среда, 18 января 2017 г.

7 саҳифа. Романтика рукни.

Кетманг,
Шу ерда қолинг то охир.
Қаранг
изларимни ўпяпти Соғинч.
Кўнглимда минг йиллик бир армон оғрир -
ва..
битта Илинж...

Кетманг,
Ўзингиз ҳам изимни пойлаб,
Тонглар оттирасиз
қизарар шафақ.
Келмасам,
кўнглингиз келар сўроқлаб.
Келмасам,
дилингиз кетади қонаб...

Кетманг,
Минг сўзимни тикканман битта
Сўзингизга
Фидо бўлмоқлик учун.
Гарчи у сўзларнинг рақслари оқ
Ғамнинг шаробидан тўйса -да ичиб.

Кетманг!
Кетаверсин дарднинг кўлкаси.
Иффат қўлларини тутганим ҳақдир,
Ахир бу юрагим - умид далдаси,
Ёниб бораётган кўнглим -
Шафақдир...

Настарин Ифорзода
*****

А.С.Пушкин. "Чёрная шаль"
(Молдаванская песня).
Гляжу безумно на черную шаль,
Хладную душу терзает печаль.

Телба бир нигоҳ-ла рўмолга боқиб,
Муз қалбим тирнайман, андуҳда ё қиб...
Навқирон пайтимда эдим соддадил,
Ёш грек қизини севарди кўнгил.

Мафтункор сулув ҳам суяр қаттиқроқ,
Қаро кунлар бошга тез етди бироқ,
Базмда ўлтирардим, атрофда дўст-ёр,
Чеккага чақирди пасткаш хизматкор.

"Сен бунда шодонсан", деди у секин,
"Ҳиёнат қилмоқда маъшуқанг лекин".
Ҳайдадиму, бердим бир тилла танга,
Лаънат айтиб уни ёллаган кунга.

Сафарга тез чиқдим, отни учирдим,
Шафқат учқунини дилдан ўчирдим.
Ғира-шира эди, кўринди девор,
Кўз олдим қорайди, қолмади мадор...

Эшикни бир тепдим, кирдим ичкари...
Бевафо гўзални қучар хуштори.
Дунё тор кўринди, қилич сирмадим...
Рақиб бўсасини тугаттирмадим.

Бошсиз танани ҳам аямай янчиб,
Қизга тикиламан, сўзсиз, бўзариб.
Ёдимда илтижо...
Қон дарё бўлди...
Тамом бўлди қиз ҳам, севги ҳам ўлди!

Қора рўмолини бошдан ечиб, жим,
Шамшир тиғин унга, шошилмай артдим.
Тун қўйнида отга икковин юклаб,
Дунай тўлқинига юбордим ташлаб.

Шодлик не билмайман ўша чоғлардан,
Бўса ҳам олмайман ол дудокқлардан.
Телба бир нигоҳ-ла, рўмолга боқиб,
Муз қалбим тирнайман, андуҳда ё к,иб...

1820.
Омонхон Мамадалиев таржимаси.
6 саҳифа. Шеърлар олами.


Бир хушбарлик мени қилур шод,
Тунда кўнглим билан қоламан.
Юрагимни қилиб эҳтиёт,
Кўзларимда йиғлаб оламан.

Сездирмайман бировга ғамим,
Айюҳаннос солмайди бўғзим. Кўнглим билан тўлдириб камим,
Аллалайман ўзимни ўзим.

Чуқур-чуқур оҳлар тортганим,
Елкам қўймасин деб сездириб.
Ҳаёлимни куйганман хатто,
Шубҳалардан нари, бездириб.

Тунда кўнглим билан қолишдан,
Бошқа нарса келмас қўлимдан.
Тун вафоси бир куни охир,
Мени бошлаб кетар ўлимга!

Йигитали
*****

Ҳақиқат келганди, эшигим чертиб,
Уйга кирмоғига бермадим изн.
Кетишини кутдим тирқишдан пойлаб,
 Эшикни очмадим ўзим атайин.

Дайди шамолларга қўшилиб тунда,
Деразамни чертди ҳолимга қўймай.
Қарадим...
Ҳақиқат туради бунда,
Мажнунсифат  бўлиб, тилангандек "май".

Ҳаёт шундай бўлган -
Ўтади шундай.
Ҳақиқат Мангуга қувилган биздан.
Миш-мишга айланиб келса,
Индамай -
Уйга киритамиз деразалардан!

Равшан Ганс
*****

«ХЎРОЗГА БУЙРУҚ»

Тўнғизлар қилишди сендан
шикоят,
Тонг чоғида энди томоғинг
қирма!
Чўчқалар уйқусин
бузмоқ жиноят,
Фаришта кўрсангда, бошқа қичқирма!

Сенга буйруқ шудир, қилгил
итоат:
Янграса овозинг секин
янграсин!
Шундай қарор қилди бизнинг
жамоат -
Хўроз қичқирмасин, эшак ҳанграсин!

Бомдодда қичқирма, қилганча
даъват,
Дема: "Ac-солату хойрун
минан-навм".
Қичқирсанг отамиз, қилмаймиз шафқат,
Эснасин,
Мудрасин,
Ухлайверсин қавм.

Довуднинг сасиндай овозинг
ширин,
Эл маст бўлмасин деб,
қиламиз таҳдид.
Қичқириб юборма биздан
яширин,
Қўймаймиз Билолга қилмоққа тақлид.

Хўрозлар қичқирмас
ўшандан буён,
Ранжитишдан қўрқиб
Хўжаларини.
Қавмин эмас ахир ўйлаши
аён,
Товуқлари билан
жўжаларини...

Абдураҳмон Мешаян
5 саҳифа. Мулоҳаза.

