четверг, 16 февраля 2017 г.

12 саҳифа. Ижтимоий муаммоларимиз.


«Бой берилаётган имконият»

Вазият тақозоси билан мана 2 ҳафтадурки уйдаман. Аввал эътибор бермаган эканман - ТВ каналларимиз “ахлатга” тўлиб кетибди. Номидан бошқа ҳеч нарсада бир биридан фарқ қилмайдиган каналлар...  Бемаза каналлар, савиясиз каналлар, мақсадсиз каналлар... Эссиз шунча сарфланган пуллар, эссиз шунча ресурслар, вақтлар, имкониятлар... Яна булар давлат телеканаллари. Бу дегани, мана шу “ахлат” учун давлат буюджетидан пул ажратилади. Наҳотки!?

 Оммавий ахборот воситалари қандай куч эканилиги бугун сир эмас, айниқса телевидение. Буни яқин ўтмишда ўз бошимиздан ўтказдик. Масалан, Шимолий Корея мисолида ҳам кўришимиз мумкин: Телевидение кишилар онгини суюлтириб, халқни зомби, манқуртга ҳам айлантириши, ёки маданий савияси юксак кишилар жамиятини шакллантириши мумкин. Бизга қай бири керак?  Нега бор имкониятдан унумли фойдаланилмаяпти?  Нечта мусиқа канали бор? Нега каналларни қимматли вақти, савияси паст киною, бемани сериаллардан ортмайди? Артистлар мавзуси алоҳида мавзу. Улар  бизга овқат қилишни, югуришни, сакрашни,  кийинишни, кийинтиришни, китоб ўқишни, даволанишни, саёҳат қилишнр ва ҳатто динни ўргатишмоқда. Нима, юртимизда мутахассислар қуриб кетганми?

 Баъзан ёқамни ушлайман. Кимга керак одамлар миясини суюлтириш, билмайман.  Яна ёшларни енгилтакликда айблаб, ажрашишлар кўпайиб кетди, деб дод-вой соламиз. Хўш, бунга ким айбдор?!

Адашган тоифалар ёшлар онгини захарлайди. Адашган тоифалар ундай, адашган тоифалар бундай, дейилади. Кечирасизу, адашмагани қаерда? Борми ўзи?  Бор бўлса, нега шу нарсалар тарғиб қилинмайди? Адашганлар нотўғри йўли учун шунча ҳаракат қилганда, биз тўғри йўлимиз тарғиботи учун битта “ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ ТВ” номли телеканал ташкил эта олмаймизми?  Нима тўсқинлик қилади бунга?

 Тарихсиз келажак йўқ, деб бонг урилади. Икки гапни бирида рўкач қиладиганимиз - БУЮК ТАРИХимизни ўрганиш учун “ТАРИХИЙ ТВ” номли телеканални очиш қийинми? Мозийга қайтиб иш кўрмоқ ҳайрлидир, деб бежиз айтилмаган. “Тарихий” канали тарихимизни (ёки жахон тарихини) оқ кунларидан ибратланиб, қора кунларидан тегишли хулосалар чиқариш, буюк аждодларга муносиб авлод тарбияланишига хизмат қилган бўларди.

 Аҳолини тадбиркорликка жалб этиш учун уйма-уй юриб кредит таклиф этиш амалиёти дунёнинг ҳеч бир нуқтасида топилмайдиган ноёб ҳодиса бўлса керак. Унинг ўрнига “БИЗНЕС (ёки экономика) ТВ” номли телеканални ишга тушириб, эфирда кредитлар таклиф этилса, имтиёзлар тушунтириб берилса, муаммолар муҳокама этилса, бизнес тренинглар, мутахассислар илмий-амалий дискуссиялар олиб борса, Ўзбекистонда тадбиркорликни ҳуқуқий аспектлари батафсил тушунтириб берилса қулайроқ, самаралироқ бўлмайдими?

 XXI аср юксак технологиялар асри сифатида шиддат билан илдамлаб бормоқда. Соҳа вакиллари ҳам баъзан нафас ростлагунича тараққиёт ортда қолиб кетаётган бир даврда бизнинг телеканалларимиз қўл меҳнатига асосланган нарсаларни ютуқ деб тақдим этиши шармандали ҳолатдир! Қачонки биз дунё илм-фани тараққиётига монанд бирон нарсани кашф этиб тақдим этолмас эканмиз, жуда бўлмаганда янгиликлардан фойдаланишда ортда қолмаслигимиз керак.  Бунинг учун бизга “ИЛМИЙ-ОММАБОП ТВ” телеканаллари керак. Олимларимиз кундалик муаммоларни илмий ечимларини баҳс қилсинлар, таклифлар беришсин, дунё тажрибасини ўрганайлик. Илм, илмий унвон учун эмас,  инсонлар ҳаётини яхшилаш учун, амалда хизмат қилсин.

Ҳалқни инфармацион ҳуружлардан огоҳ бўлишга даъват этадиганларни ўзлари, ўрнига бирон бир арзирли нарса тақдим эта олмайдилар. Янгиликка интилиш ҳар бир инсон табиатида бор, вақтида холис, аниқ ва тўғри етказилмаган ахборот ўрни турли манбалар орқали тўлдириб олинади. Ва кейин, тўла идишни қайта тўлдириб бўлмаганидек, кишиларни ҳориж ахборот воситалари қулига айлантириб қўймоқда. Албатта улар ахборотни ўз манфаатларига мос тарзда тақдим этадилар.  Шундай экан аллақачон “ЯНГИЛИКЛАР ТВ” телеканалига  эҳтиёж бор. Бу баъзи бир инфармацион ҳудудлар учун ем бўлмаслигимиз учун ҳам керак. Бу каналда ички ва ташқи воқеа ҳодисалар тезкор, холис, объектив ва батафсил ёритилиши, йўлга қўйилишига устувор бўлиши керак. Сиёсий таҳлиллар, ҳуқуқий муҳокамаларга асосланган кўрсатувлар канални янада оммабоп бўлишини таъминлайди.

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ТВ телеканалларини танқид қилган эдилар. Тўғриси, телеканаллар бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди (қайси кунни талабига жавоб бериши ҳам номаълум). Шавкат Миромонович халқни уйғотиш керак, деб куюниб ҳаракат қилаётган бир пайтда, эфирлар 24 соат мусиқаю, сериаллардан ортмаётгани халқни аллалаш билан баробар. Халқни уйғотиш асосий масала экан, тез кунда, кечиктирмасдан юқоридаги каналларни ишга тушириш керак.

Обиджон Латипов

Комментариев нет:

Отправить комментарий