деб эшитувдик.
— Бўлмаган гап, муҳтарам жаноблар! Шуни билиб қўйингки, бизнинг душманимиз кўп. Шаънимизга туҳмат қилаётганлар ҳам шулар.
Ҳамма ҳайрон, ҳамма ёқа ушлаган.
— Демак, биз нотўғри эшитган эканмиз-да,— деди кимдир салмоқлаб.
— Ҳа, шундоқ.
— Сизлар нозик табиат одамларсиз, «қолоқ» деган сўзга ғашингиз келади. Майли бўлмаса, шу сўзнинг ўрнига  «кам тараққий этган» деган иборани ола қолайлик. Маъқулми?
— Йўқ, бўлмайди. Биз кам тараққий этган мамлакат эмасмиз асло, биз жуда-жуда тараққий этиб кетганмиз.
Яна ҳамма ҳайратда.
— Сизларда электр кўрмаган шаҳарлар борми?
Яна «ҳа» дейдиган бўлсам мамлакатимизга доғ тушади. Роса аросатда қолдим-ку, мен!..
— Йўқ, бўлмаган гап!.. Ҳамма шаҳарларимизда, ҳамма қишлоқ ва қишлоқчаларимизда электр бор.
— Қойил… Ажойиб…
—  Лекин мамлакатингизда электр қуввати учун кўп ҳақ олинади дейишади, шу гап тўғрими?
— Нима, электр кувватини айтяпсизми?.. Ия, бизда электр текин-ку!
— Ажойиб… Жуда антиқа…
Чет элликлар олдида мамлакатимни шарманда қилмаётганим учун ўзимда йўқ хурсандман… Ҳа, тўғри-да, агар газеталар шу гапларимни кўчириб босишса борми, қандай фойдали иш қилаётганимни эшитиб ватандошларим, албатта тасанно дейишарди.
— Сизларда ижара ҳақи жуда осмонда, уй-жой масаласи чатоқ эмиш, ростми шу? Ўрта миёна одам оладиган маошининг ярмини ижара ҳақига тўламаса, бошпанасиз қолармиш-а?.
Ичимда биров: «Тўғрисини гапиравер, тўғрисини гапиравер», деб қистайди. Унга мен: «Ҳолим вой бўлади»,— дейман. У яна мени ўз ҳолимга қўймади: «Э, бу туш-ку. Туш кўраётганингни улар билиб ўтирибдими, нима деганингни қаёкдан билишарди. Лоақал тушингда тўғри гапириб олсанг-чи». Аъзойи баданимни совуқ тер босди. Манглайимдаги терни сидириб ташладим-да, хохолаб кулиб юбордим.
— Ха-ха-ха! Бизнинг мамлакат ҳақида шундай фикрдамиз денг! Гапнинг пўскалласини айтаман. Худодан бит-та-ю, битта тилагим бор, у ҳам бўлса шуки, бизни кўролмаганларнинг кўзи кўр бўлсин. Уй-жой масаласида заррача танқислигимиз йўқ. Билдингларми? Барча маданиятли мамлакатлардагига ўхшаб бизнинг одамларимиз ҳам маошининг атиги ўн фоизини тўлаб, ажойиб уйларда туришади.
— Хизматчилар-чи?
— Хизматчилар оила аъзоларининг сонига қараб ижара уй олишади. Нолийдиган жойлари йўқ. Ижара ҳақи ҳам  шунчалик озки, кам пул тўлаганинг учун уй эгасидан хижолат чекасан киши.
— Ундоқ бўлса, уй эгалари нега бола-чақали оилаларни қўймайди, дейишади?
— Ана холос! Қип-қизил ёлғон-ку бу! Ким айтди буни сизга! Ижарага ўтирадиган одам бизда уй эгасини кўрмайди ҳам. Муниципалитет қошида уй-жой билан шуғулланадиган маҳкама бор. Ижарага турмоқчи бўлган одам мана шу маҳкамага боради-да тахминан шундай дейди: «Менга беш хонали уй керак, ваннахонасининг тоши кўм-кўк бўлсин, қизили тўғри келмайди, хотинимнинг асаби қиттак нозикроқ».
— Мамлакат деб мана буни айтса бўлади!— залдагиларнинг завқи келиб қийқириб юборишди.— Ура!
Мен ҳам бўш келмай, юртимизни кўкларга кўтариб мақтаб кетяпман.
— Эшитишимизга қараганда, юртингизда ишсизлар кўп, иш шароити оғир, меҳнат ҳақи жуда оз, ёшларнинг асосий қисми  тирикчилик учун чет элларга чиқиб кетган эмиш-а?
— Ия, сизлар  ўзи кимга ишонасизлар: ҳар хил ғаразгўйларгами ё менгами?— дея ўшқириб бердим.
— Сизга-да, албатта…
— Ундай бўлса қулоқ солинг. Ишчилар тўғрисида гапириб бера қолай… Бизнинг ишчиларимиз жуда яхши турмуш кечиришади. Биддингизми? Уларнинг ўзлари ҳеч нарсадан нолишмайди-ку, бошқаларнинг тинч юрмаганига ҳайронман… Қани, менгз айтинг-чи, қайси бир мамлакатнинг ишчиси бизникига ўхшаб кўп ҳақ олади? Ҳеч кимники! Бизникилар шунчалик кўп пул олишадики, тўғрисини айтсам, ортиқчалик ҳам қилади… Сир бўлса ҳам сизларга шуни айтиб қўяй, агар бизнинг ишчимиз овқати, кийим-кечаги ва ижара ҳақидан ортиб қолган пулини йиғиб юрса, бир ойнинг ичида бемалол каттакон фабрика қуриб олиши мумкин. Лекин у фабрикани бошига урадими. Бусиз ҳам унинг жони роҳатда…
— Вой-бў!.. Зап мамлакат экан-ку бу!
Қани энди мамлакатимизни роса мақтаётганимни Анадолу хабар агентлиги билиб қолса-ю, бошқа ёқларга ҳам олиб эшиттирса… Бу ширин хаёлларим зое кетмасмиди.
— Маориф масаласи қалай? Аҳолининг саксон фоизи саводсиз, дейишади.
— Ана холос… Лоф ҳам эви билан-да. Ёлғон гап шунақа бўлади деб ўйловдим-а. Одамларимиз шундоқ саводхонки, китоб ўқишу, хат ёзиш деган нарсалар жонларига тегиб кетган. Ҳамманинг саводи чиққан… Гаров ўйнаб битта  саводсиз одам топиб кўринг-чи! Профессорлар, журналист ва ёзувчилар бизда ё ёзишади, ё ўқишади. Ҳаттоки, бир ўтиришда ҳам ёзиб, ҳам ўқийдиган одамларимиз бор. Ёзувчиларнинг ҳам, китобхонларнинг ҳам таги мўл. Бизда шунчалик мактаб кўпки, ўт-бетдан йўл очиш керак бўлиб қолса, тўппа-тўғри мактабларни бузиб ўтиб кетаверишади, ўқитувчиларнинг бўлса сон-саноғи йўқ.,. Биттасини чақир- санг, саккизтаси «лаббай» деб келади.
— Мактаб очиш учун Америкадан келтирилган ускуналарга нима дейсиз?
— Ия, бу ҳазил эди-ку. Куч-қудратимизни бегоналардан яшириш учун шундай қилган эдик-да. Биз жўрттага мактаблар учун бино етишмайди, дегандик.
— Шошманг, бу ерда бир гап борга ўхшайди,— ўтирганлардан бири сапчиб ўрнидан туриб кетди,— ўзингиз ёзган мақолаларни ўқиганмиз. Газеталардаги фельетонларингизда ҳамиша мамлакатда мактаб ва ўқитувчилар етишмайди, деб ёзасиз-ку…
— Ҳали шунга ишониб ўтирибсизларми? Қўйинглар-е! Буни мен оппозиция учун, яъни мухолифлар пайдо қилиш учун ёзаман. Халқимиз мухолиф бўлишни зап яхши кўради-да. Ҳамма нарса қойилмақом, деб ёзадиган бўлсак, халқимиз биздан ранжиб қолади. Мана шунинг учун мактаблар етишмайди, деб ёзамиз, обуначиларни кўпайтириш учун шунга ўхшаган нарсаларни тўқиб юрамиз. Бунақа гаплар маҳаллий ахборот ҳисобланади, четга бошқачасини юборамиз.
— Сизларда йўллар йўқ, борлари ҳам хароб дейишади, бунга нима дейсиз?
Бундай гаплар меъдамга теккани учун ирғиб ўрнимдан турдим.
— Бас энди, мен кетаман.
— Ҳа, йўл бўлсин, бу ердан ҳеч қаёққа чиқиб кетолмайсан, ҳозир туш кўриб ётибсан…
Демак, ҳаммасини тушимда кўраётганимни улар ҳам билишар экан-да.
— Қўйиб юборинглар, кетаман.
— Қаёққа?
— Юртимга…
Эшикка қараб юрдим. Ўтирганларнинг ҳаммаси «гур» этиб устимга ёпирилди, бирпасда мени бурчакка тиқиб қўйишди.
— Қўйиб юборинглар мени!
— Сен туш кўряпсан, ҳеч қаёққа кетмайсан!
На қўлимни ва на оёғимни қимирлата оламан.
— Яна битта саволим бор,— деди биттаси биқинимга туртиб,— сизларда эркинлик борми, йўқми?
Қўрққанимдан тилим айланмай қолди.
— Ҳм… Ҳм… Ҳм… — йўталиб ҳам олдим. Гапим бўғзимдан чиқмайди.
— Қани, гапир, гапир, эркинлик борми? — дея ҳаммаси бир оғиздан сўрашди.
Ниҳоят, яна тилга кирдим, ғўлдираб туриб айтдим:
— Бор… Жуда кўп, тўлиб-тошиб ётибди…
— Мамлакатингизда ҳамма эркинликлардан борми?
— Сизга қайси бири керак ўзи?
— Айтайлик; матбуот эркинлиги.
— Бор бўлганда қандоқ… Бизда ҳаммаси бор. Қалашиб ётибди. Матбуот эркинлиги ҳам бор. Истаганча топилади. Мени қўйиб юборинглар энди!..
— Демак, сизларда ҳамма эркинликлар бор экан-да? .
Ичимда ўйлайман: «Тонг албатта отади… Бу даҳшатли  туш бир умр чўзилиши мумкин эмас. Нима бўлса ҳам, албатта тонг отади, мен уйғонаман…»
— Сизларда матбуот эркинлиги борми?
— Бор деб айтдим-ку, ахир… Ҳа, бор!
— Бор бўлса жуда соз, аммо матбуот ҳақидаги эски қонун ҳали амалда дейишади-ку. Бу қандай эркинлик бўлди?
— Ҳа, нима бўпти… Сизларга нима… Амалда бўлса бўлаверсин, ахир энди қўлланилмайди-ку… Бизнинг мамлакатимизда султон Фотиҳ Истамбулни босиб олаётганида иш берган тўплар ҳам бор, хўш, ҳозир буларнинг кераги бўлмаса, албатта йўқотиб юбориш шартми? Биз бошимизга қандай кулфатлар тушганини унутмаслик учун демократияга зид бўлган мана шу қонунни сақлаб келяпмиз. Бизда матбуот эркинлиги ва бошқа жуда кўп эркинликлар бор. Булар шунчалик кўпки, қаёққа сиғдиришни ҳам билмай гарангмиз.
— Мамлакатда иқтисодий аҳвол чатоқ, бюджет нуқул зарар кўряпти, деб эшитдик. Бунга нима дейсиз?
Худоё мушкулимни ўзинг осон қил, бунисига нима деб жавоб бераман? Қора терга ботиб кетдим-ку!
— Нима, бутун умрим уйқуда ўтадими? Етар менга шунинг ўзи! — дея қичқириб юбордим.
— Агар тўғрисини айтмасанг, ҳеч қачон уйғонмайсан.
Ростини айтадиган бўлсам, мамлакатимизга қарши ташвиқот юритган бўламан… Ё парвардигор, шўрлик бошимни қандоқ кулфатларга солдинг!
— Иқтисодиётимиз сиз ўйлагандек ёмон аҳволда эмас. Аксинча, жуда порлоқ. Шундай порлоқки, кўрсангиз кўзингиз қамашади… Бюджетга келсак, зарар билан фойда тенглашиб қолган. — Шу ерга келганда гапнинг белига тепиб, шартта тўхтатишди.
— Демак, маълум бўладики, сизлар ёрдамга муҳтож эмас экансиз,— деди ҳозир бўлганлардан бири,— биз ҳақиқий аҳволни айтиб берасиз деган мақсадда сизни чақиртирган, мабодо ёрдамга муҳтож бўлсангиз, қарз очиб, сизларга маблағ бермоқчи бўлган эдик… Кўриниб турибди, ишларингиз жойида, ёрдамга ҳожат ҳам йўқ экан. Хўп, хайр.
Бу гапни эшитиб эс-ҳушимни йиғиб олдим.
— Нима?! — деб овозимнинг борича бўкирдим.
Демак, мени чет элдан ёрдам олишга вакил қилиб юборишган экан-да.
Майли, нега буни илгарироқ айтмадингиз, билганимда шунга қараб тўн бичардим, гапнинг тўппа-тўғрисини айтиб берардим.
— Хўп, хайр.
Аламимга чидаёлмай ҳўнграб йиғлаб юбордим. Буни қаранг, чет элдан ёрдам олиш мумкин экан-ку, мен қўлдан бой бериб қўйибман-а. Алам қиладиган жойи шундаки, мамлакатимни ажнабийлар олдида ёмонотлиқ қилиб кўрсатган, жиноят қилган бўламан деб ўйлаб, ёрдамдан қуруқ қолибман.
Йиғидан уйғониб кетдим. Ҳали тонг ёришмаган экан.
Шамчироқни ёкдим. Стулга ўтирдим. Тушимда ростдан ҳам йиғлаган эканман. Кўз ёшларимни артиб олиб, ҳозиргина кўрган даҳшатли тушимни қоғозга тушира бошладим. Наҳотки, ҳеч тонг отмаса-я! Қуриб кеткур тун бирам чўзилиб кетдики…