               «Ажабо...»
           Салим Айюбий


Бундан беш-олти кунлар аввал божхона назоратидан ўтишимга тўғри келди. Ростини айтаман, ҳавотирим бор эди, ноқонуний ашё борлигидан эмас, қонуний бўлса ҳам, ҳамма нарсаларимни ер билан битта қилиб сочиб, сумкаларни ағдариб титиб ташлашларидан... Биринчи марта ўтмаяпман-да. Қачон юртдан ташқарига чиқишга ёки киришга тўғри келса, ўз-ўзидан ҳавотирга тушиб қўрқадиган бўлиб қолгандим. Бўлаётган сўроқ-савол билан текширилаётган жомадонларга эътибор қилиб қарасам, сал кам жиноятгачи даражасига тушиб қолардим. Бир сафар сумкаларимни роса титишди. Чўнтакларимни қоқишди. "Аксига олиб" ҳеч нарса чиқмаса, денг. Ваҳоланки, ўша ерда сумкани очиб ўтирмасдан текширувдан ўтказадигам ускуналар ҳам ишлаб турибди. Назоратчи ҳам аҳмоқ эмас экан. "Бу нима?" деди, сақични кўрсатиб. "Ёзиб қўйилибдику устига", дедим. "Эҳтимол героинни қадоқлатиб олиб келаётгандирсиз, биз қаердан биламиз, текширишимиз керак!?" деди, бўш келмай. "Майли текширинг" дедим, попугим пасайиб.

Қойил қолдим. Назоратчи роса мутахассис экан, шундоқ очди-да, икки донасини оғзига солиб чайнаб, текшириб ташлади. "Отангга балли!" деворай дедим ўзиям. "Майли ўтинг, тоза экан", деди бошқа нарсаларимдан кўзи ўтиб. Агар ўша ерда шароит бўлганида шампун, совунларни ҳам текшириб, "қаттиқ назорат қилиб", орқасидан "печеньеларни" ҳам "дегустациядан" ўтказиб юбормоқчи эди-ю, бўлмади, мендан кейинги навбатда турганлардан "кўзи қиймади" шекилли, хуллас раҳм қилди. Мен ҳам шоша-пиша ерларда сочилиб ётган "тоза" нарсаларимни телба-тескари қилиб, жойлаб ура қочдим. Шундоқ ташқарига чиқсам, бир киши "чест" бергач, яна бошланди...

Бу ҳолваси экан. Тошкент шаҳридан чиққунимизгача ҳали яна Роҳатда пост бор, Олмалиқда, Ангренда, довондан тушаверишда... Ўзимдан ҳавотир бўлиб кетдим-ей, ишқилиб, "тоза"лигича етиб олай. Уйга етиб боргунимча ҳали нечта назоратдан ўтишим керак, эҳ-ҳе...

Эски гапларни гапириб бошингизни айлантирдим. Янгиси билан якунлай қолай. Юқорида айтганимдай, беш-олти кун аввал ўтганимда вазият бутунлай бошқа: "Яхши етиб келдингизми?" деса бўладими!? Мен ҳазиллашяпти, хозир шампунимни бошига қуйиб кўришдан бошлайди, деб ўйладим. Мутлақо жиддий, муомала самимий, тергашларсиз ҳужжатларимни текширишди, олиб келган совға-саломларим ҳам ер билан битта қилинмади. Ҳеч ишонгим келмаяпти, йўғ-э, роса ишонгим келяпти, нафас олишим ҳам ўзгарди, негадир енгил. Ҳавотирдан аланг-жаланг ҳам бўлмадим. Бир-бирини туртиб, аравани судраб қочиш ҳам йўқ. Бу назоратчилар бундай хушмуомалаликни қаердан ўргандийкин-а!? Одоблилигини айтмайсизми!? Хуллас калом, виқор ва салобат билан секин юртим тупроғига қадам қўйдим.

Ҳа, айтгандай, янги чиқаётган қонунлар, қабул қилинаётган қарорларни эшитиб, "Наҳотки, наҳотки!?" дейишдан у ёғига ўта олмаяпман... Янгиликлар муборак, азизлар! Бу енгилликларни ўйлаб топаётганларнинг ОТАСИГА РАҲМАТ!!!

Салим АЙЮБИЙ

четверг, 12 января 2017 г.

«Канонирлар» мафкураси

Айтсам тилим, айтмасам дилим. Шу кунларда айнан мана шу нақл тилим учида турибди. Зеро, айтадиган гапим кўп, аммо кўнглим дардини эшитадиган инсон йўқ... ЖЧ 2018 саралаш доирасидаги рақибларимиз кейинги ўйинларга пухта тайёргарлик кўриб турган чоғларида, бизнинг терма жамоамиз денгиз соҳилида якка ўзи қолиб кетган кема мисоли ҳанузгача ўзига муносиб рақиб тополмай ҳалак. Яхшиям, Дания бор экан. Уйида зерикиб ётган U-23 терма жамоаси бизга спаринг рақиб сифатида БААга 22 январь куни етиб келишга розилик билдиришди. Шунисига ҳам шукр. Баъзан тилим учида турган бир қанча сўзларни қаторлашиб айтгим келадию, аммо этика ва эстетика қонун-қоидаларига риоя қилганим сабабли, бў йўлдан ўзимни қайтаришга мажбурман, начора.
*****

 Машҳур рус адиби Лев Толстойнинг бир ажойиб ибораси бор: «Инсон албатта бахтли бўлиши шарт! Мабодо у бахтсиз экан - бунга унинг ўзи айбдор». Дарҳақиқат, ҳар бир ишни бажариш йўлида ўз олдимизга улкан мақсадларни қўяр эканмиз, уни бажариш учун сидқидилдан меҳнат қилишимиз зарур. Қўлимиздан келганини бажариб, имкониятларимизни юз фоиз ишга солишимиз керак. Ана ўшандагина ўз орзуларимизга, ўз мақсадларимизга эришамиз. Меҳнатнинг таги роҳат, деб бекорга айтишмаган. Инсон туғилиши билан унинг олдида турли машаққатли йўллар пайдо бўлаверади. Ушбу қинғир-қийшиқ йўллардан ўзи учун текис ва равон йўлни ясатиб олса, ҳаётнинг давоми унга ҳамиша ёрқин таассуротларни тақдим этади. Ютуқларга эришишликка унинг ўзи масъулдир. Ҳаёт давомида нималарга рўбарў келамиз? Энг аввало, ҳар биримиз болалик давримизда мактабларда аъло баҳоларга ўқишга интиламиз, кейинчалик бирон бир коллеж, сўнгра институтга киришга бўлган ҳаракатлар. Ундан сўнг аста-секинлик билан катта ҳаётга қадам ташлаймиз. Ўз олдимизга ҳар сафар турли мақсадларни қўйиб, шу мақсадларни бажариш йўлида тинмай ишлаверамиз, ишлаверамиз...

