четверг, 12 января 2017 г.

«Канонирлар» мафкураси

Айтсам тилим, айтмасам дилим. Шу кунларда айнан мана шу нақл тилим учида турибди. Зеро, айтадиган гапим кўп, аммо кўнглим дардини эшитадиган инсон йўқ... ЖЧ 2018 саралаш доирасидаги рақибларимиз кейинги ўйинларга пухта тайёргарлик кўриб турган чоғларида, бизнинг терма жамоамиз денгиз соҳилида якка ўзи қолиб кетган кема мисоли ҳанузгача ўзига муносиб рақиб тополмай ҳалак. Яхшиям, Дания бор экан. Уйида зерикиб ётган U-23 терма жамоаси бизга спаринг рақиб сифатида БААга 22 январь куни етиб келишга розилик билдиришди. Шунисига ҳам шукр. Баъзан тилим учида турган бир қанча сўзларни қаторлашиб айтгим келадию, аммо этика ва эстетика қонун-қоидаларига риоя қилганим сабабли, бў йўлдан ўзимни қайтаришга мажбурман, начора.
*****

 Машҳур рус адиби Лев Толстойнинг бир ажойиб ибораси бор: «Инсон албатта бахтли бўлиши шарт! Мабодо у бахтсиз экан - бунга унинг ўзи айбдор». Дарҳақиқат, ҳар бир ишни бажариш йўлида ўз олдимизга улкан мақсадларни қўяр эканмиз, уни бажариш учун сидқидилдан меҳнат қилишимиз зарур. Қўлимиздан келганини бажариб, имкониятларимизни юз фоиз ишга солишимиз керак. Ана ўшандагина ўз орзуларимизга, ўз мақсадларимизга эришамиз. Меҳнатнинг таги роҳат, деб бекорга айтишмаган. Инсон туғилиши билан унинг олдида турли машаққатли йўллар пайдо бўлаверади. Ушбу қинғир-қийшиқ йўллардан ўзи учун текис ва равон йўлни ясатиб олса, ҳаётнинг давоми унга ҳамиша ёрқин таассуротларни тақдим этади. Ютуқларга эришишликка унинг ўзи масъулдир. Ҳаёт давомида нималарга рўбарў келамиз? Энг аввало, ҳар биримиз болалик давримизда мактабларда аъло баҳоларга ўқишга интиламиз, кейинчалик бирон бир коллеж, сўнгра институтга киришга бўлган ҳаракатлар. Ундан сўнг аста-секинлик билан катта ҳаётга қадам ташлаймиз. Ўз олдимизга ҳар сафар турли мақсадларни қўйиб, шу мақсадларни бажариш йўлида тинмай ишлаверамиз, ишлаверамиз...

 Айнан шу тариқа тиним билмай яшайди ҳар бир инсон. Бу ҳар биримизнинг онгимизга киришга ва бизни турли йўл билан назорат қилишга муваффақ бўлган ҳаётнинг ёзилмаган қонунларидан биридир. Аминманки, ҳар бирингиз ўз олдингизга қандайдир мақсадлар қўйгансиз. Уни бажариш учун эса тинмай тер тўкяпсиз. Ҳар доим ҳаракатдасиз, ишлаяпсиз, бўш келиш асло ниятингиз йўқ. Чунки биласиз, агар ўз орзуларингизга эришолмай қолсангиз, хатоларни ўзингиздан излашингизга тўғри келади. Мақсадингизга эришмадингизми? Бахтли эмасмисиз? Бунга ўзингиз айбдор!

 Лев Толстой ҳам ушбу ибратли ибораси орқали ҳар бир ўқувчи қалбининг туб-тубигача жой эгаллаган бўлса, ажабмас. Бу фикрларга мен ҳам тўлиқ қўшиламан. Тўғри йўналтирилган фикр. Арсен Венгер ҳам шу фикрларга қўшиладими, йўқми, буни билмайману, аммо футбол жамоатчилигининг барча аъзолари ҳам бу фикрга тўлиқ қўшилган бўлардилар. Фақат «Арсенал» раҳбарларигина бундан мустасно холос. Акс ҳолда, неччи йиллардан буён энг катта орзуси дея эътироф этилаётган АПЛ чемпионлигини забт этолмай келаётган «Арсенал»нинг бош мураббийи Арсен Венгерни жамоада қолдириб юришармиди? Ўз олдига юксак мақсадларни қўйган клуб қандай қилиб бош мураббийнинг бундай хатоларига қўл силташи мумкин, ахир?! Ўтган мавсумда барча «гегемонларнинг» «қоқилишларидан» унумли фойдалана олмаган «канонирлар» бу мавсумда биринчи ўрини қўлга кирита олишига кўпчилик шубҳа билдиряпти. Мухлису-мутахассислар «Челси» жамоасининг ғалабали сериясига эътибор қаратишади, Клоппнинг тажовузкор тактикаси ҳақида бонг уришади, сўнгги турларда аста-секинлик билан олдинги мавқеисини тиклашга эришаётган «қизил иблисларни» эслашади, аммо «Арсенал»ни эмас. Сездингизми, кўпчилик Арсен Венгернинг шогирдлари ушбу мавсумда (нафақат ушбу мавсумда) чемпионликка эришишларига ишонмай қўйишган. Ҳеч ким бу ҳақда гапирмайди ҳам. Ҳаттоки, бутун чемпионатни бир маромда ўтказа олмаётган «Манчестер Ситининг» биринчи ўринни қўлга кирита олишига кўпроқ ишонишади булар. Ўтган мавсумда ҳам деярли ҳамма, шу жумладан мен ҳам «Лестер»нинг чемпион бўлишини ич-ичимиздан сезганмиз. Ўшанда ҳам «Арсенал» чемпионликка эришиши мумкинлигини инобатга олмаганман. Жиддий қабул қилмаганман, хуллас.

 Хўш, нега? Нима учун «Арсенал» шундай кучли таркиби билан ҳам чемпион бўлмаган? Нима сабабдан Венгер ишдан бўшатилмайди? Бунинг сабабларини тушуниш унчалик ҳам қийин эмас, назаримда. Биринчидан, Венгернинг лондонликлар олдида хизматлари беқиёс. Бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтирмайман. Иккинчидан, Сэр Алекс Фергюсон «Манчестер Юнайтед» жамоасини тарк этгач, клуб қандай танг аҳволда қолиб кетганини ҳамма кўрди. Бу каби оғир мусибатларни ҳар қандай жамоа ҳам кўтара олмайди. Жуда кўп маблағни сармоя қилиб юбориш лозим, оёққа туриш учун бир неча йил пастда шўнғиб юришга тўғри келади. Улар бунга тайёрмикинлар? Учинчидан эса, гарчи биринчи ўринни қўлга киритишда муаммоларга дуч келаётган бўлса-да, тан олинг, жамоа ўзидан ёмон таассурот қолдираётгани йўқ. Ҳар доим биринчи ўрин учун курашади. Ниманидир қилишга уринади ва қайсидир маънода ўша «ниманидирни» эплайди ҳам.

Бўлди. Шу. Мухлислар борми? Бор. Ўйинлар шиддатли ўтяптими? Футбол ўхшаяптими? Пул келяптими? Бўлди-да. Мухлисларнинг неччи йиллардан буён ўшалмаётган орзулари улар учун иккинчи даражали масала. Мухлислар томонидан «оқиб» келаётган турли талаб ва истаклари гўё инобатга олинаётгандек кўрсатиладию, аммо аслида барча айтган сўзлар, берилган ваъдалар қўштирноқ ичига олинади. Усти ялтироқ, ичи қалтироқ. Мухлислар талаби? Истаги? Бўлса бордир. Хўш?..
*****

 Хитой терма жамоасига гап йўқ. Исландия терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинида иштирок этишди, Хорватия билан ҳам ўйнашди. Совуққонлик, ўзига бўлган ишонч юқори. Ҳанузгача. Жаҳон чемпионатига чиқиш  учун имкониятлари паст бўлса-да, барибир ўртоқлик ўйинларида майдонга тушишмоқдалар. Боз устига, Европанинг кучли, номдор терма жамоаларига қарши. Эрон терма жамоаси томон разм солинг. Яқинда Карлуш Кейруш Эрон футбол федерациясидан норози бўлиб, жамоани тарк этмоқчи бўлди. Йўқ, кетмади. Қўйиб юборишмади. ФИФА рейтингидаги биринчи ўрин (Осиё терма жамоалари ичида), бир йил давом этган мағлубиятсиз серия, ўз гуруҳида пешқадамлик... Кетказишмасди уни зинҳор. Чунки терма жамоа юртнинг юзи. Футбол иҳлосмандлари бугун жуда мамнунлар. Энг муҳими шу эмасми?