четверг, 24 марта 2016 г.

Мени даволатинг, опа!

 Бир куни Россияда ишлаб юрган чоғимда, уйда касалланиб ётиб қолгандим. Шифохонага бориб, ўзимни врачларга кўрсатиб чиққач, бир турки совуқ доктор каааатта қўлга сиғмайдиган қоғозга дори-дармонларни ёзиб берса, денг. Мен ҳам худди шу ёзганларининг ҳаммасини оладигандай, докторга тиржайиб боқдим-да, "Испасибо, дўхтир", деб касалхонадан чиқиб кетдим.
 Уйимга келгач, қўлимдаги бир парча варақчада дори-дармонлар ёзиб берилган рўйхатни кўздан кечирдим. Сўнгра пакетдаги уколларни қўлимга олиб, уларни бирма-бир текшириб ўтирар эканман, яшаб ўтирган "резинка" квартирамда (билмаганлар билиб қўйишсин: "резинка" квартира бу -  ҳалиги икки хонали квартирада 20-киши бўлиб яшаймиз-ку, ўша квартираларни назарда тутдим) укол қилишни эплайдиган одам йўқлиги эсимга тушди. Роса алам қилди-да! Қийин экан-ей, мусофирчиликда касал бўлиб қолса одам. Ўзи биргина врачнинг кўригидан қайтганим туфайли фалон пулга тушгандим, энди пистон пулни мени укол қилишлари учун тўлайманми? Ия, бунақада мен оёққа тургунимча, яна уч ой уйга пул жўнатолмасдан қарзларимни тўлаб юришимга тўғри келади-ку!? Ўзи, шусиз ҳам келганимдан бери қарзларга ботиб, ҳеч уйга пул жўнатолмаяпман, бунинг устига доллар курси... Ҳа майли, бу гапни қўйиб турайлик. Хуллас роса асабийлашиб кетдим, кайфиятим нолга тенг бўлди. Энди нима қилсам экан, деб роса бошим қотиб, чуқур ҳаёлга чўмдим...
 Бир оз вақтдан сўнг зўр фикр ҳаёлимг келди. Қўлимга қоғоз билан ручка олдим-да, "Извените, кито симожет пуст поможет и зделит укол. Я болит, мине нужин доктор Айболит", деб ёздим-да, холодилник... эээ кечирасизлар, музлатгичнинг қоқ ўртасига ёпиштириб қўйдим. Москвада анча йиллардан буён ишлаб юрибман-да, тўғри тушунасизлар энди, баъзи сўзларим русчалаб бўлиб кетяпти. Хафа бўлиш йўғ-а, ўртоқ товарищлар?!
 Энди шу ўйлаганларим иш берсин-да, ишқилиб, деб Яратганга илтижо қилиб ўтирсам, нариги "женский" комнатадан бир аёл чиқиб: "Ука, сени укол қилиш керак экан, деб эшитдим. Келақол, мана мен укол қиламан сени. Ҳар ҳолда, бу ерларга келмасимдан бурун ўз она юртимизда касалхонада ишлаганман, оз-моз бўлсада бу соҳадан хабарим бор", дейди. Ажабо! Жуда хурсанд бўлдим-ей, тўғриси. Қаранг, "ўқиган" эмас, "эшитган" экан бечора опа. Демак, рус тилини менчалик яхши билмас экан, қайсидир ўзимга ўҳшаган саводли инсон ўқиганларини унга "пиривот" қилган бўлса керак-ов, нима дединглар?
 Хурсанд булганимдан ҳалиги опани бииир бағримга босиб, ўпиб олмоқчи эдим, кейин озгина уялдим-да, ўзимни босиб олиб, аёлга ўз миннатдорчилигимни билдириш билан кифояландим.
 Биз "Операция К"ни бошлаш учун четроққа чиқдик. Нега "именно" "Операция К", дейсизми? Ҳа, орқа тарафимдан укол қилганидан кейин "К" бўлмай, "Қ" бўлсинми?!
 Халоскор аёлим мени қорин тарафга ётқизиб, ишприцни тайёрлаб утирар, мен эса шу орада "операциямиз" зерикарли ўтмаслиги учун, ўз миннадорчилигимни сўз билан ифодалаш мақсадида гап очдим:
 - Опа, яхшиям, сиз бор экансиз. Сиз йўклигингизда нима қилардим, билмайман, - кейинчалик шундай улкан иқтидор эгаси бу ерда "посудомойка" бўлиб ишлаётганига раҳмим келиб, гапни давом эттирдим, - опа, шунақа муҳим касб эгаси бўлиб туриб ҳам, шу ерларда ишлаб юрибсиз-а, эссиз... Ўзбекистонда ишлаб, бу борада анча тажриба орттирган экансиз, ўша ернинг ўзида бирор-бир касалхонага ишга кирсангиз бўлмасмиди? Бегона юртларда ишлаб юриш шартмиди сизга?!
 - Ҳа энди, укам, пешонада ёзилгани шу экан-да, - дея жавоб қайтарди у.
 - Ҳа, майли. Омадингизни берсин. Айтганча, касалхонада хамшира бўлиб ишлаганмисиз ёки..?
 Аёл менинг "К" томонимни пахта билан артиб олиб, игна санчиб қўяр экан, чуқур хурсинди-да, деди:
 - Фаррош бўлиб ишлаганман, укам.
 Бу гапларни эшитиб "шокка" тушиб қолдим, очиғи. Орқа томоним шундай қаттиқ оғриб кетдикииии, дод деб юборгим келди. Фаррошга "К"ни ишониб топширгандан кўра, пулларимни аямай, "профига" мурожаат қилсам бўлмасмиди?! Лох бўлмай мен ўлай-а!
 Шундан сўнг, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, орқа томоним қаттиқ оғриқ ҳис қилди. Бир балолар қилиб чидамликни 100 даражагача кўтариб, даволаниш ишларини тугатдим-у, бироқ ўрнимдан тура олмай, ҳатто қимирлолмай яна бир ойча уйда ётдим. Шу бир ой ичида қарзга ботганимни айтмайсизми, ўҳ-ҳў, икки ойдан буён шу қарзларимни ишлаб беряпман. Ҳа айтганча, уйимга ҳанузгача пул жўнатганим йўқ...