 Айнан шу тариқа тиним билмай яшайди ҳар бир инсон. Бу ҳар биримизнинг онгимизга киришга ва бизни турли йўл билан назорат қилишга муваффақ бўлган ҳаётнинг ёзилмаган қонунларидан биридир. Аминманки, ҳар бирингиз ўз олдингизга қандайдир мақсадлар қўйгансиз. Уни бажариш учун эса тинмай тер тўкяпсиз. Ҳар доим ҳаракатдасиз, ишлаяпсиз, бўш келиш асло ниятингиз йўқ. Чунки биласиз, агар ўз орзуларингизга эришолмай қолсангиз, хатоларни ўзингиздан излашингизга тўғри келади. Мақсадингизга эришмадингизми? Бахтли эмасмисиз? Бунга ўзингиз айбдор!

 Лев Толстой ҳам ушбу ибратли ибораси орқали ҳар бир ўқувчи қалбининг туб-тубигача жой эгаллаган бўлса, ажабмас. Бу фикрларга мен ҳам тўлиқ қўшиламан. Тўғри йўналтирилган фикр. Арсен Венгер ҳам шу фикрларга қўшиладими, йўқми, буни билмайману, аммо футбол жамоатчилигининг барча аъзолари ҳам бу фикрга тўлиқ қўшилган бўлардилар. Фақат «Арсенал» раҳбарларигина бундан мустасно холос. Акс ҳолда, неччи йиллардан буён энг катта орзуси дея эътироф этилаётган АПЛ чемпионлигини забт этолмай келаётган «Арсенал»нинг бош мураббийи Арсен Венгерни жамоада қолдириб юришармиди? Ўз олдига юксак мақсадларни қўйган клуб қандай қилиб бош мураббийнинг бундай хатоларига қўл силташи мумкин, ахир?! Ўтган мавсумда барча «гегемонларнинг» «қоқилишларидан» унумли фойдалана олмаган «канонирлар» бу мавсумда биринчи ўрини қўлга кирита олишига кўпчилик шубҳа билдиряпти. Мухлису-мутахассислар «Челси» жамоасининг ғалабали сериясига эътибор қаратишади, Клоппнинг тажовузкор тактикаси ҳақида бонг уришади, сўнгги турларда аста-секинлик билан олдинги мавқеисини тиклашга эришаётган «қизил иблисларни» эслашади, аммо «Арсенал»ни эмас. Сездингизми, кўпчилик Арсен Венгернинг шогирдлари ушбу мавсумда (нафақат ушбу мавсумда) чемпионликка эришишларига ишонмай қўйишган. Ҳеч ким бу ҳақда гапирмайди ҳам. Ҳаттоки, бутун чемпионатни бир маромда ўтказа олмаётган «Манчестер Ситининг» биринчи ўринни қўлга кирита олишига кўпроқ ишонишади булар. Ўтган мавсумда ҳам деярли ҳамма, шу жумладан мен ҳам «Лестер»нинг чемпион бўлишини ич-ичимиздан сезганмиз. Ўшанда ҳам «Арсенал» чемпионликка эришиши мумкинлигини инобатга олмаганман. Жиддий қабул қилмаганман, хуллас.

 Хўш, нега? Нима учун «Арсенал» шундай кучли таркиби билан ҳам чемпион бўлмаган? Нима сабабдан Венгер ишдан бўшатилмайди? Бунинг сабабларини тушуниш унчалик ҳам қийин эмас, назаримда. Биринчидан, Венгернинг лондонликлар олдида хизматлари беқиёс. Бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтирмайман. Иккинчидан, Сэр Алекс Фергюсон «Манчестер Юнайтед» жамоасини тарк этгач, клуб қандай танг аҳволда қолиб кетганини ҳамма кўрди. Бу каби оғир мусибатларни ҳар қандай жамоа ҳам кўтара олмайди. Жуда кўп маблағни сармоя қилиб юбориш лозим, оёққа туриш учун бир неча йил пастда шўнғиб юришга тўғри келади. Улар бунга тайёрмикинлар? Учинчидан эса, гарчи биринчи ўринни қўлга киритишда муаммоларга дуч келаётган бўлса-да, тан олинг, жамоа ўзидан ёмон таассурот қолдираётгани йўқ. Ҳар доим биринчи ўрин учун курашади. Ниманидир қилишга уринади ва қайсидир маънода ўша «ниманидирни» эплайди ҳам.

Бўлди. Шу. Мухлислар борми? Бор. Ўйинлар шиддатли ўтяптими? Футбол ўхшаяптими? Пул келяптими? Бўлди-да. Мухлисларнинг неччи йиллардан буён ўшалмаётган орзулари улар учун иккинчи даражали масала. Мухлислар томонидан «оқиб» келаётган турли талаб ва истаклари гўё инобатга олинаётгандек кўрсатиладию, аммо аслида барча айтган сўзлар, берилган ваъдалар қўштирноқ ичига олинади. Усти ялтироқ, ичи қалтироқ. Мухлислар талаби? Истаги? Бўлса бордир. Хўш?..
*****

 Хитой терма жамоасига гап йўқ. Исландия терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинида иштирок этишди, Хорватия билан ҳам ўйнашди. Совуққонлик, ўзига бўлган ишонч юқори. Ҳанузгача. Жаҳон чемпионатига чиқиш  учун имкониятлари паст бўлса-да, барибир ўртоқлик ўйинларида майдонга тушишмоқдалар. Боз устига, Европанинг кучли, номдор терма жамоаларига қарши. Эрон терма жамоаси томон разм солинг. Яқинда Карлуш Кейруш Эрон футбол федерациясидан норози бўлиб, жамоани тарк этмоқчи бўлди. Йўқ, кетмади. Қўйиб юборишмади. ФИФА рейтингидаги биринчи ўрин (Осиё терма жамоалари ичида), бир йил давом этган мағлубиятсиз серия, ўз гуруҳида пешқадамлик... Кетказишмасди уни зинҳор. Чунки терма жамоа юртнинг юзи. Футбол иҳлосмандлари бугун жуда мамнунлар. Энг муҳими шу эмасми?