 Улар мана шу тариқа жаҳон чемпионатига чиқиш учун тайёргарлик кўришади. Айнан мана шуни мен ҳақиқий профессионаллик, деб атайман. Катта мақсадлар сари дадил ташланаётган қадамлар. Жамоалар ўз олдига энг юқори мақсадларни қўйишади ва уларни забт эта олишига ишонишади. Чунки, билишади, агар ўз мақсадларига эришолмасалар - бунга фақат уларнинг ўзлари айбдор.

Бизнинг терма жамоамиз нима учун турли танқидларга қарамай, мана шу тариқа хўжакўрсинга ҳаракат қилишади, биласизми? Нима учун ҳамма бирваракайига терма жамоага кучли хориждан мураббийни олиб келиш кераклигини таъкидлаётган бир пайтда, улар маҳаллий мураббийларимизни хоҳлаганича тебратаверадилар? Чунки юқори ўринларда юрганимизнинг, жаҳон чемпионатига чиқиш йўлида мана шу каби ҳаракатларимиз мавжудлигининг ўзи ҳам қониқарли натижа. «Улар» учун. Маҳаллий мураббийларимиз, энг асосийси, «нималарнидир» қилиб беришга тайёр бўлишлари керак. Айнан ўша «нимадирнинг» борлигининг ўзи етарли. Мухлислар талаби? Истаги? Бўлса бордир. Хўш?..

среда, 4 января 2017 г.