Сўнгги пушаймон

Сўнгги пушаймон (Ҳикоя)

 - Ҳар бир лафзнинг оқибати қанчалик оғир бўлишини билишинг керак эди, - қаттиқ оҳангда гапини давом эттирди Ҳусниддин ёнида бошини эгиб ўтирган Қодирга қараб, - олдин ким эдинг-у, энди ким бўлдинг, лаънати!

 - Астағфируллоҳ, - деб бош чайқади Қодир.

 - Хотининг эмиратда қизинг билан "бизнес" қилиш билан овора, ўзинг эса ҳар доим маст аҳволда кўчаларни дарвеш каби кезардинг. Қўлимни чўзиб, сенга ёрдам бермаганимда эди, итдек хор бўлиб, кўчаларда сарғайиб юраверардинг.

 - Ҳар бир банда ўз вақтида ўзини англай олиши мумкин, бу унинг қўлида...

 - Қисқаси, гапни камайтир. Менга ақл ўргатма. Агар яна бир марта одамлар орасида менинг номимни тилингга олсанг, ушбу қурмағур тилингни кесиб, итларимга ем қилдираман! Чиқ, даф бўл бу ердан!

 Қодир шу заҳотиёқ кўлларини очиб, омийн килди-да, бу хонадондан аста-секинлик билан чиқиб кета бошлади.
*****

 Ҳусниддин уйғониб кетди. Сўнгги уч-тўрт кундан бери уни қўрқинчли тушлар таъқиб этишмоқда. Бахтга қарши, у бутунлай эслашни истамаган ўй-ҳаёллар уни қийнарди. Бугун яна бир марта Қодир унинг тушига кирди. Қўрқувданми, пушаймонликданми унинг юзлари терлаб, сув бўлиб кетганди.

 Ҳусниддин ўз ўрнидан турди. Кўзгуда ўз аксини томоша қилиб утирар экан, оқарган сочлари-ю, ўстириб олган оқ соқоллари унинг ўзига тегишли эканлигига ишонмай ҳайрон эди. Бир ойча олдин юзида ёруғ нур ила табассум билан юрарди. Бугун эса хурсинган ҳолатда ётишдан бошқа ҳеч вақога ярамай қолди.
 Деразадан ҳовлига ўксиниб каради. У табиатга нигоҳ солиб, соатлаб шу туришда вақтни кетказишни ёқтирарди. Бугун ҳам шу ишга қўл урди. Бир сўз демасдан. Шунчаки, диваннинг бир чеккасида ўтириб олиб, очиқ ойналар орқали кўчадаги қушларнинг сайрашини томоша қилганча, баҳра олди.
 Нариги хонада эса унинг аёли, ўғли, келини ва ўғил невараси биргаликда ўтиришибди. Чой ичиб, телевизор томоша қилганча, ҳордиқ олишяпти. Ҳусниддин эса уларга кўшилмас эди, у шу ерда табиатга назар солишни ёқтирарди. Ёлғизлик - унинг энг яқин ҳамроҳи, унинг энг яқин сирдоши эди.
 Ўғил неварасининг овози шу ергача эшитиляпти. Қандай ёқимли бу овоз! Эндигина икки ёшни қарши олган булса-да, тўҳтамай гапиришини-чи буни. Ҳусниддин унинг овозини эшитди-ю, кўзи беиҳтиёр ёшланиб кетди. Бир томондан севинч ёшлари, бошқа томондан эса қайғу ёшлари уни қамраб олди. Ўғли бир пасда улғайиб, оилали бўлди-я. Кечагина мактабда икки баҳо олиб, ўз дадасидан дакки эшитиб юрган тирранча бугу улғайди-я, ота бўлди-я! Вақти келиб невараси ҳам худди шу тариқа кўзни юмиб очгунча улғаяди. У ҳам ўқишга кириб, мактабни тамомлайди, кейинчалик оилали бўлади. Ҳаёт чархпалаги айланаверар экан. "Янгилар" учун ҳаёт бошланса, "эскилар" билан видолашиш навбати келар экан. Вақт нақадар шавқатсиз! Бир неча йил аввал Ҳусниддиннинг ўзи дуркун бир йигит эди, бугун бўлса... Шуларни ўйлаб тургач, яна бир маротаба унинг юраги ғижимланди. Айтишади-ку, инсонни ўз ўй-фикрлари тамом қилади, деб.
 Қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар, иш доирасидан ҳамкасблар, ёрдамчилар, шогирдлар деярли ҳар кун ундан ҳол-аҳвол сўраб келишарди. Ҳусниддин барчага ташрифлари учун ташаккур билдириб, ёлғиз қолишни маъқул кўрарди.
 Сўнгги пайтларда жуда ўзгариб кетганлигини ҳамма пайқаган эди. Илгарилари ёнида ўтирган хар қандай одамнинг олдида ўзини жуда эркин тутарди, гавдасини баланд кўтариб гапирарди. Ёнига келган ҳар қандай одам энг биринчи навбатда унинг кайфиятини бузиб қўймасликни мақсад қиларди. Дарҳақиқат, жуда катта куч ва қудрат бор эди унинг қўлида. Бугун эса...
 Ҳусниддин диван устига ўтириб олиб, сигарет чекишни бошлаб юборди. Авваллари сигаретдаги ёзувга ҳеч кўзи тушмаганди, бироқ бугун ўша ёзувни астойдил ўқиб чиқишга қарор қилди: "Сигарет чекиш соғлиққаа зарар..."
 Оғзидан тутун тортди-ю, тушига кирган манзара такрор ҳаёлидан ўтди. Нима учун Қодир унинг тушига кириб чиқмоқда? Нимага айнан шу вақтда? Бу нимани англатиши мумкин? Ҳусниддин қўлидаги сигаретни лаби томонга яқинлаштириб қўяр экан, яна бир марта ўтмишга карам бўлди.
*****

 - Бир оғиз гапингиз-да, ака, - деб тиржайиб айтди ёнида ўтирган басавлат бир йигит.

 - "Эшшак семирса, эгасини тепади" деганлари рост экан. Бунга энди ишонч хосил қилдим. Бу галварс одам бўлмади, бўлмади.

 - Уни мана биз одам қиламиз, ака. Нима қилайлик? Буюринг.

 - Уни би-и-и-ир "оқ халат" кийиб юрадиган "қариндошлари" билан таништириб қўй, - манзил ёзилган бир парча коғозни йигитга узатди, - шу ерда мендан қарзи бор бўлган бир киши ишлайди. Менинг исмимни тилингга олсанг, бўлди - ҳаммасини оғизмай-тоғизмай бажариб қўяди. Агарда бу ҳам "дардига" шифо бермаса, бошқа вариантларни қўллаймиз.

 - Хўп бўлади. Ҳалиги сизни қийнаб қўйган одамнинг исмини нима дедингиз?
 - Қодир.
 Қодирнинг айби маҳалла аҳолисининг кўзларини каттароқ очишларига ундаганлари бўлди. Бироқ, дўст ичидан ҳам душман топилдими, хуллас, кимдир унинг ниятини бориб Ҳусниддинга хабар берибди. Қодир мардлик қилди, аммо шу билан бирга эҳтиёткорсизликка йўл қўйди. Ахир Хусниддин катта обрў-эътиборга эга бўлган шахс эди-да. Қодир эса бу иблис қўлидан озод бўлишини жуда хоҳларди. Шу сабабли, Ҳусниддин ҳакида маҳаллаларда турли гап-сўзлар кўпайиб кетди. Қодир унинг улкан обрўсига путур етказаётгандек тасаввур уйғотганди. Охир-оқибат таниш-билишчиликни ишга солиб, бир оддий, кўнгли соф инсонни аввал руҳий касаллар хонасига жўнатди, сўнгра қамоққаа тиқди. Қамоқхонадан эсон-омон чиқиш пешонада ёзилмаган экан, ўша ерда бандаликни бажо келтирди...
*****

 Буларни бугун бир-бир эслаб бўлгач, бағрини игна санчиётгандек гўё, жиз этиб қўйди.
 Қанчадан-қанча одамларнинг ҳаётига зомин бўлган бу иблис зоти бугун бутунлай ўзгача фикрларди. Тавба килиш илинжида ёнган Ҳусниддин ўғли Жахонгирнинг жойнамози ва тасбеҳини қидириб топди-ю, умри давомида илк бора номоз ўқишга шошилди.
 Шу пайт уйга унинг аёли кириб қолди. Қараса, эри намоз ўқиш билан банд. Бу манзарани кўрган аёл аввалига кўзларига ишонмади, сўнгра ҳайратдан ёқасини ушлаб, бир пас жойидан қимирламай, миқ этмай, тикка турди. Ҳусниддинга бир сўз демасдан уйдан чиқиб кетди-да, ўйга толди: "Шоядки, инсофи кирган бўлса?! Биздан бир нима яшириб келаётгани рост, чамамда".
 Кўнгли сезди. Сезди-ю, лекин барибир ҳеч гапга тушунолмай ҳалак эди.
 Бундан бир ҳафта муқаддам врач Ҳусниддинга: "Бир ой вақтингиз қолибди, тайёргарликингизни кўраверинг" - дегани, унинг ўзидан бўлак ёлғиз Аллох таъолога аён эди.