 Улар мана шу тариқа жаҳон чемпионатига чиқиш учун тайёргарлик кўришади. Айнан мана шуни мен ҳақиқий профессионаллик, деб атайман. Катта мақсадлар сари дадил ташланаётган қадамлар. Жамоалар ўз олдига энг юқори мақсадларни қўйишади ва уларни забт эта олишига ишонишади. Чунки, билишади, агар ўз мақсадларига эришолмасалар - бунга фақат уларнинг ўзлари айбдор.

Бизнинг терма жамоамиз нима учун турли танқидларга қарамай, мана шу тариқа хўжакўрсинга ҳаракат қилишади, биласизми? Нима учун ҳамма бирваракайига терма жамоага кучли хориждан мураббийни олиб келиш кераклигини таъкидлаётган бир пайтда, улар маҳаллий мураббийларимизни хоҳлаганича тебратаверадилар? Чунки юқори ўринларда юрганимизнинг, жаҳон чемпионатига чиқиш йўлида мана шу каби ҳаракатларимиз мавжудлигининг ўзи ҳам қониқарли натижа. «Улар» учун. Маҳаллий мураббийларимиз, энг асосийси, «нималарнидир» қилиб беришга тайёр бўлишлари керак. Айнан ўша «нимадирнинг» борлигининг ўзи етарли. Мухлислар талаби? Истаги? Бўлса бордир. Хўш?..

среда, 4 января 2017 г.