Чин юртида чин футбол

2009 йил Мадриднинг «Реал» жамоасида улкан ислоҳотлар юз беради. Жамоа президенти этиб Флорентино Перес тайинланади ва «Янги галактикос»нинг қурилиш ишлари бошланиб кетади. Роналду, Кака, Бензема ва Хаби Алонсо каби футболчиларнинг клуб билан шартнома имзолашлари катта шов-шувларга сабаб бўлади.
 Ўша пайтларда жамоада иқтидорли ҳолландиялик футболчилар - Роббен ҳамда Снейдер тўп суришарди. Аммо улар қанчалик иқтидорли ва кучли футболчилар бўлишмасин, барибир Роналду ва Каканинг соясида қолиб кетишлари аниқ эди. Табиийки, бу ҳолат футболчиларнинг ўзларига ҳам, клубга келган янги президентга ҳам маъқул келмайди ва футболчилар трансферга қўйилади. Шундан сўнг, Роббен «Баварияга», Снейдер эса «Интер» жамоасига трансфер қилинади.
 Воқеалар ривожи қай тариқа тус олганлигидан хабарингиз бор, албатта. Ўша мавсумнинг ўзидаёқ, Мануэл Пеллегрини қўл остидаги «галактикос» Чемпионлар Лигасининг 1/8 финалида қоқилишади. Жамоани тарк этган ҳолландиялик футболчилар эса, аксинча, ЕЧЛ финалида бир-бирига қарши майдонда тўп суришади. Уэслининг омади чопади ўшанда ва «Интер» «Бавария» устидан 2-0 ҳисобида зафар қучади.
 Уэсли Снейдер ҳамда Арьен Роббен «Реал» жамоасидан кетиб, тўғри қарор қабул қилишганларига амин бўлишди. Натижада, Ҳолландия терма жамоаси ўша мавсумнинг ёзида ЖАР майдонларида кечган жаҳон чемпмонати финалига қадар етиб боради ва «қизил фурияга» аламли тарзда 0-1 ҳисобда мағлуб бўлади. Албатта, финалда мағлуб бўлиш жуда аламли, лекин умуман олганда мавсум ушбу икки футболчи учун жуда омадли келганлиги бор гап. Дарҳақиқат, бундай йирик мусобақаларда финалга қадар етиб боришнинг ўзи катта иш ҳисобланади. Ахир, бунинг замирида қанчадан-қанча тер тўкишлар, қанча машаққатли кунлар ётмаган эди, дейсиз.
 Уэсли Снейдернинг фаолияти бир маромда давом этмаган бўлсада, Роббен учун аксинча бўлди. У ўз фаолияти давомида «Бавария» сафида бир неча маротаба «Галактикосга» рўбарў келди ва ғалабаларга ҳам, мағлубиятларга ҳам учради. Умуман олганда, Робеннинг «Бавария» ютуқлари олдида хизматлари беқиёсдир. Чиндан ҳам, жуда иқтидорли футболчи. Снейдер ҳам шу. Флорентино Перес бундай футболчиларнинг хизматларидан воз кечганлигига пушаймон бўлган бўлса ажабмас. Футболчиларнинг ўзлари эса, «Реални» тарк этиб, тўғри қарор қабул қилишган эдилар. Уларни футбол аҳли ҳурмат қилади. Ўз клубларида ва терма жамоаларида ўчмас из қолдираолган буюк футболчилар!
 Бундай мисолларни футбол оламида жуда кўп келтириб ўтишимиз мумкин. Мисол учун, ўша мавсумда Самуэл Это’О ҳам «Барселонани» тарк этиб, «Интер» билан чемпионлар лигасида ғалаба қозонган эди. Дринкуотер ҳам ўз вақтида «Манчестер Юнайтедни» тарк этган ва ўтгар мавсумда ўзимиз гувоҳи бўлганимиздек, «Лестер» билан Англия премьер-лигасида чемпионликка эришди. Айтмоқчи бўлганим шуки, футболчи ўз фаолияти давомида турли қийинчиликларга рўбарў бўлиб қолган даврида, бурилиш ясашни эплай олиши керак. Гарчи, четдан қараганда, ушбу бурилиш орқага ташланган қадам сифатида эътироф этилса ҳамки, барибир шу йўлни танлашда ўзида куч ва ирода топиши лозим. Ана ўшанда бирон бир совринга эришиши мумкин бўлади. Шундагина, у ўз олдига янги марраларни забт этиш вазифасини қўяди ва ўсишга эришади. Шубҳасиз, бу ишлар унинг фаолиятига салбий эмас, аксинча ижобий таъсир ўтказади. Барчаси футболчининг ўзига ҳамда жамоани бошқарадиган мураббийга боғлиқ. Юқорида тилга олинган футболчилар бош мураббий борасида муаммога дуч келишмади. Бу уларнинг бахти. Айнан шу омил туфайли ҳам улар шу ютуқларни қўлга киритишга муваффақ бўлишдилар.
  Энди асосий мавзуга ўтамиз. Сезиб турганингиздек, бугун терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов тўғрисида фикр юритмоқчиман. Унинг яқинда Хитойнинг «Шанхай СИПГ» жамоасига ўтиб кетганлиги натижасида, бу ҳолат мухлисларимизда катта қизиқиш уйғотди. Бундан таассуротлар турли хил бўлди, фикр билдиришлар ҳам бир-биридан фарқ қилади. Футболимиз иҳлосмандларининг ярми бу қарор ўзини оқламагани ҳамда бу унинг фаолияти давомида орқага ташланган илк қадам дея ҳисоблашса, иккинчи ярми буни ижобий баҳолашмоқда. Қуйида мен ҳам ушбу трансфер борасида ўз фикрларимни сизлар билан биргаликда баҳам кўрмоқчиман.
 Хўш, терма жамоамиз сардорининг Хитойга трансфер қилинганлиги унинг учун фойдалими ёки аксинча? Терма жамоамиз бундан нима йўқотадию, нима ютади? Шу мавзу борасида батафсилроқ ўз фикрларимни ёритишга ҳаракат қилиб кўраман.
 Одилнинг собиқ жамоаси «Краснодар» тўғрисида гап кетганида, энг авввло ушбу жамоа Россия чемпионатида гранд қаторига кирмаслигини қайд этишимиз даркор. Тўғри, жамоа сўнгги йилларда чемпионатда ҳам, Европа лигасида ҳам барқарор ўйин намоиш этиб келмоқда. Аммо шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бу ютуқларнинг барчасига жамоанинг собиқ бош мураббийи Олег Кононов улкан ҳисса қўшишга эришган. Унгача жамоа Россия премьер-лигасида ўртамиёна жамоа бўлиб юрган. Айнан Кононовнинг маҳорати эвазига «Краснодар» ўз тарихида илк бора бронза медалини қўлга киритди. Бош мураббийнинг ўйин фалсафаси асосан марказдан ташкил этиладиган ҳужумлардан иборат эди ва айнан шу тактика эвазига Одил Аҳмедов жамоада етакчи ролни ўйнарди. Унинг ўнинчи рақам остида тўп сургани ҳам бежизга эмас. Афсуски, ушбу мавсумда чемпионатда қўлга киритилган қониқарсиз натижалар туфайли Кононов ўз лавозимидан бўшатилди ва жамоани Игорь Шалимов қабул қилиб олди.
 Юқорида таъкидлаганимдек, «Краснодар» гранд жамоа эмас. Жамоа асосан Кононовнинг ажойиб фаолияти эвазига ўз мухлисларига ушбу ғалабаларни тақдим этишга муваффақ бўлган эди. Мураббий алмашгач эса, ушбу жамоа яна аввалги ҳолатини тиклай олишига шахсан менинг ишончим паст. Биринчидан, жамоа «Зенит» ёки «Спартак» каби трансферларга кўп пул сарф қилолмайди. Кучли футболчиларни ўз сафига жалб этолмайди. Иккинчидан, краснодарликлар ЦСКА каби ўз академиясига таянган ҳолда, кучли ўйин намоиш қила олишмайди. Учинчидан, уларда Қурбон Бердиев йўқ. Ана шу мантиқдан ўйлаб қаралса, жамоа чемпионатда юқори ўринлар учун кураш олиб бораолиши эҳтимоли юқори эмас. Қўшимчасига, янги бош мураббий Одил Аҳмедовни асосий таркибга туширмаганини бир неча маротаба кузатдик. Демак, унинг фалсафасига Аҳмедов тўғри келмаяпти ёки у ушбу универсал футболчимиздан бошқа позицияда майдонда ҳаракат қилишини талаб этмоқда. Бу ҳам ўз навбатида футболчимиз учун турли ноқулайликлар туғдириши мумкин бўларди.
 Энди Хитой тўғрисида фикр алмашамиз. «Шанхай СИПГ» сафида Халк ва Оскар каби жаҳон юлдузлари тўп тепишини эслатиб қўйиш лозим. Бундан ташқари, жамоани таниқли португалиялик бош мураббий Андре Виллаш-Боаш бошқариб келмоқда. Бу номдор исмлар янграшининг ўзиёқ, Одил Аҳмедовнинг янги жамоаси эскисидан кўра кучлироқ эканлигидан далолат беради. Боз устига, сўнгги пайтларда Хитой футболига катта сармоялар киритилаётганлиги замирида мамлакатда Дидье Дрогба, Тевес, Витцель, Алекс Тейшейра, Жексон Мартинес ҳамда Бразилия терма жамоасининг етакчи футболчилари Паулиньо, Халк ва Оскар каби жуда иқтидорли футболчилар пайдо бўлишди. Мамлакатда шунингдек, номдор бош мураббийлар орасида Сколари, Виллаш Боаш, Марчело Липпи, Пеллегриниларнинг номлари зикр этилган. Турган гапки, Хитой чемпионати бугунги кунда Россия премьер-лигасидан анча илгарилаб кетган. Тўғри, Россияда тўп суриб, Европа ҳавосидан баҳраманд бўлиш мумкиндир, балки. Бироқ, мени кечирасизлар-ку, ҳолландиялик Промес («Спартак») ва эронлик Сардор Азмун («Ростов») чемпионатнинг энг кучли легионерлари дея эътироф этилаётган бу мамлакатнинг ўртамиёна жамоасида майдонга тушишнинг ўрнига, Хитойда тўп суриш афзалроқ эмасми?
 Бугунги кунда, шубҳасиз, Осиёда барча ички чемпионатлар орасида энг илғор саналган Хитой чемпионатида иштирок этиш ҳам ёмон натижа эмас. Ўз нуқтаи назаримга таянган ҳолда шуни айтишим керакки, кучли футболчи деярли йўқ бўлган чемпионатда иштирок этишдан кўра, футбол оламидаги «юлдузларни» ўзида мужассам этган Хитой чемпионатида чемпионлик учун курашишликни юқори санайман.
 «Шанхай СИПГ» футбол клуби биринчи навбатда бир неча йиллардан буён гегемонлик қилиб келаётган «Гуанчжоу Эвергранд» жамоасига қаршилик кўрсатишни истайди ва айнан мана шу мақсадда ўз таркибини кучайтиришга эришди. Биз ҳам ўз навбатида Одил Аҳмедов ва унинг янги жамоасига омадлар тилаб қоламиз. Ўйлайманки, кучли футболчилар сафида майдонга тушиб ва бошқа кучли легионерларга қарши тўп суриб, футболчимиз янада ўсишга ҳамда очилмаган қирраларини кўрсатишга эришади.
 Дарвоқе, бошида мен ҳолландиялик икки юлдузни бекорга эсламадим. Орқага ташланган қадам баъзида футболчининг фаолиятини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Баъзида янги чўққиларнинг забт этиш йўлида айнан мана шундай «орқага ташланган қадамлар» хизмат қилиши мумкин. Фақат бунга тўғри ёндошилса, кифоя. Хўш, бу чиндан ҳам орқага ташланган қадамми ёки олдингами? Аҳмедов осиёликларнинг кучсиз ўйинларига қараб, пассивлашиб кетадими ёки кучли легионерларга суянган ҳолда прогрессга эришадими? Бундан кейин терма жамоамиз ўйини заифлашиб кетадими ёки аксинча жамоамиз сардорининг сермаҳсуллиги ортидан барча қийинчиликларни енгишга эришадими? Одил Аҳмедов Снейдер каби «йўқолиб» қоладими ёки Роббенга ўхшаб энг кучлилар қаторидан жой эгаллайдими? Буларнинг ҳаммаси ёлғиз футболчининг ўзига боғлиқ. Тағин, яна ким билади, дейсиз, балки тақдир тақозоси билан ҳолландиялик футболчилар билан содир этилган воқеа такрорланиб, янги мавсумда айнан икки футболчимиз Сардор Рашидов («Ал Жайиш») ҳамда Одил Аҳмедов («Шанхай СИПГ») ОЧЛ финалида бир-бирига қарши майдонга тушиб, икки йилдан сўнг Осиё кубогида терма жамоамиз сафида финалга қадар етиб боришар? Юрак қурғур, ҳар доимгидек, ўшалмаётган орзуларнинг ўшалишини истайди-да, нима қилай.

пятница, 30 декабря 2016 г.