Иқрор

ИҚРОР

Турфа ходисаларни бошдан кечирдик,
Қўркув исканжасида улғайдик, хайҳот.
Дунё синовларидан қочмоқчи эдик,
Лек бу имтиҳонлардан қочган қай бир зот?

Бамайлихотир юрдик, гуноҳдан қўрқмай,
Молу-дунё деб билдик замин жаннатни.
Кайф-сафога берилдик, Аллоҳдан қўрқмай,
Пул яратдик-у, бошлаб бердик қиёматни.

Кимларнингдир қалбида мудрайди инсоф,
Халқа-халқа кўзёшлар сачрар тўлқиндек.
Кимларнингдир ишлари қонунга хилоф,
Ва лек кўнгли ҳар доим соф ва сокиндек.

Шудир бугунги ҳаёт ҳақиқатлари,
Мингдан бир бўлагини ёздим мен ногоҳ,
Ушбу ёзиб битилган дардли қайдларим,
Юрагимда топажак энг сўнгги паноҳ.

Бекат


 Шерзод ишдан чиқиб, автобус бекатига шошилди. Катта қадамлар ташлаб юрар экан, ёнидан ўтиб кетган бир латофатли қизни учратди-ю, ундан кўзини узолмай қолди. Унинг соҳибжамоллиги Шерзоднинг эс-хушини ўғирлагандек эди гўё. Қиз ҳам шу орада унга тикилиб турган нотаниш йигит томон бир қараб куйди-да, унинг нигоҳларидан уялиб кетиб, ўзини қаерга олиб қочишни билмай ҳалак эди. «Мендек гўзал қизни ҳеч қаерда учратмаган бўлса керак» деб ўйлаб, жилмайиб қўйди қиз. «Кўйлаги жуда чиройли экан, аёлимга ҳам худди шунақасидан олиб бераман!» деб ҳаёл сурди Шерзод.

Фикр


 Чақалоқ дунёга келганда кўп йиғлайди. Нега? Чунки у тайёр озиқ-овқат, иссиқгина уйи ҳамда ўз дунёсига эга эди ва бир зумда ҳаммасидан махрум бўлди. Аммо вақт ўтиб боргани сайин у шуни англайдики, бу дунё аввалгисидан, яъни она қорнидан-да каттароқ, роҳатлари эса янада кўпроқ экан. Одам ўлим тўшагида ётган онда ҳам «Ҳаммаси тамом, бу менинг сўнгги манзилим» деганча, ич-ичини кемириб ётади. Бу унинг ўтказган бутун умри давомида йўл кўйган иккинчи катта хатосидир. Асли олганда нариги дунё табиийроқ, азоблари оғирроқ, лаззатлари эса бунданда кучлироқдир. Шундай экан, барчамиз умримизнинг иккинчи бекатида туриб, айнан ушбу бекат ҳаммасига ойдинлик киритиб ўтишини унутмаслигимиз лозим. Ҳар бир қадамимизни ўйлаб босайлик, чунки бир кун келиб танимиздан жон чиққанда, қон айланиши тўхтаганда, нариги, учинчи дунёимизга равона бўлиб, у ерда хисобот топширамиз. Она қорнидаги бола каби фикр юритманг...

Қисқа ҳикоялар

Энг қисқа ва қўрқинчли ҳикояларни яратишга ҳаракат қилиб кўрдик. Баҳо бериш сизлардан. :)

Ganisher Baydullaev:

Тонгда уйғониб телефонимга қарадим. Ухлаётганим суратга олинган эди. Мен уйда ёлғиз яшайман...
*****

Уйга келганимда ошхонадан онам чақирар эди: «Овқатга кел». Шу пайтнинг ўзида телефонимга онамдан смс келди: «Уйга кеч келаман. Овқат музлатгичда турибди».
 *****

Салом Шох:

У кўзгуда сўнгги бор ўз қотилига қараб турарди...
*****

Rustam Mamadaminov:

Кўчада кетяпман. Ёмғир ёғяпти-ю, аммо нимагадир устим қуп-қуруқ...
*****

У бирдан уйғониб, ўз ўрнидан турмоқчи бўлди... Унинг боши қабр тошига тегди.
*****

Doston Musayev:

Почтамга хат келди. Хат қадимги Миср тилида ёзилган. Санасига қарасам - 5402 йил экан.
*****

Аёл қабристон бўйлаб қўрқа-писа кетиб борарди. Кутилмаганда бир эркак киши қўлидан маҳкам тутиб деди:
 ― Олиб ўтиб қўяйми?
  Олиб ўтиб қўйганидан сўнг аёл миннатдорчилик билдириб деди:
 ― Раҳмат, жуда яхши одам экансиз!
 ― Арзимайди, тириклигимда ҳам бундай гапларни кўп эшитардим...
*****

Muradjan Ruzibekov:

Унинг уйи олдида тумонат одам йиғилган эди. У ҳам чопон кийиб, йиғлаб ўтирарди. Уввослар кучайганида тобут томонга бир қараб қўйди... ва шу заҳоти даҳшат ҳамда қўрқув уни қамраб олди. Тобут ичида кафанга ўралиб ётган майит - унинг ўзи эди.

Муножат Муҳаммад Айюб:

У қоронғуликдан қўрқарди. Уйда ёлғиз ўзи эди. Свет ўчиб қолди. Қўрқувни енгиш учун бор овози билан Қуръонни ўқий бошлади ва шу он деразасининг пардаси кўтарилиб, узун бўйли қора шарпа хонани тарк этди...

Темурмалик Тожиддинзода:

Ухлаб ётгандим. Тунги соат бирда бир эркакнинг овози эшитилди. У менинг исмимни айтиб чақирарди. Кўзларимни аранг очдим. Дахшат ва қўрқув юрагимни ларзага соларди... Мен уйимда ёлғиз онам билан яшайман.
*****

Шерзод бугун ишдан жуда чарчаб келганди. Ўзини ҳолсиз диван устига отиб, хордиқ чиқармоқлик бахтига муяссар бўлди. Шу захоти унинг ёнига қора мушук югуриб келди ва эркаланишни бошлади. «Бу қанақаси?!» - дея ўйлаб, ҳайратдан ёқасини ушлади Шерзод, «Мушук қаердан пайдо бўлди, ахир кечагина қора ит сотиб олмаганмидим?!»
*****

Кимдир ярим кечаси эшигимни тақиллатди. Дадил қадам ташлаб, эшик томон юзланиб борар эканман, кўчадан онамнинг «Тезроқ очақол, болам», деган овози эшитилди. Раҳматли онам вафот этганларига бугун роппа-роса 5 йил тўлган эди.

Xayrulla Hamidov:

Гўрков ўзининг энг одатий иши устида тер тўкарди. Бироқ, охирги бор қабр кавлаётганини ҳозирча билмасди. Кимгалигиниям билмасди, табиий. Ҳозирча...
*****

Гўдак туғилди. Пешонаси аччиқ бола суриялик эди.
*****

Самолёт портлай-портлай деганда, у парашюти билан тушиб кетишга улгурди. Самолёт портлаганини ўз кўзи билан кўрди.

Саҳро. Оч қолган шер осмондан нимадир тушаётганлигига ажабланиб қараб турибди...
*****

Иккита шеър

Юрибман-да...
Топмай дардимга чора.
Сенга муҳаббатим керакми ўзи?!
Юрибсан-да...
Ўзинг билан овора.
Куйганим, ёнганим нимага арзир?!

Тангрим, бергин менга мустаҳкам бардош,
Токи биров дилга солмасин титроқ.
Кечир, сен томонга яна отдим тош,
Кечир, ҳаётингга кирдим бесўроқ.

Билмай гуноҳларга қўл урдим бироқ,
Товба илинжида ёндим ҳар нафас.
Ҳар қалай аҳволинг мендан яхшироқ,
Аллоҳ паноҳида омон бўлсанг бас.
*****

Кетарсан...
Юракка солиб ғулғула,
Наҳот шуларни менга кўрдинг раво?
Қалбимиз риштаси нафратга тўла,
Сочилиб ётмоқда соғинчлар аро.

Тўйдим ишқнинг бу машмашасидан, ёр -
Бир келарсану,
Бир ташлаб кетарсан.
Ёлғизлик, бунчалар қийнайсан бисёр,
Ҳар гал остонамдан хатлаб ўтарсан.

Мени минг дардларга этдинг мубтало,
Ич-ичимни тирнар ёвуз оломон.
Билсам, сен экансан ҳаммадан аъло,
Билдим...
Лек, жуда кеч билганим ёмон.

Абадий дўстлик

Бугун жуда истеъдодли футболчи, уч карра «Олтин тўп» соврини соҳиби - португалиялик Криштиану Роналдунинг туғилган куни. Кўпчилик футболчига атаб турли постинг ва мақолалар ёзиб қўйишаётган экан. Мен ҳам бир вақтлар Фейсбукда ёзган постингимни яна бир бор сизларга илинишни лозим топдим. Унинг қандай футболчи эканлигини барчамиз жуда яхши биламиз. Роналдунинг ўйинига ҳавас қилмайдиган, унинг ўйинларига ром бўлиб қолмаган футбол мухлиси йўқ бўлса керак орамизда. Ҳозир эса унинг ўйинларини бир четга суриб турайлик. Зеро, бугунги ҳикоямиз Криштиану Роналдунинг ҳаётда қандай шахс эканлигини билдирса ажабмас. Демак, бошладик.