Чин юртида чин футбол

2009 йил Мадриднинг «Реал» жамоасида улкан ислоҳотлар юз беради. Жамоа президенти этиб Флорентино Перес тайинланади ва «Янги галактикос»нинг қурилиш ишлари бошланиб кетади. Роналду, Кака, Бензема ва Хаби Алонсо каби футболчиларнинг клуб билан шартнома имзолашлари катта шов-шувларга сабаб бўлади.
 Ўша пайтларда жамоада иқтидорли ҳолландиялик футболчилар - Роббен ҳамда Снейдер тўп суришарди. Аммо улар қанчалик иқтидорли ва кучли футболчилар бўлишмасин, барибир Роналду ва Каканинг соясида қолиб кетишлари аниқ эди. Табиийки, бу ҳолат футболчиларнинг ўзларига ҳам, клубга келган янги президентга ҳам маъқул келмайди ва футболчилар трансферга қўйилади. Шундан сўнг, Роббен «Баварияга», Снейдер эса «Интер» жамоасига трансфер қилинади.
 Воқеалар ривожи қай тариқа тус олганлигидан хабарингиз бор, албатта. Ўша мавсумнинг ўзидаёқ, Мануэл Пеллегрини қўл остидаги «галактикос» Чемпионлар Лигасининг 1/8 финалида қоқилишади. Жамоани тарк этган ҳолландиялик футболчилар эса, аксинча, ЕЧЛ финалида бир-бирига қарши майдонда тўп суришади. Уэслининг омади чопади ўшанда ва «Интер» «Бавария» устидан 2-0 ҳисобида зафар қучади.
 Уэсли Снейдер ҳамда Арьен Роббен «Реал» жамоасидан кетиб, тўғри қарор қабул қилишганларига амин бўлишди. Натижада, Ҳолландия терма жамоаси ўша мавсумнинг ёзида ЖАР майдонларида кечган жаҳон чемпмонати финалига қадар етиб боради ва «қизил фурияга» аламли тарзда 0-1 ҳисобда мағлуб бўлади. Албатта, финалда мағлуб бўлиш жуда аламли, лекин умуман олганда мавсум ушбу икки футболчи учун жуда омадли келганлиги бор гап. Дарҳақиқат, бундай йирик мусобақаларда финалга қадар етиб боришнинг ўзи катта иш ҳисобланади. Ахир, бунинг замирида қанчадан-қанча тер тўкишлар, қанча машаққатли кунлар ётмаган эди, дейсиз.
 Уэсли Снейдернинг фаолияти бир маромда давом этмаган бўлсада, Роббен учун аксинча бўлди. У ўз фаолияти давомида «Бавария» сафида бир неча маротаба «Галактикосга» рўбарў келди ва ғалабаларга ҳам, мағлубиятларга ҳам учради. Умуман олганда, Робеннинг «Бавария» ютуқлари олдида хизматлари беқиёсдир. Чиндан ҳам, жуда иқтидорли футболчи. Снейдер ҳам шу. Флорентино Перес бундай футболчиларнинг хизматларидан воз кечганлигига пушаймон бўлган бўлса ажабмас. Футболчиларнинг ўзлари эса, «Реални» тарк этиб, тўғри қарор қабул қилишган эдилар. Уларни футбол аҳли ҳурмат қилади. Ўз клубларида ва терма жамоаларида ўчмас из қолдираолган буюк футболчилар!
 Бундай мисолларни футбол оламида жуда кўп келтириб ўтишимиз мумкин. Мисол учун, ўша мавсумда Самуэл Это’О ҳам «Барселонани» тарк этиб, «Интер» билан чемпионлар лигасида ғалаба қозонган эди. Дринкуотер ҳам ўз вақтида «Манчестер Юнайтедни» тарк этган ва ўтгар мавсумда ўзимиз гувоҳи бўлганимиздек, «Лестер» билан Англия премьер-лигасида чемпионликка эришди. Айтмоқчи бўлганим шуки, футболчи ўз фаолияти давомида турли қийинчиликларга рўбарў бўлиб қолган даврида, бурилиш ясашни эплай олиши керак. Гарчи, четдан қараганда, ушбу бурилиш орқага ташланган қадам сифатида эътироф этилса ҳамки, барибир шу йўлни танлашда ўзида куч ва ирода топиши лозим. Ана ўшанда бирон бир совринга эришиши мумкин бўлади. Шундагина, у ўз олдига янги марраларни забт этиш вазифасини қўяди ва ўсишга эришади. Шубҳасиз, бу ишлар унинг фаолиятига салбий эмас, аксинча ижобий таъсир ўтказади. Барчаси футболчининг ўзига ҳамда жамоани бошқарадиган мураббийга боғлиқ. Юқорида тилга олинган футболчилар бош мураббий борасида муаммога дуч келишмади. Бу уларнинг бахти. Айнан шу омил туфайли ҳам улар шу ютуқларни қўлга киритишга муваффақ бўлишдилар.
  Энди асосий мавзуга ўтамиз. Сезиб турганингиздек, бугун терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов тўғрисида фикр юритмоқчиман. Унинг яқинда Хитойнинг «Шанхай СИПГ» жамоасига ўтиб кетганлиги натижасида, бу ҳолат мухлисларимизда катта қизиқиш уйғотди. Бундан таассуротлар турли хил бўлди, фикр билдиришлар ҳам бир-биридан фарқ қилади. Футболимиз иҳлосмандларининг ярми бу қарор ўзини оқламагани ҳамда бу унинг фаолияти давомида орқага ташланган илк қадам дея ҳисоблашса, иккинчи ярми буни ижобий баҳолашмоқда. Қуйида мен ҳам ушбу трансфер борасида ўз фикрларимни сизлар билан биргаликда баҳам кўрмоқчиман.
 Хўш, терма жамоамиз сардорининг Хитойга трансфер қилинганлиги унинг учун фойдалими ёки аксинча? Терма жамоамиз бундан нима йўқотадию, нима ютади? Шу мавзу борасида батафсилроқ ўз фикрларимни ёритишга ҳаракат қилиб кўраман.