Динимиз мўътадилликка буюради, тажовузкорликка эмас

Сўнги пайтларда Фейсбукда дўстларимиз орасида турли низолар келиб чиқарилишининг гувоҳи бўляпмиз. Чеккадан бу ҳолат жуда хунук кўринаётганлиги бор гап. Яна ҳам ачинарлиси шундаки, дўстларимиз бир дин вакиллари бўлиб туриб ҳам айнан шу масала бўйича, яъни дин мавзусида кўплаб муросасизликларга дуч келишяпти. Мени бу нарса ташвишга солмоқда. Бугун айнан шу масала бўйича ўз фикрларим билан бир неча абзацли баёнотимда баҳам кўрмоқчиман. Хато ва камчиликлар учун олдиндан узр сўрайман.
 Динимизни яқиндан билмаган, танимаган ва умуман олганда, Ислом динидан йироқ киши бизнинг бугунги кунимизга назар ташласа, роса ҳайратдан донг қотса керак. Негаки, бу уммат вакиллари гўёки бир-бирини кўришга кўзи йўқдек ва ҳар доим бир-биридан хато ахтариб, ўз биродарини койитишга, уни топталаб ташлашга, обрўсизлантиришга, қўйингки, ҳатто ер билан яксон қилишга ҳам ҳаракат қилишади. Бир-бирини ҳимоя қилишни ва адолат томон биргаликда дадил қадамлар ташлашни исташмайди, билъакс турли оятлару, ҳадисларни пеш қилиб, ҳар жабҳада ўз диний биродари устидан ғолиб бўлишни орзу қилишади. Ғолиб бўлиш - уларнинг энг катта орзуси, энг улуғ мақсадидек, гўё. Ғолиб бўлгандан кейин эса, мағлуб бўлган томонни маънан ва руҳан ўлдиршга ҳаракат қилишади. Тамом. Бошқа бир юмушларию, ташвишлари йўқдек. (Бу ҳолатни мен фақат Фейсбук ижтимоий сайтида кузатганим боис, фақат ва фақат шу ердаги одамларни назарда тутиб ёзмоқдаман, бошқаларни эмас)
  Авваломбор, Ислом динининг асл моҳиятини тушунишимиз даркор. Зотан, сўнгги пайтларда содир бўлаётган кўнгилсизликларга кўз юмиб ўтишимиз нотўғри. Ислом дини бу шундайин динки, ўз номига муносиб равишда одамларни адолат, яхшилик, эҳсон, раҳмдиллик, меҳр-шафқат, ўртачалик, мўътадиллик, эзгуликка буюради. Зулм, истибдод, фасод, ёмонлик, душманлик, бузғунчилик, тажовузкорликдан қайтаради. Бу шундайин динки, мусулмонлар уёқда турсин, ҳатто ўзга дин, эътиқод ва миллат вакилларига мурувватни, халқ ўртасида тенглик, аҳиллик, ўзаро ҳурматни тарғиб қилади, аёлларнинг шаънини кўтаради. Бу шундайин гўзал дин!
 Сўнгги пайтларда эса, уни булғашга ҳаракат қилаётган ва турли оятларни келтириб, бир ёки бир неча шахсларга нисбатан одамлар орасида нафрат уйғотишни хуш кўраётган кишиларни кўрмоқдамиз. Ҳар ким ўз саҳифасида турли хабарларни эълон қилиб, ўз биродарини, ватандоши, миллатдошини ерга уришни ўзига одат қилиб олган, десам муболаға бўлмаса керак. Улар гўёки ушбу инсонлар томондан тарғиб этиб келаётган ёмон ишлари ҳақида биз барчамизни огоҳлантириб қўяётгандек ва халқни бу хавф-хатардан асраётган инсондек кўринишни хоҳлашади. Аммо ўз саҳифасида эълон чоп эттириб, турли сўзлар билан у ёки бу одамни хакоратлаб, уни ерга уришни қанда қилмасликларини қандай тушуниш мумкин? Бу ҳолат ғийбат қилишга кирмайдими? Ахир, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ғийбатдан қайтарганлар-ку!?
 Хўш, ғийбат ўзи нима? Уни бартараф этувчи омиллар сифатида нималар зикр этилган? Ғийбат одамларнинг яширин айбларини ошкор қилиш ва уларнинг обрўларини тўкишдан иборат ёмон иллатдир. Инсоннинг обрўсини сақлаш мақсадида Ислом дини ғийбатни ҳаром қилди. Ғийбатнинг таърифини ифода этувчи қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нима эканини биласизларми?” – деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир”, – деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат бир биродарингнинг орқасидан ўзи эшитса, ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир”, – дедилар. Шунда улардан бири: “Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам, ғийбат бўладими?” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда бор айбни айтган бўлсанг, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда бўлмаса, бўхтон қилган бўласан”, – деб жавоб бердилар. Демак, бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни, агар тўғри бўлса ҳам, айтиш жоиз эмас экан. Чунки бу билан ғийбат қилинган бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўҳтон бўлгани учун гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади.
 Аллоҳ таоло ғийбатнинг ҳақиқий моҳиятини Қуръони каримда баён этиб, инсонларга бундай хитоб қилади:
 “...(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли Зотдир” (“Ҳужурот” сураси, 12-оят).
 Ғийбат қилишликнинг гуноҳи қанчалик оғир бўлса, унга жавоб қайтариш ҳам шу қадар оғирдир. Биламан, менинг гапларим, нуқтаи назарим, ёзганларим барчангиз учун бир тийинга қиммат бўлиши ҳам мумкин, аммо мен бу каби чиркин ишларга жим қараб турадиган одамлар тоифасидан эмасман. Ҳар ҳолда, ўз фикримни ифодаладим, унга амал қилиш ёки қилмаслик бу энди сизнинг ишингиз.
 Яқинда Фейсбукда (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) жуда қизиқарли ҳикоя ўқигандим ва уни сизлар билан ҳам баҳам кўрмоқчиман:
 "Қайсидир замонда бир шаҳарда таровиҳ намози устида тортишув чиқибди. Бунақа тортишувлар ҳар рамазон кирганида бўлиб турар экан-у, ўша йилги рамазонда вазият кескинлашибди.
 Бир гуруҳ таровиҳни 20 ракат ўқишни бидъат дебди. 8 ракат ўқиш суннат дебди. 8 (саккиз) ракат ўқишимиз керак деб оёқ тираб туриб олибди.
 Иккинчи гуруҳ 20 ракат ўқишни ҳам суннат дебди. 20 (йигирма) ракат ўқишимиз керак деб оёқ тираб туриб олибди.
 Тортишув узоқ давом этибди. Томонлар ҳеч бир-бирига ён босай демабди.
 Охири жанжалга айланибди. Ҳатто ўртада қон тўкилиши хавфи юзага келибди.
 Хайрият, ораларида эсини еб қўймаган одамлар ҳам бор экан.
 ‒ Фалон жойда тақволи олим зот бор. Келинглар, икки томондан ҳам вакиллар борайлик, масаламизни ҳал этиб берсин, ‒ дебди.
 Келишишибди. Боришибди.
 Тақволи олим зот ҳар икки томоннинг ҳам даъвосини эшитибди.
 ‒ Модам мени ҳакамликка танлаб келибсизлар, қандай ҳукм чиқарсам ҳам, сўзсиз итоат этасизларми? ‒ деб сўрабди.
 ‒ Итоат этамиз! ‒ деб сўз беришибди вакиллар.
 ‒ Унда қулоқ солинглар: бугундан бошлаб таровиҳ намози йўқ! Тамом! ‒ дебди.
 Икки томон ҳам фатво ўз фойдасига чиқишидан умид қилган экан, тамоман бошқача ҳукмни эшитиб саросимага тушишибди. Шовқин бошланаётган экан, тақволи, олим зот уларни босибди:
 ‒ Итоат этамиз деб қасам ичдиларинг, энди сўзларингда туринглар! ‒ дебди овозини юксалтиб. Сўнгра англатибди: ‒ Таровиҳ намози нафл амал, мўминлар биродарлиги эса ‒ фарз! Оллоҳ таоло мўминларни ўзаро биродар бўлишга буюрган, аммо таровиҳ намозига буюрмаган! Бир нафл устида тортишиб фарзни тарк қиляпсизлар! Фарз амали таҳлика остида қолганида нафлдан воз кечилади. Тамом, бугундан бошлаб таровиҳ намозини ўқимайсизлар!..
 У замоннинг мўминлари тақволи олим зотларнинг гапини оларкан. Ҳукмдан рози бўлиб, маконларига қайтишибди…"
 Ҳар қандай тортишувлар остонасида турган инсон бу ишни давом эттиришдан аввал ушбу ҳикояни ўқиб чиқса мақсадга мувофиқ бўларди. Бир-бирингизни айблашингиздан олдин, турли далил-исботларни йиғишдан олдин, бир-бирингизга нисбатан ҳақоратли сўзларни ишлатишингиздан олдин яхшилаб ўйлаб кўринг: мўминлар биродарлиги - фарз!
 Яхшиси, Фейсбук ижтимоий сайтига ҳаддан ташқари берилиб кетмай, бошингизни кўтариб, дунёга боқинг. Чуқур-чуқур нафас олинг. Сиз шу реал ҳаётда яшаяпсиз, Фейсбук оламида эмас. Ўзимизни жуда муҳим нарсалар билан машғул қилсак, ўйлайманки, бу ерда тортишиб ўтиришга ҳам вақтимиз бўлмайди.
 Бир воқеа ёдимга тушди, қаердадир ўқиб қолгандим:
 "Йўлда ўзларига тўқнаш келаётган молни кўриб, Имом Аъзам йўл берибдилар. У кишидан бу ҳолатнинг сабабини сўраганларга эса шундай жавоб қилибдилар: "Молнинг шохлари бор бўлса, менинг ақлим бор!"
 Ақллироқ бўлайлик. Раҳмат!