 Бу воқеани кўпчилик эшитган ёки уқиган бўлса керак. Узим ҳам ушбу постингни бундан икки йил аввал айнан мана шу кунда ёзиб қолдирган эканман. Фейсбук эслатди... ва яна бир бор ёзишга қарор қилдим.

 Таниқли "юлдуз" футболчи Криштиану Роналду берган интервьюларининг бирида ўз болалиги туғрисида бир ажойиб воқеани сўзлаб берди:

 «Футболда бугун эришаётган ютуқларимга энг яқин дўстим Алберту Фантрау улкан ҳисса қўшган. Ёш бола пайтларимда бир кичик футбол мактабида у билан биргаликда тўп сурганман. Биз иккимизни "Спортинг" футбол клуби мутасаддиларига тавсия этишибди. Шунда бир куни ушбу клуб мутахассислари ўйинимизни томоша қилиш учун бизнинг академиямизга ташриф буюришди. Улар биздан бор куч билан ҳаракат қилишимизни талаб қилишар экан, "Спортинг" клубида бор-йўғи битта жой борлигини ва ким бугун кўпроқ гол уришга эришса, ўша футболчини ўзлари билан бирга олиб кетишларини таъкидлашди.

 Ўйин 3-0 ҳисобида бизнинг фойдамизга ҳал бўлган. Ҳамон ёдимда, биринчи голни рақиб ҳимоячиларини бирма-бир чиройли тарзда алдаб ўтиб, мен урганман. Иккинчи тупни эса дустим Алберту киритган эди. Учинчи гол барчани таажублантирди. Ўйиннинг сўнгги дақиқалари ўз поёнига етиб бораётган бир пайтда, дўстим дарвозабон билан яккама-якка ҳолатда чикиб келди. Уни алдаб ўтдию, ёнига югуриб келганимни кўриб, тўпни менга узатди ва мен учинчи голга муаллифлик қилдим. Ваҳоланки, ўшанда дўстимнинг ўзи ҳам бўш қолган дарвозани бемалол ишғол қилиши мумкин эди. Ўйин тугагач, унинг ёнига югуриб келдим ва хайрат билан: "Нима учун бундай қилдинг?" деб сўрадим. У эса бошини эгиб олиб: "Криш, сен бу жойга лойиқсан, чунки сен мендан зўрсан!" - деди-да, орқасига қараб кетиб колди. Якунда айнан мен "Спортинг" клуби аъзосига айландим.»

 Криштианунинг ушбу гапларидан сўнг журналистлар футболчининг дўсти Алберту Фантрауни топиб олишди. У ҳам ўз навбатида Роналдунинг гапларини сўзма-сўз тасдиқлади ва ўша воқеадан сўнг футболдан умрбодга кетганлигини айтди. Журналистлар «Ўзингиз ишсиз экансиз... Шундай катта данғилама уй билан қимматбаҳо автомобил қаердан?" - деб сўрашганларида, Алберту: «Буларнинг барчаси Криштианунинг пулларига сотиб олинган» - дея жавоб қайтарди.

Маршрут

Онамнинг айтишига қараганда, кичкиналигимда китобларни хуш кўрганман ва уларни бирма-бир мутолаа қилиб чиқишни қанда қилмаган эканман. Айниқса, автобус ичида китоб ўқиб ўтирганимни катта ёшдагилар кўриб қолишса, ҳайрон ҳолатда мен томонга назар солиб қўйишар эканлар. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, ёнингизда 9 яшар бола ўтирибди, қўлида китоб. Йўқ, мактаб дарсларида ўқитиладиган китоб эмас, ҳақиқий «адабиёт қироллари» бўлган нависандаларнинг маҳсулоти эди бу. Қизиғ-а?
 Ўзим ҳам бу дамларни аҳён-аҳёнда эслаб тураман. Адашмасам, ўшанда 9 ёки 10 ёшда эдим. Гапнинг иддаоси шундаки, кичкиналигимдан китоб ўқишни ҳамда бир нималарни ичимдан тўқиб ёзишни хуш кўрганман. Улғайгач, таниқли бир адабиётшунос, мухбир, шоир бўлишни орзу қилганман. Аммо кейинчалик бу орзуларимни рўёбга чиқара олмадим. Куз фаслининг бошларида дарахт барглари сўлиб, ерга тушиб кетгани сингари, менинг орзуим ҳам саробга айланди-қўйди...
 Ҳозирда болалик давримни эслаб, мақола ёзиб туришга ҳаракат қиляпман. Аммо барибир буларнинг барчаси мен учун оддий бир хобби, холос. Аниқроғи, бўш вақтни мароқли ўтказиш учун қўлланиладиган услуб.
 Тўғри-да, ахир ҳар бир эркак киши катта ишларни амалга оширишни, хусусан, оилали бўлишни ва ушбу оилани елкасида кўтариб юришни, уни тўлақонли парвариш қилишни истамайдими? Келажакда ўзи ҳам, оиласи ҳам қийинчиликларга йўлиқмасликлари учун қўлдан келганча ҳаракат қилмайдими? Айнан шу сабабли, мен ўз орзуларимни оддий бир хоббига алмаштириб, пул топиш илинжида бутунлай ўзгача бурилиш ясашга, буткул қарама-қарши йўллар томон юз буришга мажбур бўлдим.
 Буларни нега ёздим? Футболга ёзганларимнинг нима алоқаси бор? Шошмай туринг, ҳозир ҳаммасини бир бошдан тушунтириб бераман.
 Донецкнинг «Шахтёр» футбол клубида жавлон уриб келган, рақиб футболчиларини бирма-бир чиройли тарзда алдаб ўта оладиган юқори техника соҳиби ҳамда кучли ва аниқ зарбасига эга бўлган 26 ёшли бразилиялик футболчи Алекс Тейшейра атрофида содир бўлган воқеаларни эслайсизми? Ушбу мавсум доирасида «кончилар» сафида 26 ўйинда майдонга тушиб, 26 маротаба рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлган футболчини Европанинг энг сараланган кучли клублари ўз сафларига қўшиб қўйишни мақсад қилгандилар. «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед» ҳамда «Ювентус» шулар жумласидандир. Ҳаттоки, «Ливерпуль» раҳбарияти ушбу футболчига жиддий қизиқиш билдириб, унинг учун 32 миллион евро таклиф қилишган. Барчаси нима билан якун топди? Футболчилик фаолиятининг энг чўққисида турган бу футболчи Хитойнинг «Цзянсу Сунин» жамоасига 50 миллион евро эвазига равона бўлди. Тамом. Шу жойда эртак тугади.
 Ушбу оламшумул трансфер амалга оширилгач, «Ливерпуль» бош мураббийи бу борада ўз фикрларини қўйидагича баён этди: «Агар сен 26 ёшда бўлсанг ва сенда шундай ажойиб таклиф бўлса, бу ҳақда яхшилаб ўйлаб кўришинг керак бўлади. Айтишим мумкинки, Тейшейра "Ливерпуль"да ўйнашни эмас, Хитойнинг "Цзянсу" жамоасини танлаш орқали ўз болаларининг ва бошқа қариндошларининг келажагини таъминлаб қўйди.»
 Ҳа, Европа майдонларида кўплаб совринларга эга бўлиши мумкин бўлган улкан истеъдод соҳиби шу тариқа ўз келажагини белгиллаб олди. Албатта, у ҳам болалигидан кучли жамоа сафида ўйнашни, футбол оламида ўз ўрнига эга бўлишни орзу қилган. Аммо юқорида Юрген Клопп таъкидлаганидек, у ўз келажаги ва бола-чақасини ўйлаб, шу ишга қўл уришга қарор қилди.
 Ҳай, Тейшейра-ку, майли, бразилиялик футболчи. У ҳақда кўп ўйлашимиз керак эмас, зотан, унинг тақдири бизни ташвишга солмайди. Лекин ўзимиздан чиққан юксак иқтидор эгаси Сардор Рашидов борасида ҳам худди шу фикрдамизми, демак, ушбу мақоламни ёзишга тўлақонли хақим бор экан. Сизнинг назарингизда, Рашидов ҳам бразилиялик ҳамкасбига ўхшаб, ўзини ўзи хароб қилиб қўймадими?
 Ўзининг индивидуал маҳорати билан кўпчилигимизни ҳайрон қолдирган бу футболчи келажаги тўғрисидаги қарори билан ҳаммани ҳайрон қолдирди. Айнан унинг чап оёқдаги кучли ва аниқ зарбаларига, юқори тезлигига, «парашют» услубида дарвозани ишғол қила олишига, юқори техника ва дриблингларига маҳлиё бўлган мухлислар стадионларимизга ташриф буюраверишарди. У сабаб, ҳа, айнан унинг ўйинлари сабаб, сўнгги пайтларда «Бунёдкор» стадиони лиқ тўларди. Биласиз, ҳашаматли стадионларимиз кўпинча бўм-бўш туришади, уларни тўлдиришнинг ўзи осон иш эмас. Яқин ўтмишда Александр Гейнрих ва Одил Аҳмедов «Пахтакор» сафида ўйнагандагина, Ривалдо ва Сервер Жепаров «Бунёдкор»да ажойиб тандем хосил қилганларидагина мухлисларимиз футболимизни шу қадар севиб  томоша қилишарди. Айтишим мумкинки, айнан Сардор ўша шонли даврларни қайтарганди, яъни, мухлисларни стадионларга қайтара олганди.
 Биз барчамиз унинг Европа клубларининг бирида ҳаракат қилишини ўз кўзимиз билан кўришимизни истаган эдик. Бу амалга оширилиши мумкин бўлган вазифа эканлигига ишонган эдик. Сардорнинг ўзи ҳам бир неча маротаба Европа майдонларида тўп суришни орзу қилишини айтиб ўтар эди. Орзу қилар эди у. Орзу...
 Рашидовни сотиб, яхшигина даромад кўрган «Бунёдкор» орадан кўп вақт ўтмасдан яна мухлисларни ўз стадионига жалб этишни бошлади. Ҳа, тўғри илғай олдингиз, гап айнан Элдор Шомуродов ва Достон Ҳамдамов ҳақида боряпти. Ёш футболчилар ўз жамоаси сафида жуда эркин ҳаракат қилишмоқда, голлар уришмоқда. Қолаверса, яқиндагина ўз индивидуал ҳаракатлари эвазига араб жамоаларини ҳам ҳайратга солиб қайтишганди. Бу иккита футболчидан ташқари жамоа сафида майдонга чиқаётган яна кўплаб ёш футболчиларни таърифлаб беришим мумкин: Рустам Ашурматов, Акромжон Комилов, Отабек Шукуров, Забиҳилло Ўринбоев.
 Яқинда Достон Ҳамдамов ҳамда Элдор Шомуродов ўйинларини португалиялик скаутлар кузатиб ўтиришганлари ҳақидаги маълумотга кўзим тушганди. Жуда яхши! Бир пайтлар Одил Аҳмедов ҳам бир йил ижарада ўйнаб, кейинчалик трансфер хуқуқини тўлиқ сотиб олиш шарти билан «Анжи» жамоасига йўл олганди. Кейинчалик воқеалар ривожи қандай тус олгани сизга маълум. Аҳмедов ҳанузгача Россия Премьер-лигасида энг кўзга кўринган футболчилардан бири бўлиб турмоқда. Терма жамоамизнинг сардори, етакчи футболчиси!
 Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси ҳамшаҳарларидан ўрнак олишини жуда истайман. Айнан «Одил Аҳмедов операцияси» қай тариқа амалга оширилган бўлса, шу тариқа қолган футболчилар ҳам Европа жамоаларига йўл олишини кутмоқдаман. Кўз тегмасин, бугун «Бунёдкор» сафида етарлича ёш футболчилар етишиб чиқишмоқда. Улар аллақачон мухлисларимиз меҳрини қозонишга улгуришган. «Бунёдкор» раҳбариятидан иложи борича, Осиё жамоаларидан тушган таклифларга эътибор қаратмасликни сўрардим, акс ҳолда, Сардор Рашидов воқеаси такрорлангач, балки «Бунёдкор» футбол клуби бойиб кетар, аммо ўзбек футболи бундан фақатгина жабр кўриши қолади...
 Тасаввур қилинг, орадан кў-ў-ўп йиллар ўтиб сиз ўз набираларингизни атрофингизда йиғиб олиб, ҳордиқ чиқармоқдасиз. Уларга футболимиз тарихи тўғрисида қуйидагиларни сўзлаб берасиз: «Биласизларми, менинг давримда Ўзбекистон футболи энг юксак даврларни бошидан ўтказган. Футболимиз тарихида бундай воқеалар қайта такрорланмади. 1994 йили Хиросимада Осиё ўйинларида зафар қучганмиз. Кейинчалик кўп марта Жаҳон чемпионати ҳамда Олимпиада йўлланмаси учун кураш олиб борганмиз ва ҳар доим бизга озгина омад етишмасди. Ҳаттоки, терма жамоамиз Миржалол Қосимов бошчилигида 14 очко жамғарган ҳолда, ўз гуруҳида қолиб кетганди. Таркибимиз ҳам шунга монанд жуда кучли бўлган: Виталий Денисов, Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров ва Сардор Рашидовдек маҳоратли футболчилар тўп суришарди. Қалай, қойилмисизлар?!» Набираларингиз ҳам шу онда кўзларингизга ҳавас билан боқиб: «Аттанг, бобом даврида терма жамоам шундай кучли бўлган экан!» - деб, қаттиқ хўрсиниб қўйишади.
 Бу манзарани ўз тасаввурингизга сингдира олдингизми? Қўрқинчли, а? Мен ҳам мана шундан қўрқаман.