 Одилнинг собиқ жамоаси «Краснодар» тўғрисида гап кетганида, энг авввло ушбу жамоа Россия чемпионатида гранд қаторига кирмаслигини қайд этишимиз даркор. Тўғри, жамоа сўнгги йилларда чемпионатда ҳам, Европа лигасида ҳам барқарор ўйин намоиш этиб келмоқда. Аммо шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бу ютуқларнинг барчасига жамоанинг собиқ бош мураббийи Олег Кононов улкан ҳисса қўшишга эришган. Унгача жамоа Россия премьер-лигасида ўртамиёна жамоа бўлиб юрган. Айнан Кононовнинг маҳорати эвазига «Краснодар» ўз тарихида илк бора бронза медалини қўлга киритди. Бош мураббийнинг ўйин фалсафаси асосан марказдан ташкил этиладиган ҳужумлардан иборат эди ва айнан шу тактика эвазига Одил Аҳмедов жамоада етакчи ролни ўйнарди. Унинг ўнинчи рақам остида тўп сургани ҳам бежизга эмас. Афсуски, ушбу мавсумда чемпионатда қўлга киритилган қониқарсиз натижалар туфайли Кононов ўз лавозимидан бўшатилди ва жамоани Игорь Шалимов қабул қилиб олди.
 Юқорида таъкидлаганимдек, «Краснодар» гранд жамоа эмас. Жамоа асосан Кононовнинг ажойиб фаолияти эвазига ўз мухлисларига ушбу ғалабаларни тақдим этишга муваффақ бўлган эди. Мураббий алмашгач эса, ушбу жамоа яна аввалги ҳолатини тиклай олишига шахсан менинг ишончим паст. Биринчидан, жамоа «Зенит» ёки «Спартак» каби трансферларга кўп пул сарф қилолмайди. Кучли футболчиларни ўз сафига жалб этолмайди. Иккинчидан, краснодарликлар ЦСКА каби ўз академиясига таянган ҳолда, кучли ўйин намоиш қила олишмайди. Учинчидан, уларда Қурбон Бердиев йўқ. Ана шу мантиқдан ўйлаб қаралса, жамоа чемпионатда юқори ўринлар учун кураш олиб бораолиши эҳтимоли юқори эмас. Қўшимчасига, янги бош мураббий Одил Аҳмедовни асосий таркибга туширмаганини бир неча маротаба кузатдик. Демак, унинг фалсафасига Аҳмедов тўғри келмаяпти ёки у ушбу универсал футболчимиздан бошқа позицияда майдонда ҳаракат қилишини талаб этмоқда. Бу ҳам ўз навбатида футболчимиз учун турли ноқулайликлар туғдириши мумкин бўларди.
 Энди Хитой тўғрисида фикр алмашамиз. «Шанхай СИПГ» сафида Халк ва Оскар каби жаҳон юлдузлари тўп тепишини эслатиб қўйиш лозим. Бундан ташқари, жамоани таниқли португалиялик бош мураббий Андре Виллаш-Боаш бошқариб келмоқда. Бу номдор исмлар янграшининг ўзиёқ, Одил Аҳмедовнинг янги жамоаси эскисидан кўра кучлироқ эканлигидан далолат беради. Боз устига, сўнгги пайтларда Хитой футболига катта сармоялар киритилаётганлиги замирида мамлакатда Дидье Дрогба, Тевес, Витцель, Алекс Тейшейра, Жексон Мартинес ҳамда Бразилия терма жамоасининг етакчи футболчилари Паулиньо, Халк ва Оскар каби жуда иқтидорли футболчилар пайдо бўлишди. Мамлакатда шунингдек, номдор бош мураббийлар орасида Сколари, Виллаш Боаш, Марчело Липпи, Пеллегриниларнинг номлари зикр этилган. Турган гапки, Хитой чемпионати бугунги кунда Россия премьер-лигасидан анча илгарилаб кетган. Тўғри, Россияда тўп суриб, Европа ҳавосидан баҳраманд бўлиш мумкиндир, балки. Бироқ, мени кечирасизлар-ку, ҳолландиялик Промес («Спартак») ва эронлик Сардор Азмун («Ростов») чемпионатнинг энг кучли легионерлари дея эътироф этилаётган бу мамлакатнинг ўртамиёна жамоасида майдонга тушишнинг ўрнига, Хитойда тўп суриш афзалроқ эмасми?
 Бугунги кунда, шубҳасиз, Осиёда барча ички чемпионатлар орасида энг илғор саналган Хитой чемпионатида иштирок этиш ҳам ёмон натижа эмас. Ўз нуқтаи назаримга таянган ҳолда шуни айтишим керакки, кучли футболчи деярли йўқ бўлган чемпионатда иштирок этишдан кўра, футбол оламидаги «юлдузларни» ўзида мужассам этган Хитой чемпионатида чемпионлик учун курашишликни юқори санайман.
 «Шанхай СИПГ» футбол клуби биринчи навбатда бир неча йиллардан буён гегемонлик қилиб келаётган «Гуанчжоу Эвергранд» жамоасига қаршилик кўрсатишни истайди ва айнан мана шу мақсадда ўз таркибини кучайтиришга эришди. Биз ҳам ўз навбатида Одил Аҳмедов ва унинг янги жамоасига омадлар тилаб қоламиз. Ўйлайманки, кучли футболчилар сафида майдонга тушиб ва бошқа кучли легионерларга қарши тўп суриб, футболчимиз янада ўсишга ҳамда очилмаган қирраларини кўрсатишга эришади.
 Дарвоқе, бошида мен ҳолландиялик икки юлдузни бекорга эсламадим. Орқага ташланган қадам баъзида футболчининг фаолиятини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Баъзида янги чўққиларнинг забт этиш йўлида айнан мана шундай «орқага ташланган қадамлар» хизмат қилиши мумкин. Фақат бунга тўғри ёндошилса, кифоя. Хўш, бу чиндан ҳам орқага ташланган қадамми ёки олдингами? Аҳмедов осиёликларнинг кучсиз ўйинларига қараб, пассивлашиб кетадими ёки кучли легионерларга суянган ҳолда прогрессга эришадими? Бундан кейин терма жамоамиз ўйини заифлашиб кетадими ёки аксинча жамоамиз сардорининг сермаҳсуллиги ортидан барча қийинчиликларни енгишга эришадими? Одил Аҳмедов Снейдер каби «йўқолиб» қоладими ёки Роббенга ўхшаб энг кучлилар қаторидан жой эгаллайдими? Буларнинг ҳаммаси ёлғиз футболчининг ўзига боғлиқ. Тағин, яна ким билади, дейсиз, балки тақдир тақозоси билан ҳолландиялик футболчилар билан содир этилган воқеа такрорланиб, янги мавсумда айнан икки футболчимиз Сардор Рашидов («Ал Жайиш») ҳамда Одил Аҳмедов («Шанхай СИПГ») ОЧЛ финалида бир-бирига қарши майдонга тушиб, икки йилдан сўнг Осиё кубогида терма жамоамиз сафида финалга қадар етиб боришар? Юрак қурғур, ҳар доимгидек, ўшалмаётган орзуларнинг ўшалишини истайди-да, нима қилай.