среда, 14 декабря 2016 г.

Бирлашиш лозим!

Тарихга назар ташласак, 19 аср ўрталарида Россия империяси Ўрта Осиёни қай тариқа босиб олганини турли манбалардан ўқиб, билиб олишимиз мумкин бўлади. Ўша юришлар, қирғинлар, хунрезликлар қай даражада аёвсиз бўлганлигига тарих китобларида ойдинлик киритилиб ўтилган.

 Хусусан, Ўрта Осиё ва Қозоғистонга юриш даврида Фарғона генерал-губернатори: «Бир минг сарт бир рус аскари этигининг пошнасига арзимайди». - деб ёзган бўлса, уларнинг бошқа бири - Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфман: «Амир (Бухоро амри) исёнкорларидан (1868 й.) бирортаси ҳам асир олинмасин. Қўлга тушганларнинг ҳаммаси, ҳаттоки ярадорлар ҳам отиб ташлансин», - деб фармон берган эди. Қозоғистондаги шаҳар, қишлоқларни, Ўрта Осиёнинг маданий маркази бўлмиш Тошкент шаҳрини вайрон этиб, минг-минглаб бегуноҳ оддий одамлар қонини дарё қилиб оқизган генераллар Черняев, Скобелев, Ионов, Куропаткин, Ивановлар тўғрисида ҳам ўқиганмиз, эшитганмиз. «Черняев ашаддий шовинист эди. Унинг назарида, Қўқон хонлигида яшаган ўзбеклар, қирғизлар, қипчоқлар ва бошқа халқлар фақат тўн (чопон) кийганликлари учунгина қириб ташлашга лойиқ», - деб ёзган эди тарихчи зобит Кастелская.

 Шуларнинг барчасини миллатимиз, халқимиз ўз бошидан ўтказган. Шундай даврлада яшаган. Ўша замонда интернет бўлмаганлиги боис бутун дунё бу қинғирликлардан деярли бехабар қолган. Оддий халқни ҳеч ким ўлимдан қутқара олмаган. Ҳеч ким ёрдам бермаган. Ҳаттоки ўзимиз ҳам бир-биримиздан нафратланиб, ёрдам қўлини чўзмаганмиз. Руслар ўша даврларда бемалол Бухоро, Хива ҳамда Қўқон хонлигини бирма-бир босиб олишган. Ҳеч қандай тўсиқлар ва қийинчиликларсиз. Бемалол. Ошкоралик ила...

 Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунларда ўша воқеалар такрорланмоқда. Тарих ўша даврни қайтариб, бизларга бизнинг йўл қўйган хатолариизни яна кўрсатиб бераётгандек гўё. Бу гал Ўрта Осиё ўрнида араб давлатларини кўрмоқдамиз. Россия Федерацияси билан биргаликда бир қанча ғарб мамлакат вакиллари ҳамда АҚШ давлати бунда бош ролни ижро этиб келишмоқда.

 Яна ўша эски ҳолат қаршисида турибмиз: бегуноҳ оддий аҳолининг бу қирғинлар давомида оламдан кўз юмишларию, араб мамлакатларининг бирма-бир таслим этилиши. Биринчи бўлиб Афғонистонга бостириб киришди. Ҳеч ким индамади. Сўнгра Ироқда ағдар-тўнтарни амалга оширишди... Биров ғинг дегани йўқ! Ундан кейин Ливия, Миср ва мана кўриб турганимиздек, бугунги кунларда Сурияда ҳам бу каби хунрезликлар давом этмоқда. Аммо ҳеч кимдан садо чиққанича йўқ. Мусулмон давлатлари, араб мамлакатлари босқичма-босқич бостириб олинмоқда... Бироқ қолганлардан, яъни уларнинг қўшнилари, бир дин вакиллари, бир миллат вакилларидан ҳеч қандай қарши юриш бўлмаяпти. Ҳамма ўз жонини асрашни ўйлаяпти. Шундай бир замонда яшаяпмиз.

 Тасаввур қилинг, бир зўравон қўшни маҳалладан келсаю, сизнинг ёнингизда турган бир қариндошигизни уриб йиқитганда сиз ва ёнингиздаги бошқа бир қариндошингиз унинг зўрлигига тан бериб, у билан сулх тузишга ўринасиз ва бу ҳолат вақтинчалик иш беради. Аммо бир кун келиб у сизнинг иккинчи қариндошингизни ҳам уриб йиқитади, эртаси куни эса сизга навбат келади. Якунда қарабсизки, битта зўравон якка ўзи уч кишини уриб, «духини» олиб қўйган бўлиб чиқади...

 Менимча, динни ҳимоя қилиш йўлида ҳар бир мусулмон давлат подшоҳларидан тортиб, ҳар бир фуқаро, ҳар қандай миллат вакили битта тасбеҳ ипига ўхшаб, бирлашиши ва ташқи кучларга қарши жанг олиб бориши лозим. Ана ўшандагина ғалабага умид боғланса бўлади. Лекин мадомики, ушбу тасбеҳ ипининг узилиб тушишига йўл қўйилар экан - уларнинг барчаси сочилиб кетиши муқаррардир.

воскресенье, 15 мая 2016 г.

Сиёсат қў(у)ли

"Евровидение"да Дима Билан зафар қучганида, кўпчилик ушбу мусобақани роса мақтаган эди. Унга бўлган қизиқиш янада ортганди. Ҳамманинг тилида достон бўлиб кетганди. Ахир, узоқ кутилган воқеа содир этилиб, Россия мамлакати бунда ғолибликка эришган эди-да. Худди бизга ўхшаб, футбол бўйича ЖЧга чиқолмай ҳалак бўлаётганимиз каби, уларнинг ҳам шу маррани забт этиш йўлида бир қанча уринишлари зое кетаётганди. Якунда эса, Россия буни уддалади. Бутун халқ бу ҳодисани байрам қилиб нишонлаган эди ўшанда. Дима Биланни ҳам роса кўкка кўтаришганди.
 Лекин нимагадир, ўша пайтда ҳеч ким Биланнинг бу мусобақада қаторасига иккинчи маротаба иштирок этганинию (бу аслида қоидага зид эди), умуман "ўхшамаган" қўшиқни ижро этган ҳолда биринчи ўринни қўлга киритганини шубҳа остига олмади. Дима Билан ҳақли равишда ғолиб бўлди, дея ҳисоблашди. У қаҳрамон. Бугун байрам... Бўлди, гап тамом!

 Бугун эса, ижтимоий тармоқлардаги кузатувларим орқали шунга амин бўляпманки, жуда кўпчилик, шу жумладан руслар ва уларнинг мухлислари Украина ғалабасига шубҳа билан қарашмоқдалар. Эмишки, бу ғарбнинг провокацияси ва Жамала (мусобақада биринчи ўринга лойиқ деб кўрилган хонанданинг таҳаллуси) қўшиғи ҳеч қанасига биринчи ўринга лойиқ эмас экан. Хўп, бу билан қўшилдик. Фикрингизни тўғри ҳам дейлик. Зеро, чиндан ҳам хонанданинг ижро этган қўшиғи менга манзур бўлмади. Овози ғалатидек, аниқроғи, умуман йўқдек тасаввур уйғотди менда. Майли, бу энди алоҳида мавзу. Мени бошқа савол ўйлантирмоқда: Нима учун бир вақтлар Дима Биланнинг ғалабасига шубҳа қилмаганлар бугун ноҳақлик ва адолатсизликка чидай олишмаяпти? Шахсий адоватларни ўртага қўйиб, адолатсизликка қарши чиқиш адолатдан эмас-ку, ахир.

  Тўғри, бир томондан уларни тушунса ҳам бўлади. Дарҳақиқат, Украинанинг ғарбга "бўйсўниши" ва Евросоюз мамлакатлари қаторига қўшилишни жуда истаётгани ва бу каби саъй-ҳаракатларини очиқчасига намоён этаётган бир пайтда, эстрада бўйича бутун қитъада ўтказиладиган биринчи рақамли мазкур мусобақада айнан Украинанинг ғалабаси тасодиф эмаслигига ишончим комил.