Graciac, Senor!

Яқин кунларда ўтказилган футзал бўйича Осиё чемпионатидаги терма жамоамизнинг мазмунли иштирокини, чиройли, матонатли, шижоатли ўйинларини кузатган ҳар бир мухлис қалбини «Эҳ, айнан мана шу тариқа футбол бўйича миллий терма жамоамиз ҳам муваффақиятларга эришиб, исталган кучли рақиб билан тенгма-тенг ўйнаган ҳолда ҳар доим бизни хурсанд қилиб келганларида борми...», деган ўй қамраб олган бўлса ажаб эмас. Дарҳақиқат, биз ушбу кунларда жуда қизиқарли баҳсларга бой бўлган ўйинлар кетма-кетлигини томоша қилиб роҳатландик. Йигитларга бунинг учун ўз миннатдорчилигимни билдираман!

Футзал бўйича Осиё чемпионати юртимиз футбол ихлосмандларининг тилидан ҳамон тушмаяпти. Тўғри-да, ахир футболимизда бу каби тарихий воқеалар сероб бўлмаса, начора, футзал билан ҳаммамиз овунамиз, алданамиз. Кўча-куйда, ишхоналарда, дўкон ва бозорларда, қўйингки, юртимизнинг деярли ҳар бир бурчагида футзалчиларимиз ўйини муҳокама қилиняпти. Яхши маънода. Ҳа, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганимиз, бу - улкан ходиса. Катта байрам. Гарчи, бу футзал мусобақаси бўлса ҳам.

Бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман. Биласиз, айнан мана шу йигитларимиз бир неча йиллардан буён миллий терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилишади. Шахсан мен Сержио Сапо бошқарувидаги терма жамоани жуда яхши эслайман. 2010 йилда Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида финалгача етиб борганмиз. Ўшанда ҳам тиниб-тинчимас Эрон терма жамоасига 3-8 ҳисобида мағлуб бўлгандик. Ўша пайтларда ҳам бу мусобақа роса қизиган, ўйин пайтида залларимиз муҳлислар билан тўлиб-тошган, лекин биласизми, у пайтда кайфиятимиз бу даражада кўтарилмаган эди. Тўғри, юқорида таъкидлаганимдек, залларни тўлдирган ҳолда ўйинларни томоша қилганмиз, қизиқиш ҳам юқори бўлган, аммо ғалабанинг таъми барибир бошқача бўлган, бунчалик сармаст бўлмаганмиз. Бир кун бу ютуғимизни нишонлаган бўлсак, эртаси кунда ҳаммасини унутганмиз. Бозорда ҳам, дўконда ҳам, кўчаларимизда ҳам бу мавзу бу қадар кенг муҳокама қилинмаган. Чунки ўшанда жаҳон чемпионати йўлланмаси ўртага қўйилмаган эди ўшанда. Фарқ шунда. Айнан жаҳон чемпионатига чиқиш масаласи ҳал этилгани боис, юртимиз мухлислари катта байрам уюштиришди

Терма жамоамиз сафида майдонга тушган футзалчиларимиз таркиби 2010 йилги таркибдан деярли фарқ қилмади. Эътиборлиси, Умаров, Свиридов, Юнусов, Ирсалиев ва яна бошқа бир қанча футзалчиларимиз бу сафарги таркибдан ҳам жой топишган эдилар ва жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишди. Тайланд, Япония, Эрон каби терма жамолар мунтазам равишда жаҳон чемпионатида Осиё шарафини ҳимоя этиб келаётган бўлса-да, бизнинг терма жамоамиз бунгача мундиал ҳавосидан баҳраманд бўлмаган эди. Энди бўлса, бу ноҳуш анъанага барҳам берилди. Таркиб деярли ўша-ўша бўлса ҳамки, терма жамоамиз ўйини тубдан ўзгаришларга юз тутди. Яхши томонга, албатта. Ўртада жаҳон чемпионати йўлланмаси турган бир вазиятда, футзалчиларимиздаги масъулият икки карра ошиши турган гап эди. Шунга қарамай, аввал ҳеч қачон эришолмаган натижага эришдик. Демак, қандай таркибга эга эканлигимиз аҳамиятли эмас, аслида ҳамма гап таркибни ким бошқариши ва қай тарзда жамоани шакллантира олишида экан!

Ўз уйимизда ўтказилган бу мусобақада жаҳон чемпионати йўлланмаси ҳал этилиши сиз ўйлаганчалик катта муваффақият эмас, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди, дейишингиз мумкин. Вьетнам бу мураккаб ишнинг уддасидан чиққанини иддао қиларсиз ҳам, балки. Бироқ, сизни ишонтириб айтаманки, бизнинг жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишимиз Вьетнамнинг ютуғидан анча фарқ қилади. Ҳозир тушунтириб бераман.

Вьетнам терма жамоаси ҳам барчани ҳайратга солиб, ярим финалга чиқди. Тўғри. Лекин, улар аслида ўзларига юклатилмаган, ҳеч ким кутмаган ва улардан талаб қилмаган натижаларга эришишди ва табиийки, қолган ўйинларга катта аҳамият қаратишмади. Ярим финал учрашувида Эрон терма жамоасига 1-13 ҳисобида, учинчи ўрин учун бўлган баҳсда эса, Тайландга 0-8 ҳисобида мағлуб бўлишди. Бундан вьетнамлик муҳлислар буткул ранжишмадилар. Вьетнам терма жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди-ку, бўлди-да. Муҳими шу! Қолгани иккинчи планга сурилди. Бундай улкан мувафаққиятдан сўнг ярим финал ва учинчи ўрин учун ўйинлар уларнинг мухлисларини қизиқтирармиди? Менимча, йўқ.