пятница, 30 декабря 2016 г.

Динимиз мўътадилликка буюради, тажовузкорликка эмас

Сўнги пайтларда Фейсбукда дўстларимиз орасида турли низолар келиб чиқарилишининг гувоҳи бўляпмиз. Чеккадан бу ҳолат жуда хунук кўринаётганлиги бор гап. Яна ҳам ачинарлиси шундаки, дўстларимиз бир дин вакиллари бўлиб туриб ҳам айнан шу масала бўйича, яъни дин мавзусида кўплаб муросасизликларга дуч келишяпти. Мени бу нарса ташвишга солмоқда. Бугун айнан шу масала бўйича ўз фикрларим билан бир неча абзацли баёнотимда баҳам кўрмоқчиман. Хато ва камчиликлар учун олдиндан узр сўрайман.
 Динимизни яқиндан билмаган, танимаган ва умуман олганда, Ислом динидан йироқ киши бизнинг бугунги кунимизга назар ташласа, роса ҳайратдан донг қотса керак. Негаки, бу уммат вакиллари гўёки бир-бирини кўришга кўзи йўқдек ва ҳар доим бир-биридан хато ахтариб, ўз биродарини койитишга, уни топталаб ташлашга, обрўсизлантиришга, қўйингки, ҳатто ер билан яксон қилишга ҳам ҳаракат қилишади. Бир-бирини ҳимоя қилишни ва адолат томон биргаликда дадил қадамлар ташлашни исташмайди, билъакс турли оятлару, ҳадисларни пеш қилиб, ҳар жабҳада ўз диний биродари устидан ғолиб бўлишни орзу қилишади. Ғолиб бўлиш - уларнинг энг катта орзуси, энг улуғ мақсадидек, гўё. Ғолиб бўлгандан кейин эса, мағлуб бўлган томонни маънан ва руҳан ўлдиршга ҳаракат қилишади. Тамом. Бошқа бир юмушларию, ташвишлари йўқдек. (Бу ҳолатни мен фақат Фейсбук ижтимоий сайтида кузатганим боис, фақат ва фақат шу ердаги одамларни назарда тутиб ёзмоқдаман, бошқаларни эмас)
  Авваломбор, Ислом динининг асл моҳиятини тушунишимиз даркор. Зотан, сўнгги пайтларда содир бўлаётган кўнгилсизликларга кўз юмиб ўтишимиз нотўғри. Ислом дини бу шундайин динки, ўз номига муносиб равишда одамларни адолат, яхшилик, эҳсон, раҳмдиллик, меҳр-шафқат, ўртачалик, мўътадиллик, эзгуликка буюради. Зулм, истибдод, фасод, ёмонлик, душманлик, бузғунчилик, тажовузкорликдан қайтаради. Бу шундайин динки, мусулмонлар уёқда турсин, ҳатто ўзга дин, эътиқод ва миллат вакилларига мурувватни, халқ ўртасида тенглик, аҳиллик, ўзаро ҳурматни тарғиб қилади, аёлларнинг шаънини кўтаради. Бу шундайин гўзал дин!
 Сўнгги пайтларда эса, уни булғашга ҳаракат қилаётган ва турли оятларни келтириб, бир ёки бир неча шахсларга нисбатан одамлар орасида нафрат уйғотишни хуш кўраётган кишиларни кўрмоқдамиз. Ҳар ким ўз саҳифасида турли хабарларни эълон қилиб, ўз биродарини, ватандоши, миллатдошини ерга уришни ўзига одат қилиб олган, десам муболаға бўлмаса керак. Улар гўёки ушбу инсонлар томондан тарғиб этиб келаётган ёмон ишлари ҳақида биз барчамизни огоҳлантириб қўяётгандек ва халқни бу хавф-хатардан асраётган инсондек кўринишни хоҳлашади. Аммо ўз саҳифасида эълон чоп эттириб, турли сўзлар билан у ёки бу одамни хакоратлаб, уни ерга уришни қанда қилмасликларини қандай тушуниш мумкин? Бу ҳолат ғийбат қилишга кирмайдими? Ахир, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ғийбатдан қайтарганлар-ку!?
 Хўш, ғийбат ўзи нима? Уни бартараф этувчи омиллар сифатида нималар зикр этилган? Ғийбат одамларнинг яширин айбларини ошкор қилиш ва уларнинг обрўларини тўкишдан иборат ёмон иллатдир. Инсоннинг обрўсини сақлаш мақсадида Ислом дини ғийбатни ҳаром қилди. Ғийбатнинг таърифини ифода этувчи қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нима эканини биласизларми?” – деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир”, – деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат бир биродарингнинг орқасидан ўзи эшитса, ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир”, – дедилар. Шунда улардан бири: “Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам, ғийбат бўладими?” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда бор айбни айтган бўлсанг, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда бўлмаса, бўхтон қилган бўласан”, – деб жавоб бердилар. Демак, бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни, агар тўғри бўлса ҳам, айтиш жоиз эмас экан. Чунки бу билан ғийбат қилинган бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўҳтон бўлгани учун гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади.
 Аллоҳ таоло ғийбатнинг ҳақиқий моҳиятини Қуръони каримда баён этиб, инсонларга бундай хитоб қилади:
 “...(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли Зотдир” (“Ҳужурот” сураси, 12-оят).
 Ғийбат қилишликнинг гуноҳи қанчалик оғир бўлса, унга жавоб қайтариш ҳам шу қадар оғирдир. Биламан, менинг гапларим, нуқтаи назарим, ёзганларим барчангиз учун бир тийинга қиммат бўлиши ҳам мумкин, аммо мен бу каби чиркин ишларга жим қараб турадиган одамлар тоифасидан эмасман. Ҳар ҳолда, ўз фикримни ифодаладим, унга амал қилиш ёки қилмаслик бу энди сизнинг ишингиз.
 Яқинда Фейсбукда (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) жуда қизиқарли ҳикоя ўқигандим ва уни сизлар билан ҳам баҳам кўрмоқчиман:
 "Қайсидир замонда бир шаҳарда таровиҳ намози устида тортишув чиқибди. Бунақа тортишувлар ҳар рамазон кирганида бўлиб турар экан-у, ўша йилги рамазонда вазият кескинлашибди.
 Бир гуруҳ таровиҳни 20 ракат ўқишни бидъат дебди. 8 ракат ўқиш суннат дебди. 8 (саккиз) ракат ўқишимиз керак деб оёқ тираб туриб олибди.
 Иккинчи гуруҳ 20 ракат ўқишни ҳам суннат дебди. 20 (йигирма) ракат ўқишимиз керак деб оёқ тираб туриб олибди.
 Тортишув узоқ давом этибди. Томонлар ҳеч бир-бирига ён босай демабди.
 Охири жанжалга айланибди. Ҳатто ўртада қон тўкилиши хавфи юзага келибди.
 Хайрият, ораларида эсини еб қўймаган одамлар ҳам бор экан.
 ‒ Фалон жойда тақволи олим зот бор. Келинглар, икки томондан ҳам вакиллар борайлик, масаламизни ҳал этиб берсин, ‒ дебди.
 Келишишибди. Боришибди.
 Тақволи олим зот ҳар икки томоннинг ҳам даъвосини эшитибди.
 ‒ Модам мени ҳакамликка танлаб келибсизлар, қандай ҳукм чиқарсам ҳам, сўзсиз итоат этасизларми? ‒ деб сўрабди.
 ‒ Итоат этамиз! ‒ деб сўз беришибди вакиллар.
 ‒ Унда қулоқ солинглар: бугундан бошлаб таровиҳ намози йўқ! Тамом! ‒ дебди.
 Икки томон ҳам фатво ўз фойдасига чиқишидан умид қилган экан, тамоман бошқача ҳукмни эшитиб саросимага тушишибди. Шовқин бошланаётган экан, тақволи, олим зот уларни босибди:
 ‒ Итоат этамиз деб қасам ичдиларинг, энди сўзларингда туринглар! ‒ дебди овозини юксалтиб. Сўнгра англатибди: ‒ Таровиҳ намози нафл амал, мўминлар биродарлиги эса ‒ фарз! Оллоҳ таоло мўминларни ўзаро биродар бўлишга буюрган, аммо таровиҳ намозига буюрмаган! Бир нафл устида тортишиб фарзни тарк қиляпсизлар! Фарз амали таҳлика остида қолганида нафлдан воз кечилади. Тамом, бугундан бошлаб таровиҳ намозини ўқимайсизлар!..
 У замоннинг мўминлари тақволи олим зотларнинг гапини оларкан. Ҳукмдан рози бўлиб, маконларига қайтишибди…"
 Ҳар қандай тортишувлар остонасида турган инсон бу ишни давом эттиришдан аввал ушбу ҳикояни ўқиб чиқса мақсадга мувофиқ бўларди. Бир-бирингизни айблашингиздан олдин, турли далил-исботларни йиғишдан олдин, бир-бирингизга нисбатан ҳақоратли сўзларни ишлатишингиздан олдин яхшилаб ўйлаб кўринг: мўминлар биродарлиги - фарз!
 Яхшиси, Фейсбук ижтимоий сайтига ҳаддан ташқари берилиб кетмай, бошингизни кўтариб, дунёга боқинг. Чуқур-чуқур нафас олинг. Сиз шу реал ҳаётда яшаяпсиз, Фейсбук оламида эмас. Ўзимизни жуда муҳим нарсалар билан машғул қилсак, ўйлайманки, бу ерда тортишиб ўтиришга ҳам вақтимиз бўлмайди.
 Бир воқеа ёдимга тушди, қаердадир ўқиб қолгандим:
 "Йўлда ўзларига тўқнаш келаётган молни кўриб, Имом Аъзам йўл берибдилар. У кишидан бу ҳолатнинг сабабини сўраганларга эса шундай жавоб қилибдилар: "Молнинг шохлари бор бўлса, менинг ақлим бор!"
 Ақллироқ бўлайлик. Раҳмат!