 Қўшимчасига, хонанданинг ўзи қримлик татар эканлиги нимага ишора бераётганини пайқаш қийин эмас, назаримда.

  Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам бир вақтлар йилда бир марта ўтказиладиган мазкур шоу-мусобақани томоша қилганман. Рус ТВлари орқали томоша қилганим сабаблими, ёки бошка бир сабабми, билмайману, лекин доимо Россияга мухлислик қилганим аниқ ёдимда. Юқорида эслаганларим - айнан Дима Биланнинг ноҳақ ғалабасидан сўнг эса, бу мусобақадан кўнглим совуган эди. Эндиликда уни бутунлай кузатмай қўйганман. Бу мавсумда кўрсатилган шоудан сўнг, ҳафсаларим пир бўлгани бекорга эмаслигига яна бир карра амин бўлдим. Менга буларнинг бари жуда кулгули туюлди, очиғи. Ёш бола йиғлаб, дод-вой солган пайтда, унга "шоколад" олиб бериб, бироз бўлса-да кўнглини кўтаришга эришасиз-ку, худди ўша ҳолат кўз ўнгимизда намоён бўлди ўша кеча. Сиёсат аралашган жойда мен йўқман. Чунки сиёсат бор жойда ҳар доим кучлилар эмас, балки "орқаси" кучлилар ғалаба қозониб келишган.

  Дарвоқе, сиёсат ўз домига чорлаётган яна бир бошқа мусобақа тўғрисида ҳам икки оғиз фикр билдириб ўтсам:
 Мазкур воқеа атрофидаги машмашалар яқин келажакда футболга ҳам ўз таъсирини ўтказиши мумкинлигига ишониш қийин эмас. Шу ҳақда ўйлаб қолдим, нимагадир. Футбол бўйича ЖЧ-2026 мусобақасини ўз уйида ўтказиш бўйича келажакда ўтказиладиган қуръа натижасига кўра, мезбон мамлакат сифатида Евросоюз мамлакатларидан бирига топширишса (катта эҳтимол билан Англияга), ёки АҚШ бунда ғолибликка эришса, ҳечам ажабланмайман. ЖЧ-2018 мезбони аниқланган кеча ёдингизда борми? Шахсан РФ президенти В.В. Путиннинг иштирок этгани менда катта шубҳа уйғотганди. Қуръа ҳали бошланмасиданоқ Россия ютиши аниқ эди. Сабаби, шахсан Путиннинг ташрифи аллақачон бунга аниқлик киритиб ўтганди.

 Юқорида ёзилганларнинг бари менинг ўз шахсий нуқтаи назаримдан келиб чиққан фикру-мулоҳазаларим ва менда бу борада ҳеч қандай далил-исботларим йўқ, мавжуд эмас. Аммо шуни аниқ биламанки, Англия ёки бошка бир ғарб вакили (ёки АҚШ) ЖЧ-2026 мезбонлигини қўлга кирита олса, бугун ижтимоий сайтларда болалаб кетаётган бу тортишувлар янада жаранглироқ янграшни бошлайди. Шубҳасиз!

вторник, 3 мая 2016 г.

Ҳозирча яхши гумондамиз...

 «Бўри еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон», деган нақл бор. Инсон зоти бир чиркин ишга қўл урган чоғда, шу захотиёқ унга қарши чора кўрилмаса - вақти келиб у ўша ишини албатта қайтаради. Бу унинг табиатида бор. Ҳаттоки, одам ёмон йўлга кириб қолиб, сўнгра бу йўлдан воз кечганлиги ҳақида бонг урса ҳам, қайтиб бу йўлга қадам босмаслигини гапирса ҳамки, унга ҳеч ким ишонмайди. Ишонолмайди. Чунки бир марта ишончни суистеъмол қилган, ўзига қаратган умидларни чиппакка чиқарган.
 Олий лигамизнинг янги мавсумига старт берилибдики, жуда қизғин тарзда кечаётган айрим беллашувлар шубҳали кўринди ва ҳали-ҳануз мавҳумлигича қолмоқда. Бир нечта ўйинлар мухлислару мутахассислар томонидан турли муҳокамага сабаб деб кўрилди.
 «Маҳаллада дув-дув гап!» Эмишки, баъзи жамоаларимизнинг сўнгги пайтлардаги кўрсатаётган қаҳрамонликлари - яъни, уюштираётган «камбэклар» ва жамоаларнинг ўзаро муросасиз тарзда бахс олиб бориб, сўнгги дақиқаларда мухлисларга голлар шоусини тақдим этиб бераётганликлари ўта ғалати ва шубҳали экан. Чемпионатимиз ўйинлари Англия Премьер-лигаси учрашувларига хос тарзда ўтиши мухлисларни хушнуд этмасдан, аксинча ўйлантириб қўйган эмиш. Қўшимчасига, ижтимоий сайтларда баъзи ўйинлар «келишилган» деган мақомни олишга ҳам улгурди.
 Аслида-ку, буларнинг барчаси қачон ва нимадан бошланганини жуда яхши биламиз. Ўтган мавсумда «Металлург» ҳамда «Пахтакор» жамоалари етарли тарзда жазоланмагани бугунги кунда ушбу миш-мишларнинг болалаётганига сабаб бўлса ажабмас. Айнан ўшанда муаммо тўлиқ бартараф этолмай қолгани сабабли, ушбу мавсумнинг деярли ҳар бир ўйини мухлислар томонидан шубҳа остига олиняпти.
 Юқорида таъкидлаганим, муросасиз беллашувлар билан мисли кўрилмаган «камбэклар» барчамизни қувонтирмай қўйган. Интернет тармоқларида мухлисларнинг ўзаро ёзишувларига гувоҳ бўлар эканман, айрим ихлосмандларнинг куюниб ёзган изоҳларига кўзим тушди. Уларнинг таъкидлашича, журналистлар мақолалар ёритишни боплар экан, аммо футболимизни еб тугатаётган «қурт-қумурсқалар»га қаршилик кўрсатишга ожиз эканлар. Яъни, биз хилма-хил танқидий мақолаларни ёзишдан кўра, футболимиз раҳбарларидан интервьюлар олиб, бугунги ҳолатимиз тўғрисида очиқроқ тарзда саволлар йўналтиришимиз зарур экан.
 Бир гуруҳ мухлислар шу фикрни илгари суришса, бошқалар ўз ишимиздан воз кечиб, ўз мансабимизни ўртага қўйиб бўлса ҳам ушбу ишларга қарши туриб беришимизни сўрашган. Италиянинг «калчополи» воқеасини ёдга олиб, ўшанда айнан журналистлар томонидан далил-исботларга тўла мақолалар мамлакатнинг кўзга кўринган нашрларида ёритилганидан сўнггина, қинғир ишларга нуқта қўйилганини иддао қилишган. Хитой футболи ҳолатини ҳам ёдимизга солиб ўтишди. У ерда ҳам айнан мухбирларнинг биринчи бўлиб футболда содир этилган жирканчликлар тўғрисида қалам тебратишлари оқибатида мамлакат томонидан бу ишлар қаттиқ назорат остига олиниши мумкин.
 Мухлисларни тушунса бўлади. Улар бундай фикр билдиришга тўлақонли хақли, зотан, барчаси ростан меъдаларига теккан. Қўшиламиз. Футболимиз ичида бўлиб ўтаётган ножоиз ишларни ҳаммамиз кўриб-англаб турибмиз. Гарчи турли манбаларда очиқ-ойдин тарзда мақолалар чоп этилаётган эса-да, бу ҳаракатлар барибир иш бермаётганини ҳам тушуниб бўлганмиз. Хўш, нимага энди биз ўша италиялик ёки хитойликлар каби далил-исботларни келтирган ҳолда шов-шувли мақолалар ёзолмаймиз? Ёзолмаймизми? Менимча, ёзамиз. Ёзганмиз. Ўтган мавсумда ҳам, бу гал ҳам. Масалан, бир ўйиннинг келишилган эканлигини исботлаб бериб, федерациямизда фаолият кўрсатаётган раҳбарларимизни шуни тан олишга мажбур қилгандик-ку, тўғрими? Натижада нима ўзгарди? Деярли ҳеч нима!
  Менимча, «Нега фалон журналист камчиликларни ёритиб, бу ҳақда оммага ёзмайди?» ва «Нимага мана бу мавзу ҳалигача очиқ қолиб турган бир пайтда, анови журналист қаерда йўқ гапларни ёзиб ўтирибди?» - дейиш нотўғри. Саволни бошқачароқ қўйиш керак, назаримда. Мисол учун: «Ўтган йил келишилган ўйинларда иштирок этган мураббийлар, футболчилар, ҳакамлар нима сабабдан бу мавсумда ҳам ҳеч нарса бўлмагандек ўз фаолиятини давом эттиришяпти? Ахир мухбирлар бу ҳақда етарли даражада қалам тебратишди-ку, керакли нашрларда чоп эттиришди-ку? Нега Италиядаги «калчополи» воқеаси ёки хитойликлар қўллайдиган услуб бизда инкор этилмоқда?» ва ҳоказо. Ўринли саволлар, а?
 Биз-ку, ёзганмиз, ёзаверамиз, аммо натижа бўлмагач, бу ёзганларимиз билан иллатларнинг бари йўқ бўлиб колмаса, меҳнатларимиз самарасиз якунлайверса, ўзга чораларимиз қоладими? Чемпионатимиздаги «камбэклару» муросасиз бахслар, голларга бой бўлган учрашувлар ҳамда бир учрашув давомида иккитадан зиёд қизил карточка кўрсатилишини шунчаки тасодифга йўямиз.
 Дарвозабон ғалати тарзда гол ўтказиб юборган чоғда, гўёки, «иссиқ» тўпни ушлаб олиб, қўллари «куйиб» кетиши оқибатида уни ташлаб юборгандек тасаввур уйғотдими сизда? Ташвишламанг, бу оддий бир тасодиф, холос.
 Жамоа иккинчи бўлимнинг бошидан бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилишига қарамай, иккита тўп ўтказиб юбориб, мағлубиятга учрадими? Ҳаммаси жойида, ишонаверинг! Буни «интрига» дейишади, биродар! Демак, шиддатли кечган учрашув. Яхши гумондамиз. Зеро, шунга мажбурмиз.
 Мақолани тугатаётиб, кайфиятингизни кўтариш илинжида, бир эски латифани сўзлаб бермоқчиман:
 «Бир шаҳарчада муҳташам институт бор экан. У ердаги талабалар ўқиш мавсумининг якунларига келиб, имтиҳон топшириш вақтида, ўз мансабининг ҳар бир қарич ерини пул билан ўлчайдиган «порахўр» деканга рўбарў бўлишлари зарур экан. Қанча билимли бўлишингиздан қатъи назар, токи унинг чўнтагига пул қистирмас экансиз, «аъло» баҳодан умидингизни узар экансиз. Шу сабаб, талабаларнинг барчаси маълум бир суммани конвертга солиб, деканга узатишга мажбур эканлар.
 Кунлардан бир куни ўша ерда ўқийдиган билимли ва шу билан биргаликда ғурурли, димоғи баланд бўлган талаба ҳеч ким, ҳеч қачон бажаролмаган, ҳатто бажаришга ботина олмаган ишни ўз бўйнига олибди ва ҳамманинг олдига чиқиб: «Мен мана шу деканга бир сўмимни ҳам ажратмасдан, ўз билимим эвазига ундан «аъло» баҳо оламан!» деб ваъда берибди.
 Имтиҳон бошланибди. Боланинг «қоқилиши» учун декан роса ҳаракат қилибди. Баъзи ҳолларда савол мавзуси доирасидан чиқиб, бошқа мазмундаги саволларни йўлласа ҳамки, бола барчасига тўғри жавоб бераверибди. Охири талабанинг имтиҳонга чиндан ҳам яхши тайёрланиб келганига амин бўлибди ва... тақдирга тан берганча, унга аъло баҳо қўйишга рози бўлибди.
 Баҳо қўяётиб, «дейишади, дейишади», деб қўйибди. Бола ҳайрон: «Узр, тушунмадим, менга гапирдингизми?» деб сўрабди. «Дейишади, барибир дейишади» дея қайтарибди декан яна. Талаба: «Ким дейди? Нима дейди?» - деб сўраса, ҳалиги декан мийиғида кулиб қўйиб: «Пул қистирмасанг ҳам, қистирди, дейишади» деганча, қаҳқаҳа отибди.»
  Шундай экан, юқорида номи тилга олинмаган жамоалар биздан ранжимасинлар. Мақола бошида таъкидлаганимдек, бўрининг оғзи еса ҳам қон, емаса ҳам. Бундан чиқдики, токи сизлар бу каби қинғир ишларингизга чек қўймас экансизлар, атрофингиздагиларнинг барчаси латифадаги ҳикояга ўхшаб, қилган ишингизни ҳам, қилмаганингизни ҳам баралла «қилди», дейишади.