Ўзбекистон терма жамоасида эса, вазият бутунлай бошқача эди. Ўз уйида минглаб мухлислар қаршисида ўтказилган бу мусобақадан асосий мақсад - ярим финалга чиқиш эди. Тўғри, биз бу натижани қайд этдик, Вьетнам каби. Ҳамма хурсанд. Кейин-чи? Биз ҳам улар каби ўзимизни эркин ҳис қилган ҳолда, қолган учрашувларда максимал ҳолатда тайёрланмасликка, ўйин пайтида бор кучимизни ишга солмасликка ҳақимиз бормиди? Муҳлисларимиз кўз ўнгида-я? Йўғ-е?!

Тан олинг, агарда терма жамоамиз ярим финални ҳам, учинчи ўрин учун бўлган учрашувни ҳам бой берганида эди, биз бугунгидек футзалчиларимиз билан мағрурланиб юрмаган бўлардик. Ҳа, жаҳон чемпионати қўлга киритилди. Ҳа, ўз азалий орзуйимизга муҳлислар кўз ўнгида эришдик. Бу катта бахт! Аммо Тайландга ва учинчи ўрин учун бўлган баҳсни бой бердик-ку!? Э-воҳ, бу қанақаси? Шунга лойиқмидик? Ироқ терма жамоасини ҳам аслида тасодифан ютганмиз, терма жамоамиз умуман кучли эмас экан. Бўлмабди бу. Йиғиштириб қўйган маъқул барини... Шундай ҳаёлларга берилишимиз тайин эди, тўғрими? Финалга чиқдик, Эрон терма жамоасига муносиб қаршилик кўрсатдик, ҳаттоки, уларни мағлуб этишимиз мумкинлигини ҳам барчага исботлаб бердик. Хўш, терма жамоамиз бош мураббийи олдида қўйилган талаб максимал даражада бажарилдими? Бажарилди.

Биласизми, аслида футболда ҳам шундай. Жамоанинг ўйини кўпинча бош мураббийга боғлиқ. Унинг ўйинга туширган таркиби, танлаган тактик схемалари ва яна бир қатор ҳаракатлари сабаб жамоа қониқарли ёки аксинча қониқарсиз натижаларга эришади. Бош мураббийнинг билими эвазига оддий жамоалар юқори чўққиларни забт этиб келишмоқда. Раньери қўл остидаги «Лестер», Почеттино бошқараётган «Тоттенҳэм». Бундан бир неча йил муқаддам Испания примьерасида жон сақлаш учун кураш олиб борган «Атлетико Мадрид» Диего Симеоне бошқарувига ўтгач, тезда юксалишга эришди ва бугунги кунда нафақат ўз лигасида, балки бутун Европада ўз ўрнига эга бўлди. Ёки Клопп «ясаган» тажовузкор «Боруссия Дортмунд»ни олайлик. Моуриньо «Порту» билан биргаликда чемпионлар лигасида зафар қучганини ҳам эсдан чиқарманг. Шунга ўхшаш кўплаб мисолларни келтириб ўтишим мумкин.

Япония, Жанубий Корея, Хитой, Эрон ва араб мамлакатлари футбол клубларида пул борасида муаммо йўқ, деймиз. Сўнгги пайтларда Хитой жамоалари қай тариқа трансфер сиёсатини олиб бораётганидан ҳам хабардормиз. Улар шу аснода кучли легионер футболчиларни ўз таркибларига жалб қилишмоқда, таниқли Европалик мутахассисларни олиб келишмоқда. Хуллас, жамоалар Осиё чемпионлар лигасини ютиб олиш учун кўлидан келганча ҳаракат қилишяпти. Шунга яраша натижаларга ҳам ўзини кўп куттириб қўйгани йўқ. Бизнинг жамоаларимиздан фарқли ўлароқ уларда маблағ борасида муаммо йўқ. Истаганларини муҳайё қилишлари мумкин, ҳар ҳолда, бизнинг етакчи клубларимизга ўхшаб, учинчи ёки тўртинчи «сорт» легионер футболчилар билан шартнома имзолашмайди. Хўш, бугунги кунда футбол оламида ҳамма нарса пулга боғлиқми? Қайси клуб бойроқ бўлса, ўша футбол оламида ҳукмронлик қилиши керакми? Ундай бўлса, парижликлар, манчестерликлар ҳар мавсумда Европа чемпионлар лигасини ютиши керак экан-да. Агар ҳамма нарса пулга бориб тақалганда, «Боруссия», «Атлетико» ва «Порту» каби жамоалар финалга қадар етиб бориш тугул, ҳатто ўз гуруҳларидан ҳам чиқмасликлари керак эмасмиди?

Клубларимизнинг Осиё чемпионатидаги муваффақиятсиз иштирокига, қониқарсиз натижаларига маблағнинг камлиги, яъни, трансфер бозорида сустлигимиз, футболчиларимиз миллион долларлик маош олишмаётганликлари ва сафимизда бутун дунё танийдиган «юлдузларнинг» йўқлиги баҳона бўла олмайди. Қониқарсиз натижаларнинг мавжудлигига ушбу сабабни келтираверишимиз мутлақо нотўғри. Шунчаки, бизга Мендез каби мутахассис етишмаётгандек чамамда.

Бир вақтлар Анатолий Демьяненко «Насаф» жамоаси билан ОФК кубогида зафар қучган эди. Ўша дамлар ҳамон ёдимда: интиқлик ила узоқ кутилган ҳалқаро совринни қаршиликлар билан биргаликда бутун юртимиз нишонлаган. Ажойиб дамлар эди. Сколари бошқарган «Бунёдкор» клубини эсланг. Йўқ-йўқ, унинг қўл остида кучли таркиб бўлган, лекин шунга қарамай чепионлар лигасида зафар қучмаган, деб истисно қилишга шошилманг. Ахир, биргина «юлдуз» Ривалдонинг атрофида маҳаллий футболчиларимизни йиғиб олиб, Осиёда жуда кучли жамоани шакллантиришнинг ўзи осон иш эмас. Осиёнинг барча жамоалари «Бунёдкордан» ҳадиксираб ҳарақат қилишарди ўшанда. Эслайсизми? «Бунёдкор» - ҳамиша ўз олдига катта мақсадларни қўядиган жамоа эди. Ҳар ҳолда, бугунгидек мудом «ёшларнинг тажрибасизлигини» пеш қилиб, гуруҳ босқичидан чиқолмайдиган сўнгги даражали клуб эмас. «Пахтакор» ҳам Радулович пайтида жуда мазмунли ўйин намойиш қилган. Осиё чемпионлар лигасида ўз гуруҳидан чиқишга муваффақ бўлган, ички чемпионатимизда ҳам Осиёнинг гранд жамоасига айланган «Бунёдкор»га муносиб тарзда қаршилик кўрсата олган. Ҳеч бир жабҳада қолишмас эди. Ҳакамларни «сотиб» олишга ҳам ҳожат йўқ эди, чунки Одил Аҳмедов, Александр Гейнриҳ ва Артур Геворкян каби кучли футболчиларга ва Радуловичдек кучли мутахассисга эга эди жамоа. Ҳар бир «Тошкент дербиси» вақтида стадионларимиз муҳлислар билан тўлиб-тошарди. Қизиқиш жуда юқори бўларди.

Кучли мутахассислар клубларимизни бошқарган ўша пайтларда улардан юқори натижаларни кутганмиз. Талаб қилганмиз. Бугун эса бунинг акси.

Мамлакатимизнинг гранд жамоаси, кумуш медаль соҳиби «Локомотив» футбол клубининг мураббийи Осиё чемпионлар лигаси биринчи тур учрашуви олдидан матбуот анжуманида берган интервьюси чоғида «Бизнинг асосий вазифамиз - ўз гуруҳимиздан чиқиш» деб, барчани таажублантиргани сўзларимни тасдиқловчи мисол тариқасида келтиришим мумкин, назаримда.

Майли, келинг, бу гапларни қўйиб турайлик. Аслида мен бугун футбол мавзусида ёзмоқчи эмасдим. Осиё чемпионлар лигасининг биринчи туридан ҳам, иккинчисидан ҳам таассуротлар талайгина. Лекин мен бугун бунга урғу бермасликка қарор қилдим. Биринчи турда ўз майдонида сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан аранг қутулиб қолган «Локомотив» ҳақида ҳам, иккинчи бўлимнинг ўрталаридан бошлаб ўйнашга кучи қолмаган ва якунда бирин-кетин хатоларга йўл қўйиб, икки тўп фарқини қўлдан бой берганча дурангга имзо чекишга мажбур бўлган «Бунёдкор» тўғрисида ҳам ёзиш ниятим йўқ. «Пахтакор» жамоасининг «суянчиғи», Бабаяннинг ёқимтойи Сергеев бир эмас, икки эмас, нақ уч марта «қовун туширганини» ҳам, майдон бўйлаб аранг пиёда юрган «Насаф» футболчиларини ҳам бир четга суриб турайлик. Мен аслида футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида гаплашишни ният қилгандим. Мавзудан четлаб кетганим учун мени маъзур тутасизлар.

Менсиз ҳам уларни кўкка кўтариб, турли мақтовлар билан «сийлайдиган» мухбирлар топилиши аниқ. Шу сабабли, уларга «мақтовлар ёмғирини» ёғдирмоқчи эмасман. Шунчаки, Осиё чемпионатида кумуш медалларни бизга тақдим этган футзалчиларимизга ташаккур айтмоқчиман. Шу қаторда бу йўлда ўз ҳиссасини қўшган мутасаддиларимизга ҳам. Айниқса, терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиққан тажрибали, таниқли, хорижий бош мураббийни бу соврин билан чин кўнгилдан табриклайман. Яна бир бор қайтараман: Тажрибали. Таниқли. Хорижий бош мураббий.

Gracias, Senor!

ШОВҚИН ва СУКУНАТ

«Шовқин ҳеч нарсани исботламайди. Кўпинча тухум туққан товуқ шундай шанғиллайдики, гўёки кичик бир сайёрани туққандек!» 