среда, 14 декабря 2016 г.

Бирлашиш лозим!

Тарихга назар ташласак, 19 аср ўрталарида Россия империяси Ўрта Осиёни қай тариқа босиб олганини турли манбалардан ўқиб, билиб олишимиз мумкин бўлади. Ўша юришлар, қирғинлар, хунрезликлар қай даражада аёвсиз бўлганлигига тарих китобларида ойдинлик киритилиб ўтилган.

 Хусусан, Ўрта Осиё ва Қозоғистонга юриш даврида Фарғона генерал-губернатори: «Бир минг сарт бир рус аскари этигининг пошнасига арзимайди». - деб ёзган бўлса, уларнинг бошқа бири - Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфман: «Амир (Бухоро амри) исёнкорларидан (1868 й.) бирортаси ҳам асир олинмасин. Қўлга тушганларнинг ҳаммаси, ҳаттоки ярадорлар ҳам отиб ташлансин», - деб фармон берган эди. Қозоғистондаги шаҳар, қишлоқларни, Ўрта Осиёнинг маданий маркази бўлмиш Тошкент шаҳрини вайрон этиб, минг-минглаб бегуноҳ оддий одамлар қонини дарё қилиб оқизган генераллар Черняев, Скобелев, Ионов, Куропаткин, Ивановлар тўғрисида ҳам ўқиганмиз, эшитганмиз. «Черняев ашаддий шовинист эди. Унинг назарида, Қўқон хонлигида яшаган ўзбеклар, қирғизлар, қипчоқлар ва бошқа халқлар фақат тўн (чопон) кийганликлари учунгина қириб ташлашга лойиқ», - деб ёзган эди тарихчи зобит Кастелская.

 Шуларнинг барчасини миллатимиз, халқимиз ўз бошидан ўтказган. Шундай даврлада яшаган. Ўша замонда интернет бўлмаганлиги боис бутун дунё бу қинғирликлардан деярли бехабар қолган. Оддий халқни ҳеч ким ўлимдан қутқара олмаган. Ҳеч ким ёрдам бермаган. Ҳаттоки ўзимиз ҳам бир-биримиздан нафратланиб, ёрдам қўлини чўзмаганмиз. Руслар ўша даврларда бемалол Бухоро, Хива ҳамда Қўқон хонлигини бирма-бир босиб олишган. Ҳеч қандай тўсиқлар ва қийинчиликларсиз. Бемалол. Ошкоралик ила...

 Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунларда ўша воқеалар такрорланмоқда. Тарих ўша даврни қайтариб, бизларга бизнинг йўл қўйган хатолариизни яна кўрсатиб бераётгандек гўё. Бу гал Ўрта Осиё ўрнида араб давлатларини кўрмоқдамиз. Россия Федерацияси билан биргаликда бир қанча ғарб мамлакат вакиллари ҳамда АҚШ давлати бунда бош ролни ижро этиб келишмоқда.

 Яна ўша эски ҳолат қаршисида турибмиз: бегуноҳ оддий аҳолининг бу қирғинлар давомида оламдан кўз юмишларию, араб мамлакатларининг бирма-бир таслим этилиши. Биринчи бўлиб Афғонистонга бостириб киришди. Ҳеч ким индамади. Сўнгра Ироқда ағдар-тўнтарни амалга оширишди... Биров ғинг дегани йўқ! Ундан кейин Ливия, Миср ва мана кўриб турганимиздек, бугунги кунларда Сурияда ҳам бу каби хунрезликлар давом этмоқда. Аммо ҳеч кимдан садо чиққанича йўқ. Мусулмон давлатлари, араб мамлакатлари босқичма-босқич бостириб олинмоқда... Бироқ қолганлардан, яъни уларнинг қўшнилари, бир дин вакиллари, бир миллат вакилларидан ҳеч қандай қарши юриш бўлмаяпти. Ҳамма ўз жонини асрашни ўйлаяпти. Шундай бир замонда яшаяпмиз.

 Тасаввур қилинг, бир зўравон қўшни маҳалладан келсаю, сизнинг ёнингизда турган бир қариндошигизни уриб йиқитганда сиз ва ёнингиздаги бошқа бир қариндошингиз унинг зўрлигига тан бериб, у билан сулх тузишга ўринасиз ва бу ҳолат вақтинчалик иш беради. Аммо бир кун келиб у сизнинг иккинчи қариндошингизни ҳам уриб йиқитади, эртаси куни эса сизга навбат келади. Якунда қарабсизки, битта зўравон якка ўзи уч кишини уриб, «духини» олиб қўйган бўлиб чиқади...

 Менимча, динни ҳимоя қилиш йўлида ҳар бир мусулмон давлат подшоҳларидан тортиб, ҳар бир фуқаро, ҳар қандай миллат вакили битта тасбеҳ ипига ўхшаб, бирлашиши ва ташқи кучларга қарши жанг олиб бориши лозим. Ана ўшандагина ғалабага умид боғланса бўлади. Лекин мадомики, ушбу тасбеҳ ипининг узилиб тушишига йўл қўйилар экан - уларнинг барчаси сочилиб кетиши муқаррардир.