"Чемпион" газетаси №18 сон

воскресенье, 1 мая 2016 г.

9 май, СССР ва фашистлар борасидаги мулоҳазаларим ёҳуд дўстимга кичик эътироз

9 май куни яқинлашгани сари Фейсбук ижтимоий сайтида турлича постингларни ўқиб боряпман. Мавзу ҳам барчага аён - русларда "Ғалаба куни" деб нишонланадиган байрамни иложи борича оёқ ости қилиб, уларнинг мазкур байрамини топталашга ва қолганларни ҳам бу каби ишларни қайтаришга ундаганча, ўзлари тарғиб этаётган йўлни танлаган инсонларнинг сонини оширишга ҳаракат қилиш. Албатта, ҳар ким ўз фикрига эга, ҳар кимда ўз дунёқараши мавжуд. Бу билан бахслашгим йўқ. Бироқ, баъзи инсонлардан шундай бир мулоҳазасиз фикрларни ўқиб қоламанки, беихтиёр ёқа ушлаб қоламан. Қуйида ҳаммасини бир бошдан тушунтириб беришга ҳаракат қилганман.
 Маълумки, юртимизда 9 май байрами мавжуд эмас. Одатда вафот этганлар руҳини шод этишади. Шундай эмасми? Ушбу кунда, яъни 9 май куни иккинчи Жаҳон урушида қатнашганларни хотирлаш билан чекланамиз. Қабристонга бориб ўлганларни зиёрат қилиб келамиз. Бизда бу кун байрамдек ташкиллаштирилмайди. Ҳеч ким шоду-хуррам қиёфада кўчаларни сайр қилмайди. Ўзига "Георгий лентасини" тақиб олмайди. Нега? Менимча, бизнинг меҳр-оқибатли эканлигимиз бу ҳолатга изоҳ бериб ўтса керак. Ҳар гал ушбу санани қарши олганимизда ҳамда миллионлаб ота-боболаримизнинг ўлимига сабабчи бўлган совуқ урушни эслаганимиз ҳамоно беихтиёр кўзларимиз қайғу ва мотамсаро нигоҳларни ўзида мужассам этади. Қўрқинчли хотиралар, қонли йиллар, ваҳший жабр-зулмлар ҳамда зулматли кунлар ёдимизда сақлангани боис юрагимиздаги доғ, битмас-туганмас яралар бағримизни эзади. Шу сабабли, халқимиз бу кунни байрам каби нишонламайди. Чунки Жаҳон уруши ветеранларимизга ҳурматсизлик нишонидек бу! Чунки ўлганлар руҳини тепкилаш билан баробардек бу!
 Яқинда бир дўстим яқинлашиб келаётган тарихий санага ўз муносабатини билдириб туриб, "Георгий лентасига" қаттиқ қарши чиқиш қилди. Уни тушунаман ва фикрини юз фоиз қўллаб-қувватлайман. Зеро, юқорида таъкидлаганим, 9 май кунини ўзгача бир кайфият билан қарши олишимиз, яъни фашистлар устидан қозонилган ғалабани нишонлашимиз - Жаҳон уруши вақтида ўз жонини гаровга қўйган ветеранларимизга нисбатан ҳурматсизликдир. Бунинг бошқа бир қатор сабаблари ҳам бор, бироқ бу ҳақда батафсил ёзмоқчи эмасман. Ҳар ҳолда, "Георгий лентаси" тарихини ўзингиз ҳам билсангиз керак...
 Бошқа бир дўстим эса, кутилмаганда антиқа чиқиш қилди ва айтиш мумкинки, айнан унинг баъзи фикрларини деб мен оқибатда ушбу баёнотимни ёзишга қарор қилдим. Агарда мен уни тўғри тушунган бўлсам, унинг таъкидлаши бўйича, биз ўз вақтида, яъни СССР даврида РУСЛАРга карам бўлганмиз ҳамда НЕМИСЛАРга қарши мажбуран уруш олиб борган эканмиз. Яъниким, дўстимнинг таъкидлашича, агарда ўшанда руслар эмас, балки немислар ғалаба қозонганида эди, бизнинг бугунги ҳолатимиз, ҳаёт тарзимиз ҳам анча яхшиланган бўлиши мумкин эди. Узр, бу фикрга мутлақо қўшилмайман.