Бу сўзлар 19-аср сўнгида ва 20-асрнинг бошларида жуда кўплаб роману ҳикояларга муаллифлик қилган америкалик таниқли ёзувчи Марк Твенга тегишли эди. Машҳур публицистга атаб бутун бошли мақоламни бағишлаш ниятим йўқ, албатта. Шунчаки, бугунги кунда футболимиз ичида айнан мана шу каби «ҳеч нарсани исботламаган шовқинлар» тўғрисида мулоҳаза юритмоқчиман.

Ёдингиздадир, «Пахтакор» ва «Металлург» жамоалари ўртасидаги учрашув расман келишилган деб эълон қилинган эди. Турган гапки, ушбу хабар жуда кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Мавзу турли жойларда етарлича муҳокама қилинди. Мухлислар орасида катта шов-шув кўтарганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. ОАВ расмийлари кўз ўнгида футболимиз президенти томонидан «Пахтакор» шаънига айтилган сўзлар кўпчиликни ажаблантирди. Ўзбекистон футбол жамоатчилиги, хусусан, шахсан ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ҳам бизнинг футболимизда шубҳали ўйинларнинг мавжудлигини тан олди. Айнан мана шу омил сабаб футболимиз чиндан ҳам ривожланаётганига ҳамда барчаси тўғри йўлдан кетаётганига ишончимиз қайтадан тиклангандек бўлди. Кўнглимизда қандайдир умид учқунлари пайдо бўлишига замин яратди.

Мен «Пахтакор» ва «Металлург» ўртасидаги учрашув келишилган ўйин деб топилганидан хурсанд бўлаётганим йўқ. Бу мудҳиш ходиса шусиз ҳам жуда кўплаб изтироблар гирдобида қолиб кетган футболимизни, «бокс тилида» айтганда, «нокаутга» учратгани бор гап. Мен бошқа мезонлар бўйича фикр юритиб, суюнган эдим. Яъниким, ниҳоят келишилган ўйинларнинг борлигини футболимизнинг юқори лавозимини банд этганларнинг барчаси тан олишди. Биз-ку, бу ишларнинг мавжудлигига аввалдан ишонч ҳосил қилганмиз. Улар ҳам ички шубҳаларимиз бекор эмаслигини тан олишга мажбур бўлдилар.

Футболимиз имижига соя соладиган бу каби чиркин ишлар олдини олиниши кишини хурсанд қилмасдан қўймасди. Барчамиз ҳаммаси тез орада яхшилик билан якунланишини кутган эдик. Бироқ, минг афсуслар бўлсинки, яхшилик билан фақатгина эртакларгина якунланар экан...

Вақт ўтгани сари бу гаплар шунчаки юзаки ҳолат экани, аслида эса на Мираброр Усмонов, на бошқа биров бу каби чиркин ишларга қарши тура олмаслиги тобора ойдинлашиб борар эди. Ҳар доимгидек, бизнинг ишончимизни суистеъмол қилишди. Натижада ҳеч нарса ўзгармади ва ҳаттоки, «Пахтакор» футбол клуби мутасаддилари чемпионликни тантанали равишда нишонлашга улгуришди ҳам.

Бутун халқ олдида қатъийлик билан баландпарвоз сўзлари орқали «Пахтакор» раҳбариятини ер билан яксон қилишга ваъда қилган, аммо жавоб тариқасида «тарсаки» еган инсоннинг қилмишларини қандай тушуниш кераклиги ақлимга сиғмаяпти. Очиғи, бу қайси бир мантиққа тўғри келишини англолмай ҳалакман.

«Биламиз, «Пахтакор» халқ жамоаси, лекин мавсум якунлари бўйича «Пахтакор» чемпион бўладими, кумуш ёки бронза медалларини оладими, қандай ўринни олишидан қатъий назар, бўлиб ўтган воқеалардан кейин жамоа аъзолари бу медалларни қандай тақиб юришаркан?» деб, жон куйдириб гапирган эди ЎФФ президенти. Уларнинг олтин медал таққанларини мана биз кўрдик, томоша қилдик. Таққанда ҳам жуда мағрурлик билан, савлат тўкиб тақиб юришди. Ҳаттоки, катта базм уюштириб беришди. Юзлари заррача қизаргани ҳам йўқ. Ҳаммаси ҳеч нима бўлмагандек бир пасда ўтиб кетди. Ҳеч ким ғинг демади-я!..

Бугунги кунда футболимиз ичида «олди-берди» воқеалар, келишилган ўйинлар ва бошқа бир қанча жирканч ишларнинг оммалашиб бораётганини кўриб ва билиб туриб жим юрган футболимиз раҳбарларига тасаннолар бўлсин. Зотан, бу каби халқнинг мезонига тегадиган ишларнинг борига ҳам, йўғига ҳам эътибор бермаслик, ўзини ҳаммадан олиб қочишлик ва ўз ишини ҳеч нарса содир бўлмагандек сидқидилдан давом эттиришлик чинакам «довюрак» инсоннинг ишидир.

Эндиликда, «Нима сабабдан жамоаларимиз Осиё чемпионлар лигаси мусобақасида ўз гуруҳидан чиқолмаяпти?» ҳамда «Нима учун ўз мақсадига эришишимиз учун ҳар доим «ҳакамларнинг хатоси» йўлимизга тўғаноқ бўлмоқда?», деган аҳмоқона саволларни йиғиштириб қўйган маъқул. Ундан кўра, ўзимизга савол бериб кўрайлик-чи, ичимизда болалаб ётган ушбу чиркин ишларнинг охири йўқ экан, бизнинг ҲАЛОЛ ЮТУКЛАРга эришишга ҳақимиз борми ўзи?!

Кўк рангли формалар терма жамоамизга омад келтиришига Самвел Бабаян чин кўнгилдан ишонган эди. Аммо, миллий терма жамоамизнинг бош мураббийи бир пайтлар ўзи ҳам қанда қилмаган «ҳакамлар ўйини» кун келиб ўзининг рўппарасидан чиқиши мумкинлигига ишонмагани чатоқ экан. Менинг шахсий нуқтаи назарим бўйича, бир пайтлар футбол қонун-қоидаларига риоя қилмай, ўз билганидан қолмаган ва якунда футбол мухлисларини қақшатган бу оломон қаттиқ қарғиш касофатига урилгандек туюлаяпти. Ахир, ўйлаб кўринг, йўқ жойдан дарвозамизга белгиланган пенальти ва якунда ушбу ўн бир метрлик жарима зарбасидан урилган гол ўйиннинг якуний ҳисобига ўз таъсирини ўтказиши... Сизга бу ҳолат «Пахтакор» билан «Металлург» қарама-қаршилигини эслатиб юбормадими?

Давлатимиз раҳбари томонидан футболга берилаётган эътибор жуда юқори ҳамда футболимизни ривожлантириш бўйича охирги йилларда қилинаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган салмоқли ишлар замирида футболимиз янги даражага чиққани ҳақиқат. Буни ЎФФда баланд ўринларни банд этиб келаётган раҳбарларимиз ҳам жуда яхши билишади. Улар шу аснода бизга турли ваъдалаларни бериб келишган. Аммо, мана бир неча йилдирки, ваъдалар «қуруқ»лигича қолаётгани кишини ажаблантирмай қўймайди.

Футбол мухлислар учун ўйналади. Мухлислар эса аллақачон мағлубиятлардан безиб кетишган. Хўш, нима сабабдан терма жамоа ва клубларимиз ҳанузгача бирор-бир мақтанишга арзигули ютуқларга эришгани йўқ?! Бунга ким айбдор? Айтайлик, сизларга барча шарт-шароит муҳайё экан, унда натижалар ҳам ўзини кўп куттирмаслиги керак-ку ахир, тўғрими? Мухлисларни хушнуд этиш вақти келмадимикан? ОЧЛда ёки Жаҳон Чемпионати саралаш ўйинлари пайтида лоақал шу сафар ғалабали дамларнинг гувоҳига айланишга, мақсадимизга эришишимизга ҳақимиз бордир? Ҳар гал жаҳон чемпионати йўлланмасидан мосуво қоляпмиз. Ушбу паст натижаларга ким жавобгар? Ҳа, келинг, айнан ЖАВОБГАРни излайлик. Ким АЙБДОР эканлиги бу бутунлай бошқа масала. Зеро, айбдорларни аниқлаш учун минг бир сўзлардан фойдаланиб, вақтни зое кетказишнинг хожати йўқ, назаримда. Демак, ЖАВОБГАР... Бош мураббий, албатта. Бош мураббийни ким тайинлайди? ЎФФ президенти, шунақами? Бу жуда узоқ вақт оралиғида бир қанча маҳаллий мутахассисларимиз турли вақт мобайнида миллий терма жамоамизни бошқариб кўришди ва жавобгарликни ўз зиммасига олишди. Натижа бўлмади. Демак, биз қаердадир хатога йўл қўйиб келяпмиз ва шу сабабли барчасини тубдан ўзгартиришимиз, футболимизни қайтадан ислоҳ қилишимиз зарур.

Мираброр Усмонов қандайдир «шовқин» кўтардию, бекиниб олгандек. Қаерда қолди ўша баландпарвоз сўзлар? Алқисса, Марк Твен таъкидлаганидек, «ҳеч нарсани исботламаган шовқинлар» бизга керак эмас. Бугунги кунда «мода»га айланиб бораётган сукунатнинг ҳам мавриди эмас ҳозир. Натижа керак. Натижа муҳим.

Товуқнинг шовқин кўтаришини жуда чиройли тарзда ифодалаб берган Марк Твенга қайта юзланамиз. Унинг яна бир машҳур ибораси қўйидагича янграйди: «Инсонларни аҳмоқ қилиш уларни аҳмоқ қилишаётганини тушунтиришдан кўра осонроқ»...

Тушундингиз, а?