 БИРИНЧИДАН
 "Рус" ва "немис" термини қўлланилишининг ўзи хато. У пайтда руслар ҳам, немислар ҳам урушнинг келиб чиқарилишига асосий сабабчи бўлишмаган. "Немислар" деганимиз, бу - асли олганда, ёвуз фашист бўлганлигини унутмаслигимиз даркор. "Руслар" эмас, балки бутун бошли қудратли СССР бўлган. Демак, бундан чиқди уруш СССР ва фашистлар мамлакатлари ўртасида юзага чиққан, тўғрими?
 Кимлардир бу фикримга қарши чиқиши мумкин, албатта. Эътиборлиси, ўша эълон тагида ёзилган кўплаб изоҳлар ичида менинг изоҳимга қарши чиққанлар топилди ҳам. Эмишки, у пайтда биз Сталин буйруғига бўйсунишга, русларга итоат қилишга мажбур бўлган эканмиз ва агарда қўлимизга қурол олиб душманни отмаганимизда, бизни хоинга чиқариб қаттиқ жазолашлари ҳам мумкин бўлган экан...
 Биласизми, бизнинг энг катта хатоимиз ҳам шунда аслида! Бутун тарихимиз давомида бошимизга ёғдирилган фожиали якунлар айнан мана шу омил - миллатни ажратишимиз сабабчи бўлган. Бир юртдошимиз бошига кулфат тушганда, "менга нима?" деб ўзимизни олиб қочишимиз қонимизда бордек, гўё. Ўз вақтида айнан шу камчилигимиз туфайли бизни ўзга юрт босқинчилари бемалол босиб олганликлари тўғрисидаги воқеалар далил-исботлари билан тарихимиз зарварақларига катта харфлар билан ёзилиб қўйилган. Ваҳоланки, бутун Туркистон аҳли бир бўлиб уларга қаршилик кўрсатганида эди, бу мамлакатни ҳеч ким ва ҳеч қачон босиб ололмас эди!
 Айтингчи, мамлакатимизга ўзга юртдан босқинчилар бостириб киришса-ю, биз индамай ўтирсак-да, "бу юрт аслида бизники эмас, русларники, ўз муаммоларини ўзлари ҳал қилаверишсин", деб ўтиришимиз тўғри эдими? Шуми сиз ишонишни истаётган ҳақиқатлар? Шуми ўз Ватанига, ўз юртдошларига, қўшниларига, дўстларига, қариндош-уруғларига бўлган муҳаббат? Шуми оқибат? Ахир фашистлар фақатгина русларга эмас, балки СССР давлатига уруш эълон қилгани ҳаммага аён эди-ку?! Тўғри, биз қачонлардир рус империясига мустамлака бўлганмиз ва уларга итоат қилишга мажбур эдик, аммо айни ўша давр, яъни 1940 йилларда биз аллақачон СССР дея номланган катта бир давлат фарзандлари бўлиб яшашга улгурган эдик!
 Наҳотки, фашистларга қарши қурол кўтариб чиқмасак? Наҳотки, уларни тўхтатишга ўринмасак? Уруш қўрқинчли бўлади, уруш ёвуз ва беаёвдир. У барча-барчамизни қириб ташлашга ҳам тайёр. Тасаввур қилинг, фашистлар Москвани ҳам босиб олишди... Хўш, кейинчалик улар Туркистон аҳолисини тинч қўйишларига, бизнинг юртимизда қатлиомларни амалга оширмасликларига ишончимиз комилмиди? Қўшниларингиз, қариндош-уруғларингиз шунда тирик қолишармиди, сизнингча?
Менинг фикри-ожизимча, биз русларга карам эдик ва шу сабабли ҳам ўша урушда қатнашдик, деган фикрга боришлик нотўғри. Негаки у даврларда бир миллатни бошқа миллатдан ажратишмаган, ҳамма бир тану бир жон бўлиб яшашган. Айнан таъкидлаганим МИЛЛАТЧИЛИК тушунчаси ёт бўлгани сабабли ҳам мамлакатни рус вакили эмас, балки грузин миллатига мансуб бўлган Иосиф Сталин бошқарган...

ИККИНЧИДАН
 Дўстимнинг ёзганларини ўқиб борар эканман, унинг иккинчи Жаҳон урушида СССР устидан фашистлар ғалаба қилганларида, бизнинг бугунги ҳолатимиз яхшиланиши мумкин бўлишига шаъма қилиб ўтганига кўзим тушади. Эълон тагидаги изоҳлар ҳам турлича, тассуротлар хилма-хил. Таассуфки, дўстимнинг ушбу билдирган фикрини маъқуллаганлар ва чиндан ҳам, шунга ишонганлар йўқ эмас экан.
 Биз ривожланишдан ортда эканлигимиз, ўсишдан тўхтаётганимизга ҳадеб русларни сабабчи қилиб кўрсатишимиз мантиқан тўғри бўлмаса керак. Халқимизни шу аҳволга солганлар ўзимизнинг раҳбарларимиз эмасми? Ўсишга, ривожланишга, мамлакатни бойитишга, замондан орқада эмас, улар билан ҳамнафас яшашга, керак бўлса бир қадам олдинда юришга интилмаётганлигимиз сабабини ўз вазифаларини бажара олмаётган, ишлашга лаёқати йўқлар, ақли заиф раҳбарларимиздан излаш керак, назаримда. СССР даврида узоқ йиллар давомида русларга карам бўлдик ва шу сабабли ҳам биз анча орқада қолиб кетдик, дейишдан олдин лоақал бир маротаба бўлса ҳам қўшни Қозоғистон яшаш тарзига эътибор қаратинг: улар ҳам биз каби узоқ йиллар давомида "русларга карам" бўлмаганмидилар? Нега улар  тобора ривожланиб боришмоқда? Нима сабабдан уларнинг ҳаёт тарзи кундан-кунга яхшиланиб бормоқдаки, асло ортга чекинаётгани йўқ?
 Агарда СССР мағлуб бўлиб, фашистлар бизнинг ерларимизга эгалик қилишганларида, биз русларга эмас, немисларга мустамлака бўлиб яшардик ҳамда бугунга келиб Германия давлати ривожланиб кетганидек, бизнинг юртимиз ҳам жадаллик билан ривожланиб кетарди, деган фикрга борганларни ҳам учратдим. Айнан ўша пайтда Гитлернинг ўлими ва фашистлар мамлакати қулаши нафақат СССРга, балки бутун дунёга, шу билан биргаликда Германия аҳолисига ҳам кўп ёрдами тегди. Шунинг учун ҳам, бугунги кунларда НЕМИСлар ривожланишмоқдалар, лекин аслоо ФАШИСТлар эмас. Демак, бу иддао ҳам ўзини оқламаяпти, тўғрими?
 Дўстимга бўлган муносабатим бу билан ўзгаргани йўқ, албатта. Мен унинг ёзганларини мунтазам кузатиб бораман ва у ҳам менинг постингларимини кузатиб боришини биламан. Мана шу яқин кунларда унинг ёзганлари менинг фикрим билан бир жойдан чиқмагани табиий, зотан, инсон табиатан ўз дунёқараши билан бир-биридан фарқ қилади ҳамда ҳар ким ўз фикрини тўғри деб ҳисоблайди. Мен уни ҳурмат қилганман ва бундан кейин муносабатим асло ўзгариб қолмайди. Умид қиламанки, ўз навбатида у ҳам менинг ёзганларимни юрагига яқин олмайди.
 Эътибор учун ташаккур!